Симон Кармиггелт. Болакай (ҳикоя)

Харлемгача поезднинг бўм-бўш купесида ёлғиз ўзим кетдим. Кейин ёшгина жувон ўғилчаси билан қаршимдан жой олди. Тўрт ёшлардаги сочлари оч сариқдан келган болакайнинг ўйинчоқ айиғи, кейинроқ маълум бўлдики, обаки конфетлари бор экан. У менга бир пас синовчан қараб турди-да, сўнг:
 -Мен Гаагадаги бувимникига кетяпман, – деди. – Тунагани.
 Бир ҳолдан – мени кўрганида гўдаклар қўрққанидан йиғига зўр бермасдан, гап қўшганидан – доим совға олган болакайдек қувонаман.
 -Зўр-ку!- дедим мен.
 Суҳбатдошим чаккаларидаги кулгичлари кенг ёйилганча мамнун жилмайди. У қувноқ, содда ва ишонувчан инсон эди. Онаси ҳам фарзандига бўлар-бўлмасга танбеҳ беравермайдиган аёл экан. Сал жилмайиб қўйди-да, гурунгимизга жим қулоқ солиб кетди.
 -Сиз ҳам Гаагага кетяпсизми? – деб сўради болакай.
 -Ҳа, – жавоб бердим мен.
 -Бувингизнинг уйигами?
 -Йўқ, онамникига.
 -Отангиз ҳам борми?
 -Йўқ.
 -Нега – йўқ?
 -Негаки, анча бўлди, отам ўлган.
 -Отангизни кинодагидай отиб ташлашганми?
 -Шукрки, отамни ҳеч ким отмаган. У қариликдан қазо қилган.
Болакай бирдан дераза томонга ташланди ва ҳаяжон билан қичқирди:
 -Будозер!
 Биз котлован текислаётган баҳайбат булдозернинг ёнидан ўтмоқда эдик.
 -Менинг ҳам уйда будозерим бо-ор, – деди у фахр билан. – Обаки ейсизми?
 -Обакига унчалик тобим йўқ, – дедим мен. – Лекин неварамнинг айтишича, жуда ширин нарса бўларкан.
 У обидандоннинг каттакон, шу даражада каттаки болани суҳбатимизни давом эттириш имкониятидан маҳрум қилди, бўлагини оғзига солди. Поезд тўхтаб, хонамизга ўрта ёшлардаги бир одам кириб келди ва менинг ёнимга ўтирди. Болакай обакидандонини тинчитиб, янги ҳамроҳимизни бошдан-оёқ кўздан кечириб чиқди. Сўнг ачиниш билан менга қаради:
 -Энди Гаагагача манаву амакининг ёнида ўтириб кетасиз.
 Газетасини шилдиратиб ўтирган одам кутилмаган бу гапдан чўчиб тушгандай бўлди:
 -Мен бажонидил сенинг отангнинг ёнида ўтириб тураман, – деди.
 Буни футболчилар “тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди”, дейишади. Кўзойнак таққан янги ҳамроҳимиз, кўзи ожизроқ бўлса керак, бутун бир авлодга янглишган эди.
 -Нега сиз менинг отам билан бажонидил бирга ўтирар экансиз? – деб сўради йигитча.
 -Негаки, менга бирга ўтириш ёқади?- деди кўзойнакли амаки.
 -Сиз менинг отамни танийсизми?
 -Йўқ, танмайман.
 Ҳатто йирик халқаро анжуманларда ҳам одамлар бир-бирини тушунишдан бунчалик йироқлашиб кетмайди.
 Бахтли тасодиф туфайли поездимиз яна бир котлован ёнидан ўтиб қолдики, у ерда ҳам баҳайбат булдозер замин бағрини текисламоқда эди. Болакай деразадан узоқ қараб ўтирди ва сўнг мендан:
 -Гаагада сиз трамайга чиқасизми ё таксига? – деб сўради.
 -Яёв кетаман, – дедим мен.
 -Кичкина кўприкчанинг тагидан ўтадиган йўлдан кетасизми? – деб сўради у умидсизлангандай.
 -Ҳа, – дедим мен. Негаки, уни хаёлидаги кўприкчасидан маҳрум қилишни истамадим.
 -Биз трамвайда кетамиз, – деб изоҳ берди у. – Мени деразадан кўрсангиз, қўлингизни силкитинг. Хўпми?
 Мен ваъдани қуюқ қилдим. Гаагада болакай ўнг оёқини бутун кучи билан қаттиқ тираб, поезднинг тўхташида ёрдам берди. Перронда онаси гул олиб келиш учун кетди. Мен зиналардан пастга тушаётганимда у менга катталардек бошини ирғади. Самимий жилмайганча айиғини бағрига босиб ўтираркан, ортимдан қўл силкитиб қолди. Мен ҳам у томонга бурилиб жилмайдим ва назорат чизиғидан ўтгунимча қўлимни силкитдим. Кун ҳайрли бошланган эди. Мен дўст орттирдим.
 
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.