Беш яшарлигимда хат танидим – Боливиянинг Кочабамба шаҳридаги де Ласал мактабида таҳсил олган акам Юстиниан менга илк устоз бўлди. Бу ҳаётимда туб бурилиш ясаган ҳодиса эди. Бугун, орадан етмиш йил ўтиб ҳам, мени жодулаган ўша воқеликни – китоб саҳифаларидаги сиймолар замон ва макон тўсиқлари оша ҳаётимга бостириб кириб, уни остин-устун қилиб юборганини аниқ-тиниқ эслайман. Капитан Немо билан ҳамнафас сув остида йигирма минг льё йўл босдим, д’Артаньян, Атос, Портос ва Арамис билан елкама-елка туриб, устомон Ришелье сояи давлатида қироличага қарши фитна тўрини тўқиган ғаламисларнинг додини бердим, ўзимни Жан Вальжан чоғлаб, рамақижон Мариус билан Парижнинг пана-пастқам кулбаларига бош суқдим.
Мутолаа орзуларимни ҳаётга, ҳаётимни орзуларга айлантирди: муаззам адабиёт коиноти бир қарич болакай қўлини узатса етгудек масофага пастлади. Онамнинг айтишича, “қаламимга мансуб” илк қораламалар ўқиган китобларимнинг шундоққина давоми эди, негаки, қаҳрамонлардан ажралишга кўнглим бўлмаган ёки асарларнинг хотимаси кўп-да маъқул келмаганди. Ўзим англаб-англамай, шу иш билан бутун умр машғул бўлдим: улғайиб, сочимга қиров қўнганида ҳам, болалигимни завқу шавққа лиммо-лим тўлдирган ҳикояларни қоғозга туширишдан чарчамадим.
Амадо Нерво ва Пабло Неруда шеърларини кўзида шашқатор ёш билан ўқиган шоиртабиат онам, машқларимдан боши осмонга етган, бурундор ва тепакал Педро тоғам, сўз санъатига бутун қалб ва вужудни бахш этиш зарурлигини қулоғимга қуйган Лучо амаким (ҳолбуки, у маҳаллар адабиёт салтанати ўз фуқароларига кўп-да саховат кўрсатавермасди) бугун ёнимда бўлганларидами!.. Умр йўлимда шубҳа-гумоннинг қўли баланд келган лаҳзаларда жонимга ора кириб, кўнглимни кўтарган хайрихоҳ инсонлар кўп учради. Уларнинг далдаси, жиндек омад ва, албатта, ўлгудек қайсар феъл-атворим сабаб бўлиб, ҳаётимни мўъжиз адабиётга, унинг қувончу шодликларига бағишладим; умримни ақл бовар қилмас воқеани ҳаёт ҳақиқатига, ҳаёт ҳақиқатини ақл бовар қилмас воқеага, кўримсизликни гўзалликка айлантира оладиган, алғов-далғовларга барҳам берадиган, ўткинчи лаҳзага умрбоқийлик бахш этадиган, ўлимни-да енгиш қудратига эга, заминий кулфатлардан қочиб бошпана топиладиган параллель оламни яратишга сарф этдим.
Ёзиш жўн иш эмас. Тасаввурдаги воқелик сўзга айланиб, ўй-хаёллар қоғозга тушганида, ғоя ва образлар хира тортгандек туюлади. Хўш, уларга қандай қилиб масиҳ нафасини бериш мумкин? Толе кулганини қарангки, улги олиш, этагидан тутиш учун сўз санъаткорлари, мураббийлар ҳамиша ёнимда бўлди. Флобер талант тарбиясида темир интизом ва чўнг ирода муҳимлигини қулоғимга қуйди. Фолкнер сюжетни бойитиш ва пишиқ-пухта қилишда шакл (услуб ва структура) муҳим ўрин тутишини ўргатди. Марторель, Сервантес, Диккенс, Бальзак, Толстой, Конрад, Томас Манн роман кўлами ва қамрови сюжет чизиғини маромига етказиш ва услубга сайқал беришдан кам аҳамият касб этмаслигини уқтирди. Сартр сўз қудратли куч экани, роман, пьеса ёки ҳикоя муайян даврда тарихни ўзгартиришга қодир эканига ишонтирди. Камю ва Оруэлл ахлоқий қадриятлардан маҳрум адабиёт ҳайвоний истакларга йўл очиб беришидан огоҳ этди. Мальро эса эпос ва қаҳрамонлик мотивлари бугун ҳам аргонавтлар, “Одиссея” ва “Илиада” давридаги каби аҳамиятли эканини эслатди.
Озми-кўпми, менга устозлик қилган адибларнинг барини санаб чиқиш лозим бўлганидами, ҳисобдан адашиб, кулгига қолишим аниқ эди. Ҳисоби йўқ уларнинг. Устоз адиблар наинки ижодий маҳорат сирларидан воқиф этишди, инсоннинг тубсиз ички оламини тафтиш қилиш, жасоратига тан бериб, шафқатсизлигидан нафратланишга ҳам ўргатишди. Улар надимларим бўлиб қолишди, китобларини ўқиб, энг тушкун паллада ҳам умидсизликка ён бермаслик лозимлигини англадим, биргина ўқиш ва ижод этиш неъмати учун тирикликни кўзимизга тўтиё қилсак арзийди, деган тўхтамга келдим.
Вақти-вақти билан ўйланиб қолардим: қашшоқлик, саводсизлик ва адолатсизлик авж олган, ўқувчилар сийрак, баракасиз, маданият эса бир сиқимгина одамларга хос бўлган менинг мамлакатимда ёзувчиликка ҳавас қўйиш туянинг ҳаммомни орзу қилганига ўхшаб қолмасмикин?.. Бироқ бу иштибоҳли ўй мени ижод йўлидан қайтара олмади, фикру ёдимни рўзғор тебратиш ташвиши банд этган пайтларда ҳам ёзишдан тўхтамадим. Энди ўйласам, ўшанда тўғри йўл тутган эканман. Адабиёт нашъу намо топиши учун жамият юксак маданиятга эга бўлмоғи лозим эди, эркинлик, фаровонлик ва адолатдан мосуво жамиятда у йўқликка юз тутиши турган гап эди. Адабиёт туфайли, адабиёт уйғотган тафаккур, интилиш ва истаклар туфайли, хаёлот салтанатига сафар чоғи кўнгилда бош кўтарган кечинмалар туфайли, бугунги цивилизация одамийлашди, нажот топди. Адабиёт аҳли ўйлаб топган бадиий тўқима қумга сингиган сувдек изсиз кетмади, билъакс, тошга айланган юракларни мумдек эритиб ташлади. Яхши китоблар бўлмаганида эди, инсониятнинг бугунги ҳолига маймунлар йиғлаган бўларди, мустақил фикрдан маҳрум лаббайгўйлар урчирди, дилижамлик йўқоларди, муте кайфият кенг ёйилиб, ўз-ўзини тафтиш этиш ҳисси – тараққиётнинг бош омили шу, ахир! – йўқоларди. Мутолаа, худди ёзувчилик каби ҳаёт кемтикликларига қарши исёндир. Ҳаётдан топа олмаганларимизга тасаввур кучи орқали эришишга ҳаракат қиламиз, инсон мавжудлигининг асоси бўлмиш ҳаёт истакларимизга жавоб бера олмаётгани, у бошқача бўлиши лозимлиги ҳақида ўзимиз англамаган суръатда фикр юритамиз. Бенаволиклардан зада бўлган пайтлар тахайюлимизнинг қушдек эркин парвоз этишига қўйиб берамиз – муваққат бўлса-да, ўзимиз орзулаган ҳаётда яшаб кўриш кўнгилга таскин бағишлайди.
Озод ўй-хаёл бўлмаганида эди, биз учун эркинликнинг қадри қанчалар муҳим эканини тўла тушуниб етмасдик, мустабид шахс, мафкура ёки дин уни оёқости қилиб, дунёмизни дўзахга айлантирган тақдирда ҳам, буни тузук-қуруқ идрок этолмасдик. Адабиёт гўзаллик ва бахтга йўғрилган орзуларни уйғотиб қолмай, ҳар қандай шаклу шамойилдаги зулм-истибдод туғдирадиган хатардан огоҳ этади. Бунга шубҳа қилганлар саволимизга жавоб берсинлар-чи: етти ёшдан етмиш ёшгача раъиятнинг юриш-туришини назоратга олмоқчи бўлган ҳукмдорлар нимадан бунчалик қўрқади, нега қаттол цензура тартибини жорий этади, нега мустақил ижодкорларнинг босган ҳар бир қадамини чўтга солади? Чунки улар инсоннинг китоб саҳифалари бўйлаб хаёлан эркин кезиши хатарли эканини яхши биладилар, ўқувчи китобларда тараннум этилган ҳурлик неъмати ҳамда амалдаги жаҳолат-таҳлика муҳитини муқояса қилганида, бадиий тўқима исёнга ундаши мумкинлигидан қўрқадилар. Ёзувчи асарлари орқали – ўзи хоҳлайдими-йўқми, англайдими-англамайдими, бундан қатъи назар – норозилик келтириб чиқаради, у дунёнинг бир кам эканини, хаёлотдаги ҳаёт ўнгимиздаги ҳаётдан фаровонроқ эканини кўрсатади. Бу қараш фуқароларнинг онги ва зеҳнига ўрнашса борми, тамом, уларни алдаш-авраш қийинлашади, панжара ортида яшашни кўз-кўз қилаётган миршаблар ва ситамгарларнинг ёлғонига лаққа тушмайди.
Чин адабиёт халқлар ўртасида ишонч кўприкларини бунёд этади, тил, эътиқод, одат, анъана ва тутумлардаги ихтилофларни йўққа чиқариб, шодлик, ғам-ташвиш, ҳайрат туйғулари орқали бизларни якдилу яктан қилади. Улкан оқ наҳанг капитан Ахавни сув тубига тортиб кетганида, ўқувчининг юрагида – у Токиода яшайдими, Лимадами, ё Тимбуктудами, бундан қатъи назар – қўрқув ҳисси бош кўтаради. Эмма Бовари заҳар ичганида, Анна Каренина ўзини поезд тагига ташлаганида, Жюльен Сорель жаллод кундасига бош қўйганида, Борхеснинг “Жануб”и қаҳрамони, шаҳарлик Хуан Дальманн овлоқ қишлоқ қовоқхонасидан чиқиб, қонсираган талончига дуч келганида, Комала (“Педро Парамо” романи воқеалари кечган қишлоқ) аҳолиси битта қолмай қирилиб битганида, ўқувчи – Буддага ишонадими, Конфуцийгами, Исо Масиҳгами, Аллоҳгами, ё ўзини даҳрий деб биладими, бўйинбоғ тақиб, пиджак киядими, ё бурнус, кимоно, пончога бурканиб юрадими, булардан қатъи назар – бир хил инсоний изтиробни бошдан кечиради. Адабиёт ранг-баранг қарашлар замирида якдил биродарлик ришталарини ўрнатади, жаҳолат, калтабинлик, турли мафкура, тил ва динлар таъсирида юзага келган чегараларни супуриб ташлайди.
Ҳар бир замоннинг ўз мудҳиш жиноятлари бўлади. Бизнинг давримиз мутаассиб манқуртлар, худкуш террорчилар даври, олис ўтмишдан дайдиб келиб қолган бу нусхалар инсон қонини тўкиш орқали жаннатга тушишига, боплаб қасос олишига, адолатсизликка барҳам беришига, энг тўғри эътиқодни қарор топтиришига кўр-кўрона ишонади. Ҳар куни дунёнинг турли буржларида беҳисоб инсонлар ўзини ҳақиқат байроқдори деб билган кимсалар қўлида ўлим топмоқда. Мустабид империялар бирин-кетин қулаганида, ҳолокост, геноцид, тажовузлар ва қирғинбарот урушлар ўтмишга айланди, энди она сайёрамизда тинчлик, ҳурфикрлилик ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат муҳити ҳукм суради, олам гулистон бўлади, дея ширин орзуларга берилгандик. Лекин чучварани хом санаган эканмиз. Мутаассиблик таъсирида жаҳолатнинг янги-янги шаклу кўринишлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек бодраб чиқди, оммавий қирғин қуроли шу қадар тез ёйилдики, бир тўда ақлдан озган сўзботирлар кун келиб ядро ҳалокатини келтириб чиқариши мумкин, бу таҳдид туфайли инсоният оромини йўқотди. Биз уларнинг режаларини йўққа чиқаришимиз, уларга қарши туришимиз ва албатта ғалаба қозонишимиз лозим. Содир этаётган жиноятлари Ер сайёрасини зир титратиб, қалбларимизни таҳликага тўлдираётган бўлса-да, ҳартугул, улар кўпчилик эмас. Цивилизацияларнинг узоқ тарихи давомида қўлга киритган ардоқли неъматимиз, бор-йўғимиз – озодлигимизни тортиб олмоқчи бўлаётган ғанимга терс қарашга ҳаққимиз йўқ. Либерал демократияни ҳимоя қилиш учун жонимизни беришимиз керак: гарчи мукаммал тартибот бўлмаса-да, у сиёсий плюрализм, тотувлик, бағрикенглик, инсон ҳуқуқлари, танқидга тоқат, қонун устуворлиги, эркин сайловлар, ҳокимиятнинг алмашиб туриши, алҳосил, бизларни ёввойиликдан қутқариб, адабиёт яратган кўркам, бенуқсон ҳаётга етакламоқда, ушалмас орзуларимизни бирин-кетин рўёбга чиқармоқда. Қўли қонга бўялган мутаассибларга қарши курашиш билан ардоқли орзуларимизни, уларни рўёбга чиқариш имконини асраб қолайлик!
Ёшлигимда, бошқа тенгдош-даврадош ёзувчи ҳамкасбларим қатори, марксизм тарафдори бўлганман, фақат социализмгина ватанимда, Лотин Америкасида ва “учинчи дунё”да авж олган зулм ва бедодликка чек қўйишига чиппа-чин ишонганман. Давлатнинг истаги ҳар нарсадан устун саналган, жамоавийликка асосланган тузумдан кўнглим қолиб, либерал демократга айланишим – ўзимни шу тоифага мансуб деб биламан, ҳарқалай, шундай бўлишга ҳаракат қиламан – узоқ ва машаққатли кечди. Кубада инқилобчиларнинг давлат тепасига келиши (дастлаб шўроларнинг эгизаги бўлган ушбу бошқарув тизимини зўр мамнуният билан қўллаб-қувватлаганман), тиканак симтўсиқлар оша тутқунгоҳлардан қочишга муваффақ бўлган диссидентлар билан суҳбатлар, “Варшава шартномаси” мамлакатларининг Чехословакияга бостириб кириши каби воқеалар, шунингдек, Раймон Арон, Жан-Франсуа Ревель, Исайя Берлин, Карл Поппер сингари мутафаккирлар таъсирида аста-секин демократик маданият ва очиқ жамият тарафдорига айландим. Мулоҳазасизлик, балки калтабинлик туфайли, Ғарб зиёлиларининг кўзи шўро социализми оҳанжамаларидан, янада ёмони, Хитой “маданий инқилоби” ялтир-юлтурларидан қамашиб турган бир пайтда, узоқни кўра билган мазкур муаллим зотлар жасорат намунасини кўрсатишди.
Болалигимдан Парижда яшашни орзу қилганман, француз адабиётига ошуфта ҳаваскор сифатида ўша ерда истиқомат қилсам, Бальзак, Стендаль, Бодлер нафас олган ҳаводан мен ҳам тўйиб нафас олсам, чинакам ёзувчи бўламан, Перуда қолсам, ўртамиёна қаламкашликдан нарига ўтолмайман, деб ўйлардим. Чиндан ҳам, қимматли сабоқлари, масалан, адабиёт фақат илҳом самараси эмас, интизом, меҳнат ва қатъият меваси эканини англатгани учун Франция ва француз маданиятидан ўзимни қарздор ҳис этаман. Сартр ва Камю ҳали ўлмаган, ижод билан нафас олган даврда яшадим; Ионеско, Беккет, Батай ва Чоран, Брехт драматургияси ва Ингмар Бергман фильмлари, Жан Виларнинг Миллий халқ театри ва Жан-Луи Барронинг “Одеон”и, “янги тўлқин” ва “янги роман”, Андре Мальронинг оммани маҳлиё қилган чиқишлари ва ўша давр Европасининг энг шов-шувли томошаси – момақалдироқдек гулдираб, яшиндек чақнаган генерал де Голлнинг матбуот анжумани ва маърузалари кўзимни очди.
Ҳаммасидан ҳам, менга Лотин Америкасини қайтадан кашф этишга ёрдам бергани учун Франциядан миннатдорман. Перу тарих, жуғрофия, умумий ижтимоий-сиёсий муаммолар, уйғун ҳаёт тарзи ва оғзаки ҳамда ёзма муносабатлар асоси бўлган бетакрор тил воситасида бирлашган улкан ҳамжамиятнинг ажралмас бир қисми эканини англаб етдим. Ўша йиллари мазкур ҳамжамият бағрида мислсиз қудратли адабиёт дунёга келди. Фаранг заминида Борхес, Октавио Пас, Кортасар, Гарсиа Маркес, Фуэнтес, Кабрера Инфанте, Рульфо, Онетти, Карпентьер, Эдвардс, Доносо ва бошқа адиблар китобларини ўқиб туширдим. Уларнинг асарлари испанзабон адабиётига янги нафас олиб кирди, сўз усталарининг хизматлари туфайли Европа ва курраи арзнинг бошқа минтақалари Лотин Америкаси фақат давлат тўнтаришлари, ҳавойи мустабидлар, серсоқол партизанлар, маракас чолғуси, мамбо ва ча-ча-ча рақслари ватани бўлиб қолмай, росмана адабиёт тилида яратилган бадиий ғоя, шакл ва образлар бешиги эканига ҳам ишонч ҳосил қилди.
Ўша даврдан ҳозирга қадар Лотин Америкаси гоҳ туртиниб, гоҳ cуртиниб, анчагина йўлни босиб қўйди. Лекин Сесар Вальехо ўз шеърида ёзганидек, “hay, hermanos, muchí simo que hacer” (“биродарлар, ҳали қиладиган ишларимиз кўп”). Боливия ва Никарагуанинг демократия даъвосидаги қўғирчоқ ҳукуматларини ҳисобга олмаганда, минтақамизда яккаҳукмдорлик тузумлари бармоқ билан санарли қолди, дарвоқе, Куба ва Венесуэла ҳам ўтмиш диктатураларига ўзини ворис деб билади. Қитъанинг бошқа мамлакатларида демократик тартиб-қоидалар халқ дастаги билан такомилга етмоқда, Бразилия, Чили, Уругвай, Перу, Колумбия, Доминикана Республикаси, Мексика, бутун Марказий Америкадаги ўнгу сўл сиёсий кучлар қонун устуворлиги, фикр ҳурлиги, сайлов ва ҳокимиятнинг алмашиб туриши тамойиллари йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқда, бу тарихда мисли кўрилмаган ҳодиса. Рост йўл ҳам шу! Агар Лотин Америкаси шу йўлдан оғишмай олға юрса, зулукдек жамият қонини сўраётган коррупцияга қарши беаёв курашса, ташқи дунё билан ҳамкорликни жонлантирса, ҳали-замон “келажак қитъаси”дан бугунги кун қитъасига айланади.
Европада, умуман, бошқа ерларда ҳам ўзимни ҳеч қачон бегона ҳис этмаганман. Париж, Лондон, Барселона, Мадрид, Берлин, Вашингтон, Нью-Йорк, Бразилия, Доминикана Республикаси – қаерда бўлмай, ўз уйимдагидек бемалол умргузаронлик қилдим. Хотиржам яшаш, ишлаш, янгиликлар кашф этиш, орзуларга берилиш, дўсту ёр орттириш, маънавий бисотимни бойитиш учун ҳамиша файзли бошпана топилди. Ўзим истаб-истамай дунё фуқаросига айланиб қолганим билан, асл наслимни унутмадим, ватаним билан робитани узмадим – гарчи энди китобларимдаги воқеалар она юртимдан олисда кечаётган бўлса-да, Перу хотиралари ҳали ҳам менга туганмас илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Киндик қоним тўкилган заминдан олисда кечган йиллар давомида ватан туйғуси кучайса кучайдики, заифлашмади, тийрак нигоҳ ва ардоқли соғинчга доя бўлган жонбахш хотиралар оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратишга ёрдам беради. Ватан ишқи мажбурлаб уйғотилмайди: муҳаббатнинг бошқа кўринишлари каби у ҳар бир инсоннинг фитратида бўлади, у ошиқ-маъшуқ, ота-она ва фарзандлар ҳамда дўстлар кўнглини висол муждаси билан хушнуд этади.
Перу умрбод қалбим тўрида яшайди. Мен ўша заминда туғилиб ўсдим, ақлимни танидим, ҳаёт йўлим, аъмолимни белгилаб берган болалик ва ёшлик йилларимни ўтказдим, илк муҳаббатнинг ширин оғриқларини бошдан кечирдим, нафратландим, хурсанд бўлдим, изтироб чекдим, бош-кети йўқ хаёлларга берилдим. Ҳали-ҳануз Перуда рўй бераётган воқеалардан бошқа жойларга қараганда кўпроқ ҳаяжонланаман, кўпроқ таъсирланаман, кўпроқ ғамга ботаман. Бу менинг изму ихтиёрим билан кечадиган ҳолат эмас – табиий йўсинда шундай кечади. Перудаги сўнгги диктатура даврида демократик мамлакатларни мустабид тузумга қарши дипломатик ва иқтисодий жазо чораларини қўллашга даъват этганимда, айрим юртдошларим мени хоинликда айблашди, фуқароликдан маҳрум этилишимга ҳам бир баҳя қолди. Аслида, мен Пиночет, Кастро, Афғонистондаги толиблар, Эрондаги имомлар ҳокимияти, ЖАРдаги айирмачилик сиёсати ёки бугун Мьянма деб аталаётган Бирмадаги ҳарбий зобитлар яккаҳукмронлиги – мустабидликнинг ҳар қандай шаклларига қарши муросасиз бўлганман. Худо кўрсатмасин, эртага Перуда яна бир давлат тўнтариши рўй бериб, эндигина куч олаётган демократия ниҳоли кесиб ташланса, яна шундай муросасиз йўл тутаман. Ҳар нарсани ўз қаричи билан ўлчашга одатланган бадгумонлар менинг бу хатти-ҳаракатимни аламзада одамнинг ҳис-ҳаяжонга берилиб, ўйламай-нетмай айтган гапи, деб иддао қилишди. Йўқ, мен мустабидлик ҳар қандай мамлакат учун катта мусибат; зўравонлик ва коррупциянинг дояси, деган қатъий эътиқоддан келиб чиқиб шундай йўл тутдим, бу иллат миллатлар келажагини хавф остида қолдиради, йиллар давомида битмайдиган оғир жароҳатлар етказади, демократия йўлига тўғаноқ бўлиб, авлоддан авлодга ўтадиган зарарли одатларнинг урчишига олиб келади. Шунинг учун ҳам мустабидлик тузумларига қарши барча воситаларни, жумладан, иқтисодий жазо чораларини қўллаган ҳолда курашиш тарафдориман. Ачинарлиси, демократик мамлакатлар ҳукуматлари Кубадаги “Оқ кийимли хонимлар”, Венесуэладаги мухолифат, Аун Сан Су Чжи ёки Лю Сяобо каби ўз давлатида яккаҳукмронликка қарши курашаётган кучларни қўллаб-қувватлаш ўрнига золимлар билан қадаҳ уриштирмоқда. Довюрак инсонлар фақат ўзларининг эмас, бизнинг ҳурлигимиз учун ҳам курашаётганларини эсдан чиқармайлик.
Ватандошим Хосе Мария Аргедас перуликлар танасида турли эл-элатларнинг қони оқади, деганди. Топиб айтилган гап. Биз шундай халқмиз, ўзи истайдими-йўқми, ҳар бир перуликнинг юрагида тўрт улус эътиқоди – турли анъаналар ва диний қарашлар қўним топган. Мен ўзимни кўҳна Наск ва Паракас маданиятининг вориси деб ҳис этаман. Испан маданиятига қадар мавжуд бўлган ушбу тамаддун эгалари оддий қуш патидан кийим-кечак тиккан, ҳозирда дунёнинг энг номдор музейларида сақланаётган мочикано ва инк кулолчилиги намуналарини яратган. Мачу-Пикчу, Чиму, Чан-Чан, Куэлап каби кўҳна маданият ўчоқларини, Сипан, Эл-Брухо, Эл-Мол, Ла-Луна сингари беназир меъморий обидаларни бунёд этган. Айни чоғда, ўзимни Перуга қилич ва найза билан Греция, Рим маданияти, яҳудий-насроний анъаналари, Уйғониш нафаси, Сервантес, Кеведо, Гонгора каби ижодкорлар, кейинроқ Анд халқлари андак сайқал берган Кастилия тилини олиб келган испан суворийларининг авлоди деб биламан. Африка қитъаси ҳам Перунинг ранго-ранг маданиятини ўзига хос таровати, мусиқаси, ижодиёти билан янада бойитди. Тарих қатламларига чуқурроқ кириб борилса, Перу Борхеснинг “Алеф”и каби мўъжаз миниатюрага жо бўлган ҳайҳотдек мамлакат эканига амин бўлиш мумкин. Ҳайратангиз шараф соҳиби бўлган мамлакат хилма-хил маданият ва қарашларни ўз бағрида тарбиялаган.
Американинг босиб олиниши, бошқа барча истилочилик юришлари каби қонли кураш ва шафқатсиз қирғин сифатида тарихга кирди ва албатта буни асло оқлаб бўлмайди. Лекин биз кўпинча ушбу талончилик юришлари ва қирғинбаротларнинг бош айбдори ўз ота-боболаримиз – Америкага кемада сузиб келган ва ҳудудга хос ҳаёт тарзини қабул қилган испанлар (уларнинг Испанияда қолган юртдошлари эмас!) эканини унутиб қўямиз. Демак, адолат юзасидан танқид найзасини, аввало, ўзимизга қаратишимиз лозим. Икки юз йил муқаддам мустамлака ҳудудлар Испаниядан мустақил бўлгач, ҳокимият тепасига келган арбоблар мавжуд адолатсизликка чек қўймади, ҳиндуларни озод қилмади, аксинча, ўзга сайёрадан келган истилочилар каби уларни қулдек ишлатаверди, айрим мамлакатларда эса тубжой халқлари бутунлай ё қисман қириб ташланди. Ҳақиқатга тик боқиб айтганда, икки юз йил давомида ҳиндуларни озод этиш бизнинг, ҳа, фақат бизнинг зиммамиздаги мажбурият бўлиб келмоқда. Бу ҳозиргача бутун Лотин Америкаси халқлари бўйнидаги тавқи лаънат бўлиб қолмоқда – шармандаликдан ҳар биримиз уялишимиз керак!
Испания – Перу каби юрагимдан жой олган мамлакат, бу юрт олдидаги қарзларимни узишга умрим етмаса керак. Ер куррасида Испания мамлакати бўлмаганида эди, мен ҳеч қачон ушбу минбарга кўтарила олмаган, адиб сифатида танилмаган бўлардим, кўплаб қаламкаш ҳамкасбларим каби қуёш нури етиб бормайдиган қоронғу маконларда қолиб кетардим. У ерларда тақдир кулиб боқмаган талай ижодкорлар саросар кезади, уларнинг асарлари чоп этилмайди, ўқилмайди, уларга мукофотлар берилмайди, ожизгина таскин шуки, шояд, кун келиб, авлодлар уларнинг иқтидорини кашф этса! Барча китобларим Испанияда дунё юзини кўрди, камтарона меҳнатларим шу юртда эътироф этилди, Карлос Барраль, Кармен Бальсельс ва бошқа кўпдан-кўп дўстлар қўлёзмаларим ўз ўқувчисини топиши учун куйиб-пишиб ёрдам беришди. Ватанимда фуқароликдан мосуво бўлаёзган пайтим, Испания менга иккинчи фуқаролик ҳадя қилди. Испан паспортига эга перулик эканимни ҳамиша табиий қабул қилганман. Негаки, фақат каминага бўлган муносабатдан келиб чиқиб эмас, балки тарих, тил, маданият каби муҳим омилларга таяниб, Испания ва Перуни битта танганинг иккита томони, деб ҳисоблаганман.
Испан заминида узоқ йиллар умргузаронлик қилдим, лекин ҳаммасидан ҳам, Барселонада 1970-йиллар бошида кечган беш йиллик ҳаётимни ёдга олганда, юрагим энтикиб кетади. Франко диктатураси отдан тушса-да, эгардан тушмаганди – ҳали ҳам раъиятга қурол ўқталиб турарди, лекин жон талвасасида сўнгги нафасини олаётган қоқсуяк бемор ҳолига тушган ҳокимият жамиятни, хусусан, маданий соҳани аввалгидек назорат қила олмасди. Мустабид ҳокимият кўтарган баланд деворда дарз ва ёриқлар пайдо бўлган, сергак маъмурларнинг эса уларни ямашга қурби етмасди, ёриқлар оралаб илгари тақиқланган янги ғоялар, китоблар, фалсафий оқим ва таълимотлар, адабий қарашлар кириб келди. Бошқа бирор шаҳар Барселона каби эркинлик насимидан кўп ва хўб баҳраманд бўлмади, бошқа бирор шаҳарда Барселона каби ижодий-ғоявий юксалиш рўй бермади. Барселона Испаниянинг маданий пойтахтига айланди: ҳурлик ҳавосини эҳтиёжманд одамлар тўп-тўп бўлиб кела бошлади. Бу гўша маълум маънода Лотин Америкаси учун ҳам маданий марказ вазифасини ўтади: Лотин Америкаси мамлакатларида етишиб чиққан талай рассомлар, ёзувчилар, ноширлар, санъаткорлар ё шу ердан қўним топган, ё тез-тез келиб турарди, нафсиламри, бизнинг давримизда ёзувчи, шоир, рассом, бастакор бўлишни ният қилган одам Барселонада яшаши шарт эди. Бу шаҳар унутилмас биродарлик, дўстлик муносабатлари, янги асарлар, сермаҳсул ижод даври сифатида умрим китобини ёруғ саҳифалар билан бойитди. Худди Париж каби Барселона машҳур Бобил минорасини эсга солар, умуминсоний, космополит шаҳарга айланганди, Фуқаролар урушидан кейинги даврда илк маротаба испан ва лотин америкаси ёзувчилари ўртасида қардошлик муносабатлари тикланди, илдизи бир эканини тушуниб етган қалам аҳли умумий ғоялар рўёби йўлида бирлашди, Испанияда диктатура ҳокимияти сўнгги кунларини бошдан кечирар, янги демократик жамиятда маданият асосий ўрин тутиши маълум бўлиб қолганди.
Гарчи барча умидлар оқланмаган бўлса-да, Испаниянинг диктатурадан демократияга ўтиши бизнинг давримиз учун ибратомуз жиҳатларга эга, негаки, бу эврилиш соғлом тафаккур ва идрокнинг ғалабасига йўл очди, магик реализм йўналиши романларида бўлгани каби мўъжиза рўй бериб, бир-бирини кўрарга кўзи, отишга ўқи йўқ бўлган сиёсий мухолифлар умум манфаати йўлида низо ва адоватларни четга суриб, бир ёқадан бош чиқарди. Испаниянинг мустабидликдан воз кечиб озодликка, қолоқликдан воз кечиб илғорликка, “учинчи дунё” мамлакатларига хос қашшоқлик ва нотенгликдан воз кечиб “ўрта табақа жамияти” йўлига ўтиши, Европага интеграцияси, демократик тартиботни қисқа фурсатда амалга татбиқ этиши мамлакатни жаҳон билан ҳамқадам қилди. Ушбу ўзгаришларни яқиндан, баъзида ичкаридан туриб, чексиз ҳаяжон билан кузатдим.
Миллатчилик замонавий дунёнинг, жумладан, Испаниянинг соғлом вужудига илашган дарди бедаво, бу иллат гўзал эртакни фожиага айлантирмасин, деган умид ва илинждаман. Ҳудудий (баъзида диний) тарафкашлик, калтафаҳм ва калтабин ғояларга – миллатчиликнинг ҳар қандай хуружига асло тоқат қилиб бўлмайди. Этник ва ирқий хурофотлардан озиқланувчи миллатчилик ўсиб келаётган интеллектуал авлодни нобуд қилади. Хавотирли жиҳати, тасодифий воқелик – инсоннинг киндик қони тўкилган жой омилини байроқ қилади, палид қарашларини юксак ахлоқий қадриятлар билан хаспўшлашга уринади. Диний мутаассиблик билан бирга, миллатчилик инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинларга сабаб бўлган, бу ўринда жаҳон урушлари ва Яқин Шарқдаги бугунги талотўпларни эслаш кифоя. Айнан миллатчилик туфайли Лотин Америкаси Болқон каби уруш майдонига айланди, лузумсиз урушлар ва низоларда бегуноҳ инсонлар қони тўкилди, мактаб, кутубхона ва шифохона қуриш ўрнига, беҳисоб маблағлар қурол-аслаҳа сотиб олишга сарфланди.
Сўқир миллатчилик, “келгинди”ни сиғдирмаслик иллатлари билан ватанпарварлик туйғусини чалкаштирмаслик керак, зотан, ота-боболаримиз яшаган, киндик қонимиз тўкилган, нурли орзу-хаёлларимизни аллалаб камолга етказган, қувончу шодликларимизга шоҳид бўлган, бизни кимсасизлик азобидан қутқарган заминга муҳаббат зулматдаги нур каби йўлимизни ёритади. Ватан байроқ, мадҳия, енгилмас қаҳрамонлар ҳақидаги оташин қасидалардангина иборат эмас, ватан бу кўнглимизга соғинч номи билан муҳрланган қадрдон масканлар, туғишгандан-да яқин инсонлар, Ернинг қайси пучмоғида яшамайлик, кун келиб қайтганимизда маломатсиз ўз бағрига оладиган маъводир.
Перу деганда, кўз олдимга Арекипа – киндик қоним тўкилган, лекин тақдир тақозоси билан тарк этган она шаҳрим келади, чинакам арекипеньос (арекипалик) бўлган жигарларим овораи жаҳон бўлиб, дарбадар кезган даврларида ҳам Оқ шаҳарни унутмаганлар – онам, бувам ва бувим, холаларим айтиб берган соғинчли ҳикоялар билан бу шаҳарнинг нурли сиймоси онгу шууримга муҳрланди. Перу деганда, кўз олдимга Пьюра – чўлнинг қоқ ўртасида бино бўлган, саҳройи дарахтлари, меҳнаткаш пак-пакана эшаклари (пьюраликлар ғиринг демай хизмат қиладиган бу жониворларни “иккинчи оёғимиз” деб эркалаб қўйишарди) билан ёдда қолган жойлар келади, шу ерда чақалоқларни лайлак олиб келмаслиги, балки черков гуноҳи азим деб баҳолаган эр-хотинлик муносабатларидан дунёга келишини билдим. Перу бу – Сан-Мигель мактаби ва илк бор бир парчагина пьесам саҳналаштирилган “Варьете” театри. Перу бу – Лиманинг Мирафлорес даҳасидаги Диего Ферре ва Колумб кўчалари кесишган чорраҳа, уни “бахт келтирувчи даҳа” деб атагандик, шу ерда калта иштонли болакайдан шим кийган ўспиринга айландим, биринчи марта сигарета чекдим, рақсга тушишни ўргандим, севги дардига йўлиқдим, изҳори дил қилдим. Перу бу – “La Crónica” газетасининг туну кун қирққулоқ қозондек қайнаган таҳририяти, шу ерда ўн олти ёшимда қўлда қалам билан иш бошладим, адабиёт каби бу сеҳрли оламни ҳам бутун умр тарк этолмадим, журналистлик тўкисроқ яшаш, дунёни тўлароқ англаш, турфа мамлакат, турли табақадаги одамлар – эркак-аёл, дўст-душман, яхши-ёмон билан кўришишга имкон берди. Перу бу – Леонсио Прадо номидаги ҳарбий академия. Хонанишин бўлиб яшаб кўп нарсадан ғофил эканман, академияда ўқиб, Перу мўъжазгина қалъа эмас, кўҳна ва улкан мамлакат эканини билиб олдим, тенгсизлик ҳукм сурган жамиятда тез орада қудратли бўрон ва довуллар юз беришини савқи табиий билан англадим. Перу бу – “Кахиде” яширин ташкилоти, Сан-Маркос университетининг бир гуруҳ “шаккок” талабаси ўзимизча жаҳон инқилобига ҳозирлик кўргандик. Перу бу – Озодлик ҳаракатида иштирок этган қадрдонларим; қўпорувчилик ҳаракатлари, таъқиб-тазйиқлар ва сиёсий қотилликлар шароитида уч йил давомида демократия ва эркинлик маданиятига кўксимизни қалқон қилгандик.
Перу бу – Патрисия, оҳудек ҳеч кимга тутқич бермаган холаваччам, қирқ беш йил муқаддам бошимга бахт қуши қўниб, унга уйландим. У ҳозиргача менинг инжиқликларим, савдойи феълим, қуюшқонга сиғмайдиган одатларимга тоқат қилиб келмоқда, ижод учун бадастир шароит яратиб, иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб турибди. Шу мушфиқ хилқат бўлмаганида, турмушнинг шиддатли довулларида йўқ бўлиб кетишим ҳам мумкин эди, ҳаётимизга нур олиб кирган фарзандларимиз Альваро, Гонсало, Моргана ва олти набирам дунёга келмаган бўларди. Қўлидан ҳамма иш келади ва ҳамма ишни қойилмақом бажаради. Патрисия уйдаги муаммоларни ҳал қилади, хўжалик ишини юритади, бошбошдоқликка чек қўйиб, тартиб ўрнатади, журналистлар ва хира мухлисларни қувиб солади, вақтимни ҳимоя қилади, учрашув ва сафарлар уюштиришга бош-қош, сафархалтамни ҳозирлайди, шу қадар олиҳимматки, аҳён-аҳёнда “Марио, қўлингдан ёзишдан бошқа иш келмайди!” деб “хушомад” ҳам қилиб қўяди.
Адабиёт мавзусига қайтсак. Болалигим чинакам пошшоликда ўтган, десам муболаға бўлмайди. Кочабамбадаги уч айвонли ҳовлимизда катта хонадон муҳитида ўсиб улғайдим. Амакиваччаларим ва дўстларим билан гоҳ Тарзан бўлардик, гоҳ ўзимизни Сальгари қаҳрамонлари қиёфасида тасаввур қилардик. Пьюра префектурасидаги уйлар чердагида кўршапалаклар ин қурганди, фалак тоқида юлдузлар нур сочади, кун бўйи иссиқдан азият чеккан замин ҳарсиллаб нафас олади, шу маҳал кўршапалакларнинг учиши бизга сирли-cиноатли бўлиб туюларди. У маҳаллар ёзиш мен учун анчайин ўйин эди, қораламаларимни тинглаган яқинларим кўнглимни кўтаришар, мени – набира ва етим жиянчани (менга отанг ўлган, деб айтишганди) қарсаклар билан сийлашарди. Отам бўйдор, кўркам киши бўлган, ҳарбий денгиз формасида тушган сурати столим устида турарди: ҳар тун уйқуга кетишдан олдин суратни қўлимга олиб дуо қилар, сўнг уни ўпиб қўярдим. Пьюрада кечган тонгларнинг бирида – ўшанда ичимга кириб олган дилхиралик ҳали-ҳануз мени тарк этмагандек – онам суратдаги киши асли тирик эканини айтиб қолди. Отам билан яшагани Лимага жўнаб кетишимиз керак экан. Ўшанда ўн бир ёшда эдим, шу воқеадан кейин ҳамма нарса ўзгарди-қолди. Болаликка хос маъсумлик қайгадир ғойиб бўлди, бола идрокимга ёлғизлик, ҳукмфармолик, катталар ҳаёти ва ҳадик тушунчалари бостириб келди. Хайрият, китоблар, яхши китоблар жонимга ора кирди, фақат гўзалликлардан иборат оламдан бошпана топдим, охири кўринмайдиган саргузаштларга андармон бўлиб, яна эркинлик ва бахт туйғусига ошно тутиндим. Бу вақтда кишибилмас ёза бошлагандим – бирор айб ишга қўл ургандек, тақиқланган мевани тановул қилгандек сезардим ўзимни. Адабиёт мен учун ортиқ ўйин бўлмай қолди. У нохуш вазиятларга қарши норозилик, исён, кўнгилсизликларни аритиш, ҳаёт мазмунини қидириш воситасига айланди. Ўша пайтлардан ҳозирга қадар дилгир бўлсам, саросимага тушсам, кўнглимни руҳсизлик чулғаса, бошим билан ёзув-чизувга шўнғийман, зим-зиё жинкўчада кетаётган одам бирдан ёруғликка чиққандек, ҳалокатга учраган кеманинг очиқ денгизда қолиб кетган йўловчиси дафъатан қайиққа дуч келиб қолганидек, адабиёт менга нажот қўлини чўзади.
Ёзиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш, гоҳида оёқ-қўлим фалаж бўлиб, юрагим уришдан, миям ишлашдан тўхтаганга ўхшайди (бошқа ёзувчиларда ҳам шундай бўлса керак), лекин бу каби қийинчиликларга қарамай, дунёдаги ҳеч бир машғулот асар устида ойлаб, йиллаб тер тўкиш асносида орттирилган завқни беролмайди, денгиз тубига шўнғиган чапдаст ғаввосдек адабиёт салтанати оралаб сўз ёмбиларини қидирасиз, бедор тунлар, жидди жаҳд ўз самарасини беради, марвариднинг сочилиб кетган доналари тизилиб, яхлит асар дунёга келади. “Ёзувчилик бу – ҳаёт тарзи”, деган Флобер қанчалар ҳақ эди. Бу шундай ҳаёт тарзики, гоҳида хомхаёлларга бериласиз, гоҳида қувончдан ўзингизни йўқотасиз, гоҳида кўнглингиз тизгинсиз фикрлардан оловланади, асов от кетидан қувлаган шинаванда овчи сингари тутқич бермас образлар ортидан тушасиз, иштаҳа овқат маҳали келганидек, ижод сурури кўзингизни кўр, қулоғингизни кар қилганини-да сезмайсиз. Роман устида ишлаш асносида воқеалар суръатидан дастлаб андак бошингиз айлангандек бўлади, асар қоғозга кўча бошлагач, саркаш персонажлар сизга бўйсунмай қўяди, ўзи билганча ҳаракатланади, ўйлайди, ҳис этади, ҳатто ўзига ҳурмат-эътибор талаб қила бошлайди, энди уларни бирор ишга мажбурлаб бўпсиз, эркидан маҳрум этишни эса хаёлингизга ҳам келтирманг, фақатгина жонини олиш орқалигина персонажларни яна ўз измингизга сола биласиз, аммо воқеалар табиий маромини бу тарзда ўзгартириш билан ўқувчи ишончини қозониб бўлмайди – ҳатто ҳозир ҳам қўлимга қалам олганимда, ўша илк машқлар чоғи ҳис қилган ҳаяжонли кечинмалардан қутулолмайман. Бу кечинмалар шу қадар инжа, шу қадар соҳирки, уларни севикли дилдор билан кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ўтказилган висол лаззатигагина муқояса қилиш мумкин.
Адабиёт ҳақида гапира туриб, романга кўпроқ аҳамият қаратдим-у, унинг яна бир муҳим шакли – драматургияга хийла эътиборсизлик қилдим. Бу, албатта, бориб турган адолатсизлик. Драма – менинг биринчи муҳаббатим. Ўсмир пайтим Лимадаги Сегура театрида Артур Миллернинг “Гумаштанинг ўлими” спектаклини томоша қилдим, қарашларимни ағдар-тўнтар қилган ушбу томоша таъсирида мук тушиб инклар ҳақида пьеса қораладим. Ўтган асрнинг 50-йиллари Лимада театр ҳаракати кенг ёйилганидами, мен романнавис эмас, драматург сифатида танилган бўлардим. Аммо саҳна санъати хос доирада қолгани сабабли, кўпроқ ҳикоя шакллари устида изландим. Театрга муҳаббатим сўниб қолгани ҳам йўқ: романларнинг қуюқ соясида пинакка кетган бу туйғу бирор спектакль кўриб, мутаассир бўлган маҳалим яна бош кўтариб, оромимни ўғирларди. 1970-йиллар охирида юз билан юзлашган қария қариндошим Мамаэ момо ҳақидаги хотиралар менга тинчлик бермади. Умрининг сўнгги йиллари яқинлари билан алоқани тамомила узиб, узлатга чекинган, хотирот ва хаёлот оламидан паноҳ топган аёл тақдирини қаламга олгим келди. Ўшандаёқ, бу воқеани фақат театр учун ёзиш лозимлиги, воқеалар силсиласини саҳнадагина ёрқин ва таъсирчан тарзда ифодалаш мумкинлигини ҳис этдим. Ушбу пьесани ҳаваскор қаламкашга хос ҳаяжон ва журъатсизлик билан битдим, бош ролни Норма Алеандро ижро этган асарни саҳнада кўрганимда эса, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди, шу-шу, роман ва ҳикоялар орасидаги танаффусларда мазкур жанрга бот-бот мурожаат қилдим. Очиғини айтай, етмиш ёшимда ўзим ҳам саҳнага актёр сифатида ҳаяжондан туртиниб-cуртиниб чиқишим етти ухлаб тушимга кирмаганди. Бу қалтис саргузаштмонанд ҳолат бутун умр турфа тақдирларни қаламга олган ёзувчи – каминага илк бор бадиий тўқима маҳсули бўлган персонаж ҳаётини томошабин қаршисида яшаб кўриш имконини берди. Ушбу бокира таассуротларни (ҳаяжон ва қўрқувдан эсхонам чиқиб кетганини ҳам қистириб ўтмасам бўлмас) баён этишга мени кўндиргани учун дўстларим – режиссёр Хуан Олле ва актриса Айтан Санчес Гихондан бениҳоя миннатдорман.
Адабиёт – ҳаётнинг ёлғондакам тасвири, лекин у борлиқ мазмунини англашда кўмакка келади, инсон туғилиб, адашиб-улоқиб, ахийри ўлим топадиган уч-кети йўқ турмуш сўқмоқларида сарбон янглиғ йўл кўрсатади. Реал воқеликдаги омадсизлик ва дилсиёҳликларни унутишга ёрдам беради, адабиёт кўмагида тирикликнинг қатор жумбоқлари яширилган махфий ёзувни қисман бўлса-да, ўқиш мумкин, зотан, одамзод табиатан қатъиятдан кўра шубҳа-гумонга мойил, ақл ёки тажрибанинг устунлиги, шахсий ва жамоавий вазифалар, кўнгил амри, мозийнинг маъниси ва маънисизлиги, тафаккурнинг ўзгариб туриши каби масалалар кўпинча бизни боши берк кўчага олиб кириб қўяди.
Мени қуйидаги ҳолат чандон ҳайратимни оширади: ҳали ақлсиз мавжудотлардан у қадар фарқ қилмайдиган аждодларимиз (мулоқот воситаси саналган тил эндигина пайдо бўлган пайтлар, ахир) мавҳум бир алфозда – ғорларда, гулхан атрофида ўтирганча, момоқалдироқ ва чақмоқ каби табиат таҳдидлари, ваҳший жониворларнинг хуружи шароитида, ҳикоялар ўйлаб топиб, бир-бирига айтиб беришни ўрганган. Бу инсоният тарихидаги муҳим паллалардан бири эди, негаки, ровийнинг сирли овози ва ажабтовур ҳикояларига мафтун бўлган ибтидоий одамлар кейинроқ цивилизация яратди, қабилалардан индивидлар ажралиб чиқди, олис тадрижий тараққиёт мустақил фикрли кишиларни тарбиялади, фан, санъат, қонун, эркинлик ғоялари юзага келди, инсонни, табиат ва коинотни тадқиқ этишда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган натижаларга эришилди, одамзод юлдузларга учишни кўзлаб қолди. Тилсимларга бой оламнинг таҳдидларидан юрак олдириб қўйган, тирикликнинг бор маъно-мазмунини бетизгин нафс майлларини қондириш ва жонини офатлардан сақлаш деб билган ибтидоий тингловчиларга илк эртаклар, масаллар, асотир, афсоналар, ҳойнаҳой, жазирамада ёққан лайлакқордек кучли таъсир кўрсатган бўлса керак. Одамлар ровийнинг ҳикояларидан илҳомланиб, орзу-хаёлларга бериладиган, ўй-фикрлари билан ўзаро ўртоқлашадиган бўлди: яшаб қолиш учун муттасил курашишга одатланган, танглайи турмуш ташвишлари билан кўтарилган одамзоднинг ҳаёт тарзи ўзгаради. Атроф-муҳитдаги жумбоқларни ечиш, синоатларнинг тагига етиш шаҳдида мавжуд қолиплар фавқулодда жасорат билан бузиб ташланди.
Узлуксиз такомиллашув жараёнида ёзув пайдо бўлди, оғзаки ҳикояларни ёзиб қўйиш, демакки, уларни мангуликка муҳрлаш имкони туғилиши билан адабиёт юзага келди. Янги авлод қулоғига қуйиб олмагунича, адабиётни шунчаки кўнгилочар машғулот, фақат ақлни пешловчи, зеҳнни очувчи, шижоатни оширувчи фаолият тури сифатида тушуниш хато эканини такрорлашдан чарчамаймиз. Адабиёт цивилизацияни сақлаб қолиш учун керак, у инсониятнинг энг яхши фазилатларини тараннум этиш орқали башар зотини қутқаради. Тараққиёт ғилдираги орқага айланиб, инсонлар яна ибтидойи ҳаёт тарзига қайтиб кетмаслиги учун керак у. Одамлар воқеликка ҳаддан зиёд чуқур кириб бориб, мўътадил йўлдан тойиб кетмаслиги учун керак у. Инсон ўзи яратган ақлли машиналарга қул ва хизматкор бўлиб қолмаслиги учун керак у. Бу дунё адабиётсиз идеаллардан мосуво, жонсиз темиртан машиналар оламига айланади, инсонни инсон қилувчи, одамийликнинг жавҳари бўлган фазилатлар унутилади.
Тафаккур ва тасаввур меваси бўлган адабиёт ғорлардан осмонўпар биноларга қадар, сўйилдан оммавий қирғин қуролига қадар, қабилавий ҳаётдан глобаллашув даврига қадар инсониятга муаллимлик қилди, ғафлат уйқусига кетишдан, қирғин ва ҳалокатлардан сақлади. Бошқа бирор санъат тури “ёлғон ҳаёт” – адабиётчалик хаёлимизни ўғирламайди, онгу шууримизда инқилоб ясамайди. Зотан, адабиёт бизга реал ҳаёт бера олмайдиган қизғин саргузаштлар, оташин туйғуларни туҳфа этади. Адабиёт – ёлғон, лекин онгу шууримизга у қадаган умид уруғлари ниш уриб, ниҳолга айланиб, мевага кириб, ҳақиқатга дўнади. Сеҳргар адабиёт инсонларга мўл-кўл умид ва ишонч улашади, ушалмас ниятларни ушалтиради, зўравонликни камайтириб, биродаркушлик урушларининг пайини қирқади, одамзодда ўзидан қониқмаслик ва исёнкорлик руҳини уйғотади, бу эса ҳамма замонларда ҳам тараққиёт омили бўлиб келган. Ҳа, зўравонликни камайтиради, лекин уни илдизи билан қуритиб ташлай олмайди. Чунки, яхшими ё ёмонми, инсоният тарихи тугалланмаган тарихдир. Демак, биз орзу қилиш, ўқиш, ёзишдан бир сония ҳам тўхтамаслигимиз керак, зеро, фонийни боқийга айлантирувчи, асов вақт устидан ҳукм юритишга имкон берувчи энг самарали йўл – шу!
Стокҳольм, 2010 йил 7 декабрь
Рус тилидан Собиржон Ёқубов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон