Рей Бредбери. Ракета (ҳикоя)

1

Анчадан бери Фиорелло Бодони зим-зиё самога парвоз қилган ракеталар овозидан кечаларини бедор ўтказади. Ширин тушлар оғушида ётган севимли рафиқасини уйғотмай, секин ташқарига чиқади-ю бир неча сонияга бўлса ҳам, дарё бўйидаги кичик уйдан таралаётган овқат ҳидидан озод бўлгиси келади. Шу бир лаҳзалик сукутда у ўзини эркин қўйиб, фазога кўтарилишни, ракеталарга эргашишни жуда-жуда хоҳлайди.
Ҳозир ҳам бир муддат ҳаводаги учқунларни томоша қилганча серрайиб туриб қолди. Ана, ракеталарнинг бири Марсга, бири Венерага, яна бири эса Сатурн томонга қараб йўл олмоқда.
– Ҳа, Бодони, нима гап?
Бу овоздан унинг хаёллари бўлинди. Сутдек оппоқ кечада сокин дарё бўйида бир чол ҳам ракеталарни томоша қилиб ўтирарди.
– Браманте, сизмисиз?
– Ҳар тунда ташқарига чиқасан-а, Бодони, – чол бошини қимирлатиб сўради.
– Ҳа, фақат тоза ҳаво учун.
– Шунақами? Мен эса ракеталарни ўзимдан ҳам ортиқ кўраман, – дея сўзлай кетди Браманте. – Бу иш­тиёқ болалигимда бошланган, саксон йил олдин. У пайтда ҳали бир ёшга ҳам тўлмагандим.
– Мен барибир коинотга учаман, – Бодони хаёлидагини дангал айтди-қўйди.
– Йўқ, – кескин инкор қилди чол. – Сен ҳеч қачон учолмайсан. Бу – бойларнинг дунёси. – У ўйчан қиё­фа­да давом этди: – Болалигимда оловли шиорларни кўрганман: «Келажак дунёси! Фан, қулайлик ва ҳаммаси учун янги имкониятлар!» Ҳа, саксон йил-а! Келажак эса энди бошланяпти. Биз ракетада учамизми? Йўқ, биз ҳам ота-боболаримизга ўхшаб, кулбаларда яшаб ўтиб кетамиз.
– Балки ўғилларим учар, – деди Бодони шаштидан тушгиси келмай.
– Бунинг ҳам иложи йўқ! Бу фақат пулдорларнинг орзуси.
Бодони ўйга чўмди:
– Олти йил ичида учишга асқотар деб, 3000 доллар йиғиб қўйгандим. Бир ойдан бери тинчим йўқ. Бугун эса қарорим қатъий. Биз, албатта, Марсга учамиз!
– Тентак! – кинояли кулди Браманте. – Ким учади? Сенми? Агар кетсанг, хотининг сени ёмон кўриб қолади. Оилангдан ажраб қоласан. Хотининг бу ёқда ич-этини еб ўтишини хоҳлайсанми?
– Йўқ, йўқ!
– Болаларинг-чи? Уларнинг хотирасида Марс­га учиб кетган ота муҳрланиб қолмайдими? Қандай бемаъни орзу. Фарзандларинг бутун умр ракетани ўйлаб юришади, тунлари ухлашолмайди. Уларни ҳам ўзингга ўхшаб нотинч қилмоқчимисан? Огоҳлантириб қўяй, бу мақсадингдан қайт. Уларга камбағаллигингни билдириб қўйма. Осмондаги юлдузларга қараб орзу қилишдан кўра, ҳаётга реал боқишни ўрган.
– Лекин…
– Фараз қил, ўрнингга хотининг учди. Ўзингни қандай ҳис қиласан? Гўёки у ҳамма нарсани кўрдию сен эса йўқ. Бу сенга ёқадими? Йўқ, Бодони. Яхшиси, ўзингга керакли бўлган машинани сотиб ол ва орзуларингни касбинг билан боғлаб, тирикчилигингни қилавер.
Чол жимиб қолди. Чамаси, у ракетани ўйлаб, сокин дарёга орзулари билан ғарқ бўлди.
– Хайрли тун, – жимликни Бодонининг овози бузди.
– Яхши ётиб тур, – деди иккинчи овоз.

2

Кумуш рангли тостер (нон қотирадиган механизм)да чийиллаётган икки бўлак нон Бодонини ухлашга қўймасди. Ўзи шундоғам кечаси билан мижжа қоқ­қани йўқ. Бу ҳам етмагандек, болалари уйни бошига кўтараёзди. Ҳаммаёқ қий-чув. Ота нигоҳини бир нуқтага қадаганча чолнинг гапларини эслади. У тўғри айтганди: самога учиб нима ҳам қиларди? Унда тер тўкиб, шунча пулни нима учун йиғди?
– Фиорелло, нонушта тайёр, – рафиқаси Мария унинг хаёлини бўлди.
– Иштаҳам йўқ, – деди Бодони.
Болалар яна шовқин кўтаришди. Уч ўғил ўйинчоқ ракетани талашишяпти. Икки қиз зса Марс, Венера ва Нептунда яшовчи ўзга сайёраликлар – 12 бармоқли ҳамда уч кўзли сариқ манекенларни ташиш билан овора.
– Венера ракетасини кўрдим, – дея ҳайқирди Паоло.
– У учиб кетди, ву-у-ушш! – вишиллади Антонелло.
– Болалар! – қичқирди Бодони қулоқларини қўл­лари билан беркитиб. Ҳамма жим бўлиб қолди. Чунки уларга отаси камдан-кам бақирарди. – Ҳамма эшитсин! – деди у диққатини жамлаб. – Менда Марсга учиш учун фақат бир кишига етадиган пул бор.
Ҳамма қийқириб юборди.
– Эшитдингларми? Фақат бир киши учун. Лекин ким?
– Мен, мен, мен! – шовқин солишди болалар.
– Сен, – деди Мария эрига қараб.
– Йўқ, сен, – жавоб қайтарди Бодони.
Орага сукунат чўкди. Болалар ҳам жимиб қолишди.
– Лорензо борсин, у тўнғичимиз.
– Балки Мириамна учар, чунки қиз бола.
– Нималар кўришингни тасаввур қиляпсанми? – Мариянинг эрига қадалган кўзлари қандайдир бегонадек туюлди ва овози ҳам титраб чиқди: – Балиқсимон метеоритлар, коинот, ой. У томонга қайтиб кела оладиган одамгина бориши керак. Шунинг учун сен бор.
– Бемаънилик! Сен ҳам учишинг мумкин, – Бодонининг овози кескин эшитилди. Яна ўша жимжитлик. – Топдим! – дея бақириб юборди у ва супургини олиб, ҳар хил ўлчамда чўплар синдирди.
– Энг кичкина чўп кимники бўлса, ўша боради, – у мушти орасига чўпларни қўйди: – Танланглар!
Галма-галдан ҳамма чўп торта бошлади:
– Узун чўп!
– Узун…
– Менгаям узун.
Болаларнинг навбати тугади. Иккита чўп қолди. Бодони юрагида яна оғриқ сезди.
– Энди Мариянинг навбати.
Мария ҳам тортди – кичкина чўп.
– Эҳ! – хўрсинди Лорензо. – Ойим Марсга боради.
Бодони кулишга ҳаракат қилди:
– Табриклаймиз! Бугун сенга чипта сотиб оламан.
– Шошма, Фиорелло…
– Кейинги ҳафта парвоз қиласан.
Мария зўрма-зўраки кулаётган, аммо жуда ҳам ғамгин қора кўзларга ачиниб кетди. Чўпни эрига қай­тариб берди:
– Мен Марсга боролмайман.
– Нимага?
– Фарзанд кутяпман.
– Нима?!
Хотини нигоҳини четга олди:
– Шу ҳолимда саёҳатга боролмайман.
Бодони ҳайрон қолди:
– Ростданми?!
– Қуръани қайтадан ташла.
– Нега олдинроқ айтмадинг?
– Ёдимдан кўтарилибди.
– Мария, Мария, – дея пичирлади у суюклисининг юзини силаб. Кейин болаларга қаради: – Қани, бошидан бошлаймиз.
Паоло дарров кичкина чўпни тортиб олди:
– Мен Марсга бораман! – хурсандлигидан гир айланди. – Раҳмат, дада!
Бошқаларнинг унга ҳасади келди:
– У ер сассиқ бўлади, Паоло.
Паоло рақсдан тўхтаб, ҳаммага бир-бир қараб чиқди:
– Энди борсам бўладими?
– Ҳа.
– Қайтиб келганимда ҳам мени яхши кўра­сиз­лар­ми?
– Албатта.
Паоло қўлидаги чўпга ачиниш билан тикилди. Ке­йин бошини сарак-сарак қилиб, чўпни улоқтирди:
– Йўқ, боролмайман. Мактаб бошланяпти. Қайта тортинглар.
Бироқ ҳеч ким тортмади. Яна сукунат ўз ҳукмини ўтказа бошлади.
– Демак, ҳеч ким бормайди, – деди Лорензо.
– Қандай яхши! – жилмайди Мария.
Бодони эса ўйга толди:
– Браманте тўғри айтибди.

3

Нонушта совиб қолибди. Фиорелло Бодони ўз ус­тахонасида иш билан машғул: метални кесиб, эритар ва махсус идишларга қуярди. Асбобу ускуналар анчадан бери ишлатилмагани учун эскирган. Устага янгилари даркор эди.
Тушга яқин бир киши устахонага кириб келди:
– Ҳой, Бодони! Сенга бир металл обкелдим.
– Нима экан, жаноб Метьюс?
– Ракета кемаси. Нима, сенга керакмасмиди?
– Йўқ, керак. – Бодони у билан қўл бериб сўрашди.
– Албатта, бу бир кўчирма холос, – деди Метьюс. – Ракета режаси тузилаётганда уни олдин альюминийдан ясаб олишади-ку. Уни эритсанг, анча-мунча фойда қилишинг мумкин. Нархига 2000 доллар берсанг бўлади.
Бодони қўл силтади:
– Менда пул йўқ.
– Кечирасан, пулинг бор деб ўйлагандим. Адашмасам, бу ҳақда сен билан гаплашгандик.
– Менга янги жиҳоз керак. Шунинг учун пул йиғиб қўйганман.
– Хўш, хўш…
– Агар ракетангизни сотиб олсам, уни эритиш учун пул етмай қолади. Чунки альюминий эритувчи дастгоҳим ўтган ҳафта бузилиб қолди.
– Ростданми?..
– Шундай экан, уни сотиб олишдан ҳам фойда йўқ.
– Тушунарли.
Бодони кўзларини юмди-ю, яна ўша орзуларига рўбарў келди. Кўзини очиб, жаноб Метьюсга муғом­би­ро­на қаради:
– Ҳазиллашдим. Банкдан пулимни олиб, сизга бераман.
– Лекин ракетани эритолмасанг…
– Олиб келинг, – гапни қисқа қилди Бодони.
– Майли. Сен нима десанг, шу. Бугун кечқурун бўладими?
– Бугунми? Ҳа, майли. Ракетали бўлишни жуда-жуда хоҳлайман.

4

Оймома ёруғида кумуш рангли ракета виқор билан тик турибди. Бодони анча вақтгача ундан кўзини узмади. Термулгани сари шу матоҳга меҳри ортаверди. Ниҳоят, уни эркаламоқчи бўлиб, маҳкам қучиб олди. Ичидаги бор дардини айтмоқчидек мунгли нигоҳ ташлади.
– Сен энди меникисан, – деди ғамгин оҳангда. – Гарчи ўт олиб, учолмасанг-да, 50 йил ўтиб, занглаб кет­санг ҳам, сен меникисан.
У жонсиз ракетадан садо чиқмаса-да, эшикни очиб, ичкарига кираркан, юзига ним табассум югурди:
– Бугун сен билан тунайман.
Шундай деб, учувчилар ўриндиғига ўтирди. Тут­қични ушлаб, кўзларини юмдию оғзини очмай ғўн­ғиллай бошлади. Ғўнғиллаш кучайиб боргани сари барча аламлари ичидан чиқиб кетаётгандай бўлди. Охири титраб кетди. Кема бир силкинди. Бодони олдинга отилиб тушди. Ҳамма ёқ жим-житмиди ё қулоқлари эшитмай қолдими, буни ўзи ҳам англолмади. Кўзлари чақнаб, нафас олиши қийинлашди. У яна ғўнғиллашда давом этди. Бу сафар товуши жуда асабий эшитилди.
– Қани, уч! – ниҳоят у чинқириб юборди.
Қаердадир чақмоқ чаққандай бўлди, ерми ёки кемами, қаттиқ силкинди.
– Ана, Ой! Метеорит! – унинг кўз олди қорон­ғи­лашди. Яна сукунат, тағин ўша аламли ҳайқириқ келди: – Марс! Ҳа, бу Марс!..
У ўлардек чарчади, калласи оғирлашди. Бемажолгина ўриндиққа ўтирди. Қимирлашга ҳоли йўқ. Шу тахлитда пича ўтиргач, аста кўзини очди. Не кўз билан кўрсинки, ўзи ҳали ҳам ракета қаршисида қоққан қозиқдек тик турибди. Ёнидаги майда металларга бир қур разм солди. Шу пайт ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Қони қайнаб, дуч келган нарсани тепа бошлади:
– Уч дедим, ҳароми!
Кема эса жим.
– Сенга кўрсатиб қўяман ҳали, – бақириб юборди Бодони…
Осмонда юлдузлар милтирарди, атроф сокин. Оймома тарқатаётган шуъла эса бутун заминни ойдинликка буркаётгандек эди гўё.
Ҳолсизланган Бодони устахонасидаги машина мо­торининг чийилдоқ товушидан ўзига келди. Ҳовли ҳам кундузгидай ёп-ёруғ, ракета кумуш рангда товланарди. Уйидан таралиб турган чироқ нури Бодонинииг жиғига тегди. Яна аламидан бақирди:
– Учишни ўргатаман сенга!
У нур тушиб турган уйи томон асабийлашиб қадам ташлади. Юргани сари негадир кулгиси қистарди. Уйнинг орқа эшиги олдига етганда ўзини босиб, чуқур хўрсинди ва хотинини чақирди:
– Мария, нарсаларингни йиғиштир, Марсга кетамиз!
Ичкаридан ҳайрат тўла овозлар кела бошлади:
– Нима?!
– Йўғ-э?!
– Ростданми?!
Ҳамма узун-қисқа бўлиб, ҳовлига йиғилди. Улар қаршисида турган ракетага маҳлиё бўлиб қолишганди. Секин-аста ракетанинг макетлиги аён бўлди. Мария Бодонига юзланди:
– Нима қилиб қўйдинг? Пулларимизни шунга совурдингми? У ахир учмайди-ку!
– Учади, – деди Бодони қатъий туриб.
– Кема фалон пул туради. Сенда шунча пул борми?
– Биз мана шу ракетада учамиз. Энди ҳамма уй­га. Бир-икки жойга қўнғироқ қилишим керак. Эртага жўнаймиз. Фақат ҳеч кимга айтманглар, бу сир. Тушунарлими?
Болалар ракетадан узоқлашишни истамагандек уйга кириб кетишди. Отаси деразадан мўралаб турган умидвор чеҳраларни кўриб, кўнгли бўшаб кетди. Мария эса жойидан қимирламай:
– Сен оиламизни барбод қилмоқчисан, – деди. – Пулларимиз шу арзимаган темир-терсак учун йиғил­ганмиди?!
– Менга ишон.
Мария индамай терс бурилиб кетди.
– Эй Худо, ўзинг қўлла! – Бодони шундай деб ишга киришди.

5

Ярим тун деганда юк машиналари етиб келди, юклар туширилди. Ҳисоб-китоблардан чарчаган Бодони бир жилмайиб, яна ишга бел боғлади. Нималарнидир қирқди, ёпиштирди, иложи борича шовқин кўтармасликка уринди. Ниҳоят ракетага тўққизта эски автомобиль моторини қўйди ва яширин меҳнати билиниб қолмаслиги учун у ерни ёпиб ташлади.
Тонгга яқин ошхонага хурсанд кайфиятда кириб келди:
– Мария, нонушта тайёрми?
Хотини индамади…
Кеч киргач, эндигина уйқудан турган Бодони болаларини чақирди:
– Болалар, вақт бўлди, кетамиз!
Ҳеч қандай садо чиқмади.
– Уларни шкафга қамаб қўйдим, – деди Мария.
– Нималар деяпсан?!
– Сен бу ракетангда уларни ўлдирмоқчисан. Арзимаган 2000 доллар учун қандай ракета сотиб олиш мумкин?! Фақат энг ёмонини.
– Менга қара, Мария, – Бодони вазиятни тушун­тирмоқчи бўлди.
– Бунинг портлаб кетади! Қолаверса, сен учувчи ҳам эмассан.
– Бунинг аҳамияти йўқ, – эрнинг жаҳли чиқди. – Мен бу кемада уча оламан. Чунки уни тузатдим.
– Ақлдан озибсан, – Мария бошқа қаршилик қилолмади.
– Шкафнинг калити қаерда?
– Мана, – дея хотини қўлидаги калитни кўрсатди.
Бодони калитни олди.
– Уларни ўлдирасан! – ожиз овоз келди унинг ортидан.
– Йўқ!
– Ҳа, буни сезиб турибман!
Бодони рафиқасининг қаршисига келди:
– Сен ҳам биз билан кетасан.
– Йўқ, мен шу ерда қоламан.
– Майли, кейин ҳаммасини тушуниб оласан.
У севгилисига қараб, бир жилмайди-да, бориб шкафни очди.
– Қани, болалар! Дадангиз билан боринглар!
– Хайр, ойи. Кўришгунча! – дея жавоб қай­та­риш­­ди болалар.
Мария эса уларни ошхона деразасидан туриб, кузатиб қолди.
Ракета эшиги олдига етишгач, ота фарзандларига юзланди:
– Болаларим, бу тезкор ракета, фақат қисқа вақт­гагина уча олади. У ёқдан қайтгач, сизлар мактабга, мен эса ўз ишимга кетаман, – аста эшикни очдию бир нима эсдан чиққандай яна мўлтираган кўзларга қаради: – Яна бир марталик сафарга ярайди, холос. Бошқа учолмайди. Бу ҳаётингиздаги биринчи ва сўнгги саёҳат бўлади. Шунинг учун кўзларингизни каттароқ очинглар.
– Хўп, дада!
– Вужудингиз қулоққа айлансин. Ракета исини ҳид­ланглар. Ҳис қилинг ва эслаб қолинг. Кейин нималар бўлганини айтиб берасизлар.
– Хўп бўлади! – ҳамма бирваракайига жавоб берди.
Кема ичи тўхтаб қолган соатдек жим-жит эди. “Жажжи учувчилар” хавфсизлик камарларини та­қиш­гач, ҳаво пробкасининг пишиллаган овози эшитилди.
– Ҳамма тайёрми?
– Тайёр!!!
– Унда кетдик!
Бодони барча тугмаларни ҳаракатга келтирди. Ра­кета ўт олиб, қаттиқ силкинди. Болалар ўзларида йўқ хурсанд. Белидан чарм халтага солинган кичкина “учувчилар” ўтирган жойида рақсга туша кетишди. Бироздан сўнг эса қий-чув қилишга тушишди:
– Биз учяпмиз! Қара, учяпмиз!
– Ана, оймома кўринди! Ҳақиқатан, ой кўринди, учиб юрган метеоритлар пайдо бўлди.
Болалар тоқат қилолмай, ракета дарчасидан фазога боқишди:
– Ана, Ер! Ана, Марс!
Бодони циферблат ёрдамида ташқарида олов ҳосил қилди. Шу пайт «митти фазогирлар» худди пилла ичидаги капалакка ўхшаб, ҳавода муаллақ қолишди.
– Яхши, – пичирлади Бодони.
У кузатув хонасида туриб, узоқ вақт болакайларни томоша қилди. Кейин ҳаво пробкасининг эшиги ёнига келди. Эшикни очиб, ҳовлига чиқиб кетмоқчи бўлди. Лекин ўйлаб қолди: ширин орзуларини йўққа чиқарсинми? Хурсандчиликнинг белига тепсинми? Йўқ. Бодонининг юзига табассум югурди. Буларнинг бари устахона ўртасидаги уйдирма-ку! Ҳеч нарсаси ўзгармаган – ўша устахона, ўша дарвоза, дарё бўйидаги ўша кичкина уй, чироғи ёниқ ошхона. Дарё ҳам одатдаги денгизига қуйилиб турибди. Ҳаммаси ўша-ўша.
Бирдан унинг кўзи Марияга тушди. Ошхона деразасидан уларни кузатиб турарди. У суюкли рафиқасига қараб, қўл силкиди. Мария буни ё кўрди, ё кўрмади. Балки у ҳам қўлини кўтаргандир, жилмайиб ҳам қўй­гандир.
Қуёш жилмайиб чиққан пайтда Бодони кема марказига қайтди. Жимжитлик – ҳамма ухлаб қолибди. У оғир тин олди. Ўриндиққа ўтириб, белидан камар ўтказди ва секин кўзларини юмди. Ичида чин дилдан дуо қилди: «Илойим, шу олти кун ичида кашфиётимга путур етмасин. Фазо ҳаракатда бўлсин, Марс ва унинг йўлдошлари ҳам айланаверсин. Бу рангин дунёнинг айби очилиб қолмасин. Учала томон ҳам омон бўлсин. Яширин кўзгу ва экранлар сири фош бўлмасин. Фазо вақти билан шу олти кун тезроқ ўтсин»…
У кўзини очди. Қизил Марс кемага яқинлашиб қолибди. Болалар шовқин кўтаришди. Ота Марсга яқинроқдан назар солди. Ҳеч қандай нуқсон сезмагач, кўнгли таскин топди.
“Еттинчи куни” кечга яқин ракета силкинишдан тўхтади.
– Уйга келдик! – деди Бодони.
Болалар эшикдан отилиб чиқиб, ошхона томон югуриб кетишди. Дунёда улардан бахтли инсон йўқ эди. Балки улар ҳақиқатни билишгандир. Эҳтимол дадасининг «сеҳрли саёҳат»ини пайқашгандир. Агар шундай бўлса ҳам, энди ҳеч нарса дейишмайди. Уларнинг боши осмонда.
– Сизларга овқат тайёрлаб турибман, – дея Мария уларга пешвоз чиқди.
– Ойи, ойи, сиз ҳам боришингиз керак! Марсни, метеоритни, ҳамма нарсани кўрардингиз.
– Хўп, хўп.
Ётар пайтда уч ўғил ва икки қиз меҳрибон отасининг қошига тўпланишди.
– Дада, биз сизга раҳмат айтмоқчимиз.
– Ҳечқиси йўқ. Арзимайди.
– Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз. Ҳеч қачон!

6

Тун ярмидан оғганда Бодони аста кўзларини очди. Ўзига анчадан бери тикилиб турган нигоҳни сезганди. Узоқ вақт бир-бирига термулиб ётишгач, охири Мария унинг юзи ва пешонасидан ўпди.
– Бу нима учун? – сўради Бодони шивирлаб.
– Сен дунёдаги энг яхши отасан.
– Нима учун?
– Буни ўзим кўрдим.
– Тушунарли.
Мария ёнбошлаб ётди ва эрининг қўлларини ушлаганча кўзларини юмди:
– Бу саёҳат сенга ёқдими?
– Ҳа.
– Балки мени ҳам бирор кун олиб чиқарсан. Нима дединг?
– Ўйлаб кўрамиз.
– Раҳмат. Яхши тушлар кўр.
– Сен ҳам яхши дам ол, – деди Фиорелло Бодони сокин тин олиб.

Инглиз тилидан Бобур НАБИ таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон