Профессор бугун ҳам, одатдагидек, соат жиринглашидан сал олдин уйғонди. «Чамаси, шууримда ҳам ўзига хос соат пайдо бўлганга ўхшайди», деб ўйлади у уйқусираганча кроватидан оёғини осилтириб ўтирар экан. Мангуликнинг янгидан янги лаҳзаларини қумурсқадек тиришқоқлик билан тинимсиз санаётган соат милига тикилиб қолди. Соат қўнғироғи оламни бошига кўтармоқчидек бутун вужуди билан титраб-қақшай бошлаганида профессор тугмачани босиб, дарҳол сасини ўчирди. Ажаб бўлсин! Ич-ичидан қандайдир мамнунлик туйди. Қизиқ, бу мамнунликнинг боиси нима? Ҳокими мутлақ бўлиш иштиёқими, бировни камситишдан, қийнашдан лаззатланишми ёки болаларча ғўрликми? У масуъдликнинг сурурли онларидан дили яйраб, яна хаёл денгизига шўнғиди.
– Энди туриш керак, – деди бир пасдан сўнг.
Ижирғаниб ўрнидан турди ва кўзгу қаршисига келди. «У бахт учун яралган». Ўта жўн ва маънисиз ибора. «У бахт учун яралган, лекин иқбол уни қирқ йил бурун тарк этган». Энсаси қотганча ойнага тескари ўгрилди. Кўпчилик бундай ибораларнинг таг-замини пуч. «Масалан, у қуш каби яшайди хўшҳол, деган гапни олайлик. Бу нима дегани? Қушдай эркин яшайди демоқчими? Ё қушлар каби юксакларга парвоз қила оладими? Сиз ўзингиз кимсиз? Қуш каби эркин эмаслигингиз-ку аниқ, албатта!»
«Оббо! Яна алжираб кетдимми? – деб ўйлади профессор. – Тезроқ кийиниш керак».
У узун ҳомуза торди. Кийиниш керак!
«Галстукни боғлашда истиқболга қатьий ишонч мужассам». Бу кимнинг гапи? Ницшенингми? Йўқ, маҳаллий классиклардан бўлган қайсидир шоир айтган. Кимлигини эслашга ҳаракат қилди, лекин тополмади. Фаромушлик панд бера бошлади. Ҳеч нарса эсида турмайди. «Хотираси пастлар қотиб ухлайди». Буни анавинақа учбурчак шляпа кийган қайсидир француз кардинали айтган.
У кеча оқшом варақлаган китоблар иш столи устида махсус жураналга мўлжаллаб ёзилаётган ва тугай деб қолган мақоланг ёнида очилиб-сочилиб ётарди. Профессор мақоланинг якунидаги сўнгги гапни ўқиди ва энди, куннинг ёруғида анчайин кескин туйилган учта сўзни ўчирди. Тун – илмий тадқиқотлар учун ғоят хавфли фурсат: ойнинг ақлдан оздириш қудрати бор. Буни ҳатто итлар ҳам билади. Осмонда ой пайдо бўлиши билан улар изиллаб увлай бошлайди. Ё ойни ғажиб, бирор бўлагини емоқчи бўлармикан? Яна ким билади, дейсиз. Бемани гапларга чалғимаслик керак.
Эшик қаттиқ тақиллади.
-Профессор! – деди шанғиллаб хизматчи аёл. – Турдингизми?
-Йўқ ҳали.
-Сизни пастда бир талаба йигит кутиб ўтирибди. Имтиҳон топширмоқчи эмиш, – деди аёл ёзғириб. – Эрталаб кел деб ўзингиз айтган экансиз.
Бу гапдан профессорнинг хуши жойига келди.
-Ҳозир чиқаман!- деди у.
-Талаба йигит йигирма минутдан бери кутиб ўтирибди, -деб яна заҳрини сочди аёл ва эшикдан нари кетди.
«Товуқмия, эркаксабзи», деб ўйлади профессор ва ўзининг ўхшатишидан мамнун илжайди.
Сўнг шоша-пиша ювиниш хонасига ўтиб, юз-қўлини ювмоққа киришди. «Яна шунча вақтим беҳуда кетди, – деб ижирғанди у.- Мен нега ўзи ён дафтар тутмайман? Ён дафтар деган нарса шундай пайтларда жонингга ора киради-да. Аслини олганда, битта эмас, иккита ён дафтар тутиш керак. Иккинчисига ҳар куни, «биринчи ён дафтарингга қара», деб ёзиб қўйилмаса, яна ҳамма нарса паққос эсдан чиқади-кетади. Юзини апил-тапил сочиққа артди. Бугун соқол олмагани маъқул. Кийиниб, соатига қаради: талаба йигит ярим соатдан бери ўз ёғида ўзи қоврилиб ўтиргандир.
«Бунчалар тўнка бўлмасам!» деб ўйлади профессор зиналарни бир-бир босиб пастга тушар экан. Йўлакдаги кийимилгичга кўзи тушиб, калласига ажойиб фикр келди. Бордию ўзини ҳозиргина кўчадан келгандай қилиб кўрсатса-чи? Ҳарна, бу ҳам хижолатпазликдан қутулишнинг бир йўли-да.
У шоша-пиша пальтони елкасига илиб, бошига шляпа қўндирди ва шахт билан даҳлизга кирди. Бундай ҳолларда айтиладиган одатдаги сўзлар билан дадил гап бошлади:
-Узр! Минг бор узр! Шаҳарда бир оз ушланиб қолдим. Кейин, савил, трамвайни кутишимга тўғи келди…
Унинг гапи оғзида қолди. Тим қора костюм кийган йигит ақлдан озгандай унга қараб анграйиб турарди.
-Нима бўлди? Тинчликми? – деди профессор.
-Йўқ-йўқ, ҳеч нима, домла, – деб ютинди талаба. – Сиз… ҳалиги, нимагадир менинг… пальтом билан шляпамни кийиб олибсиз.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.