Юқори Донда урушдан кейинги биринчи баҳор ниҳоятда яхши келди, бундақаси жуда камдан-кам бўлади. Мартнинг охирида Азов бўйларидан илиқ шамол эсди-ю, Доннинг чап қирғоғидаги қумлар икки кун ичида яп-яланғоч бўлиб қолди, даштлардаги қор тиқилиб ётган жар ва ўралар кўпчиди, дала анҳорлари музларни синдириб, шовқин солиб оқа бошлади. Йўлдарда қарийб от-улов ўтолмайдиган бўлиб қолди. Йўлларнинг расвоси чиққан ана шу ёмон кунларда йўлим Букановская станицасига тушиб қолди. Манзил-ку унча олис эмас эди, жуда борса олтмиш километрча келарди, лекин етиб олиш осон бўлмади. Жўрам билан мен кун туғмай йўлга чиқдик. Икки тўриқ от ён қайишларини таранг қилиб, оғир бричкани зўр-базўр тортиб борарди. Ғилдираклар қор ва музларга қоришиб, намиқиб ётган қумга нақ гупчагигача ботиб кетарди, бир соатдан кейин эса отларнинг биқинларида, қоринбоғларида ва юпқа тортқилари тагида оқ момиқ кўпиклар пайдо бўлди, эрталабки салқин ҳавода от тери анқиди, жабдуқларга кўп суртиб юборилган мойнинг қизиган арава ёғига ўхшаш ўткир ҳиди димоққа ура бошлади.
Отлар жуда қийналиб кетган жойларда биз аравадан тушиб яёв юрдик. Ивиган қор этикларимиз тагида билчилларди, юриш жуда қийин, йўл бўйларида ҳали эриб улгурмаган музлар қуёш нурида биллур сингари ялтираб турарди, аммо у ёқдан юриш яна ҳам қийинроқ эди. Олти соат ичида зўрға ўттиз километр юриб, Еланка сойидаги кечикка етиб келдик.
Моховский хутори рўпарасида бўлган ва ёз маҳаллари у ер-бу ерда қуриб қоладиган бу ўртамиёна сой, ольха ўсиб, ботқоқ босиб ётган сайхонда роса бир километр жойга тошиб кетибди. Уч кишидан ортиқ одам ололмайдиган таги текис омонат қайиқчада ўтиш керак эди. Отларни қўйиб юбордик. Бизни сойнинг нариги бетида, колхоз саройида, қишдан бери ётган ва бошидан кўп савдолар ўтган «Виллис» кутиб турар эди. Шофёр икковимиз юрагимизни ҳовучлаганимизча ҳилвираб турган қайиқчага ўтирдик. Жўрам қирғоқда буюмлар билан қолди. Биз энди сузиб ҳам эдикки, қайиқчанинг чирик тагидан бирваракайига бир неча жойдан сув фонтан бўлиб отилиб чиқа бошлади. Қўлимизда бор нарсаларни омонат қайиқчанинг тешикчаларига тикдик ва қирғоққа етиб олгунимизча ичидаги сувни ташқарига тўкиб турдик. Бир соат деганда Еланканинг у юзига ўтиб олдик. Шофёр хутордан машинани олиб келди, кейин қайиқчанинг ёнига келди-ю, эшкакни қўлга ола туриб:
— Бу лаънати тоғда сувда тоб ташлаб юбормаса, икки соатларда келамиз, унгача кутманг,— деди.
Хутор анча олис бўлиб, кечик атрофи шундай жимжит эдики, бундай жимжитлик фақат кеч кузу, эрта баҳорда одамсиз жойлардагина бўлади. Сувдан зах ҳид келади, чириган ольхалар димоғларни қичиштириб анқийди, узоқ-узоқларда кўкимтир туман пардасига бурканган Хопер бўйлари далаларидан шабада эсиб, яқиндагина қордан қутулган ерларнинг абадий сарин, нозик ҳидларини келтиради.
Яқингинамда, сой бўйидаги қумда қулаб тушган четан чўзилиб ётган экан. Мен унга бориб ўтирдим-да, папирос чекмоқчи бўлиб, курткамнинг ўнг чўнтагига кўлимни суқдим, қарасам, минг афсуски, «Беломор» қутиси бутунлай ивиб қолибди. Сойдан ўтиб кетаётган маҳалимизда чўкай-чўкай деб лапанглаб кетаётган қайиқчамизнинг бортидан тўлқин ошиб ўтиб, белимизгача лойқа сув сочиб юборган эди. У маҳал папирос хаёлимга келибди дейсизми? Қайиқ чўкиб кетмасин, деб эшкакни бир четга қўйиш, қайиқчадаги сувни чиқариб тўкиш керак эди, мана энди ўз қилмишимга ўзим ачиндим, кейин чўнтагимдан ҳўл қутини авайлаб олдим-да, чордана қуриб ўтириб намиққан папиросларни четанга битта-биттадан териб қўя бошладим.
Кун қиёмга келди. Қуёш май паллаларидай қиздирарди. Мен папиросларим тезроқ қуриса экан деган умиддаман. Офтоб шундай қиздирардики, сафарга солдатча куртка билан шим кийиб чиққанимга афсус едим. Бу қишдан кейинги биринчи чинакам иссиқ кун эди. Ихтиёрингни жимжитлик ва танҳоликка топшириб қўйиб, четан устида мана шундай ёлғиз ўтириш ва бошингдан эски солдатча қулоқчинингни олиб қўйиб, қайиқ ҳайдаш заҳматидан сўнг ивиган сочларингни шабадада қуритиш, паға-паға оқ булутларнинг оқиш осмонда сузиб юришини томоша қилиш кўп гашт-да.
Ҳадемай, хуторнинг энг четки ҳовлилари орқасидан бир эркак кишининг йўлга чиққанини кўрдим. У кичкина бир ўғил болани етаклаб келарди, бўйига қараганда бола беш-олти ёшларда, катта эмас. Улар кечик томонга ҳориб-толиб келишяпти, бироқ машинанинг тўғрисига келганда мен ёққа бурилишди. Букрироқдан келган бу новча киши менга қадалиб келиб, бўғиқ товуш билан:
— Салом, оғайни! — деди.
Унинг менга чўзган каттакон, дағал қўлини қисиб туриб мен ҳам:
— Салом, — дедим.
У киши болага энгашиб:
— Амакинг билан сўраш, ўғлим, — деди. — Бу ҳам чамаси, отангга ўхшаш шофёр кўринади. Бироқ сен билан биз юк машинасида юрардик, бу эса анови кпчкина машинани ҳайдар экан.
Бола очиқ осмон сингари ёркин кўзлари билан менинг кўзларимга рўйирост тикилиб ва хиёл кулимсираб туриб, совуқдан бир оз кўкарган қўлчаснин менга дадил узатди. Мен унинг қўлини астагина силкитиб сўрадим:
— Ҳа, чол, нега бунча қўлинг совуқ? Ҳамма ёқ иссиғу сен музлаб қолибсан?
У болаларга хос ёқимли бир ишонч билан тиззамга сурканди-да, оқиш қошларини ажабланиб жийирди:
— Мени нимага чол дейсиз, амаки? Мен ҳечам чол эмасман, боламан, иннайкейин, ҳечам музлаганим йўқ. Қор ўйнадим-да, шунинг учун совуқ.
Отаси орқасидаги ғарибона халтасини олди-ю, ёнимга келиб ҳорғин ўтирди, кейин:
— Мен жўрамдан тоза куйдим-да! — деди. — Бунга етиб юраман деб ҳоли жоним қолмади. Мен қадамимни каттароқ ташласам, бу киши йўртишга ўтадилар. Ана энди мана шундақа пнёда аскар билан юриб кўр-чи! Бир қадам ўрнига уч қадам ташлайман, худди от билан тошбақа ҳамроҳ бўлганга ўхшаш, юришимиз ҳар хил бўлиб қолди. Буниси гўрга-я, тағин ҳазир бўлиб, кўздан қочирмай юрмасанг яна бўлмайди. Бир зум ғафлатда қолдингми — бўлди, ё кўлоб кечади, ё муздан синдириб олиб, конфет қилиб сўради. Йўқ, бундақанги жўра билан сафар қилиш эркак кишига тўғри келмайди, яна пиёда сафарга-я!.. — У бир оз жим қолгандан кейин мендан сўради: — Хўш, ўзингдан сўрасак, оғайни, бошлиқларингни кутиб ўтирибсанми дейман-а?
Мен шофёр эмаслигимни айтишни эп кўрмай:
— Кутишга тўғри келиб қолди,— деб жавоб бердим.
— У тарафдан келишадими?
— Ҳа.
— Қайиқ тезроқ келармикан, хабаринг йўқми?
— Икки соатларда келиб қолади.
— Жуда соз. Ҳай, майли, дам олиб ўтириб турамиз, шошиб турган жойимиз йўқ. Ёнингдан ўтиб кетаётиб, сенга кўзим тушиб қолди: бизнинг шофёр оғайнимиз ўзини офтобга солиб қолибди-ку, кел, олдига бориб бир отамлашай, махорка чекишай, деб ўйлаган эдим. Ёлғиз ўлиб обрў топмаганингдек, ёлғиз чекиб хумордан ҳам чиқмайсан киши. Ў-ў, папирос чекар экансан-да, ишларинг беш-ку! Нима бало, ивитиб кўйибсанми дейман-а? Ҳе, оғайни, тамакининг ҳўли нима-ю, отнинг асови нима, бир чақа! Кел, менинг қўлбола тамакимдан чекайлик.
У ёзлик мошранг шимининг чўнтагидан ўраб кўйилган тамаки халтасини олди, қизил шойидан тикилган бу халтача эскириб, ситилиб кетган эди. У халтачасини ёзаётганда, мен унинг бурчагига: «Лебедянская ўрта мактабининг 6-синф ўқувчисидан азиз жангчига» деб ипак билан ёзилган хатни кўриб қолдим.
Биз, ниҳоят кучли қўлбола тамакини чекиб, узоқ жим ўтириб қолдик. Мен ундан болани қаёққа эргаштириб кетаётганини, шундай лойгарчиликда қандай эҳтиёж уни кўчага чиқарганини энди сўрайман деб турган эдим, у мендан илгарироқ:
— Урушнинг то бошидан охиригача машина ҳайдадингми-а? — деб сўраб қолди.
— Бошидан охиригача деса бўлади.
— Фронтдами?
— Ҳа.
— Ҳе, оғайни, мен ҳам урушда не-не балоларни кўрмадим, асти сўрама.
У бақувват, чайир қўлини тиззасига қўйиб, букчайиб олди. Ёнидан қараб, мен аллақандай бўлиб кетдим… Сиз худди кул сепиб қўйилганга ўхшаган, чексиз ғам-ғусса билан тўлиб-тошган ва қараган кишининг юраги орқасига тортиб кетадиган кўзларни ҳеч маҳал кўрганмисиз? Тасодифий суҳбатдошимнинг кўзлари худди шундай эди.
У четандан битта қуруқ эгри чўпни синдириб олди-ю, индамай ўтириб, чўп билан қумда аллақандай шакллар чиза бошлади, кейин яна гапга кирди:
— Гоҳи маҳаллар кечаси кўзингга уйқу келмайди, очиқ кўзларинг билан қоронғига тикилиб қоласан… «Нега мени ногирон қилиб қўйдинг-а, фалак? Нима важдан мени шундай азоб-уқубатларга солиб қўйдинг?» деб ўйлайсан киши. Бироқ на қоронғиликдан жавоб бор ва на ёруғ жаҳондан… Жавоб йўқ, жавоб ололмайман ҳам! — Кейин, ўғлининг олдида шундай деяётганини бирдан пайқаб колиб, уни меҳр билан туртиб: — Бор, жон ўғлим, сув бўйида ўйнаб кел, сув ёқасида болаларга хар маҳал эрмак топилади. Лекин оёғингни ҳўл қилма, хўпми!— деди.
Биз жим ўтириб махорка чекишаётганимизда, ота-болага ер остидан разм солиб, ичимда бир аҳволга хайрон қолган эдим, ҳар ҳолда бу нарса менга жуда ғалати кўринди. Боланинг кийим-боши одмигина-ю, лекин пухта: эгнидаги барлари узун эски пиджакчаси ўзига худди қуйиб қўйгандек ўтиришидан ҳам, мўъжазгина этикчаларининг юнг пайпоқ устидан сиғадиган қилиб тикилишидан ҳам, пиджакчасини чеварлик билан ямалган енгидан ҳам — ҳаммасидан хотин кишининг ғамхўрлиги, моҳир она қўлининг изи сезилиб турарди. Отаси эса бошқа қиёфада: бир неча жойи куйган куртка наридан-бери, қўполгина қилиб ямоқ солинган, эскириб кетган мошранг шимидаги ямоқ уқувсизлик билан тикилган, тўғрироғи, эркакчасига кенг-кенг қилиб қавиб қўйилган, оёғида ҳали янги солдатча ботинка бўлса хам, қалин юнг пайпоқларини куя еган — буларга хотин кишининг қўли тегмаган… Ўшандаёқ мен: «Ё бева, ё бўлмаса хотини билан тотув турмаса керак»,— деб ўйлаган эдим.
У ўғлининг орқасидан бир оз қараб турди-да, кейин бўғиққина йўталиб олиб, яна гап бошлади, мен эса жон қулоғим билан тингладим.
— Даставвал мен ҳам эл қатори умр қилдим. Ўзим асли Воронеж губерниясиданман, бир минг тўққиз юзинчи йилда туғилганман. Гражданлар урушида Қизил Армия сафида, Киквидзе дивизиясида бўлдим. Йигирма иккинчи йилги очарчиликда Кубанга кетиб, қулоқларга мардикорлик қилдим, шунинг учун ҳам жоним омон қолди. Ота-онам, сингилчам уйда очликдан ўлиб кетишибди. Ўзим ёлғиз қолдим. Қариндош-уруққа келсак — ҳеч ерда ҳеч кимим йўқ. Шундай қилиб, бир йилдан кейин Кубандан қайтиб келдим, кулбамни сотиб, Воронежга бошимни олиб кетдим. Аввал дурадгорлик артелида ишладим, кейин заводга кириб чилангарликни ўргандим. Орадан кўп ўтмай уйланиб ҳам олдим. Хотиним болалар уйида тарбияланган. Етимча. Толеимга жуда яхши хотин чиқди. Мўмингина, хушчақчақ, қўл-оёғи енгил, эсликкина эди — менга сира ҳам ўхшамайди! Бир бурда ноннинг қадри нима эканлигини болалигиданоқ билгани учун ҳам ана шу қийинчилик характерига таъсир қилган бўлса ажаб эмас. Ташқаридан қараганда, кўзга унча яқин ҳам эмас эди-ю, лекин мен унга ташқаридан эмас, ичимдан, дилимдан қарардим. Шу туфайли дунёда менинг учун ундан гўзал, ундан дилбар аёл йўқ эди, ундақаси бўлмайди ҳам!
Гоҳида ишдан чарчаб, қаҳру ғазабинг қайнаб келасан. Йўқ, ҳар қанча ёмон гапирсанг ҳам бир оғиз ёмон жавоб қилмайди. Бирам меҳрибон, бирам мўминки, атрофингда парвона бўлади, ўтқазгани жой тополмайди, бир бурда нонингни ҳаловатда емагунингча жонини жабборга беради. Унинг жонсараклигини кўрасану жаҳлдан ҳам тушасан, бир оздан кейин эса бағрингга босиб: «Кечир, жоним Ирина, сенга итлик қилдим. Нима қилай, бугун ишим юришмади», дейсан. Ана шундан кейин яна апоқ-чапоқ бўлиб кетардик, кўнглим яна жойига тушарди. Бунинг ишга қанчалик таъсир қилишини биласанми, оғайни? Эрталаб ўрнимдан қушдай бўлиб турардим, заводга борардим, қўлимга қанақанги иш тушса қойил қилардим! Хотининг — умр йўлдошингнинг ақлли бўлиши, ана, кўрдингми, қандай яхши нарса!
Гоҳи маҳаллар ойлик олганингда ўртоқларинг билан ичишиб ҳам қоласан. Баъзан уйга қайтиб келаётганингда шу қадар оёқларинг чалишиб, юролмай қоласанки, сиртдан қараган киши сендан ҳазар қилади. Тор кўчани гапирмаёқ қўя қолай сенга, ҳатто кенг кўча ҳам торлик килиб қолади — ана расволик! Мен у маҳаллар девдек кучли, норғул йигит эдим, ичишга келганда жуда кўп ича олардим, аммо-лекин уйга ҳар маҳал ҳам ўз оёғим билан юриб келардим. Гоҳи маҳаллар шундай ҳам бўлардики, етай-етай деб колганимда, қадамни секинроқ босишга, тўғрироғи, эмаклашга мажбур бўлардим, шундай бўлса ҳам, барибир, уйга етиб олардим. Қара, шу аҳволда кириб борсанг ҳам, сенга на ўпка қиларди, на ўшқирарди ва на жанжал кутарарди. Иражоним фақат кулиб қўя қоларди, шунда ҳам мастлиги тутиб, хафа бўлиб юрмасин деб, жуда эҳтиёт билан куларди. Кийим-бошимни ечиб: «Девор томонга ёт, Андрюша, уйқусираб йиқилиб-нетиб юрма тағин»,— деб пичирларди. Мен ҳам сули тиқилган қопдай каравотга ағдарилардим, кўз олдимда ҳамма нарса пирпираб айлана бошларди. Уйқумда бошимни секин-аста силаганини, меҳрибонлик билан алланималарни шивирлаганини эшитардим, раҳми келарди, демак…
Эрталаб у мени ишга жўнашимдан икки соат олдин турғизарди, ўзини ўнглаб олсин дерди-да. Бош оғриғига овқат емаслигимни биларди, шунинг учун ё тузланган бодринг, ё бўлмаса шунга ўхшаш бирор шўртак нарсани топиб қиррали стаканчага ароқ қуярди-ю: «Ма Андрюша, бош оғриғига ичиб ол, лекин бошқа ичмагин, жоним, хўпми»,— деярди. Ахир унинг шунчалик ишончига яраша иш қилмай бўладими? Ароқни ичардим-да, бир оғиз ҳам сўз айтмай, кўз қирим билан миннатдорчилик билдирардим, кейин бир ўпиб, ишга жўнардим. Борди-ю, шунақанги кайфинг ванғ бўлиб турганда шаънингга бирон бемаъни сўз айтиб юборгудек бўлса, шанғилик қилса ёки қарғаса борми — худо ҳаққи, нақ эртасига яна ичиб келасан-да киши. Баъзи бир хотини аҳмоқ оилаларда шунақа бўлади: биламан, унақанги рўдаполарни ҳам кўп кўрганман.
Ҳадемай бола-чақалик ҳам бўлиб қолдик. Олдин ўғил, бир йилча ўтар-ўтмай яна иккита қиз туғилди… Ана шундан сўнг ўртоқларимдан ўзимни тортдим. Ҳамма ойлигимни уйга ташийдиган бўлдим, бола-чақа кўпайиб, аёлманд бўлиб қолдим, ичкиликка йўл бўлсин энди. Ичсам ҳам дам олиш кунлари бир кружкагина пиво ичардим, холос.
Йигирма тўққизинчи йилда машина ҳайдашга ишқим тушиб қолди. Автомобиль ҳайдашни ўрганиб, юк машинасига ўтирдим. Кейин шу ишга шўнғиб кетиб, заводга қайтмадим. Машина ҳайдаш менга жуда қўл келиб қолди. Шу қабилда ўн йил машина ҳайдадим ва бу ўн йилнинг қандай ўтиб кетганини ўзим ҳам билмай қолдим. Худди тушдагидек ўтдн-кетди. Э, ўн йил нима деган нарса! Бирор кексароқ одамдан: «Умринг қандай ўтганлигини сездингми?» деб сўраб кўр-чи, нима деяр экан. Сезган бўлса ўлай агар! Ўтган умрни — ҳув анови хира туман босган узоқ дашт деявер. Эрталаб шу дашт билан юриб келдим, ҳамма ёқ тип-тиниқ эди, йигирма километр юрдим дегунча даштни хира парда босди, мана энди бу ердан туриб ўрмонни сассиқ-алафдан, буғдойзорни пичанзордан ажратолмайсан киши…
Мана шу ўн йил давомида кечани кеча, кундузни кундуз демай ишладим. Пулни ҳам яхшигина топдим, турмушимиз бошқаларникидан ёмон бўлмади. Болаларимиз ҳам яхши чиқди: учовиям аъло ўқирди, катта ўғлим Анатолий математикага шунақаям зеҳни зўр бўлиб чиқдики, уни ҳатто марказий газеталарга ҳам ёзишди. Унда бу илмга шунчалик катта талант қаердан пайдо бўлганига ўзим ҳам ҳайронман, оғайни. Қувончим ичимга сиғмас эди, фахрланардим, шунчалар фахрланардимки, асти қўявер!
Ўн йил ичида пича пул ҳам жамғардик, уруш олдидан икки хона, бир қазноқ ва йўлакчадан иборат кичкина уй ҳам солиб олдик. Ирина иккита эчки сотиб олди. Бундан ортиқ яна нима керак? Болаларимиз ширгуруч ейишарди, бошпанамиз, энгил-бошимиз, пойабзалимиз бор эди, бундай қараганда худога шукур, ўзимизга йтузук эдик. Фақат уй-жопимиз нобопроқ жойга тушиб қолди. Менга авиазаводга яқинроқ жойдан олти сўтих участка ажратиб беришган эди. Уйим бошқа ерда бўлса, ким билади, турмуш ҳам бошқачароқ бўлармиди…
Бир вақт пақ этиб уруш бошланиб қолди-ку. Эртасига военкоматдан повестка келди, индинига кўрибсизки, эшелонда ўтирибмиз-да. Мени жигаргўшаларим: Ирина, Анатолий, қизларим — Настенька билан Олюшалар узатиб қолишди. Болаларим ўзларини тузук тутишди, қизларим, албатта, пича кўз ёши ҳам қилиб олишди. Анатолий бўлса совуқ еяётгандек, нуқул кифтларини учирарди. Ўша пайтда у ўн еттига қадам қўйган эди. Иринамга келсак… У билан ўн етти йил умр кўрган бўлсам ҳам уни ҳеч маҳал шу аҳволда кўрмаган эдим. Кўйлагимнинг елкаси билан кўкраги Иринанинг тун бўйи тўккан кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлгап эди, эрталаб ҳам яна шу аҳвол… Вокзалга келдик, раҳмим келганидан бечорага қарай олмас эдим… Йиғлайвериб лаблари шишиб кетган, сочлари тўзғиган, кўзлари овсар кишиникига ўхшаб маъносиз бўлиб колган эди. Командирлар вагонларга чиқиш учун буйруқ берса, Ирина кўксимга ўзини ташлаб, бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олибди, мисоли илдизига болта урилган дарахт сингари силкинади, титрайди… Болалар ҳам тасалли беришар, мен ҳам юпатар эдим — қани энди тинса! Бошқа аёллар эрлари, ўғиллари билан бамайлихотир гаплашиб туришибди, меники бўлса новдага ёпишган япроқдай менга ёпишиб олибди, нуқул титрайди, тили сўзга келмайди. Мен бўлсам: «Ўзингни тут, жоним Ирина! Хайрлашиш чоғи лоақал бир нима десангчи»,— дейман. Ана шундан кейин Ирина тилга кирди ва ҳар сўзда пиқ-пиқ йиғлаб туриб: «Жонгинам… Андрюша… бу дунёда… энди… сен билан… ҳеч кўриша олмаймиз…» дейди.
Унга раҳмим келиб, ўзимнинг юрагим тарс ёрилиб кетай деб турибди-ю, у тағин шунақа сўзларни айтади. Улардан ажраб кетиш менга ҳам осон эмаслигини тушуниш керак-да, мен ахир қайнанамникига чўзма егани кетаётганим йўқ-ку! Аччиғим келди! Бўйнимдан қўлларини олдиму елкасидан астагина итариб юбордим. Секингина итарувдим шекилли, кучим қурғур кўп эмасми, у уч қадамча орқасига тисарилиб кетди. Кейин яна битта-битталаб юриб, қўл чўзиб келаверди, мен бўлсам: «Одам деган шунақаям хайрлашадими? Нега мени ўлмай туриб тириклайин гўрга тиқасан?!» — деб бақириб бердим. Қарасам… аҳволи паришон, яна бағримга босдим…
Суҳбатдошим шу ерга келиб ҳикоясини узиб қўйди, мен ўртага тушган сукунатда унинг ютинганини, бўғзида бир нима билиқлаганини эшитдим. Унинг ҳаяжони менга ҳам ўтди. Мен ҳикоячининг юзига ер остидан қарадим. Лекин унинг ўликники сингари кўзларида заррача ҳам ёш кўрмадим. У калласини солинтириб ўтирар, фақат ихтиёрсиз тушган каттакон қўллари, ияги, қалин лаблари элас-элас титрарди.
— Қўй, дўстим, эслама! — дедим мен унга паст овоз билан, чамамда, у менинг сўзимни эшитмади шекилли, бутун вужудини эгаллаган ҳаяжонини ғоят зўр бир куч билан босиб олиб, жуда ғалати, бўғиқ бир товушда яна гап бошлади:
— Уни ўша маҳал итариб юборганим учун ўзимни ўла-ўлгунимча, охирги нафасим чиққунча кечирмайман!
У яна узоқ жим бўлиб қолди. Тамаки ўрамоқчи бўлган эди, газета қоғози йиртилиб тамакиси тиззасига тўкилиб кетди. Ахир бир амаллаб тамаки ўради-ю, бир неча бор ичига қаттиқ-қаттиқ тортди, кейин бир йўталиб қўйиб, ҳикоясини давом этди…
— Иринадан ўзимни айирдим, юзини кафтларим орасига олдим, ўпдим, лаблари муз-муз. Кейин болаларим билан хайрлашдиму, вагонга қараб югурдим, поезд юра бошлаганда эшигига сакраб чиқиб олдим. Поезд тезлигини секин-секин ошириб борди, бола-чақам ёнидан ўтиши керак. Қарасам: болаларим худди етимлардек бир ерга ғуж бўлиб олишиб, менга қўл силташяпти, жилмайгилари келади, лекин жилмая олишмайди. Ирина бўлса қўлларини кўксига босиб турибди, лаблари оппоқ, бир нималар деб шивирлайди. Мижжа қоқмай менга тикилиб турибди. Худди кучли шамолга қарши одим ташлагиси келгандек, бутун гавдаси билан олдинга қараб интиларди… У миямда худди мана шу аҳволи билан умр бўйи сақланиб қолди: қўллари кўксига босилган, лаблари оппоқ, кўзлари чақчайган, жиққа ёш… Кўп маҳал уни тушимда ҳам худди шу аҳволда кўраман… Нега мен уни ўшанда кўксидан итариб юбордим-а? Эсимга тушса ҳали-ҳали юрагимни ўтмас пичоқ билан тилгандай ўртаниб кетаман…
Украинада Белая Церковь яқинида бизни қисмларга ажратишди. Менга «ЗИС-5» маркали машина беришди. Мен шу машинамни ҳайдаб фронтга жўнадим. Хайр, уруш тўғрисида сенга сўзлаб ўтирмасам ҳам бўлади, даставвал урушнинг қандай аҳволда эканлигини ўзинг кўргансан, биласан. Уйдан тез-тез хат олиб турардиму, аммо ўзим онда-сонда ёзар эдим. Гоҳи маҳаллар: «Ишлар тузук, кам-кам урушиб турибмиз, ҳозирча чекинаётган бўлсак ҳам, эрта-индин куч тўплаб фрицларнинг тумшуғини ерга ишқаймиз», деб ёзиб юборардим. Бундан бошқа яна нима ҳам ёзардинг дейсан? Кўп бемаъни вақт эди, хат ёзиш кўнгилга сиғмасди. Гапнинг ростини айтсам, йиғлоқи торларни чертишга ўзимнинг ҳам тоқатим йўқ. Ҳар кун бўлар-бўлмасга: «Аҳволим жуда оғир, шўрим қуриб қолди, ўлдириб-нетиб қўйишмаса гўргайди» деб хотинларига ё жигарсўхталарига хат ёзадиган, сўлаги билан оқ қоғозни сувайдиган сўлакиларни жинимдан бадтар ёмон кўрардим. Ана шу шим кийиб олган қанжиқ дод-вой қиларди, одамларнинг раҳмини келтирмоқчи бўларди, сўлагини оқизарди-ю, аммо бахти қора қилинган хотинларимиз, болаларимизнинг мамлакат ичкарисида кечириб турган ҳаётлари бизникидан ширин бўлмаганлигини тушунгиси келмасди. Давлатнинг бутун оғирлигини ўшалар кўтаришди-ку. Хотинларимиз билан болаларимизнинг елкалари ана шундай оғир юк остида букилиб қолмаган бўлса, улар қанақа елкалар экан? Шунақа, уларнинг елкалари букилмади, туриш берди! Ҳалигидақа мишиқи, жони сабиллар дод-вой солиб хат ёзишади-ю, мехнаткаш аёлларнинг оёғига болта уришади. Шўринг қурғур хотин ана шунака хатни олади-да, тарвузи қўлтиғидан тушади, ишдан қўли совийди. Шунинг учун ҳам сен эркаксан, шунинг учун ҳам солдатсанки, зарурат бошингга солган ҳар қандай мушкулотни кўтарасан, чидаш берасан. Борди-ю, белида белбоғи бор эркак эмас, ҳажиқиз бўлсанг, унда бурмали юбка кий, суяги чиқиб турган қуймичингни юбка басавлат қилиб кўрсатсин, хеч бўлмаса орқангдан хотин кишига ўхша, ама ундан кейин бориб ё лавлағи чоп, ё сигир соғ, фронтга сендакасининг кераги йўқ, у ерда сенсиз ҳам сассиқ-алафлар ачиб ётибди!..
Бироқ фронтда менга бир йил ҳам жанг қилиш насиб бўлмади… Шу орада икки марта яраландим, лекин иккови ҳам енгил: биттаси — қўлимнинг этига, иккинчиси — оёғимга тегди. Биринчиси — самолётдан отилган ўқ, иккинчиси — снаряд осколкаси. Немислар машинамни тепадан ҳам, ёндан ҳам илма-тешик қилди-ю, лекин, оғайни, дастлабки вақтларда толеим баланд келди. Баланд келишга келди-ю, аммо охирида ўзимни ҳам кўтариб ерга урди… Қирқ иккинчи йилнинг май ойида Лозовеньки ёнида мана шундай ноқулай аҳволда асир тушиб қолдим: у маҳал немислар куч билан босиб келишаётгап эди. Кунлардан бир кун юз йигирма икки миллиметрли замбарак батареямиз қарийб снарядсиз қолди. Машинамга кетганича тўлдириб снаряд ортдим, ўзим ҳам жонимни аямай шундай юклашдимки, терлаганимдан гимнастёркам елкамга ёпишиб колди. Жанг биз турган ерга яқинлашиб келаётгани учун ниҳоятда жадал юклаш керак эди: чап томонда кимнингдир танклари гумбурларди, ўнг томонда ҳам, олдинда ҳам отишмалар давом этарди, ҳадемай димоғларга куйган эт иси ҳам ура бошлади…
Авторотамизнинг командири мендан: «Ўтиб кета оласанми, Соколов?» — деб сўраб қолди. Тавба, ҳозир сўраб ўтирадиган вақтми? Ким билади, балки уёқда ўртоқларим ҳалок бўлишаётгандир, мен бўлсам бу ерда оғзимни очиб қараб тураманми? «Қанақа гап бўлиши мумкин! Ўтиб кетишим керак, тамом!» — дедим унга. У ҳам: «Жуда соз, ҳайда бўлмаса! Жонинг борича ҳайда!» — деди.
Мен ҳам жоним борича ҳайдадим. Умрим бино бўлиб бунака тез ҳайдамаган эдим! Ортиб кетаётганим картошка эмаслигини, бундай юк билан йўлда эҳтиёт бўлиб юриш кераклигини билсам ҳам, уёқда оғайниларим қуруқ қўл билан жанг қилишаётган, йўлни тўп-замбараклар ўққа тутиб турган бир пайтда, қанақасига эҳтиёт қилиб ҳайдашим мумкин? Машинани олти километргача учириб бордим, салдан кейин батареямиз жойлашган жарликка тушиб олиш учун қишлоқ йўлига бурилишим керак эди. Бундай қарасам — ё навзамбилло! — йўлнинг чап томонида ҳам, ўнг томонида ҳам, пиёда аскарларимиз яланғоч даладан чекиниб боришяпти, ёнларида миналар портлаяпти. Энди нима қиламан? Орқага қайтиб бўладими? Жоним борича ҳайдадим! Батареяга етиб олишимга атиги бир километрча қолди, қишлоқ йўлига ҳам тушиб олдим, лекин, оғайни, тўпчиларимиз олдига етиб боролмадим… Чамамда, машинамнинг ёнига узоққа отар тўп снаряди келиб тушган кўринади. Снаряднинг портлаганини хам, бошқасини ҳам, ҳеч нимани эшитмадим, фақат калламда бир бало ёрилди, бошқа нарса эсимда йўқ. Қандай қилиб тирик қолганимга ҳайронман. Чуқурчадан саккиз метрча нарида қанча вақт ётиб қолдим — буни ҳам билмайман. Бир маҳал ҳушимга келсам, ҳеч оёғимни босиб туролмайман, калламда бир нима лўқиллайди, худди безгак тутаётгандек бутун вужудим қалтирайди. Кўз олдим қоп-қоронғи, чап елкамга бир бало бўлганга ўхшайди. Аъзойи баданим шу қадар қақшаб оғрирдики, худди мени биров икки кечаю икки кундуз қўлига тушган нарса билан дўппослагандай эди. Ерда қорним билан узоқ судралдим, кейин ўрнимдан туриб олдим. Шунда ҳам қаердалигимни, менга нима бўлганлигини билолмай ҳайрон бўламан. Чамаси, эс-ҳушимни йўқотиб қўйган эканман. Ётишга яна қўрқаман. Ётсам кейин туролмай, шу ерда ўлиб қоламанми дейман. Худди бўрон маҳалидаги мирзатеракдай, турган еримда у ёқдан-бу ёқда чайқаламан.
Эс-ҳушимни йиғиб олганимдан кейин, ён-веримга синчиклаб разм солдиму, биров юрагимни чангаллаб сиқаётгандек бўлди, қарасам: мен олиб кетаётган снарядлар теварагимда сочилиб, мендан салгина нарида машинам тўнтарилиб ётибди, ҳаммаёғи илма-тешик бўлиб кетипти, жанг-чи, жанг орқамда кетяпти… Буниси қанақа бўлди?
Яширишнинг ҳожати йўқ, ана шунда оёқларим ўз-ўзидан букилди, кесилган дарахтдай йиқилиб тушдим, чупки қуршовда эканимни, тўғрироги, фашистларга асир тушиб қолганимни апглаган эдим. Ана, кўрдингми, урушда нималар бўлар экан…
Эҳ, оғайни, ихтиёрсиз асирга тушиб қолишнинг нималигини англаш осон нарса эмас. Кимки буни ўз бошидан кечирмапти, ундайларнинг қалбига йўл топиб кириш, тутқунликнинг нималигини инсонларча англатиш жуда қийин.
Хайр, шундай қилиб, йиқилган еримда танкларнинг гулдуросини эшитиб ётдим. Немисларнинг ўрта оғирликдаги тўртта танки мен снарядлар олиб жўнаган томонга қараб ёнимдан гумбурлаб ўтиб кетди… Ахир бунга қандай чидаб бўлади?! Кейин замбаракларни судраб шатакчи машиналар, дала ошхоналари, ундан кейин пиёда аскарлар ўтди, лекин булар унча кўп эмас, жуда борса титиғи чиқкан бир ротача келарди, холос. Кўз қирим билан уларга қараб-караб қўярдим-да, яна бетимни ерга босиб, кўзларимни юмиб олардим: уларни кўрсам кўнглим айнар, дилим сиёҳ бўларди…
Ҳаммаси ўтиб кетгандир, деб ўйлаб бошимни кўтариб қарасам, олтита автоматчи мендан юз метрча наридан ўтиб боряпти. Бир вақт қарасам йўлдан бурилиб нндамай мен томонга келишяпти. «Ана, ажалим ҳам етиб келди», деб ўйладим. Туриб ўтирдим, ётган еримда ўлгим келмади, кейин ўрнимдаи турдим. Улардан биттаси мендан бир неча одим нарида елкасини силкиб, автоматини қўлига олди. Одам боласи хўб ғалати нарса-да: ўша минут менда на ваҳима ва на қўрқув пайдо бўлди. Унга қарайману: «Ҳозир менга бир сидра ўқ узади, қаеримдан урар экан? Калламдан отармикан ё кўкрагимдан отармикан?» — деб ўйлайман. Худди ўқлар баданимнинг қаеридан тешиб ўтиши менга барибир эмасдек.
Ораларида қорачадан келган, лаблари юпқа, кўзлари сузилиб турган хушрўйгина бир йигитча бор эди. «Ўлдирса ҳам мени мана шу йигит ўлдиради», деб ўйладим ўзимча. Ўйим тўғри чикди: у автоматини мўлжалга олди. Мен ҳам индамай унинг кўзига бақрайиб қараб туравердим. Иккинчиси, ефрейтор эканми, нима бало, ёши каттароқ, қарироқ деса ҳам бўлади, хуллас, ана шуписи бир нима деб ўшқирди-ю, ҳалиги қорачадан келган йигитни бир четга итариб юборди, кейин ўзи менинг олдимга келди-да, ўз тилида алланималар деб ғўлдирлаб, ўнг қўлимни тирсагимдан бука бошлади, чоғимда, мускулимни ушлаб кўргиси келди шекилли. Ҳа, ушлаб кўриб: «О-о-о!» деди. Кейин йўлга, кунботарга ишора қилди. Чамаси: «Юриб қол, ҳайвон, бизнинг рейхга малайлик қиласан!» дегандир-да. Ишнинг кўзини билар экан, итвачча!
Қорачадан келган ҳалиги йигитнинг кўзи бирдан этигимга тушиб қолди-ю! Этигимнинг афт-ангори ташқаридан қараганда анча тузук эди. У қўли билан: «Еч!» деб ишора қилди. Мен ерга ўтирдиму этигимни ечиб узатдим. У қўлимдан юлгандай қилиб олди. Пайтаваларимни ҳам ечиб узатдим-да, ўтирган жойимда унга тикилиб турдим. Лекин у ўшқириб, ўз тилида сўкиб берди, кейин яна автоматини қўлига олди. Ёнидагилар эса нуқул хириллаб кулишади. Улардан шу билан эсон-омон қутулдим. Фақат ўша қорачадан келган йигит йўлга чиқиб олгунимча менга уч-тўрт бор ўқрайиб қаради, бўри боласига ўхшаб кўзларини чақнатди, ғазабланди, нега энди? Худди у эмасу, мен унинг этигини ечиб олгандай.
Начора, оғайни, иложим йўқ эди. Йўлга чикдим, воронежчасига болохонадор қилиб валатини роса ўхшатиб сўкдиму, кейин ғарбга, асорат чоҳига караб кетдим!.. Аммо юришга мадорим қолмаганди, соатига зўрға бир чақирим юрардим. Олдинга қадам ташламоқчи бўласан, лекин оёғинг сени гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа тайтанглатади, худди маст кишидай гандираклатади. Пича юрганимдан кейин асир тушиб қолган кишиларимиз колоннаси орқамдан етиб келди, булар ҳам мен хизмат қилган дивизия аскарлари эди. Уларни ўнтача немис автоматчиси ҳайдаб келарди. Колонна олдида келаётган немис ёнимдан ўтиб кетаётиб, бир оғиз ҳам ёмон сўз айтмай, автоматининг сопи билан миямга тушириб қолди. Яхши ҳамки йиқилмадим, бўлмаса автоматидан бир сидра ўқ узарди-ю, ерга михлаб қўя қоларди, хайрият, йиқилиб кетаётганимда одамларимиз ушлаб қолишиб, колонна ўртасига олиб кириб кетишди ва ярим соатча қўлтиқлаб боришди. Ҳушимга келганимда, оғайнилардан биттаси: «Йиқила кўрма, худо асрасин! Мадоринг етмаса ҳам юравер, бўлмаса ўлдириб кетишади!» деб пичирлади. Ана шундан кейин мадорим етмаса ҳам юриб кетдим.
Кун ботиши билан немислар конвойларини кўпайтиришди, юк машинасида яна йигирматача автоматчини олиб келишди-да, бизни илдам юргизиб кетишди. Оғир ярадорларимиз кўпинча орқада қолиб кетар, буларни автоматчилар йўл устидаёқ отиб ташлашар эди. Асирлардан иккитаси қочишга уннаб кўрган эди, буларни ҳам турган гап, отиб ташлашди. Аслида нодонлик уларнинг ўзларидан ўтди, бўлмаса шундай ойдин кечада яйдоқ далага қочиб бўлармиди, яна ҳамма ёқ кафтдай кўриниб турган бўлса… Ярим кечада қарийб куйиб битган бир қишлоққа етиб келдик. Бизни тунаш учун қуббаси пачоқланган бир черковга ҳайдаб олиб киришди. Пол ғиштдан қилинган, солишга бир сиқим ҳам пичан йуқ, ҳаммамиз ҳам шинелсизмиз, эгнимизда фақат гимнастёркаю шим. Бир хилларимизнинг эгнимизда ҳатто гимнастёрка ҳам йўқ, фақат ички кўйлак. Кўпроқ кичик командирларда шундай эди. Оддий аскарлардан фарқ қилиша олмасин, деб гимнастёркаларини ўзлари ечиб ташлашган. Иннайкейин, тўпчиларда ҳам гимнастёрка йўқ, булар замбараклари олдида терга пишиб отишаётган ерларида асир тушиб колишган.
Кечаси шунақаям каттик жала қуйдики, ҳаммамиз шилт-шилт бўлиб ивиб кетдик. Бунинг устига гумбазни ё оғир снаряд учириб кетган, ёки самолётдан ташланган бомба қўпориб ташлаган, томни бўлса осколкалар илма-тешик қилиб юборган эмасми, шу сабабдан ҳатто меҳробдан ҳам куруқ жой тополмайсан. Худди қоронғи қўрага тиқилган қўйларга ўхшаш, биз ҳам кечаси билан черковда ғуж бўлиб ўтириб чиқдик. Кечаси қарасам, биров қўлимдан ушлаб: «Ҳой, ўртоқ, ярадормисан?» — деб сўраяпти. Мен ҳам унга: «Нима ишинг бор эди, оғайни?» — деб жавоб бердим. У яна: «Мен — ҳарбий врачман, эҳтимол, сенга ёрдамим тегар?» — деди. Мен чап елкамнинг қисирлаётганини, шишиб кетганини, қаттиқ оғриётганинн айтдим. У қатъий қилиб: «Гимнастёркангпи еч, ич кўйлагингни ҳам!» — деди. Мен айтганларини ечдим, шундан кейин у нозик бармоқлари билан елкамни эзиб кўра бошлади, шундай эздики, кўзимга дунё коронғи бўлиб кетди. Мен унга тишларимпн ғижирлатиб: «Сен одам доктори эмас, ҳайвон докторига ўхшайсан. Бировнинг оғриқ жойини нега бунақа эзасан, бераҳм одам экансан-ку!» — дедим. У ҳамон эзишини қўймай, жаҳли чикиб: «Кўп валақлайверма! Жуда сергап экансан-ку! Маҳкам бўл, мана ҳозир яна баттарроқ оғрийди», — деди. Шундай деб туриб, қўлимни бир тортиб юборса борми, нақ кўзларимдан ўт чақнаб кетди!
Ўзимга келганимдан кейин: «Бу нима қилганинг, бадбахт фашист? Қўлим ўзи пачақ-пачақ бўлиб ётибди-ю, сен яна тортасан!» — десам, у мийиғида кулиб қўйиб: «Ўнг қўли билан уриб юбормасмикин тағин деб ўйловдим, тузук, оғир йигит экансан. Қўлинг пачақланган эмас, чиқиб кетган экан, солиб қўйдим. Қалай, энди оғриғи пасайдими?» — деб сўради. Ҳақиқатан ҳам, кўзим очилди-қолди, оғриқ тарқала бошлади. Мен унга қалбимдан миннатдорчилик билдирдим. У қоронғида нари кетди ва яна: «Ярадорлар борми?» — деб сўрай бошлади. Чинакам доктор ана шундай бўлар экан! Тутқунда, зулматда юриб хам улуғ ишини қилди.
Кечамиз кўп бесаранжом ўтди. Бўшанишга ҳам чиқаришмади, иккита-иккита қилиб черковга киргазишаётганларидаёқ, конвой бошлиғининг ўзи бу ҳақда огоҳлантириб қўйган эди. Аксига юриб, шўринг қурғур художўйларимиздан бири ҳожат талаб бўлиб қолса бўладими! Ўзини роса тутибди, тишини тишига қўйиб хўб чидабди, ахир бўлмагандан кейин: «Табаррук ибодатгоҳни булғай олмайман . Мен диндор одамман, христианман! Нима қилай энди, оғайнилар?» — деб йиғлаб юборди. Бизнинг одамларимизни энди ўзинг биласан-ку: бировлар кулади, бировлар сўкади, яна бировлар ҳазил аралаш маслаҳатлар беради. У бизни бошига тушган бу савдо билан анча кулдирди-ю, лекин оқибати кўп ёмон бўлди: «Ташқарига чиқаринглар» деб эшикнн тақиллата бошлади. Бироқ шу билан ўзи ҳам тил тортмай қўя қолди: фашист эшик эни бўйлаб бир сидра ўқ узди, ўқлар эшикдан тешиб ўтиб тақводор билан яна уч кишини тил тортқизмай ўлдирди, бир кишини оғир ярадор қилган эди, у ҳам эрталабга етмай адо бўлди.
Ўликларни бир жойга тўплаб, ҳаммамиз ерга ўтирдик, дамимиз ичимизга тушиб, ўйланиб қолдик: мушкулимиз бошданоқ хунук тус олди-ку… Бир оздан кейин бир-биримиз билан шивирлаша бошладик: ким қаердан, қайси областдан, асирга қандай тушган — шуларни сўраша кетдик. Бир взводда хизмат қилишган ўртоқлар ёки бир ротада бўлган танишлар қоронғида ҳеч нарсани кўрмай, бир-бирларини секин-секин чақира бошладилар. Бир вақт ёнимда паст овоз билан гаплашишаётган мана шундай гурунгни эшитиб қолдим. Бири: «Мабодо эртага бизни ҳайдаб кетишдан олдин қаторга турғизиб, комиссарларни, коммунистларни ва яҳудийларни чақириб қолишса, сен, взвод командири, тағин писиб-нетиб юрма! Бу ишингдан ҳеч нима чиқмайди. Нима, гимнастёркамни ечиб ташладиму шу билан оддий аскар бўлиб олдим, деб ўйлайсанми? Ҳеч-да! Сенинг касрингга қолгани тоқатим борми! Ҳаммадан олдин сени мен кўрсатиб бераман! Ахир мен биламан-ку, коммунистсан, мени ҳам партияга кир, деб ташвиқот қилгансан, мана энди қилмишингга яраша жавоб бераверасан», — деди. Бу гапни менинг чап томонимда ётган одам айтяпти, унинг нариги ёнида ётган ёш бир йигитнинг: «Ўзим ҳам сени ёмон одам деб ҳаммавақт гумон қилиб юрардим-а, Крижнев, — деган овози эшитилди. — Айниқса саводсизлигингни баҳона қилиб, партияга киришга унамаганингдаёқ шундай гумонга келган эдим. Аммо сени хоин бўлиб чиқарсан, деб ҳеч вақт ўйламаган эдим. Ахир сен етти йиллик мактабни тугатгансанку?» — Ҳалиги одам взвод командирига: «Хўш, тугатганман, нима бўпти?» — деб жавоб қилди истар-истамас. Ана шундан кейин иккови ҳам анчагача жим қолишди, сўнгра, овозига қараганда взвод командири бўлса керак, паст товуш билан: «Мени сотма, ўртоқ Крижнев», — деди. Ҳалиги одам бир кулиб қўйди-да: «Ўртоқларинг фронт орқасида қолиб кетди, мен сенга ўртоқ эмасман, шунинг учун менга ялинмасанг ҳам бўлади, барибир, айтаман. Ҳар кимнинг жони ўзига ширин», — деди.
Улар жим бўлиб қолишди, менинг бутун аъзойи баданим ҳалиги ифлоснинг гапидан қақшаб титрай бошлади. «Йўқ, сен итвачча, командиримни тутиб беролмайсан, мен бунга йўл қўймайман! Сени черковдан соғ чиқармайман, ўлигингни итнинг ўлигидай оёғингдан судраб чиқишади!» — деб ўйладим. Бир оз тонг ёришгандан кейин қарасам, ёнимда турқи совуқ бир йигит ётибди. Унинг ёнида эса озғингина, пучуқроқ бошқа бир йигитча тиззаларини кучоқлаб ўтирибди. Эгнида ички кўйлак, рангида ранг қолмапти. «Бола бечора бу йўғон-йўлпи ахтага бас келолмайди. Ўзим тўғриламасам бўлмайди буни» деб ўйладим.
Уни секин туртиб қўйдим-да: «Сен взвод командиримисан?» — деб сўрадим шивирлаб. У ҳеч нима демади, фақат калласини қимирлатиб қўя қолди. Мен ётган йигитга ишора қилиб: «Бу сени тутиб бермоқчими?» — деб сўрадим. У яна бошини тебратди. Мен унга: «Агар шундай бўлса, тез бўл, оёғидан босиб тур, тепиб юбормасин тағин! Қани! Ҳа!» — дедиму ўзимни ҳалиги одамнинг устига ташладим. Бармоқларим қизил ўнгачига кириб кетди. Ифлос ғиқ дейишга ҳам улгурмади. Уни бир неча минут босиб ётганимдан кейин ўрнимдан турдим. Хоин асфаласофилинга кетиб, тили оғзининг бир четидан осилиб қолди.
Шундан кейин кўнглим бирам беҳузур бўлиб қўлимни бирам ювгим келиб кетдики, гўё одам боласини эмас, қандайдир газандани бўғиб ўлдиргандай эдим… Умрим бино бўлиб биринчи марта одам ўлдиришим, тағин ўз одамимизни… йўқ, қанақасига ўз одамимиз бўлсин! У ёту бегоналардан ҳам баттар, хоин! Ўрнимдан турганимдан кейин взвод командирига: «Кетдик бу ердан, ўртоқ, черковнинг бағри кенг», — дедим.
Ўша Крижнев айтганидек, эрталаб ҳаммамизни черков олдида сафга турғизиб, автоматчилар билан ўраб олишди, кейин учта эсэсчи офицер ўзлари ёмон кўрадиган одамларни ажрата бошлади. Кимлар коммунист, кимлар командир, кимлар комиссарлигини суриштирди, бироқ орамиздан бундақалар чиқмади. Хоинлик қиладиган аблаҳлар хам топилмади, чунки асирларнинг ярмига яқини коммунист эди, бундан ташқари, командирлар ҳам, ўз-ўзидан маълумки, комиссарлар ҳам бор эди. Икки юздан ортиқроқ асирлар ичидан улар фақат тўрт кишини ажратиб олишди. Биттаси яҳудий, учтаси оддий рус аскари. Русларнинг бу фалокатга учрашига сочларининг кора ва жингалаклиги сабаб бўлди. Шунақаларнинг олдига келиб: «Юде?» — деб сўрашади. Улар «Русман», — дейишса ҳам, гапларига қулоқ солишмайди. «Чиқ!» — дейишади, вассалом.
Бечораларнинг ҳаммасини отиб ташлаб, бизни яна ҳайдаб кетишди. Мен билан биргалашиб хоинни бўғиб ўлдиришган взвод командири Познангача ёнимдан жилмади, йўлда кетаётиб, аҳён-аҳёнда, қўлимни сиқиб қўяди. Познанда бизни мана шундай бир сабаб бир-биримиздан айирди.
Биласанми, оғайни, биринчи кундан бошлаб ўз одамларимиз томонга қочиб ўтиш пайига тушган эдим. Албатта қочаман, деб аҳд қилиб қўйган эдим. Лекин бизни Познангача ҳайдаб келиб, лагерга тиқкунларича ҳеч пайтини топа олмадим. Познань лагерига қамаганларидан кейин шундай пайт тўғри келиб қолди: ўлган ҳарбий асирларимизга гўр қаздириш учун бизни май охирларида лагерь яқинидаги ўрмончага олиб чиқишди, ўша пайтлар жуда кўп оғайниларимиз юракбуруғдан ўларди, гўр қазияпману, икки кўзим теварак-атрофга термилади. Бир вақт қарасам: қўриқчиларимиздан иккитаси тамадди қилгани ўтирди, учинчиси эса офтобда мудраб колди. Мен белкуракни ташладиму, шилт этиб ўзимни чангал орқасига урдим… Кейин чопганимча йўлни кунчиқар томонга қараб солдим…
Чамамда қўриқчиларим менинг қочганигимни кеч пайқашганга ўхшайди. Ўша куни қирқ километрча йўл юрибман, тавба, мендай озғин одамда шунча йўл юришга қаердан куч топилди экан? Ўзим ҳам ҳайронман! Лекин қочганим билан муродим ҳосил бўлмади: орадан тўрт кун ўтиб, лаънати лагердан анча узоқлашиб кетганимда, мени тутиб олишдн. Искович итлар изимдан келишиб, мени ўрилмаган сулипоя ичида босишди.
Илк тонгда яйдоқ дала билан кетгим келмаган эди, аммо ўрмонгача кам деганда яна уч километр келади, шунинг учун кундузни мана шу ерда ўтказақолай, деб сулипояга кириб олган эдим. Сулидан пича уқалаб едим, яна керак бўлиб колар деб анча-мунчасини чўнтакка ҳам урдим. Бир маҳал ит товуши билан мотоциклнинг «пат-пат» қилгани қулоғимга кирди-ю, юрагим шув этиб кетди! Нимага десанг, итларнинг овози ҳадеганда якинлашиб келяпти. Дарров мук тушиб ётиб олдим, итлар ғажиб ташламасин, деб юзимни қўлларим билан беркитдим. Орадан кўп ўтмай итлар ҳам етиб келишди ва бир зумда жулдур кийимларимни юлиб олишди, онадан туғилгандай, қип-яланғоч бўлдим-қолдим. Итлар мени сулипояда роса улоқ қилишди, охири бир эркак ит икки оёғини кўксимга қўйиб, бўғзимдан олишга чоғланиб турди, лекин тегмади.
Икки мотоциклда немислар етиб келишди. Аввал ўзлари тўйгунларича уришди, кейин итларни менга гижгижлашди, териларим билан этларим парча-парча бўлиб узилиб тушди. Ҳамма ёғимдан қон оққан, яп-яланғоч ҳолимда лагерга олиб келишди. Қочганим учун бир ой карцерда ўтирдим, шунда ҳам ўлмадим… тирик қолдим!..
Асирликда бошимга тушган савдоларни эслаш жуда оғир, оғайни, айниқса тилга олиш яна ҳам оғирроқ… Германияда бошдан ўтган азобу уқубатларни, ўша ёқдаги лагерларда қийналиб ҳалок бўлган ёру дўстларни эсласанг жонинг ҳиқилдогингга келади, нафасинг тиқилиб қолади…
Икки йил асирликда юрган бўлсам, шу давр ичида мени не-не жойларга ҳайдаб боришмади! Ана шу икки йил ичида Германиянинг ярмини айланиб чиқдим: Саксонияда ҳам бўлдим — силикат заводида ишладим, Рур областида ҳам бўлдим — шахтага тушиб кўмир ташидим, Баварияда ҳам бўлдим — ишлайвериб қаддим букилди. Тюрингияда ҳам бўлдим, қўй-чи, немис ерида оёғим тегмаган жой қолмагандир дейман-ов! У ёқда, оғайни, табиат ҳар хил экану, лекин тартиб бир экан: биз шўрликларни ҳамма ерда бир хилда отиб, бир хилда калтаклашди. Худонинг каҳрига учрагур у ярамас газандалар бизни шунақаям беаёв калтаклашар эдиларки, биз ёқларда ҳайвонни ҳам ҳеч маҳал шундай уришмайди. Ҳали мушт билан солишади, ҳали оёқ билан тепишади, ҳали резина таёқча билан уришади, қўй-чи, қўлига темир-терсак тушадими, бошқа бало тушадими, ишқилиб, нимаики тушса шу билан солаверади. Милтиқ кўндоқлари билан, ёғоч билан урганларини-ку, айтмасам ҳам бўлади.
Нимага уришади десанг: рус бўлганинг учун уришади, ҳали ёруғ дунёдан умидинг борлиги учун уришади, ўша аблаҳларнинг ишларини қилаётганинг учун уришади. Яна ножўяроқ қараб қўйганинг, оёғингни чакки босганинг, ноқулай ўгирилганинг учун ҳам уришади… Бекордан-беркорга уришаверади, ишқилиб, эртами-кечми уриб ўлдиришлари керак бўлгани учун уришади, охирги томчи қони бўғзига тиқилиб қолсин, калтакдан ўлсин, деб уришади-да. Чамаси, Германиядаги одам куйдирадиган печкалар ҳаммамизга етмаган бўлса керак…
Ҳамма ерда овқатни бир хил беришди: ярми топондан қилинган юз эллик грамм эрзац-нон, шолғомлн суюқ хўрда. Қайноқ сувни бўлса — бир жойда беришса, бир жойда бу ҳам пўқ. Гапираман десанг гап кўп, оғайни, ўзинг ўйлаб кўр: урушдан олдин саксон олти килограмм эдим, кузга бориб эллик килограммча қолдим. Этим бориб устихонимга ёпишди, буниси ҳам гўрга-я, қуруқ гавдамнинг ўзини кўтариб юришга ҳам мадорим етмай қолди! Бунинг устига иш қил, гап қайтарма, яна шунақанги оғир ишки, ҳатто аравага қўшиладиган отга ҳам малол келади.
Совет ҳарбий асирларидап бир юз қирқ икки кишини сентябрь ойининг бошларида Кюстрин ёнидаги лагердан Дрезден яқинидагн Б-14 деган лагерга жўнатишди. Шунга қадар бу лагерда бизпнкилардан икки мингтача асир бор экан. Ҳаммамиз бир бўлиб тош конида ишладик, немис тошларини қўл билан ковлаб чиқардик, синдирдик, ёрдик. Кундалик норма — киши бошига тўрт кубометр! Ўзимиз жонимиз қил устида осилиб, зўрға-зўрға юрибмизу, тағин буларнинг берган нормасини қара! Қисқаси, шўримиз мана шу ерда қурий бошлади: бирга келган юз қирқ иккита одамдан икки ой ўтар-ўтмас атиги эллик етти киши қолдик. Бунисига нима дейсан, оғайни? Одамхўрлик эмасми? Ўзимиз ўлган одамларимизни кўмиб улгура олмаймизу, тағин лагерларда: «Немислар Сталинградни олишиб, энди Сибирга бостириб кетишаётгап эмиш», деган узунқулоқ гаплар тарқалиб қолди. Буниси дард устига чипқон бўлди, қаддимиз букилди, кўзларимиз ерга тикилди, гўё бизларни ҳам бегона немис тупроғи ўз қаърига тортаётгандек кўринди. Лагерь қўрмқчиларм бўлса ҳар кун ичкилик қилишади, ашула айтишади, суюнишади, ўйнашади.
Кунлардан бир кун, кечқурун, баракка қайтиб келдик. Кун бўйи ёмғир тинмади, жулдурларимиз шундай ивиб кетдики, сиқсанг шариллаб сув оқади, ҳаммамиз совуқда қолган итдай шамолда дағ-дағ титрардик, тишимиз тишимизга тегмас эди. Энгил-бошимизни қуритгудек ёки исиниб олгудек бирон жой йўқ. Бунинг устига ўлгудек, ҳатто ундан ҳам баттарроқ очмиз. Лекин кечқурунлари бизга овқат берилмас эди.
Мен ивиб кетган жулдурларимни эгнимдан ечиб, сўрига ташладиму: «Уларга ҳар кун тўрт кубометр тош тайёрлаб беришинг керак, ҳолбуки бизнинг ҳар биримизнипг гўримизга бир кубометр тош ҳам етиб ортади», — дедим. Қарангки, шу аламли гаплар оғзимдан чиқди дегунча орамиздан бир муттаҳам чиқиб, лагерь комендантига шипшиб қўйибди.
Лагерь коменданти ёки уларнинг тили билан айтганда, лагерь фюрер Мюллер деган бир немис эди. Бўйи пастдан келган, семиз, сочлари оқиш, ўзи ҳам аллақандай оқ: бошидаги сочлари ҳам, қошлари ҳам — ҳаммаси оппоқ, ҳатто кўзлари ҳам оқдан келган бақа кўз. Русчани худди сен билан биздек гапиради, тағин волгаликларга ўхшаб «о»ни аниқ килиб айтади. Онангни деб сўкишга келса, ундақаси йўқ дейман-ов, жуда қийиб ташлайди. Лаънати бунақанги болохонадор қилиб сўкишни қаердан ўргандийкин-а? Гоҳи маҳаллар бизни блок олдига, — улар баракни шундай деб аташарди, — қатор қилиб турғизиб қўярди-да, эсэсчилари билан қатор олдидан бир-бир босиб ўтарди, юрганда ҳам ўнг қўлини силтаб юрарди. Қўлида чарм қўлқоп, кўлқоп устидан яна бармоқларимга шикаст етмасин деб қўрғошиндан астар қилиб олган. Юриб бораётиб ҳар иккинчи кишининг бурнига мушт уради, бурунни конатади. Лаънати тағин бу нарсани «гриппдан сақланиш чораси» деб айтади. Ҳар куни аҳвол шу. Лагерда жами тўртта блок бор, бутун биринчи блокда «гриппдан сақланиш чораси»ни кўради, эртага иккинчисида, сўнг шу тартибда кўраверади. Аммо лаънати ўлгудай интизомли эди, бир кун ҳам дам олмай ишларди. Лекин аҳмоқнинг фақат бир нарсага ақли етмасди: одамларнинг бурнига уришдан олдин, бир оз қизишиб олиш учун қатор олдида туриб ўн минутча сўкинарди. Сўкканда ҳам бекордан-бекорга сўкарди, лекин биз бундан ҳузур килардик: негаки, бу сўзлар ўзимизнинг қўлбола сўзларимиз-да, худди жонажон юртимиздан шамол учириб келтираётганга ўхшарди… Агар у оғзидан чиқаётган ҳақоратлари билан бизни хурсанд қилаётганлигини билса, албатта бизни русчалаб эмас, балки ўз тилида сўккан бўларди. Фақат бир москвалик ошнамнинг унга жуда ёмон жаҳли чикарди. Ошнам: «У сўкаётганда кўзимни юмиб оламан, ўзимни Москвада, Зацепада, пивохонада ўтиргандай сезаман, жуда ҳам пиво ичгим келиб, ҳатто бошим айланиб кетади», — дер эди.
Ана шу комендант кубометрлар тўғрисидаги ўша гапларимни айтган куним эртасига мени олдига чақиртирди. Кечқурун баракка иккита қўриқчи билан тилмоч келди-да: «Андрей Соколов ким?» — деб сўради. Мен жавоб қилдим. «Марш орқамдан, сени шахсан герр лагерь фюрернинг ўзи чақиряпти», — деди. Нимага чақираётганлиги маълум. Асфаласофилинга жўнатгани. Ўртоқларим билан видолашдим, ўлгани кетаётганим ҳамма аён эди. Бир хўрсиндиму, чиқиб кетдим. Ўзим лагерь ҳовлисида кетяпман, лекин кўзларим юлдузларда, улар билан ҳам видолашдим. Ўзимча: «Ана, Андрей Соколов, яъни лагерь тили билан айтганда, уч юз ўттиз биринчи, азобу уқубатдан қутулдинг энди!» деб ўйланман. Бирдан Ирина билан болаларимга юрагим ачишиб кетди, кейин юрак ўртаниши босилиб, ўзимни қўлга ола бошладим: тўппончанинг оғзига солдат дадиллиги билан қарашим, ҳаётдан ажраш мен учун ҳам оғир эканини ўлимим олдида душманларга сездириб қўймаслигим керак…
Комендант бўлмаси — худди биз ёқлардаги яхши клубларга ўхшаш топ-тоза, деразаларга гуллар қўйилган, стол теварагида эса лагерь бошлиқлари ўтиришипти. Беш киши ўтириб шнапс ичишяпти, тамаддисига чўчқа мойи уришяпти. Стол устида оғзи очилган катта шнапс шишаси нон, чўчқа мой, тузланган олма, очиб қўйилган ҳар хил консерва банкалари бор. Бир зумда ана шу нозу неъматларга кўз югуртириб чиқдим, сенга ёлғон менга чин, кўнглим беҳузур бўлиб кетди, қайт қилиб юборишимга сал қолди. Ўзим бўрига ўхшаб оч юрсам, одамдек овқатланиш аллақачон эсимдан чиқиб кетган бўлса-ю, бу ерда шунча нозу неъматлар уйилиб ётса… Кўнгил беҳузурлигини бир амаллаб босдим, стол устидаги нозу неъматлардан кўзларимни минг азоб билан уздим.
Қоқ рўпарамда ширакайф Мюллер тўппончасини ўйнаб ўтирибди, уни гоҳ у кўлидан бу қўлига, гоҳ бу қўлидан у қўлига ташлайди. Ўзи эса илон сингари киприк қоқмай менга тикилиб олган. Мен қўлларимни ёнимга олдим, пошналаримни бир-бирига уриб, баланд овоз билан: «Герр комендант, ҳарбий асир Андрей Соколов сизнинг буйруғингизга биноан етиб келди!» — деб рапорт бердим. У ҳам мендан: «Шунақа дегин, рус Иван, тўрт кубометр тош чиқариш кўплик қилар экан-да?» — деб сўради. Мен ҳам: «Худди шупдай, герр комендант, кўплик қилади», — деб жавоб бердим. «Менга қара, сенинг гўрингга бир кубометри етадими?» — «Худди шундай, герр комендант, етиш у ёқда турсин ортиб ҳам қолади», — дедим.
Шундан кейин у ўрнидан туриб: «Сепга битта яхшилик қилишим мумкин: бу сўзларинг учун ҳозир сени ўз қўлим билан отиб ўлдираман. Бу ер ўнғайсиз, ташқарига юр, ўша ерда нариги дунёга паттангни оласан», — деди. Мен: «Ихтиёрингиз», — дедим. Шундан кейин у типпа-тик турган ерида ўйланиб қолди, кейин тўппончасини столга ташлаб, стаканга тўлдириб шнапс қуйди, бир бурда нон олди, устига бир тишламча чўчқа мойи қўйди-да, ҳаммасини менга тутиб: «Ўлиш олдидан немис қуролининг ғалабаси учун ичиб юбор, рус Иван!» — деди.
Мен қўлидан ичкиликни ҳам, егиликни ҳам олай деб турган эдиму, лекин ҳалиги сўзларини эшитиб, бамисоли чўғ босиб олган одамга ўхшаб кетдим! Ичимда: «Мен-а, рус солдати-я, немис қуролининг ғалабаси учун ичармишман-а?! Ундан кўра… емайсанми шу гапларингга, герр комендант? Менга барибир эмасми ўладиган бўлганимдан кейин? Э, бошингни есин ўша ароғинг!» — деб ўйладим.
Стаканни ҳам, нон билан ёғни ҳам столга қўйдим: «Зиёфатингиз учун ташаккур, лекин мен ичмайман», — дедим. У тиржайиб: «Бизнинг ғалабамиз учун ичгинг келмаяптими? Бўлмаса ўлаётганинг учун ич», — деди. Нафсиламрга, мендан нима кетади? «Мен ўзимнинг азобу уқубатлардан қутулиб ўлаётганим учун ичаман», — дедим унга. Шу сўзни айтдиму, стаканни олиб икки ҳўплаб ичиб ташладим, нон билан мойга эса қўл ҳам тегизмадим, кафтим билан лабларимни мулойимгина артдим-да: «Зиёфат қилганлари учун ташаккур. Мен тайёрман, герр комендант, юринг, мени олиб чиқиб паттамни қўлимга беринг», — дедим.
Лекин у менга диққат билан қаради-да: «Ўлишдан олдин бирон нарса еб ол ахир», — деди. Мен унга: «Биринчи стакандан кейин оғзимга ҳеч қанақа овқат олмайман», — деб жавоб бердим. У иккинчи стаканни тўлдириб менга узатди. Буни бир кўтаришда ичиб юбордим-да, яна овқатга қўл урмадим, шундай қилиб ўзимни дадилроқ тутмоқчи бўлдим, ва: «Ташқарига чиқиб, жонимдан айрилишдан аввал, ҳеч бўлмаса бир ичиб олайин», — деб ўйладим. Комендант оқиш қошларини кериб туриб: «Нимага овқат емайсан, рус Иван? Тортинма!» — деди. Мен бўлсам унга яна: «Кечирасиз, герр комендант, иккинчи стакандан кейин ҳам оғзимга овқат олиш одатим йўқ», — деб айтдим. У лунжларини осилтирди, жаҳли чиқди, кейин шунақаям қаҳқаҳа уриб кулиб юбордики, асти қўяверасан! Кулиб туриб немисчалаб бидирлаб кетди, чоғимда, менинг гапимни дўстларига таржима килиб берди шекилли. Улар ҳам кулиб юборишди, стулларни жилдириб, турқларини мен томонга ўгира бошлашди. Бундай разм солсам менга энди анча мулойимроқ қарашяпти.
Комендант учинчи стаканни қуйяпти-ю, кулгисининг зўридан қўллари яланг қалтирайди. Бу стаканни мен симириб ичдим, нондан бир тишладим-да, қолганини столга қўйдим. Очдан ўлаётган бўлсам ҳам, уларнинг нишхўрдига зор эмаслигимни, менда ўзимнинг ғурурим ва иззат-нафсим борлигини, улар ҳам қанча ҳаракат қилишса ҳам, барибир, мени ҳайвонга айлантириша олмасликларини лаънатиларга бир кўрсатиб қўйгим келди.
Шундан кейин комендантнинг турқи жиддийлашди, кўкрагидаги иккита темир крестини тўғрилади-да, стол ёнидан қуролсиз айланиб ўтиб: «Менга қара, Соколов, сен чинакам рус солдати экансан, ботир солдат экансан! Мен ҳам солдатман, шунинг учун довюрак душманимга ҳурмат қиламан. Сени отмайман. Нимага десанг, бугун бизнинг шавкатли қўшинларимиз Волга дарёсига етиб борди ва Сталинградни бутунлай эгаллади. Бу — биз учун ниҳоятда катта шоду хуррамлик, шу туфайли ҳаётингни олижаноблик билан ўзингга тортиқ қиламан. Блокингга боравер, ҳа, манови — довюраклигинг учун», — деди-ю, столдан мўъжазгина бир буханка нон билан бир бўлак чўчқа мойи олиб берди.
Нонни кучимнинг борича бағримга босдим, мойни чап қўлимга олдим, ишнинг кутилмаганда шу хил тус олишидан чунонам шошиб колдимки, раҳмат ҳам айтмасдан, чап томоним билан гир айландим-у, эшикка қараб юрдим. Бироқ ичимда: «Ҳозир куракларим орасидан отади, овқатларни оғайниларимга етказиб беролмайман», — деб ўйладим. Йўқ, отмади. Бу сафар ҳам ажал совуқ нафасини юзимга уриб, ёнимдан ўтиб кетди…
Комендант бўлмасидан тетик юриб чиқдим, лекин ташқарида оёқларим чалиша бошлади. Баракка кириб келдим-да, ҳушимдан кетиб цемент полга йиқилиб тушдим. Ўртоқларим мени тонг ёришмай уйғотишди: «Нима бўлди, гапир?»— дейишди. Мен комендант бўлмасида ўтган гапларни эслаб, ҳаммасини сўзлаб бердим. Ёнимдаги сўрида ётган қўшним овози титраб: «Нон билан мойни қандай бўламиз?» — деб сўради. Мен: «Ҳаммага баравар бўлавер», — дедим. Ҳадемай тонг ҳам ёришди. Нон билан ёғни йўғон ип билан бўлдик. Ҳар кишига гугурт қутисидай-гугурт қутисидай нон тегди: ҳатто ҳар бир увоққача тенг бўлишиб олдик. Ёғга келсак: ўзинг биласан-ку лабларимизни бир-бир мойлаб олишга зўрға етди. Ишқилиб, ҳаммасини бежанжал баҳам кўрдик.
Орадан кўп ўтмай, биздан уч юзтача энг бақувват одамни ажратишди-ю, ботқоқ қуритгани юборишди. У ердан кейинча Рур областига шахтага жўнатишди. Ўша ерда қирқ тўртинчи йилгачайин қолиб кетдим. Бу орада бизникилар Германияни қовурғасини синдирган, фашистлар энди асирлардан жирканмайдиган бўлиб қолишган эди. Кунлардан бир кун кундузги сменанинг ҳаммасини чиқариб сафга тургизишди. Аллақаёқдан келган обер-лейтенант тилмоч орқали: «Армияда ёки урушдан олдинги даврларда кимда-ким шофёр бўлиб ишлаган бўлса, бир қадам олдинга чиқсин!» — деб буюрди. Эски шофёрлардан еттитамиз олдинга чиқдик.
Бизга кийилган эски коржома беришди, кейин конвой билан Потсдам шаҳрига юборишди. У ерга келганимиздан кейин ҳаммамизни ҳар ёққа бўлиб юборишди. Мен «Тодте»да ишлашга тайинландим, «Тодте» — немисларда йўл ва мудофаа иншоотлари курилишини бошқарадиган бир маҳкама экан. Армия майори мартабасидаги бир немис инженерининг «Оппель-адмирал» маркали машинасини ҳайдадим. У баччағар жудаям семиз фашист эди-да. Пак-пакана-ю, қорни катта, энига ҳам, бўйига ҳам баб-баравар, орқасидан қарасанг — жуда тарвақайлаб кетган хотин кишига ўхшайди. Олдидан қарасанг — мундирининг ёқаси устидан уч қават бағбақаси осилиб туради, орқасидан қарасанг — бўйнида уч қатор йўғон-йўғон тириши бор. Менинг хомчўтимга қараганда, жирининг ўзи уч пуд келарди. Юрганда худди паровоздай пишиллаб юрарди, овқат егани ўтирса-чи, оғзинг очилиб қолади! Гоҳи маҳаллар бугун кун бўйи овқат еб флягадан коньяк ичгани ичган. Аҳён-аҳёнда менга ҳам овқатидан бериб турарди. Сафарга чиққанимизда машинани тўхтатиб қўйиб, колбаса, пишлоқ кесиб ерди, ичарди. Кайфи чоғроқ пайтларида итга ташлагандек, менга ҳам бир тишлам, икки тишлам овқат ташларди. Ҳеч маҳал қўлимга бермасди, йўқ, буни ўзига эп кўрмасди. Ишқилиб, ҳар нима бўлганда ҳам бу ердаги ҳаётимни лагерь билан тенглаштириб бўлмасди, шу сабабдан афти ангорим аста-секин одамга ўхшаб, оз бўлса ҳам эт қўя бордим.
Мен икки ҳафтагача майорни Потсдамдан Берлинга, Берлиндан яна Потсдамга олиб бориб, олиб келиб юрдим, шундан кейин уни бизнинг қўшинларимизга қарши мудофаа иншоотлари қуриш учун фронт яқинига жўнатишди. Ана энди кўзимдан бутунлай уйқу қочди: ўз томонимизга, Ватанимга қандай килиб қочиб ўтсам экан, деб кечаси билан ўйланиб чиқадиган бўлдим.
Биз Полоцк шаҳрига келдик. Тонг отар пайт эди, кейинги икки йил ичида биринчи марта ўз тўпларимизнинг кучли наърасини эшитдим. Қани энди, оғайни, юрагим ўшанда қандай ура бошлаганини билсанг? Ҳатто бўйдоқлик чоғимда Ирина билан учрашган пайтларимда ҳам юрагим бунчалик урмаган эди! Жанг Полоцкдан шарқроқда биздан ўн саккиз километрча узоқда борарди. Шаҳардаги немисларнинг ғазаби қайнаб, асаби бузилиб қолди. Менинг бўрдоқим эса ичкиликка зўр бера бошлади. Кундузлари шаҳардан ташқарига чиқардик — у мудофаа қурилишларини кўрсатиб берарди. Кечаси шаҳарга қайтиб келиб, ёлғиз ўзи ичар эди. Шу алфозда майорим шишиб кетди, кўзларининг ости халта бўлиб осилиб қолди…
«Етар энди шунча кутганим — пайт келди! Қочишим керак. Лекин ёлғиз ўзим эмас, манови бўрдоқини ҳам олиб қочишим керак — бизникиларга жуда асқатиб қолади!» — деб ўйладим.
Харобазор ичидан икки килолик қадоқ тош топиб олдим, керак бўлган пайтда қон чиқмайдиган жойига уриб беҳуш қилишга ярар, деган мақсад билан уни машина артадиган эски латтага ўраб яшириб қўйдим. Кейин йўлдан бир бўлак телефон симини топиб, буни ҳам яширдим. Хуллас, ўзимга керак бўладиган нарсани тахт қилиб, олдинда ўтириладиган жойнинг тагига бекитиб қўйдим. Немислар билан хайр-маъзур қилишдан икки кун аввал, кечқурун, машинага бензин қуйиб келаётсам, бир немис унтери деворни ушлаб зўрға-зўрга юриб кетяпти, қарасам: ўлгудай маст. Дарров машинани тўхтатиб, уни харобазорга бошлаб кирдим. Чаққонлик билан эгнидан мундирини, бошидан пилоткасини ечиб олдим. Буларни ҳам олиб бориб, ўтириладиган жойнинг тагига беркитдиму, шип этиб жўнаб қолдим.
Йигирма тўққизинчи июнь куни эрталаб майорим мени шаҳардан ташқарига, Тросница томонга олиб борасан, деб буюрди. Майор у ерда мудофаа қурилишларига раҳбарлик қилар эди. Йўлга чикдик. Майор орқа ўринда бамайлихотир мудраб ўтирарди. Менинг эса юрагим қинидан чиқиб кетай-кетай дейди. Машинани шитоб билан ҳайдадим, лекин шаҳардан чиққанимиздан кейин газни камайтириб, секин тўхтатдим-да, машинадан тушдим, теварак-атрофга кўз югуртирдим: орқада, ҳали жуда узоқда иккита юк машинаси судралиб келяпти. Қадоқ тошни олдим, эшикни кенгроқ қилиб очдим. Бўрдоқим орқасига суяниб, худди хотинининг пинжида ётгандай, хуриллаб ухлаяпти. Қадоқ тош билан чап чаккасига пақиллатиб бир туширдим. Калласи шилқ этиб пастга оғди. Эҳтиёти шартдан яна бир марта урдим, лекин ўлдиргим келмади. Мен уни тирик олиб қочишим керак, чунки у бизнинг одамларимизга анча-мунча керакли нарсаларни айтиб беради. Қинидан парабеллумини чиқариб чўнтагимга солиб қўйдим. Машина тез юрганда майор ёнверига йиқилиб кетмасин, деб орқадаги ўринга монтировкани қоқдим, кейин майорни бўйнидан телефон сими билан монтировкага маҳкам боғлаб қўйдим. Ана шундан кейин апил-тапил немис мундири билан пилоткасини кийиб олдиму, машинани ерни ларзага келтириб жанг гуриллаётгаи томонга суриб кетдим.
Немисларнинг олдинги маррасига икки дзот ўртасидан кесиб ўтдим. Блиндаждан автоматчилар югуришиб чиқишди, мен улар майорни кўришсин, деб машинани жўрттага секинроқ ҳайдадим. Бироқ автоматчилар, у ёққа ўтиб бўлмайди, деб ҳой-ҳуй кўтаришди, қўлларини силташди. Мен бўлсам ўзимни уқмаганга солдим-да, газни қўшиб, кучимнинг борича ҳайдадим. Улар эс-хушларини йиғиштириб олиб, машинани пулемётга тута бошлагунларича, мен бетараф ерга етиб олиб, замбарак ўқлари ўпирган чуқурлар орасидан худди қуёндек, машинани ғизиллатиб ўтиб кетдим.
Мана энди немислар орқадан уриб беришди, ўзимизникилар ҳам жин чалгандай автоматдан ўқ ёғдира бошлашди. Шамол тўсадиган ойнакни тўрт ердан ўқ тешиб ўтди, радиаторни ҳам расво қилди… Ана, кўл тепасидаги ўрмончага етай деб қолдим. Бизникилар машинага қараб чопиб қолишди. Мен машинани шитоб билан ўрмончага чиқариб олдиму, эшигини очиб, ўзимни ерга отдим, тупроқни ўпа бошладим, ҳаллослаганимдан, ҳатто нафас ҳам ололмай қолдим…
Гимнастёркасининг елкаларига погон тақиб олган ёш бир аскар ҳаммадан олдин етиб келди. Мен бунақа погонларни биринчи марта кўришим — анграйиб қолдим. Йигит ғингшиб: «Ҳа-ҳа, ит эмган фриц, адашиб колдингми?» — деди. Мен дарров устимдаги немис мундирини ечдим, пилоткани олиб ерга урдим-да: «Эҳ, дардингни олай! Жон ўғлим! Асли зотим воронежлигу, мен сенга қанақасига фриц бўлай? Асир тушиб қолган эдим, билдингми! Ҳозир анови машинадаги тўнғизни ипидан бўшатинглар, портфелини олинглар, кейин мени командирларинг олдига бошлаб боринглар», — дедим. Тўппончани ҳам топширдим, кейин қўлдан-қўлга ўта-ўта кечга бориб дивизия командири — полковникнинг ҳузурида бўлдим. Унгача қорнимни тўйғизишди, ҳаммомга туширишди, тергов қилишди, янги форма беришди. Хуллас, полковникнинг олдига тоза қалб, тоза тан билан башанг формада кириб бордим. Полковник ўтирган еридан туриб, менинг истиқболимга юриб келди. Ҳамма офицерлар олдида мени қучоқлаб: «Немислардан олиб келган совғанг учун раҳмат сенга, солдат. Сенинг майоринг портфели билан биз учун йигирмата «тил»дан ҳам қимматлироқ туради. Сенга ҳукумат мукофоти олиб бериш тўғрисида қўмондонлик олдига илтимос билан кираман», — деди. Мен бўлсам унинг бу сўзларидан, кўрсатаётган меҳрибонлигидан қаттиқ ҳаяжонга тушдим, хурсандлигимдан лабларим титради, фақат зўрғалатдан: «Илтимос қиламан, ўртоқ полковник, мени ўқчи қисмга юборсангиз», — дея олдим.
Лекин полковник кулиб, елкамга қоқди. Кейин: «Ўзинг зўрға оёқда турибсан-ку, тағин қанақасига жанг қиласан? Бугуноқ сени госпиталга юбораман. Касалингни тузатишади, боқишади, кейин бир ой отпуска бераман, бола-чақангнинг олдига бориб келасан, қаёкқа юборишимизни қайтиб келганингдан кейин кўрамиз», — деди.
Полковник ҳам, унинг блиндажидаги офицерлар ҳам чин қалбдан хайрлашиб қолишди. Мен у ердан ниҳоят даражада ҳаяжонланиб чиқдим. Чунки икки йил ичида одамларча муомалани кўрмай, бунақанги муомалаларни эсдан чиқариб юборган эдим. Яна шуниси борки, оғайни, катталар билан гаплашганда узоқ маҳалларгача калламни бўйнимга қисиб гаплашиб юрдим. Нимага десанг, у ёқларда уриб юбормасин деб шунақа қилишга одатланиб қолган эдим-да. Мана кўрдингми, фашистлар лагерида саводимизни қай тахлитда чиқаришди…
Госпиталдан дарҳол Иринага хат ёзиб юбордим. Асирликда бўлганимни, немис майорини олиб қочиб келганимни — ҳаммасини қисқагина қилиб ёздим. Тавба, бу болаларча мақтанчоқлик менда қаердан пайдо бўла қолди-а? Полковник мени мукофотга тақдим қилганини ҳам ичимда сақлаб туролмай айтиб қўйдим…
Икки ҳафта муттасил ётиб ухладим, едим, ичдим. Мени оз-оз-у, лекин тез-тез овқат бериб боқишди. Башарти овқатни мўл-кўл бериб юборишса, кўп еб қўйиб, нобуд бўлишим мумкин экан, доктор шундай деб айтди. Шу орада анча қувватга кириб қолдим. Икки ҳафтадан кейин эса томоғимдан овқат ўтмай қолди. Уйдан жавоб бўлавермади, тўғрисини айтсам, ҳасратимдан дуд чиқа бошлади. Овқат ҳам эсимга келмай қолди, уйқум қочди, миямга ҳар хил бемаъни фикрлар келди. Уч ҳафтадан сўнг Воронеждан хат олдим. Лекин уни Иринам эмас, қўшним — дурадгор Иван Тимофеевич ёзибди. Худойим ҳеч кимга бунақа хатни раво кўрмасин!.. У қирқ иккинчи йилнинг июнидаёқ немислар авиазаводни бомбардимон қилганларини, оғир бомбалардан бири тўғри менинг кулбамга тушганини хабар қилибди. Иринам билан қизларим ўша маҳал уйда эканлар… Хуллас, улардан асар ҳам топишолмапти, кулбамизнинг ўрнида эса каттакон чуқур пайдо бўлибди… Бу сафар хатни охиригача ўқий олмадим. Кўз олдимни қоронғи босди, юрагим мушт бўлиб қисилди, қани энди бўшаса. Ўрнимга чўзилдим, бир оз ётдим. Кейин хатни охиригача ўқиб чиқдим. Бомбардимон вақтида ўғлим Анатолий шаҳарда экан. Кечқурун қишлоққа қайтибди-ю, уй ўрнида чуқурни кўриб, кечаси яна шаҳарга тушиб кетибди. Кетишда қўшнимга: «Мени фронтга кўнгилли қилиб юборишларини сўрайман», — дебди. Гап шунақа.
Юрагим бир оз қисилишини қўйиб, қулоқларимда қон дукури бошланганда, Иринамнинг вокзалда мен билан қанчалик куйиб видолашганини эсладим. Бу дунёда энди ҳеч маҳал кўришмаслигимизни хотинлик қалби сезган экан-да! Мен бўлсам уни итариб юборибман-а! Оилам, бошпанам бор эди, булар неча-неча йиллар давомида бунёдга келган эди, мана, ҳаммаси бир зумда йўқ бўлди. Бир ўзимгина қолдим. Гоҳи маҳаллар: «Шошма, пешонамдаги бу шўр тушим эмасмикан?» — деб ўйлайман. Ахир асоратда юрган йилларим, қарийб ҳар бир тун Иринам билан, бола-чақаларим билан ўзимча гаплашар, қайтиб бораман, жонажонларим, мени йўқлаб фиғон қилманглар, мен бақувват одамман, ҳаммасига чидаш бераман, кейин яна ҳаммамиз топишамиз, апоқ-чапоқ бўлиб кетамиз, деб уларга далда берар эдим… Демак, икки йилгача ўликлар билан гаплашиб келган эканман-да?!
Хикоячи бир зумгина тўхтади, кейин тамоман бошқа, узиқ-кесил, босиқ товуш билан:
— Кел, оғайни, бпр чекишайлик, аламим ёмон ортиб кетди, — деб айтди.
Биз чекишдик. Эриган сувлар босиб ётган ўрмонда қизилиштон дарахтни қаттиқ тақиллатяпти, илиқ шабада қуруқ ольха исирғаларини ҳануз танбаллик билан шитирлатяпти, кўм-кўк осмонда оқ булутлар бамисоли таранг тортилган оқ елканлар сингари ҳунуз сузиб юрарди, аммо кўкламнинг улуғ ишларига, тирик жонга ҳаётда абадий ўрин беришга тайёрланаётган поёнсиз дунё ҳозирги ғамгин сукунатда кўзимга бошқача кўриниб кетди.
Жим ўтириш оғир эди, шунинг учун мен:
— Кейин нима бўлди? — деб сўрадим.
Хикоячи, саволим малол келгандек:
— Кейинми? — деди. — Кейин полковникдан бир ойга отпуска олиб, бир ҳафта ичида Воронежга етиб бордим. Сўнг бир маҳаллар бола-чақаларим билан бирга яшаган жойимга пиёда юриб бордим. Занг сув босган чуқур хандақ, теваракда белдан келадигап сассиқ кўкат… Ҳаммаёқ хилват, гўристон сукунати! Уҳ, ўшанда ҳолим жуда ёмон бўлди, оғайни! Юрак-юрагимдан, ич-ичимдан эзилиб, апча вақт қайғуриб турдим, кейин яна вокзалга жўнадим. Бир соат ҳам туролмадим — ўша куниёқ дивизиямга қайтиб кетдим.
Орадан уч ой ўтган бўлса керак, қора булутлар орқасидан қуёш йилт этиб чиққанидек, менинг ҳам бахтим бирдан чарақлаб кетди: ўғлим Анатолий топилди! Мен хизмат қилиб турган фронтга хат юборибди. Чоғимда, ўзи бошқа фронтда бўлса керак. Адресимнн қўшнимиз Иван Тимофеевичдан олибди. Хатининг мазмунига қараганда олдин артиллерия мактабида ўқибди, математикага бўлган таланти ўша ерда роса кўл келибди-да. Бир йилдан сўнг мактабни аъло баҳо билан тугатиб, фронтга жўнабди. Ҳозир ҳарбий даражаси капитан, ўзи «қирқ бешталиклар» батареясига командир эмиш. Олтита орден-медаллар билан мукофотланибди. Гапнинг қисқаси, отаси гарангу, ўғли фаранг бўлиб чиқибди-да. Қувончимдан бошим нақ осмонга етди! Нима десанг, де, ўз пуштикамаримдан бўлган ўғлим — капитан, батарея командири, бу ҳазил гап эмас! Яна шунча ордени бор. Отаси «студебеккер»да снаряд ва бошқа хил ҳарбий анжомлар ташийди. Бунинг ҳечқиси йўқ, отаси ошини ошаб, ёшини яшаб бўлган, капитан ўғлимнинг эса ўн гулидан бир гули очилгани йўқ — келажаги олдинда.
Ана шундан кейин кечалари қариларга ўхшаш хаёл суриб чиқадиган бўлиб қолдим: уруш тугаса, ўғлимни уйлантирсам, келин-куёв ёнида яшасам, дурадгорчилик қилсам, невараларимга карасам, дейман-да. Қисқаси, хаёлимга нуқул шунақа қариларнинг миясига келадиган ҳар хил икир-чикирлар келадиган бўлиб қолди. Лекин бу ўйим ҳам рўёбга чиқмади… Қишда нафас олмай ҳужум қилдик, шунинг учун бир-биримизга тез-тез хат ёзиб туришга фурсатимиз бўлмади. Уруш тамом бўлиши олдида, Берлин яқинида Анатолийга эрталаб хат ташлаган эдим, эртасига дарров жавобини олдим. Фаҳмимча, Германия пойтахтига ўғлим ҳам, мен ҳам ҳар хил йўллар билан келибмизу, лекин бир-биримизга яқин жойдан чиқиб қолибмиз. Қачон дийдор кўришамиз деб ичим пишади, икки кўзим йўлида. Ахир дийдор ҳам кўришдик… Худди 9 май куни эрталаб, Ғалаба куни немис снайпери Анатолийимни отиб ўлдирди…
Чошгоҳдан кейин ротамизнинг командири мени олдига чақирди. Қарасам, ёнимда мен танимайдиган бир артиллерия подполковниги ўтирибди. Мен ичкарига кириб борганимда, у ўзидан унвони баланд командирни кўргандай, сапчиб ўрнидан турди. Рота командиримиз: «Сенинг олдингга келибдилар, Соколов»,— деди-ю, ўзи юзини дераза томонга ўгириб олди. Баданимдан электр токи ўтгандай бўлди, бирон фалокат юз берганини юрагим сезиб қолди. Подполковник ёнимга келиб: «Ўзингни дадил тут, ота! Ўғлинг капитан Соколов бугун батарея ёнида ҳалок бўлди. Юр мен билан, ҳозир ўша ёққа борамиз!» — деди.
Мен гандираклаб кетдиму, лекин йиқилмадим. Мана энди подполковник билан бир каттакон машинага тушиб борганимизни, вайрона кўчалардан зўрға йўл топиб ўтганимизни, сафга тизилган солдатларни, кизил бахмал ёпилган тобутни — худди тушда кўргандай аранг эслайман, эслайману, лекин Анатолийни ҳали-ҳали худди ҳозир сени кўриб тургандай кўриб тураман, оғайни… Тобут ёнига келдим. Унда ўғлим ётибди, лекин бир оз ўхшамайди. Менинг ўғлим — ҳар маҳал кулимсираб турган, елкалари қамбар, нозик бўйин, кекирдаги ўйнаб чиққан ўспирин эди. Бу срда эса елкалари кенг, чиройли, ёш бир йигит ётибди: кўзлари ярим юмуқ, худди менинг ёнимдан номаълум узоқларга қараб тургандай. Факат лабларининг бурчида кулгиси ўз изини қолдирпб кетибди… Ўғлим Толик шу кулгиси билан бир маҳаллар хаёлимга ўрнаб қолган эди… Мен ўғлимни ўпиб, бир четга чиқиб турдим. Подполковник нутқ сўзлади. Анатолийнинг ёру дўстлари кўз ёшларини тўкдилар, менинг эса кўзимга ёш ҳам келмади, чамаси, кўз ёшларнм қалбимга сингиб кетган бўлса керак. Қалбимпинг оғриғи балки шундандир?..
Ўзимнинг энг сўнгги қувонч на умидимни ўзгалар юртига, немис тупроғига дафн этдим. Ўғлимнинг батареяси ўз командирини олис йўлга кузатиб ўқ узди. Ана шунда томирим худди узилиб кетгандай бўлди… Қисмимга мен доғи ҳасратда куйиб, нест бўлиб келдим. Лекин орадан кўп ўтмай армия хизматидан бўшадим. Энди қаёққа бораман? Наҳотки Воронежга қайтсам? Ҳеч-да! Бир маҳал Урюпинскда турувчи ошнам эсимга тушиб қолди. У ярадорлиги туфайли қишда армиядан бўшаб кетган эди. Ана шу ошнам бир вақтлар мени ўз юртига таклиф қилувди. Шу эсимга тушди-ю, тўғри Урюпинскка жўнаб кетдим.
Ошнам билан хотини бефарзанд бўлиб, шаҳар четида туришар экан. Ошнам инвалидликка чиққан бўлса ҳам, лекин авторотада ишлар экан, мен ҳам ўша ерга ишга кирдим. Мен ошнамнинг уйига қўндим, улар менга жой қилиб беришди. Биз районларга ҳар хил юклар ортиб борар, кузда эса ғалла ташир эдик. Ҳув анови қумда ўйнаб юрган янги ўғлим билан ўша маҳаллар танишганман.
Гоҳи кунлари рейсдан шаҳарга қайтасану, энг аввал қиладиган ишинг — қорин ғами бўлади, ошхонага кирасан, албатта. Ҳордиқдан чиқиш учун юз грамм отиб ҳам оласан. Гапнинг ростини айтсам, бу лаънати ичкиликка ўша маҳаллар жуда ёмон берилиб кетган эдим… Кунлардан бир кун мана шу болани ошхонанинг олдида кўриб қолдим, эртасига яна ўша ерда кўрдим. Ўзи кичкинагина, усти боши хароб: бутун юзига тарвуз шираси ёпишган, ширага чанг ўтирган, ҳамма ёғи кир, сочлари тароқ кўрмаган, кўзчалари эса ёмғирдаи кейинги кеча юлдузчаларидай чақнайди! У менга шунақаям ёқиб қолдики, тавба, кўрмасам туролмайдиган бўлиб қолдим. Рейсдан келдим дегунча ўшани кўргани югураман. Унинг куни ҳар вақт ўша ошхона ёнида ўтар, одамларнинг хайри-эҳсони билан тирикчилик қилар эди.
Тўртинчи куни совхоздан ғалла юклаб қайтдиму, машинани тўғри ошхона томонга бурдим. Бола фақир эшик олдида оёқларини ўйнатиб ўтирибди. Афтидан, жудаям оч кўринди. Кабина ойнасидан калламни чиқардим-да: «Ҳой, Ванюшка! Чиқ машинага, тез бўл, элеваторга борамиз, у ёқдан қайтиб келганимиздан кейин шу ерда бирга овқатланамиз! — деб қичқирдим. У менинг товушимни эшитиб сесканиб кетди, эшик зинапоясидан сакраб тушди-да, машина зинасига осилиб чиқиб, паст овоз билан: «Менинг отим Ванялигини қаердан биласиз, амаки?» — деб сўради, кейин кўзчаларини чақчайтириб, мени қандай жавоб берар экан деб кутиб турди. Мен ўзимнинг кўпни кўрган киши эканлигимни, ҳамма нарсани билишлигимни айтдим.
Сўнг кабинанинг ўнг эшигини очиб, уни ёнимга ўтқазиб олдим-да, машинамни ҳайдаб кетдим. Шундай шўх бола нимагадир бирдан жим бўлиб қолди: ҳадеб ниманидир ўйлайди ва юқорига қайрилган узун киприклари тагидан менга қараб-қараб қўяди, хўрсинади. Ўзи муштумдагу, хўрсинишни билиб олгани қизиқ! Болага ким қўйибди экан хўрсинишни? Мен ундан: «Отанг қаерда, Ваня?» — деб сўрадим. У менга: «Фронтда ҳалок бўлган», — деди шипшиб. «Ойингчи?» «Ойимни поездда келаётганимизда бомба тушиб ўлдирган». «Қаердан келаётган эдинглар?» «Қайдам, эсимдан чиқиб қолди…» «Бу ерда ҳеч қариндошинг йўқми?» «Ҳеч кимим йўқ». «Бўлмаса кечалари қаерда ётасан?» «Тўғри келган ерда».
Кўзимга аччиқ ёш келди. Мен шунда ўзимга: «Икковимиз айри-айри яшаб бўпмиз! Уни ўғил қилиб олганим бўлсин!» — деб аҳд қилдим. Аҳд қилдиму, бирдан кўнглим енгил тортиб, кўз ўнгим ёришиб кетди. Сўнг унга хиёл энгашиб: «Вашошка, биласанми, мен кимман?» — деб сўрадим секингина. У ҳам шивирлаб: «Кимсиз?» — деб сўради. Мен унга яна боягидай паст овоз билан: «Отанг бўламан», — деб айтдим.
Ё парвардигор, нималар бўлмади шунда! Бирдан бўйнимга осилди, бетларимдан, лабларимдан, пешонамдан чўлп-чўлп ўпа бошлади, ўзи эса худди кичкина сивизғадай, жарангдор овоз билан шунақаям чинқирдики, ҳатто кабина ичида ҳам қулоқларимни тешгудек бўлди: «Айланай, дадажон! Мени бир кун эмас бир кун ахир топиб олишингни билардим! Билардим! Албатта топиб оласан, деб ишонардим! Қачон топиб олар экансан, деб кўпдан бери ўйлаб юрардим», — деди-ю, менга ёпишиб олди. Ўзи-чи, худди шамолда қолган нозик ниҳолдай, дир-дир титрайди. Кўзларимнинг олдини қуюқ туман босди, қўлларим титради… Қандай қилиб рулни қўлдан чиқариб юбормаганимга ҳайронман! Шундай бўлса ҳам йўл бўйидаги чуқурликка машинамни бехосдан тушириб юбордим-да, моторни ўчирдим. Кўз ўнгимдаги туман тарқалмагунча, битта-яримтани бостириб кетаманми деб, машинани юргизишдан қўрқдим. Шу қабилда беш минутча турдим, ўғилчам бўлса кучининг борича менга ёпишардн, индамаса ҳам дағ-дағ титрар эди. Мен уни ўнг қўлим билан қучоқлаб секин ўзимга тортдим, чап қўлим билан эса машинани орқага кайтардиму, уйимга қараб жўнадим. Шундай пайтда элеваторга бало борми, кўнгилга элеватор сиғадими!
Машинани дарвоза олдида тўхтатдим-да, янги ўғилчамни қўлга олиб, уйга қараб юрдим. У қўлчалари билан бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олиб, то уйга киргунимизча бўшатмади. Соқолим ҳам қирилмаган эди. Шу десанг, юзини юзимга маҳкам босиб олибди, кўрсанг ёпишиб қолганми дейсан. Мен уни уйга шу алфозда олиб кирдим. Ошнам ҳам, хотини ҳам уйда экан. Ичкари кирдиму, уларга кўзимни қисиб қўйиб: «Мана, ўғлим Ванюшкани топиб олдим! Қани, бизни кутиб олинглар, яхшилар!» — дедим дадил. Уларнинг ўзлари ҳам тирноққа зор эмасми, нима гаплигини дарров пайқашиб, парвона бўла қолишди. Мен бўлсам ўғлимни ўзимдан ҳеч ажрата олмайман. Кейин бир амаллаб йўлга солдим. Қўлларини совун билан ювиб, стол ёнига келтириб ўтқаздим. Ошнамнинг хотини ўғлимга бир тарелкада карам шўрва олиб келиб берди. Кейин ўғлимнинг шўрвани жуда ҳам очкўзлик билан ичаётганини кўриб, хотин бояқишнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкила бошлади. Ўзи печка ёнида-ю, фартуги билан кўзларини яшириб йиғлар эди. Ванюшкам унинг пиқ-пиқ йиғлаётганини кўрди-ю, югуриб келиб этагидан тортди-да: «Нимага йиғлаяпсиз, хола, дадам мени ошхона ёнидан топиб олди, энди ҳаммамиз суюнишимиз керак, сиз бўлсангиз йиғлайсиз», — деди. Хотин шўрлик бу сўзни эшитиб, худонинг ўзи тўзим берсин, яна бешбаттар йиғлаб юборди.
Овқатдан кейин ўғлимни сартарошхонага олиб бориб, сочларини олдирдим. Уйга қайтиб келганимдан кейин тоғорада ўзим яхшилаб чўмилтирдим, сувдан чиқариб тоза чойшабга ўрадим. Ўғлим мени яна қучоқлаб олди ва шу кўйи қўлимда ухлаб қолди. Мен уни секин каравотга ётқиздим-да, ўзим элеваторга жўнадим. Ғаллани элеваторга тўкдиму, машинани базага келтириб қўйиб, магазинма-магазин нарса излай бошладим. Ўғлимга мовут шим, кўйлак, сандал ва шапка сотиб олдим. Лекин ҳеч қайси бўйига лойиқ келмади, сифатининг ҳам мазаси йўқ экан. Мовут шим олганим учун ошнамнинг хотини мени койиб қам бердп: «Нима бало, жинни-пинни бўлганмисиз? Шундай саратонда ҳам ёш болага мовут шим кийгизадимн ҳеч!» — деди. Ана шундан кейин тикув машинасини даст кўтариб келиб столга қўйди-ю, сандиғини кавлаштириб кетди. Хуллас, бир соат ичида Ванюшкамга сатин трусик билан енги калта оқ кўйлак тикиб берди. Кечаси Ванюшка билан бирга ётдим ва узоқ вақтлардан бери биринчи марта фақат ўша куни тинч ухладим. Шундай бўлса ҳам кечаси тўрт мартача уйғондим. Бир вақт уйғониб қарасам: хашак тагига кириб ётган чумчуққа ўхшаш, ўғлим биқинимга кириб пишиллаб ухлаб ётибди. Кўриб шунчалар кўнглим тўлдики, буни асло сўз билан айтиб беролмайман! Уйғотиб юбормайин деб қимир этгинг келмайди, шундай бўлса ҳам чидаёлмай секин ўрнингдан турасан-да, гугурт чақиб уни томоша қиласан…
Тонготар олдида уйғондим. «Нимага шунчалик нафасим сиқилдийкин?» — деб ҳайрон бўлдим. Қарасам: ўғлим чойшабдан чиқиб, кўндалангчасига чўзилиб ётибди, бир оёғи томоғимда: у мана шунақа бесаранжом ётиб, одамни қийнаб юборади, шундай бўлса ҳам мен ўрганиб қолганман, усиз ётсам — ётгандай бўлмайман. Негаки, кечаси ухлаб ётганда гоҳ у ер-бу ерини силайсан, гоҳ тўзғиб ётган сочларини ҳидлайсан. Ана шунда ором оласан, юрагинг бўшалади, шундай қилмасам бўлмайди — юрагим доғ-ҳасрат ичида эзила-эзила тошга айланиб кетган…
Дастлабки вақтларда у мен билан машинада қатнаб юрди, кейин ўйлаб кўрсам, буниси тўғри келмас экан. Дарҳақиқат, бир ўзим бўлсам оғирим қанча? Бир буханка нону, бир бош пиёз билан туз бўлса бас-да, — куни билан қорним тўқ. У билан юрсам-чи — иш бўлакча: унга ҳали сут топ, ҳали тухум пишир, бунинг устига иссиқ овқат бўлмаса тағин бўлмайди. Иш ҳам шитоб, буни ҳам пайсалга солиб бўлмайди. Бир куни ўзимни қўлга олдиму, ўғлимни ошнамнинг хотинига ташлаб кетдим. Бола фақир кечга довур йиғлабди, кечқурун эса мени кутгани элеваторга қочиб кетибди. Ўша ерда ярим кечагача мени пойлаб ўтирибди.
Дастлабки вақтлари у билан жуда қийналдим. Бир кун жуда чарчадиму, қоронғи тушмасданоқ ётиб олдим. Ҳамиша чумчуқдай чирқиллаб юрадиган ўғлим ўша куни нимагадир чурқ этмади. Сен ундан: “Нималарни ўйлаяпсан, ўғлим?” деб сўрадим. У ҳам шипга қараганича: “Дада, чарм пальтонгни нима қилгансан?” деб сўраб қолди мендан. Мен умрим бино бўлиб чарм пальто кийган эмас эдим. Йўл топишга тўғри келди. “Воронежда қолган” деб жавоб бердим. У яна: “Мени нега шунча узоқ ахтардинг?” деб сўраган эди, мен ҳам: “Жон ўғлим, сени Германиядан ахтардим. Польшадан ахтардим. Сени излаб бутун Белоруссияни айланиб чиқдим. Бу ёққа келсам, Урюпинскда экансан” дедим. У яна: “Урюпинск Германияга яқинми? Польша бизнинг уйимиздан узоқми?” деб сўрайди. Хуллас, кўзимиз уйқуга боргунча шу хилда жавраб ётдик.
Сен, оғайни, бола чарм пальтони бекорга сўради, деб ўйлайсанми? Йўқ, бекорга сўрагани йўқ. Демак, унинг ўз отаси бир маҳаллар ҳақиқатан ҳам шунақа чарм пальто кийган-у, ҳозир унинг эсига тушган. Боланинг эси нима-ю, ёзги чақмоқ нима: ярқ этади-ю, ҳамма ёқни бир ёритиб, яна ўчади. Шунинг сингари унинг эси шунақа, чақмоққа ўхшаб, гоҳи-гоҳида ярқираб кетади.
Урюпинскда икковимиз яна бирор йил туриб қолсак бўларди, лекин ноябрда мен бир гуноҳ қилиб қўйдим; бир кун лойгарчиликда машина ҳайдаб келаётган эдим, хуторлардан бирида машинам тойиб кетиб, битта сигирни йиқитиб юборди. Хотинларни биласанку, дарров дод-вой кўтаришди, одамлар йиғилди, бирзумда инспектор ҳам шу ерда пайдо бўлди-қолди. Раҳм қилгин деб ҳар қанча ялинсам ҳам инспектор қурғур унамай, шоферлик билетимни олиб қўйди. Сигир бўлса ўрнидан турди-ю, думини хода қилиб, қишлоқ кўчасидан шаталоқ отиб кетди. Мен бўлсам шоферлик билетимдан айрилдим.
Қиш ичи дурадгорлик қилдим, кейин армияда бирга хизмат қилишган бир ошнамга хат ёзиб, у билан алоқа боғладим. У сизларнинг областингизда, Кашар районида шоферлик қилади. Ана шу ошнам мени ёнига чақирди. Хатида: “Ярим йилгина дурадгорлик қилиб турасан, кейин областимизда сенга янги билет беришади” деб ёзибди. Мана шундай қилиб, ўғлим икковимиз ана ўша Кашар деган жойга яёв кетиб боряпмиз.
Мен сенга айтсам, оғайни, сигир воқеаси рўй бермаганда ҳам, барибир, Урюпинскдан кетган бўлардим. Юрагимдаги дарду алам билан бир ерда узоқ ўтира олмайдиган бўлиб қолганман. Қани, Ванюшкам каттароқ бўлиб, мактабга берадиган вақт келсин-чи, зора ўшанда бир ерда тиниб қолсам. Ҳозирча ота-ўғил рус тупроғини сайри-сафо қилиб кезиб юрибмиз.
— Яёв юриш болага қийин-да, — дедим мен.
— Яёв юриб бўпти, узун кун елкамда! Фақат оёғи толганда ерга тушади-ю, йўл бўйида кичкина улоққа ўхшаш ирғишлай бошлайди. Буларнинг ҳаммаси гўрга-я, у билан бир кунимизни кўриб кетардигу, лекин юракнинг мазаси қочиб қолди, давосини қилмаса бўлмайди… Гоҳи маҳаллар шунақаям қисилиб оғрийдики, ёруғ дунё кўзимга қоронғи бўлиб кетади. Бирда эмас-бирда уйқумда ўлиб қолиб, бола бечоранинг юрагини чиқармасам деб қўрқаман. Бунинг устига яна бир чатоқ иш бор: ўлиб кетган азизларимни қарийб ҳар кеча тушимда кўраман. Мен кўпинча тиканли сим тўсилган ғов ичкарисида бўламан, улар эса ғов ташқарисида, эркинликда юришади… Иринам билан ҳам, болаларим билан ҳам ҳамма нарса тўғрисида гаплашаман, бироқ симни қўлим билан икки ёққа сура бошладим дегунча улар мендан узоқлашиб, кўздан ғойиб бўлиб кетишади… Шуниси қизиқки, кундузлари ўзимни ҳамиша маҳкам тутиб юраман, оғзимдан на “оҳ” ва на “воҳ” чиқади, аммо кечаси уйғониб қарасам: болишим кўз ёшларимдан жиққа ҳўл бўлиб қолади…
Ўрмондан жўрамнинг товуши, эшкакнинг сувни чайқатиши эшитилди.
Аслда ёт бўлса ҳам, энди менга қадрдон бўлиб қолган киши ўрнидан турди, ёғочдай қаттиқ, каттакон қўлини менга чўзиб.
— Яхши қол, оғайни, бахтинг ёр бўлсин! — деди.
— Сен ҳам Кашарга эсон-омон етиб ол.
— Раҳмат. Ҳой ўғлим, юр қайиққа.
Бола отасининг олдига югуриб келди-да, ўнг томонига ўтиб, курткасини баридан ушлаб олди ва қадамини катта-катта ташлзб бораётган отасининг ёнига тушиб йўртиб кетди.
Есир қолган икки инсон, даҳшатли уруш довули билан бегона юртларга келиб қолган икки қум донаси… Уларни олдинда нима кутар экан? Мана шу рус кишиси, букилмас ирода кишиси ўзини ростлаб олади ва ёнидаги болани оталик меҳри билан ўстириб улғайтиради, вояга етказади, кейин у ватани чорлаган йўлда учрагуси ҳар қандай қийинчиликларга чидайди, уларни енгади, деб ўйлагинг келади.
Мен юрагимда оғир дард билан уларнинг орқаларидан қараб қолдим… Бизнинг ўша ажралишимизда ҳамма нарса ўз изига тушиб кетса ажаб эмас эди, бироқ Ванюшка бир неча қадам юргандан кейин нозик оёқларини чалиштириб менга юзини ўгирди-ю, пушти ранг қўлчасини силтаб хайрлашди. Ана шунда юмшоқ, лекин тирноқли бир чангал қалбимни бирдан сиқди, мен апил-тапил юзимни ўгириб олдим. Йўқ, уруш йилларида соч-соқоллари оқариб кетган катта ёшли одамлар тушларидагина йиғлашмайди, балки ўнгларида ҳам йиғлашади. Бунда энг муҳими — ўз вақтида юзни ўгириб олишда. Бунда энг муҳими — боланинг кўнглини чўктирмасликда, ёндирувчи хасис эркак ёши бетингдан оқиб тушаётганини унга сездириб қўймасликда…
1956
Мирзакалон Исмоилий таржимаси