Прамудя Ананта Тур. Леман бобо (ҳикоя)

Ҳа, ҳа, ҳаммасини эслайман. Ўшанда мен тўрт ёшда бўлсам ҳам ҳаммаси эсимда. Мен бу оилани жуда яхши билардим: чол-кампир Леманларни, уларнинг фарзандлари — Ман, Ниёмиддин, Сиддин ва қизлари Сиёҳга ўрганиб қолгандим.
Ҳар куни эрталаб, соат тўққизда уларникига кириб борардим, чунки ҳаммаси уйда бўларди. Уйларига чопиб кирардим-да, Леман буванинг тиззаларига ўтириб олардим. У киши елкамга қоқиб қўяр ва қаҳва тутарди. Мен кулардим. Леман буви ҳам куларди. Агар: “Сиёҳ қани?” деб сўрасам, улар “Ҳали ухлаяпти” деб жавоб беришарди.
— Ухлаяптими? Мен бўлсам турдим! — дердим мақтаниб.
Леман бува жилмайиб қўярди ва мени эркалаб:
— Сиёҳ — дангаса қиз-да, — дерди.
— Ман қаэрда?
— Дарёда, чўмилаяпти.
— Ниёмиддин-чи, бува?
— Уйга ҳали келганича йўқ. Кечаси гарду1 да қоровуллик қилган эди. Ҳозир ўша ерда ухлаяпти.
— Ҳалиям ухлаяптими?
— Бўлмасам-чи? Кечаси билан шақилдоғини шақиллатиб юриб, чарчаб қолган.
Баъзан мени уби2 билан сийлашарди.
Леманлар уйида кўрганларим ва эшитганларимни дарҳол онамга гапириб бериш одатим бор эди. Ойижоним қийиқ кўзлари билан менга диққат-ла қараб турардилар-да, кўрсаткич бармоқларини бурним олдида ўйнатиб дердилар:
— Қачондан бери тайинлайман сенга, “у ерга ҳадеб бораверма” деб. Улар ишларини қилишлари керак, ахир.
— Улар ишлашмайди-ку, ахир…
— Чунки сен уларга ҳалақит беряпсан.
— Сиёҳ бўлса ҳалиям ухлаяпти… Мана кўрдингми? — Ҳозиргина қатъий оҳангда бўлган онамнинг овози бирдан юмшади. — Ялқовлик — жуда юқумли касаллик. У худди кўз оғриғига ўхшаб бир кишидан иккинчисига ўтади. Агар сен уларникига тез-тез бораверсанг, ўзинг ҳам ялқов бўлиб қоласан.
Бир куни мен онамнинг юқадиган ялқовлик касали ҳақидаги гапларини Леман бувага айтдим.
— Ҳа, ойинг рост гапни айтибди, — деди у оқкўнгиллик билан… — Мен ялқов одамман. Агар шундай бўлмаганимда ҳам нима ўзгарарди?.. Ахир менинг шоли экадиган ерим йўқ-ку. Бир қарич томорқам ҳам йўқ менинг… Менинг бор бойлигим — мана шу пичоқ. Уни ҳар куни яхшилаб чархлайман, силаб-сийпалайман. — Леман бува пичоқ чархлайдиган қайроқ тошига қараб қўйди. — У билан бирга қаэрдадир кечаси йўл пойлайман — қарабсанки, икки ярим танга чўнтагимда. Агар Леманда сен бўлмасанг пичоқ қадрдоним, менда гарду қаэрдан ҳам бўларди!…
Леман буванинг овози жуда ёқимли эди; сўзларни у бошқачароқ талаффуз қиларди, бурнида гапирарди. Гапларини мириқиб тинглардим.
Бир сафар мен Леманлар ҳақида гап бошлаганимда ойим уришиб бердилар:
— Бу ялқовларни мунча ёқлаб қолдинг! Фақат ишлаб, меҳнат билан кун кўрадиганларгина ҳурматга лойиқ, болам. Буни эсингдан чиқарма!
Кейинги кундан бошлаб мен дўстларимникига бормай қўйдим.
Орадан кўп кунлар ўтди. Бир маҳал қарасам, айланиб яна Леманларникига бориб қолибман. Одатим бўйича:
— Сиёҳ қаэрда? — деб сўрадим.
Леман бува бошини қуйи солди. Буви бўлса йўталиб қўя қолди. Қизиқ, нега саволимдан ғалати аҳволга тушиб қолишди. Ниҳоят қария жавоб берди:
— Сиёҳ кетди. Ҳозир Палембанг1 да.
— Бу узоқми?
— Ҳа, узоқ. Денгиз ортида.
— Нега у ёққа кетиб қолди, буви?
— Пул излаб кетди. Тилла топиб келади… — Бувининг юзи истеҳзоли буришиб кетди.
— Ҳозир аҳвол жуда оғир, — деди ўзича кекса Леман. — Ҳатто прияи2лар ҳам зўрға кун кўришяпти! Қанчалари ўз уй-жойларидан маҳрум бўлишди!
Мен бу сўзларни эслаб қолишга ҳаракат қилардим. Кейинроқ улар нимани англатишини билиб олишим учун эслаб қолишим керак эди-да. Кечқурун, одатдагидек, отам уй ёнида курсида ўтиргани чиққанида, мен унинг олдига югуриб бордим. Савол бермасимдан олдин гапириб қолдилар:
— Мактаб ҳақида сўрайвериб жон-ҳолимга қўймасдинг. Мана, ўқийдиган пайтинг ҳам келиб қолди.
Бу жуда ёқимли хушхабар эди. Мен ҳатто қувончимдан бир сакраб қўйдим.
— Мен мактабга бораманми? Қачон, ота?
— Эртага!
Шунда мен Леман бува нималар деганини бутунлай унутиб юбордим. Эртага мактабга бораман! Мен бахтли эдим. Гарчи қалбимнинг ич-ичидан эрталаблари Леманларникида қаҳва ичмайдиган бўлганимдан афсуслансам-да, бахтиёр эдим. Худди шундай бўлди: ўшандан бошлаб мен уларникига фақат таътил пайтлари ёки якшанба кунлари борадиган бўлдим.
Кунларнинг бирида, мактабдан қайтаётиб уйимиз ёнида Леман бувани учратиб қолдим. У менга янги варрак тутқазди. Эсимда, ўша варракни ҳеч учира олмагандим. Бошқа болаларнинг эпчиллик билан варрак учираётганини кўриб, менга алам қилди, жаҳл устида уни парча-парча қилиб ташладим.
Бир сафар — унда мен таътилда эдим, жўраларим билан кўчада ўйнаб юргандим. Кутилмаганда Леманлар уйи қаршисига докар3 келиб тўхтади. Ҳаммамиз бараварига ўйинни ташлаб Леманларникига югурдик. Биринчидан, қизиққанимиздан бўлса, иккинчидан эса, энг муҳими, бирор ширинлик билан сийлашар деган умидда эдик.
Шунда мен Сиёҳни кўриб қолдим. У ёғоч каравотда, унча ёш бўлмаган эркакнинг ёнида ўтирган эди. Сиёҳ жилмайди, ўрнидан туриб, ёнимга келди.
— Ҳа-а, бу сенмисан? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди… — Шундай деб у кулди, иккита тилла тиши ялтираб кетди.1
Сиёҳнинг бўйнида етти тангадан иборат тилла тақинчоқ ялтирарди.
— Сен энди боймисан? — деб сўрадим.
Жавоб ўрнига у мени ўпиб қўйди.
—Менга олтин танга бер, — дея сўрадим ундан.
У бошини сарак-сарак қилди, қўлимга аллақандай ширинликни қистирди-да: “Улғайсанг — ўзинг бой бўласан”, деди. Шу аснода Леман бува Сиёҳнинг ёнида келган нотаниш киши билан таъзим бажо келтирган ҳолда суҳбатлашарди. У кишининг оғзида ҳам Сиёҳникига ўхшаш тилла тишлари ялтилларди. Леман буви эса ўчоқ бошида сув иситиш билан овора эди.
Сиёҳ қайтиб келгандан кейин мен уларникига яна тез-тез қатнайдиган бўлиб қолдим. Леман буванинг филлар ва йўлбарс ҳақидаги, хазиналар тўғрисидаги ҳикоялари менинг гўдак тасаввуримни ром этганди. Ҳалиям яхши эсимда, ундан эшитганларимни уйимдагиларга ёки ўртоқларимга бирма-бир гапириб берардим, шундагина ўзимни енгил ҳис этардим.
Бир куни Леманларникига келганимда, ҳалиги тилла тишли киши анчадан бери кўринмаётгани эсимга тушди.
— У қаэрда? — сўрадим мен.
— Кетди, — истамайгина жавоб берди чол.
— Қаёққа?
— Ким билади дейсан!
— Сиёҳ ҳалиям ухлаяптими?
— У ҳам йўқ…
— У ҳам кетдими? — хитоб қилдим мен йиғламоқдан бери бўлиб.
Кекса Леман оғир хўрсинди.
— У қайтиб келадими, бува?
Ошхонадан Леман буви чиқиб келди.
— Нима қилади қайтиб? Ер ютсин уни! Ўша ёқларда чўкиб кетса яхши бўларди!..
Мен Сиёҳ яна денгиз ортига, Палембангга кетган бўлса керак деб ўйладим, лекин чол-кампирнинг тунд юзларини кўриб, бу ҳақда сўрамай қўя қолдим.
— Ман-чи? Ман қаэрда бува?
Қария қўл силтаб қўя қолди.
— Э-э… Қанақа кунларга қолдик… Ана, амалдорлар ҳам зўрға кун кўраяпти. Авваллари Ман ўшаларнинг ишини қилиб, гоҳ четанини тузатиб, гоҳ ҳожатхонасини тозалаб бўлсаям чақа-чуқа топиб келарди. Энди бўлса у ҳам йўқ! Мана, Ман ҳам бошқа жойларга омад излаб кетди.
— Қаёққа кетди, бува?
— Чимахи2 га. Аскарликка ёзилди.
— Бу ёққа қурол билан келадими? Шунақами, бува?
— Қайтиб келадими? Йўқ, болам. Балки, умуман қайтмас…
— Нима деяпсан, эсини еган чол! Олдинлари шундай эди — армиядан қайтиб келишмасди, — унинг гапини бўлди Леман буви. — Нафақахўр3 Спандарининг айтишига қараганда, Ачедаги уруш4 тугаган эмиш. Энди бўлса аскарларнинг иши тўғри қадам ташлаб юриш ва ўқ отишни ўрганишдан иборат…
Аслида ҳам шундай эди: мен ўзим кўп марта гувоҳ бўлганман, қад-қомати келишган шоввоз, чинакам жасур отлиқ аскарлар милтиқларидан дарёнинг нариги соҳилидаги нишонларга қарата ўқ узишгани-узишган эди.
— Ниёмиддин-чи? У қаэрда, бува?
— О! У энди хўжайин, укагинам… Унинг энди ери бор… Лекин жуда оз ўша ер. Ниёмиддин тинимсиз ишлайди… Ҳозир яшаш жуда қийин бўлиб қолди. Жуда қийин! Эсингдами, сенга қандай ўйинчоқлар ясаб берарди?
— Нима у бу ерда ёмон яшармиди?
— Агар одамнинг пули бўлса ҳамма жойда ҳам яхши яшайди. Агар пули бўлмаса-ю, қаэрдан олишни билмаса, о, бундан ёмони йўқ… — Қарияни йўтал тутди-ю, узоқ вақт гапира олмади. — Э-э, яхшиси, сўрама…
Леман буванинг боши энгашгандан энгашиб бораверди. Менга у мудраб қолаётганга ўхшаб кўринди…
Мен уйга келиб, Леманларникида эшитганларимни айта бошлагандим, отам кескин гапимни бўлди:
— Бор, яхшиси, ювиниб ол.
Мен бир оғиз ҳам сўз қайтармай ҳаммомга йўл олдим. Ҳаммомга кириб ўйлаб қолдим: “Нега энди бизнинг ҳаммом Леман буванинг бутун уйидан бойроқ?” Ювиниб бўлгач, бу ҳақда отамдан сўрадим. У ўйга толди, сўнг бирдан иржайди-да, қувноқ бир куйда ҳуштак чала бошлади. Мен яна ўша савол билан онамга мурожаат қилдим.
Онам қовоғини уйди:
— Сен дарсингни қилдингми, ўзи? — шундай деб, қулоғимдан тортиб айвонга олиб чиқди. — Ўтир, китобингни ўқи!
Ўша пайт шундай қаттиқ оғриқ сездимки, гўё қулоғимни кимдир қайнаб турган сувга тиқиб олгандай эди.
— Энди у ёққа бошқа бормайсан, эшитдингми?
Ўшандан бошлаб Леманлар уйига қадам босмадим.
— Орадан бир йил ўтди. Мен ҳалиям биринчи синфда ўқир эдим. Тенгқурларим мени кичкина деб ўйинларига камдан-кам қўшишарди. Бир куни Леманлар уйи атрофида бекинмачоқ ўйнаётган эдик. Мен девор орқасига яшириндим. Бирдан қулоғимга нотаниш эркак овози чалинди.
— Демак, хоҳламайсан? — сўради кимдир жаҳл билан.
— Йўқ, ндоро1 . Биз камбағал одамлармиз, лекин, ҳақ рост, ҳалол одамлармиз…
— Беш рупий!
— Йўқ, Ндоро.
— Олти.
Жимлик.
— Етти! — оширди нархини нотаниш киши. — Бир марта урасан — қиладиган бор-йўқ ишинг мана шу.
Яна жимлик.
— Етти ярим! — деди дағдаға билан нотаниш одам. — Бўлмаса бу менинг охирги сўзим — ўн рупий! Агар хоҳламасанг ўзингдан кўр!..
Мен ўйинга шу қадар берилиб кетгандимки, тортишувнинг давомини эшитмай, яширинган жойимдан югуриб чиқдим ва сарунга2 кийган амалдорга дуч келиб қолдим. У Леман буваларнинг уйидан чиқиб келарди.
Икки-уч кундан кейин ҳалиги амалдорни яна учратиб қолдим. Лекин у мени сира ҳам қизиқтирмагани учун ёнидан бепарво ўтиб кетдим.
Ниҳоят, ўша даҳшатли тун ҳам етиб келди, у менинг эсимдан сираям чиқмайди.
Онам, отам, мен ва укам айвон олдидаги сўрида ўтирган эдик. Тўсатдан ёрқин порлаб турган ойнинг юзини қора булут қоплади. Бутун атрофни зулмат босди. Дарахтлар шовуллаб, кўк гумбурлади. Чақмоқ чақди ва бошимиз устида яшин чақнади. Даҳшатли момақалдироқдан уйлар ларзага келди.
Биз шошиб уйга кирдик.
Бирдан яқингинадан кентонг3 жаранглаб қолди. Кейин қўшни қоровулхоналардаги кентонглар ҳам акс-садо бердилар.
— Бу бизнинг гардудан!.. Қандайдир бахтсизлик юз берганга ўхшайди, — деди отам, ўрнидан тураётиб. — Уйдан чиқмай туринглар. Мен ҳозир ҳаммасини аниқлайман.
Ўшанда онамнинг ташвишга тушган чеҳрасини ҳамон эслайман. У менинг саволларимга жавоб бермас, нигоҳини уйнинг қоронғи бурчагига қадаганча жим турарди.
Орадан чорак соатлар чамаси вақт ўтгач, отам қайтиб келди.
— Нима гап? — унга ташланди онам.
— Эҳ, анави кекса Леман! Сал қолибди одам ўлдиришига… тўқмоқ билан урибди! Қўли қалтираган бўлса керак-да. Худонинг раҳми келибди, шекилли.
— Кекса Леман-а? Бўлиши мумкинмас!
Отам қўлларини силтаб қўя қолди.
— Хўш, ўзига нима бўлибди?
— Роса калтаклашибди.
— Жиноятга қўл урган экан, тўқмоққа бало бормиди? Ахир пичоғи ҳамиша ёнида юрарди-ку!
— Пичоқ уни боқарди, дейишаяпти…
— Нима дедингиз, дада? — сўрадим мен бир вақтлар Леманлар уйида эшитганларим эсимга тушиб. Лекин саволим жавобсиз қолди.
— Бунга ишонгинг келмайди! Шундай ажойиб одам жиноятга қўл урса-я! — хитоб қилди онам.
— Ҳаётда ҳар нарса бўлади… — хўрсинди отам.
Кечки овқат пайти ҳеч ким лом-мим демади. Отам ҳам, онам ҳам бир оғиз гапирмади. Лекин иккаласи ҳам бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўйлаётгани сезилиб турарди. Менинг хаёлларим ҳам Леман бува билан банд эди…
Эрталаб ҳамма кечаси юз берган воқеа ҳақида гапирарди. Леман бува эса сувга чўккан тошдек йўқ бўлиб кетди. Тез орада етиб келган хабарларга қараганда, уни етти ойлик мажбурий ишларга ҳукм қилишибди.
Бир куни отамнинг онамга айтган гаплари қулоғимга чалиниб қолди:
— Кекса Леман унчалик ёмон одам эмасди… Уни шунга мажбур этишди. Тағин ўн рупий ваъда қилишди.
Шунда Леман бува билан сарунга кийган нотаниш киши ўртасида бўлиб ўтган гаплар эсимга тушди. Бу ҳақда гапирганимда, оғзингни юмиб юр, бола, деб қаттиқ тергаб қўйишди. Мен бу сирни қалбимда асраб юришга мажбур бўлдим. Уни кимгадир гапириб бергим келарди. Қани энди мени тушунадиган ва кекса дўстимга ёрдам берадиган ?ундай одам топилса.
Тез орада бир воқеа содир бўлди.
Кечқурун болалар билан йўл ўртасида тўп ўйнаётгандик. Қора кийинган бир аёл менга яқинлашиб келди. У ҳасса суяниб келарди. Мен касаллик ҳолдан тойдирган башарани кўрдим.
— Мени танимадингми? … — унинг лаблари зўрға жилмайди.
“Тилла тишлар! Сиёҳ!..” Мен қўрққанимдан қичқириб, уйга қараб чопдим. Сиёҳ ортимдан қараб қолди.
Ўша куни негадир дарс тайёрлай олмадим.
— Бу болага нима бўлди экан, ҳеч ўйлаб, ўйимга етолмайман!.. — деди онам жаҳли чиқиб. Лекин шу заҳоти менга раҳми келди-да, эркалаб, сўради: — Сенга нима бўлди, тентаккинам?..
— Қўрқаяпман, ойи.
— Нимадан?
— Сиёҳни кўрдим, қўлида ҳасса… Жудаям қариб қолибди! Менинг ёнимга келди-да: “Нима, мени танимаяпсанми?” — деди.
— Мен ёнингдаман, болам, қўрқма! — деб онам бошимни силаб қўйди.
— Нега Сидин бувиси Леманникига энди ҳеч келмаяпти? — деб сўрадим бир куни онамдан.
— Сидин меҳнатсевар одам. Бу дангасаларнинг ёнида нима қилади?.. Агар борди-ю дангаса бўлсанг, яхши одамлар сендан юз ўгиради…
Кунлар ўтиб борарди… Тушлик пайтларида Леман бувини бировлар эшигида тез-тез кўриш мумкин эди. У садақа сўраб юрарди.
Анча вақт ўтгач, кекса Леман қайтиб келди. Дастлабки кунлари у кўчага сира ҳам чиқмасди. Ҳар замон Сламетан1 байрамларида кўриниб қолар, шунда ҳам ҳеч ким билан хайрлашмай тезда жўнаб кетарди. Леман бува ҳафтада бир марта қамишдан тўқилган саватларини кўтариб, бозорга борарди. Энди Леман буви тиланчилик қилмай қўйганди.
Орадан яна бир неча ҳафта ўтди… Энди Леман бува кўчада, уйининг ёнгинасида ишлар эди. Мен ёнидан ўтиб қолганимда, негадир бошини хам қилиб турарди. Шунда унинг сочлари бутунлай оқариб кетганини кўрардим.

Русчадан Ҳулкар Файз таржимаси