Расим бир оқшом чоғи мактабдан уйга қайтганида дарс столи узра турган хатжилдга кўзи тушди. Унинг ичидаги гулқоғозга шундай сатрлар ёзилганди: “Расим бей, мен хушсуврат ёш қизалоқман ва сизни жуда яхши кўраман. Яширмайман, гўзаллигим ақлни шоширади, қанчадан қанча йигитларни чиройим билан мафтун этганим ҳам рост. Айни пайтда дунёдаги бирдан-бир истагим сизнинг умр йўлдошингиз ва севиклингиз бўлмоқ. Фақат, ёшларимиз кичик-да, бирга бўлишимиз учун ҳали бироз эрта. Ҳозирча сизга кимлигимни очиқламайман, мактубларингизни эса (…) манизилига жўнатишингиз мумкин. Тўғриси, отам жуда жаҳлдор одам, кўчага чиқишга изн бермайди. Балки бирор кун кўриша олармиз, тағин билмадим… Ўзимни ҳозирданоқ суюклигингиз ва аёлингиз каби кўряпман. Уйда ёлғизликдан жуда безиб кетдим, билингки, мактубларингиз мен учун тасалли бўлади”.
Мактубни ўқиб тугатар экан ўн олти ёшга энди қадам қўйган Расимнинг қалбига бир оташ тушди, мактуб соҳибасини телбаларча сева бошлади. Ўша кун кинотеатрга бориши керак эди, ҳатто ундан ҳам воз кечди. Эртадан хонасига бориб суюклисига узундан-узун хат ёзди. Уни почта қутисига ташлаганидан сўнг ўзини гўё ўн ёшга улғайгандек ҳис қилди.
Қизнинг исми Бадиа эди. У Расимнинг мактубларига дарров жавоб йўллар, мабодо ошиқ йигит мактуб жўнатишни кечиктиргудай бўлса қиз ғазабланар ва шундай ёзарди: “Сизни жуда яхши кўраман, биласизми шуни, а? Ахир нега дарҳол жавоб ёзмаяпсиз? Камига хатларингиз жуда қисқа, бироз кўпроқ ёзинг, азизим. Тағин бир илтимос, мактубларингизни бироз ўқишли, оғзи-бурнини жой-жойига қўйиб ёзсангиз янада соз бўларди…”
Ёш ошиқ ҳар кун эртадан хонасига қамалаб, севгилисига ёқиш умидида қоғоз қоралар, китоб каби узун мактублар ёзарди. Ҳа, Бадиа жуда ажойиб қиз эди, баъзида ажойиб саволлар билан унга юзланарди: “Хўш, тўйимиздан кейин асал ойи учун Италияга борамизми ёки Швецияга? Бу икки мамлакат ҳақида ўзи фикрингиз қандай? Халқи қандай яшайди, нима иш қилади? У ерга қандай боришимиз мумкин?” ёки “Охирги кунларда қайси шоирларни ўқидингиз? Ўзи умуман, қандай шеърларни яхши кўрасиз? Истардимки, менга ҳам билдиринг, мен ҳам улардан баҳраманд бўлмоқчиман…”
Расим бўлажак рафиқаси олдида уялиб қолмаслик илинжида география ва адабиётга доир китобларни варақлар, у айтганидек саводли бўлиш учун узункун ҳаракат қиларди.
Бадиа сўнгги юборган бир мактубида унга шундай нолиди: “Сиз билан кўришишни истагандим. Ўтган кун мактаб кўчаси бошида келишингизни кутдим. Ахир мендай кўркам қизнинг севгилисисиз, бироқ баъзида буни унутиб қўясиз, очиғи, ўшанда жуда афтода кийингандингиз. Уст-бошингиз, поябзалингиз лой эди, ўйинқароқ ёш болаларга ўхшардингиз худди. Буни кўргач ёнингизга боргим келмади…”
Расим бу сўзларни ўқиркан уятдан икки яноғи лов-лов ёнди, ўзини ўзи койиди. Ўша кундан сўнг ўзига яхши қараб, айрича эътибор билан кийина бошлади.
Бадиа бир сафар унинг мактабдан чиқиб, уйга келмаётгани, кечгача кўчада санғишидан шикоят қилди. Йигитча “Ажабо, буни қаердан билди экан, а? Ё қизлар орқасидан мени кузатаётганмикан”, деб ўйлади.
Расим қайта-қайта шундай ёзарди: “Дунёда сендан бошқа қизга кўнгил бермайман!”
Бир куни оқшом маҳали Расимнинг онаси Надима хоним эри Аҳмет бейни ғамгин алфозда қарши олди.
– Оҳ, азизим, нима бўлди деб сўрамай қўяқолинг, – деди юзини тириштириб. – Ўғлимизга Бадиа исмли бир қиз ошиқи-беқарор бўлиб қолибди. Бугун Расимнинг хонасини тартибга келтираётгандим, мактубларини топиб олдим. Қарамайсизми, ўғлимизни бой беряпмиз, бир чора топсангизчи ахир!
Аҳмет бей аёли сўзларига муносабат билдирмади, аксинча кулиб, ғўлдираган овозда:
– Хавотирланма, азизам, – деди. – Ўғлимизга ишқ мактубларини камина ёзяпти. Биласан, сўнгги пайтлар роса гапга кирмайдиган бўлиб бораётганди. Саводини-ку айтмай туратур. Ниҳоят шу йўлни ўйлаб топдим. Ишонавер, Расим бу хатлар соясида бу йил мактабни аълога битказади, кейинги синфга ҳам ўтиб олади. Очиғи, ўзимам тўғри ёзишни шундай ўрганганман.
Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

