Нажиб Маҳфуз. Афсунгар товоғимни ўғирлади (ҳикоя)

Онам менга деди:
– Энди фойданг тегадиган вақт бўлди. Мана бу бир қирш*ни олгинда, бориб фул* олиб келгин. Кўчада ўйнаб қолиб кетмагин. Автомобиллардан нарироқда юргин.
Товоқни олдим. Тахта кавушимни кийиб, қўшиқ хиргойи қилган ҳолда, йўлга чиқдим. Сотувчи олдида одам кўп экан. Мармар пештахта ёнида бўш жой очилгунига қадар кутиб турдим-да, мулойимлик билан мурожаат қилдим:
– Амаки, бир қиршлик фул беринг.
– Фулни ўзими ёки ўсимлик ёғи биланми?
Нима дейишимни билмай қолдим.
– Жойни бўшат бошқаларга.
Уйга ерга киргудек бўлиб қайтиб, онамдан дакки эшитдим:
– Бўш товоқ билан қайтибсан. Сен тўполончи фулни еб қўйдингми ёки бир қиршни йўқотдингми?
– Ўзи қанақа фул олиш керак эди: фулни ўзими, ўсимлик ёғи биланми ёки мол ёғи биланми, айтмаган экансиз?!
– Эй ярамас бола, ҳар куни эрталаб нима ейсан?
– Билмадим.
– Эй шўрим… Эй шўрим. Фул ўсимлик ёғи билан бўлсин.
Сотувчи олдига қайтиб бордим:
– Амаки, бир қиршлик фулни ўсимлик ёғи билан беринг.
У қовоғини солди.
– Ўсимлик ёғи иссиқ, ёки яхши зайтун ёғи бўлсинми?
Нима дейишимни билмай тургандим, бақириб берди:
– Жойни бўшат бошқаларга.
Жаҳлим чиқиб уйга жўнадим.
– Қандай кетган бўлсанг, шундай қайтибсан. Нима учун?
– Ўсимлик ёғими ёки зайтун ёғи бўлсинми, менга айтмабсиз-ку?!
– Ўсимлик ёғли фул деганим, бу иссиқ ёғдаги фул бўлади.
– Мен қаэрдан билай?
– Сен нодонсан. Сотувчи бўлса, беэътибор одам. Унга иссиқ ўсимлик ёғидаги фул дегин.
Тезда йўлга чиқдим.
– Амакижон, менга иссиқ ўсимлик ёғли фул беринг.
Бошим мармар пештахтага тегар-тегмас туриб, шошилганимдан оғир нафас олардим.
– Амакижон, менга иссиқ ўсимлик ёғли фул беринг.
Сотувчи чўмични қозонга солиб ғудранди:
– Бир қиршни мармар пештахта устига қўй.
Қўлимни чўнтагимга солдим. Аммо пулни тополмадим. Ташвиш билан уни қидиришда давом этдим. Чўнтагимни тагигача ағдариб ҳам кўрдим. Аммо ундан асар йўқ эди. Сотувчи чўмични қозондан бўш ҳолда чиқарди.
– Йўқотибсан. Сен болага ишониб бўлмас экан.
Оёқларимнинг таги ва атрофга синчиклаб қарадим.
– Йўқотганим йўқ… Аниқ чўнтагимда эди.
– Бошқаларга йўлни оч. Эй Фаттоҳ, эй Алим* дегин.
Онамнинг олдига яна қуп-қуруқ қайтдим.
– Бу қандоқ гап бўлди. Сен бола аҳмоқмисан?
– Бир қирш…
– Нима бўлди?
– Чўнтагимда йўқ.
– Нима, ширинлик сотиб олдингми?
– Худо ҳақи йўқ.
– Қанақасига йўқолди?
– Билмадим.
– Қуръон билан қасам ич қани!
– Қасам ичаман…
– Чўнтагинг тешикмикин?
– Йўқ, асло.
– Балки биринчи ёки иккинчи сафар борганингда сотувчига бергандирсан.
– Балким.
– Аниқроқ айта оласанми?
– Қорним очди!
Онам қўлларини қўлларига уриб хўрсиндилар:
– Нима бўлса Худодан. Сенга яна бир қирш бераман. Аммо уни сени ақчадонингдан оламан. Агар яна бўш товоқ билан қайтсанг, бўйнингни узаман…
Югуриб кетдим. Хаёлим ширин нонушта орзуси билан банд бўлди. Сотувчининг маҳалласига бурилиш жойида бир гуруҳ болалар ва ўспиринларни кўриб қолдим. Хурсандчилик ва кулги овозларини эшитдим. Оёқларим бирданига оғирлашиб, юрагим улар томонга талпинди. Ҳеч бўлмаганда, бир назар ташлаб қўйгим келди. Болаларнинг орасига кириб олгандим, афсунгар мени ёнига чақирди. Мен ўзимдан кетиб қоладиган даражада бахтиёр эдим. Эс-ҳушимдан бутунлай айрилдим. Тухумлар, қуёнлар, арқонлар ва илонлар билан томошани маза қилиб кўрдим. Афсунгар пул йиғиш учун яқинлашганида, “менда пул йўқ”, дея пичирлаб, орқага чекиндим. У менга ваҳшийларча қаради. Зўрға қутилдим. Қочдим. Мушти орқамга тегди. Аммо мен жуда бахтиёр эдим. Фул сотувчининг дўконига бордим.
– Амакижон, бир қиршга ўсимлик ёғли фул беринг.
Сотувчи индамай қараб туравергани учун сўровимни қайтардим.
– Товоғингни бер…
Товоқ! Товоқ қаэрга кетди? Югураётганимда тушиб қолдимикин? Афсунгар олиб қўйдимикин?
– Сен боланинг бошингда ақлинг йўқ!
Келган йўлим бўйлаб йўқолган товоқни қидиришга тушдим. Афсунгар турган жой бўшаб қолганини кўрдим. Лекин болаларнинг овози унинг қўшни маҳаллада эканини менга билдирди. Афсунгарни ўраб олганлар атрофида айландим. Мени таниб қолган афсунгар бақириб таҳдид қилди:
– Пулини тўла, бўлмаса, бу ердан кет.
Умидсизлик билан дедим:
– Товоқ!
– Қанақа товоқ, эй шайтон боласи?
– Товоғимни қайтариб беринг.
– Йўқол, акс ҳолда, ҳозир илонларга емиш бўласан.
У товоғимни ўғирлагани аниқ. Аммо ёвузлигидан қўрқиб, нари кетдим. Ночор аҳволда йиғлаб юбордим. Йўловчилар нимага йиғлаётганим сабабини сўрашганида, барини айтдим. Ўз ташвишим билан овора бўлсамда, “эй томоша қилинглар”, деган овозни эшитиб қолдим. Орқамга қайрилиб қараб, суратлар кўрсатадиган қутини кўрдим. Уни олдига югуриб кетаётган ўнлаб болалар кўз олдимда намоён бўлишди. Томоша қутиси олдига сафландик. Қути эгаси суратларни қизиқарли тарзда тушунтира бошлади: “Мана ботир чавандозни кўраяпсиз, буниси гўзал хоним”. Кўз ёшларимни артиб, қутига катта қизиқиш билан қарадим. Қизиқишимни ҳеч боса олмасдим. Бир қирш тўлаб, қутининг кўзи олдида турдим. Ёнимда бир қиз турарди. Кўзларим олдида бирин-кетин мафтункор суратлар намоён бўлди. У сеҳрли дунёдан ўз оламимга қайтганимда, бир қиршдан айрилганим ва товоғимни йўқотганим эсимга тушди. Афсунгардан асар ҳам кўринмасди. Мени чавандозлик, севги ва кураш чулғаб олди. Қорним очлигини эсдан чиқардим. Ҳатто уйда мени кутаётган хавф-хатарларни ҳам унутдим. Ўз вақтида молия вазирлиги ва қозихона бўлган бинонинг тарихий деворига суяниб тўхтаб қолдим. Тўлалигича хаёлот дунёсига берилдим. Узоқ вақт чавандозлик, гўзал хоним ва иблисни ўйлай бошладим. Сўнг хаёлимда найзани улоқтиргандек қичқирдим:
– Буни сенинг юрагингга санчаман, эй иблис.
Майин овоз менга жавоб қилди:
– Орқасидан гўзал хоним отда пайдо бўлди.
Ўнг томонимга қараб, сурат томошасида ёнимда турган қизни кўрдим. У кир куйлак ва рангли тахта поябзалда бўлиб, узун тирноқларини ўйнарди. Бошқа қўлида “хоним битлари” оқ ва қизил тухумларининг доналари бўлиб, бир-биримизга қараб қолдик. Юрагим унга талпинарди.
– Ўтир. Дам оламиз.
Уялаётганга ўхшагани учун уни билагидан ушладим. Тарихий девор эшикларидан кирдик. Бу зинапоялар юқорига кўтарилиб, кенгликда тугарди. Унинг орқасида кўм-кўк осмон ва минора бошланарди. Жимгина ёнма-ён ўтирдик. Қўлидан ушлаб олдим. Жим ўтиравердик, нима дейишни билмасдим. Мени қизиқ, янги ва тушунарсиз ҳиссиётлар чулғади. Ундан атир-упаникига ўхшаган ислар анқиб турарди. Лабларидан ўпдим. Ниҳоят, ўрнидан туришга ҳаракат қилди.
– Мен кетаяпман.
Хафа бўлиб сўрадим:
– Қаэрга?
– Доя Умм Али*нинг олдига.
Шаҳар дазмолчиси уйи ёнидаги ҳовлига ишора қилди.
– Нимага?
– Унга тезда боришни айтиш учун.
– Нимага?
– Онам уйдан бақирдилар. Доя Умм Алига бориб тезда келиши лозимлигини айтгин дедилар…
– Кейин қайтасанми?
Боши билан розилик ишорасини қилиб кетди. Онасини эслагани учун онамни эсладим. Юрагим орқасига тортди. Тарихий зинани тарк этиб, уйга йўл олдим. Овозимни чиқариб йиғладим. Бу синалган усул бўлиб, ўзимни ҳимоя қилиш воситаси эди. Онам чиқишларини кутгандим, дараги бўлмади. Ошхона ва ётоқхонани қараб чиқдим. Аммо онам йўқ эдилар. Қаэрга кетган эканлар? Бўш уйда сиқилиб қолдим. Бирданига бошимга бир фикр келди. Ошхонадан товоқ олдим, ақчадондан бир қирш чиқардим ва фул сотувчиникига йўлга тушдим. Сотувчи дўкон олдидаги диванда ухлаб ётарди. Фул қозони ёпилган, ёғ идишлар токчага териб қўйилганди, мармар пештахта ювилганди.
– Амаки…
Аммо фақат хуррак овози келди. Елкасидан ушлагандим, жаҳли чиқиб, қўлини кўтарди. Маст кўзлари билан менга қаради.
– Амаки…
Менга тикилиб қаради. Таниганидан кейин кўполлик билан сўради:
– Нима керак?
– Бир қиршга иссиқ ёғли фул беринг…
– Нима?
– Пул ва товоқ ўзим билан.
Сотувчи ўшқирди:
– Сен бола жиннисан. Йўқол бу ердан, бўлмаса, бошингни ёраман. Жойимдан қўзғалмагандим, қўли билан мени қаттиқ итариб юборди. Орқам билан йиқилиб тушдим. Оғриқдан қийналиб турдим ва йиғлаб юбормаслик учун ўзимни зўрға босдим. Қўлларим банд эди: бирида бир қирш ва бошқасида товоқ. Сотувчига ғазаб билан қараб, товоғимни отдим. Товоқ учиб бориб, бошига тегди. Ҳеч нарсага қарамай югуриб кетдим. Чавандоз иблисни ўлдиргани каби мен ҳам сотувчини ўлдириб қўйдим, деб ўйладим ва тарихий деворнинг яқинида тўхтадим. Нафасим тиқилганича орқамга қараб, ҳеч ким таъқиб қилмаётганига амин бўлдим. Ўша ерда нафас ростладим. Кейин нима қилиш керак, деб ўзимдан ўзим сўрадим. Иккинчи товоқдан ҳам айрилдим. Нимадир мени тўғри уйга қайтишдан тийиб турарди. Ўзимни ерга уришларига қўйиб берганимдан ҳафа бўлиб кетдим. Барибир ўз ҳақимни қўймаслигимни билардим. Уйга қайтишни эса маълум вақт кечиктириб туриш керак. Мана, қўлимда бир қирш бор. Бир амаллаб кунимни ана шу пулга кўрсам бўлади. Қилган жиноятимни эсдан чиқаришга қарор қилдим. Аммо афсунгар қани? Суратлар қутиси қаэрда? Уларни у ёқ, бу ёқдан қидиришимнинг фойдаси бўлмади. Бефойда қидиришдан чарчаб, тарихий зинага қайтдим. Ўтириб олиб, ҳалиги қизни кута бошладим ва бўлажак висолни хаёл қилдим. Хушбўй хидлар анқиган жисмини яна қучгим келди. Ўша қиз менда аввал бўлмаган ҳиссиётларни пайдо қилганини эътироф этдим. Мен кутиб, орзуларга берилиб турган пайтимда орқа томондан пичирлаш эшитилди. Секин ўрнимдан турдим. Зинанинг тепасига чиқиб, чалқанчасига ётиб олдим ва у томонда нима бўлаётганини ҳеч кимга сездирмай кўришга интилдим. Баланд девор билан ўралган харобани кўрдим. У ҳам молия вазирлиги ва қозихонадан қолган бино қисми экан. Зина тагида бир эркак ва аёл ўтирганини кўрдим. Пичирлаш ўша томондан келаётган экан. Эркак бошпанасиз кишига ўхшарди. Аёл эса қўй боқиб юрадиган лўлилар тоифасидан эди. Уларнинг лаблари бошқача қимирларди. Қарашлари ва кўзлари бошқача эди.
Ниҳоят ёнма-ён ўтириб олишди. Анча вақт ўтгандан кейин эркак гапирди:
– Пул.
Аёл жаҳли чиқиб қизишди:
– Сен ҳеч тўймайсан.
Эркак номаълум нуқтадан кўз узмасди:
– Сен жиннисан.
– Сен ўғрисан…
Эркак аёлга қаттиқ тарсаки урди. Аёл ердан тупроқ олиб, сочиб юборди. Юзлари ифлосланган эркак бармоқлари билан аёлнинг бўйнидан эзишга киришди. Оғир кураш бошланди. Аёл бўйнини унинг қўлларидан озод қилишга интилди. Инграб овоз чиқарди, кўзлари ола-кула бўлиб кетди, муаллақ оёқлари ҳавони тепарди. Бурнидан ип каби қон чиқаётганини ҳам кўрдим. Бирданига бақириб юбордим. Эркак бошини кўтармасидан орқага эмаклаб кетдим. Зинадан тиккасига учиб тушдим ва телбалардек дуч келган томонга югурдим. Нафасим тиқилиб қолгунча чопдим. Шунчалик чарчаб қолдимки, атрофимдаги ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Ўзимга келиб олганимда, қандайдир чорраҳа тагидаги ерости йўлига кириб қолганимни англадим. Бу жойга биринчи бор келишим эди. Шунинг учун маҳалламиз йўлини тополмай адашдим ва кўзи ожиз одамларни учратдим. Улар ҳам ҳар хил томонга юриб, бир-бирларига эътибор бермасдилар. Йўлни қандай топаман деган хаёлда қўрқиб кетдим. Бирорта йўловчидан сўраб олсаммикан? Аммо тақдир яна фул сотувчиси ёки харобадаги эркак каби кишиларга рўбарў қилса-чи?! Мў‘жиза юз бериб, онамни учратсам, унда бутун вужудим билан олдига югурармидим? Ўзимча юраверсам, балки йўл кўрсатадиган бирорта белгига тўғри келиб қоларман?
Тезроқ ҳеч иккиланмай бирор қарорга келишим лозим. Ҳадемай кундуз тугаб, атрофни қоронғилик қоплайди.

Араб тилидан Бобур ҒИЁСОВ таржимаси
“Шарқ юлдузи” журналининг 2011-йил, 3-сонидан олинди.

_____________
* Қирш – Миср ва бошқа бир қатор араб мамлакатларида майда пул бирлиги. Воқеа содир бўлган пайтларда бир қирш катта пул саналган (тарж).
* Фул – дуккакли экин мевасидан (нисбатан ловияга яқин туради) тайёрланиб, мисрликлар томонидан севиб истеъмол қилинадиган таом. (тарж).
* Фаттоҳ, Алим – Аллоҳнинг исмларидан (тарж).
* Умм Али – Миср ва бошқа бир қатор араб мамлакатларида ота-оналарнинг исмларини айтмасдан фалончининг отаси ёки онаси дейиш кенг тарқалган. Бунда катта ўғилнинг исми олинади. Умм Али дегани Алининг онаси маъносини англатади (тарж).