– Сўнгги пайтда одамлар негадир жуда тунд бўп кетаётир, – деди пивохона хўжайини. – Бу об-ҳавонинг таъсиридан. Осмон тўла булут, қовоғини очай демайди. Ёмғир қуйгани-қуйган. Тунд бўлмай иложинг йўқ. Нима ҳам дейсан Одамзот – ҳом сут эмган ожиз банда-да.
У гапининг тасдиғини кутгандек менга қаради. Индамадим. Айтилган фикр менинг шарҳу шаҳодатимга муҳтож эмасди. Юракни эзадиган оғир сукунат чўкди. Пивохона оғаси стаканларни ювиш билан машғул. Бир пайт эшик очилиб, остонада оқ сочли кичкинагина аёл кўринди.
– Бизнинг хўжайин бу ерда кўринмадими? – деб сўради у.
– Хўжайинингиз ким экан?
Аёл кимлигини айтди. Майхоначи ўйланиб турди-да, тузук-қуриқ бирор нарсани эслай олмади, чамаси, бошини ирғади:
– Йўқ, танимас эканман.
– Нега танимайсиз? Барваста, қўнғир мўйловли, давангирдай одам.
– Э-е, ўзимизнинг Кор демайсизми! – деби ҳитоб қилди хўжайин. – Корни жуда-а яхши танийман-да. Лекин бир-икки ҳафтадан бери унга кўзим тушмади.
Аёл бошини асабий силкитди.
– Касалхонада эди. Операция қилишди.
– Об-бо, – бошини чайқади хўжайин. –Чатоқ бўпти-ку!
Бу янгилик уни мутлақо ажаблантирмади.
– Бугун хўжайиним биринчи марта кўчага чиқди, – деб гапида давом этди аёл. – Мабодо, бу ерга бош суқса, сиздан илтимос, унга айтинг, ичимлик деган нарсани асло оғзига ола кўрмасин. Операциядан кейин мутлақо ичиши мумкин эмас. Дўхтир қатъиян ман қилган.
– Бўмасам-чи, – деб минғирлади пивофуруш.
– Айтасиз-а?
– Албатта, айтаман.
Эшик олдига етганда аёл яна ортига бурилди ва тортиниброқ илтимос қилди:
– Яна айтингки, тезда уйга борсин.
– Хўп, – деб ваъда берди хўжайин.
Аёл кетиши билан хўжайин яна стаканларни ювишга киришди. Бўлган суҳбат ҳақида оғиз очмади. Ўн дақиқача ўтди. Эшик тағин очилиб, қўнғир мўйловли бесунақай бир одам кириб келди.
– Ў-ў, дўстим Кор! Бормисан, омонмисан! – деб хушнуд қарши олди уни хўжайин.
Кипригини пирпиратганча бир лаҳза туриб қолган Кор, “бир қултумгина” дейишга ҳам улгурмади. Шишанинг қултиллагани эшитилди. У қадаҳни шартта кўтариб, лабига олиб борди ва ҳузур қилиб сипқорди.
– Бугун биринчи марта уйдан чиқишингми, дейман?
Мижоз бошини сарак-сарак қилди.
– Сен қаердан биласан?
– Хотининг айтди.
– Хотиним келдими?
– Ҳозиргина келиб-кетди.
– Тинчликми? Нега келган экан?
– Билмасам, – деди хўжайин.- Сенга ичиш мумкин эмас, дедими-ей. Зудлик билан уйга борармишсан.
Мижоз жилмайди. Жилмайишида мулойимлик жилва қилгандай бўлди.
– Яна битта қуй-чи, – деб илтимос қилди у.
Русчадан Қулман Очилов таржимаси.