Прамудя Ананта Тур. Инем (ҳикоя)

Инем!
Болаликдаги дўстим — қўшни қизчани шундай аташарди. Ўшанда — унинг ёши саккизга тўлганди. Инем мендан икки ёш катта эди.
Инемга дуч келган одамлар мулойим жилмайиб қўйишарди. Унинг гўдак чеҳраси шунақа ҳам тиниқ, бирам ёқимли эдики! Куёвлар ўсиб келаётган кўпгина оилаларда: “Қани энди Инемга ўхшаган қизни келин қилиб олсак…”, деб ўйлашарди.
Шаҳримиз аёллари шоли пайкалларида ишларидан бўшаган кунлари, бундай дамлар унча кўп бўлмасди, уденг1 ва сарунг2 ларни безаш билан банд бўлардилар. Оқ газлама ва мумни Ичжо дўкондордан олишарди. Инемнинг онаси уденгларни кашталаб берарди. Ҳар иккита уденг учун унга бир ярим тсент тўлашарди. Бир кунда у саккиз-ўн уденг тайёрлаб беришга муваффақ бўларди.
Инемнинг отаси ҳақида ёмон гаплар юрарди. Онамнинг айтишига қараганда, у бир вақтлар ўрмон йўлларида қароқчилик қилар, одамларни талар экан. Унинг ҳозир ҳам қандайдир қинғир ишлар билан шуғулланиб юрганини ҳамма биларди. Лекин аниқ далиллар бўлмагани учун уни “чақиб” беришга ҳеч ким ботинолмасди. Бунинг устига, унинг қариндошларидан айримлари полицияда хизмат қилишарди, улардан биттаси ҳатто биринчи даражали вакил унвонида эди.
Ҳа, Инемнинг отаси ҳам яқин пайтларгача полиция хизматида бўлганди; уни порахўрлиги учун ишдан ҳайдашганди.
Бир сиймода ҳам қароқчи, ҳам полициячи! Буни мен сира ҳам тушуна олмасдим. Бу одамнинг ёрдамида йўлтўсарларни қўлга тушириш учун уни полиция хизматига олишган, деб тушунтирди онам менга.
Инемнинг отаси хўроз уриштириш ишқибози эди. Кўпинча ютқазиб қўярди: унинг хўрози бошқалар қўлига ўтар; бунинг устига яна уч талендан3 ринггит4 гача тўлашга мажбур бўларди. Хўроз уриштиришлар бўлмаганда эса Инемнинг отаси қарта ўйинига ўтирарди. Бунда ҳам унинг омади чопмасди… У тез-тез қаэрлардадир ҳафталаб йўқолиб кетарди, баъзан ойлаб қорасини кўрсатмасди. Лекин ҳамиша пул билан қайтиб келарди.
Ота-онам анчадан бери Инемни оталиққа олишганди. У уйда онамга қарашар, мени ва укамни ўйнатарди.
Бир куни ошхонада Инем сув солинган қозончани ўчоққа қўяркан:
— Ширинтой, Мук, — деди менга, — мен келинман!..
— Келин? — ҳайрон бўлдим мен.
— Ҳа!.. Ҳадемай тўйим бўлади.
— Келин бўлиш яхшими?
— Бўлмасам-чи! Менга чиройли-чиройли кабайя5 ва кайн6 олиб беришади. Тўй кийимларини айтмайсанми! Мени гуллар билан ясантиришади… Кўзларимга сурмалар суришади… Сочимни чиройли қилиб турмаклашади! Бирам хурсандман! Бирам шодманки!
Инем рост гапирганди.
— Бегойим, — деди бир куни Инемнинг онаси менинг онам ҳузурига келиб, — тўй вақти келяпти. Қизгинамни узатиш керак.
— Нима? Узатиш керак?
— Ҳа, бегойим. У аллақачон саккиз ёшни уриб қўйди!
Онам кулдилар:
— Саккиз ёш! Ахир у ҳали гўдак-ку!
— Бизлар прияи эмасмиз, бегойим. Ўша оқсуяк — прияиларнинг қизлари анча вақтларгача эрга тегмасликлари мумкин. Бизларда бу мумкин эмас. Тўйни бултур ўтказишимиз керак эди. Асихнинг қизи эрга текканига анча бўлди. Инем ундан икки ёш катта. Худога шукр, уни хотинликка оладиган одам топилди. Инемни узатсам, яшашимиз анча енгиллашади. Куёвнинг отаси бадавлат одам, Маркабоннинг ўзи ҳам мол сота бошлади. Ёлғиз меросхўр!..
— Вой, эгачижон, — яна гап бошлади онам, — ахир, у эндигина саккиз ёшга кирди-ку!..
Меҳмон қошларини чимирди:
— Мен ҳам, онам ҳам эрга саккиз ёшда текканмиз…
— Қиз болани жуда ёш узатиш — яхшимас! Болалар ўсмай қолади, касалга чалинади…
— Ўзингиз яхши биласиз, бегойим. Лекин бизнинг оиламизда худога шукур, касаллар йўқ, узоқ умр кўришади. Менинг онам ҳадемай олтмишга тўлади, туппа-тузук юрибди. Ана бувимизни қаранг, томорқада қандай ишлаяпти! Ҳолбуки, етмишдан ошиб кетган!
Аммо онам ўз фикрида туриб олди:
— Барибир, куёв ҳам ҳали бола…
— Маркабод ўн еттига тўлди, бегойим.
— Ўн етти ёш? Мукнинг отаси ўттиз ёшида уйланганди!
Инемнинг онаси индамади: афтидан, бу сўзлар уни сира ҳам ишонтирмаганди.
— Агар шундай қарорга келган экансизлар, — деди онам, — унга бахт тилашдан бошқа ҳеч нарса дея олмайман…
— Шўрлик, бечора қиз!.. — деди онам ўйга толиб. — Аммо улар жудаям муҳтож! Жуда қашшоқ! Бу уларнинг сўнгги умиди…
Икки ҳафтадан кейин Инемнинг онаси қизини олиб кетгани келди. Инем хурсандлигидан, қувончини яшира олмасди. Бечора! Бизнинг уйимиздан бутунлай кетаётганини хаёлига ҳам келтирмасди.
Ниҳоят, тантанали кун етиб келди.
Тўйни томоша қилиш учун гуруллаб югурган болалар тўдасида мен ҳам бор эдим. Инемни таниб бўлмасди. Сочлари бежирим турмакланган, қошлари ва гажаклари яхшилаб сурмаланган. Кокилини мўъжазгина, чиройли қоғозгул безаб турарди. Ялтироқ безаклар, ипак нимча, қимматбаҳо кўйлагини айтмайсизми!.. Тўғри, буларнинг ҳаммаси вақтинчаликка бадавлат хитойдан олинган эди…
Уй ва ҳовлини кокос хурмосининг барра барглари ва барингин1 нинг узун шохлари билан безатилган эди.
Биз томонларда тўй, одатда, ҳосил йиғилгач, гуруч арзонлашган пайтда, тағин қўғирчоқ театри иштирокида ўтказилади. Қўғирчоқ театри иштирокисиз томоша кўнгилхушлик бўлибдими? Инемнинг ота-онаси тўйда вайянг2 қатнашиши учун қўлларидан келадиган ҳамма нарсани қилишди. Лекин, афсуски, улар бунинг уддасидан чиқиша олмади. Ниҳоят улар тўйга раққосалар ва гамелан3 ни таклиф этишга аҳд қилишди.
Мусиқа овози икки кечаю-икки кундуз тинмади. Биз, болалар, катталарнинг рақс тушишини мириқиб томоша қилдик. Улар даврада айланишар, қадаҳ уриштиришар, ўпишишар ва маст ҳолда:
— Ура! — деб қичқиришарди.
Барча, айниқса аёллар тўй маросимини алоҳида эътибор билан кузатардилар.
Урф-одат тақозо этганидек, Инем куёвнинг олдига бориб, оёқлари учида чўккалади, кафтини кафтига қўйиб, уларни юзига шундай яқин олиб келдики, катта бармоқларининг тирноқлари бурнига тегди. Кейин мис жомда ифорли сув келтиришди. Маркабон уй остонасини ҳатлаб ўтишдан олдин Инем ўша сув билан унинг оёқларини ювди. Келин-куёвнинг қариндошлари ёшларни ўраб олишди, уларнинг қўлларини бирлаштиришди ва гўшангага олиб киришди.
Шунда ҳамма бараварига қийқириб олқишлай бошлашди:
— Битта эди — иккита бўлди!
— Битта эди — иккита бўлди!
— Битта эди — иккита бўлди!
Шу пайт Инемга кўзим тушиб қолди: у йиғларди. Кўз ёшлари упа-элик ва сурмани ювиб, унинг гўдак чеҳрасида қора из қолдирарди.
Мен уйга югуриб келдим-да, онамдан сўрадим:
— Ойи, Инем нега йиғлаяпти?
— Келинлар аллақачон дунёдан ўтиб кетган катта боболари ва бувиларини эслаб йиғлайдилар, болажоним.
Эртаси куни Инем нега йиғлаганининг ҳақиқий сабабини билиб олдим, у кичик эҳтиёж билан ҳожатхонага боргиси келган-у, сўрашдан қўрқиб йиғлаган экан.
Тўй ўтди, шовқин-сурон тинди, меҳмонлар тарқалишди. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай. Қарз берганларнинг дастлабкиси кўриниши билан Инемнинг отаси шаҳардан ғойиб бўлди. Лекин олинган қарзларни тўлаш керак эди. Инемнинг онаси уденгларга безак беришга киришди. Кунлар тунга, тунлар кунга уланди…
Бир куни эрталаб Маркабоннинг катта уйидан қалбларни ларзага солувчи чинқириқ эшитилди:
— Қўйиб юбор! Қўйиб юбор деяпман!..
— Ойи, эшитяпсизми? Инем бақираяпти! Ойи!.. — дея чақирдим онамни.
— Ухла, ухла, болам… Улар жанжаллашаяпти. Бечора Инем!..
— Улар нега уришишяпти, ойи?
Саволим жавобсиз қолди. Кейин атрофга жимлик чўкди ва мен ухлаб қолдим.
Бундай чинқириқ ва инграшлар деярли ҳар кеча такрорланарди. Ҳар сафар онамни уйғотардим ва у ачиниб:
— Шўрлик, бечора қизча! — деб қўярдилар. — У ҳали гўдак, ахир. Қийналаётган бўлса керак-да!..
Кунларнинг бирида Инем бизларникига келди… Унинг оқариб кетган чеҳраси ҳамон кўз ўнгимда. Гўё унда бир томчи қон ҳам қолмагандек эди. Инем нимадир демоқчи бўларди-ю, лекин айтолмасди; кўз ёшлари бўғарди уни.
— Нега йиғлаяпсан, Инем? Нима бўлди, қизим? — сўради онам.
— Бегойим, — деди Инем ўпкасини босолмай, — мени ўзингизга қайтариб олинг. Олақолинг!..
— Ахир сенинг эринг бор, Инем…
— Ўзингизга қайтариб олинг!..
— Нега, Инем? Маркабон сени хафа қилаяптими? — сўради онам.
— Бегойим, менга раҳмингиз келсин…
— У ҳар кеча мен билан олишади, қийнайди, оғрияпти десам ҳам, оғритаверади… Эрим бўлишини истамайман! Истамайман!
— Йўқ, йўқ, Инем, — уни тинчлантиришга уринарди онам. — Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўлиб кетади! Ахир эрга тегишни ўзинг хоҳлагандинг-ку?!
— Ҳа, бегойим… Лекин… Лекин…
— Эсингда бўлсин, Инем, хотин ҳамиша эрининг гапига кириши, унга бўйсиниши керак. Бўлмаса аждодларимиз сени лаънатлайдилар.
Инем индамас, кўз ёшлари ҳамон юзини юварди.
— Майли, энди уйингга борақол. Эрингга қулоқ сол. Эринг ҳар қанча ёмон бўлмасин, унинг айтганини қил, чунки у сенинг хўжайининг.
Инемнинг кетгиси келмасди.
— Қани, Инем, борақол энди! Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўлиб кетади! Оллоҳ раҳмдил, қизим!..
Инем аста юриб, чиқиб кетди.
— Бечора, шўрлик қизча! — дея пичирлади онам, унинг орқасидан қараб.
Эсимда, ўшанда онамдан сўраган эдим:
— Ойи, дадам ҳам сиз билан олишармиди?
Онам сергакланиб менга қаради-да, кейин жилмайди.
— Йўқ, — деди онам. — Сенинг отанг… дунёдаги энг яхши одам, Мук!
Ва биз кетмонни олиб, томорқага қараб жўнадик.
Орадан бир йил ўтганини сезмай ҳам қолдим. Инем бизларникига яна келди. У анча ўзгарган, катта бўлиб қолганга ўхшарди.
— Бегойим, — деди у онамга бошини хам қилиб, — энди менинг эрим йўқ…
— Нима, сен бева бўлиб қолдингми?
Инем индамади.
— Нима бўлди ўзи? Айтсанг-чи?
— У мени калтаклади, бегойим.
— Урдими? Демак, сен гапига кирмабсан-да?
— Йўқ, бегойим. Сиз нима деган бўлсангиз, мен шундай қилдим… Ҳаммасини қилдим!..
— Мен сенга ишонмайман… Агар хотини айтганини қилса, эркак ҳеч қачон унга қўл кўтармайди.
— Бегойим, жон бегойим, мени яна ўзингизга қайтариб олинг, — деди ялиниб Инем.
— Инем, — деди онам, — сен энди эринг билан яшамаяпсан, бизнинг уйимизда эса катта болалар бор…
— Нима, болалар мени уришадими?
— Гап бунда эмас, Инем. Тушунсанг-чи… Сен энди бизнинг уйда қололмайсан. Одамлар нима дейишади?
Қизчанинг кўзларида ёш ялтиради.
— Хайр… — деди у овози қалтираб.
Инем уйида ошиқча юк эди. Ҳамма уни урар ва сўкарди. Отаси ва онаси, укаси, амакиси ва холаси қизчани хўрларди. У бизникига ҳам бошқа келмасди. Кўчада камдан-кам кўринарди.
Баъзан Инемнинг чинқириғи бизнинг уйгача эшитиларди, аччиқ ва аламли чинқириқ. Уни эшитмаслик учун қўлларим билан қулоқларимни маҳкам беркитиб олардим.

Русчадан Ҳулкар Файз таржимаси