Михаил Зошченко. Оврўпалик (ҳажвия)

Идора хизматчиси Серёжа Колпаков бир неча кун ақлдан озгандай бўлиб юрди.
У шаҳар телефон станциясига икка маротаба бориб, у ерда телефон аппаратининг нархи ва уни ўрнатиш шартлари ҳақида вазминлик билан, эринмай суриштирди.
Бу жуда арзон ва ҳамёнбоп эди.
Серёжа Колпаков шаҳар станциясига учинчи марта – шартнома имзолаш ҳақидаги қатъий қарор билан кириб борди. У алданиб қолмайин, деб маълумотлар бюросига учинчи маротаба йўл олди ва нархлар ҳақида вазминлик билан яна суриштира бошлади. Бундан ташқари, Серёжа телефон соҳасидаги энг янги ихтиролар ҳақида суҳбатлашишга ҳам уриниб кўрди, бироқ ўзининг қоғозларига ўралашиб қолган бағритош ва қуруқ, худбин маълумотчи хоним илмий кашфиётларга совуққонлик билан қараб, ҳатто жамоатчилик ишига халал бермасликни истеҳзоли оҳангда сўрашга жазм этди.
Шунда ўзининг энг илғор ғояларини инобатга олмаганларидан ранжиган Серёжа Колпаков ҳамёнини чиқариб, стол устига отиб юборди ва овозини баландлатиб, ўзи ҳам муассасада хизмат қилишини ҳамда инсонга халақит бериш нима эканлигини яхши тушунишини билдириб қўйди. Лекин, бахтга қарши, у халал бериши шарт.
Шу тобда Серёжа Колпаковнинг юзида мағрурлик ифодаси зуҳур этди ва зудлик билан шартнома тузиш истагида эканлигини билдирди.
Серёжани мудирнинг ҳузурига юборишди ва ярим соатдан сўнг шарт-нома имзоланди.
– Фақат, илтимос, ҳурматли ўртоқ, – деди Серёжа мудирга, овози титраб, – шошилишингизни илтимос қиламан. Мен банд одамман. Ҳар бир сониям қадрли.
Кўчага Серёжа Колпаков бошқа инсон бўлиб чиқди.
У шошилмай, вазмин одимлар ва ўткинчиларга енгил истеҳзо билан назар ташларди.
– Рўёбга чиқди, – шивирларди Серёжа Колпаков. – Узоқ кутилган орзуим рўёбга чиқди. Ва ниҳоят, Сергей Иванович Колпаковда телефон бор. Сергей Иванович Колпаков, саккизинчи разрядли ходим, таъбир жоиз бўлса, ҳаётнинг умумий тармоғига уланди. Сергей Иванович Колпаков, хизматчи – маданий кўникмалар ва одатларга эга бўлган ҳақиқий, асл оврўпалик инсон.
Сергей Иванович бош кийимини ечди, пешанасидаги терни артди ва телефон соҳасининг фойдали жиҳатлари ҳамда умуман, инсон даҳоси ҳақида фикрлар экан, вазмин қадам ила хизматга йўл олди.
Бир неча кун тушдагидай ўтди.
Сергей Иванович телефонни қаерга қўйишини хаёлан тасаввур қиларди. Бир оврўпачасига каравот олдига қўйгиси келарди, бир қарасанг, аксинча, столга қўйгиси келиб қоларди. Серёжа овоз чиқариб ўзига ўзи эътироз билдирар, қизишарди, бироқ бир қарорга кела олмади.
Ниҳоят, тантанали кун ҳам етиб келди. Унинг хонадонига сумка осган, аппарат кўтарган киши кирди-да, қувноқ оҳангда сўради:
– Қаерга қўндирай?
Серёжа Колпаков индамай, қалтироқ қўллари билан каравот ёнидаги деворни кўрсатди.
Хуллас, телефонни ўрнатишди.
Серёжа Колпаков янги, ялтиллаб турган аппаратга завқ-шавқ билан боқаркан, каравотга чўзилди. Кейин ўтириб олди, гўшакни қулоғига тутди ва қўнғироқ қила бошлади.
– «А» гуруҳими? Синов…
Телефон маликаси нимадир деб минғирлади, лекин Серёжа эшитмади. У ҳар сонияда қўли билан гўшакни ҳис этаркан, уни илгакка оҳистагина илди. У яна завқ билан ёстиққа суянди.
Сергей Колпаков ажойиб қутидан кўзини узмай чамаси икки соат каравотда чўзилиб ётди. Кейин яна қўнғироқ қилишга тутинди.
У ўзининг танишларини хотирасида хаёлан бирма-бир ўтказа бошлади. Афсуски, танишлар кам бўлиб, уларнинг телефонлари йўқ эди.
Шунда Серёжа Колпаков қўнғироқ қилиш мумкин бўлган ҳар қандай манзилни топиш ҳақида ҳатто бир оз ҳадик билан ўйлай бошлади. Бироқ бунақа жойнинг ўзи ҳам топилавермади.
Серёжа каравотдан сакраб турди, телефон китобчасини қўлига олди ва уни шоша-пиша варақлай бошлади, бахтга қарши қўнғироқ қилиш мумкин бўлган жой йўқ эди.
Шунда Серёжа Колпаков Коломенский ўт ўчириш бўлимига қўнғироқ қилди.
– Нима? – сўради кимдир бўғиқ овозда. – Ёняптими?
– Ёняпти, – маъюс оҳангда деди Серёжа.
У гўшакни жойига осди-ю, тўшакка чўзилди.
Кечқурун Серёжа Колпаковни безорилиги учун қамоққа олишди.

Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси