Эр киши ўзи ёқтирган ҳар қандай аёлни олиб қочишга ҳақли. Саваннанинг кўчманчи чорвадорлари қонуни шунақа. Қиз ёшми ёки бўй етиб қолганми, эрлими ё қариқизми – бунинг аҳамияти йўқ. Агар у севиб қолган қизини уйгача олиб кела олдими – тамом, ҳаммаси шу билан тугайди. Борди-ю, йўлда қўлга тушиб қолгудек бўлса, йигитнинг шўри қуриди деяверинг!
Ҳикоямизда тасвирланган воқеалар бўлиб ўтган ўша оқшомда бир кулба ичидан икки кишининг баланд овозда айтишаётгани қулоққа чалинди. Амина акаси Модио билан сан-манга бориб қолганди. Модио шиддат билан Аминани итариб юборди.
– Ҳой ака! – чийиллаб деди Амина, ўзини чаққон четга олиб. – Олинг қўлингизни!
Қиз оғзини хиёл очди – аммо бу табассум эмасди; унинг ғўч сийналари шундай кўтарилиб-тушар эдики, данак ва кумуш тангалардан қилинган мунчоқлар жони бордай қимирлар эди. У похол кулба устунига ёпишиб, йиқилишдан ўзини базўр тутиб қолди.
– Менга қўлингизни теккиза кўрманг!
– Оллоҳга қасам ичаман, – бўкирди Модио. – Нақ эсингни киритиб қўяман!
Қиз чақноқ кўзлари билан акасига ғазабли нигоҳ ташлади. Акаси тажовузкорона эгилди, мушаклари таранг тортилди, қўллари ўлжасига човут солишга шай лочиндек чангакланди.
– Ҳеч қаёққа бормайсан!
– Бекор айтибсиз! – қичқирди қиз. – Бугун Ялланикида бўламан! Тегсам, ўшанга тегаман!
– Жама нима бўлади? Уни отамиз танлаганлар! Сенга деб Жама берган қалин моллар нима бўлади?
– Бу ёғи билан менинг ишим йўқ, – жавоб берди қиз. – Сизлар мени… Вой! Қўйиб юбор, иблис! Жинни-пинни бўлганмисан?
Акасининг ғадир-будур қўли келиб унинг лабларига урилди. У синглисини кўтарди-да, типирчилаганига қарамай, ўзининг кулбасига судраб кетди. Яланг оёғи билан эшикни тепиб очди-да, Аминани қоқ ерга ирғитди. Паға-паға чанг кўтарилди. Қиз ерга юз-тубан йиқилганича ётиб қолди, ўкириб йиғлаганидан аъзойи бадани титрар эди. Узун паришон сочлари елкаси оша тушиб, ерда чувалиб ётарди. Кўз ёшларидан қизил упа сурган юзлари жиққа ҳўл бўлиб кетди. Амина ҳали жуда ёш эди – ўн гулидан бир гули очилмаган бокира қиз…
– Ярамас! – Акасининг овози қулоғига чалинди.
У акасининг эшик лўкидонини суриб қўйганини ва оғзидан боди кириб, шоди чиқиб сўкинаётганини эшитиб турарди. Охири уни ўчиб, акаси у ердан кетди.
Юрагини поралаётган дардга малҳам бўлиб, унинг севгилисига эҳтиросини босадигандек, қиз кўз ёшларига эрк берди. Аммо шу заҳоти ҳали ҳам ҳеч нарса йўқотилмаганини, ҳали ҳам умид борлигини ўйлаб қолди. Ахир уни Ялладан ҳамишаликка ажратиб бўларканми? У севгилиси қошига бормаса бўлмайди, боради ва ҳаммасига нуқта қўяди!
Алам нафратга айланди ва кўкси ўт бўлиб ёна бошлади. Жама унга ёқмаса, бунинг учун у айбдорми? Отаси аввал Жамадан молларни олди ва шундан кейин қизига муддаосини айтди. Жама эса бўғинлари ўйнаган бир хотинчалиш одам бўлиб чиқди. Шу ҳам эркак бўлдими? У бўйра тўқиб, саваннада мол боқа олармиди! У шунақанги қуёнюракки, сал қийинчиликка дуч келса, ёш болалардай ҳўнграб юборади. Тўғри, қийинчиликка ҳар ким ҳар хил чидайди, аммо эркак зоти ундай бўлмайди-да… Унга эрга теккандан ерга теккани яхши. Отаси уни Жамага қўшқўллаб топшириб юбораверади. Бошқа қизларнинг қизи устидан кулишлари билан бир пуллик иши йўқ: “Эринг қалай энди, кун чиққунча тўшакдан бош кўтармайдими? Ёмғир деса юраги тарс ёрилиб кетадими? Ваҳ-ҳа-ҳа! Шу ҳам эр бўлдими!”
Бунинг ҳаммасига Ялланинг ўзи айбдор. У нимагадир сўзида турмади. Ваъда оддийгина эди – улар Жама келиннинг қалинига деб охирги ҳўкизларни ҳайдаб келишидан олдинроқ отасининг ўтовидан қочишга келишиб олган эдилар. Ялла чиябўрилар яйлов ортидан увуллай бошлаганда кулба олдига келиб туриши керак эди: хуштори ҳайқирган дороуа дарахти остида кутиб турганини Амина билиши учун ўша ерга етиб келиши ва жўжаларнинг қиронини келтирадиган қирғий қичқириғида қичқириши керак эди.
Қиз бу қичқириқни кўп кунлар кутди. Чиябўрилар тошлар орасида яшириниб турган оқшом чоғларида қиз севгилиси ҳақида ширин хаёлларга бериларди – ана у, баланд бўй, кенг елкали, майдалаб ўрилган сочларига мис гардиш кийдирилган бўз йигит. Шунақанги полвонки! У отасининг подасидаги қайсар ҳўкизнинг белини бир уришда синдиради, асов отнинг суробини тўғрилаб қўя олади! Шу билан бирга, у жилмайганида ва уни қўлидан тутганида йигитнинг юзлари шу қадар майин ва юмшоқ кўриниб кетардики, қўяверинг… Қиз Ялланинг кенг ўмровига бошини қўйганча унинг тим-қора кўзларига тикилиб тўймасди. Йигит қизнинг қулоқларига тегишни яхши кўрарди. Гоҳо қизнинг бундан ғаши келарди ва шунда у Жамага кетиб қоламан деб дўқ қиларди. Ялла ва Жама – бир-биридан осмон билан ерча фарқ қиларди! Жама – қўрқоқ! Тез-тез чўлдан қутуриб қўзғалган довулдан кулбани қутқариб қола олармиди? Тўсатдан подага ҳамла қилиб қолган ёввойи итлар, чиябўрилар, қоплонлар, арслонларни ҳайдаб юбора олармиди?
Шу ҳам эркакми? Тўғри, Аминанинг эслашича, уни Жаманинг бўлажак хотини деб билишарди. Беш юз бош мол. Аммо Амина сотилмайди!
Охири бугун кечга яқин Ялла қизнинг отаси гузарида пайдо бўлди. У сал наридаги дороуа дарахти ёнида тўхтади-да, қизни чақириб, ҳуштак чалди. Аминанинг юраги ҳапқириб кетди. Ҳазилакам ишми – у қадрдон гўшасини бутунлай тарк этади! Ҳеч ким билан хайрлашиши ҳам, кўз ёши тўкиши ҳам мумкин эмас… У қариндош-уруғлари нақ оғзидан отиб ташлайдиган одам билан қочиб кетаяпти…
Чўл узра ўлик сукунат чўккан. Амина оҳиста кулбадан мўралади. Кўз олдида бепоён чўл намоён бўлди. Булар ҳаммаси энди у ва Ялланики – агар уларда журъат етишса… Ҳамма-ҳаммаси: салқин шамолдан эгилиб-эгилиб кетаётган пакана дарахтлар ҳам, шарқираб оққан дарёлар ҳам, қоялар ҳам, тиканли тўқайзорлар ҳам – барчаси Амина ва Яллани ўзлари томон чорларди: келинглар, бизга эгалик қилинглар! У ерда улар ўз қўраларига эга бўлишади ва сигир-ҳўкизларини боқишади – бировларникини эмас, ўзлариникини!
Ялла яна ҳуштак чалди – бу гал кулранг қирғийнинг бетоқат ва ундовчан хириллоқ қичқириғи билан овоз берди.
Амина барча иккиланишларини итқитиб ташлади. У кулба ичидан югуриб чиқди. Ўзи билан ҳеч нарсани олмади, ҳатто онаси совға қилган ёғоч чўмични ҳам уйда қолдирди… Шу заҳоти уни акаси тутиб қолди! Акаси мудом ёнгинасида, дарахт ортида, ярим ёввойи кўппаклар галаси орасида яшириниб олишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Кўппакларни Яллага олкишлаб, у Аминани тутди-да, қайта кулба ичига судраб кетди. Қиз уни тимдалар, дўқ урар, қарғанар эди, акаси бўлса нуқул кулар эди… Эркин яйловлар қонуни энди Ялла ва Аминани ҳимоя қилмаётганди.
Мана, энди қиз – асира, кулбага қамаб қўйилган. Аммо барибир ҳам у Яллани бутунлай йўқотганига заррача ишонаётгани йўқ эди. Бундай бўлиши зинҳор мумкин эмас! – Унинг ҳам бир иложи бордир, ахир! Жама қалинга атаган ҳўкизларни охиригача ҳайдаб келмасидан олдин Ялла қандай қилиб бўлмасин, уни мана бу қамоқхонадан олиб чиқиб кетолса ва ўзининг кулбасига олиб боролса, қандай яхши бўларди, Ялла ҳали ҳам уни ўзига хотин қилиб олишга улгурарди – кучлиларнинг қонуни бу. Ҳеч ким эркин яйловлар қонунини буза олмайди. Буни барча кўчманчилар билади, бу қонунни ҳамма ҳурмат қилади… Фақат Ялла унинг қаердалигини қандай билади? Ҳўкизларини ҳайдаб, Жама қачон келишини қандай билади? Йўқ, ҳаммаси, ҳаммаси тамом бўлди!.. Аминанинг кўзларидан яна аччиқ ёш дув тўкилди.
– Оҳ, Ялла, Яллагинам! Кел, мени қутқар, Ялла! Мен – сеникиман, сен – менинг эримсан!
Акаси девор ортидан қичқириб, агар тинчланмасанг, нақ кўрадиганингни кўрасан деб дўқ урмагунча қиз ўзини ҳар тарафга урди, қичқирди, қўрқитди. Аммо аъзойи бадани чангга беланиб, тиканлар кириб, вужуди оловдек ёниб турганда қандай тинчлана оларди? Ҳой ажал, тезроқ келсанг-чи! Жамага хотин бўлганимдан ўлганим афзал!
Ташқаридан қулоғига чалинаётган ғала-ғовурдан у англадики, отларга эгар уришмоқда. Модиодан ташқари у ерда чўлдан қайтиб келган оға-инилари ҳам бор эди. Улардан бири уни қора чодрага ўраб олиш керак, деса, бошқаси, бу удумимизга тўғри келмайди, оқ чодра бўлиши керак, деди. Уларнинг топган гапларини қаранг! Тўнғич ака айтдики, у келин билан битта отда боради, уни олдига мингаштириб олади. Модио уни қай тариқа ушлаб қолганидан кейин айниқса ҳушёр бўлишмаса бўлмайди. Оҳ, шўрлик ака-укалар-а, бор-йўғи беш юзта қорамол деб шунча куйиб-пишишларини-чи!
Бир вақт ака-укаларнинг овозлари эшитилмай қолганини фаҳмлаб қолди қиз. Уларнинг вайсашлари, қўпол ҳазил-мутойибалари кутилмаганда узилган эди. Чўл узра даҳшатли жимлик чўкди. Мўъжазгина кулба ичидаги ҳаво оғирлашиб, димиқиб кетди. Аминанинг томоғи қичиша бошлади. Бирдан сукунатни ака-укалардан бирининг хириллаган қичқириғи бузди:
– Ёнғин! Ёнғи-ин! Ҳой, сув келтиринглар, сув! Ёнаяпмиз!
Амина типирчилади. Унинг мўъжаз қамоқхонаси қуюқ тутунга тўлганди. Нафас олиш тобора қийинлашиб борарди, кўкраги йўталдан ёрилиб кетмоқда эди. Жон ҳолатда унинг бир кучига ўн куч қўшилди. У эшикни ура бошлади. Барча тирқишлардан тутун ичкарига бўралаб кирмоқда эди. Ташқаридан ҳуркиб кетган молларни ушлашга ҳаракат қилган эркакларнинг қичқириқлари ва сўкинишлари қулоққа чалинарди. Уларнинг овозлари қизнинг қулоғига босиқ зарбалардек келиб уриларди. Наҳотки ака-укалар уни эсдан чиқариб қўйишган бўлса? Қиз бўғиларди. Наҳотки, улар шу қадар бағритош бўлса? Ёки ростданам сигирлар уларга сингилларидан азизроқми?
Кучли қўл эшикни ланг очиб юборди ва паст эркак овози амрона қичқирди:
– Ортимдан югур! Бу мен, Ялламан!
Қизнинг юраги шодликдан ўйноқлаб кетди, аммо бўғилишдан карахт бўлиб қолган лаблар бирон товуш чиқаришдан ожиз эди. Кучли қўл унинг белидан қучиб олди ва қизнинг оёқлари ердан узилди. Унинг сочлари томга ёпилган қуруқ ўт пояларига илашиб қолди. Меҳрибон эркак бармоқлари сочларга ёпишган тиканакларни авайлаб териб ташлади. Қизга булар бари тушда бўлаётгандек туюлмоқда эди. Ўпкасига ёқимли ҳаво отилиб кирди. Аланганинг сариқ тиллари осмонга ўрлаб, кўзни олувчи олов устунига қўшилиб кетмоқда эди. Қўли билан ўзини оловдан пана қилиб, қиз акаларини кўрди. Улар ўзларини бир кулбадан бошқасига урар, бўйра, саватхалта, сутли хурмаларни элтар эдилар. Йўқ, бу энди туш эмас эди. Ҳаммаси – ҳатто овозлар ҳам – ўнг эди.
– Ана у! Акалар, тез бу ёққа келинглар! Тутинглар уни!
– Ялла, – деди пиқ-пиқ йиғлаб Амина, – улар бизни қувиб келишаяпти! Нима қиламиз энди?
– Қувишса қувишаверсин! Уйимгача атиги беш мил. Бир қувлашмачоқ ўйнасак ўйнабмиз-да!
Аминани қўлида кўтариб олган Ялла бутун қўрадан югуриб ўтди-да, қизни ўзининг отига миндирди.
– Тезроқ! – қичқирди у қизнинг ортида ўтириб, отни елдирганча. – Олға!
От чўл ичига отилди. Унинг ҳар бир одими Аминанинг аъзойи баданини зирқиратиб юбормоқда эди. Сочлари шамолда ҳилпирар эди. Орқадан эса чарчаш нималигини билмайдиган, чаққон чавандозлар, боз устига сингилларининг ўғирланганидан ғазабга минган ака-укалар от солиб келар эди. Амина уларнинг отлари дупурини аниқ-тиниқ фарқлай оларди. Эй Худо, нима қилса экан-а?!
Вз-з-з!..
Бу ёй ўқининг овози эди. Фурсат ғаниматда таслим бўлган яхши!
– Оҳ, Ялла, тўхтаб, уй-уйимизга кетганимиз аъло эмасми! Барибир улардан қутулиб бўлмайди.
Ялла фақат қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди, холос ва қиз момақалдироқдек эркак овозини эшитиб, ўзини аҳмоқдай ҳис этди. У нимага кулаяпти? Ана-мана орқасидан келиб санчиладиган, уни ўлим талвасасига солиб, у ғужанак бўлиб, йўталдан бўғилиб ўладиган жойга йиқитадиган камон ўқи устидан кулаяптими? Оҳ, жасоратли Ялла, севгилим менинг!
Устидаги юк оғирлигидан от ҳарсиллай бошлади. Буталар бирдан сийраклашди, энди йўллари тик қоялар орқали ўтарди. Чавандозлардан қайси бири эпчилроқ экани энди жуда билинади. Шу ерда уни ўғирлаган йигит ё ундан жудо бўлади, ёки абадий ўзиники бўлади. Қиз нафасини ичига ютди. Аъзойи бадани чаён чаққандай симиллаб оғрирди, лекин у олдинда қандай қувонч кутаётганини биларди ва бу унга матонат бағишларди.
Улар минган отнинг чопиши тобора оғирлашиб ва зўриқиб бормоқда эди. Ялланинг ўзи ҳам ҳар қанча кучли бўлмасин, оғриқ ва чарчоқдан тишларини ғичирлатар ва тулпорига тинимсиз қамчи босиб, ғазабнок ниқтар эди.
– Иеҳув-в-в! – наъра тортарди у; шунда юзидан тўкилган тер томчилари Аминанинг кўзига келиб тушарди. – Иеҳув-в-в!
Узоқдан чироқ шуъласини қиз биринчи бўлиб кўрди.
– Менинг уйим, – деди Ялла. – Менинг ёлғиз уйим.
– Бизнинг уйимиз!
Йигит яна қаҳ-қаҳ уриб кулди.
– Вз-з-з!..
Шунда Ялла бирдан оҳ тортиб юборди.
– Оҳ, уларнинг ўқи нишонга тегди! Орқам!.. Эй Худо, ўзинг сақла… Ўлаяпман…
У жумлани охиригача еткизолмай, отдан ерга қулаб туша бошлади – заҳарланган ўқ тез таъсир қилади. Таъқибчилар яқинлашиб келарди ва ўқлар улар ёнидан бот-бот визиллаб учиб ўтар эди.
– Агар мен ўлсам, кулбамга бор. Уйим остонасидан ҳатлаб ўтсанг, бас, улар сенга қўлининг учини ҳам теккиза олишмайди. Бу… Қонун шунақа…
Аминани даҳшат чулғади. У атрофга аланглади ва чавандозларнинг қорасини элас-элас кўра бошлади, улар аста-секин тиниқлашиб борарди. Улар ичидан биринчи бўлиб қиз тўнғич акасини таниди. Ялланинг бутунлай мадори қуриганди, у базўр эмаклаб борарди, аммо Амина уни бор кучи билан олға судрарди. Африка чўлларининг қизи эмасми, у ёш, кучли ва жасур эди.
Ялланинг мажоли қолмади. Бироқ шу он улар подасидаги сигирлар ҳуркиб, ўзларини олиб қочди. Қўйлар безовталаниб маърарди. Товуқларни сергак торттириб, хўроз қичқирди, товуқлар қулоқни қоматга келтириб, қақағлай кетди. Қочоқлар Ялла қўрасинининг чегарасидан ошиб ўтишди. Энди кулбагача етиб олиш қолганди…
– Тўхта, лаънати ўғри!
Ошиқ-маъшуқлар қўра ва товуқхонадан ҳам ўтиб олишди. Шунда Амина бор кучини тўплаб эгилди-да, Яллани кўтарди, уни кулба ичига итариб юборди ва унинг ортидан ўзи ҳам қоқ ерга йиқилди.
Йигит бирданига енгил нафас олди.
– Хотиним! – инграниб деди у. – Ниҳоят сен мен билансан! Энди тезроқ… ўқни… Сен ҳали ҳам мени қутқаришинг мумкин… Заҳарга қарши…
Аминанинг акалари кулба олдига етиб келишди.
– Ҳой ўғри! Синглимизни қайтар бизга! – бўкирар эди улар.
– Ҳали мен ўғри бўлиб қолибманми? – истеҳзоли сўради йигит. – Ўғри сизлар. Тўй отимни ўғирладинглар!
– Билиб қўй, қалин моли тўламагунингча отамиз рози бўлмайдилар. Энди Жаманинг қалин молларини қайтаришимизга тўғри келади.
– Бу ёғи менинг ишим! – қичқирди уларга Ялла ва Аминага шивирлаб деди: – Вой,орқам! Тезроқ заҳарга қарши малҳамни…
Ака-укалар отларининг бошини шиддат билан орқага буришди-да, ўзларининг қўрғонлари томон йўртдириб кетишди.
Улардан бири деди:
– Барибир мана шу Яллага қойил қолдим. Ҳақиқий эркак экан. Қўрғонимизга ўт қўйди, синглимизни олиб қочди, бошқа куёвга атаганимиз отни ундан тортиб олганимиз учун бизни ўғрига чиқарди! Нима ҳам дердик, яйловлар қонуни бу! Ялла бизни боплаб чув туширди…
Рус тилидан Алимурод Тожиев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон