Лайло Усмон. Жинни қиз (ҳикоя)

Бекорчи болакайлар Норани ақлдан озган деб ҳисоблашарди – аслида у ақлдан озган ҳам, жинни ҳам эмасди. “Қизлар маҳалласи”да уни шимол қизларидек оқбаданлиги, катта-катта тим-қора кўзлари туфайли энг чиройли қизча деб билишарди. Бу маҳаллада қизлар кўп туғилгани учун уни “Қизлар маҳалласи” деб аташган.
Нора кўчада кўриниши билан болалар чапак чалиб, овозларининг борича “Нора жинни”, “Нора жинни” деб қичқира бошлашарди.
Шунда шўрлик қиз ўзини тезроқ панага олишга шошилар, ичида эса у онаси маҳаллада қизининг ақлдан озгани тўғрисида гапириб берган кун ва соатни аямай қарғарди.
Бу ҳодиса анча олдин, кўп ойлар олдин рўй берганди. Болаларнинг каттаси бўлгани учун Нора сабзавот ва бошқа озиқ-овқатларни сотиб олгани тез-тез дўконларга чиқиб турарди. Кўпинча бу нарсаларни маҳаллаларидаги ягона баққол Саййиддан сотиб оларди. Бу ўша сиз билган европача либосдаги олифта Саййид ҳар доим – эгнида шим ва кўйлак, бошида гардиши ҳаддан ташқари энли шляпада юрарди.
Бир куни Нора катта бир балиқни қопга солиб, оғирлигидан кўтара олмай, ерда судраб келарди. Саййиднинг дўкончаси жойлашган кўчадан ўтгач, у катта дарвозага етиб келди, шу ерда бир эски қудуқ бор эди. Иккала қўли билан қопни ушлаб, орқаси билан юриб келаётганидан у қудуқни кўрмай унга думалаб тушди. Ҳозиргина келаётган одамнинг тўсатдан ғойиб бўлиб қолганини кўриб, кўча қоровулининг кайфи учди. Унинг қичқириғига одам тўпланди. Жудаям озғин бирини челакка ўтқазиб, қудуққа туширишди-да, Нора билан бирга тортиб чиқариб олишди. Қиз ҳушидан кетган эди-ю, аммо Аллоҳга шукр, ўлмай қолганди. Бошининг орқасини қудуқ деворига қаттиқ уриб олганди. Доктор кўриб, озгина мияси чайқалганини, ўзига келгач, унча-мунча ғалати қилиқлар қилиши мумкинлигини, аммо бундан ташвишланмаслик кераклигини айтди.
Норани онаси эса дуч келганга қайғусини айтиб дардлашарди, ажабтовур қизим ақлдан озди деб зорлангани-зорланган эди. Бора-бора бу Норанинг ўзига таъсир қилиб, қовоғини солиб юрадиган, ҳеч кимга қўшилмайдиган одамови бўлиб қолди. Кўчага ҳам чиқмай қўйди. Дўконга эса сингиллари бориб келишарди.
Бир неча ойлик “зиндонли” ҳаётдан сўнг Нора охири кўчага чиқишга азм қилди. У бўлиб ўтган воқеа ҳамманинг эсидан чиқиб кетган деб ўйларди. Қаёқда! Унга кўзи тушган ҳамон бир ажинадек қизалоқ дугоналарини чақира бошлади: “Ҳой, тез бу ёққа келинглар! Жинни чиқди!” Шундай деди-ю, бошқа қизлар чопа-чопа келиб, шарақлаб кула бошлашди, Норани қуршаб олишди ва бир маромда айланиб, қўшиқ айта бошлашди:

Нора жинни, Нора жинни,
Норанинг мияси йўқ.

Бундай бўлишини кутмаган Нора аламдан чинқириб юборди. Қизчалар ундан қўрққандай ёлғондакам ҳар томонга қочишди ва бир-бирларига:
– Эҳтиёт бўлинглар, жинни тағин тишлаб олмасин! – деб қичқиришди.
Кўзлари жиққа ёш Нора чопиб уйга кирди-да, аламини онасидан олди:
– Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Сизни ёмон кўраман!
Шундай дея у яна ичкарига қамалиб олди.
Шу кундан бошлаб Норанинг тинч ҳаётига яна “кўз тегди”. Уни кўрган борки, масхара қилмай қўймасди. Ҳатто маҳалла доясининг меров ўғли Солиҳ ҳам Норани бурчакларда пойлаб турар, қиз уни кўриб қарғаб қочиб кетаётганда, орқасидан: “Нора жинни, Нора жинни”, деб қичқирарди.
Аммо аста-секин Нора ўзини қўлга ола бошлади. Баъзан унга ўзини жинни қилиб кўрсатиш ўзига ёқар эди ҳам. Энди биров унинг жиғига тегадиган бўлса, бу ҳам ўчакишиб, оғзини катта очар ва тилини чиқариб кўрсатар, тим-қора кўзларини олайтириб, масхара қилганга қаттиқ тикилар эди, у бўлса қўрқиб: – “Ойижон, мени анови жиннидан қутқаринг!” – деб қочиб қолар эди.
Рақибининг бунақа қўрқишларини кўриб, Нора ўзини дадилроқ ҳис этар эди.
Маҳалладагилар энди Норани илгаригидай тинмай ғийбат қилишмасди. Ҳалиги бахтсиз ҳодисадан сўнг Норанинг отаси қудуқнинг атрофини ўраб қўйиш учун пул берди, ўз қўли билан унга қопқоқ ҳам ясади. Суюкли қизининг бошига тушган балога бошқа биров ҳам дучор бўлишини истамасди.
Нора бўйга етиб, чинакам соҳибжамол қизга айланди. Калта сочлари энди елкасини тўлдириб, ҳар тўлқин турганида, қизнинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб юборар эди. Жума кунлари ойиси хинага бўяганида сочи янада товланиб кетди. Она барча олтовлон қизи учун хинани маҳалланинг сатанг хотини Умм Сааддан сотиб олар эди.
Энди Нора ҳам, унинг ёшидаги бошқа қизлар ҳам илгаригидек кўнгиллари хоҳлаганда ўйнаб келиш учун кўчага чиқа олмас эдилар, чунки улар энди бўй етиб, кўзга кўриниб қолишганди.
Бир куни оқшом чоғи Нора тасодифан ота-онасининг ўзаро суҳбатини эшитиб қолди-ю, тун бўйи ухлолмай чиқди.
– Ҳой эр, – дерди онаси, – Норанинг бўйи етиб қолди, аммо шу ҳолда уни ким ҳам оларди?
– Аввали Парвардигор. Солиҳнинг ундан нимаси ортиқ? Тенг тенги билан, тезак қопи билан.
– Ўйлаб гапираяпсизми, отаси? Нима қилишимни ҳам билмайман, бошим қотган… Йўқ, келинг, шу ўртанча қизимиздан гаплашайлик.
Ота-онаси кейин ҳам шу мавзуда кўп гаплашишди. Нора эса нуқул ойнага қараб ўйларди: “Ростдан мен бошқаларга ўхшамайманми? Наҳотки, бошқа одамлардай яшаш менга насиб қилмаган бўлса?”
Гоҳ-гоҳ Нора ўкраб йиғлар, онаси ва сингиллари унинг йиғисини эшитиб, бошларини чайқар эдилар:
– Шўрлик қиз! Нимани ҳам тушунарди!
…Вақт ўтиб бораверди. Ногоҳ Норанинг отаси бетоб бўлиб, ётиб қолди ва савдогар Фаҳднинг дўконига ишга чиқа олмади. Бир куни эшик тақиллади ва эшикни очгани Нора борди. Эшикни тақиллатган қўшни маҳалланинг хушрўй йигити, Фаҳднинг ўғли Наиф эди. Хўжайиннинг ўғлини кўриб, Нора бир дам ўзини йўқотиб қўйди. Қизнинг гўзал тўлинойдек балқиб турган чеҳрасини кўриб, Наиф ҳам каловланиб қолди. Ниҳоят, у ўзини қўлга олиб, сўради:
– Отанг қани?
– Уйдалар. Лекин улар касал ётибдилар.
– Нима бўлганини билгани келгандим. Кирсам майлими?
– Ҳозир. Онамни чақирай.
Нора югуриб ичкарига кириб кетди. Наиф унинг орқасидан ҳавас билан қараб қолди. Қизнинг мавжланиб, орқасини тўлдириб турган сочларидан ўпгиси келиб кетди…
Қизнинг отаси Жасим тузалиб, дўконга келганда хўжайин уни жуда хушмуомалалик билан қаршилади ва деди:
– Ўғлим қизингиз Норага уйланмоқчи. Бунга нима дейсиз?
Жасим қулоқларига ишонмади, нима жавоб беришини билмай, лол эди.
– Гапимни эшитдингизми? – Фаҳд Жасимни елкасига уриб қўйди: – Наиф қизингиз Норага уйланмоқчи. Ё қизингизни узатиш ниятингиз йўқми?
Жасимнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
– Аммо, эй Наифнинг муҳтарам отаси… Эй Аллоҳ… Бу ёғи қандоқ бўлди? Сизлар кимсизлар-у, биз киммиз…
Савдогар норози қиёфада хўмрайиб, лабларини қимтиди.
– Нега ундай дейсиз? Сизни билмаймизми? Инсофли, диёнатли одамсиз. Сиз билан қариндош бўлсак ёмон бўлмайди. Таклифимдан суюнарсиз деб ўйлагандим.
– Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин, – деди Жасим, – Мен-ку, жон-жон дердим… Аммо Нора… қизгинам ҳалигиндай… – Ота мияси айниган дегандай қўлини ҳавода маъноли ўйнатиб қўйди.
– Ўз қизингизга туҳмат қилманг, – бирдан жиддийлашиб деди Фаҳд. – Норанинг тўрт мучаси соғ. Нега унинг бахтига тўсқинлик қиласиз?
Жасим бошини эгди, қўлларини кўксига қўйиб, бир неча бор такрорлади:
– Менинг қизим – сизнинг қизингиз. Илоё, қизимнинг бахтини берсин.
Маҳаллада янги хабар яшин тезлигида тарқалди. “Бой савдогарнинг сухсурдай ўғли Наиф жинни Норага уйланармиш. Шаҳзоданинг ишқи қурбақага тушибди! Маҳаллада чиройли қизлар кам эдими?”
Нора эса бахтдан ял-ял ёнганча ҳаммага бирдек табассум билан қарарди…
…Маҳалла қувонди. Шойи-барқутларга чулғанган Нора тўйга тайёргарлик кўрмоқда. Унинг кўзлари қувончга тўлган. Тўлмай-чи? Ахир у маҳалладаги энг барно йигитга турмушга чиқаяпти. Шаҳарда бу йигитга ҳавас қилмаган қиз бормиди?..
Ўша қизлар энди Нора каби “жинни” бўлишни орзу қилмоқда эдилар.

Араб тилидан Шаҳло Аҳмедова таржимаси