Қален Сидиқова. Гурунг (ҳикоя)

Қишнинг чилласи. Аёз бобо юз-қўлни чимчилайди. Эшикда оғзингдан тўкилган тупугинг ерга тушмайди. Икки-уч кун бирор жойга чиқмадим. Осмону фалак бир маромда элак қоқади. Ташқаридан кузатган киши қишлоқдагиларнинг бугунги ҳолатини чумолининг турмушига қиёслаши мумкин. Қиш кузда келган йўлбарсдай ўз ҳукмини ўтказаётир. Табиат тўлғоқ тутган онадай кипригини қоқмайди. Бу воҳа ўзига хос турфа ранг. Хаёл тушмагур аллақаёқларга етаклайди.. Аёзда «совуқ еб қолишди-да..» Қизиқ, «тупроқ ҳам совуқ ейдими». Тирик чоғимизда барчамиз ҳам не кўйларга тушмаймиз! Эртанги кунимизга гоҳ умидли, гоҳо ноумид боқиб, тирикчилик тегирмонида тортиламиз. Алал-оқибат, муздай тупроқ сўлқиллаб уриб турган юрагимизни кўмиб қўйишини эсимизга олмаймиз.
Қишлоққа шошилиб, интиқлик билан кириб бораётганимда қаровсиз қабристонларга кўзим тушиб, қувончим бирдан марвариддай сочилиб кетади. Аёзда муздай сувни кечиб олгандай чўчиб кетаман. Бағрим эзилади. Бу ерда ётганларнинг авлод-аждоди кимлар? Бизнинг ота-боболаримизми ёки бегона кишиларми?
—Эй, болам, нимага қараб турибсан? — Менинг ўй-хаёлимни тўсатдан келиб қолган отамнинг таниш овози бузади. Отамнинг саволига жавоб бермаганимни уйга келгач эслайман. Эҳ, ночор-ногирон бандалар. Тирик пайтимизда оғиз кўпиртириб «Ўргилайин, она юртим» деб кўкрагимизга уриб мақтанамиз. Ташландиқ қабристонларни бироз бўлса-да тартибга келтиришни эса ўйлаб қўймаймиз. Уларнинг кўпчилик қисми ҳайдов ерларга қўшилиб кетган. Ҳар жой —ҳар жойда ётган тракторларнинг сўқаларини айтмайсизми?
Талабалик таътили. Кун иссиқ. Жилға тарафдан сайғоқлаб келган моллар қабристондан салқин жой излаб, шу ерга тезаклайди. Бу ерни аввалгидай қўриқлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Қабристон атрофлари сигир ва қўйларнинг таппи, қумалоқлари билан тўлиб, тиканзорга айланган. Эчки билан улоқлар ёдгорликларга суйкалавериб ёғлама қилиб юборган. Қуврай билан беор эрман елвизакда беҳол тебранади. Шу ерда ётган марҳумлар гўё менга мунғайиб, илтижо билан боқаётгандай..
Кун ортидан тун, умрлар сувдай оқиб ўтмоқда. Ана Жумғал тоғлари кўзга элас-элас ташланади. Саратон. Овулда одатдагидай тирикчилик ташвиши. Уйда мен, сутга тўйиб ухлаб ётган Қорачўтирнинг ялқов мушуги. Битта қулоғи кесилган. Урфимизда йўқ, бегона кўриниш.. Ташқарида, ҳовлининг этагида онам тери ошлаётир. Тўқсонга бориб қолган отам, одатдагидай, мўйлабини чийралтириб, шуди кетиб, буди қолган этигини мойлаш билан банд. Эси-ҳуши жойида. Эшикка чиқиб, отамни гапга чалғитмоқчи бўламан:
— Ота, — дейман ва маст-аластликка ружу қўйган элим, элатим тўғрисида сўзлаб, маслаҳат сўрамоқчи бўламан. У киши ихлос билан тамакини наяки қилиб тутунини бурқситган кўйи бошини ирғаб: «Она қизим, тўғри айтасан..» деб маъқуллаб қўяди.
— Дунёйи-дун деганлари шундай, қозонда бўлса, чўмичга чиқаркан. «Ўрнида бор ўнгланар, ўрнида йўқ даф бўлар» деганларидай. Қабристон ҳам эртаю-кеч элнинг кўз-қароғида бўлиши керак.
—    Гул экиб қўйса бўлмайдими, — гапимни тугатмасдан туриб отам фикримни давом эттириб кетди.
—    Болам-эй, болам, «гул экилса, марҳумлар қайта тирилиб келармиди?» Сен гулни айтасан. Папка талашган «отга минарлар» ҳеч бўлмаганда қабристонларнинг атрофини яхшилаб тўсиб, муҳофаза қилишга ярамагандан кейин, бўёғи нима бўларди? Улар халқнинг нонини «туя» қилиш билан банд. Илгарилари эпи йўққа йўрға мингазиб, «режани бажар, сут, гўшт, жун беринглар» деб бақир-чақир қилишарди. Ҳозир эса фикри-ўйимиз бир нуқтага қаратилган. «Қандай қилсак, бой бўламиз?» Мана сенга, бозор иқтисодининг қирғизча фалсафаси. Қолгани билан кимнинг нима иши бор, — оқсоқол бир сония ўйланиб қолди.
—    Мен кўз юмсам, сизларнинг бирор бир хотира ўрнатишингларни ҳам Яратганнинг ўзи билади, — деди отам ҳафагазак оҳангда.
—    Ҳамманг ўқиймиз дейсанлар. Бу ердаги қора кампир, сариқ чоллар қандай юмуш билан банд эканлигини бирортанг аниқ билмайсан. Йилда бир марта келишингдан нима фойда?.. Номинг ўчгур уруш… Умрим ҳазон бўлди.
Отам жангда дараксиз кетган укасини эслаб ушкуриб қўяди…
— Ота, сиз ҳали кўп яшайсиз, — дейман кўнглини кўтармоқчи бўлиб. — Ундан кўра, оқсоқоллар тўпланиб, ҳеч бўлмаса, азада ароқ ичмайлик деб айтсангизлар яхши бўлармиди? Миллатимиз руҳиятига сира ёпишмайдиган янги урфлар кўпайиб кетди, — демоқчи бўламан гапни айлантириб.
— Оббо, қизим-эй, ўттизга чиқсанг ҳам болалардай ўйлар экансан. Оддий тўйни олайлик, ким ошдига мусобақа қилиб, тўй-тўркин қилиш одатга айланди. Бола-чақаларининг усти юпун, китоблари йўқ. Энг ёмони, ўзаро меҳр-оқибат йўқолиб, унинг ўрнини, сен айтгандай ҳар хил бегона удумлар эгалламоқда. Марҳум уйдан чиқарилмай туриб, унинг қариндош-уруғлари маст-аласт. Таъзия билдирамиз деб келган одам биттадан шишани қўлтиқлаб келади. Охирги вақтларда биттаси озлик қиларкан деб, иккитадан ароқ кўтариб бориш русум бўлди..
Биз беш-ўнта оқсоқоллар тўй-тўркинни, дафн маросимларини тартибга келтириш масаласи бўйича овулдошларни тўплаб кенгаш ўтказдик. Афсуски, бизни ҳеч ким қўлламади. «Ўлганнинг зийнатини кўмганда кўрсатишимиз керак» деб оёқ тираб туриб олишди.
Отам бироз тин олиб, сўзида давом этди:
— Хуллас мол сўйиш, азадорнинг ҳисобидан рулон-рулон йиртиш, тарқатишга чек қўямиз, деб ёмон отлиқ бўлдик. Бўтам, ўзинг бундоқ ўйлаб кўр. Ўша йиртилган бархит бир кийимликдан бўлса бошқа гап эди. Алам қилгани шуки, марҳумнинг номидан тарқатилган йиртиш бир парча бўлиб, у румолча вазифасини ҳам ўтамайди. Агар ўшалар ошиб-тошиб ётган бўлса, матонинг ўрнига етим-есирга, ночор оилаларга ёрдам берсин, ўлик чиққан хонадонни оёқости қилишдан қандай наф келади? Ўмонлик билан яхшилик ҳамиша ёнма-ён юради. Беш панжа тенг эмас, ҳар кимнинг шарти ҳар хил.
— Ота, ибратли ишни бошлабсизлар. Буни раҳбарларга етказиш керак.
— Гапингда жон бор. Чўчиганим, сувни лойқалатганлар — замонавий бойваччалар, қизим! Улар бировнинг сўзини сариқ чақага олмай қўйган.
— Ҳеч бўлмаганда азада, ўлимда ароқ ичишни тўхтатиш бўйича сизга ўхшаган қариялар қаттиқроқ турсанглар бўлмайдими! Ахир, овулда оқу қорадан хабардор муллалар бўлса керак.
— Ростини айтсам, ҳозирча қишлоғимизда тузукроқ мулланинг ўзи йўқ. Сен айтган чала муллалар элнинг орасида обрў-эътиборини йўқотган собиқ ароқхўрлар, алифни кўрсатсанг, ҳатто калтак дейишни билмайдиган эски фаоллар. Уларнинг ортидан одамлар эрчиб бўпти..
— Оқсоқоллар кенгаши деганлари бўлармиди?
— Илгариги оқсоқолларнинг ўрни бошқа эди. Ҳозир-чи, тамоман акси. Етмишга чиққан қария ўн олти ёшли ўсмир билан ариқнинг бўйида пиёла уриштириб ўтиради-ку. «Мастдан жинни қочиб қутилибди» деган янги нақлни эшитмаган экансан. Мастлик ҳўл балонинг ўзи-ку! Мастликнинг ортидан юз бераётган ҳодисаларни айтмайсанми? Ўғрилик авж олди. Ўш-яланглар қизларни олиб қочаяпти. Кўп оилаларга дарз кетмоқда. Ҳай дегани Ажо, қўй дегани хўжа йўқ.
— Қишлоқдаги етакчилар қаёққа қараяпти? Судга беришмайдими?
— Судга, ғишт қолипдан кўчгандан кейин арзланиб боришади. Гап ана шундай нохуш воқеаларнинг олдини олишда. Болам, замон тамоман ўзгарди. Ота-онасини калтаклайдиган фарзандлар пайдо бўлди. Халқимизнинг «Ўшликда берсин меҳнатни, қариганда берсин давлатни» деган иборатомуз мақоли бор. Шунинг учун аввало холис ният қил, ўғил-қизингга ўзинг намуна бўл. Ниятинг йўлдошинг бўлгандагина мақсадингга эришасан.
Шу пайт ташқаридан кенжа укам чопиб кириб отамга юзланди:
— Ота, сизни тоғаларим чой ичиб кетсин, деб чақиришяпти.
— Ҳамма гап тарбияда, бўтам! Хўп мен тоғангникига борай. Сен онангга ёрдам бер.
Отам билан бўлган ўша суҳбат кўпга қадар қалбимни ўйқаб юрди. Ибрат, ишонч, яхши хулқ-одобинг билан ўзгаларга ўрнак бўлиш изсиз қолмаслиги аниқ.
Қизарт тоғларидан шарқираб келаётган сув илондай тўлғаниб оқади. Баёстоннинг тегирмонидан берида бир нечта қабристонлар бор. Ўша ердаги осма кўприкдан ўтган одамни ваҳима босади. Қизартнинг анҳори тезоб, жарлик эса типпа-тик бўлгани учун тупроқ емирилиб, қабристонларга етиб келган. Эътибор бериб қарасангиз, сувда оқариб ётган марҳумларнинг бош чаноқлари, суяклари сизга қараб силжиб келаётганга ўхшайди. Ана шу суяклар, бош чаноқлар орасидан сузиб чиққан балиқларни кўрганингда томоғингга ёнғоқдай нимадир тиқилиб қолганга ўхшайди. Худди сув эмас, суяклари оқаётгандай туюлади. Ухласам кўзимга фақат шулар кўринади. Булар балки бир кезларда шу воҳани душманлардан ҳимоя қилган паҳлавоннинг боши ёки ўн гулидан бир гули очилмаган болакайнинг панжаларидир. Нима бўлганда ҳам инсоннинг сўнгги манзили тупроқ остида. Кафтимиздаги тупроқни дуо ўқиб ташлашдан кутган мақсадимиз марҳумга у дунёда осойишталик тилаш эмасми?!
Кўрсичқон қабрнинг ёнидан сакраб чиқиб чор атрофни зийрак кузатади. Елинларини аранг кўтариб бораётган сигирнинг орқа туёғи жажжи қабрга ботиб қолди.. Одатда, норасидалар вафот этса ёдгорлик ўрнатмаймиз, «учиб кетади» деб. Шу аснода болакай билан бирга унинг ҳеч кимга айтиб улгурмаган сирлари, орзу-армонлари қўшиб кўмилганлигини биз катталар хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Қанийди, ҳеч бўлмаса шу покдомон, суқсурдек тоза гўдакларнинг мозори оёқ-ости бўлмаса…

Қирғизчадан Турсунбой Адашбоев ўгирди.