Камина ва қария Мак бу ўйиндан ҳар биримизга қирқ минг доллардан “олтин тўла хумча”ларга эга бўлиб, аранг қутулиб яшириндик. Мен Макни “қария” деб атаганим билан у қари эмасди. У қирқ бир ёшда эди. Шундай бўлсада Мак доимо кекса чолдай кўринарди.
– Энди, – деди менга Мак, – югур-югурлар мени чарчатди. Биз сен билан сўнгги уч йил ичида анча-мунча пул ишладик. Кел, андак дам олиб, кўнгилхушлик қиламиз.
– Айни муддао, – дедим. – Яхшиси, вақтинча подшолардай яшаб кўрамиз, қандай бўларкин? Хўш, нима қиламиз: Ниагара шаршараси бўйлаб саёҳат қиламизми ёки “фараон”1 ўйнаймизми?
– Кўп йиллардан бери, – деди Мак, – агар менда ортиқча пул бўлса, бирон ердан икки хонали кулбаи вайрона сотиб олиб, хитойлик ошпаз ёллайман ва битта пайпоғимни ечганча Боклнинг “Цивилизация тарихи”ни ўқиб ўтираман, деб орзу қиламан.
– Хўш, – дедим, – сохта дабдабасиз ҳам маза қилиб яшаса бўлади. Пулни яшириш учун бундан яхшироқ “банк”ни ўйлаб тополмайсан. Менга каккуқушли соат ва Сеп Уиннернинг “Банжо2 чалишни мустақил ўрганиш учун қўлланма”сини олиб берсанг бўлгани — биз сен билан шерикмиз.
Бир ҳафтадан сўнг Мак иккаламиз Денвердан ўттиз милча узоқдаги Пиня шаҳарчасига келдик ва айни биз учун керак бўлган икки хонали озода “кулба” топдик. Шаҳарча банкига бир вагон пул қўйиб, шаҳарчанинг уч юз қирқ нафар аҳолиси билан танишиб чиқдик. Хитой-ошпазимизни, каккуқушли соатни, Бокл ва Сеп Уиннерни Денвердан олиб келдик. Шундан кейин кулба худди ўз уйимиздагидек шинам ҳолатга келди.
Агар, бойлик бахт келтирмайди, дейишса ишонманг. Қария Макнинг тебранма стулда ўтириб, ипдан тўқилган кўк пайпоқли оёғини дераза токчасига қўйганча кўзойнак орасидан Боклнинг “дори” сини шимиб ўтирганини кўрсангиз эди — бу нақ Рокфеллернинг1 ўзи ҳасад қилган тўкин ҳаётнинг картинаси эди. Мен эса банжода “Яшавор, қария Зип”ни чалишни ўрганар, какку ўз вақтида фикрини билдириб турар, А-Син эса атрофни овқатнинг ҳидини ҳам чекинишга мажбур қиладиган қовурилган тухум ҳамда ветчинанинг2 ажойиб иси билан тўйдирарди. Боклнинг сафсатаси ва “Мустақил қўлланма” найрангларини муҳокама қилишга жуда кеч бўлиб қолганда Мак билан трубка чекиб, фан, марварид излаб топиш, Миср, орфография, балиқлар, пассат3, тери ошлаш, миннатдорчилик, бургутлар ва ҳеч қачон ўз фикримизни билдиришга вақтимиз бўлмаган турли хил нарсалар ҳақида суҳбатлашиб ўтирардик.
Бир куни кечаси Мак мендан, хотин зотининг феъл-атвори ва найрангларининг фарқига борасанми, деб сўраб қолди.
– Кимдан сўраётганингни биласанми? – дедим ўзимга ортиқча ишониб. – Мен уларни Алфреддан Омахагача (бошдан-оёқ дейилмоқчи) билгандек биламан, – дедим. – Мен Қояли тоғдаги ўткир кўзли бургутдек тез фарқлай оламан. Хотинларнинг хийла-найрангларини сув қилиб ичиб юборганман.
– Биласанми, Энди, – деди Мак хўрсиниб, – уларга нисбатан менда интилиш бўлмаган. Балки, улар билан яқин бўлишга мойиллик пайдо бўлгандир, лекин бунга вақт қаёқда дейсан. Ўн тўрт ёшимдан ишлаб пул топа бошладим. Фикру хаёлларим бу жинс вакилларига чорлайдиган ҳис-туйғулар билан банд бўлмаган. Гоҳида бундан афсусланаман.
– Аёллар — ўрганиш учун нобоп мавзу, – дедим, – буларнинг бари нуқтаи назарга боғлиқ. Улар бир-биридан фарқ қилсада, баъзи майда-чуйдаларда ўхшаш.
– Менимча, – давом этди Мак, – ёш пайтингда уларга қизиқиб, илҳомланганинг афзалроқ. Мен имкониятимни қўлдан бой бердим. Балки, мен уларни ўз дастуримга киритишга қариб қолгандирман.
– Билмадим, – дедим унга, – балки, сен пул тўла бочка ва ҳар қандай ғам-ташвишлардан бутунлай озод бўлишни афзал кўрарсан. Лекин мен уларни ўрганганимдан афсусланмайман. Аёл хийла-найрангларининг фарқига борадиган киши бу дунёда ўзини хафа қилдириб қўймайди.
Биз ҳамон Пиняда яшардик, бу ер бизга ёқиб қолганди. Баъзи одамлар пулларини шов-шув, шовқин-сурон ва у ёқдан-бу ёққа кўчиб юришга сарфлашни маъқул кўрадилар. Бироқ, югур-югурлар ва меҳмонхона сочиқлари Мак иккаламизнинг жонимизга текканди. Пиня аҳолиси бизга яхши муносабатда бўлишарди. А-Син ош-нонни дидимизга қараб тайёрларди. Мак ва Бокл икки қабристон ўғрилари каби ажралмас эдилар. Мен эса банжода юракни эзадиган “Буффалолик қизлар, оқшом чиқинглар”ни деярли аслидагидек чалардим.
Бир куни Спейтдан келган телеграммани қўлимга тутқазишди. У Нью-Мексикода кон қазирди ва мен ундан фоиз олардим. Жўнашга тўғри келди. У ерда икки ой қолиб кетдим. Пиняга қайтиб, ҳузур-ҳаловатда яшашга сабрим чидамасди.
Кулбамизга келиб, сал қолмаса ҳушимни йўқотай дедим. Мак эшик олдида турар ва агар фаришталар йиғлай олишса, онт ичаманки, бу дақиқаларда улар кула олишмасди.
Бу одам эмас, нақ томошанинг ўзи эди! Чин сўзим! Унга кўзойнак ёки дурбин тугул Лик обсерваториясининг телескопидан қараш керак эди.
Макнинг эгнида нимча, сюртук, оёғида ярақлаб турган ботинка, бошида цилиндр бор эди. Кўкрак чўнтагига ёронгул қистириб олганди. У жилмаяр ва қорни оғриётган боладай қийшайиб турарди.
– Алло, Энди, – тишлари орасидан гапирди Мак, – қайтиб келганингдан хурсандман. Сен йўқлигингда бу ерда баъзи бир ўзгаришлар бўлди.
– Кўриб турибман, – дедим, – ва бу куфр эканлигини ҳам тан оламан. Парвардигор сени бундай яратмаган, Мак Лонсбери. Ўзингни бу ҳолга солиб нима учун Унга шак келтирдинг?
– Биласанми, Энди, – деди у, – мени халқаро судя этиб тайинлашди.
Мен Макка диққат билан қарадим. Унинг юзи ташвишли ва асабий эди. Халқаро судя мотамсаро ва мулойим табиат бўлиши лозим.
Айни шу дам йўлакда қандайдир бир қиз ўтиб кетди. Шунда Макнинг жилмайганини ва қизариб кетганини сездим. Кейин эса у цилиндрини ечди ва кулиб таъзим қилди, қиз ҳам жилмайиб таъзим қилди ва йўлида давом этди.
– Агар, – дедим, – шу ёшингда муҳаббат дардига йўлиққан бўлсанг, тамом бўпсан. У сенга юқмайди деб ўйлагандим. Локланган ботинкаларинг-чи!? Буларнинг ҳаммаси атиги икки ой давомида рўй бердими?
– Кечқурун тўйим бор… анов гўзал қиз, – деди Мак ҳаяжонланиб.
– Почтада бир нарсани унутиб қолдирибман, – дея шошиб нари кетдим.
Юз ярддан кейин қизга етиб олдим. Шляпамни ечиб, ўзимни таништирдим. У тахминан ўн тўққизда эди, лекин хийла ёш кўринарди. У жаҳли чиққандай менга совуқ қараш қилди.
– Бугун оқшом тўйингиз деб эшитдим, – дедим.
– Тўғри, – деди қиз, – бу сизга нима учундир ёқмаяптими?
– Қулоқ сол, синглим, – дедим.
– Менинг исмим Ребоза Рид, – деди қиз ранжигандай.
– Биламан, – дедим, – шундай қилиб, Ребоза, мен ёш бола эмасман, отанг тенгиман. Анави куркага ўхшаб думини ёйиб, қулқ-қулқлаб юрувчи, локланган ботинкадаги кекса, ясаниб олган, денгиз касалига учраган, шарти кетиб парти қолган киши менинг энг яқин дўстим бўлади. Хўш, нима жин уриб сен Макка илакишиб, уни никоҳ маросимига судраяпсан?
– Ахир, бошқаси йўқда, – жавоб берди мисс Ребоза.
– Бемаънилик, – дедим унга ва атрофга аланглаб. – Бу чиройинг билан хоҳлаганингни илинтириб оласан. Қулоқ сол, Ребоза, қария Мак сенинг тенгинг эмас. Сен Рид бўлиб туғилганингда у йигирма иккида эди. Унинг қирчиллама даври узоққа бормайди. Қариб, бошида ҳар хил бемаъни хаёллар айланиб юрибди. Ҳозир унинг хотин-халажга ўчлик даври, фақат шугина. Ёшлигида ўз улушини қўлдан чиқарди, энди эса Амур1 нақд пул ўрнига қолдирган вексел2 бўйича фоизларни табиатдан ялиниб ундирмоқчи… Ребоза, бу никоҳ сен учун шунчалик зарурми?
– Албатта, – деди у шляпасидаги капалакгулни силкитиб. – Ўйлашимча, битта мен учун эмас.
– Тўй соат неччида бўлиши керак? – сўрадим.
– Олтида, – деди.
Мен дарҳол қандай йўл тутиш кераклигини ҳал қилдим. Макни қутқариш учун барча чораларни кўришим керак. Шундай яхши, ёши қайтган, оила қуришга ярамайдиган одамни ҳали қалам тишлаш одатини ташлай олмаган қандайдир қиз учун қурбон бўлишига йўл қўйиш — йўқ, бунга шунчаки қараб туролмайман.
– Ребоза, – дедим жиддий, – наҳот Пиняда сенга ёқадиган бирор одам… дурустроқ бошқа бир йигит бўлмаса?
– Бор, – деди Ребоза капалакгулини яна силкитиб, – албатта, бор. Шуни ҳам сўрайдими?!
– Сен унга ёқасанми? – сўрадим. – У сенга қандай муносабатда?
– Ақлдан озаёзган, – жавоб берди Ребоза. – Кун бўйи эшигимиз тагида ўтираверганидан ойимнинг у ерга сув қуйишига тўғри келяпти. Аммо эртага, ўйлайманки, бунга чек қўйилади, – тугатди гапини хўрсиниб.
– Ребоза, – дедим, – сенда Макка нисбатан севги ҳисси бўлмаса керак, тўғрими?
– Шу етмай турувди! – деди қиз бошини чайқаб. – Менимча, у тешик бочкага ўхшаб қуриб қолган. Ўйлаб топган нарсангизни қаранг-у!
– Бу сен ёқтирадиган йигит ким ўзи? – суриштирдим.
– Эдди Бэйлз, – деди қиз. – У Кросбининг колониал дўконида ишлайди. Бироқ, ойига бор-йўғи ўттиз беш доллар топади. Бир вақтлар Элла Ноукс уни деб ақлдан озганди.
– Макнинг айтишича, – дедим, – бугун кечки соат олтида тўйларинг бўлар эмиш.
– Тўппа-тўғри, – деди у, – соат олтида, бизникида.
– Ребоза, – дедим. – Қулоқ сол! Агар Эдди Бэйлз нақд минг долларга эга бўлса… минг долларга у хусусий дўконга эга бўлишини ҳам ҳисобга ол… Хуллас, агар Эдди икковингизнинг қўлингизга шунча пул тушса, Эдди билан бугун кеч соат бешда никоҳдан ўтишга рози бўлармидинг?
Қиз менга тикилиб қолганлигидан бундай вазиятларда аёллар учун одат бўлмиш ифодалаб бўлмайдиган ўй-фикрлар унинг вужудини эгаллаётганини сездим.
– Минг доллар? – деди у. – Албатта, рози бўлардим.
– Кетдик, – дедим. – Эддининг олдига.
Биз Кросбининг дўконига йўл олдик ва Эддини ташқарига чақирдик. Эддининг юзини сепкил босган экан. Таклифимни айтганимда у иккиланиб қолди.
– Соат бешда? – деди Эдди. – Минг долларга? Э-э, мени уйғотманглар. Тушундим! Сиз Ҳиндистонда зираворлар савдоси билан бойлик орттирган амакисиз. Мен эса қария Кросбидан дўконни сотиб оламан — қарабсизки, ўзимга ўзим хўжайинман.
Дўконга кириб, Кросбини четга тортдик ва ҳаммасини унга тушунтирдик. Мен минг долларлик чек ёзиб, қариянинг қўлига бердим. У агар соат бешда Эдди ва Ребоза никоҳдан ўтадиган бўлишса, дўконни уларга топшириши керак эди.
Кейин эса уларни дуо қилиб, ўрмонга сайр қилгани жўнадим. Тўнкага ўтириб, ҳаёт, кексалик, тақдир, хотинлар мантиғи ҳамда инсон чекига тушадиган ташвиш ҳақида хаёл сурдим. Қария ошнам Макни иккинчи ёшлик касалидан қутқариб қолганим билан ўзимни табрикладим. Кўзи очилиб, тентаклиги ва локланган ботинкаларини ташлаганда у мендан миннатдор бўлишини билардим. “Макни бундай рецидивлардан1 қутқазиб қолиш учун, – ўйладим, – минг доллардан кўпроғи ҳам озлик қилади”. Айниқса, аёлларни ўрганганимдан, уларнинг биронтаси мени инжиқликлари-ю хийла-найранглари билан алдай олмасликларидан хурсанд эдим. Уйга қайтганимда, тахминан, беш-у ўттиз эди. Ичкарига кириб кўрдимки, қария Мак тебранма стулида ялпайиб ўтирибди, эгнида эски костюми, кўк пайпоқ кийган, оёқларини дераза токчасига чиқариб олган, тиззасида эса “Цивилизация тарихи”.
– Соат олтида тўйга борадиганга ўхшамайсан, – дедим ҳеч нарса бўлмагандай.
– А-а, – деди Мак тамакига қўл узатиб, – тўйни бешга кўчиришибди. Хат билан хабар беришди. Тўй аллақачон тугади. Ўзинг шунча вақт қаёқларда қолиб кетдинг, Энди?
– Тўй ҳақида эшитдингми? – сўрадим.
– Ўзим уларни никоҳладим, – деди Мак. – Сенга айтгандимку, мени халқаро судя этиб сайлашганини. Руҳоний қаерлардадир Шарқ томонларда қариндошлариникида меҳмонда юрибди, мен эса никоҳ маросимларини ўтказишга ҳуқуқи бўлган шаҳарчадаги ягона кишиман. Бир ой олдин Эдди ва Ребозага, икковингни ўзим никоҳлаб қўяман, деб ваъда бергандим. Эдди ишбилармон йигит, йўлини топиб хусусий дўконига ҳам эга бўлади.
– Эга бўлади, – дедим.
– Тўйда жуда кўп хотинлар бўлди, – деди Мак, – лекин уларда бирор бир янгиликни сезмадим. Худди сенга ўхшаб уларнинг хийла-найранглари ҳақида билишни истардим… Ахир, сен айтгандингки…
– Икки ой аввал айтгандим, – дея қўлимни банжога чўздим.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси