Мишель Бютор. Мўъжазгина кўзгучалар (ҳикоя)

Жерар дарсда ўтириб зерикди. Ташқарида шаррос ёмғир ёғарди. Синфда “Ўқиш китоби”даги жонга тегиб кетган эски матнни ўқишар, муаллима гапининг орасида болаларга унинг жуда қизиқарли ва ҳатто кулгили эканини уқтирмоқчи бўларди. Бироқ ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам лоақал тишининг оқини кўрсатмас эди.
Жерарнинг китоби узоқ тутилганидан шалоғи чиқиб кетган, саҳифаларига ажи-бужи қилиб ёзиб ташланган эди. Китобнинг ҳозир ўқишаётган бетидаги сатрлар орасида кўзга чалинган: “Агар зериксанг – китоб муқовасига тўкилган сиёҳ доғини ўчириб ташла”, деган ёзувни Жерар бир амаллаб ўқий олди. Китоб муқоваси қалин картондан қопланган бўлиб, унинг ички тарафида чинданам каттакон сиёҳ доғи яққол кўзга ташланарди, Жерар ана шу доғни эҳтиётлик билан шошилмасдан қиришга киришди. Аслида бу доғ эмас, елим билан ёпиштирилган қоғоз парчаси экан; унинг тагида кафтдеккина чуқурча кўринди, чуқурчанинг тубига: “Шу ерга кичкина кўзгуча ўрнат”, дея ёзиб қўйилган экан. Жерар шу ёзувни аранг ўқиди.
Муаллима унинг дарсни тингламаётганини пайқаб қолиб:
– Биз қаерда тўхтадик? – деб унга савол берди.
Хайрият, дарс ниҳоясига етган экан, шу чоғ қўнғироқ жиринглаб уни шармандаликдан асраб қолди. Қувонганидан унинг чеҳраси ёришиб кетди, бунга жавобан муаллимаси жилмайиб қўйди: ҳар қалай, у шафқатли ва меҳрибон муаллима эди.
Уйга келгач, у кўзгу излаб ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Бироқ топганларининг бари мўлжалдагидан бироз каттароқ ё кичикроқ эди. Фақат биттаси, бир куни ойисининг сумкасида кўрган кичкина кўзгу тўғри келиши мумкин.
Кечки овқатдан сўнг, у ақлли болалардек индамай ухлагани ётди, онаси ёноғидан ўпиб қўйиш учун тепасига келганида унинг қулоғига шивирлади:
– Ойижон, илтимос, кичкина ойнангизни бериб туринг!
– Ойнани нима қиласан?
– Муаллимамиз қандайдир тажриба ўтказмоқчи экан.
– Ҳаммага ойна олиб келинглар, деб айтдими?
– Йўқ, ҳаммага эмас, уйда ўшанақа ойна бор ўқувчиларга.
– Хўп, яхши, эски сумкамни қараб кўрарман. Энди ухла!
Эрталаб нонушта қилишаётган пайтда Жерар ойисидан сўради:
– Нима бўлди ойи?
– Нима нима бўлди?
– Эсингиздан чиқдими?
– Нима эсимдан чиқади?
– Ойна.
– Ҳа, эсимдан чиқиб кетибди бутунлай. Шунақа шошилинчмиди?
– Ҳаддан ташқари!
Ҳақиқатан ҳам жуда зарур эди,чунки дарсда бугун ҳам “Ўқиш китоби”дан анча-мунча лавҳа ўқишлари керак.
Жерарнинг қовоқ-тумшуғи осилиб тушганини сезган онаси: – Бўпти, манавини олақол, – деди унинг кўнглини кўтарган бўлиб. – Фақат битта шарт билан, бугуноқ ўзимга қайтариб берасан. Яна синдириб қўймагин, бирам нозик, ўрганиб қолганман жудаям.
– Унақада бошқа топиб берақолинг.
– Ўтказадиган тажрибаларинг шунақа узоқ чўзиладими? Нима қилмоқчисизлар ўзи, тушунтириброқ гапир.
– Қайдам, муаллимамиз ҳали айтганлари йўқ, аммо кейин яна керак бўлиб қолса-чи…
Кўзгу муқовадаги чуқурчага лоппа-лойиқ келди. Жерар олдида ўтирган боланинг орқасига яшириниб олиб, юраги дук-дук урганча ўзининг аксига қаради. Акси секин-секин кичрая бошлади. Энди Жерар худди сувратдагидек бошини яхлит кўрди. Акси кичрайгандан кичрайиб борарди. Ниҳоят, у ўзининг бор бўйи билан боғ ўртасида турганини кўрди. Аллақандай бола ёнига яқинлашиб келди-да, сўз қотди:
– Бу ёққа, бу ёққа ўт.
– Қанақа қилиб ўтаман?
– Аввал бармоғингни ўтказ… кейин бошқасини… босгин, бутун қўлинг ўтади. Кейин тирсагинг, елканг… Ана энди бошингни энгаштир… Нариги қўлингни, елкангни… Энди гавдангни… Хўп, оёғингни, қойил.
Жерар қуёш нурларига чўмган боғда пайдо бўлди. Шалоғи чиққан эски китоби майсалар устида ётарди. Ойнада ўзининг синф партасида ўтирганини кўрди, фақат синфдаги Жерар негадир шишадек шаффоф эди.
– Энди эса сизлар ўқиётган ўша саҳифани оч, иш деган мана бундай бўпти.
– Муаллимамиз пайқаб қолсалар-чи?..
– Хотиринг жам бўлсин, аксинг жавоб беришга қодир.
– Сизлар бу ерда мактабга бормайсизларми?
– Шу етмаётганди! Бизни ҳайвонлар ўқитади.
– Нечтасизлар ҳаммангиз?
– Ҳозирча ўнта. Ана, қара, қолганлар ҳам келишяпти. Менинг исмим Леон, бу ерда тулпорим бор, ана ўша бизга математикани ўргатади. Бу эса Клод, унинг қарғаси бор, қарға бизга географиядан дарс беради. Мана бу Пьеро, унга қарашли тўти бизга мусиқани ўргатади. Бу эса Габриель, унинг тулкиси бизга боғдорчиликдан сабоқ беради. Бу Барнабе, унинг калтакесаги бор, калтакесак расмдан дарс ўтади. Мана бу Никола, олмахони бор, гимнастикадан дарс беради. Бу эса Клотер, унинг пингвини сузишдан сабоқ беради. Бу Огюст, унинг бир уя асаларилари бор, улар геометриядан дарс ўтишади.
– Бундан чиқди, сизларда машина ҳайдаш билан телевизор ясашга ўргатадиган муаллим йўқ экан-да?
– Нима кераги бор бунинг? Сизларни шунга ўргатишадими синфингизда?
– Йўқ, лекин сизларга қизиқроқ бўлармиди демоқчиман-да…
– Бир гап айтайми, биз эндигина бошладик ўқишни…
– Негадир уйларингиз кўринмаяпти?
– Уйнинг ҳожати йўқ бу ерда. Истаган пайтимизда ўзимиз қуриб оламиз.
– Қаерда яшайсиз?
– Қоронғи тушганда уйга кетамиз.
– Тушунарли, демак, мен ҳам…
– Бўлмасам-чи, сен ҳам уйингга кетасан. Синфда қўнғироқ чалинганда, яна изингга қайтасан. Биз боққа она тили ва адабиёт дарсида келамиз.
– Қаерда ўқийсиз?
– Турли лицей ва коллежларда; токайгача бу давом этади, чидаб бўлмай қолди-ю!
– Бу ерга қандай келиб қолдингиз?
– Эски “Ўқиш китоби” ёрдамида.
Улар кўлга бориб қайиқда учишди, ўша ерда тулпор уларга кўл ёқасидаги қамишларни қандай санашни ўргатди. Кейин бирдан чироқ ўчгандек туюлиб, Жерар яна синфда, партада ўтирган ҳолига қайтди…
– Ойи, ойнангиз менда турсин, жудаям зарур бўляпти-да!
– Мен нима қиламан?
– Усиз ҳам бемалол юрасиз-у!
– Бу нима деганинг? Лабимни қанақа қилиб бўяйман?
– Сизга бошқасини совға қиламан.
– Нега ўзингга бошқасини сотиб олмаяпсан?
– Ярамай қолса-чи у?
– Демак, тажрибангиз муваффақиятли ўтибди-да. Энди айтиб берсанг бўларди.
– Қийин иш. Ўзим ҳам ҳали кўп нарсани тушунолмаяпман. Ташвиш қилманг, албатта, сотиб оламан, тўплаётган пулларимнинг ҳаммасига бўлса ҳам оламан, мана кўрасиз…
– Бундай қилма, тойчоққинам, керак эмас, сен хурсанд бўлсанг, бас…
– Лекин менинг сизга совға қилгим келаяпти!
– Менга суврат совға қилақол.
– Хўп. Мен сизга тулпор сувратини совға қиламан.
– Тавба, тажрабаларингиз қизиқ экан жуда.
– Сизга манзур бўлганидан хурсандман, ойи.
Эртасига ўртоқлари Жерардан уларга бирон-бир янги нарсани ўргата оладиган ҳайвон олиб келолмайсанми, деб сўрашди.
– Олиб келишга олиб келардим-у лекин синфга қанақа қилиб олиб кираман, мана шуниси қийин…
– Митти бир жониворни топиб, чўнтагингга солиб кирсанг-чи. Бизга машина ҳайдашни ўргатарди.
– Лекин қанақа жониворни келтирай?
– Бу ўзингга ҳавола. Ўйлаб топарсан.
Улар қор босган тепаликка қараб кетишди, ўша ерда қарға Лондондаги улкан дўконлар ҳақида гапириб берди.
Кечаси Жерар туш кўрди. Қараса, жанубга олиб борадиган катта йўлда машина ўқдек учиб кетяпти-ю, унда ўзи билан бирга камдан-кам учрайдиган беозор йўлбарс ўтирган эмиш.
– Эртага мен билан бирга она тили ва адабиёт дарсига келолмайсизми?
– Жоним билан, лекин қанақа қилиб боришни билмайман-да…
– Сиз китоб варақлари орасига кириб олинг.
– Дарҳақиқат, дарсликда ажойиб йўлбарс сурати бор экан. Балки уни қирқиб олиш керакдир? Йўқ, у сирғалиб саҳифадан-саҳифага ўтиб бораверади, ниҳоят, сўнгги варақдан ҳам ўтади.
Жерарнинг йўлбарс олиб келганини кўриб ҳаммалари қойил қолишди.
– Биз энди ака-укамиз, сафимиз янаям кенгаймоқда.
– Сенинг синфдошларинг дарсда зерикишмайдими?
– Зерикишади, бу ерга жон деб келишган бўларди.
– У ҳолда сенга ўхшаб эски дарслик топишсин – тамом-вассалом. Фақат сиёҳ доғини эслатишни унутма!
– Ҳаммалари бориб қирмизи қояларга чиқишди, ўша тепаликда сув қундузи осма йўлларни қуриш ҳақида тушунтириб берди.
Орадан кўп ўтмай Жерар ўзининг одобли ва ранги тиниқиб қолганига ҳайрон бўла бошлаган партадоши Альберга ҳаммасини гапириб берди.
– Мен дарсда энди мутлақо зерикмайман. Очиғини айтсам, зўр йўлини топдим. Мўъжиза дейсан.
– Мўъжиза, ростакам мўъжизами?
– Ҳа, лекин бунинг учун битта эски дарслик керак.
– Отам ҳаётда олиб бермайди! Агар ўзимникини йўқотиб қўйдим, десам кунимни кўрсатади!
– Биласанми нима, юр, эски китоблар сотадиган дўконга борамиз. Янги дарсликка эскисини жон-жон деб алмаштириб беришади.
– Улар бир неча кун қидиришди. Жерар ҳар куни уйга кеч қайтар, хавотир олаётган онаси баъзан ташвишланиб уни саволга тутарди.
– Хаялладинг жуда, қаерда эдинг?
– Мактабда.
– Шу пайтгача-я?
– Дарсдан кейин эски дарслик қидириб дўконга бордик.
– Яна китоб олмоқчимисан? Қийнаб қўясан-ку бунақада, отангга нима деб тушунтираман. Ўқитувчиларингиз ўйласа бўларди озгина.
– Йўқ, китоб менга эмас, бир синфдошимга керак. У ҳам қатнашмоқчи бўлаяпти.
– Ниҳоят, улар эски уйлар ўрнида қурилган “Савдо маркази” ёнидаги кичкина дўкончадан излаган китобларини топишди. Муқовасига сиёҳ тўкилган бир даста 3- синф дарслиги тахланиб ётарди. Жерар китобларни санаб чиқди. Синфдошларининг ҳаммасига етар экан, ҳатто битта ортиқча, болаларнинг машмашаларига гўё эътибор бермаётгандек кўринган дўкондор, улар эски китобга янги китобни алмаштирасизми, деб сўрашганда бир нималарни пўнғиллаган бўлди-да, хиёл қизғиш қўлларини яп-янги китобга узатди. Альбер боғдаги болаларга телевидение фаолиятига бағишлаб машғулот ўтказадиган ажабтовур Африка филини олиб келишга муваффақ бўлди.
Улар чангалзорга бориб, тўр беланчакда ётиб дам олишди, тўтиқуш эса уларга орган чалиб турди.
Улар қир-адирга бориб уч ғилдиракли велосипедда у ёқдан-бу ёққа роса учишди, ўша ерда тулки кўм-кўк лолаларни етиштиришни ўргатди.
Улар бориб соҳилдаги қояларга чиқишди, парашютда сакраб машғулот ўтказишди, калтакесак эса ота-оналарининг сувратини чизишга ўргатди.
Кемабоп ёғочлар олиш мумкин қарағайзорга бориб, шохдан-шохга сак­раб ўйнаганларида олмахон пастлаб учиш қоидаларини тушунтириб берди.
Кейин Альп музликларига бориб тоғ ёнбағирларида роса чанғи учишди, пингвин неолит даври ҳақида яратилган диапозитивни кўрсатди.
Сўнг Тинч океанига бориб узун қайиқларда сайр қилишди ва тюлень болаларни чиғаноқлар билан тўла ғорларга олиб борди.
Тоғ дараларида шаршараларни кечиб ўтишди, боларилар уларга ўттиз олти перпендикуляр назариясини исбот қилиб беришди.
Шўр сувли кўлга боришганида, конькида учиб айланишди, йўлбарс эса машинада соатига уч юз километр юришнинг сирларини тушунтириб берди.
Жерарнинг энг сўнгги синфдоши театр санъатидан сабоқ бера оладиган чумолихўрни етаклаб келиб буларга қўшилганда муаллима синф жимжит бўлиб қолганидан таажжубланди ва ўқувчиларни бирма-бир кўздан кечиришга аҳд қилди. Ана шунда уларнинг ҳаммалари ранги хиёл тиниқиб қолганини фаҳмлади.
У кўзларим хиралашибди, кўзойнак олишимга тўғри келади, деб хаёлидан ўтказди.
Бу пайтда Жерар ўртоқлари билан оҳанг таратувчи вулқон этагига йиғилишган эди.
– Муаллимамиз нима қилаётган экан ҳозир? Эҳтимол, жуда ўксиётгандир ёлғиз қолгани учун?!
Дўкон ёпилиши арафасида энг сўнгги дарсликни ҳам олишга муваффақ бўлишди. Уни болалардан битта-битта йиғилган маркаларга алмаштиришди ва танаффус чоғида муаллималарига ҳадя қилишди. Бунинг самараси узоқ куттирмади.
Дарҳақиқат, синф ҳаддан зиёд жимжит бўлиб қолганди. Муаллима тождор турна билан кўзгу орқали ўтди. Турна ҳаммага соч турмаклаш санъатини ўргатди.
Иттифоқо бир куни синфга таълим-тарбия ишлари бўйича назоратчи ташриф буюрди. У барча ўқувчилар билан бирга муаллиманинг ҳам шаффоф кўринишига аҳамият бермади, лекин ифодали ўқиш ҳамда муаллиманинг тушунтиришлари рисоладагидек экани, синфда тартиб-интизомнинг намуналилигини кўриб лол қолди ва ўтирган ерида ўзиям пинакка кетди. Қўнғироқ жаранги уйғотиб юборганда синфда биронта бола нурли кўринмади, оқибат нозир овқатни меъёридан кўпроқ тановул қилиб юборганимдан бўлса керак, деган хулосага келди.
Муаллима кун сайин ёшариб бораётганга ўхшарди. Боғда Робера деган бегемот болаларни шеърни ифодали ўқишга шунақаям ҳазил-ҳузул билан ўргатар эдики, кула-кула ўласан. Таътил пайти келганда, Жерар хўрсинишдан ўзини тиёлмади:
– Ана, холос! Ўқишлар ҳам тугади…
– Нима бўпти, мактабда завқлироқ эмасми?
– Ҳаммаси бизнинг тажрибамиз туфайли, ойи, ўша туфайли шундай бўлди.
– Назаримда, таълим ишлари яхши олиб бориляпти, шекилли, охирги чоракда рангинг кириб қолгани ҳам бежиз эмас!

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 6-сон