Ўрхон Камол. Болалар ва катталар (ҳикоя)

Кўр аёл сариқ рангли данғиллама иморатнинг эшиги олдида ашула айтгандай қилиб, хайр сўрарди. Унинг ёнгинасидаги тротуарда шўрлаб, ёғи чиқиб кетган дўппи кийган олти яшар ўғли, Бўғозичи, Енижа ва Бафра Мадан папиросларининг гильзаларини териб ўйнарди. У асфальтга катта доира чизар, ичига ранги ўчиб кетган гильзаларни териб, ўн беш қадам нарига борарди-да, уларни доирадан уриб чиқазиб юборарди. У қизиқиб ўйнар, сўкинар, ўзича шодланиб куларди.
Бир уришдаёқ доирадан ҳамма ерга суртила бериб, рангларини йўқотган гильзаларнинг қоғозларини чиқариб юборгудай бўлса, шодлигидан юзлари, ингичка бурма терлаб кетарди.
Шу вақт сариқ уйнинг эшиги очилди. Сочлари силлиқ таралган, тоза кийинган бола учта ғилдиракли қизил велосипеднинг рулини ушлаганича уйдан кўчага ҳайдаб чиқди. Оёғидаги ботинкаси эса ялтираб турарди. У ҳам бояги кўчада ўйнаётган бола билан тенг бўлиб, олти ёшларда эди. У велосипедини асфальт йўлкага чиқарди-да қашшоқ болани ҳайратда қолдириб машинасига ўтирди. Қашшоқ бола сопол парчасини қўлида тутганича, қизғанмасдан тикилиб унга қаради. Бечора бола ҳайрон бўлиб қолди. Унинг машинани уста бир шофердай юргиза билишига чинакам ҳайрон эди. Бойвачча бола велосипеддан ҳам, ботинкадан ҳам, уйидаги «кийимингни ифлос қилма, ёмон сўзларни айтма, лойдан юрма…» деб жовраб айтилган сўзлардан ҳам жуда зериккан эди.
Қашшоқ боланинг сопол парчасини отиб ўйнаш санъатидан бошқа кўрсатадиган ҳеч балоси йўқ эди. У ерга катта бир доира чизди. Унинг ўртасига гильзаларни қўйиб, ўн беш қадам узоқлашди ва мўлжаллаб туриб сопол парчасини отди.
— Ана қара!
Сопол қоғоз устини ялаб ўтди.
— Уҳ! — деб юборди бойвачча.
Униси илжайиб қўйди. Сопалакни олди-да, яна қайтариб отди. Сопалак эса қоғоз устидангина ялаб ўтиб, бойваччани яна «уҳ» дейишга мажбур қилди.
— Туфу! Нима қилдинг! Ахир, ҳар гал боплаб қойил қилардим.
Бойвачча велосипеддан тушди-да, унинг олдига бориб сўради:
— Нуқул бир галда уриб чиқарармидинг?
— Албатта, биттада… Бу гильзаларнинг ҳаммасини ютиб олганман. Мана булар «клуб» — беш қуруш, булар мана «Енижа» — ўн қуруш, «Бўғозичи» — йигирма қурушдан.
— Биттасини бер, кўрайинчи?
Бойвачча қоғозларни олиб, диққат билан қараб чиққанидан кейин, қайтариб берар экан:
— Буларни кимдан ютдинг? — деб сўради.
— Менми? Мусодан-да. Сан Мусони билмассан? Бизнинг маҳалламизда туради, аравакашнинг ўғли. Уларнинг бирталай жўжалари бор. Кучуклари ҳам туғди. Оқ, қора — ҳар хил кучукчалар. Менинг соққаларим ҳам бор, бир халта. Биз Мусо билан варрак ясадик, учирдик. У шундай варилладики, асти қўявер. Сенинг пирпирагинг борми?
Бойвачча жавоб берди:
— Йўқ. Ойим олиб бермайди. Сеники-чи, борми?
— Бор, иккита. Биттасини Мусо, яна биттасини ойим олиб берган. Ойим менга резинка қўғирчоқ ҳам олиб беради!
— Анови тиланчи хотин сенинг ойингми?
— Ҳа, ойим.
— Отанг борми?
— Йўқ.
— Нимага?
— Қаёқдан биламан?
— Ойинг пул топадими?
— Ҳа.
— Сизга ким қассобдан гўшт олиб келади? Ошхонада овқатингизни ким пиширади?
— Вой!.. Гапини! Бизникида ошхона нима қилсин? Бизникида овқат пиширилмайди?!
— Қоғозларингни менга бирпасга бермайсанми, ўйнардим.
— Бераман-ку… Сен бўлсанг унингга миндирасанми?
— Нимага?
— Ана унга.
Бойвачча:
— Велосипедгами? — деб сўради.
— Ҳа, ўшанга…
— Мина қол…
Қашшоқ бола ўша заҳоти қоғоз билан сопалак парчасини берди.
Бойвачча:
— Эртага келасанми? — деб сўраб қолди, — бобомдан гильзаларни сўраб обораман, ўйнаймиз… А? Келасанми?
— Ойим шу ерда тиламчилик қилса келаман…
Бойвачча асфальтга доира чизаркан, қашшоқ бола велосипед олдига келди. У ҳаяжонланганидан қалтираб титрарди. Ялтироқ рул, ғилдираклар… У шундай катта бахтга эришганига ишона олмас эди. Атрофни яхшилаб кўздан кечиргандан кейин, қўлини рулга чўзди, бироқ тегишга ботина олмади. Яна атрофига назар ташлади-да, дарров рулини маҳкам ушлаб севинчдан жилмайганича онасига қаради. Ҳамма нарса аввалгидай, ҳамма ўз иши билан шуғулланаётгандай. У педалга оёқ қўйди-да, кейин эгарга ўтириб олиб, титроқ товуш билан қичқирди:
— Ойи, ҳай ойи! Битта қаранг, қаранг-чи менга!
Онаси товуш келаётган томонга қараб бошини ўгирди, худди шу пайтда иккинчи қаватнинг деразасидан биров бақирди:
— Ташла уни, ташла дейман. Кўр бўлгур Ойнур, қаёққа йўқолдинг? Чоп тезроқ! Бола аллақанақа ифлос нарсани ўйнаяпти!
Данғиллама уйнинг эшиги тарақлаб очилиб, сочи машинада тақир қирқилган ўн уч ёшлардаги чўри қиз кўчага отилиб чиқди. У қашшоқ болани велосипеддан итариб йиқитди-да, кейин бойваччага қараб чопди, унинг қўлидагиларини тортиб олиб, улоқтирди. Сопалак иккига бўлиниб, қоғозлар чочилиб кетди. Буларнинг ҳаммаси кўз очиб юмгунча бўлиб ўтди. Чўри қиз ва велосипедли бола уйга кириб кетишди, эшик ҳам қирсиллаб ёпилди. Қашшоқ бола эса, асфальтга ағанаб ётганича ҳўнграб, аччиқ-аччиқ йиғлади. Кейин ўрнидан турди. Унинг оёқлари чиллайдай нозик ва кир бўлиб иштонининг увадалари очилиб шалвираб турарди. Тош кўчага ташланган қоғозларнинг олдига борди. Сопалагининг синганини кўриб, чўри қизни сўкди-да, онасининг олдига келди:
— Мени урди.
Онаси елкасини қисиб:
— Бўлди, жим! Ахир оёқ-қўлинг бутун-ку! Йиғлаётганингни эшитиб қолишса, бу ердан бизни ҳайдаб юборишади… Жим! — деди.
Бола бурнини қўлининг орқаси билан артди-да, бошқа сопол топиб. асфальтга янги доира чизди, қоғозларни терди. Ўн беш қадам нари бориб, мўлжалга тўғрилаб яна сополини отди…

Туркчадан М. Миртожиев таржимаси