Судҳа чиройли ҳам эмасди, хунук ҳам. Рисоладаги қизлардайин бир қиз эди. Юзи буғдойранг, оёқ-қўлларининг териси тип-тиниқ, феъли бироз каж бўлгани билан жуда меҳнаткаш: иш деганни тиндиради. Овқатни-ку асал қилиб юборади, кашта-рўмол тикишга суяги йўқ, саводхонликда ҳам ҳеч кимдан қолишмайди. Аммо Худо уни ҳусндан, бойликдан, сўзамолликдан қисган. Гап топиб на бировнинг кўнглини кўтара оларди, на ўзининг. Болалигидан доим бир ўзи ўйнарди, лойдан қўғирчоқлар ясарди, улар билан гаплашарди. Қўғирчоқларни чўплардан ясалган сўрига ўтқазарди-да, уларни овқатлантирарди. Тўсатдан қизлардан биронтаси унинг олдига келиб қолгудек бўлса, қўғирчоқлар билан бийрон гаплашиб ўтирган Судҳанинг нафаси ичига тушиб, жим бўлиб қоларди. Битта-яримта шўхроқ ўғил бола келиб, унинг ўйинчоқ уйчасини бузиб ташлагудек бўлса, аввалига ҳўнграб йиғлар эди, бироздан кейин йиғидан тўхтаб, бошқа уйча ясашга киришиб кетарди.
Коллежда ҳам унинг ўғил ва қиз болалардан ўртоқлари бармоқ билан санарли эди. Уятчанлиги ҳали ҳам қолмаганди, гўё ота-онасининг камбағаллигига у сабабчидай.
Отаси Живанрам маҳалла гузаридаги дўконлардан бирида ўттиз йилдан бери сотувчилик қилиб келарди. У қизини коллежда ўқитадиган аҳволда эмасди. Шундай бўлса-да, коллежга киритиб қўйди. Мақсади — қизини ўқиб, шаҳар олиб берадиган қилиш эмас, балки, балки шу ўқиш баҳона биронта тузукроқ йигит топиб, турмушга бериб юбориш… Кечаю кундуз ўй-хаёли шу: зора, йигитлардан биронтаси унга кўнгил қўйиб қолса. Бироқ қизининг кўримиз юзи, қисиқ елкаси, тунд нигоҳларига қараб ота шўрликнинг ичидан қиринди ўтиб кетарди ва қулдиратиб чилим торта бошларди.
Судҳага куёв топилди ҳам дейлик, аммо ҳамма бало шунда эдики, оиланинг орзусидагидай куёв қалинни катта сўрарди. Бундай қалинни Судҳанинг отаси икки дунёда ҳам тўлаёлмасди. Хаёл суриб ўтириб-ўтириб, отанинг кўнглига бир гап келиб қолди. Ҳозирги вақтда бир-бирини севиб турмуш қуриш анча арзонга тушаётганмиш. Ана, Маликрамнинг қизи Гўпий – отаси соғлиқни сақлаш вазирлигида оддий хизматчи бўлиб ишлайди. Қизи эса бир миллионернинг (коллежда бирга ўқишган) ўғлига тегиб олди. Ота кўп қаватли уйлардан бири яшагани билан қизи чет эл русумли енгил машинада отасиникига кунда қирқ марта келиб-кетади. Аммо Гўпий бир қултум сув билан ютиб юборгудек, Судҳа-чи? Худди онасига тортган. Барибир қизига куёв топмаса бўлмайди!
Судҳанинг онаси икки-уч жойга бориб, оғиз солди, аммо муроди ҳосил бўлмади. Бироқ бир гал у астойдил ҳаракат қилганди, йигит бориб қизни кўришга рози бўлди. Бироқ Судҳа унга ёқмади. Йигитнинг ўзи ҳам мақтагулик эмасди, юзи чўтир, бўйи пакана, бу ҳам етмагандай, дудуқланиб гапирарди. Ўзи тўсдай қоп-қора-ю, момиқдай оппоқ қизни хоҳлармишлар, қалинига скутр (мотоцикл) бўлсин эмиш. Скутр у ёқда турсин, оддий велосипед олишга ҳам қурби етмайдиган отанинг яна тарвузи қўлтиғидан тушди…
Бироқ бадбашара бақалоқнинг унга уйланишга рози бўлмаганидан Судҳанинг боши осмонда эди. Кейин икки йил ичида икки йигит уни кўргани келди, иккаласи ҳам қизни ёқтирмади. Аммо кўришувларнинг бундай якун топаётганидан Судҳа заррача хафа эмасди. У ташқаридан оғир-вазмин кўринарди-ю, аммо юраги олов эди. Унинг хаёли олис-олисларда, баланд-баландларда учиб юрарди. Ўзини худди тор ва қоронғи дунёдан абадий чиқиб кетгандек, бамисоли жаннатда юргандек ҳис этарди. Аммо бу ҳисларини ҳеч кимга ошкор этишни истамасди. Истаганда ҳам унинг гапларига ким ҳам ишонарди? Бекорга кулги бўлгани қолади. Аммо Судҳа ўзини зинҳор хунуклар қаторига қўшмасди. Худо унга ҳусн ўрнига ўзига бино қўйишдек бир хусусият ато этган. Куёв топилавермаганининг бош сабаби ҳам асли шунда эди. У ҳеч кимни назар-писанд қилмасди.
– Қанақа қиз туққансан ўзи?! – туриб-туриб Живанрам асабийлашиб кетарди. – Қачон қарама, оғзига талқон солиб олади, тишининг оқини ҳам кўрсатмайди. Анави Капур соҳибнинг қизларини кўр, гул-гул очилиб юради… Қизлар бахтини очиқ чеҳрасидан топади. Бунинг эса… – Живанрам бор ғазабини хотинига сочарди.
– Капур соҳиб билан тенг бўлманг, – дерди хотини Маггҳий. – У катта амалдор, тўрт юз рупия маош олади. Қизлари кунда икки марта кийим алмаштиради…
Живанрам тилини тишлаб, жим бўлиб қолди. У бир куни қайсидир дўконда экспедитор бўлиб ишлайдиган ўртоғи Тутарамни учратиб қолди. Живанрам ундан сўради:
– Қизинг Бела ҳали ҳам коллежда ўқияптими?
– Ҳа, – жавоб берди Тутарам севинчи ичига сиғмай. – Келаси қишда уни узатаяпмиз.
– Куёв топилдими? – сўради Живанрам.
– Йигитни қизимнинг ўзи топди, коллежда бир-бирини ёқтириб қолишипти. Бадавлат оиладан экан.
Тутарам кетгач, Живанрамнинг лунжи осилиб, қовоғи уюлди.
Коллежда “бир-бирини ёқтириб қолишипти”, – деди Тутарамнинг чийилдоқ овозига тақлид қилиб, унинг гапини такрорларкан. – Ҳамманинг қизини кимдир ёқтиради? Отанинг овозида чексиз ҳасрат оҳанги бор эди.
Яна икки йил ўтди. Судҳа энди Осиф Али кўчасидаги бир фирмада котиба бўлиб ишларди. У олдингидан ҳам кўра вазминроқ, мағрурроқ ва ишчанроқ бўлиб кетганди. Тирикчиликлари ҳам анча яхшиланди, чунки Судҳа уйга юз рупиядан келтирмоқда эди. Офисдаги ишларини саранжомлагач, ҳарф териш машғулотига қатнай бошлаганди. Институтга кириш нияти ҳам йўқ эмасди.
Живанрам билан хотини Маггҳий энди қизларига куёв топилишига кўпроқ умид боғлашмоқда эди. Улар Судҳанинг маошидан тежаб-тергаб, скутрга пул йиға бошлашди.
Анчадан кейин Живанрам бир йигитнинг ота-онасига скутр ваъда қилиб, қуда бўлишга кўндирди. Қалин пули, тўй сарполари, яна маҳр пули – барча зарур нарсалар келишиб олингач, куёв бўлмиш Мўтий бўлажак келинни кўргани келди. Мўтийимиз сухсурдай йигит эди. Жингалак сочлари ўзига хўп ярашган, куч ёғилиб турган қадди-қоматини кўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси келарди. У роса ясан-тусан қилган Судҳа томонга қараб жилмайиб қўйган эди, қиз ҳаяжондан титрай бошлади. Пиёла, унинг остидаги ликопча ҳам титрарди, қиз катта қийинчилик билан йигитнинг қўлига уни тутди.
Мўтий чойни ичди, раҳмат айтди ва тавозе билан хайрлашиб, чиқиб кетди. Эртасига сингилларидан бир оғиз сўзни айттириб юборибди: “Қиз ёқмади”. Ўша куни тун бўйи Судҳа ухлай олмади. Бамисоли ажриқда ағанаб чиқди.
– “Қиз ёқмади” эмиш, – Судҳанинг онаси Маггҳий жаҳл билан қозонда капкирни айлантириб гапирарди. – Ўзи-чи, авлиё эканми? Юзлари дўмбоқ бўлгани билан бурни нақ бир қарич келади. Сингиллари-чи? Биттасининг кўзи ғилай, иккинчиси маргимуш еган сичқоннинг ўзи. Учинчи синглиси баққолнинг қақир-қуқир тўла эски қопига ўхшайди. Қизимнинг ой деса юзи, кун деса кўзи бор, шундай қизни ёқтирмаса, кўр бўлади! – Шу гапларни айта-айта, она капкирни тағин жаҳл билан айлантира кетди, гўё қозондаги бўғирсоқ эмас, ўша йигит қовурилаётганди.
* * *
Бир куни Судҳа ишидан эртароқ чиқди-да, қаршисидаги ҳиёбонга йўл олди. Бориб, бир ўриндиққа ўтирди. Ҳиёбон Деҳли дарвозаси ёнгинасида жойлашган бўлиб, мўъжазгина тинч гўшалардан бири эди. Судҳа тез-тез бу ерга келиб, сукунат оғушида хаёлларига эрк берар, дилидаги ғуборларни шу тариқа аритар эди. У ёлғизликдан қўрқмасди, ёлғизлик унинг доимий дардкаши эди. У қоронғиликни писанд қилмасди. Қоронғилик унинг сирдоши эди. Безорилардан хавфсирамасди. Улар ҳам Судҳани танишар, унга яқин йўламасдилар.
– Нега бу ерда ёлғиз ўтирибсан? Тағин бир ўзинг? – бирдан эркак овози келди рўпарадан.
Судҳа чўчиб кўзини очди. Қаршисида Мўтий жилмайиб турарди. Ҳа-ҳа, башанг кийинган ўша Мўтий. Судҳанинг томоғига нимадир тиқилиб қолгандай, гапиролмасди.
Мўтий унинг ёнига келиб ўтирди-да, аста деди:
– Рад қилганимдан хафа бўлдингми?
Судҳа индамади, кўзлари ёшланди.
– Қаттиқ хафа бўлдингми?
Судҳа яна индамади, кўз ёшлари юзига думалаб туша бошлади.
Мўтий костюми чўнтагидан рўмолча чиқарди-да, қизнинг кўз ёшларини арта бошлади.
– Мени нимага ёқтирмаганлигингни изоҳлаб бера оласанми? Қўлимдан бир гал овқат емаган бўлсанг? Кўнглимда нима гап борлигини билмасанг? Хўп, мени қўя тур, лаоқал тасаввуримдаги фарзандимизнинг маъсум чеҳрасини кўз олдингга келтириб, юрагинг жиз этмадими? Умр бўйи оёғингни ювиб, кўйлагингнинг тугмасини қадаб қўядиган мана бу қўлларимни-чи? Бу қўлларга бир марта бўлса-да назар ташладингми? Шу қўлларим билан сенга чиройли гулдор нимча тўқиб бермоқчи бўлганимни билсайдинг! Мўтий, менинг хандон отиб кулганларимни кўрмагансан, сочларингни ўйнамоқда чоғланган бармоқларим нафислигини ҳис қилмагансан! Шундай экан, ёқмадинг дейишга қандай тилинг борди?
Ие… бу гапларни Судҳанинг ўзи гапиряптими? Қаёқдан оқиб келяпти бу гаплар унинг кўнглига? У тўхтовсиз гапирарди ва йиғларди. Йиғи ва гап орасида ҳаракатларини бошқара олмай қолдими, боши йигитнинг елкаси тараф эгилди.
…Ўша куни Судҳа уйга жуда кеч қайтди. Ойисининг: “Шунча вақт қаерларда қолиб кетдинг?” – дея берган саволига: “Ишхонада эдим”, – деб қўя қолди. Судҳанинг ҳорғин кўзлари тубида бир учқун йилтиллар, бу қора булутлар орасидан чақнаган чақмоқни эслатарди.
Ойиси бир нимани англагандек, эрига маъноли қараб қўйди. Живанрам ҳам табассумли нигоҳ билан хотинига қаради.
…Бир куни Судҳани кўргани онаси билан етаклашиб бир йигит келди. Бироқ бу сафар йигит эмас, Судҳа: “йигит менга ёқмади” деди. Ота-она донг қотди. Лекин улар йигирма бешга кирган қизини энди бировнинг олдига солиб юбора олишмасди.
Кунлар ўтди, ойлар ўтди, аммо Судҳадан садо чиқмади. Эр-хотин яна икки-уч жойдан йигит топди, бироқ Судҳа “тегмайман”, деб туриб олди. Отаси топган охирги куёв ҳолвачи бўлиб, ёши қирқдан ошган бир киши эди.
Ўша куни яна “тасодифан” кўришганларида Судҳа Мўтийга деди:
– Улар бугун менга бир қари ҳолвачини топишибди.
– Хўш? – Мўтий кулиб сўради.
– Мен … рад этдим.
– Чакки қилибсан, бир умр ҳолва еб маза қилардинг.
– Сенинг бошқа гапинг йўқми? – Судҳа муҳаббат тўла кўзлари билан Мўтийга қараб гапирди. Унинг овози титрар эди.
– Мен ҳали сенга уйланганим йўқ-ку, нима гапим бўлсин? – деди Мўтий қизга яқинроқ келиб. Уларнинг нафаслари туташди.
– Нима бўпти? Сен ёнимдасан-ку, — деди қиз шивирлаб.
– Эртага қаерда кўришамиз? – йигит ҳам шивирлади.
– … Қизнинг ҳансираб нафас олгани эшитилар эди.
– Котлада от пойгаси бўляпти, – деди Мўтий.
– От сотиб, от оламанми? – кулди Судҳа.
Мўтий жим бўлиб қолди.
Кейин Судҳанинг шивири эшитилди:
– “Басант” кинотеатрида зўр фильм кетаяпти, чоракам олтида бошланар экан…
– Чиптани мен оламан, – деди Мўтий.
– Йўқ, бу – менинг таклифим, чипта мендан. Сен бошқа куни оласан…
Уларни одамлар кинода, йўлларда тез-тез бирга кўра бошлашди. Судҳанинг кўзлари чақнар эди, ҳатто, қадам ташлашларигача жозибали эди. Эгнидаги кийимларининг матоси асил бўлмаса ҳам бичими зўр эди. Судҳанинг бирон қимматбаҳо тикувчи танлашга қурби етмасди. Шунинг учун ўзи кўйлак тикишни ўрганиб олди. Вақт ўтиб “мана мен” деган тикувчилар ҳам унинг олдида ип эшолмай қолди. Судҳанинг эгнидаги ўзига жуда ярашган либосларни кўриб, офисдаги қизларга жон кирарди.
– Куёвтўра қанақалар ўзи? – Қизлар бири олиб, бири қўйиб саволга тутишарди.
– Сочи қўнғироқ-қўнғироқ, кулганида оғзидан дур сочилади, – дерди Судҳа хотиржамлик билан.
– Маоши қанча экан?
– Бир минг икки юз рупия.
– Бир минг икки юз рупия?! – қизлар қичқириб юборишарди, –Бошлиғимизнинг маоши-ку.
– У ҳам бир фирманинг бошлиғи-да, – Судҳанинг фахру ғурури товушларининг жарангидан ҳам сезилар эди.
– Биз ҳам бир кўрайлик қайлиғингни, кўрсатсанг нима қипти, бир жойи камайиб қолмас…
– Бир куни кўрсатаман…
Биз каби кўп суҳбатлар вақт шамолларига қўшилиб учарди.
Судҳанинг кекса отаси армон билан дунёдан ўтиб кетди. Қиз отасининг измига кирмади. Ахир у энди ёш бола эмасди. Боз устига, уйига икки юз рупиядан олиб келаётганди.
Судҳанинг укалари бирин-кетин уйланди ва ўзлари ҳовли-жой қилиб чиқиб кетишди. Кенжа синглиси Вижай ҳам узатилиб кетди. Тўнғич қизининг уйда ўтириб қолганига куя-куя ойиси Маггҳий ҳам чин дунёга равона бўлди. Судҳа ҳам бир неча ойдан кейин бу уйни тарк этиб, икки хонали хонадонда истиқомат қила бошлади. Судҳа котиба бўлиб олган, институтга ҳам кирган эди. Ўзи-ўзига хон, кўланкаси майдон эди. Аммо у ҳануз Мўтий билан учрашиб турарди.
Мўтий ҳамон сухсурдек йигит бўлиб, барнолигини асло йўқотмаганди. Чаккаларида пайдо бўлган битта-яримта оқ толалар эса унга бошқача савлат бағишларди. Улар бу гал машҳур Япон хиёбонида учрашишди.
Мўтий аста ундан сўради:
– Нега менга турмушга чиқмадинг?
– Ўзинг ёқтирмагандинг-ку, – Судҳа ҳам ўша оҳангда жавоб берди.
Рад этилиш изтироби нималигини фақат аёл қалбигина билади.
Узоқ жимликдан сўнг Мўтий деди:
– Бугун қирқ ёшга тўлдик, менга турмушга чиқмаганингдан пушаймон эмасмисан?
Судҳа жавоб бермади.
Ўша оқшом, ўша тунни Судҳа ҳеч қачон унутмайди, чунки унинг учун тун тўкис эди, иккисининг ҳаёти тўкис эди. Гўё вақт, умр, ой ва орзулар бари бир бўлиб, Судҳа ва Мўтийни ўраб олган эди. Улар оламнинг бахт қобиғида қолиб кетишгандек эди.
Уларга йиллар, кейинги йиллар фақат дийдор эмас, айрилиқ ҳам ҳадя этган эди.
Яна йиллар ўтди… Бу орада Судҳанинг бошлиғи ўзгариб қолди, ўрнига бошқа одам келди. Котиба бўлгани боис у уззу-кун бошлиғининг қош-қовоғига қараб ўтиришга мажбур эди. У бу кишини аввал ҳам қаердадир кўргандек эди, аммо қаерда кўрганини сира эслолмаётганди…
Ойнинг биринчи куни маош тарқатиб бўлингач, ходимлар уй-уйларига тарқалди, янги бошлиқ Судҳага “қол” ишорасини қилди. Сўнг буфетчани очиб, битта стакан билан бир шиша виски чиқарди. Судҳа шартта ўрнидан турди-да чиқиб кета бошлади. Бошлиқ ғоят мулойимлик билан уни тўхтатди:
– Бугун лавозимингни кўтариш учун ҳужжатларингни олиб киришганида билдимки, офисда энг узоқ ишлаб келаётган сен экансан.
Судҳа ҳеч нима демади.
– Исминг Судҳа, шунақами? – деди бошлиқ ғоят босиқлик билан: – Сен Живанрам деганнинг қизи Судҳа эмасмисан?
Судҳа ғоят жиддийлик билан деди:
– Отамнинг исми жилдда ёзилган, мендан сўрашингизга ҳожат не?
– Ўтир-ўтир, – бошлиқ унга яна мулойимлик билан деди. – Сен мени танимадингми?
– Йўқ, – деди Судҳа.
– Отанг билан “Зиндон” маҳалласида турардинглар, шунақами?
– Ҳа.
– Бир куни уйларингга борган эдим, сени кўргандим.
– Қачон?.. Қачон?.. – тоқатсизланди Судҳа.
Кекса бошлиқ Судҳага узоқ тикилди ва аста шундай деди:
– Мен Мўтийман…
Судҳа жим бўлиб қолди.
– Сенга уйланмай катта хато қилдим, сени тушуна олмадим. Бир неча дақиқа ичида нимани ҳам била оларди киши. Мен ёш эдим, ҳусн шайдоси эдим. Нима ҳам дердим, айб ўзимда. Сени таний олмаган шу кўзларимда айбим. Гавҳарни тош деб, отиб юбордим… Мени кечира оласанми? Менга турмушга чиқа оласанми? Ёшим унча катта эмас…
Мўтий сўзлар экан, Судҳа кўзларини катта-катта очиб, унга қараб турарди. Бир кўнгли, энди келдингми, жуда-жуда кеч-ку, дея шартта юзига айтгиси келди. Бироқ Судҳа унга ҳеч нарса айта олмади. Бошини столга қўйиб, ҳўнграб йиғлай бошлади. Мўтий унинг қўлидан тутмоқчи бўлган эди, Судҳа қўлини силтаб ташлади ва хонадан чиқиб кетди. Зинадан пастга тушди.
Мўтийнинг қайта-қайта чақирганига қарамай, у чопиб кўчага чиқди. Ташқари қоронғу эди, бироқ чарақлаб турган чироқлар ёғдусида унинг кўз ёшлари “йилт-йилт” этиб кўринарди. Осаф Али ҳиёбонига боргач, таққа тўхтади. Паркка кириб, биронта дарахт тагида ўтирсаммикан, деб ўйлади. Бироқ энди ҳеч нарсани орқага қайтара олмаслигини сезди.
Ўз вақтида қадрланмаган аёл муҳаббати кейинги изҳори севгини садақадай қабул қилганини, бу ҳолат энди унга саодат эмас, хўрлик келтиришини тушунди.
… Аммо у барибир аёл эди. Аёл эса ҳаёт учун, яшаш учун дунёга келади. Судҳа ёнидаги дарахт шохларига осилиб ўрнидан турди. Фарқидаги синдурни артиб, ўзи бир пайтлар не-не умидларда никоҳ холларини сидириб ташлади. Ҳиёбоннинг қўйган тош деворига уриб-уриб, барча чурийларини “чил-чил” қилди. Бир умр ёлғиз аёл бўлиб қолганига у энди бутунлай ишонганди.
Ҳиндий тилидан Амир Файзулла таржимаси