Одам, китобларини сотишга аҳд қилди.
Бутун кеча кроватида ағанаб чиқди. Ҳеч уйқуси келмади. «Китоб сотиш!» Кўнгли ғаш бўлиб, ниҳоят соат учларга бориб ухлай олди. Эрталаб турганда икки чаккаси зирқирарди. Ташқарига чиқди. Юз-қўлини ювди. «Лекин китоб сотиш!..» Чаккадаги оғриқ ҳамон босилмасди. Ховлига чиқди, кирди, кийинди. Ойнага қараб ўз аксини кўрмади. «Китоб сотиш!» У сочини тараркан, тароқ этга ботди ва териси шилинди… «Ҳа, барибир китобларни сотиш керак!»
— Нима қиляпсан ўзи, жоним? Қара, тосга туртилиб, сувни тўкиб юбординг! — деди хотини.
— Сувни мен тўкиб юбордимми? Пардон!
Китоб сандиғининг олдига бориб ўтирди. Булар унга нақадар яқин эди-я! Ҳар бир китобда ундан, унинг фикрларидан бирон нарса қолган… Ҳар бир китобнинг варақ четларига қўшимча, белги, мулоҳазалари қўйилган… Ёки ёққан жумлаларнинг ости чизилган…
— Бугун сотади-а, ойижон? — деб секингина сўради қизча онасидан.
Она қизига ҳўмрайиб қўйди. Қизча жим бўлиб қолди. Лекин нега? Ахир нима қилсин, унинг қорни очган эдида! Китоб қорин тўйдирмайди-ку…
Вой-бў, қанча китоб-а! Сотаверсин, ҳаммасини сотсин. Агар отасининг ўрнида у бўлгандайди, ўйлаб ўтирмай сотаверарди…
Одам китобларини ажратиб ўтирарди. Қизча отасига яқинлашди. У бир нарса сўрамоқчи, аммо отасининг жахли чиқмасмикан?
Отаси жилмайди… У тишлари орасидан ҳуштак чалар эди… Гоҳ-гоҳ бошини чайқар, варақлаб-варақлаб бир нарсаларни ўқир, кулиб қўярди. Кейин китобни ёпиб хўрсинди-да, иккинчи тарафга қўйди.
— Дадажон! — деди қизча секингина қўрқув аралаш.
Мана, Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» китоби. У Толстойни жуда ҳам севарди. Дарвоқе, унинг ўзида Толстойга ўхшашлик бир нарса бор… Мана, «Менинг университетларим», Айниқса буниси… унда Горькийга ҳам ўхшаш бир нарса бор… Эҳтимол бу Горькийдай оғир ҳаёт кечирганидандир…
— Дадажон!
Қизчанинг юраги дук-дук урарди. Ахир қорни оч-ку… Очдан-оч ўтириб бўладими? Қорни очди, очди, очди… Демак бу китобларни сотади… Лаънат-эй ҳаммасига ҳам…
Китобларни айирди, газетага ўради, ўрамларни каноп билан маҳкам боғлади. Икки ўрам китоб икки қўлтиғида, уйдан чиқар экан:
— Тушликка ҳеч бало йўқ! Қайтишингда иккита нон, қоқ гўшт ва тухум опкегин, — деди хотини.
Қизчанинг сўлаги оқиб кетди.
— Ойижон, лимонам ол десангиз бўлмасмиди? Лимонсиз чой яхши бўлмайди-ку! — деди отаси чиқиб кетгач ва ютиниб қўйди.
— Ойижон, қорним жуда-жуда очди. Бугун ҳамма гўштни ўзим еб қўяман!
Куннинг қизиғида китоб қўлтиқлаб олган Одам аста-секин борарди. Уни қайғу эзган, руҳсиз ва паришон.
Олдидан юк машиналар ўтар, таксилар виз-виз учарди… «Аммо лекин, китобларни сотиш керак?.. » У ўйга чўмган, ёнидан ҳар хил одамлар: хароб, башанг кийинган, ғоят гўзал хотинлар ўтиб кетарди. «Унга барибир, китобларни сотиш керак!»
Неча муюлишлардан қайрилиб, кўчалардан ўтди.
Китобларини бир дўстига сотмоқчи эди. Улар бир мактабда, бир синфда, бир партада ўтириб ўқишган эди. У бахтга ишонмаганлиги учун, дўсти «Автомобиль агентлиги»нинг хўжайини бўлиб қолганда ҳам, тасодиф холос, деб қўйди. Лекин на бўлса бўлсин, бу дўсти бошқа ўртоқларига ўхшамади. У эҳтимол пул билан ҳам ёрдам бериши мумкин эди. Аммо бунга унинг ўзи кўнмайди-да. Шунинг учун у: «китобларингни олиб келчи. Ҳаммасини жамлаб ҳисоблаймиз-да, ўн икки процент чегириб ташлаймиз» деган эди. Шундай қилиб қашшоқ дўстининг иззат-нафсини камситмади. Одам дўстининг идорасига кирди. Кошкийди кирмаса. У ерда Наждат ўтирарди. Наждат ҳам мактабдош ўртоғи. Бир мактабда, бир синфда ўқигану, аммо у, бошқа партада ўтирарди. Наждат ҳозир доктор. У-чи?
Одам ҳанг-манг бўлиб қолди. Наждат ҳали-ҳали аввалгидай. — Устида яхши тикилган костюм, лабида нафратомиз кулгу… «Наждат китобларни сотиб, иккита нон ва қоқ гўшт олишимни билиб қолади» деган фикр хаёлидан ўтди. Унинг келганини Хайри кўрган эди.
— Хўш, китобларингни олиб келдингми?
Наждат ҳали ҳам кинояли нафратомуз қараб турар, кўзлари китоб ўрамларига қадалганди. Ажабо, Хайри унга: «Менга китобларини ўз нархидан ўн икки процент арзонга сотмоқчи… Ачинарли ҳолга тушиб қолибди. Раҳмим келди… Китоблари керак ҳам эмас-у, озгина бўлсада ёрдам-да» деганмикан-а? Ҳар ҳолда айтганга ўхшайди… Айтган, бўлмаса Наждат китобларга бундай кўз билан қарармиди?
Худди шу вақтда Хайри доктор Наждатга китоб ҳақида гап очди. Унинг қулоқлари шанғиллаб, кузлари тиниб кетди. Хаёлида Наждат билан дўсти гоҳ узоқлашиб, гоҳ яқинлашаётгандай, яна яқинлашиб, яна узоқлашаётгандай пириллаб айлана кетдилар…
Наждат ҳамон тикилиб турарди. Унинг кўзлари кўмкўк ва ҳийлакор.
— Йўқ! Китобларимни сотмасликка қарор қилдим, — деди у, бирданига.
Улар тикилиб туришар… Наждатнинг кўм-кўк ва хиёнаткор кўзлари ғам босгандай кўринди.
— Иш топдим. Китобларни сотиш фикридан қайтдим.
Улар бир нарсалар сўрашди, у гапираверди, гапираверди, улар сўрашаверди. У алланималарни гапириб бердики, қаршисида ўтирганлар ўринларидан турди, у ҳам турди. Биргаликда бир ресторанга боришди. Қоронғироқ ва салқингина ресторан… У ҳамон ўйчанди. Ортиқ хаёлига иккита нон ва қоқ гўшт келмасди. Йўқ, келмасдимас — келарди, лекин бўлаётган воқеалар унинг ўзига бўйсунмасди.
* * *
— Ойижон, пешин бўлди-ку. Дадамлар ҳеч келмаяптила-ю… — дейди қизча.
— Келади қизим, келади, сабр қил!
— Ҳеч, чидолмийман, қорним оғриб кетяпти, худди деворлар қимирлаётганга ўхшаб кетяпти.
Хотин эрининг ҳали-бери келмаслигини биларди. Китобларни сотган бўлсайди, аллақачон келган бўларди. Эри ишлаган вақтларда уйим-жойим деб куйиб-пишишлигини яхши биларди. «Албатта, олмаганлар… Лаънатилар!.. Инсонлар нега бунчалик тош бағир-а? Биз уларга нима ёмонлик қилдик? Қанча-қанча меҳмонхоналари, боғ-роғлари, автомашиналари бор… «Ахир нега эрини фабрикага ишга олишмайди? Қизғанадиларми?» Хотин мийиғида кулиб қўйди: «Қизғанадилар, ҳақиқатан қизғанадилар!»
— Уҳ, ойижон, дадамлар келмайдилар дедим, келмайдилар!
— Келади қизим, албатта келади, сабр эт!
Хотин қўшнисидан қарзга яримта нон олиб чиқади. Қизча нонни ана-мана дегунча очкўзлик билан еб қўяди.
Соат кетидан, соатлар ўтиб, кеч бўлади. Қизчанинг яна қорни очиб, уйқу босади. У кроватга чўзилади, онаси устига ип шолча ташлаб, қўшнилариникига чиқиб кетади. Зора битта-яримтаси нарса тикдирибми ёки полми, кирми ювдириб қолса…
* * *
Эшик ланг очилади. Китоб қўлтиқлаган Одам кўринади. Гандираклаб-гандираклаб маст-аласт ичкарига киради. Хонасига ўтади. Уй ўртасида туриб қолади. Кулимсираб қўйиб бош чайқайди. Ойна олдига келади, ухлаб ётган қизини кўриб қолади. У томон юраркан қўлтиғидаги китоб ўрамларининг бири ерга тушиб кетади. Жаҳл билан иккинчи ўрамни ҳам улоқтиради. Оёқлари билан тепади:
— Қани у?
Қайтиб ойна олдига келади ва ўз-ўзини синчиклаб қарайди: юзи сўррайиб соқоли ўсиб кетган. Ич-ичига кириб кетган, қон қуйилган кўзлар… «Эркакмиш? Шуям эркакми… Оила боши… Севмаса ҳам ҳақли!» Бир уриб ойнани синдиради. Ойна парчалари жаранглаб полга тушади-да, қиз уйғониб кетади. Дадаси қўллари белида, ойна парчаларига тикилар ва оёқлари билан топтарди.
— Дадажон!
Одам қизига қарайди, у ҳам кўнглига ёқмайди.
— Риёкорлик қилма!
Қиз қўрқув ва даҳшат тўла кўзларини отасидан олмасди.
Отаси тинмай гапирарди:
— Сенлар мени севмайсиз, сен ҳам, онанг ҳам… мени севмайсизлар! Ёлғон гапирасизлар, ёлғон!
— Худо ҳаққи яхши кўрамиз дадажон… Мен сизни жудаям яхши кўраман…
— Ёлғон гапирасизлар, на сен, на онанг мени заррача бўлмасин севмайсиз! Сенларга мен ўлиб қўя қолсам, яна ундан кейин…
— Ойимлар яхши кўрмасаларам, мен жуда яхши кўраман дадажон…
— Ишсиз отани, ишсиз эрни ҳам севадиларми?
Қиз йиғлайди. У дадам жинни бўлиб қолибди, деб ўйлайди. Отаси бўлса ҳамон гапирарди.
— Шу маҳалда қаерда юрибди? Ким билади? Қўшнилариникида эдим дейди-да! Мени алдашга тушади, алдадим деб ўйлайди.
Ҳамма ёқни қоронғулик босди. У гандираклаб кетиб, деворга суяниб қолади. Эсига келмайдими ёки ортиқча исрофгарчилик бўлмасин дейдими, чироқни ҳам ёқмайди. Борган сари ўзини ёмон сезади. Боши айланади…
Хотин уйга қайтганда, алламаҳал бўлган эди. У чироқни ёқиб, полда ётган эрини кўрди. У китоб ўрамларидан бирини бошига қўйиб олганди… Қизи ўтирган ерида ухлаб қопти.
Хотин чуқур уҳ тортди ва очиққанини яна ҳам қаттиқроқ сезди.
Туркчадан Тоҳир Иброҳимов таржимаси