Меҳмонхонадаги сўзловчи соат гўё уни ҳеч ким эшитмаётгандек тинмай куйларди:
– Чиқ, чиқ…
Миллар етди еттига,
Якун ясанг уйқуга!
Тонгги сукунат оғушидаги уй бўм-бўш эди. Соат тинмай чиқиллар ва бўшлиққа уқдиришда давом этарди: “Саккиздан тўққиз дақиқа ўтди, нонушта вақти етди! Саккиздан тўққиз дақиқа ўтди…”
Ошхонадаги ўчоқ бўғиқ хўрсинди ва қайноқ қорнидан саккизта чиройли қовурилган нон бўлаги, тўртта тухумли қуймоқ, ўн олти бўлак бекон, икки финжон қаҳва ва иккита идишда совуқ сут чиқарди.
– Бугун Калифорния штатидаги Эллендейл шаҳрида икки минг йигирма олтинчи йилнинг тўртинчи августи, – деди ошхона шифтидан бошқа овоз. У яхшироқ эсда қолиши учун санани уч марта қайтарди. – Бугун жаноб Фезерстоуннинг таваллуд топган, Тилитанинг тўйи бўлган кун. Сув, газ, чироқ, шунингдек, суғурта тўловларини топшириш вақти келди.
– Соат саккиз-у бир, мактаб-у ишнинг вақтидир! Тезроқ, тезроқ! Саккиз-у бир…
Аммо эшиклар тарақламади, резина пошналарнинг гиламларга шипиллаб урилиши эшитилмади.
Кўчада ёмғир ёғарди. Ташқари эшикдаги об-ҳавони хабар қилувчи қутича тинмай куйларди: “Илиқ ёмғир ёғади, ёмғирпўш кийилади…” Ёмғир сукунатга чўмган уйнинг томини дўмбира қилиб чаларди.
Ҳовлида қўнғироқ товуши жаранглади, гараж эшиги кўтарилиб, ичкаридаги юришга тайёр машина кўринди… Бир дақиқа ўтди, иккинчиси ўтди, кейин эшик жойига тушди.
Саккиздан ўттиз дақиқа ўтганида қуймоқ буришиб, қовурилган нонлар тошдек қотиб қолди. Алюмин куракча уларни раковинага ташлади. Қайноқ сув оқими егуликларни темир ҳалқум сари суриб кетди. Бу ерда ҳамма нарса майдаланиб, эриб, темир қувурлар орқали узоқдаги денгиз томон оқиб кетди. Овқатдан бўшаган ликопчалар кўпикли сувга шўнғишди ва ундан тозаланиб, ярақлаганча ирғиб чиқишди.
– Тўққиз-у ўн беш! – куйларди соат. – Керакдир уйни тозалаш!
Девордаги тешикчалардан митти робот-сичқонлар ғилдираб чиқишди. Пўлат ва резинадан иборат митти тозаловчилар барча хоналарда ғизиллаб югура бошлашди. Улар ўриндиқларга урилар, тукдор роликларини айлантиришар, гилам тукларини титкилашар ва кўзга кўринмас чангларни топиб, сўриб олишарди. Кўп вақт ўтмай, тозаловчилар яна маконларига кириб кетишди, уларнинг пуштиранг чироқча- кўзлари ўчди. Уй топ-тоза бўлиб қолди.
Соат ўн бўлди. Ёмғир пардаси орасидан қуёш мўралади. Уй вайрона ва куллар орасида ёлғиз ўзи сўппайиб турарди. Бутун шаҳарда фақат шу уйгина омон қолганди. Тунда вайрона шаҳарнинг радиоактив шуъласи ўнлаб чақирим масофадан кўринарди.
Ўндан ўн беш дақиқа ўтди. Боғдаги сув сепувчи ускуналардан заррин фавворалар отилиб, майин тонг ҳавосини ярқироқ сув мунчоқларига тўлдирди. Сув деразаларга урилар, оқ бўёғи қовжираб кетган, қоп-қора дуд билан қопланган ғарбий деворни ювиб тушарди. Ғарбий девор томдан то ергача қоп-қорайиб кетган бўлиб, фақат бештагина оқ доғ бор эди, холос. Оқ доғларнинг бирида ўт ўрувчи ускунани итариб кетаётган эркакнинг шамойили сезилиб турарди. Иккинчисида эса гул узра энгашган аёлнинг сурати кўринади. Қолган учта доғ ўғил бола, копток ва қизчани ифодалайди. Боланинг қўллари кўтарилган, сал тепароқда у отган копток учиб кетяпти. Қизчанинг ҳам қўллари кўтарилган – у коптокни тутиб олмоқчи…
Фақат бешта оқ доғ – эркак, аёл, болалар, копток. Қолган ҳамма нарсани қоп-қора дуд қоплаган.
Сув сепувчи ускуналардан отилаётган майин ёмғир боғни шуълаларга тўлдирди…
Уй шу пайтгача ўз тинчлигини жудаям пухта қўриқлаб келарди. Ёнида салгина шитирлаш эшитилдими, “Кимсиз? Махсус сўзни айтинг!” деб талаб қиларди. Дайди тулкилар ва аянчли миёвлайдиган мушуклардан жавоб ололмаганидан кейин эса, қариқизларга хос бўлган қатъият билан эшикларни қулфлар ва пардаларни тушириб қўярди. Худди механизмлар ўз-ўзини ҳимоя қилиш васвасасига учрагандек эди.
Уй тиқ этган товушдан ҳам титраб кетарди. Деразаларга чумчуқнинг қаноти тегиб кетса ҳам пардалар шаҳд билан силкиниб, шатур-шутур овоз чиқарар, ўтакаси ёрилган қушча эса хавфли жойдан узоқроқда бўлишни маъқул билиб, дарров учиб кетарди. Шунинг учун чумчуқлар уйга яқинлашишни ўйлашмасди ҳам.
Уй гўё ўн минглаб катта-кичик хизматчилар тиним билмай ишлайдиган ва жўр овозда ифтихор қўшиғини куйлайдиган эҳромга ўхшарди. Аммо маъбудлар ғойиб бўлишган, узлуксиз амалга оширилувчи маросимлардан фойда ҳам, маъно ҳам қолмаганди.
Соат ўн икки бўлди.
Кириш эшиги олдида ёмғирда ивиб кетган ит ингиллай бошлади.
Эшик итнинг овозини дарров таниди ва аста очилди. Бир вақтлар гавдали, кучли бўлган, ҳозир эса озиб-тўзиб, қуруқ териси-ю суяклари қолган, туклари тўкилиб битган ит панжаларининг лой изларини қолдирганча уйга югуриб кирди. Яқиндагина саранжом қилинган уйни яна тозалашга тўғри келишидан ғазабланган тозаловчи сичқон-роботлар итнинг ортида ғириллаб айлана бошлашди.
Уйга чанг зарраси кирса ҳам деворнинг пастидаги махсус тешикчаларнинг қопқоғи очилар ва пўлат тозаловчилар сакраб чиқишарди. Уйни ивирситувчи қоғоз бўлаги, чанг зарраси ёки тук шу заҳотиёқ тозаловчиларнинг бақувват жағлари орасида кўздан йўқоларди. У ердан эса қувурлар бўйлаб бурчакдаги девор ортига яширилган чиқиндиларни ёқувчи ускунанинг “қорни”га тушарди…
Ит тепага чопиб чиқди ва уйда анчадан бери ҳеч ким йўқлиги, бу ерда фақатгина ўлик сукунат ҳукмрон эканлигини тушунгунига қадар ҳар бир эшик олдида жон-жаҳди билан ҳураверди.
Ит ҳавони ҳидлай-ҳидлай, ошхона эшиги олдига етиб келди ва уни тирнай бошлади. Эшик очилмагач, унинг ёнига ётиб олди ва бошини кўтариб, ҳавони ҳидлашда давом этди. Эшик ортида пишаётган қуймоқлар ва қуюқ шиннининг иштаҳаочар ҳиди бутун уйга тараларди.
Итнинг сўлакайи оқа бошлади, кўзлари чақнаб кетди. У ўрнидан сакраб турди, у ёқдан-бу ёққа югурди, кейин ўзининг думини тишлаб олди ва жон-жаҳди билан чириллаб айлана бошлади. Обдан айлангач, силласи қуриган ит ерга қулаб тушди-ю, қайтиб бошини кўтармади, кўзини ҳам очмади. Шу ётган кўйи бир соатга яқин ўрнидан турмади.
– Соат икки бўлди! – эълон қилди овоз.
Очликдан жон таслим қилган ит танасининг айний бошлаганини билдирувчи сезилар-сезилмас ҳидни пайқаган сон-саноқсиз сичқонлар ковакларидан отилиб чиқишди. Улар куз шамолида чирпирак бўлиб учган олтинранг барглардек енгил ва унсизгина ёпирилиб келиб, эшик ёнида мук тушиб ётган итни ўраб олишди.
Иккидан ўн беш дақиқа ўтди.
Ит ғойиб бўлди.
Ертўладаги чиқиндиларни ёқадиган ўчоқда тўсатдан олов ёнди ва мўридан ҳавога бир тўп учқунлар сачради.
Иккидан ўттиз беш дақиқа ўтди.
Ички ҳовли деворидан қарта ўйналадиган столлар отилиб чиқди. Ўйин қарталари шувуллаганча учиб келиб, стол устидаги жойларини эгаллашди. Эман ёғочидан ясалган пештахтада коктейль ва тухумли сэндвичлар пайдо бўлди. Сокин мусиқа овози янгради.
Аммо стол атрофида сукунат ҳукмрон, қарталарни ҳеч ким олмасди.
Соат тўрт бўлганида, қарта столлари худди улкан капалаклардек тахланди ва яна девор орасига кириб кетишди.
Тўрт ярим бўлди.
Болалар хонасининг деворлари ёришди.
Деворларда намоён бўлган биллур тоғлар устида сариқ жирафалар, зангори шерлар, пуштиранг оҳулар, бинафшаранг коплонлар сайр қилиб юришарди. Деворлар бўёқ ва тасаввурга таъсирчан шишадан ясалганди. Яширин кинотасмалар тишчалар бўйлаб ҳаракатланиб, бир ғалтакдан иккинчисига ўралар, оқибатда девор тирилганга ўхшаб туюларди. Болалар хонасининг пастидаги тўшама худди далада силкинаётган ўт-ўланлардек ҳилпирар, унда алюмин сувараклар ва темир чирилдоқлар ўрмалаб юришарди. Тиқ этган шабада йўқ жазирама ҳавода ҳайвонларнинг ўткир ҳидлари анқир, юпқа пуштиранг газламадан ясалган капалаклар учиб юришарди! Қорни тўқ шернинг эринибгина ўкириши худди асалари уясидаги ғўнғиллашдек ғўлдираб эшитилди. Оҳулар туёғининг тақиллаши ва сарғайган ўт-ўланларга шитирлаб урилаётган илиқ ўрмон ёмғирининг шовқини эшитилди. Мана, қуёш жазирамасида куйиб кетган ўсимликлар ва иссиқдан ранги ўнгиб кетган тубсиз осмон акс этган деворлар гўё эриб кетгандек бўлди, ҳайвонлар тиканли ўтлар орасида ва сув ҳавзасида кўздан ғойиб бўлишди.
Болалар кўрсатуви бошланди.
Соат беш. Ваннага қайноқ шаффоф сув тўлди.
Соат олти, етти, саккиз бўлди. Кечки овқат солинган идишлар ғаройиб тарзда дастурхонга тизилди, муайян вақтдан кейин бари ғойиб бўлди. Кейин дам олиш хонасида нимадир шиқирлади ва илиқ тафт берувчи олов ёниб турган камин ёнидаги темир мослама устида туташтирилган сигарадан бурқсиб оппоқ тутун кўтарила бошлади.
Соат тўққиз. Кўринмас ўтказувчи симлар чойшабларни иситди, чунки бу ернинг тунлари жуда совуқ бўлади.
Тўққиздан беш дақиқа ўтди. Хона шифтидан майин овоз эшитилди:
– Маклеллан хоним, бугун қандай шеър тинглашни истайсиз?
Уй сукунатини ҳеч нарса бузмади.
Ниҳоят, овоз деди:
– Ўзингиз истак билдирмаганингиз учун ҳам биронта шеър танлашга мажбурман.
Сокин мусиқа шеърга жўр бўлди:
– Сара Тисдейл. Янглишмасам, у сизнинг севимли шоирангиз…
Майин ёмғир шивалар, тупроқ ҳидин таратар,
Жарқалдирғоч вижири тонгларни жаранглатар.
Тунги кўлда бақалар хониши авж чоғларда
Олхўрилар гуллайди оқ оқарган боғларда.
Кўкси олов қушчалар ғов устига қўнганча,
Чуғурлашиб тўқийди қўшиқларини анча.
Ва ҳеч кимса ёдига олмагайдир урушни,
Бошдан кечди, унутдик, эсламадик урушни.
На бир қушча, на бир тол тўкмагай ёш кўзидан
Инсон зоти агарда йўқ бўлса ер юзидан.
Яна янги тонгларни кутаверади баҳор
Сезмайин бу дунёда энди бизнинг йўғимиз.
Тутай-тутай, кулга айланиб бўлган сигаранинг охирги тутуни ҳилпиради. Унсиз деворлар ёнида ўриндиқлар бир-бирига яқинлаштириб қўйилган, ҳамон сокин мусиқа янграрди.
Соат ўнда тўс-тўполон бошланди.
Қаттиқ шамол эсаётганди. Дарахтнинг синиб тушган шохи ошхона деразасига урилиб, уни синдириб юборди. Токчада турган доғ кетказувчи восита идиши ерга учиб тушиб, ичидаги суюқлик ўчоққа сачради. Кўз очиб-юмгунча ошхонани олов қамраб олди!
Шифт остида қаттиқ овоз янгради:
– Ёнғин!
Чироқлар милтиллади, шифтдан сув шариллаб отилди. Аммо синган шиша идиш ичидаги суюқликни атрофига сачратганча тез думалаб, эшик ёнига етиб борди ва унинг тагидан йўлакка ўтиб кетди. Зум ўтмай, ҳар томондан овозлар янграй бошлади:
– Ёнғин! Ёнғин! Ёнғин!
Уй қутулиш учун жон-жаҳди билан уринарди. Эшиклар жипс ёпилди, бироқ дераза ойналари иссиқдан чирсиллаб сингани туфайли шамол ичкарига кириб, оловни янада кучайтирди.
Олов ва тап тортмай хонадан-хонага сачраб ўтаётган миллиардлаб жаҳлдор учқунларнинг зўрига бас келолмаган уй таслим бўла бошлади.
Девордан сон-саноқсиз сув каламушлари югуриб чиқишар, оловга сув сепишар, кейин яна сув келтириш учун ғизиллаганча ортга қайтишарди. Деворга ўрнатилган сув сепувчи ускуналар ишга тушиб, сунъий ёмғир ёғдира бошлади. Аммо бу вақтда кеч бўлганди. Қаердадир сув тортувчи насос бўғиқ товуш чиқарди-ю, гурсиллаганча ишлашдан тўхтади. Ёнғинга қарши курашаётган ёмғир тўхтади. Ҳаммом ва ошхонадаги идиш ювадиган мосламаларни сув билан таъминловчи улкан идиш бутунлай бўшаганди.
Олов чирсиллаганча зиналар бўйлаб тепага кўтарилар ва юқоридаги хоналарни ямлаш учун кучини ошириб борарди. Тепа хоналарга етган олов Пикассо ва Матисснинг суратларини худди шинаванда сингари маза қилиб чайнар, ёғли қобиғини ялар, сурат чизилган матони аста бураганча, ямламай ютарди.
Мана, олов болаларнинг хонасига ҳам етиб келди ва токчаларга ўтиб, пардаларни домига торта бошлади!
Аммо шу пайт таслим бўлаёзган уйга ёрдам келди.
Чордоқдаги митти дарчалардан роботларнинг кўзсиз юзи пастга қараб, тешик-оғизларидан яшил кимёвий модда уфура бошлашди.
Олов ортига тисарилди: ахир ўлик илонни кўрганида, фил ҳам ортга чекинади-ку! Бу ерда эса бирданига йигирмата илон ўрмалаб, оловга қарата яшил кўпикли заҳар сочяпти!
Аммо олов маккор эди, у аланга-тилларини ташқи девор бўйлаб тепага, насослар турган чордоқ томон узатди. Портлаш! Насосларни бошқарувчи электрон мия жойидан учиб кетиб, том тўсинларига санчилиб қолди.
Энди олов орқага тисарилди ва барча бурчакларни айланиб, осиғлиқ турган кийимларнинг таъмини татиб чиқди.
Уй эман суякларини шақирлатганча титраб кетди, унинг яланғочланиб қолган скелети иссиқдан қийшайган, асаб томирлари – ўтказгич симлар яланғочланиб қолган, худди жарроҳ терисини шилиб олган-у, томирлар ва қилтомирлар яланғочланиб, осилиб ётгандек туюларди.
Ҳой, ким бор?! Ёнғин! Қочинг, жонингизни қутқаринг!
Олов кўзгуларни худди қишдаги мўрт муздек майдалаб, сочарди. Ҳар томондан янграётган овозлар “Қочинг! Жонингизни қутқаринг!” деб илтижо қиларди уй. Худди ўрмонга ташлаб кетилган ўн икки нафар бола жон аччиғида бири баландроқ, бири пастроқ куйлайдиган қўшиққа ўхшарди. Аммо ўтказгич симларнинг қобиқлари худди қовурилаётган каштан ёнғоқлари сингари бирин-кетин поқиллаб ёриларкан, овозлар аста-секин тина бошлади. Икки, уч, тўрт, бешта овоз тинди.
Болалар хонасидаги жунгли чангалзорини олов қамраб олди. Зангори шерлар ўкирар, алвонранг жирафалар зир югуришарди. Ўзини ҳар томонга отаётган қоплонлар лаҳза сари рангини ўзгартиришарди. Ўн миллионлаб жониворлар оловдан қутулиш учун узоқдаги қайнаётган дарё томон югуришарди…
Яна ўнта овоз ўлди. Гуриллаган олов шовқини кучаяётган охирги лаҳзаларда саросимага тушган, аралаш-қуралаш овозлар ичида вақтни эълон қилаётган овоз ва мусиқа товуши аниқ янграр, телебошқарилувчи ўт ўриш мосламаси майсазорда зир югурар, гоҳ очилиб, гоҳ ёпилаётган ташқари эшик олдидаги соябон ақлдан озгандек олдинга-орқага сакрар, хуллас, одатда тартиб билан бажарилувчи барча ишлар бир вақтда ва ўта бетартиблик билан амалга ошириларди. Олов қаҳридан омон қолган охирги тозаловчи сичқонлар дадиллик билан ковакларидан сакраб чиқишди – бу даҳшатли, жирканч кулни тезроқ йўқотиш керак! Дам олиш хонасида янграётган овоз эса атрофдаги тала-тўпга эътибор ҳам бермай, барча тасмалар ёниб тугаб, ўтказгичлар эриб, барча схемалар сочилиб кетмагунича хотиржам овозда шеър ўқишини тўхтатмади.
Ва, ниҳоят, олов уйни портлатиб юборди. Тутунга кўмилган уй учқунлар сочганча ер билан битта бўлди.
Шифтидан ёнаётган тўсинлар сочилиб тушаётган ошхонада эса ўчоқ ақл бовар қилмас тезликда нонушта тайёрларди: юзта тухумдан тайёрланган қуймоқ, бўлаклаб қовурилган олтита нон, икки юзта бекон бўлаги… Буларнинг барини олов ямламай ютаётгани эса ўчоқни яна ва яна нонушта тайёрлашга мажбур қиларди!
Гумбурлаш овози янгради. Чордоқ ошхона ва меҳмонхонага, меҳмонхона биринчи қаватга, биринчи қават эса ертўлага босиб тушди. Қорайиб, кўмирга айланган музлатгичлар, ўриндиқлар, фильмлар ёзилган ғалтаклар, ўрин-кўрпалар, электр жиҳозлар – бари-бари ертўлага сочилиб кетди.
Тутун ва сукунат. Бурқираган тутун.
Шарқ тарафда тонг ёришиб кела бошлади. Култепа ичида биттагина девор сўппайиб турарди. Бу деворда омон қолган якка-ю ягона овоз ҳамон гапиришда давом этарди. Қуёш кўтарилиб, тутун бурқсиётган уй қолдиқларини ёритди ҳамки, овоз ҳамон таъкидларди:
– Бугун 2026 йилнинг 5 августи. Бугун 2026 йилнинг 5 августи. Бугун…
Рус тилидан Муҳаббат Йўлдошева таржимаси
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 6-сон