Николай Гоголь. Сингилларга мактублар

А.В.[1]  ва Е.В.[2] ГОГОЛЛАРГА

 Ахен
1836 йил, 17 июль (эскича сана)
Ассалом, менинг бебаҳо сингилларим Анет ва Лиза. Сизлар мени ростдан ҳам соғинмагансизлар ва мен тўғримда камдан-кам ўйлайсизлар. Агар бу гапим нотўғри бўлиб, мени тез-тез эслаб турган бўлсаларингиз, шунингдек, мен билан қачон ва қаерда нималар кечаётганини билишни истасаларингиз, ҳозир барини бирма-бир айтиб бераман. Сизлар билан хайрлашганимдан сўнг ўша заҳоти пароходга ўтириб, Петербургдан жўнаб кетдим. Пароход нималигини биласизларми? Йўқ, пароходнинг нималигини сизлар билмайсизлар, чунки у ҳеч қачон деразаларингиз рўпарасида сайр қилиб юрмаган. Пароход – бу тўхтовсиз тутун бурқситиб юрадиган, мўри тозаловчилардек қоракуяга буланган, лекин оддий кемага нисбатан анча тез юрадиган кема. Пароходда сузиш сизларга ғаройиб кўринса керак, деб ўйлайман. Тасаввур қилинглар-а, бутун атроф денгиздан иборат – биргина денгиз, бошқа ҳеч нарса йўқ. Кемада сизлар зерикиб қолишларингиз турган гап, лекин биз катта бир жамоани ташкил этдик. Орамизда хонимлар ҳаддан ташқари бисёр эди. Уларнинг кўпчилиги сувдан ғоят қўрқишарди. Ҳатто улардан бири, француз элчисининг рафиқаси Барант хоним бўрон турган пайтда ваҳимага тушганидан додлаб юборди. Сизлар пароходнинг пастки қисмида катта, худди уйдагидек башанг зал бўлишини биласизлар, албатта. Шунингдек, ҳар биримизнинг кичкина ўз хонамиз бор. Хуллас, сузавериб-сузавериб, ниҳоят, бир ҳафта деганда, қирғоққа бориб тўхтадик… Бу ерда кўрганларимизнинг бари биз учун янгилик: шаҳар биздагидек қурилмаган, одамлар рус тилида умуман гаплашмайди, бир сўз билан айтганда – биз бегона мамлакатда эдик. Кўчалар тор, ҳатто шу даражада тор кўчалар борки, уй деразасидан қўлингизни чўзиб, у ерда ўтирган киши билан қўл бериб саломлашиш мумкин. Бинолар кўлами кичик, лекин баланд қилиб қурилган, олти-етти қаватлилари ҳам бор. Хуллас, Любек шаҳрида тушлик қилиб олгач, Гамбургга йўл олдим. Гамбург ғаройиб шаҳар, у ерда яйраб яшаш мумкин. Jungfernsteig деб аталмиш дарё бўйидаги кўчада сайр қилиб юрган одамлар шу қадар кўпки, шляпангни осмонга отсанг, ерга тушмайди. Ҳаммаёқда сайр қилувчилар мусиқа тинглаб, овқатланадиган, бетўхтов мусиқа чалиниб турадиган хилма-хил павильон – оромгоҳлар. Ажойиб ва бари ўта арзон нарсалар қалашиб ётган раста ва дўконларнинг ҳисоби йўқ. Мен сизларга бир нарса олиб қўйдим… нималигини айтмайман. Олиб борганимда кўрасизлар. Гамбургдаги уйлар мана шунақа. Томошалар боғда, театрда бўлади. Сизлар у ерда ўтирсаларингиз, албатта, роса кулган бўлардингизлар. Бу ерга немислар кўплаб келишар экан, хонимлар эса курсиларга ўтириб, олдиларига мўъжазгина стол қўйиб олиб, барчаси бутун томоша давомида пайпоқ тўқиш билан машғул бўлишар экан. Балда ҳам бўлдим. Аёллар кам, лекин мўйловли, мўйловсиз эркаклар ҳаддан ташқари кўп. Уларнинг кўпи инглизлар. Инглиз – бу ҳамиша ўзини эркин тутадиган, аёлларга терс қараб, оёқларини чалиштириб ўтирадиган, анча бўйдор эркак. Айтгандек, мен сизларга қизиқ бир бал ҳақида гапириб бераман. У ерга тасодифан бориб қолган эдим. Бир куни шаҳардан ташқарида сайр қилиб юрар эканман, ёрқин чироқлар порлаб турган каттагина бир уйни кўриб қолдим. Мусиқа ва гавжум одамлар менинг диққатимни тортиб қолди. Кўркам шамдонлар билан ёритилган чароғон улкан зал. Лекин мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, рақсга тушаётганларнинг барчаси этикдўзларга ўхшаб турли-туман одми кийимларда. Кўрсаларингиз кулгидан қотиб қолардингизлар. Бунақа рақсни умрингизда кўрмагансизлар: биров хонимни бир томонга, иккинчи биров бошқа томонга айлантиришарди. Баъзилар эса ҳатто айланмас, қўл ушлашиб, бир-бирларига кўз қадаганларича хонада шунчаки такалардек бемаъно сакрашар эди. Кейинчалик билсам, бу машҳур “Мат­рослар бали” экан.

Гамбургдан Бременга кетдим. Ғоят ғалати шаҳар. Бу ердаги черковни кўрганингизда эди! Бунақа қадимий, кўҳна бинони ҳеч қачон кўрган эмассизлар. Бу ерда яна нима кўрганимни айтиб берай. Ғаройиб хусусиятга эга бўлган антиқа бир ертўла. Бу ерга дафн этилган жасадлар чиримай-нурамай сақланиб қолар экан. Менга барча тобутларни очиб кўрсатишди. Мурдаларнинг териси бирмунча қуриган, холос. Биламан, уларни кўриш сизлар учун қўрқинчли, албатта. Икковингиз ҳам қўрқоқсизлар. Яна нималарни гапириб берсам экан? Дарвоқе, бу ерликларнинг ғалати одатлари бор: ўтиб кетаётганингизда ёш қизчалар извош ортидан югуриб, деразадан сизга гуллар отишади. Бунинг эвазига уларга майда чақа пуллар ташлашингиз лозим. Агар гулдастани қайтариб отсаларингиз, улар то бирон танга ташламагунингизга қадар аравачангизга гул отишда давом этаверишади.

Лиза, огоҳ бўл, биронта кишини севиб қола кўрма! Хайр, менинг бебаҳо жигарларим! Сизларни ўпиб қоламан. Бир нарсани илтимос қиламан: агар мени ростакам ҳурмат қиладиган бўлсаларингиз, ўзаро аҳил яшанг­лар. Бу илтимосимни бажармасаларингиз, демак, мени тариқча ҳам яхши кўрмайсизлар. Омон бўлинглар. Хат ёзиб туринглар! Мен сизларга катта кўламда хат ёздим. Сизлар ҳам шунақа узун хат ёзишларингизни хоҳлайман. Мактубларингизни Франкфурт-на-Майнега йўлланг.

Акангиз Николай Гоголь

Е.В. ГОГОЛГА

Венеция
1840 йи, 10 август
Бир йўа иккита хатингни олдим. Ниҳоят, доно қиз бўлибсан! Уларда мен учун анчагина қизиқарли ва ёқимли воқеалар батафсил баён этилибди. Бунинг учун, мана, сенга бир ўпич! Ҳавода ушлаб ол уни ёки, яхшиси, юзингни ушбу мисраларга қўй, бу сени ўпганим бўлади. Энди қишлоқ тасвири ва чойни қандай қуяётганинг, мураббони қандай қайнатишинг ҳақида баён қилинган хатингни сабрсизлик билан кутаман. Неча марта самоварнинг жўмрагини бурашни эсингдан чиқариб, дастурхонга қайноқ сув тўкканинг ва неча марта мураббо егандан сўнг лабларингдаги шакар мўйлов билан тушлик қилгани столга ўтирганинг, барини бирма-бир батафсил гапириб бер. Мен эса бунинг эвазига сенга бир-икки калима панд-насиҳат айтаман. Биринчиси, ўзинг тушуниб етмаган ҳар қандай янгиликлардан хавфсирайдиган ғалати одатинг бор. Мана, ҳозир ҳам билмай туриб, қишлоқда зерикарли, дейишинг турган гап. Мен эса, қишлоқда айни пайтда вақтингни ғоят кўнгилли ўтказишинг мумкин, деган фикрдаман. У ерда шуғулланиш мумкин бўлган ишлар бисёр. Мени айтди, дерсан, шаҳарга қайтиш фурсати келганда бундан афсус чекишинг турган гап. Эсингдами, Прасковья Ивановнаникига биринчи марта бориш пайтингда қанчалик ваҳимага тушган эдинг. Хўш, нима билан якунланган эди бу воқеа? Прасковья Ивановнани астойдил яхши кўриб қолдинг. Сен ўз ҳиссиётларингни қандай ифода қилишни билмайман, деб қайғурсанг-да, Софья Николаевна ва Надежда Карловналар ҳақида ҳамиша завқ билан гапирардинг. Лекин хатинг бошдан-оёқ ўзингни қоралашдан, қандай одам эканлигингни кўрсата олишингга халал берадиган тортинчоқлигингдан шикоят қилишдан иборат. Хулоса шуки, Прасковья Ивановна сенга бирон янги машғулотми ёки қаёққадир бориб келишними таклиф қилгудай бўлса, ҳеч қачон йўқ дема. Шунингдек, ҳар қандай ҳолатда ҳам астойдил кулишни канда қилма. Бу, аввало, ўзинг учун яхши: ҳам кўнгилли, ҳам фойдали. Таъкидлаб қўяй, ақлли қизча бўлиб юр. Лабларинг шакарга буланган бўлса-да, мана сенга яна бир ўпич! Хат орқали ўпганингда юқмайди.

Энди сенга қаттиқ танбеҳ бераман. Ҳозиргина ойижонимнинг хатини олдим. Нима қилиб қўйдинг? Ойижонимиз йиғлагудек бўлиб ёзибди. Хат ғоят безовта бўлиб битилган. Нарвондан йиқилиб тушганинг-у ўшандан бери кўкрагинг оғриб юрганини, уларни чидаб бўлмайдиган даражада соғинганингни нимага ёзасан? Шунақа бемаънилик қилгани уялмадингми? Нима қилиб бўлса-да, ойижонимизни тинчлантиришинг керак. Бу гапларингнинг барини аввало менга ёзишинг керак эди… Ойижонимизнинг ташвишлари бусиз ҳам етарли, сен бўлсанг ўзингнинг бунақа хатларинг билан унга баттар азоб беряпсан. У, фарзандларимдан бири бахтли турмуш кечиряпти, деб ўзини бирмунча овутиб юрган бир пайтда сен бунақа бемаза ишларинг билан азоб беряпсан. У ўзининг ҳамма нарсадан гумонсирайверадиган феъли туфайли сени сил касаллигига мубтало бўлгансан, деб ўйлаши мумкин. Оқибатда унинг ўзи касал бўлиб қолса нима бўлади? Анет синглимиз ҳам сенинг хатларингга бефарқ қарай олмаган. Менга йўллаган хатида ҳам сенинг тақдиринг ҳақида астойдил куйиниб ёзибди. Ёзган хатларидан шуни билса бўладики, у сени чиндан яхши кўради. Сенинг бу қилмишингдан ҳамон ҳайронман. Эсингни еб қўйганмисан? Ўн яшар қизчалардек, ўйламай-нетмай иш қилибсан. Хатоларингни тезда тузат. Ойижонинг билан Анетга ҳозироқ уларни тинчлантирадиган мазмунда хат ёз. Ойижонингга қандай мазмунда хат ёзганингни нима учун менга маълум қилмагансан? Демак, кўп нарсаларни мендан яшириб келасан, бу дегани мени яхши кўрмайсан. Чунки у ёки бу одам бирон ишни, ҳатто арзимаган жиндак бир нарсани сендан сир тутар экан, демак, у сени ҳурмат қилмайди. Хатингда мени ўзим тасаввур қила олмайдиган даражада яхши кўришлигинг тўғрисида ёзганингни ўқиб кулгим қистади. Йўқ, сен мени ҳеч қачон мен сени севганимдек сева олмайсан. Бу сен учун олис бир ҳолат. Сен мени ростакам яхши кўрганингда, менинг ҳар қандай истагимни, ҳар бир панд-насиҳатимни ўзинг учун муқаддас деб билган ва уларни бажариш сенга роҳат бағишлаган бўларди. Хўп, етар. Мени ўпиб қўй, фариштам! Лабларингдаги шакарни артиб ол. Худодан менга соғлик тилаганинг ва бошқалардан ҳам дуода бўлишни илтимос қилганинг учун раҳмат. Ростдан ҳам соғлигим ёмонлашган, ҳазилакам бетоб бўлмадим. Энди, худога шукур, яхши бўлиб қолдим. Хайр! Исо Масиҳ сенга ёр бўлсин! Прасковья Ивановнанинг қўлини мен учун бир неча марта ўпиб қўй ва менинг самимий миннатдорчилигимни Софья Николаевна, шунингдек, Надежда Карловнага етказ. Сени яхши кўриб ардоқлаганлари учун миннатдор эканлигимни айтиб қўй, бундан кейин ҳам сени шу даражада ардоқлашларини менинг номимдан илтимос қил. Дарвоқе, миннатдорчиликнинг унчалик аҳамияти йўқ, меҳр-муҳаббатни амалда кўрсатиш керак. Лекин бу ҳақда гапириб ўтирма, меҳр қозонишга ҳаракат қил. Насиҳатларим ёдингда бўлсин. Шунингдек, менинг номимдан Варинькага салом айтиш эсингдан чиқмасин. Исмини билмаганим учун шундай атаяпман. Дарвоқе, нимаики гўзал бўлса, унга қандай ном бермагин, ҳамиша гўзаллигича қолаверади. Унинг исмини менга маълум қил. Ўта зебо ва ёқимтой. Қалби ҳамиша нур сочиб тургандек. Такрор айтаман, эсингдан чиқмасин! Агар менга мактуб ёзиш сен учун ростдан ҳам ёқимли бўлса, бутун турмушинг ҳақида икир-чикирларидан тортиб барча-барчасини батафсил ёзиб юбор.

Аканг Н.

ВАСИЯТНОМАДАН

Вафот этганимдан кейин қандай асарларим нашр этилмасин, улардан келадиган даромаднинг ярмисини бева-бечораларга бериш шарти билан онам ва сингилларимнинг шахсий маблағига айланишини васият қиламан. Улар қанчалик муҳтож бўлмасинлар, бир умрга шуни эслаб қолсинларки, дунёда улардан кўра кўпроқ муҳтож бўлган кишилар бор. Камбағаллардан фақат ўз туриш-турмушларини тубдан ўзгартириб, яхши одамлар бўлишга астойдил йўл тутган кишиларгагина кўмак берилсин, бунинг учун ҳар бир камбағалнинг яшаш шароити ва ҳолати атрофлича ўрганилиб, тўла ишонч ҳосил қилгандан кейингина кўмак берилсин. Бу пуллар осонлик билан топилмаган, шу боис шамолга совурилмаслиги керак. Менинг вафотимдан кейин улар (онам ва сингилларим – тарж.) ўзлари ҳақида эмас, кўпроқ бева-бечоралар тўғрисида қайғуришлари лозим бўлиб қолади. Қишлоқ ва у ердаги мулкимиз бойларнинг кўркам тураржойларидек дабдабали эмас, ғариблар бошпана топадиган камтарона маконга айланиши ва бу ерга келган ҳар бир кимсани яқин қариндошдек очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ҳамият кўрсатиш, лозим бўлса ёрдам бериш, жуда бўлмаганда, илиқ гап билан кўнглини кўтариш керак. Хуллас, бу ерга келган кишилардан биронтаси қишлоқдан норози бўлиб кетмасин. Агар йўловчи ғарибона турмушга кўниккан оддий меҳнаткаш бўлиб, помешчиклар уйида яшашдан ўзини ноқулай ҳис қиладиган бўлса, меҳмонни қишлоқдаги турмуш шароити яхши бўлган, ўзига тўқ, бамаъни оилалардан бириникига жойлаштириш маъқул бўлади…
(1845 й.)

М.И. ГОГОЛГА[3]

Рим
1846 йил, 14 ноябрь (эскича сана)
Бу хатимдан кейин кўп ўтмай, балки у билан бирга васиятим баён этилган китобчамни оласизлар. Васиятномамнинг матбуотда чоп этилган, Сиз ва сингилларимга тааллуқли қисмини ушбу хат билан бирга жўнатмоқдаман. Худонинг марҳамати билан яна бир карра омон қолган ва яшаб турган, ёруғ дунёни кўраётган бўлсам-да, васиятномамни ўқиб чиқинглар ва тириклик чоғимдаги хоҳиш-иродамни, қисман бўлса-да, бажаришга ҳаракат қилинглар…

Сингилларимга васиятномани ва унга қўшимча қилинган, гўё вафот этган акаларининг сўнгги васияти сифатида бажарилиши ўта зарур бўлган бир неча калима сўздан иборат қуйидаги варақни диққат билан ўқиб чиқишларини тавсия этаман:

“Шу фурсатдан бошлаб барчага нисбатан янада илиқроқ муомалада бўлсинлар, ҳамдард бўлиб, кўпроқ меҳрибончилик кўрсатсинлар. Лизада ёш йигитлар билан гаплашган пайтида ўзини кўз-кўз қилишга ўхшаш мақтанчоқлик аломатлари пайдо бўлибди. Бундай одатни бас қилсин. Барча ёшларга, гўё уларни кўпдан танийдиган ака ё укаси билан муомала қилаётгандек, мен билан гаплашаётгандек, одоб ва назокат ила самимий муносабатда бўлишсин. Ҳар қандай кекса, ёши улуғ одамга нисбатан худди яқин қариндошидек, отаси бўлмаса-да, севимли амаки ёки тоғасидек му­омала қилишсин. Хуллас, Васильевка қишлоғининг меҳмондўст соҳибалари ҳар қандай меҳмонга қандай илтифот кўрсатишаётгани бутун атрофга овоза бўлсин. Ҳар қандай меҳмон моддий ҳолати, мавқеи ва унвонидан қатъи назар, ака ё укадек, қалбга яқин кишидек кутиб олинадиган жой борлигини одамлар билишсин”.

Е.В. ГОГОЛГА

Москва
1850 йил, март-апрель
Жонгинам Елизавета, ишларим бошимдан ошиб ётибди, деб ёзган бўлсанг-да, уларга қўшимча қилиб ақалли биргина жўякни ўз зиммангга олиб, мен учун ҳеч бўлмаганда шолғом эксанг. “Мени ҳеч ким яхши кўрмайди”, деб шикоят қилибсан. Лекин бизни яхши кўришадими-йўқми, нима ишимиз бор. Бизнинг ишимиз – ўзимиз уларни яхши кўрамизми-йўқми. Улар бизга жавобан меҳр-оқибат кўрсатишадими-йўқми – бу бизнинг ишимиз эмас, бунинг учун биргина Худо ҳакам. Бизнинг ишимиз бошқаларни севиб, ҳурмат қилиш. Фақат меҳр-оқибат менимча, ҳамиша икки томонлама бўлади. Яхши кўрган одамимизга ҳеч нарса сўрамаган, таъма қилмаган ҳолда унга манзур бўладиган иш қилаверсак, охир-оқибат у ҳам бизни севиб қолади. Хуллас, шу ҳақда ўйлаб кўргин, меҳрибон, вақти-вақти билан ўта ақлли бўлиб турадиган сингилгинам. Ўзингга ҳар дақиқада эҳтиёт бўлиб туришинг лозим. Барчани севишга, дардкаш бўлишга ҳаракат қилиш керак, акс ҳолда тошюрак, ғазабнок бўлиб қоласан ва кейинчалик бирон кимсани яхши кўриб, унга илтифот кўрсатмоқчи бўлсанг, бунга қодир бўлмай қоласан. Арзимаган нарсадан жаҳлимиз чиқадиган ва дарғазаб бўлиб қоламиз…

А.В. ГОГОЛГА 

Одесса
1850 йил, октябрнинг охири, ноябрнинг бошлари
Сенинг табиатингда, ўзинг сезмаган ҳолда, ўзбошимчалик, ўжарлик, ҳеч кимга бўйсунмаслик аломатлари пайдо бўлибди. Ҳеч кимга бўйсунишни истамас экансан, ақалли ўзингга итоат қил. Такрор айтаман, агар бошқалар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ҳаммага бирдай илтифот кўрсатиш сингари аёлларнинг барча ҳаракатларига нафосат бағишлайдиган фазилатларга эга бўлмагунингга қадар ҳеч кимга мақбул бўлмайсан ва орзу қилган ниятларингга ета олмайсан. Бу сафарги келганимда атрофингдагиларнинг бари сени илгаргидек яхши кўрмасликларини сездим. Мен ўзим ҳам ташқи кўринишинг, юриш-туришинг, барча ҳаракатларинг тошюрак, номақбул ва кўпроқ чапаниларча бемаъни бўлиб кўринганини ич-ичимдан оғриниб сездим… Бу ўзгаришларга ўзинг ҳозир эътибор бермасанг, кейин кеч бўлиши мумкин. Айни пайтда худбинликка чек қўйиб, ўзингга худди савоб ишлар қилиш учун туғилган киши сифатида назар солгин. Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди: чанқаган кишига бир стакан сув тутасанми ёки бировнинг ерга тушган рўмолини олиб берасанми – бунинг аҳамияти йўқ…Аканг Н.

Е.В. ГОГОЛГА 

Полтава
1851 йил, 22 май
Мурувватли синглим Елизавета!
Хатинг мени ўйлантириб қўйди… Қадаминг хавфли: у сени ё бахт сари етаклайди ё жарга йиқитади. Олдинда ҳамма нарса ноаниқ, фақат шу нарса аниқки, бахтли бўлишимизнинг бир қисми ўзимизга боғлиқ… Менга келсак, истиқболинг бахтли бўлишини чин юракдан тилайман, аммо биргина менинг тилагим камлик қилади, бахтли бўлишинг ўзингга боғлиқ…. Ўз ҳаётингга талабчанлик билан бир назар сол. Бирон ҳолат бўйича ўзингни оқлама, яхшиси, нотўғри ишларингнинг барчасига ўзингни айбдор деб бил. Бизнинг табиатимизда бошқаларга нохушлик ва зарар етказадиган сифат ва хусусиятларимиз борки, токи улар биронтамизнинг тақдиримизга боғлиқ бўлмагунга қадар аҳамиятсиздек кўриниши мумкин, аммо эр-хотинлик муносабатларида ҳар иккаласининг буткул бахтсизлик­ларига сабаб бўлишлари мумкин. Сен жанжаллашмаган ё аразлашмаган биронта киши қолмаганини ёки маълум вақт бирга бўлиб, орангизда кўнгилсизлик рўй бермаган биронта дугонангнинг йўқлигини эслаб кўр. Эр билан эса умр давомида бирга яшайсан. Буларнинг барини, шунингдек, ўжарлигингни, юзаки қараганда, эътиборга арзимайдиган жузъий камчиликлар, деб ўйлама, улардан тезроқ, ҳозирдан соқит бўлишга ҳаракат қил, негаки, улар кўнгил совушига, руҳан қийналишга, оқибат натижада бир-бирингдан абадий воз кечишга сабабчи бўлади. Ягона тилагим, сенинг доимо шод-хуррам яшашинг… Фақат сабр-тоқатли, самовий мўмин-қобил табиатли яхши хотин бўлиб қолишинг қийинлиги ҳақида, айниқса, бундай хислатлар сенга бегона эканлиги тўғрисида ўйласам вужудимни англаб бўлмайдиган ваҳима босади. Чунки менга бирон мартаям қулоқ солган эмассан. Шуларни эсласам, ваҳимага тушмай қолмайман. Ҳа, Худо ўзи асрасин. Ибодат қил, бошқа ҳеч нарса дея олмайман, қўлимдан ҳеч нарса келмайди.

Е.В. ГОГОЛГА 

Москва
1851 йил, 14 июль
Назокатли синглигинам Елизавета! Унаштириб қўйилганлигинг маълум қилинган хатингни олдим. Турмушингиз буткул бахтли кечишига тилакдошман… Илтимос, оиламиздагиларнинг барчасини тўйингга ортиқча тайёргарлик кўрмасликка кўндир. Улар сен учун барча имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилишади. Хилма-хил латталару бисотлар ҳозирлаш учун кўп нарсаларни қурбон қилишга қодирлар. Лекин ҳар бир сандиқ сизлар учун ортиқча буюм бўлади. Эринг ҳарбий, демак, тураржойи катта бўлмаса керак. Шу сабабдан уйларингизни ортиқча буюму бисотлар билан тўлдирмаганларингиз маъқул. Сен буни уларнинг миясига яхшилаб сингдир. Мен ҳарбийларга турмушга чиққан графиняларни ҳам кўрганман. Уларнинг қўлларида унчалик катта бўлмаган тугунча билан безак бисотлари солиб қўйиладиган қутичадан бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Бу масалада ҳашам ва тантанабозликни хуш кўрадиган опанг Аннага қулоқ солмаганинг маъқул… Унга қолса, мен сенга аллақандай ғаройиб файтон тортиқ қилсам. Лекин бунинг имконияти йўқ. Аввало бунақа файтон бир ойда ясалмайди, москвалик усталарга бир йил вақт керак бўлади. Сингилгинам, наҳот мени сенга кўмак беришни истамайди, деб ўйласанг. Менинг айни пайтдаги аҳволимни ҳам тушунгин: мабодо вафот этиб қолгудай бўлсам, дафн қилиш учун моддий имконият бўлмай қолиши ҳам мумкин. Москвага келиб, тиркчиликка доир ишларимни ўнглайман, деб ўйлаган эдим. Аммо ҳар бир қадамда тўсқинликларга дуч келдим. Хуллас, молиявий аҳволим чатоқ. Бизнинг камбағал бўлиб қолаверишимиз Худога мақбул шекилли. Лекин, мен сенга айтсам, ғирт камбағаллик ўртаҳол бўлишга нисбатан яхшироқ экан. Ўртаҳол ҳолатда моддий жиҳатдан чаманг келмайдиган нарсаларни, масалан, дабдабали файтонни орзу қилиб қоласан-у, имкониятинг йўқлигидан алам билан изтироб чекасан. Камбағал бўлсанг: “Бунга чамам келмайди”, дейсан-у тинчланасан. Назокатли сингилгинам, камбағалликни ҳурмат қил. Бу сўзда улуғ сир бор. Камбағалликни ҳурмат қиладиган киши камбағал эмас, бадавлат одам. Чин сўзим, бунга яшаганим сари кўпроқ ишоняпман. Худонинг баъзи одамларнинг бойишини истамаслиги бежиз эмас: бой-бадавлат одамнинг ҳар қандай фалокатдан омон қолиши қийин. Сенга бу ҳақда ваъз айтганим ҳолда сизга кичик файтон харид қилиш учун пул топишга ҳаракат қиламан. Бунақа файтонни баъзан арзонга харид қилиш мумкин. Маблағ ва имкониятим бўлиб қолса, балки ўша файтонда борарман. Лекин сени шахсан қучиб табриклашни, бахт ва гўзал саодат тилашни қанчалик истамай, аниқ ваъда беролмайман.

Акагинанг Николай

Тўйларинг сентябрнинг қайси кунига тайинланганини менга маълум қил. (Варақнинг орқасида) Назокатли синглим Елизаветага.

Рус тилидан Одил Хайруллаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил, 9-сон

[1] Анна Васильевна – Н.Гоголнинг катта синглиси.

[2] Елизавета Васильевна – Н.Гоголнинг ўртанча синглиси.

[3] М.И.Гоголь – Мария Ивановна Гоголь, онаси.