Николай Гоголь. Ал-Маъмун (тарихий тавсиф)

Камдан-кам ҳукмдор ал-Маъмунчалик давлатининг энг гуллаб-яшнаган чоғларида тахтга чиққан. Қадимги дунёнинг муборак заминида қудратли халифалик улуғворлик билан қад кўтарган эди. Шарқда гуллаб-яшнаган Осиё бутунисича унга қарам эди. Қудратли империянинг этаклари Ҳиндистонгача етиб борарди. Ғарбда эса Африка соҳиллари бўйлаб Жабали-Ториққача чўзилганди. Ўртаер денгизида ҳам унинг бақувват флоти ҳукмронлик қиларди. Бу янги дунёнинг пойтахти Бағдод бўлиб, унинг фармойишлари ва буйруқлари империянинг энг олис, энг овлоқ ҳудудларида ҳам сўзсиз бажариларди. Басра, Нисабур ва Куфалар исломни янги қабул қилган Осиё мамлакатлари вакилларини ўз мактабларида ўқитиб, чиниқтириб берарди. Дамашқ эса ҳашаматга берилган жамики баднафсларга қимматбаҳо матолар етказиб беришга қурби етар ва бутун Оврўпани пўлат шамширлар билан таъминлаши мумкин эди. Шунинг учун араблар Муҳаммад алайҳиссалом айтган жаннатни ер юзида барпо этишни ўйлай бошлаган эди. Улар сув қувурлари барпо этдилар, ажойиб қасрлар қурдилар, кети-охири кўринмайдиган бепоён хурмозорлар ўстирдилар.
Буларнинг барчасидан Шарқнинг муаттар бўйи келиб турарди. Хурмозорларда эса одамларнинг ҳавасини келтириб, тенги йўқ фавворалар қулф урарди. Бундай гуллаб-яшнаган ҳашаматнинг баданига сиёсий жамиятнинг биронта маънавий иллати ҳали ёпишиб улгургани йўқ эди. Бу улуғ империянинг ҳамма узвлари, мусулмон дунёсининг барча жиҳатлари ўзаро мустаҳкам боғланган эди ва бу боғлиқликни ўз талабларининг жамики турфа хил қобилиятларини билиб, тагига етган тенги йўқ Ҳорун ар-Рашиднинг саъй-ҳаракатлари янада мустаҳкамланган эди. У нафақат файласуф ҳукмдор, нафақат иқтидорли сиёсатчи, нафақат саркарда ва нафақат диди баланд ижодкор халифа эди. У ўз шахсиятида бу сифатларнинг барини жамлаган, ўз фаолиятини, хатти-ҳаракатларини шу сифатлар ўртасида баравар тақсимлай билар ва бирон соҳанинг бошқаси устидан устун келишига асло йўл қўймасди. Ўзга юртлар маърифатидан ўз миллатини шундай даражадагина баҳраманд этардики, бу халқнинг маърифатини ривож топтиришга кифоя қиларди. Араблар аллақачон гуллаб-яшнаган даврларни бошдан кечириб бўлган эдилар, уларнинг истилочилик иштиёқлари ҳам анча сусайиб қолганди. Аммо, шунга қарамай, улар ҳамон ғайрат ва шижоатга тўла эдилар.
Қуръони Каримнинг қалбларга ҳарорат бахш этувчи саҳифалари ҳамон завқ-шавқ билан варақланар ва унинг муқаддас сўзларига оғишмай амал қилинарди. Ҳорун ар-Рашид ўзининг ҳар ерда ҳозирлиги билан амалдорларининг юрагига ҳадик солиб қўйган эди ва шунинг учун унинг фармойишлари сўзсиз бажарилар, давлатнинг маъмурий ҳаётининг оқими тезлашар эди. Одатда ҳар қайсиси ўзи мустабид ва ҳокими мутлақ бўлишга интиладиган маҳаллий ҳокимлар ва амирлар зийраклик билан ҳамма нарсани кўрсатадиган, кийимини ўзгартириб олиб, мамлакат кезадиган халифадан қўрқишарди ва шу сабабдан Ҳорун ар-Рашиднинг ҳукмдорлиги қонунларсиз ҳам қатъий ва муайян тарзда амалга ошарди. Ал-Маъмун тахтга чиққанда давлатнинг аҳволи ана шундай эди.
Царград (Византия дейилмоқчи — таржимон) ал-Маъмунни илмларнинг сахий ҳомийси деб атайди. Тарих ал-Маъмун номини инсониятнинг саховатли, олижаноб сиймолари қаторига қўяди. У сиёсий давлатни санъатлар давлатига айлантиришни ният қилган ҳукмдорлар эди, бардошли ва сабр-тоқатли, ҳар нарсани чидам билан узоқ ўрганиш қобилиятига эга эди. Унинг феъл-атвори олижанобликка тўла бўлиб, ҳақиқатнинг тагига етиш унинг бош шиори эди. У илмни дил-дилидан севар ва унинг севгиси мутлақо беғараз эди: у фанни фаннинг ўзи учун, қандай мақсадларга хизмат қилишини ўйламай, қандай амалга оширилишини хаёлига келтирмай севар эди. У илм-фанга тубсиз садоқат билан берилганди. У пайтларда араблар Аристотелни эндигина кашф қилган эдилар. Юнонистоннинг кенг қамровли ва фикри тиниқ файласуфи уларнинг хаёлотларига кўп ҳам сиғавермасди, чунки араблар хаёлоти ҳаддан зиёд учқур, ҳаддан зиёд шарқона ва улкан эди, аммо араб олимлари узоқ вақт мобайнида сермашаққат иш билан банд бўлганлари сабаб, аниқликка ва шаклга риоя қилишга бирмунча кўникиб қолишган эди. Шунинг учун ҳам Аристотелни ўрганишга олимона ғайрат билан киришдилар. Аристотелдаги тубсиз хулосалар, авваллари араб олимлари қалбларида оташин парчаларгина деб ҳис қилиб юрган нарсаларга жон ато қилиш ва тугаллик бахш этиш ўша пайтдаги олимларга сеҳру жоду сингари таъсир қилмаслиги мумкин эмас эди. Уларнинг таъсирида тарбия топган, қалби чинакам маърифат иштиёқида ёнган ал-Маъмун бор имкониятларини ишга солиб, шу пайтга қадар арабларга ёт бўлган юнон дунёсини ўз давлатига олиб киришга уринди.
Бағдод ўша пайтдаги етук олимларнинг ҳаммасига дўстона қучоқларини очди. Қандай унвон эгаси эканидан қатъи назар, қайси динга мансублигига қарамай, ҳар қанча зиддиятли қарашларга эга бўлмасин, ҳар бир одам учун халифанинг меҳр-муруввати кенг очиқ эди. Табиийки, ўша кезларда Бағдодга шундай билимдон одамлар йиғилдики, улар ҳали ўз қалбларида насроний либосларга бурканган политеизм образини сақлаб қолишган. Аммоний Саккас, Платон ва янги платонизмнинг бошқа тарафдорлари учун жон фидо қилишга тайёр эдилар. Бу одамлар ўзларининг илмий ниҳолларини ўтказмоқ учун Царградда ортиқ майдон тополмай қолган эдилар, чунки бу шаҳар насронийлик ақидалари тўғрисидаги баҳслар билан ҳаддан зиёд банд бўлиб қолганди. Бағдод билимлар ва мулоҳазаларнинг турфа хил соҳаларидан таркиб топган жумҳуриятга айланган эди.
Тождор араб илмий таҳлиллар ва тафсирларнинг аллаловчи мусиқасини жон-дили билан эшитди. Вилоятларнинг ҳокимлари халифадан ибрат олмасликлари мумкин эмасди, шундай қилиб, давлатнинг олий табақаларини алланечук адабий ишқибозлик чулғаб олди. Вазирлар ва амирлар ўз саройларини келгинди олимларга тўлдиришга ҳаракат қилишди. Ўз-ўзидан аёнки, маъмурий ишлар алланечук иккинчи даражали ишлар аҳволига тушиб қолди, ҳокимлар бошқаришга алоқадор анча-мунча ишларни котиблари ва суюкли одамларига ишониб топшириб қўядиган бўлди. Бу суюкли одамлар кўпинча нодон ва жоҳил одамлар бўларди, улар ўзлари эгаллаб турган ўринларга кўпинча айёрлик ва найранглар билан эришган бўлардилар. Буларнинг бари халқнинг аҳволига таъсир кўрсатмай қолмас эди ва вақт ўтиши билан ҳукмдорнинг ҳам бошига оғир кулфатлар келтирмоғи муқаррар эди.
Назария билан шуғулланадиган бир тўда файласуфу шоирлар муҳим мансабларни эгаллаб олганлари билан давлатни бошқариш соҳасига тузукроқ фойда етказмас эди. Уларнинг соҳаси бутунлай бошқа — улар бажону дил ҳомийликдан истифода қиладилару ўз йўлларидан кетаверардилар. Бу тоифадан ўз сиймосида ҳам файласуф, ҳам шоир, ҳам муаррихни бирлаштира олган улуғ адиблар мустаснодир. Улар табиат қонунларини ҳам, инсон моҳиятини ҳам чуқур ўзлаштирган, ўтмишни англаб етган ва келажакка назар ташлай оладиган иқтидорга эга. Бундай одамларнинг сўзлари бутун халқнинг қулоғига етиб боради — халқ уларнинг йўлига юради. Улар — буюк сиймолардир. Доно ҳукмдорлар уларни ўз суҳбатларидан баҳраманд қиладилар, уларнинг қимматли ҳаётларини асрайдилар ва ўзларининг кўп қиррали фаолиятлари билан уларни эзиб қўйишдан сақланадилар. Уларнинг инсон қалбининг энг теран сўқмоқларидан бохабар одамлар сифатида энг муҳим давлат маслаҳатларига ва кенгашларигагина таклиф қилишади.
Олижаноб ал-Маъмун ўз табааларини бахтиёр қилишни чин юрагидан истар эди. У шуни яхши билардики, бу мақсадга олиб борадиган ишончли йўл — инсоннинг ривожига хизмат қиладиган илмдир. У жамики куч-қувватини ишга солиб, ҳамма имкониятлардан фойдаланиб, ўз фуқароларини ўзи жорий қилаётган маърифатни қабул қилишга мажбур этди. Аммо ал-Маъмун жорий қилаётган маърифат арабларнинг табиий унсурларига ва ҳаддан зиёд улкан хаёлотларига жуда кам даражада мос келарди. Насронийлик ғоялари ўша кезлардаги илмларни ёритган-у, лекин уларга сингишиб кетмаган, бу ғоялар политеизм ибтидосига хос бўлган қудратдан маҳрум этилган, бир ҳовуч ҳавойи гапларга айлантириб қўйилган ва шаккоклик билан абжақ қилинган эди. Ана шу насронийлик ғоялари ўша пайтдаги илмларга сингишиб кетмаган бўлса-да, ўзининг салобати билан уларни анча босиб қўйган эди. Насронийлик ғоялари арабларнинг оташин табиатига мутлақо зид эди. Арабларнинг хаёлот оламида совуқ тафаккурнинг нимжон хулосалари бутунлай ғарқ бўлиб кетарди. Бу ажойиб халқ ўз тараққийси сари кетиб борарди эмас, бамисоли учиб борарди. Тўсатдан унинг даҳоси урушда, савдода, турли санъатларда, ҳар хил матолар тўқиб чиқаришда, Шарқнинг беқиёс шеъриятида намоён бўла бошлади. Унинг шу пайтга қадар инсоният тарихида қиёси учрамаган салоҳияти жуда ёрқин, турфа хил рангларда, ғаройиб ва мутлақо ўзига хос тарзда очилиб кетди. Бир қарашда бу халқ шу пайтгача ҳеч қайси миллатда кўрилмаган баркамолликка эришадигандек туюлган эди. Бироқ ал-Маъмун уни тушунмади. У бир улуғ ҳақиқатни эътиборидан қочириб қўйди — маърифат халқнинг ўзидан олинади, ташқаридан келадиган маърифат фақат шу даражадагина ўзлаштирилмоғи керакки, бу унинг ривожига кўмаклаша оладиган даражада бўлсин, бироқ халқ фақат ўзининг миллий муҳити, заминидагина ривож топмоғи керак. Лекин араблар учун мардлик майдони бегона юртлардан олиб келинган ана шу самарасиз маърифат билан тўсиб қўйилган эди. Ҳамма фирқаларнинг олимлари учун давлат эшиклари ланг очиб қўйган ал-Маъмуннинг космополитизми эса ақл бовар қиладиган чегарадан анча чиқиб кетганди.
У давлатда христианларга бериб қўйилган имтиёзлар ҳам унинг фуқароларида насронийларига нисбатан нафрат туғдирмай қолмасди. Оқибатда халқ ҳатто уларнинг энг фойдали муассасаларини ҳам ёмон кўриб қолди. Натижада халқнинг ўз халифасига муҳаббати сусая бошлади. Ал-Маъмун давлатни бошқаришда амалиётчи файласуф сифатида эмас, кўпроқ назариячи файласуф сифатида иш тутарди. Ҳолбуки, ҳукмдор, биринчи навбатда амалиётчи бўлмоғи талаб қилинади. У ўз халқининг турмушини бошқаларнинг гап-сўзларидан, ҳикояларидан эшитиб биларди, лекин бу турмушнинг паст-баландликларини ўз кўзи билан кўрмаган, буюк Ҳорун ар-Рашид каби унинг аччиқ-чучукларини ўзи татиб кўрмаган эди. Муайян қонун-қоидаларга эга бўлмаган шарқона бошқарув тарзидаги жамики маъмурий ишлар ҳукмдорнинг ўз зиммасига тушарди. Шунинг учун ҳам унинг фаолияти бениҳоя ажойиб бўлмоғи керак, унинг диққат-эътибори ҳамиша уйғоқ бўлмоғи лозим, у ҳеч кимга мутлақо ишона олмайди, унинг нигоҳи худди Аргуснинг кўзлари каби тўрт томонни баравар кўриб турмоғи шарт — ҳукмдорни бир дақиқа мудроқ босса, унинг жойлардаги вакилларига тўсатдан жон киради-ю, давлатда миллионлаб катта-кичик мустабид золимлар ғимирлаб қолади. Бироқ ал-Маъмун ўз Бағдодида ўзи барпо этган нафис санъатлар ўлкасида яшаётгандек умр кечиради. Бу ўлка эса сиёсий дунёдан мутлақо узоқ эди. Ниҳоят маъмурий мансабларни эгаллай бошлаган христианлар бу юртнинг урф-одатларини ва халқ руҳини била олмас эдилар. Яна шуниси ҳам борки, уларнинг бошқа динга мансублигининг ўзиёқ ҳали қалбида ғайрат ва шижоати сақланиб қолган, бошқа динларга тоқат қилолмаслик руҳи йўқолиб кетмаган арабларнинг ғашини келтирарди. Шунинг учун ҳам ал-Маъмуннинг номини ўша аср олимлари такрор-такрор тилга олгани сари, халифанинг меҳмоннавозлиги Сурия соҳилларига турфа хил мамлакатларнинг байроқларини жалб қила боргани сари унинг давлат ичкарисидаги ҳокимияти заифлашиб борарди. Халифасини ҳеч қачон ўз кўзи билан кўрмаган чекка вилоятларнинг аҳолиси унинг номини унча қадрламас эди. Марказ сифатида Бағдоддан тарқаладиган маърифат, одатда, мамлакатнинг чекка вилоятига яқинлашгани сари кичрайиб борарди, чекка ўлкаларда ҳали арабларнинг ибтидоий турмуш тарзи сақланиб қолганди, чегараларда турган қўшинлар ҳали фанатизмга тўла эдилар, улар Муҳаммад алайҳиссалом таълимотини қилич ва найза кучи билан ёйиш ниятидан бутунлай воз кечмаган эдилар. Қўшинларнинг бақувват амирлари Бағдод билан алоқанинг заифлашганини ҳис қилиб, мустақил бўлишни ўйлаб қолишган эди.
Ал-Маъмун ҳали ўзи ҳаётлигидаёқ Эрон, Ҳиндистон ва Африканинг олис вилоятлари империядан ажралиб чиқиши муқаррар эканини пайқаган эди. Бироқ агар ал-Маъмун ўзининг ҳақпарастлигини ҳаддан ташқари кенг тарқатишга интилмаганида, эҳтимолки, маъмурият фаолиятидаги бу нотўғри йўналишнинг олдини олиш ҳам мумкин бўларди. У дин бобида ўз миллатининг ислоҳотчиси бўлмоқни ихтиёр этиб қолди. У соф назарий тарзда фикрлашга ўрганган эди. У христиан динининг баъзи бир ақидалари билан ўзидан аввал ўтган салафларига нисбатан анча яқинроқдан танишган эди, шунинг учун баъзи бир бидъатлар, хурофотлар ва ирим-сиримлардан юқори турарди. У жазавага тушган ҳолда Қуръони Каримни таҳрир қилишга киришди, шу мақсадда мамлакатининг тўрт томонига турли фармойишлар ва кўрсатмалар жўнатди, бироқ бу фармойишлар олиб келадиган сон-саноқсиз зиддиятларни, ғалвали можароларнинг ҳаммасини кўра олмади. У мусулмонларнинг Муқаддас китобини ўзича таҳрир қилиб, унга янада кучлироқ жозиба бахш этмоқчи бўлди. Бироқ бу хомхаёл эди. У пайтларда ҳали давлатнинг жамики қуйи табақалари, авом халқнинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг Оллоҳ томонидан нозил қилинганига астойдил ишонарди ва унинг лоақал бирор жумласини ўзгартириш ҳам жуда катта жиноят ҳисобланарди. Ал-Маъмуннинг ярим юнонча фикрлаш тарзи табааларнинг кўр-кўрона мутеликларини мутлақо ҳазм қилолмасди. У ўз халқини маърифатли қилиш йўлидаги биринчи қадам деб араблар қалбидаги ташаббускорликни маҳв этиш ҳисоблади. Ҳолбуки, араб халқи жонбозликсиз турмуш кечира олмас эди, унинг жамики ривожи шу завқ-шавқ туфайли содир бўлганди. Шу ғайрат туфайли араблар шундай бир даврга эришган эдиларки, унга шикаст етказиш бутун давлатнинг сиёсий таркибига шикаст етказиш билан баравар эди. Ал-Маъмун учун ҳамма нарсадан ҳам маънисизроқ нарса исломдаги жаннат ҳақидаги таълимот бўлди. Бу таълимотга кўра, араблар ўзларининг бу дунёдаги бутун ҳиссий ҳаётини, ҳузур-ҳаловат, лаззат ва шаҳват учун мўлжалланган бор ҳаётини ана шу жаннатга кўчирмоғи керак бўларди. Аммо ал-Маъмун бир нарсани эътиборга олмаган эди: бу таълимотнинг туғилиши оташнафас араб иқлими билан, араб халқининг оташин табиати билан боғлиқ эди. Мусулмон арабнинг саҳродаги ҳаётида жаннат ҳамиша бир жозибадор водий бўлган. Шу жаннатга тушиш орзусигина арабни қашшоқликка, зулмга чидашга мажбур қилган, ҳашамат ва фароғат уммонига чўмган бадавлат одамга нисбатан унинг кўнглида қўзғаладиган ҳасад туйғусини тизгинлашга ундаган. Табиат арабга ўзига хос маънавият ва бениҳоя рангдор хаёлот салоҳиятини ато қилган. Шундай маънавият ва хаёлотга эга бўлган одамгина жаннатда ҳуру ғилмонлар қуршовида, бу дунёнинг роҳат-фароғатидан минг чандон ўтадиган ҳашамат ичида яшаш тўғрисидаги фикрни қабул қилиши мумкин эди. Эҳтимолки, унинг бундай ишончи келгусида арабнинг камолотга етишуви баробаринда ўзгармоғи мумкин эди. Бироқ ал-Маъмун табааларининг Осиёга хос табиатининг туб моҳиятини англай олмади. Халифа амалга оширмоқчи бўлган ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар тарқалганда кенг халқ оммасининг қаҳр-ғазаби қай даражада жўш урганини тасаввур қилиш унчалик қийин эмас. Насронийларга ҳомийлик қилганининг ўзи учун ва ажнабийларга мойиллиги туфайлигина халифани ошкора тарзда кофирликда айблаган халқ бу хабарни қай тарзда қабул қилмоғи мумкин эди? Андишани йиғиштириб қўйган оломон Қуръони Каримни аввалгидай оғишмай аниқ талқин қилишни талаб этиб, ўзининг муросасиз ўжарлиги билан ниҳоят халифани қўлига қурол олишга мажбур қилди. Шу тариқа чин дилдан инсониятга кўнгил қўйган, оқкўнгил халифа ўз фуқаросига зулм қилувчи мустабидга айланди. Ўзининг зулми билан у яна арабларнинг ваҳшиёна хаёлотларини қайтадан тирилтирди. Аммо бу хаёлот ортиқ Арабистоннинг аввалги бадавий аҳолисини яхлит бир омма бўлиб жипслашишга ундаган хаёлот эмасди. Бу халифага қарши мухолифона мутаассибликни вужудга келтирди. Бу мутаассиблик оммани парчалаб юборди, давлат тизимида сассиқ алафлар уруғини ниш урдирди, арабнинг ваҳшиёна эҳтиросларини қўзғатиб юборди, жазавага тушган ислом муҳибларини қўлга пичоқ олишга ундади, уларнинг заҳарли нафратларини жўш урдирди. Бу мутаассиблик кўпдан-кўп ғазабкор мазҳабларни вужудга келтирди. Бу мазҳаблар ичида энг ашаддийси карматлар мазҳаби эди. Салб юришлари вақтида Сурия қотиллари деб ном чиқарган карматлар анча вақтгача ҳаммаёқни даҳшатга солиб турдилар. Мамлакатнинг турли бурчакларида рўй берган ғалаёнлар, турли-туман можаролар ичида, турфа хил фирқалар қуршовида бир қўли билан мактабларга, илму фанга, санъатларга турли-туман неъматлар улашиб, иккинчи қўли билан бош кўтарган табааларини мағлуб этган олижаноб ал-Маъмун бу оламдан кўз юмди. У на ўз халқини англаб етди, на халқи уни англади. Ҳарҳолда, нима бўлганда ҳам, ундан ибратли сабоқ қолди. У шундай бир ҳукмдор бўлдики, жамики элу юртига валинеъмат бўлишга интилганди, у жуда оқкўнгил эди, меҳрга тўла қалб эгаси эди, у ўта фидокорлик билан, ақл бовар қилмайдиган эҳтирос билан илм-фанга хизмат қилди, бироқ буларнинг барига қарамай, ғайриихтиёрий бир тарзда давлатнинг йиқилишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири ҳам бўлди.

1834

Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 2-сон