Мэри Тейчен. Англаш ҳикмати (ҳикоя)

Сафар узоқ ва сермашаққат бўлди. Тун қўйнида елиб бораётган автофургон чанг босган, ўнқир-чўнқир қишлоқ йўлида қандай силкинса, қоп-қора асфальт йўлда ҳам ундан беш баттар силкиниб, сакрашда давом этарди.
Қиз пишган бананнинг бир чеккасини арчиди.
– Банан ейсизми?
– Нима? Эшитмаяпман!
– Банан ейсизми, деяпман?
– Еганда қандоқ. Фақат арчиб тозалаб берасиз-да, майлими?
Мана йўл бўйи улар ўша-ўша бир хил гапни уч маротабадан чайнаб такрорлаб келишарди.
Ҳайдовчи мойга ботган, ҳамма еридан бензин ҳиди анқиб турган оқ кўнгил одам эди. Йўловчи бўлмиш ўз ҳамроҳини ҳайдовчи Сиднейнинг узоқ чекка ўлкасидан топганди. Қиз йўлнинг четида беҳудага қўл кўтариб бир соатдан ортиқ вақт туриб қолди – машиналар эса унинг ёнидан ғизиллаганча ўтиб кетаверди. Кўпғилдиракли улкан махлуқ нафаси бўғилиб пишиллади ва қаттиқ товуш чиқариб ҳавони ютганча қизнинг ёнига келиб тўхтади – бундан қиз жуда суюниб кетди. Кабина ойнасидан ҳайдовчининг унга самимий боқиб турган юзи кўринди.
– Қаерга борасиз? Мельбурнгами?
– Ўзингиз-чи? – сергак суриштира кетди қиз.
– Мельбурнга.
– Жуда соз. Сиз билан кета қолай.
Қиз буғдойдан бўшаган қопга тартиб билан жойлаштирилган лаш-лушларини кўтарди. Ҳайдовчи энгашди-да, унинг қўлидан қопни олди.
–Эҳтиёт бўлинг, у ерда пластинка бор!
– Хавотир олманг, қизгина, ҳаммаси жойида бўлади.
Ҳайдовчи қопни тангу тор кабинага жойлади.
Қиз зинапоя баландлигини чамалаб кўрди-да, ирғиб унга чиқиб олди ва ўзини ўриндиққа таппа ташлаб, ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Мана фургон ҳам босайми-босмайми деб имиллаганча, тошбақа юриш билан диққатни оширадиган бу йўлни забт этиш пайида жойидан қўзғалди… Қиз кўзига тушган ёрқин нурдан уйғониб кетди ва тез-тез кўзини пирпирата бошлади.
– Кўзлаган манзилингизга деярли етиб келдингиз, – деди мийиғида кулиб ҳайдовчи.
– Соат неча бўлди ўзи?
– Бир ярим. Қаерда тунамоқчисиз?
– Дўстларимникида. Менда қаердадир уларнинг манзили ёзилганди.
У қопини кавлай кетди.
– Бу ўзи қанақа пластинка?
– Дўстимга совға.
– Совға қиламан деб шуни нақ Квинсленддан кўтариб келяпсизми?
– Ҳа.
– Бундай матоҳни Мельбурндан ҳам топса бўларди, агар билсангиз.. Ўзингизга ортиқча даҳмаза орттирибсиз-да.
– Йўқ, ундай эмас, – қатъий эътироз билдирди қиз. – Мен совғани дўстимни кўрган заҳотим қўлига топширишим керак.Ҳайдовчи тушундим дегандек бош ирғади. Рўпарадан келаётган машинанинг чироқлари бир лаҳза қизнинг ёнбошини ёритиб юборди.

* * *

Карлтон кўчалари зулмат ва сукунатга чўкканди, баҳайбат автофургоннинг мунгли инграши тор кўчада акс садо қайтарди, уйларнинг парти кетиб, шарти қолган тунука мўриларини зириллатиб ўтди ва атрофдаги барча жониворларни уйғотиб юборди.
Қиз асабийлаша бошлади.
– Мумкин бўлса, мана шу муюлишда тўхтатиб юборсангиз, уйни ўзим топиб оламан.
– Биласизми, мен сизни эшигингизнинг тагигача олиб бориб қўйишим мумкин, – жавоб берди ҳайдовчи.
Бундай қараганда бари силлиққина поёнига етгандек ва қандайдир камситилгандек ҳам эди. Ўз манзилига уни қоғозга ўралган қанддек қилиб элтиб қўйган фургондан ор қилаётганини қиз бирдан фаҳмлаб қолди.
– Овоз чиқариб хабар берайми, – суюкли ёри келганини у ахир билсин-да, а?
Ҳайдовчи шундай деди-да, айёрона мийиғида кулиб қўйди.
– Ҳожати йўқ, – гапни шартта бўлди қиз ва тош йўлга сакраб тушди. Сўнг бошини кўтарди-да, хавотир ила унга бошдан-оёқ разм солди. Ҳайдовчи кулиб қўйди-да, моторни юргизди ва эшикни қарсиллатиб ёпди.
– Ҳали яна кўришиб қолармиз, дўндиқча.
Сўнг металл алвасти беўхшов судралганча ўрмалаб кетди.
Қиз бир ўзи сўппайиб қолаверди.
Энди нима бўлади? Ҳаяжондан қизнинг кафтлари нам тортди, ичига худди ҳўл лой тўлгандек меъдаси зилдай бўлди. Қовоқлари керкиб, бўшашди ва оёғи остидаги қоп-қора асфальт йўл бироз силжигандек туюлди.
Қизнинг қўлидаги парча қоғозга рақами ёзилган уйдан бир маромда пластинкадан замонавий куй янграрди ва хушчақчақ одамларнинг қаттиқ-қаттиқ кулгани қулоққа чалинарди. Азалдан мавжуд эски, бўёқларининг ранги ўчиб, деразалари синиб тамом бўлган, икки қаватли бу уй бир-бирига ёндош уйлар қаторидан жой олганди. Болохона айвонининг қора панжарасидан бир неча одам энгашиб қаради ва улар орасида бўйнига олма уруғидан маржон осиб, қўлида бир стакан пиво тутган, нари борса, йигирма ёшдаги йигитча ҳам бор эди.
– Қопда нима бор? – хурсанд сўради йигитча.
Қиз кўзини лўқ қилди-да:
– Менинг баджаҳл ўгай онам, – тўнггина жавоб берди қиз.
Йигитча мийиғида кулди.
– Юқорига олиб чиқ.
– Мен бир одамни излаяпман… – гап бошлади қиз, бироқ гапини тугатолмади: йигитлардан бирининг кўнгли беҳузур бўлиб, болохона айвончаси тагидаги бута ғовга қайт қилиб юборди.
– Сен яхшиси уйга кир, – бақирди унга кимдир. – Бўлмаса сувга тушган мушукдек ивиб кетасан.
Болохона айвончасида қаттиқ кулги кўтарилди. Қиз таклифни миннатдорчилик билан қабул қилди, бироқ уни кутиб олишга ҳеч ким тушмади ва ним қоронғи хонада пайдо бўлиб қолганида, бу ерга гўё берухсат кириб келгандек туюлди ўзига.
Девор ёқалаб кўм-кўк шароб шишасида шамлар ёниб турарди, йўлакнинг нариги бошидаги хонада олов рангидаги ёруғликда мусиқа оҳангига тушаётган ярқираган рўдапо кийимлар, эски жинсилар, сарпойчанг оёқлар лип-лип ўтиб турарди, рақсга тушаётганларнинг билаклари ва тўпиқларига тақилган қўнғироқчаларнинг тиниқ шиқирлашлари эшитиларди. Мусиқа шовқин-сурон овозини босиб турарди, ана кимдир пластинка устига йиқилиб тушди. Ғазабли қийқириқ янгради, сўнг унга жавобан худди шунақа бошқа ғазабли қичқириқ янгради. Бир эркак билан аёл ўзаро жиғиллаша кетди ва то бир-бирининг авра-астарларини ағдариб бўлгунча хонадаги шовқин-сурон бироз босилгандек бўлди.
Олма уруғидан бўйнига маржон осиб олган ҳалиги йигитча болохона айвонидан йўлакка тушди-да, қизнинг қопини олди.
– Кирсанг-чи, – деди йигитча.
– Мен… Тўғриси, билмайман… Ҳалиги… Мен бир одамни излаётгандим…
Бироқ йигитча гапни охиригача эшитмаёқ ортига бурилди ва қиз истар-истамас унга эргашди.
Эшикда пайдо бўлган қиёфаларга йиғилганларнинг бари қаради. Бу на эътибор билан тикилиш эди ва на қизиқиш билан, бир қарашда, қаердадир узоқда, қўра устига жойлашиб олган қушчага ялқовлик ила кавшанаётган сигирнинг боқишига ўхшаш бефарқлик бор эди.
Даҳанаки жанг бир лаҳзагагина тўхтади, сўнг яна шиддат билан авжига чиқди.
– Сен ўзи қаердансан, дўндиқча? – қичқирди кимдир.
– Квинсленддан, – ўта жиддий оҳангда жавоб берди қиз.
Бу сўзлар гўё туртки бўлди – кеча яна бирдан авжига минди: бирлари Квинсленд – полициячилар штати деса, бошқалари чўчқага ўхшаб хур-хур қилганча лапанглаб югура кетди, учинчи бирлари норозилик ва исён қўшиқларини вадавангига олди.
Шу орада пластинкани тузатиб, уни яна юргизиб юборишди, бир-бирини ҳақоратларга кўмиш шиддат билан тағин авжига чиқди, кечанинг ғала-ғовури янги куч билан тунги сукунатни бузмоқда эди. Кимнингдир қўли кларет шаробли шишага ёпишди ва қуйиб қизга узатди.
– Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
– Бир одамни излаётгандим.
– Ким экан ўша одам?
– Жон деган.
– Жон – у ёғи-чи?
– Мен… Билмадим, унинг исми шарифи нима экан? У талаба. Ижтимоий фанларни, ҳуқуқни ўрганади.
Кимдир қаттиқ хўрсиниб қўйди.
– Нима, бор-йўқ билганинг шуми?
– Ўзини кўрсам дарров танийман: у доим жинси шимда ва Америка байроғининг расми туширилган кўйлакда юради…
– Иккита қулоғи ва иккита кўзи ҳам бўлса керак? – кесатиб деди бири қизга шароб узатиб.
– Лекин у шу ерда яшайди.
– Шу ерда деганингни қандай тушунса бўлади? Шу уйда туради демоқчимисан?
– Ҳа, шундай демоқчиман. У… у ҳозир шу ердами?
– Эҳтимол, шундайдир. Тўхта-чи, мен бориб Марждан билиб келаман. У хотин шу ерда яшайди.

Йигит кетгач, қиз тумшайганча деворга ёпишиб туриб олди. Шароб илиқ экан. Мана йигитча ҳам қайтиб келди ва қизнинг қўлидан ушлади-да, уни камбар ошхонага судради. Марж чаноқ олдида туриб олиб кўкат тўғраш билан овора эди. У қизни кўриб, жилмайди.
– Энди эса, Марж, барини бошидан такрорла, – деди йигит ва чиқиб кетди.
– Демак, гап бундай, Жон деганинг шу ерда яшаган, ҳозир эса у йўқ, кўчиб кетганига бир неча ой бўлди.
– Нима… Унда ҳозир… қаерда яшайди?
– Шу яқин атрофда, бу ердан икки маҳалла нарида.
– Манзилини билмайсизми?
Марж жавонни очди ва у ердан нарса ўрайдиган қоғоз парчасини олди-да, қизга узатди.
– Жоржнинг айтишича, сиз Квинсленддан эмишсиз?
– Ҳа, тўғри.
–Жон, афтидан, оламшумул ютуқларни қўлга киритган кўринади, а? Лекин ишонч билан айта оламанки, эркак қандай бўлишидан қатъи назар, мен уни излаб бундай узоқ йўлга чиқмаган бўлардим. – Шундай дея қизарган бармоқлари билан яна нарса тўғрашга тушиб кетди. – Сиз ўзи қайси университетда ўқийсиз?
– Умуман олганда, ҳеч қайсисида. Мен ҳали мактабда ўқийман.
Маржнинг қўлларига ёпишиб қолган зиравор юқи ҳавода қотиб қолди.
– Бу нимаси, қоқиндиқ, ёшинг нечада ўзи?
– Ўн олтидаман, ҳадемай ўн еттига кираман.
– Буни қара-я, қизим, қаерда эканингни ота-онанг биладими ўзи?
– Йўқ… Жуда унчалик эмас.
Марж чироғи ёниқ совутгичдаги парча-парча музларни қолипдан кўчириб оларкан, аллақандай овоз қулоғига чалинди. Сўнг тўнтарилган қолипга иссиқ сув қуяётиб Марж ундан сўради:
– Ҳеч бўлмаса тунайдиган еринг борми?
Ўқувчи қиз ҳали бунинг ғамини емаганди ва энди, ҳақиқий ҳаёт билан юзма-юз келганда, ўзини йўқотиб, саросимага тушиб қолганди.
– Истасанг, шу ерда тунашинг мумкин, – таклиф қилди Марж. – Бу шовқин-суронлар тонг отгунча тинадиган кўринмайди, шунинг учун сен бемалол жойлашавер, яна қаердан ҳам жой топардинг.
Эртасига, душанба куни қизни қуёш уйғотди – офтоб унинг қовоқларини куйдирди, ухлашга мосланган қоп қизнинг тафтидан нам тортиб қолганди. У кўзини очди ва болохона айвонининг қовурғали қора тўсиғи орасидан бефарқлик билан турнақатор машиналарга боқди. Унинг нақ рўпарасида долчин рангидаги пиводан бўшаган шишанинг оғзи яққол кўзга ташланди, сўнг унинг ёнида кимдир ухлаётгани кўринди. Жоннинг унга жуда яқин, бу ердан бор-йўғи икки маҳалла нарида эканини ўйлаб, кўнгли тоғдек кўтарилди. Унинг кўз олдидан нималар ўтмади дейсиз: мана у, сарпойчан, сочлари шамолда тўзиган, қадимдан қолган гўзал уйлар ёнидан ўтиб келяпти… Қиз ўтирди-да, атрофда яна бир қанча ухлаб ётган одамларни кўрди. Болохона айвони одамлар гавдасини кўтаролмай ғичирларди, токчада эса тўнтарилган стаканлар турарди. Кимнингдир оёғи, қўли устидан эҳтиётлик билан сакраб ўтиб, қиз пастга тушди. Энди пластинка товуши пасайганди, бироқ шундай бўлса-да, у ҳали ҳам узилиб-узилиб бир маромда янграб турарди. Ошхонада ниманидир қовуришарди, бу ис очиққан қизнинг иштаҳасини қитиқлаб юборди. Қиз уйдан ситилиб чиқди-да, қуёш остида чўзилиб ётган танага сўнгги бор кўз ташлади, шунда вужудини қувонч ва ҳаяжон қамраб олди. У қора чўян эшикчани оҳиста ёпди.
Жоннинг уйи каттагина экан, олдида моҳирлик билан кузалган камбар майсазор ястанган ва унда-бунда якка гуллар тиккайиб турарди.
Путури кетган эшик тўқмоғи зарби бутун уйда акс садо берди; устига-устак тумшуғини эшик тагига суқишга уриниб кучукча акиллай бошлади. Бироқ бу шовқин-суронга ҳеч ким чиқмади. Яна болғачанинг эшикка оҳиста урилган овози эшитилди ва кучукча энди зўр бериб гиламчани тирнай бошлади.
Бу гал йўлакдан оёқнинг шапиллаган товуши эшитилди ва эшик зарб билан очилди. Узун қўнғир сочли одам гавдаси кўринди.
– Салом, – деди қўнғир соч.
– Салом. Жон шу ерда турадими?
Бошқа оғиз очишга ҳам қўймай, қўнғир соч ўгирилди-да, йўлакдан юриб кетди. Бориб қандайдир эшикни усти-устига такиллатди.
– Бу ердан қорангни ўчир, – ичкаридан паст овоз эшитилди.
– Сени сўраб келишибди, анқов.
– Ким?
– Мен қаердан биламан?
– Бўпти, ҳозир.
Қўнғир соч эшик тагида турган қизга ўгирилди-да, бош ирғаб киришга ишора қилди. Бу ерга кириш учун ҳатто ҳавога ҳам махсус рухсатнома керакка ўхшайди – ҳаво етишмаганидан уй ичи димиқиб кетганди. Хона эшиги очилди… ва сукунат ичида момақалдироқ гумбурлагандек бўлди. Қизни чиндан ҳам танимаган Жоннинг башараси бужмайди, хижолатдан йигит пешонасига тушган сочларини силтади-да, бир томонга суриб қўйди.
– Хўш, мендан нима хизмат? – деди у қизга қараб.
Қиз бирдан жунжикиб кетди. Кўзларини ерга олди. Қия очиқ эшикка суянганча Жон бир қўли билан пижама шимини тутиб турар, устига икки ўлчам кичик тўқима калта қора камзулни ташлаб олганди.
– Ўзи сизга нима керак, яхши қиз?
Қиз шу пайтга довур қўлтиқлаб турган пластинкани қўлига олди-да, индамай йигитга узатди. Йигит жилдга назар солди.
– Бу нима ўзи?
– Бу сенга.
– Бриттеннинг “Мотам куйи?”
– Бу менда йўқ дегандинг.
– Ростдан-а? – У ажабланганча қошини кўтарди. – Буни қачон айтгандим?
– Канберрадаги санъат кўриги байрамида, – жавоб берди қиз аста.
– Жин урсин! Энди эсимга тушди. Нега шуни дарров айта қолмадинг? – Йигит қўлини қизнинг елкасига қўйди-да, унинг кўзига тикилди. – Бўлмасам-чи, сени яхши эслайман. – Унинг қўлларидан ҳаётий илиқлик уфуриб турарди, бироқ овози борасида бундай деб бўлмасди. – Кир, киравер.
Эшик очилиб, қиз ёруғ бўлмаган хонага кириб келди. Деворларга осиб ташланган машҳур сиймоларнинг улкан суратлари тўғрига тикилиб турарди; уларни ёритиб турган шам ёниб тамом бўлганди. Йигит ишора билан унга қўлбола ёстиқли пастак сават курсига ўтиришни таклиф этди-да, ўзи ерга тўшалган тўшакка ўтирди.
– Шу пайтгача нима ишлар қилдинг? – сўради йигит.
– Мактабда имтиҳонларни топширдим, ўтган йили мени синфбоши этиб тайинлашди… – дея гап бошлаганди қиз, бироқ қандайдир баджаҳл ва бўғиқ аёл овози қизнинг устидан кула кетди:
– … “Мен барча имтиҳонларни топширдим, Жонни, энди мен мактабимизнинг эркатойиман…”
– Овозингни ўчир, Энн! – шивирлади Жон.
Бироқ овознинг ўчишидан дарак бўлмади:
– Вой худойим-ей, ана сизга тортинчоқлигу ана сизга андиша! – Шундай дея Энн, тўшакдан бирозгина кўтарилди-да, бошини эгиб таянмакурсида ўтирган қизга тикилди. Бир неча вақт улар бир-бирларидан кўз узмай ўтиришди.
– Эркатойим Жонни, сенинг дидинг тобора ўтмаслашиб боряпти, – деди Энн сохта йиғламсираб. Жон юзини Эннинг юзига яқинлаштирди-да, ғазаб билан шивирлади:
– Мен сени танлаган эканман, демак, у ёғига йўл йўқ.
Энн қиқирлаб кулди-да, уни ўпиб қўйди. Шундан сўнг Жон ўқувчи қизга қаради ва бироз хижолат тортди. Қиз безовта бўлиб ўриндиқда типирчилай бошлади.
– Пластинка сенга ёқади деб умид қиламан.
Унинг гапи оғзида қолди ва Энн яна қиқирлай кетди.
– Аминман, менга жуда ёқади – қизнинг гапини қувватлади Жон.
– Бу ўзи қанақа пластинка? – сўради бўғиқ овоз ҳеч тагига етолмай.
– Илтимос Энн, бирпас овозингни ўчириб тур.
– Ростдан ҳам, бу пластинкада нима бор ўзи? – Энди савол ўта қатъият билан қўйилганди. – Бу пластинка ахир бизда бор-ку? Устига-устак сенинг буни эшитишга тоқатинг йўқ эди. Нима деб валдираяпсан-а? Вой Худойим-эй, Жонни, сен борган сари тубанлашиб боряпсан.
Жон ирғиб ўрнидан турди-да, югуриб хонадан чиқиб кетди. Қиз ва аёл совуқ нигоҳ билан бир-бирларига еб қўйгудек қарашди. Охири қизнинг тоқати тоқ бўлди-да, шахт билан аввал қопни, сўнг пластинкани олди.
Жон эшик олдида чўнқайиб ўтирарди, тонг ёруғида йигитнинг чўққи соқоли кўринди. Йигит чека бошлади ва у симдан ясалган, эшикка таранг тортиб боғланган тўр орасидан тўғрига боққанча хаёлга чўмди.
– Қулоқ сол, – деди у ердан кўзини кўтармай ёнида турган қизга. – Ўшанда сенга айтган гапларимнинг бари ҳақиқат. Сен мени англаяпсанми? Бироқ вазият ва шунга ўхшаш бошқа алланималар бизнинг сўзларимиз маъносини ўзгартириб юбориши мумкин экан.
– Мен тушундим.
Қизнинг овозида донишмандларга хос майинлик бор эди. Қизнинг оёқлари чўнқайиб ўтириб олган жуссанинг ёнидан ўтиб, уни кўчага олиб чиқди ва шоша-пиша бетон йўлдан, майсазордан ва шовқин-суронли кўчадан жадал одимлаб кета бошлади. Шу тарзда у йўлида давом этаркан ажиб бир енгиллик ҳисси ва қайта қўлга киритилган эркинлик нашъаси вужудини қамраб олди.
Тор кўчадан ўтиб кетаётиб, қиз оҳиста янграётган мусиқа овозини эшитди. Тўсиқ тирқишидан мўралади ва саккиз ёшлардаги ўғил болага кўзи тушди. Болакай баланд ўтлар устида ўтириб олиб, бутун вужуди билан пластинкада янграётган куйга қулоқ соларди. Қиз эскиб зўрға турган тўсиқни қайта-қайта тақиллатди ва бола кўзини ердан узди, куй эса давом этарди. Бола ўшқириб деди:
– Ким у деворимни ураётган? – Сўнг девор оша қаради-да, чақирилмаган меҳмонга кўзи тушиб, унга синовчан тикилди.
– Салом! – деди қиз. – Қандай яхши ўйнаб ўтирибсан! Бриттен сенга ёқадими?
– Сиз бритти дедингизми? Бу анови Британиядаги бриттинми? – сўради болакай.
– Эсли бола экансан, – кулиб юборди қиз. – Менга қара, агар истасанг, шуни сенга совға қиламан?
Шундай дея қиз унга пластинкани узатди.
– Муқоваси чиройли экан, – деди болакай, пластинканинг у ёқ-бу ёғига диққат билан кўз югуртираркан.
– Сен ҳали нотани ҳам биласанми?
– Бўлмасам-чи! – мағрур туриб жавоб берди болакай. – Мен умуман олганда билимдон боламан. Жума куни имлодан аъло баҳо олдим. Бугун эса бетобман.
Қиз жилмайиб қўйди.
Тор кўчанинг сукунати тўсатдан кўча шовқини билан ўрин алмашмагунча “Ҳарбий мотам куйи”нинг тебранувчи овози қизнинг кетидан эшитилиб турди…

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон