Рашод Нури Гунтекин. Қуш дони (ҳикоя)

Боязид қаҳвахоналарининг бирида ўртоғимни кутиб ўтиргандим. Қаҳвахонада одам жуда кам эди. Икки-уч киши ўчиб қолган каминнинг ёнида паст овозда дардлашиб ўтирар; бир кекса ходим, кўзида ойнак, қўлида газета билан мудрарди. Шу пайт қаҳвахона ўртасида эски ипак ёпинчиғли кекса бир аёлга кўзим тушди. Унинг ёнида олти ёшлардаги болакай, боланинг қўлида эса симдан тўқилган қафас бор эди. Аёл узоқ йиллардан бери Онадўлида яшаб келаётган бўлса-да, унда истанбуллик аслзода хонимларга хос кўриниш кўзга ташланарди.
Қаҳвахона эгасига паст овозда нималарнидир гапириб, кичкинтойнинг қўлидаги қуш қафасини кўрсатарди. Қаҳвахона эгаси аёлнинг сўзларини тинглаб бўлгач, газета устига бош қўйиб ухлаб қолган қарияга хитоб қилди:
– Сен қушларга ишқибозсан! Арзон саъва бор… Олмайсанми?
Қария қуш товушини эшитиши билан кўзларини очди. Болакайни имлаб ёнига чақирди-да, қафасни қўлига олиб қаради. Қушларга қизиқадиган мутахассис шекилли, лабларини буриб:
– Яхши эмас, – деди. Кекса хоним ранжиган нигоҳлари билан қарияни сузди-да:
– Сотмоқчи эмасдигу… Аммо ойлик ҳалигача келмади, шундан…
– Ҳозир ҳаммамиз шу аҳволдамиз… Қушни кўриб, «Яхшимас» дедим, аммо яхши бўлгандаям сотиб олишга пул қаёқда!
Уларни диққат билан кузатиб турганимни кўрган қаҳвахоначи ёнимдан ўтаётиб:
– Аллоҳ таоло ҳеч кимни муҳтож қилмасин… Бу кекса аёлнинг ёшгина куёви бор эди. Болқондаги жангда шаҳид бўлди. Ўтган йили эса қизи вафот этди. Набираси билан ёлғиз қолди… Қолганларга умр берсин… – деди.
Унинг ҳикоясини тинглаб, кўз олдимда бутун бир бошли оиланинг фожиаси гавдаланди. Мана, шу тўс-тўполон йилларда базўр келиб турган бир неча лиралик ойлик ҳам неча ойлардан бери келмаётганди. Вақтида жуда яхши яшагани кўринишидан маълум бўлган кекса хоним, аста-секин барча нарсаларини сота бошлаган, энг охирида навбат шу митти қушчага келган бўлиб, нонвой ҳамда баққолдан талайгина қарздор эди. Бугун яримта нон ҳамда бир кафт кўмир олишга етгулик пул тополмаган эди. Кичкинтойни оч қолдирмаслик учун қушни сотишдан ўзга чораси йўқ эди. Шу эски тўрқафаснинг ичида боши ҳамда бўйнини қисганча ўзини нималар кутаётганини ўйлаётгандек бўлиб кўринган бечора қуш бир чақага қиммат; аммо унинг баҳоси қанчалик эканини шаҳиднинг шу кичик етимидан сўрасангиз борми…
Кекса хоним набирасини ана шу тилсиз дўстидан айириш учун ким билсин, қанча вақт маъруза ўқиган экан?..
Қуш сотилмади. Бувиси ёш ҳалқаланиб турган кўзларининг қири билан набирасига қарайди; болакай ҳам ташқаридан қараганда хафадек. Аммо эй, кичик шумтака, уринишларинг бари бефойда — мени бувингни алдагандек алдаёлмайсан! Ўзингни худди ғамгиндек кўрсатишга уринганинг билан кўзларингнинг ичи кулиб турибди, қушингни ёқтиришмагани учун севинмоқдасан!.. Ҳозир кўрасан.
Қаҳвахона эгасини ўртага қўйиб, кекса хоним билан савдолашишга тушдим. Қафасни истаган нархига сотиб оламан. Кекса хоним столнинг устига қўйган пулларимни бирданига олмади. Бундай олди-соттилар ғоят оддий ҳол бўлишига қарамай, унга оғир туюларди. Фақат пулларнинг ичидан беш қуруш олиб, болакайга берди. Демак, қушни сотиш ҳақидаги ўзаро суҳбатда орага бир шарт қўйилгани аниқ… Буви мен билан ойлик ҳақида суҳбатлашяпти. Мақсади, сўз орасида қолган пулларни билинтирмай олиш. Гарчи шу мақсадда сўз бошлаган бўлса-да, менга дардини айтаётиб, ғоят берилиб сўзлайди.
Суҳбатга шунчалик берилиб кетганимиздан, кичкинтойнинг анча пайт ёнимиздан кетиб қолганиниям сезмай қолибмиз. Бир оз ўтиб, у қўлларида битта кулча нон ҳамда қалпоқ ушлаганча келди… Кулча билан ўзининг қорнини тўйғазади.
Пулининг ярмига бўлса, қушга дон сотиб олибди. Бувиси билан суҳбатлашаркан, унга қарайман. Митти ҳовучига озгина дон тўкиб, қафасга узатади. Қуш унинг қўлидан дон ейишга ўргангани маълум! Қафаснинг симлари орасидан тумшуғини чиқаради.
Бола уни ушлаб, тумшуғига айрилиқ ўпичини қўндиришни истайди. Сўнгра менинг этагимдан тортиб, ёшга лиқ тўлган ўтли нигоҳлари билан юзимга боқиб:
– Мана бу дон сизда қолсин; унга берасиз. Майлими?.. – дейди. Қалпоқни олгач, қўлига қайтиб бераман:
– Болам, бу қушга мен қарай олмайман. Уни сенда қолдираман, яна ўзинг боқ! Катта бўлганидан кейин оламан, майлими?..
Кекса хоним бу фикримни нотўғри деб топади.
– Нима фарқи бор, бувижон? Бу қушча кичкинтойга менинг бир ҳадям бўлсин! Фақат нима бўлгандаям қушчани бошқа сотмаслик шарти билан… – дейман.

Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси