Константин Паустовский. Акварел бўёқлари (ҳикоя)

Бергнинг ёнида “ватан” сўзини айтишганларида, бу сўзнинг моҳиятини ҳис қилиб, тушунмаганлигидан шунчаки кулиб қўяр эди. Ватан – ота-боболар яшаб ўтган муқаддас тупроқ, инсоннинг туғилган жойи, дейишади. Аслида-ку инсон дунёнинг қайси жойида туғилишининг фарқи йўқдек, масалан унинг бир ўртоғи Америка ва Европа ўртасида уммонда сузиб кетаётган да туғилган эди.
– Бундай инсонларнинг ватанини қаерда деб аташ мумкин? Наҳотки уммон, шамол таъсирида тундлашиб, юракка хавф-хатар солиб дилгир этиб турувчи сув сатҳи бўлса? – дея ўз-ўзига савол берарди Берг.
У океан нималигини яхши биларди. Парижда сурат чизишни ўрганиш учун ўқиган кезларида Ла Манш қирғоғида яшаган эди. Ўша пайтлар океан унга ўта бегона туюлганлиги ҳеч ёдидан чиқмайди.
Ота-боболар яшаб ўтган жой! Берг у ҳақда ўйлар экан, бобоси яшаган кичик Европада жойлашган ўша шаҳарчага нисбатан ҳам қалбида ўзи ёки болалик чоғларига боғлиқ бўлган ҳеч қандай ўзгача туйғуларни ҳис қилмайди. Аммо, ҳар гал хаёл сурганида Днепр бўйидаги ўша шаҳарчада яшаб, умри давомида этикдўзлик қилган бобосининг кўзларини этикдўзларнинг пишиқ ипи ва бигизи кўр қилиб қўйганлигини эслайди, холос.
Қадрдон шаҳар, деганларида эса, негадир унинг кўз ўнгида доимо рассом томонидан яхши ишлов берилмаган, охиригача тўлиқ чизилиб улгурилмаган, туравериб эскириб, ранги ўчиб кетган сурат гавдаланарди холос. У қанчалик уринмасин, бу туйғуга нисбаттан чанг босиб қуриб ётган тераклар ва ошхонадаги овқатдан сўнгги ювиндининг ёқимсиз ҳиди, олис осмон бағрида сузиб юрувчи хира булутлар ёки машқ пайтида аскарлар казармасидан эшитилиб турадиган турли овозлардан бўлак бошқа нарсаларни тасаввур қилолмасди.
Фуқаролар уруши йилларида жанг қилган жойлари, манзилларни аниқ эслолмайди.
– Мана, яқинда оқлар қўлидан ўзимизнинг жонажон ерларимизни, ватанимизни тортиб оламиз. Отларимизни қадрдон Дон дарёсининг сувидан мириқтириб суғорамиз, дея жангчилар кўзлари чақнаб, қувониб уни қучиб қутлашганида Бергнинг энсаси қотиб:
– Қаёқда, бу гапларнинг ҳаммаси шунчаки сафсата! Биз каби инсонларнинг ҳақиқий ватани йўқ, бўлган ҳам эмас, – деган эди кулиб. Унинг бу гапига эса:
– Эҳ, Берг, қалбинг бунчалар қаттиқ бўлмаса! Сен жудаям ғалати инсонсан. Сендан қандай қилиб янги ҳаётни барпо этувчи жангчи чиқиши мумкин, қачонки сен ўзинг яшаб турган ерни, она заминни севмасанг. Сен бундай қалб билан қандай қилиб ҳам ҳақиқий рассом бўлишинг мумкин ахир! – дея, норози оҳангда жавоб беришган эди жангчилар.
Балким шу сабабдан ҳам унинг атрофини ўраб турган ажиб табиат ўзининг ҳақиқий ҳусни жамолини, тароватини ундан яшириб тургандир. Балким шул сабаб ҳам Берг қанчалик уринмасин, ўзи севган пейзаж жанри устида ижод қилолмади. Портрет ва ниҳоят плакатлар жанрини танлаб, шу йўналишда ижод қилаётган эди. Бир неча бор ижодий янги замонавий йўналиш излаб топишга ҳаракат қилди, аммо барча урунишлари тушунарсиз тарзда бефойда бўлиб чиқди.
Умрининг кўп йиллари худди шамол каби ўша пайтларда советлар мамлакати деб аталмиш давлатларда ўтди. Ҳаёт чархпалаги эса тақдирнинг турли паст-баландликларига дуч келиб, тиним билмай айланарди. Аммо, унинг атрофини янгидан-янги, Берг учун унчалик тушунарли бўлмаган муҳаббат, нафрат, мардлик ва албатта ватан туйғуси каби ҳислар ўраб турарди.
Эрта куз фасли эди. Шундай кунларнинг бирида Берг рассом Ярцевдан хат олди. Хатда ёз пайтини Муромск ўрмонларида ўтказиб, дам олишда давом этаётган Ярцев унинг ҳам келишини таклиф қилди. Берг Ярцев билан дўст эди. Бунинг устига анчадан бери Москвадан бошқа жойга чиқмаганди. Боришга қарор қилди-ю, жўнаб кетди
Владимир шаҳридан кейинги станцияда тор изли темир йўл поездига ўтиб олди.
Август ойи жуда иссиқ ва шамолсиз келган эди. Поезд вагонининг ичини қора жавдар унидан тайёрланган ноннинг ёқимли ҳиди тутиб кетганди. Берг вагоннинг зинапоясида ўтириб олиб мириқиб нафас олди. Гўёки унинг кўкси ҳаводанмас, балки қуёшнинг ажиб нурларидан тўйинаётгандек эди.
Очилиш мавсуми тугаб, бирин-кетин қуриб бораётган оппоқ чиннигуллар ўсиб ётган кенг дала бағрини чигирткаларнинг овози тутиб кетган эди.
Ярцев одами йўқ бу станциядан анча олисда, катта кўлнинг қирғоғи бўйида, ўрмончининг ёғоч уйини ижарага олиб дам олаётган эди.
Берг миниб олган ғилдиракли арава қалин қум устида қуриб ётган илдизларни ғичирлатиб босганча, одимлаб борарди. Ўрмон орасидан зарғалдоқларнинг ҳорғин хониши эшитилиб турар, сарғайган япроқлар дамба-дам йўл юзига тўкилар, осмоннинг олис бағрида тиниқ булутлар эса узун бўйли мачтабоп қарағайлар тепасида сузиб юрарди.
Бир пасдан сўнг Берг аравада чалқанчасига ётиб олди. Негадир унинг юраги оғир ура бошлади.
“Ҳаво таъсир қилаяптимикин”? – дея ховотирланди Берг.
Шу чоғ унинг кўзлари ногаҳон қуюқ ястаниб ётган ўрмон дарахтлари ортида мовий чайқалиб турган кўлга тушди. Кўлнинг суви мавжланиб ҳайратланарли даражада худди уфқ бўйлаб кўтарилаётгандек қиялаб ёйилиб турарди. Унинг ортида эса туман ичра қайин бутазорлар кўзга ташланди. Кўлнинг устида тарқалган туман яқиндагина бўлиб ўтган ўрмон ёнғинидан пайдо бўлганди. Сувнинг юзига тўкилиб, йиғилиб қолган япроқлар уюми эса қора қалин кортон қоғоз каби сузиб юрарди.
Берг кўл бўйидаги ушбу ажойиб қирғоқда бир ой яшади. Бу жойларга у фақат дам олиш мақсадида келган эди. Шунинг учун ҳам ўзи билан сурат чизиш учун ёғ бўёқларини олиб келмаган, аммо ҳар эҳтимолга қарши бир қутичада Лефранка деб аталувчи француз акварел бўёқларини олиб келган эди. Парижда яшаган пайтларидан сақлаб келаётган бу бўёқларни жуда эҳтиёт қиларди.
Куни бўйи майсалар қоплаб ётган кенг дала қўйнида чўзилиб олиб, ундаги ранг-баранг турли ўсимликлар, гулларни завқланиб томоша қилди. Айниқса аллақандай майда қоп-қора мевачаларини қирмизи гулкосалар барги орасига яшириб ўсаётган бутачалар унинг ҳайратини янада оширди.
Берг наматак мевалари, нинабаргли қора арчалар, лимон ўтлари барқ уриб, хушбўй таралиб ётган дала бағрига гиламдек тўкилган тоғ теракларининг узун баргларини, нафис бўй чўзиб, тебраниб турган чиннигуллларни териб завқланди. У кузги япроқларни қўлига олиб, диққат билан кузатаркан, совуқ таъсирида намчил сариқ япроқлар оҳиста кумушрангда қорая бошлаганлигининг гувоҳи бўлди.
Ён атрофини ўраб турган ўзига хос ажойиб манзаралар – кўл юзига урилиб сув қўнғизларининг учиб юргани, хира тортиб мавжланаётган тўлқинлар бағрида балиқларнинг ўйнаб юриши, мавсумнинг барқ уриб очилиб ётган сўнгги гуллари худди тўқ рангли ойна устида қотиб қолган каби сокин сувнинг юзида қалқиб тургани унинг ҳайратини янада ошириб, қалбини мафтун этиб қўйди.
Шундай иссиқ кунларнинг бирида Берг ўрмон ичидан келаётган ғалати титроқ овозни эшитиб қолди.
Овоз келаётган томонга диққат билан қулоқ соларкан, вужудини алланечик ховотир боса бошлади. У ёқдан гўёки жазирама иссиқда қуруқшаган майсалар, турли учиб юрувчи қўнғизлар-у, чигирткаларнинг овози ғалати оҳангда қўшилиб, ўзгача товуш келаётганлигини сезди. Кунботар тарафда кўлнинг устида эса турналар галаси кур-курлаб, жануб томонга учиб кетаётган эди.
Ҳар доим турналарнинг учиб кетаётганлигини кўриб қолишганида, унинг ёнида доимо ҳамроҳлик қилиб юрган ўрмончининг ўғли Ваня Бергга қараб:
– Менимча қушлар бизни ташлаб иссиқ тарафларга учиб кетаяпти-ёв, деб қўярди.
Бу гал эса унинг назарида турналарнинг ўрмонни тарк этиб, учиб кетаётганлиги гўё бу гўзал, бетакрор маконга хиёнат қилаётган сотқинларнинг ишидек туюлиб кетди ва уларга нисбатан қалбида алланечук норозилик ҳиссини туйди. Турналар бундай сувлари зилол, мўл-кўл, сокин оролни, шундай кўркам бағри кенг сахий ўрмонзорни, куз қўйнида барглари сарғаяётган бутазорлар, аҳён-аҳёнда бир маромда гумбурлаб турувчи, куз ҳавосида ўсимликлар елими аралаш дарахтларнинг хушбўйлари таралиб турган бу каби қадрдон жойларни қандай қилиб кўзи қийиб ташлаб кетиш мумкин, дея ўйларди.
– Ғалати! – дея ўз-ўзича койинди Берг. Бу галги кун сайин тобора сийраклашиб бораётган ўрмонга қараб пайдо бўлган кўнглидаги бу норозилик ҳисси илгаригидек кулгули туюлмади унга.
Шундай кунларнинг бирида Берг ўрмонда сайр қилиб юрганида Татьяна исмли кампирни учратиб, танишиб қолди. Сўнгги кунларда у билан куни бўйи бирга юриб, бамайлихотир айтадиган суҳбатларини тинглади.
Кампирнинг суҳбатларидан бу жойлар ўрмоннинг энг тинч, сокин жойлари эканлиги ва бу ерлар қадимдан ўзининг ижодкор рассомлари билан ном чиқарганлиги ҳақида билиб олди. Татьяна атрофда ўсиб ётган ҳар хил буталарнинг номларини, бу ерда ясалган қадимги ёғоч қошиқлар, тилла ва махсус қизил бўёқ суриб тайёрланадиган идишларнинг номларини бирма-бир айтиб берди. Берг бу атамаларни умрида биринчи марта эшитиб турганлигидан хижолат чекиб, қизариб кетди.
Берг табиатан камгап эди. У ҳар замон Ярцевга луқма ташлаб қўярди, холос. Ярцев эса куни бўйи қирғоқ бўйида ўтириб олиб, мириқиб китоб ўқирди. У ҳам севган машғулотидан хаёлини бўлмай, сўзлашгиси келмасди албатта.
Сентябрга келиб ёмғир ёға бошлади. Майсалар устига томаётган ёмғир томчилари шилдираб овоз чиқарарди.
Ёмғирдан сўнг ҳаво исигач эса, ҳамма ёқни қирғоқ бўйида ўсаётган қамишларнинг ёввойи ва ўткир бўйи худди ҳайвонларнинг нам териси каби таралган бўй тутиб кетди.
Туни бўйи сокин ўрмон қўйнида худди куз давомида унинг тақдирига шу ўрмон мамлакатининг устидан майдалаб томчилаб туриш ёзилгани каби ёмғир шиғалаб ёғар, қоровулхонанинг юпқа томию, қайгадир элтувчи йўллар, бу атрофдаги бирор жой ҳам унинг назаридан четда қолиб кетмас эди.
Кунларнинг бирида Ярцев шаҳарга қайтишга чоғланди. Бундан Бергнинг жаҳли чиқиб, хавотирга туша бошлади. Ахир куз мавсумининг шундай ажойиб қизиқарли палласидан кечиб, қандай қилиб жўнаб кетиш мумкин. Унинг назарида Ярцевнинг кетиш тўғрисидаги бу истаги ҳам худди турналарнинг бу жойларни тарк этиб, учиб кетаётгани сингари хиёнатдек туюлиб кетди. Наҳотки, шунчаки бир йўсинда бу каби кенг ўрмонларга, зилол сувли кўлларга, тароватли бетакрор куз фаслига ва ниҳоят илиқ мовий осмонга, майдалаб майин ёғаётган ёмғир томчиларига хиёнат қилиш шунчаки осон бўлса?
– Мен ҳали кетмайман, шу ерда қоламан, – деди, Берг қатиян. – Ихтиёрингиз, сиз қочиб кетаверишингиз мумкин, аммо мен бу ердаги куз фаслининг суратини чизишни истаяпман.
Ярцев жўнаб кетди. Эртаси куни Берг қуёшнинг илиқ, заррин нурлари юзига туша бошлаганидан уйғониб кетди.
Ташқарида ёмғир тинган эди. Дарахтларнинг майин соялари тоза, беғубор дала бағрида титраб тебранар, эшикнинг ортида эса бутун олам сукунат ичра феруза рангда тиниқиб ёғдуланиб турарди.
“Ёғдуланиш” сўзини Берг фақат шоирлар китобларида учратган эди. Ва бу сўзни шунчаки дабдабалар учун ишлатилади, деб ўйларди. Аммо у шу тобда бутун вужуди билан тушуниб, амин бўлдики, бу сўз айнан сентябр осмони ва қуёшининг манзараси, суратига берилган таъриф экан.
Майсалар устига тўкилаётган ҳар бир сариқ япроқ қуёш нурида кумуш каби ялтираб турарди. Кенг мовий кўл юзида сокин туман сузиб юрарди. Айланиб, бир маромда эсаётган майин шамол эса димоғингизга сўлиб, қуриётган ўрмон майсаларининг тақир, аммо ёқимли ўзига хос хушбўйини олиб келарди.
Берг чойини ҳам ичмасдан қўлига бўёқ ва қоғоз олиб, кўл томонга қараб кетди. Ваня уни қирғоқнинг янада сокин, олис томонига ўтказиб қўйди.
Негадир Берг жуда шошиларди. Атрофга разм солар экан, ўрмон устига қиялаб тушаётган қуёшнинг нури унинг назарида худди бир тутам кумуш толасини эслатиб юборди. Ҳаво очиқ. Феруза осмон бағрида сўнгги қушлар ўйчан хониш қилар, сийрак, тиниқ булутлар эса кўкнинг энг юксак жойларига кўтарилиб тарқалаётган эди.
Берг янада шоша бошлади. Шу тобда бор қобилиятини ишга солиб, бўёқ рангларининг қудрати, нигоҳларининг зийраклиги-ю, ҳамма-ҳаммасини токи қалбининг туб-тубида титраб турган сирли титроқларгача қўлидаги қоғознинг юзига тўкиб, кўркам ва салобатли ўрмоннинг улуғвор ва сўзсиз, хокисор тўкилаётган пайтдаги унинг суратини тасвирламоқни ният қилди.
Берг аллақандай қўшиқни куйлай бошлади. Сўнгра бор овози билан гўёки фарёд қилиб, бутун вужуди билан ишга шўнғиди. Уни ҳеч қачон бу ҳолатда кўрмаган Ваня, беихтиёр унинг ҳар бир ҳаракатини кузата бошлади. У Берг ишлаётган бўёқларнинг сувини дамба-дам алмаштириб, қутичадаги бўёқлар солинган чинни идишчаларни бирин-кетин тутиб турди.
Сукунат ичра кўз илғамас ғира-ширалик бир дамда беихтиёр япроқлар юзига келиб қўнди. Барглардаги заррин ранглар жилосига хиралик туша бошлади. Ҳаво ҳам тундлашиб борарди. Олисдан эшитилаётган даҳшатли шувиллаш ўрмоннинг у томонидан бу томонига айланиб, қаердадир тиниб қолди. Бу ҳолатдан хавотирга тушган Берг жойида қотиб турарди.
– Момақалдироқ бошланади! Уйга кетиш керак! – дея қичқирди Ваня.
– Кузги момақалдироқ, – дея, қайтарди Берг ва хаёлини бузмасликка ҳаракат қилиб, берилиб сурат чизишда давом этди.
Аммо, момақалдироқнинг навбатдаги гумбурлаган овози бутун осмонни ларзага келтириб юборди. Тим қора сувнинг юзи бир қалқиб тушгандек бўлди гўё. Ўрмон ичра қуёшнинг сўнгги шуълалари ҳали ҳам ялтираб, ёғдуланиб турарди. Берг янада шошила бошлади.
Ваня унинг ортига ишора қилиб, қўлини чўзганча:
– Орқага қара, қара, қандай қўрқинчли! – деди.
Аммо Берг негадир орқаси томонга ўгирилишга шошмади. Орқа томонидан босиб келаётган чанг-тўзон аралаш қоронғуликни гўёки елкалари билан сезиб турарди. Аллақачон жала таъсиридан япроқлар учиб, айланиб ерга тушаётган эди. Шундан сўнг майда ўрмон чуғурчуқлари қўрқувдан пастлаб уча бошладилар. Бир неча бўёқ суриш қолганлиги туфайли Берг жуда шошиб, ишида давом этарди.
Ваня унинг ёнига келиб, қўлидан маҳкам ушлаб олди. Берг шу дам шиддат билан гумбурлаб келаётган овозни эшитди. Унинг ортидан гўёки океан ўрмонни босиб тошиб келарди.
Шунда Берг кўл юзига қоп-қоронғу туман қоплаб олганини кўрди. Қўлининг устига биринчи оғир томчи келиб урилди. Сўнгра чақмоқ аралаш шаррос жала қуя бошлади.
Берг чизган суратини тезда яшикка жойлаб, эҳтиёткорлик юзасидан курткасини ҳам ечиб яшикнинг устидан ўраб олди. Қўлига эса акварель солинган қутичани олиб, йўлга тушди. Унинг юзларига чанг аралаш ёмғир томчилари келиб урилар, бўрон айланиб, учираётган намчил япроқларни юзи аралаш кўзларига ёпиштирарди.
Чақмоқ гумбурлаб, ёнидаги қарағай дарахтини силтаб, ларзага келтирди. Бу манзарадан Берг ўзини йўқотиб, бир дам гангиб қолди. Жала осмоннинг шундайгина пастак жойидан қуярди гўё. Улар Ваня билан панага қочишди. Ёмғирдан ивиб, совуқдан дирдирашиб, бир соатлардан кейин қоровулхонага етиб келишди. Қоровулхонага келганларида Берг қўлидаги акварел солинган қутига кўзи тушди. Унинг ичидаги Лефранка бўёқлари тушиб қолган эди. Берг бўёқларни икки кун жон-жаҳди билан қидирди, аммо тополмади.
Москвага келганидан икки ой ўтиб, йирик қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан битилган мактуб олди.
“Салом ўртоқ Берг, – дея ёзарди Ваня. – Сиз кетганингиздан сўнг икки ҳафта давомида ҳамма ёқни титиб, бўёқларингизни қидириб топдим. Уни нима қилай, сизга қандай етказай? Ўша ёмғирдан сўнг қаттиқ шамоллаган эканман. Энди ўзимга келдим. Отамнинг айтишича шамоллаш ўпкамга ўтиб кетибди. Шу туфайли сизга бир оз кечикиб хабар бераётганим учун мендан хафа бўлманг.
Агар иложи бўлса менга бизнинг ўрмонимиз, ҳар хил дарахтлар ҳақидаги китоб ва рангли қалам юборсангиз. Менинг ҳам жудаям сурат чизгим келаяпти. Ҳозир биз тарафларда қор ҳам ёғиб улгурди. Қайси арчанинг тагига қарасангиз қуёнчалар ўтирганини кўрасиз.
Сизни ёз чоғида яна бизнинг қадрдон жойларимизга таклиф қилиб, кутиб қоламиз. Салом билан Ваня Зотов”.
Берг Ванядан келган хатга жавоб сифатида унга ўзи иштирок этадиган кўргазманинг таклифномасини юборди.
Бу таклифномани яқиндагина унга олиб келиб беришиб, ундан эса кўргазмага қўядиган ижодий асарларининг номларини ва улар тўғрисида маълумот сўрашган эди.
Берг столга жойлашиб олиб “Кўргазмага бу ёзда ишлаган акварел этюдим – биринчи бадиий манзарамни қўяман”, деган жавоб ёзиб юборди.
Ярим кечаси. Ташқарида ёғаётган оппоқ момиқ қор дераза рафига тушиб, кўчадаги чироқларнинг фусункор ёғдусида кўзни қамаштиргудек ялтираб турибди. Деворга осиб қўйилган соат сокин ва бир маромда урар, кимдир эса қўшни хонадонда роялда Григнинг сонатасини чаларди. Аста-секин мусиқанинг дилгир садоси бутун хонадонни тутиб кетди.
Берг Ваня ҳақида ўйлар экан, жилмайганча узоқ ўтирди. У топиб олган Лефранка бўёқларини Ваняга совға қилмай бўладими ахир!
Айни дамда Берг қалбида янада тиниқиб, ёқимли завқ бағишлаб пайдо бўлаётган сирли, тасвирлаш қийин бўлган ватан туйғусини дилдан ҳис этишни, сезишни, кузатишни истаётган эди. Бу туйғу унинг қалбида узоқ, ўн йиллаб чўзилган инқилоб йиллари давомида камолга етган бўлса ажаб эмас. Ёки ён-атрофи ўрмонга бурканган, куз қўйнида сирли мавжланиб турган сокин кўлми, унинг устида учиб, куйланган турналар қўшиғими ёки болакай Ваня Зотов сабаб бўлдимикин? У қалбини қамраб олиб, ғалаёнга солаётган бу саволларга жавоб топишга унчалик уриниб ўтирмади. Унинг ёдига ногоҳ жангчиларнинг:
– Эҳ, Берг, қалбинг бунчалар қаттиқ бўлмаса! Сен жудаям ғалати инсонсан. Сендан қандай қилиб янги ҳаётни барпо этувчи жангчи чиқарди, қачонки сен ўзинг яшаб турган ерни, она тупроқни севмасанг, – деган сўзлари тушиб кетди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам жангчилар ҳақ эдилар. Берг қалбида пайдо бўлган ватан туйғусига бутун вужуди билан мана энди амин бўлди. Шу тобда у гўё ўзи яшаб турган мамлакатга нафақат онги-шуури ёки инқилобга бўлган садоқати, балки бир ижодкор рассом сифатида бутун қалби, юраги, ватанга бўлган муҳаббати уни нафақат улғайтирганини сезди, балки уни қайта дунёга келтиргандек эди гўё. Айни чоғда шунчаки қуп-қуруқ, маъносиз бўлиб туюлган зерикарли ҳаёти завқу шавққа тўлиб, олдингига кўра юз бора гўзал ва қадрли бўлиб туюла бошлади. Унинг бор вужудини забт этган ватан туйғуси, қалбини тўлдириб келаётган ҳаёт завқи янада гўзалликка интилиб, мириқиб яшашга ундаётган эди.

Дилором Абдураҳмон таржимаси

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.