Собир Рустамхонли. Қоялар орасидаги қасам (ҳикоя)

Ҳусанали ота айвонга чиқиши билан ҳавода ўзгача мусаффоликни, қор босган дунёда ажиб бир тароватни кўрдики, эртароқ уйғонмагани учун ўз-ўзини койиб ҳам қўйди. Бундай пайтда бошни ёстиққа буркаб ётиш ярамайди. Қишлоқ теграсини қуршаб олган, субҳи содиқда оппоқ шуъла сочиб, кўз қамаштираётган тоғларга боқди. Тўнғиб қолган қорни ғирчиллатиб, ҳовлига тушди. Бир ҳафта тиним билмай ёққан қор икки кун илгари тўхтаган.
Қор юкидан бели майишиб, шохлари ерга қа­дар эгилган беҳилар оппоқ чодирларга ўхшаб турарди…
…Ҳусанали ота ён-атрофга кўз ташлаб, қорни­гача қорга ботиб, оналарининг кетидан эргашганча кичкина тумшуқлари билан совуқдан сарғайган ўтларни чимдиётган қўзиларни кўз олдига келтирди. Қўранинг очиқ эшигидан кираётиб, ҳа­ли уйқуда ётганида ўғли Музаффар қўйларни суғориш учун сойга олиб борганини тушунди ва ичидан ўғлини алқаб қўйди.
Кеча кечқурун охурга боғлаб қўйилган ток­пилла дасталари аллақачон қуруқ чивиққа айла­ниб улгурганди. Қўйларнинг емиши тугагани қария­нинг ёдига тушди. Ўрмондан емиш келтириш учун бундан қулай пайт бўлмайди.
Ҳовлининг нариги бурчагидан ўғлининг овози келди.
– Чой-пойингни ичиб бўлдингми, болам? Тур, уловларнинг эгар-тўқимини тўғрила. Эрув бош­ланса, ўрмонга кириб бўлмайди.
Музаффар майда-чуйда егулик тугилган ту­гунчани эгар бошига боғлаётганида, айвонда юпқа кўйлак кийиб олган, оёқяланг болакай пешо­на­сидаги сочларини тутамлаб, кўзлари қуёшдан қа­маша-қамаша қичқирди:
– Амати, менга қуёнча услаб келашиж-а?
Музаффар кулимсираб, бош чайқади:
– Ана, Бўздорга айт, у мендан кўра чаққонроқ, сенинг гапингга ҳам киради, – деди отнинг ат­рофида думини ликиллатиб юрган кўппакни кўр­сатиб.
Хуржунни елкасига ташлаб, отни етаклади. Ор­қасидан Бўздор эргашди. Ҳусанали ота эса ҳов­лидаёқ, тўнканинг устидан бир сапчиб, эшакнинг белига ўтирди.
Нишабликдан жимгина энишди. Сойдан ўтил­гач, йўл яна тепага ўрлайди. Ҳали олдинда қанча даралар бор, тепаликлар бор. Иккинчи сойдан кейин ўрмон бошланади. Йўлак бирдан тоғлар бағридаги метин эшикка ўхшаган қатор қоялар ичига суқилади.
Музаффар оти билан олдинроқда кетарди. Гоҳида зора ён-атрофдан қорга ботиб қолган как­ликми, тустовуқми чиқиб қолар деган умидда, олдинда чопқиллаб бораётган Бўздорга “олакиш” деб қўярди. Орқадан келаётган Ҳусанали ота­нинг оёқлари эшакнинг икки ёнидан осилиб, тизза бўйи ёққан қорда қўшалоқ из қолдириб борарди.
Музаффар ҳозир отаси эски гапни қўзғашини ўйлаб, кўнгли ғашланди. Отаси ҳам қайсар ўғ­лини йўлга солиш учун қулай фурсат келганини ал­ла­қачон пайқаган, уларнинг суҳбатини ўзларидан бўлак ҳеч ким эшитмаслиги айни муддао эди.
Қариянинг эски яраси янгиланаётган эди. Гапирмаса бўлмайди. Лекин, бу мавзуда оғиз очи­лиши билан Музаффарнинг фиғони фалакка чи­қади. Музаффар ҳам ҳозир бошланажак дилгир суҳбатдан қутулиш йўлларини ўйлаб борарди. Ўзи шу гап чиққанидан бери отаси билан оралари бузилган. Отаси юз карралаб бу хусусда сўз оч­ди, ҳар гал ўзи айтгандек, “терслиги тоғаларига тортган” ўғли битта гапида туриб олди: “Бўладиган гап эмас бу. Мен жувонмарг кетган акамнинг бе­васига уйланолмайман”.
Қишлоқда ҳамма Ҳусанали отанинг иши чап­пасига кетгани ҳақида гапирарди. Шўрликка Яратганинг нима ёзгани бор экан-а?
Қайси гуноҳлари учун бечора бунча азоб кўр­дийкин?
Фарзанд доғи ҳазил эмас. Ўн гулидан бир гули очилмаган йигит эди. Самандар уйланганига энди­гина уч-тўрт ой бўлганди. Хўжаликнинг сурувини ҳайдовдан қайтариб келаётганида селга йўлиқди. Подани ўзанига сиғмай оқаётган сойдан олиб ўтиш бир киши учун оғир эди. Қўй-эчкиларни битталаб етаклаб ўтказса бошлади. Бир гал энди оёғини нариги қирғоққа қўйганида кучлироқ оқим белига келиб урилди. Асов тўлқинлар тошми, кесакми, тўнками — йўлидан нима чиқса, барчасини хас-хашакдек чирпирак қилиб борарди.
Самандар ўзини ўнглаб олишга роса уринди, аммо қутурган пўртана ўз кучини кўрсатди. Эртаси куни бир неча қишлоқ нарида, сув сатҳи пасайган жойдан унинг жасадини буталар орасидан топиб келишди.
Музаффар аскарликдан қайтганида акасини уйда кўрмади. Мотам янгиланди. Йигит уй-эшик­ка сиғмай қолди. Нега унга шу пайтга қадар ака­сининг ўлимини айтмадилар экан? Нега хат ёзиш­ганда бир четига қистириб ўтишмади? Акаси ҳақида лом-мим дейишмаган бўлсалар-да, жиянли бўлганини ёзишган эди-ку.
Эрталаб, амакисига қуён тутиб келишни буюр­ган ҳам Самандарнинг Ёдгори эди. Эҳтимол, ўтган уч йил ичида ота-онанинг дарди совиши мумкин эди. Аммо, ёш келинчакнинг ҳар бир гапи, бо­лакайнинг юриш-туриши катта ўғилни эсга со­лаверади.
Бир тарафдан қуда томоннинг ҳаракатлари, бир­га ўтириб қолишса, гапни айлантириб қизларига буришлари, келинчак уларникига борадиган бўлса, ҳафталаб олиб қолишлари — ҳаммаси Ҳусанали отага оғир ботаверарди.
Хотини Саври холанинг йиғлайвериб битиб қолган овози бошқатдан очилгандек гўё. Шомдан тонггача кўксини қиблага очиб, йиғлаб чиқади. Қани овутиб бўлса? Унинг овозини қўшниси Аваз ота ҳам эшитибди. “Бу аёлнинг эси оғиб қолган-ов! – деди кечки пайт дастурхон бошида. – Кечалари бўридек увиллаб чиқади. Айб ўзларида. Шу қўй деб, сурув деб, болаларини эсини танимай туриб тоққа юборишади. Умри қўй-қўзининг ке­тидан югуриш билан ўтади. Болаларни мактаб­дан, тенгдошларидан айирадилар. Мана оқибати”.
Аммо, Самандардан кейин Ҳусанали ота чў­понлик таёғини бир четга ирғитди. Баҳору ёзда сувини ичиб, тоза ҳавосидан симирган яйлов­ларидан бир умр юз бурди. Чўлқуварлик, қишни қишлоқда, ёзни яйловда ўтказавериб, болаларидан ҳам анча узоқлашиб кетибди.
Кўрганлар уларни ота-бола демайди. Муноса­батлари қуруқ ва совуқ. Шунинг учун Ҳусанали ота ҳозир гапни қандай бошлашни ҳам билмай турибди.
Юрагининг туб-тубидаги бир ҳис унга ке­чаю кундуз тинчлик бермайди. “Айб ўзингда. Тенг­дошлари мактабга борганида, шаҳарга кетганида сен уларнинг йўлини тўсдинг. Чўпонликка маҳкум этдинг. Мен ўқиганим йўқ, мана, ўлмадим-ку, де­динг. Сенинг умринг ўтиб бўлган, буларнинг ҳаёти энди бошланаётганини ўйлаб кўрмадинг”.
Энг ёмони, Ҳусаналининг наздида олдинда от устида хаёл суриб бораётган ўғли ҳам бор айбни ундан кўраётганга ўхшарди.
– Ота-боболаримиз билиб иш тутган. Ўз ўчо­ғи­мизни ўзимиз бузмайлик.
– Тақдир шуни раво кўрибди, ота…
– Сиртингга сув юқтирмайсан-а? Ўртада бо­ла бўлмаса, менга ҳам зарил келибдими? Ўз жига­рингнинг боласи-я? Кимнинг қўлига тушади? Кимларнинг миннатли нонини еб катта бўлади бола бечора? Сен нимани ҳам тушунардинг? Ота-онаси боламизни опкетамиз, деб икки оёғини бир этикка тиқиб олган бўлса!
– Опкетса опкетаверсин, болани бермаймиз, ўзимиз катта қиламиз.
– Онаси кўнади дейсанми? Нақ ўзини осади-ку! Онанинг қарғиши ёмон бўлади. Уволи тутмасин бизни, дейман.
– Боласи қаерда бўлсаям катта бўлаверади.
– Ўжарлигинг жонга тегди.
– Ота, бунақа бўлмағур гапни йиғиштиринг, деб неча марта айтдим. Одамлар нима дейди? Шарманда бўламиз-ку!
– Эсингни йиғиб ол, бола!
– Эсим жойида. Ўл, десангиз ўламан, лекин га­пингизга кўнмайман. Сиз айтган замонлар ўтиб кетган.
– Замон билан неча пуллик ишим бор? Мен сенга ўз дардимни айтяпман. Боболаримиз ҳам икки пушт айланишмаган. Тул қолган янгаларини бегона қўлларга бериб қўйишни ор билишган. Энди сен ўзингча доно бўп қолдингми? Ота-бува­ларнинг расму русуми сизга ботмай қолдими? Шариатда ҳам, ҳукуматда ҳам бу ишга қаршилик йўқ.
– Мен бу қишлоқда қололмайман, шаҳарга кета­ман. Армияда бирга хизмат қилган оғайниларим бор, ёрдам қилишади, заводда ишлайман.
– Қаерга борсанг боравер, лекин акангнинг аёлини ҳам олиб кетасан.
Тортиша-тортиша тепаликдан ҳам ошиб бўлиш­ди. Музаффар гапга кўнадиганга ўхшамасди. Отаси нимадир дейишга чоғланганида, гапни Му­заффар илиб кетди.
– Дада, Худо ҳаққи, бунақа бемаъни гапларни йиғиштиринг. Сизга итоатсизлик қилишга маж­бурламанг.
– Айб ўзимдан ўтди, – деди қария бир оз жим­ликдан кейин ўзига-ўзи гапиргандай, – ҳали шошма, сен билан бошқача гаплашаман, ит. Энди нима қилишни ўзим биламан.
Музаффар беихтиёр ортига ўгирилди. Қора­мағиз юзларини чақнатиб турган ўткир нигоҳини отасига қадади. Лекин, отаси ерга қараб борарди.
Тўқайзорга кичик бир йўлак орқали кириларди. Тажрибасиз одам бу сирли йўлакни бир ой қидирса ҳам топа олмасди. Икки тарафда самога бўй чўзган метин қоялар девор сингари бир текисда саф тортган, уларнинг бирлашиб кетишига оз қолган эди. Тепага қараганда осмон узун ва ингичка оралиқдан мовий йўлакчадек кўриниб туради. Йўлакнинг ён тарафида, чуқур жарлик тубида ҳали соҳилига инсон оёғи тегмаган, гувиллаб оқаётган сой кўзга ташланади. Йўлак бошига бирор харсанг думалаб тушса, унинг оғзи беркилиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу ерларда маҳаллий чўпонлар кўч деб атайдиган қанча-қанча ғорлар борки, уларнинг ҳар бирида битта сурувни сақлаш мумкин. Қояларнинг этагини чангалзорлар, ям-яшил арчазорлар, қўл етмаган ўтлоқлар ўраб олган.
Қизилча энг кўп ўсадиган жойни Ҳусанали ота ўтган сафар кўз остига олиб кетганди. Қишда қизилчани қўйларга ивитиб берса, яхши емиш бўлади-да.
Ялангликка чиқиб олишгач, от ва эшакнинг белини яланғочлаб, қўйиб юборишди. Музаффар аскарлик шинелини ечиб, қўлига ўроқни олди. Қоялар бағридаги ўрмон йўлаги, худди камардек узаниб кетган, бу “камарга” паст ва баландда, у ер-бу ерда кўкарган бошқа дарахт ва буталар ҳам қўшилиб кетарди. Қизилча ҳамма жойда, ҳатто боши узра эгилган қоянинг кун тушмаган ерида ҳам, тошлар орасида тасодифан йиғилиб қолган бир ҳовуч тупроқнинг устида ҳам илдиз отаверади. Муҳими, қишда ҳам уни совуқ урмайди.
Қиш оёқлаб қолганди. Музаффар қоялар ва жарликлардан қўрқмасди. Отасининг “Кўзингга қараб юр” деганини ҳам эшитмади. Қулоғи остидан бояги гаплар кетмасди. Оёқларини жар лабида осилиб турган буталарга тираб, метин девордан туртиб чиққан қорли харсангларни оралаб ил­гарилаб борарди. Кун қиёмга етиб, кунгай қоя остидаги кичкина сўқмоқни ёритгунча ишлади, ердан одам бўйи кўтарилиб турган қўзиқулоқ, қизилча тупларини синдириб ташиди, дасталаб боғлади.
Пешин маҳали ғор ичида эски ўчоқ ёнида ўр­натилган тошлар устига ўтириб, ота-бола жим­гина тамадди қилишди. Музаффарнинг кўзи бир нуқтага маъносиз қадалган эди. Хаёл билан оғ­зидаги луқмани эсидан чиқарган эди, гўё. Отаси буни сезса-да, индамади.
Эрталабдан бери отга юкланадиган емишни тайёрлаб бўлишган эди. Ниҳоят, Ҳусанали гап бошлади:
– Хўш, энди нима қиламиз?
– Балки нариги дарага ўтармиз?
– Йўқ, у ерда ҳеч нарса йўқ. Пастда, анави қоянинг тўшида қизилча мўл бўлиши керак.
– У ерга тушиб бўлмайди.
– На илож? Балки арқон билан тушармиз?
Музаффарнинг назарида бошқа йўл йўқ эди. Ўроқни белбоғига қистириб, тараддудланди.
– Тўхта, – деди отаси, – арқоннинг учини манави дарахтга боғлаш керак. Яхшиси пастга ўзим ту­шаман. Чунки арқонни тортиб олишга менинг ку­чим етмайди. Сен ўзинг тепадан арқонга боғланган новдаларни тортиб олаверасан.
Ҳусанали ўроқни ўғлидан олиб, ўзининг бел­боғига қистирди. Арқоннинг учини ўзи кўр­сатган зирк танасига маҳкам боқлади, иккинчи учини пастга тушириб юборди. Бир оз ўтгач, яна нимадир эсига тушиб, арқоннинг учини йи­ғиб олди-да, белига боғлади. Кейин арқонга ёпиш­ганича, қоянинг тик, ойнадек музлаб сирпанчиққа айланган деворларига оёқ тираб, пастга эна бошлади. Бир оздан сўнг у кўздан йўқолди. Музаффар фақат қўш зирк дарахтининг танасига осилиб, пастга бўйласагина, отасини кўра оларди.
– Торт, – деди бир оздан кейин отаси. Овоз қояларга урилиб, акс садо берди. – Бу ерда икки-учта отнинг юки бор.
Музаффар арқонни тортди. Ундан ям-яшил новдаларни бўшатиб, яна пастга туширди. Ўзи ҳам эгилиб қаради, отаси хирмонжой кенглигидаги текис майдончадаги қизилчаларни бир бошдан ўриб борарди. Ундан пастроқда тубсиз жарлик қорайиб кўринарди. Унга қараган одамнинг юра­ги орқасига тортиб кетиши тайин эди. Аммо, йигитнинг назарида шу жарликдан ёруғ бир йўл очилгандек бўлди. Икки йил ҳарбий хиз­матни ўтаган соҳил бўйидаги кичкина қасаба, казармалар ва унинг яқинидаги ёпиқ сув ом­бо­рининг қоровули яшайдиган мўъжазгина кулба кўз ўнгида жонланди. Уйнинг ёнида икки-уч туп тут ва анжир ўсиб турарди. Унинг соясида илондек буралиб турган ингичка ичакдан тиниқ, муздек сув фавворадек отилиб турарди. Аскарлар машқлардан ҳориб-чарчаган, қизиб кетган пайтларда шу сувдан чанқоғини қондиргани ке­лишар, сув пуркаб ётган ичакни яланғоч тўшларига тутиб, ҳузур қилишарди… Кейин… Музаффар қоровулнинг деразасидан мудом уни таъқиб этиб турадиган, мулойим табассумли бир жуфт маъ­сум кўзни хотирлади. Ана шу соҳир нигоҳлар таъсирида у икки йилнинг қанчалик суръат билан ўтиб кетганини сезмади.
“Йўқ, кетаман, бари бир кетаман, бу ерда қо­лолмайман!” Шу аснода қулоғи остида отасининг таҳдидли гаплари жаранглади. “Ҳали сен билан бошқача гаплашаман, ит!” Бирдан Музаффарнинг қони тўнғиб қолди, бояги хотираларидан ҳам, қиш кунларидан ҳам, ўзидан ҳам уялиб кетди… Ҳозир яшил боғламларни онгсиз равишда тортиб чиқарар, арқонни бўшатиб, тезлик билан отасига узатарди…
– Торт, бу охиргиси! – Отасининг бу гапи уни сергак торттирди. Арқонни бўшатиб олди, аммо пастга туширмади. Уловларни йўлга тайёрлади. Эгар-тўқимини созлади. Шу чоқ отаси чақириб қолди:
– Қаерга йўқолдинг, ҳов бола? Арқонни ту­ширмайсанми? Мен қандай чиқаман бу ердан? Музлатиб ўлдирмоқчимисан?
Музаффардан садо чиқмади. У аввал отнинг айилини тортди. Бу сафар қариянинг овози янаям чуқурроқдан эшитилди.
– Музаффар, қайси гўрдасан?
Эшакнинг айили маҳкам тортилди.
– Музаффар деяпман! Отинг ўчкур, қанисан?
Овоз қояларга урилиб, дарани ларзага солди. Музаффар йўлак бўйлаб уловларни оҳиста етаклаб борарди. Кейин, эҳтиёткорлик билан зиркларга яқинлашди. Отаси жарлик лабида умидсиз тепага қараб турарди. Тушаётган оқшомнинг совуғиданми, тепага кўп қарайверганиданми, кўзлари қисилиб, ҳатто ёшлангандек эди. Қоятошлар бағридаги олачалпоқ қор парчалари каби унинг қорамтир юзларидаги оқ соқоли аниқ ажралиб турарди.
– Ҳа, нима дейсиз. Сизни чиқариб олишга арқон йўқ. Юкка қўшиб, отнинг белига боғлаб юбордим.
– Жинни-пинни бўлдингми? Мени арқонсиз қандай тортиб оласан?
– Сизни чиқариб нима қиламан? Қолаверинг!
– Нима?! Ўйлаб гапираяпсанми?! Бу нимаси?!
– Гап битта! Сизни чиқариб ололмайман. Қўлин­гиздан келса, ўзингиз чиқаверинг. Сизга шунча ялиниб-ёлворганим етар. То бояги гапингиздан қайтмас экансиз, чиқариб бўпман.
У шундай дея узоқлашди. Тўқайзордан чиқиб олди. Катта йўл бошланди. Оқшом қаҳратонида ўрмондаги сукунат қулоқни тешгудек бўларди. Музаффар шу тариқа анча юрганидан кейин илк бор ортига ўгирилди. Ичкаридан ал­лақандай гулдираган овоз эшитиларди. Унга кўп ўтмай Бўздорнинг улиши ҳам қўшилди. Ит ўз эгасини ташлаб кетмаганди.
Отасининг жарлик лабида тепага боқиб турган умидсиз, ёшли кўзларини эслаб, кўнгли бузилди. Яна бир-икки қадам ҳайвонларнинг ортидан юриб, кейин эшакни йўл четидаги бутага боғлади. От­нинг юкини тушириб, жиловни тўқайзор тарафга бурди.
Ҳусанали ота чақиравериб чарчаган, овози чиқмасди. Бўздор зиркнинг тагида туриб, пастга қараганча чўзиб увиллар, думини тинимсиз ли­киллатарди. Отнинг туёқ дупурини эшитган ит ортига бурилди ва Музаффарни кўриб, у томон ўзини отди.
Музаффар қоянинг лабига келиб, пастга эн­гашди.
– Ота, мени яхши биласиз, тишлаган еримни уз­май қўймайман. Ўзингиз менга шуни ўргатгансиз. Бугундан ўша гапни оғзимга олмайман, деб қасам ичинг! Бўлмаса, акамнинг арвоҳи ҳаққи, сизни чиқазмайман.
Отаси бошини кўтармади:
– Падарингга лаънат! Бўпти, Худо ҳаққи қасам ичаман! Арқонни ташла!
Музаффар ориқ, чуваккина отасини музлаб қолган қўллари билан арқонни белига қандай боғ­лаётганини кўриб турарди. Кейин қария оҳиста тепага кўтарила бошлади. Ўғли осонликча уни чиқариб олди. Кейин отнинг жиловини отасига тутқазди-ю, ўзи орқасига қайрилди.

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси