Овқат кириб овқатдан кейин бир-икки пиёла чойни қайноқ-қайноқ ичганиданми, асаблари жойига тушгандай бўлди. Чарчоғи ёзилди. Отасининг чеҳраси ёришишини кутиб турганмиди, ёки бўлмаса эрталабки бўлҳо-бўлда гаплашиб ололмаслигига кўзи етганми, катта ўғил отанинг ёнбошига келиб жойлашди-да, паст овозда секин шипшиди:
– Оға, ўқишимнинг тўлов пули… қалай бўляпти экан?
– Бир иложи бўлар, болам. Фирма раҳбаримизга инсоф бериб қолса, икки-уч маошимни олдиндан берар. Эсига солиб турибман.
– Оға, мен калта курткада совқотиб юрибман, – деди дастурхонини йиғиштираётган қизи. “Шу арзимни неча айтдим ўзи” дегандай ийманиб, ерга қаради. – Олиб бера оласизми, оға?
– Оға, менинг этигим йўқ, ҳалиям ёзги туфлида юрибман, – деди қаёқдандир етиб келган кичкинтойи йиғламсираб.
– Айтгандай, сен кассага бориб, маҳаллақўмнинг ёрдам пулини олмадингми? – деди Сатмурод хотинига ялт этиб қараб.
– Олдим. Рўзғорда ҳеч нарса қолмаган, чой, тузгача тугаган эди, оғаси, шуларга харж қилдим, – хотини айб иш қилган одамдай ерга қаради. – Эртага нариги кўчадаги ўртоғингиз Маден келин туширяпти, шанбада овулдаги қариндошимиз Қурбонниёз ўғлини уйлаяпти… Оғаси, уларга ҳам қуруқ қўл боролмаймиз…
– Тўйга товуқларнинг бир-икковини сотиб, тухумларини пуллаб, ўзинг бориб қайтасан. Биласан-ку, менинг тўйга унчалик ҳушим йўқ… Қўранинг ичи иссиқ шекилли, макиёнлар тухумлаб юришгандир ахир?! – деди Сатмурод қизишиб.
– Тухумлаб юрибди, бироқ ҳар куни пишириб, дастурхонга чиқараяпман-ку, оғаси, бола-чақанинг оғзидан ортармикан? – инқиллади хотини.
– Уч-тўрт кун тухум емасдан турармиз. Тўйларингни эплаб ўтказиб ол, – деди-ю, бошини чангаллаганича ҳовлига чиқиб кетди. Қон босими хуруж қилиб қолди.
Ташқарига чиқди-ю, кўз қурғур бир нуқтада турадими, уйнинг икки тарафидаги икки қўшнисининг саройдай-саройдай ҳовлиларига тикилиб-тикилиб қаради. Хаёлга сиғмайдиган даражада ҳашаматли, ваҳимали ҳовлилар орасида ўзининг уйи товуқнинг катагидай кичкиналигини кўриб, юраги қақшади. “Бу икковининг ўртасида кўзга ботган ярадай ярашмай турар экан, аввалроқ сотиб юборганимда яхши бўларди-я” – кўнглидан ўтказди у. Ростдан ҳам, мана шу қўшнилар бундан беш-олти йил аввал бир-бири билан уришиб-жанжаллашиб қолган, “мен оламан-а, йўқ, мен оламан”лаб, кўчага чиқишган, сўнг икковиям Сатмуроднинг уйига калондимоғлик билан кириб келишган эди. “Менга сотасан-а уйингни!” деб, бир-бирига сўз бермай, анча талашишди.
– Нима гап ўзи? – деганди ўшанда Самурод.
– Уйингни сотмоқчи экансан-ку, менга сотиб қўяқол! Ўзим оламан! – деган биринчи қўшни.
– Қайси уйни айтаяпсан?
– Мана шу уйингни-да, сотадиган бўлсанг менга сот, икки ҳисса кўп пул бераман! – чиранган иккинчи қўшни.
– Менга сотсанг, уч баробарига оламан! Ҳовлимни кенгайтиришим керак. Бўлмаса сенинг манави кулбангга кўзим учиб тургани йўқ. Менга сотсанг, текислатиб, ҳовлимга қўшиб юбораман…
Ўшанда ҳам Сатмуроднинг боши оғриб, йиқилиб тушишига бир баҳя қолган эди. “Нега мен бехабарман-у, сизлар менинг уйимни талашиб юрибсизлар! Мен сизларга уй сотаман дедимми?” деб қўшниларига бақирмоқчи бўлган, бироқ уларнинг ҳайбатларидан қўрққан. Қасдлашиб юришмасин, буларнинг қўлидан ҳар бало келади деган.
– Уйимни сотмоқчи эмасман. Туғилиб-ўсган жойим ахир! Мени кечирасизлар, – деб қутилган. Пул ҳавоси одамни бир гангитса қанақа бўлишини қўшнилар тимсолида кўриб тавбалар қилган эди ўшанда Сатмурод.
“Болаларимни ўқитаяпман. Худо хоҳласа, беш-олти йил ичида улғайишиб, ишли бўлиб, кўп пул топиб, хўжалигимиз ҳам оёққа туриб қолар…” – деб ўзини юпатганлари ҳозир яна эсига тушди. Ҳаммамиз ҳам шундай деймиз-у, бироқ ҳозир, айни шу лаҳзаларда Сатмуродга (ўзига эмас, болаларига!) фалон-фалондан пул керак эди. Ўқиш учун тўлов пули, йўл ҳақи учун пул, палто, этик учун пул, озиқ-овқат учун пул керак. Ҳар гал ёмғир ёққанда уйнинг шифтидан чакка ўтади, қор суви ўтади – демак, таъмирлаш учун пул керак. Шифер қоқтираман деса, эҳ-ҳе, неча сўм кетади? Шуларнинг барига пул керак, пул, пул, пул… “Эски этигимни яматиб кийишга ҳам рози эдим, бироқ шунинг ўзигаям пул керак. Бунча пулни қаэрдан топаман? Ким беради?! Ҳай, Аллоҳ-худойим, Ўзинг ёрлақа! Қатордан кам қилма!
Кузнинг кечки изғирин таъсир этдими, Сатмурод юрагининг зирқираганини сезди, тавба, худди нимадир бўладигандай. Нимаям бўлсин, ахир…
Шу пайт кўчадан ғизиллаб ўтаётган бир машина ғийқиллаб тормоз босиб келиб, нақ Сатмуроднинг пахса девори тагида тўхтади. Машина эшигининг қарсиллаб очилгани, ҳайдовчи йигитнинг машина тепасига сакраб чиқиб, кўча томондан Сатмуроднинг ҳовлисига аланг-жаланг қараётгани кўринди. Кейин йигит Сатмуродга кўзи тушди-ю, қўлидаги каттагина қопчани ҳовли ичига отиб юборди. Воқеа шу қадар тезлик билан рўй бердики, нима бўлганини Сатмурод англаёлмай ҳам қолди. Қопча учиб келиб, аввал Сатмуроднинг бошига тегди, кейин оёқлари остига гурсиллаб тушди. Нотаниш йигитнинг овози эшитилди.
– Шошиб турибман! Изимдан қувиб келишяпти, оға! Пулни тез яшир, бу сенга омонат! Бир-икки кундан кейин келаман. Келмасам, ишлатаверинглар. Машина катта тезлик билан йўлга тушди. Шунинг орасида қувишиб-ҳайдашиб келаётган икки-уч машина ҳам кўчанинг бурилиш жойида бир секинлаб, кейин зўриққан овозда чувиллаб ўтиб кетди.Сатмурод нималар юз берганини англаб етмаса ҳам, оёғи остига тушган қопчанинг ичи тўла пул эканлигини сезди. “Тавба, худди эртакдагидай бўлди-ку!” деб анчагача анграйиб турди-да, қопчани қўлига олиб, уйга кириб кетди.
Неча чақиримдан югуриб келгандай, ҳарсиллаганича тўрдаги хонага ўзини урди. Қопча оғзидаги ипни бўшатиб, ичидагиларни ерга тўкиб ташлади. Бари – бели букилмаган банкнотлар. Санаб охирига етолмайсан. Жуда кўп!
– “Чин кўнгилдан йиғласа сўқир кўздан ёш келар”, деганлари рост келдими, ёки Сатмурод оқкўкрак-поккўкрак бўлиб кўкка ёлворганининг натижасими, бунисини бир Яратганинг ўзи балади, лекин воқеанинг бўлиб ўтгани аниқ эди. Ишонмай деса, мана даста-даста саноқсиз пуллар сочилиб ётибди. Ишонай деса… Тавба-э тавба! Сатмурод ҳам, хотини ҳам туш эмасмикан, дегандай ёнбошларини чимчилаб-чимчилаб кўришди, кафтларини тишлаб кўришди. Охири, шуларнинг бари рост эканига ишонишди. Ва…
Оиланинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларига, институтнинг тўлов пулига, янги палто ва этикка, ўзининг йиртиқ этигини тиктиришга, тўёнага деб, осмондан тушган пулдан қарзга деб олиб, ишлатишди. Қолган пулга тегишмади. Пул жуда кўп эди, тугайдиган эмас, шунда ҳам Сатмурод нафсига ҳай бериб, сабр қилди.
Орадан кунлар ўтаверди. Қопчани ташлаб кетган йигит қорасини кўрсатмади. Ё бировни юбормади. Ўн кун, йигирма кун, бир ой… икки ой… ўн ой, бир йил ўтиб кетди. Йигитдан хабар бўлмади. Сувга чўкдими, қумга ботдими, гум бўлди.
“Тирик бўлганида, шунча пулни излаб-суриштириб бир келарди. Ўша куни машинада қочаман деб офатга учраб, қайтиш қилдимикан? Бироқ, қазо топган бўлса ҳам шунчалик кўп пулни сўраб-суриштириб кимдир, қачондир шу кўчадан ўтиши керак эди, ахир. Сўроқсиз, хабар-ўчарсиз ирғиб тушаверадиган пул – пул қанақа пул экан у? Балки, ким билади дейсиз, ўша йигит тирикдир? Яна бир йил кутайин-чи, шунгачаям келмаса, илож йўқ, ҳукуматга топшириб юбораман-да”, деган фикрга келди у.
Номаълум йигитнинг ким эканлигини Сатмурод жуда билгиси келди. Ўғрими, каззобми, йўл тўсарми, порахўрми? Балки уйини ёки машинасини сотиб, каттакон пулга эга бўлган-у, бироқ ўша лаҳзанинг ўзида қароқчиларга учраган бир пешонаси шўр одамдир, ким билсин?!
“Қаёқдан тўпланган пул бўлса ҳам, бироқ шу пуллар мен учун ҳалол эканлиги аниқ, сабаби, менинг олдимга бу пуллар ўз оёғи билан келиб тушди…”
Хотини билан неча маротаба машварат қурди. Охири бир қарорга келдилар: йигит келиб, бу пулнинг қандай пул эканлигини айтмагунча, хазина топиб олганлари ҳақида ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмаслик керак. Яқин кунлар ичида қурилиш фирмаси ташкил қилиб, Сатмурод оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди, манави пулларни шунга қўшади – айлантиради, ўргилтиради, топган фойдаси билан қопчадаги пулни тиклайди, агар фойда ошиб кетаверса, ана ўша фойданигина харж қилади.
У ана шундай “тактика” билан режа тузиб, қопдаги пулдан яна “қарз”га деб пул олди. Шундай қилиб, белига қувват эниб, “бисмиллоҳ” деб енгни шимариб ишга киришди.
Сатмурод чаққон, саводли, ишнинг кўзини биладиган тадбиркор чиқиб қолди. Бунинг устига меҳнаткашлиги ҳам қўл келиб, сал кун ичида ишлари юришиб, чўнтакларига пул кира бошлади. Ҳозир ким кўп – уй қураман, ҳовли тиклайман, офис безатаман деб яхши уста излаб юрганлар кўп. Сатмурод мана шундай қурилиш-безакловчи фирма очиб, ёш-ёш, қобилиятли йигитлардан гуруҳлар тузиб, уларни иш билан таъминлашни йўлга қўйди. Пул оқиб кела бошлади. Уч-тўрт йилнинг ичида каталакдайгина уйининг ўрнида замонавий кўринишда тикланган, қўшнилариникидан ҳам ҳашаматли қилиб ҳовли тиклади. Кейин антиқа бир иш қилди: пулт билан очилиб-ёпиладиган каттакон дарвозасининг устига йиртиқ этигини осиб қўйди, қизиғи, бу этикларнинг бир пойи кўча томонда бўлса, иккинчиси уй тарафда эди. Албатта, чиройли қилиб тикланган евроманзарали уйнинг бежирим дарвозасига қаққайган бир пой этик ярашибгина тургани йўқ. Уйни томоша қилгани келганлар, қўшнилар, қариндош-уруғлар кулишиб, “Сатмурод оға, манови этигингни олиб ташласанг-чи, сира ярашмаяпти” деса, Сатмурод ҳам дарров жавоб қилади:
– Э, тураверсин. Ҳеч бўлмаса, мен тирик вақтимда кўзим тушиб тургани маъқул. Сўнг, майли, ўзлари билади. “Аёзхон, ҳолингни бил, қумурсқа, йўлингни бил” деган гап бор-ку, ахир. Эрталаб ўғилларим, келинларим, қизларим машинада ишларига кетаётиб, албатта этикка кўзи тушади. Шунда менинг рўзғор тебратаман деб қандай аҳволларга тушганимни ҳам эсларига олар, ахир. Одамзод қизиқ, йигитлар-ов, одамзод қизиқ, чўнтаги сал қаппайиб, пули кўпая бошласа, кечаги кунини унутади, қўшнилари олдидан кеккайиб ўтадиган бўлиб қолди. Шундай пайтда дарвоза олдида осилиб турган этикка кўзи тушса, кўнглига шайтон солган ҳовур босилиб, кечмиш кунларини эслай бошлайди. Кўзини босаётган ёғни артиб олади…
Бу этикнинг данғара1сининг эшитган одамлар қизиқсиниб, Сатмуроднинг кўчасидан машинасини ҳайдаб ўтадиган бўлишди. Баъзилар кула-кула бош чайқаб кетса, баъзилар машинадан тушиб, ўйланиб ҳам қолишади. Сатмуроднинг эски этигини кўриб, тавба қилгандай, ғалати бир тусда машиналарини секин ҳайдаб кетишади. Ишқилиб, этикка кўзи тушганларнинг ҳеч бири аввалгидай манмансираб, босар-тусарини билмай қолаётгани йўқ. Мендан ўтадиган бой борми?! деганлар этикни кўргач, сал дами босилиб, ўзларига келиб олишяпти.
Қайсидир бир йили ноябрнинг изғиринли кунларидан бирида Сатмуроднинг дарвозасидаги қўнғироқ жиринглади. Сатмурод бир қарашданоқ келган меҳмонни таниди.
– Уйга кир, иним! – деди у салом-аликдан сўнг. Чой ичгач, Сатмурод гавдали йигитнинг олдига икки қопчада пул қўйди.
– Менинг пулларим бир қопчада эди-ку, оға! – деди йигит.
– Иним-ай, “қозонинг қозон туғди”, деган гап бор-ку, ахир. Сенинг пулларинг ҳам пул туғди, олавер, бу пуллар ҳаммаси сеники!
Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржимаси