Аввало, Швеция академиясига ва унинг Нобель мукофоти бўйича қўмиталарига, менинг узоқ муддатли бадиий меҳнатимга шунчалик катта баҳо берганлиги учун миннатдорчилик билдираман. Кўпчилик учун нотаниш тилдаги мурожаатимни очиқкўнгиллик билан қарши оласизлар, деган умиддаман. Айнан шу тил — араб тили олий мукофотга сазовор бўлди. Сизларни унинг гўзаллиги билан таништириб ўтишни ўз бурчим деб биламан. Сизлар жонли араб тилини биринчи марта эшитяпсиз, ўйлайманки, бу — охиргиси эмас. Ҳали араб ёзувчилари кўп марта мана шу залда бошқа мамлакатларнинг улуғ ёзувчилари — бу безовта дунёда донишмандлик дурдоналарини яратувчилар билан бир қаторда туриш шарафига муяссар бўладилар.
Қоҳирадаги чет эл газеталаридан бирининг мухбири айтишича, менга Нобель мукофоти беришга қарор қилинганда залга оғир сукунат чўккан. Нобель мукофоти қўмитасининг аксари аъзолари “Ким у, Нажиб Маҳфуз?” дейишибди. Мана энди, шахсан ўзимни оччиқкўнгиллик ва самимийлик билан таништиришга ижозат бергайсиз.
Мен, бир вақтлар бир-бири билан қўшилиб кетган икки цивилизациянинг ўғлиман. Бири етти минг йил илгари, фиръавнлар даврида, иккинчиси минг тўрт юз йил муқаддам дунёга келган мусулмон цивилизацияси. Бу залда ўтирган сиз жаноблар мансуб бўлган цивилизация ҳақида гапиришга зарурият йўқ, деб ўйлайман. Сизлар соф санъат ва илм-фан фарзандларисиз. Бизлар яхши танишиб олишимиз учун иккала цивилизациядан менинг юртимда қолган мерос ҳақида эслатиб ўтмоқчиман. Фиръавнлар даври, уларнинг юришлари, империялари ҳақида кўп тўхталмайман… Булар бари узоқ ўтмиш, ҳозирги замон одамлари хаёлини кўпам безовта қилмайди. Миср цивилизацияси дастлаб қандай қилиб оламларни яратган Аллоҳнинг одамларда иймон уйғотган таълимотига мурожаат этиб тараққиёт йўлига қадам ташлагани ҳақидаги тафсилотларга берилиш зарурати ҳам йўқ. Бу жуда кўп вақтни олади.
Сизларнинг орангизда фиръавн Эҳнатон даври ҳақида эшитмаган биронта одам йўқлигига ишончим комил. Бу цивилизация эришганлари, унинг санъати, адабиёти, ўлмас меъморчилик ёдгорликлари пирамидалар, қасрлар, Сфинкс, Қарноқ кабилар ҳақида гапириш зарурати ҳам йўқ. Сиз жаноблардан кимлардир бу улуғвор ёдгорликларни ўз кўзлари билан кўрмаган бўлсалар-да, улар ҳақида ўқиганлар, сон-саноқсиз фотосуратларда кўрганлар. Шундай бўлса ҳам фиръавнлар давридан бир манзарани эслатмоқчиман. Ўзим кўп йиллар давомида қадимги дунё тарихи мавзусида ҳикоя ва новеллалар ёзганман. Бизгача ёзма ҳолда етиб келган бир ҳикояни эшитиб кўринг.
Қадимий папирусда ёзилишича, бир фиръавнга унинг ҳарамидаги асираларидан баъзилари сарой аъёнлари билан ишқий муносабатга киргани ҳақида хабар берадилар. Ўша давр қонунларига кўра, саройда гуноҳ қилган одам зудлик билан жаллодга топширилар эди. Фиръавн энг билимдон қонуншуносларни чақириб, воқеани синчиклаб ўрганишни, кейин одил суд қилиб, адолатни тиклашни топширади. Аминманки, фиръавннинг бу қарори улуғвор пирамидалардан ҳам, кучли салтанатлару бойликлардан ҳам ортиқроқ ҳайрат уйғотади. Салтанатлар йўқ бўлиб кетди, улар ҳақидаги хотиралар фақат ёзувларда қолди. Бир вақтлар келиб, пирамидалар ҳам кулга айланади. Бироқ, хақиқат ва адолат, одам зотида синчков ақл, безовта қалб бор эканки, сақланиб қолаверади.
Ислом цивилизацияси ҳақида, у қандай қилиб одамларни ва сайёрамиздаги ҳамма халқларни бирликка, эркинликка, тенглик ва мурувватга даъват қилгани ҳақида кўп тўхталмайман. Ислом цивилизациясининг, сизларнинг мутафаккирларингиз ҳам одамзод тарихидаги энг буюк зот деб тан олган пайғамбари ҳақида гапириб ўтирмайман. Исломнинг дунё бўйлаб ёйилиши, у барча динларни аҳилликка, Хитою Ҳиндистондан тортиб Франциягача бўлган оралиқдаги миллионлаб одамларни бир-бирига тоқатлиликка, сабрга ва яхшиликка чақиргани ҳақида ҳам тўхталмайман. Фақат ислом цивилизацияси тарихидан чиройли бир мисол келтираман.
Мусулмонлар Византия империясининг армияси билан жанг қилгандан кейин асир олинганларни қадимий юнон фалсафаси, тиббиёти, математикаси ҳақидаги китобларга алмашган эканлар. Мен буни билимга ва ҳақиқатга чанқоқ инсон руҳиятининг улуғворлиги ҳақида гувоҳлик берувчи воқеа деб биламан. Улуғ таълимотга эргашган одамлар мажусийлик цивилизацияси меваларидан тотиб кўришни лозим топибдилар.
Тақдир мени икки улуғ цивилизация юртида туғилиб, уларнинг сутидан озиқланишимни, маданий меросидан баҳраманд бўлишимни лозим кўрибди. Ана шундай заминда менинг китобларим дунёга келди. Улар ҳурматли академиянгизнинг юқори баҳосига сазовор бўлиб, адабиёт соҳасидаги Нобель мукофотига лойиқ деб топилганидан бахтиёрман. Ўз номимдан ҳам иккала цивилизациянинг мангуликка кетган ижодкорлари номидан самимий ва чуқур миннатдорчилигимни қабул қилишингизни сўрайман.
Жаноблар! Эҳтимол сизлар “Қандай қилиб бу “учинчи дунё” одами ўз ақлининг эринчоқлигини енгиб ўтиб, бадиий асарлар ёза қолибди?” деб ўйлаётгандирсиз? Бундай савол жуда ўринли. Ахир мен, катта қарзлар ботқоғига ботган ва ўзини очликка гирифтор қилиш йўли билангина бу қарзларни узиши мумкин бўлган юртлардан келганман. Бизнинг “учинчи дунё” бу — доимо сув тошқинида қоладиган Осиё, очликдан азоб чекаётган Африка, бу — миллионлаб одамлари оддий ҳуқуқларидан ҳам маҳрум этилган ва ўзлари одам саналмайдиган Жанубий Африка. “Учинчи дунё” бу — Урдун дарёсининг ғарбий қирғоқлари, одамлари ўз ота-боболаридан қолган ерларда яшасалар-да, ўзларини тақдирнинг ўгай фарзандлари каби ҳис қиладиган Ғазо минтақаси. Бу одамлар ўзларининг оддий инсоний ҳуқуқлари учун курашга отланганлар. Энг биринчи ҳуқуқ — инсоний ҳаёт кечиришдир. Буни дунё тан олган.
Қаҳрамонона қўзғолонларнинг минглаб иштирокчилари аёвсиз саваланадилар, отиб ташланадилар, қамоқхона ва концлагерларда азобга солинадилар, уларнинг уйи ер юзидан супуриб ташланади. Буларнинг бари сайёрамизнинг юз эллик миллион араблар яшайдиган қисмида содир бўляпти! Улар, фаластинликлар азобланаётганини ва таҳқирланаётганини кўриб, қаҳр-ғазабга тўлиб кетяптилар. Агарда умумий тинчлик ва адолатга интилаётганларнинг ақли-дониши тантана қилмас экан, ҳудуддаги аҳвол фалокатга айланиб кетиши мумкин. Инсоният цивилизацияси ўз ривожининг масъулиятли босқичини ўтаётган шу кунларда бу одамларнинг азобланишига бефарқ қараб бўлмайди, улар бизнинг виждонимизга ҳавола қиляптилар, амалий ҳамдардлик кўрсатишни талаб қиляптилар.
Мен, инсоният етарли даражада оқил, деб ҳисоблайман. Ривожланган мамлакатлар бир битимга келаётган, олимлар атроф-муҳитни, саноатнинг зарарли чиқиндиларини тозалаш учун курашаётган ҳозирги кунларда одамзоднинг ақл-заковати ўлим ва емирилишга қарши туриши зарур. Ахлоқни ва одамлар руҳиятини айнаб кетишдан сақлаб қолиш учун курашни кучайтириш зиёлиларнинг бурчидир. Биз ривожланган, улуғ давлатларнинг бошлиқларидан, соғлом фикр юргизадиган одамлардан давримизнинг юксак онги даражасига кўтарилишни талаб қилишга ҳақлимиз.
Узоқ ўтмишда ҳар бир бошлиқ ўз мамлакати ёки миллати ҳақида қайғурган, бошқаларни эса ўзига душман деб билган ва эксплуатация қилиш объекти деб ҳисоблаган. Бундай бошлиқлар учун энг муҳими — бошқалардан устунликка эришиш, ўз улуғлигини қатъийлаштиришдан иборат бўлган. Шундай тубан мақсадлар учун ахлоқ, тамойиллар, инсоний қадриятлар топталган, бу йўлда ҳар қандай восита ўринли ҳисобланган. Шундай мақсадларни деб сон-саноқсиз одамлар қурбон қилинган, ёлғон, хиёнат, шафқатсизлик — куч ва улуғворлик белгиси деб ҳисобланган. Энди биз инсоний қадриятларга бошқача кўз билан қарашимиз, муносабатимизни ўзгартиришимиз лозим.
Ҳозирги цивилизациялашган раҳбарнинг улуғворлиги, дунёқарашининг кенглиги, бутун одамзод тақдири учун кучайган масъуллиги билан баҳоланиши керак. Ривожланган давлатлар ҳам, “учинчи дунё” мамлакатлари ҳам — ҳаммаси бир оила. Бу оилада ҳар бир одам бошқа ҳар бир одам учун, илм-фаннинг ютуқларини, инсоний донишликни ва цивилизацияни сақлаб қолиш учун ўзининг масъулият улушини зиммасига олиб юриши керак. “Учинчи дунё” номидан сизларга мана бундай чақириқ билан мурожаат қилишни ўз бурчим деб биламан: бизнинг фалокатларимизни ва кулфатларимизни четдан туриб кузатувчилар бўлманг, улардан қутулишимизга ёрдам беринглар! Бу — сизларнинг улкан имкониятларингизга мос келадиган олиҳиммат ролингиздир. Сизлар тараққий этган дунё вакиллари сифатида ер юзидаги ҳаётнинг ҳар қандай кўринишларига, ундан ҳам кўпроқ, бу улкан, айни пайтда тор дунёда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳаётига масъулсизлар. Гапириб-гапириб қўйиш етарли эмас, қароқчиларча сиёсату чангалзор қонунларини тугатиш учун амалий чора кўриш вақти келди. Биз шундай даврда яшаяпмизки, раҳбарлар одамзоднинг яшаб қолиши учун, сайёрамизнинг тақдири учун жавобгардир… Одамлар, инсоният тақдири олдидаги ўз масъулиятлари даражасини англаб етишларига ёрдам беринг! Ҳализамон одамийлик, ақл-заковат, илм-фан қонунлари бир четга улоқтириб ташланмасдан олдинроқ ёрдам беринг!
Жаноблар! Сизларнинг илтифотли диққат-эътиборингизни суиистеъмол қилганим учун кечиринглар. “Учинчи дунё”дан ўзининг дарду ҳасратлари билан келган одамдан бошқа ниманиям кутиш мумкин? Бунақа одам ўз қайғу-ҳасратларини илм-фанга, санъатга, маънавий ва инсоний қадриятларга хизмат қилиш учун яралган сизнинг цивилизация воҳангизда тўкиб солмаса, қаерда гапиради, дейсиз? Сизнинг воҳани бунёд қилган улуғ зот тўплаган улкан бойликларини Яратганнинг олдида ўз гуноҳларини ювиш учун, яхшилик ва илм-фан йўлига сарфлаган. Биз, “учинчи дунё” фарзандлари сиздек маърифатли арбобларни ундан намуна олишга чақирамиз. У дунёни қандай кўришни истаган бўлса, шундай дунё учун курашинг!
Жаноблар! Бугун биз яшаб турган дунё ларзаларни бошидан кечираётганига қарамай, мен барибир оптимистлигимча қоламан. Улуғ файласуф Кантнинг “яхшилик ёвузлик устидан фақат нариги дунёда ғалаба қилади”, деган гапига ҳеч қачон қўшилмайман. Йўқ, яхшилик ҳар куни ғалабаларга эришади. Ёвузлик биз ўйлагандан кўра ожиз, яхшиликка қараганда кучсиз. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Яхшилик ғалаба қилмаганида одам боласи ёввойи табиатга, стихияли фалокатларга, қўрқув ва худбинликка қарши туролмаган бўларди. Каттароқ мисол келтираман: яхшилик тантана қилмаганида одамзод умуман тараққий этолмаган, миллатларга бирлашиб, техниканинг янгидан-янги мўъжизаларини ихтиро қилолмаган, коинотни ўзлаштиролмаган, инсон ҳуқуқларини овоза қилолмаган бўларди. Тўғри, ёвузлик мисли тиканак, овози ўткир, одам эса хурсандчиликдан кўра ғам-ташвишлар ҳақида ўйлашга мойил. Бизнинг улуғ шоиримиз Абдулали айтганидек, ўлим қайғуси туғилиш хурсандчилигидан минг карра кучлидир.
Илтифотли диққат-эътиборингиз учун, жаноблар, сизларга яна бир марта миннатдорчилик билдираман.
1988 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси