Пароход Наволокига тунда кириб келди. Майор Кузьмин палубага чиққанда, ёмғир севалаб турарди. Пристань бўм-бўш, биттагина фонарь ёниқ.
“Шаҳар қаерда қолди?, — ўйлади Кузьмин. – Зулматистон, ёмғир… – жин урсин, нима бало бу?”
У жунжикиб, шинелининг тугмаларини ўтказди. Дарёдан совуқ шамол эсарди. Кузьмин капитан ёрдамчисини ахтариб топди ва ундан пароход Наволокида қанча муддат туришини сўради.
— Уч соатча туради, — деди капитан ёрдамчиси, – юкларни олишимизга боғлиқ. Нима учун сўраяпсиз, бу ерга тушмайсиз шекилли?
— Битта хатни етказишим керак. Госпиталдаги ҳамхонамдан. Хотинига юборди. Хотини шу ерда, Наволокида.
— Топшириқ бор денг! – хўрсинди капитан ёрдамчиси. – Зимистонни қаранг! Гудокни эшитишингиз билан югуринг, бўлмаса, қолиб кетасиз.
Кузьмин пристанга чиқди, сирпанчиқ пиллапоядан тик қирғоққа кўтарилди. Ёмғирнинг буталарга шитирлаб урилгани эшитиларди. У туриб қолди: кўзлари қоронғуликка бироз ўргангач, бошини солинтириб турган отни, қийшайган тўрт оёқли енгил аравани кўрди. Файтоннинг усти кўтарилган, ичкаридан хуррак эшитиларди.
— Ҳў оғайни, — қичқирди Кузьмин, — тирикмисан, ухлаганинг етар!
Извошчи у ёғидан-бу ёғига ағдарилди, эмаклаб чиқди, бурнини қоқди ва чакмонининг барига артиб – шундан кейингина:
— Кетдикми? – деди.
— Кетдик.
— Қаёққа элтай?
Кузьмин манзилни айтди.
— Анча узоқ, — ташвишланиб қолди извошчи, — тоққача борилади. Бир шишанинг пулидан камига бўлмайди.
У тизгинни силталаб “чуҳ” деди, файтон ўрнидан қўзғалди.
— Нима, сен Наволокида ягона извошчимисан? – сўради Кузьмин.
— Биз, чоллар – иккитамиз. Қолганлар ҳаммаси жанг қилиб ётишибди. А сиз кимникига?
— Башилованикига.
— Биламан, — извошчи мамнун, орқасига қайрилиб гапирабошлади. – Ольга Андреевнаникига, Андрей Петрович дўхтирнинг қизи. Ўткан қиш Москвадан келувди, отасининг уйига жойлашувди. Андрей Петровичнинг ўзи икки йил бурун оламдан ўтувди, уйлари эса…
Файтон силкиниб, йўлнинг ўнқир-чўнқирига тушиб-чиқди.
— Кўзингга қара, — маслаҳатомуз деди Кузьмин, — орқада нима гап бор?
— Йўл ростданам… – ғулдиради извошчи. – Кундуз куни ростданам
қўрқиб юрасан. Кечаси бўлса фарқи йўқ. Кечаси ўйдим-чуқурлар кўринмайди.
Извошчи жим бўлиб қолди. Кузьмин чекатуриб ўзини файтоннинг ичкарисига олди. Файтоннинг “том”ида ёмғир ноғора чалади. Узоқдан итлар ҳуради. Шивитнинг, ҳўл деворларнинг, дарё рутубатининг иси анқийди. “Соат бир бўлиб қолди-ёв”, — ўйлади Кузьмин. Худди шу замон чинданам қўнғироқхонадан дарз еган қўнғироқнинг бир марталик зарби эшитилди.
“Бутун таътилни шу ерда ўтказсанг, — ўйлаб кетди Кузьмин. – Битта ҳавонинг ўзи ҳаммасини жойига туширади, ярадорликдан колганн асоратлардан асар ҳам қолмайди. Боққа қараган бир хонани ижарага олсанг. Шундақанги тунларда деразани ланг очиб, ўранволсанг-да, ёмғирнинг қариқизга шартиллаб урилишини эшити-иб ётсанг”.
— Сиз уларнинг эрлари эмасмисиз? – сўради извошчи.
Кузьмин гапирмади. Извошчи бу ҳарбий одам эшитмади деб ўйлади-ю, лекин қайтиб сўрашга ботинмади. “Эрилиги аниқ, — ўзича мулоҳаза қилди извошчи. – Одамлар бўлса ғийбат қилишади, у эрини урушгачаёқ ташлаб кетган эмиш. Ёлғонни тўқиб-бичишаркан-да”.
— Уҳ, шайтон! – қичқирди извошчи ва тизгин билан озғин отни қамчилади. – Нима, сенинг ҳусну жамолингни томоша қиламизми!
“Пароходнинг кечикиши, ярим тунда келиши… – қандайдир бемаънилик… – ҳамон ўйлаб борарди Кузьмин. – Нега Башилов – унинг палатадоши Кузьминнинг Наволокидан ўтиб кетишини билгандан кейин хатни хотинига шахсан ўз қўли билан топширишни илтимос қилди? Энди бўлса одамларни бемаҳал уйғотишга тўғри келади. Худо билсин, улар нима деб ўйлашади?”
Башилов баланд бўйли, майнавозчиликни яхши кўрадиган одам эди; у кўп, айни пайтда мириқиб гапирар, бирон-бир ўткир гап қилишдан олдин ўзи сас чиқармай узоқ куларди. Армиядан олдин у кинорежиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган; ҳар оқшом палатадагиларга машҳур фильмлар ҳақида эринмай гапириб берарди. Ярадорлар Башиловнинг ҳикояларини жон қулоқлари билан тинглашар, унинг қувваи ҳофизасига қойил қолишарди. Башилов одамларга, воқеа-ҳодисаларга, китобларга муносабатда жуда кескин ва қайсар бўлиб, эътироз билдиргувчиларни майна қиларди. У одамларнинг устидан шундай айёрона – имо-ишораю, ҳазил-ҳузул билан кулардики, нишондаги одам бир-икки соат ўтгачгина майна қилинганини билиб қолар ва заҳарханда бир жавоб ўйлаганда аллақачон вақт ўтган бўларди.
Жўнашидан бир кун олдин Башилов хотинига ёзилган мактубни тутқазар экан, Кузьмин биринчи марта унинг чеҳрасида паришон бир табассумни илғади. Туни билан эса Башиловнинг каравотда тўлғангани, бурнини қоққани эшитилиб ётди. “Балким у мен ўйлаганчалик қуруқ одам эмасдир, — ўйлади Кузьмин. – Мана, кўз ёши ҳам қиляпти чоғи. Демак, севади. Жуда қаттиқ севади”.
Эртасига Башилов куни билан Кузьминнинг атрофида айланиб, бир нарсани аниқламоқчидай кўз қири билан кузатиб юрди, зобитча сувдонини ҳадя қилди, нақ жўнаш олдидан эса Башилов яшириб юрган бир шиша винони икковлашиб отиб олишди.
— Нега менга бунақа қарайсиз? – сўради шунда Кузьмин.
— Сиз яхши одамсиз-да, майор, — деди жавобан Башилов. – Сиздан ажойиб рассом чиқарди, азизим.
— Мен топографман. Топографлар ҳам аслида мусаввирдай гап.
— Қандай қилиб?
— Дайдиб юради-да, — муҳмал жавоб қилди Кузьмин.
— “Қувғинди, дайдилар ҳамда шоирлар, — истеҳзоли тарзда ифодали ўқий бошлади Башилов, — орзулари осмон эрди-ю, аммо охир-оқибатда ҳеч ким бўлишди”.
— Кимнинг шеъри бу?
— Волошиндан. Гап бунда эмас. Сизга ҳасад қиляпман – сизга термулишимнинг сабаби шунда. Бор гап шу.
— Нимага ҳасад қиляпсиз?
Башилов стаканни айлантирди, ўзини стулнинг суянчиғига ташлаб, илжайди. Улар госпиталь коридори тўридаги тўқима столча атрофида ўтиришарди. Дераза ортида шамол ниҳолларни эгиб-букар, япроқларда ғувиллар, чанг-ғуборларни уфурар; дарё тарафдан шаҳарга томон қоп-қора булутлар сузиб келарди.
— Нимага ҳасад қиламан? – такрорлади Башилов; у шундай деб қип-қизил қўлини Кузьминнинг қўллари устига қўйди. – Ҳамма нарсага. Ҳатто қўлингизга ҳам.
— Ҳеч нарса тушунмаяпман, — Кузьмин шундай дея қўлини оҳиста тортиб олди. Башиловнинг муздек қўли унга ёқимсиз туюлиб кетди. Лекин Башилов буни сезиб қолмасин деб Кузьмин вино идишига қўл узатди ва қуя бошлади.
— Тушунмайсиз-да! – жавоб берди Башилов сал қизишиб. Бирпас жим турди, кейин кўзларини ерга тикиб давом этди: — Кошкийди сизнинг ўрнингизда бўлиб қолсам! Умуман олганда эса буларнинг бари чепуха! Икки кундан кейин сиз Наволокида бўласиз. Ольга Андреевнани кўрасиз. У сизнинг қўлларингизни сиқади. Мана, нимага ҳасад қиляпман. Энди тушунгандирсиз?
— Нималар деяпсиз! – бироз гангиб сўз қотди Кузьмин. – Ўзингиз ҳам хотинингизни ҳадемай кўрасиз-ку.
— У менга хотин эмас! – кескин жавоб қайтарди Башилов. – “Завжангиз” демадингиз ҳам яхши.
— Узр-узр…- ғулдиради Кузьмин.
— У менга хотин эмас! – яна кескин гапирди Башилов. – У – мен учун бутун борлиқ! Менинг бори ҳаётим. Ҳай, бу ҳақда бўлар энди.
У ўрнидан турди ва Кузьминга қўлини узатди:
— Хайр. Мендан хафа бўлманг. Мен ҳам ҳамма қатори… ёмон одам эмасман.
Енгил арава кўтарма кўприкка чиқди. Қоронғулик қуюқлашди. Ёмғир қари толларда бўғиқ шовуллар, япроқлардан оқиб тушар; от тош терилган кўприкда туёқларини тўқиллатиб борарди.
“Чинданам узоқ экан!” – чуқур нафас олди Кузьмин ва извошчига:
— Мени уй олдида кутиб турасан, — деди. – Қайтиб пристанга обориб қўясан…
— Маъқул, — дарҳол рози бўлди изошчи ва ўйлади: “Йўқ, афтидан, эрига ўхшамайди. Эри бўлганда бир-икки кун қоларди. Афтидан, бегона бўлса керак”.
Тош йўл бошланди. Енгил арава силкиниб, темир “оёқча”лари зириллай бошлади. Извошчи аравани йўл ёқасига бурди. Ғилдираклар энди ҳўл қумда ғириллаб айлана кетди. Кузьминни яна хаёл олиб қочди.
Мана, Башилов унга ҳасад қилди. Албатта, ҳеч қанақанги ҳасад йўқ. Шунчаки Башилов бу сўзни ноўрин ишлатди. Башилов билан бўлиб ўтган с уҳбатдан кейин Кузьмин госпиталь деразаси олдида ўтириб, билъакс, Башиловга ҳасад қила бошлади. “Яна ўша бўлмағур сўзми?” – энди Кузьмин ўзи ҳақида алам билан шундай ўйлади. Йўқ,у ҳасад қилган эмас. Шунчаки уни ўкинч чулғади. Шундайки, мана, қирққа ҳам кириб қўйди, аммо ҳозиргача Башиловникидай ишқ савдосига гирифтор бўлгани йўқ. У ҳамма вақт ёлғиз.
“Тун, ҳувиллаган боғларда ёмғир шовиллайди, бегона шаҳарча, ўтлоқлардан туман оқиб келади – шундай қилиб умр ҳам ўтиб кетади”, — негадир Кузьмин мана шундай ўйлар сурмоқда эди.
Негадир уни яна шу ерда қолиб кетиш истаги чулғаб олди. У эшик олдидаги пиллапояларидан дарёнинг нарёғидаги ўтлоқлар, кенг-мўл тепаликлар, паромлардаги пичан ортилган аравалар кўриниб турадиган рус шаҳарчаларини яхши кўрарди. Бу яхши кўриш унинг ўзини ҳам ҳайрон қолдирарди. У жанубда денгизчи оиласида катта бўлган. Отасидан унга қидирувларга, жуғрофий хариталарга, дайдиларча кезиб юришга иштиёқ мерос бўлиб ўтган. Шунинг учун ҳам у топографликни танлади. Шундай бўлса ҳам Кузьмин бу касбни тасодифан танлаганман, деб ҳисоблар; башарти, бошқа даврда туғилганда овчи ёхуд янги ерларни очувчилардан бўлурди. Унга ўзи ҳақида шундай ўйлаш ёқар, аммо бу хато ўйлов эди. Чунки унинг фитратида ўшандай одамларга хос бўлган ҳеч нарса йўқ эди. Кузьмин – уятчан ва юмшоқтабиат киши. Сочларининг сал-пал оқарганига қарамай, ҳеч ким бу озғин ва пастбўйли зобитни ўттиздан ошган демасди.
Ниҳоят, файтон қоп-қоронғу шаҳарчага кириб келди. Биргина уйда – дорихона бўлса керак – шиша эшик ортида кўм-кўк чироқ ёниб турарди. Кўча тоққа қараб кетган эди. Извошчи отга осонроқ бўлсин деб эгардан тушди. Кузьмин ҳам тушди. У файтондан бироз орқада қолиб юриб бораркан, дафъатан ўз ҳаётининг буткул ажабтовурлигини ўйлаб кетди. “Қаердаман мен? – ўйлади у. – Қандайдир Наволоки, овлоқ бир жой, отнинг тақасидан учқунлар отилади. Шу ерларда, қайдадир яқин атрофда нотаниш аёл бор. Тунда унга муҳим – жа-а хушнуд қилмайдиган ҳам бўлса керак – мактубни топшириш лозим. Икки ой олдин эса жанггоҳда эдим, Польша, кенг ва сокин Висла… Қандайдир ғалати! Ёмон ҳам эмас.”
Тоғ тугади. Извошчи ён кўчага қайрилди. Булутлар тарқалди, юксакдаги зулматистоннинг у ер-бу ерида юлдуз чақнар, кўлмакларда чарақлаганча, яна ўчарди.
Арава болохонали уй олдида тўхтади.
— Келдик, — деди извошчи. – Қўнғироқ эшикнинг ўнг тарафида.
Кузьмин пайпаслаб қўнғироқнинг ёғоч дастагини топиб тортди, аммо ҳеч қандай жаранглаш эшитилмади – занглаган сим ғижирлаб қўйди, холос.
— Қаттиқроқ тортинг! – деди извошчи.
Кузьмин дастакни яна силталади. Уйнинг ичкарисида қўнғироқ жаранглади. Аммо уй ҳалиям жимжит – афтидан, ҳеч ким уйғонмади.
— О-о-оҳ! – ҳомуза тортди извошчи. – Ёмғирли кечаларда тошдай қотиб ухлашади-да.
Кузьмин бирпас кутиб, яна қаттиқроқ чалди. Ёғоч даҳлизда оёқ товуши эшитилди. Кимдир эшикка яқин келиб тўхтади, қулоқ солиб турди-ю, норозиланиб сўради:
— Кимсизлар? Нима керак сизларга?
Кузьмин жавоб бермоқчи эди, лекин извошчи олдинроқ гапириб қолди:
— Эшикни оч, Марфа. Ольга Андреевнани сўроқлаб келишган. Фронтдан.
— Фронтдан ким келган? – эшик ортидан яна қўрсроқ товуш эшитилди. – Биз ҳеч кимни кутиб ўтирганимиз йўқ.
— Кутмаган бўлсанглар ҳам сизга келишди!
Мезбон эшикнинг ички ҳалқасини туширмай салгина очди. Кузьмин қоронғуликда туриб кимлигини ва нима мақсадда келганини айтди.
— Ё тавба! – деди эшик ортидаги аёл қўрқув билан. – Овора бўлибсиз-да! Ҳозир очиб юбораман. Ольга Андреевна ухлаяпти. Сизлар кираверинглар, мен уйғотиб чиқаман.
Эшик очилди ва Кузьмин қоронғу йўлакка кирди.
— Пиллапоя мана бу ёқда, — огоҳлантирди аёл бу сафар юмшоқроқ қилиб. – Шундай тунда келганингизни қаранг-а! Шошманг, бирор ёғингизни уриб оласиз. Ҳозир чироқни ёқиб юбораман, тунда бизга электр беришмайди.
Аёл кетди, Кузьмин эса йўлакда туриб қолди. Ичкари хонадан чойнинг ҳиди ва яна аллақандай майин хуш бўй уфурар эди. Йўлакка чиқиб келган мушук тунги меҳмоннинг оёқларига суйкалди, миёвлади ва худдики Кузьминни орқасидан чорлаган каби қоронғу хонага кириб кетди. Ярим очиқ эшикдан липиллаган шуъла кўринди.
— Марҳамат қилсинлар.
Кузьмин хонага кирди, аёл эҳтиром ила сўрашди. Бу – қорамтир юзли, бўйи баланд кекса аёл эди. Кузьмин сас чиқармасликка тиришиб, шинели ва фуражкасини ечиб эшик яқинидаги кийим илгичга илди.
— Ташвишланманг, барибир Ольга Андреевнани уйғотишга тўғри келади, — жилмайиб қўйди кампир.
— Пароходнинг гудоги эшитиладими бу ерга? – шивирлаб сўради Кузьмин яна.
— Эшитилади, отагинам. Жудаям яхши эшитилади. Оловга келдингизми дейман, бунча шошиласиз! Марҳамат, буёққа – диванга маҳамат қилинг.
Кампир яна кетди. Кузьмин ёғоч суянчиқли диванда тебраниб ўтириб, папирос чека бошлади. У ҳаяжонланар ва тушуниксиз бу ҳаяжон аччиғини ҳам чиқармоқда эди. Уни ғалати бир ҳис – қоқ тунда нотаниш бир уйга, нотаниш кимсаларнинг сирру синоатларга кўмилган ҳаётига кириб қолганда туғиладиган бир ҳис чулғаб олди; бу ҳаёт стол устида унутиб қолдирилган, қандайдир олтмиш бешинчи саҳифасига келиб қолган китоб каби очиқ ётади. Китобга қарайсан ва унинг нима ҳақда эканлигини билгинг келади…
Стол устида ростдан ҳам очиқ қолдирилган китоб бор эди. Кузьмин ўрнидан турди ва энгашганча, эшик ортидан келаётган шошилинч қадам товушлари ҳамда кўйлакнинг шитирлашига қулоқ тутиб, кўпдан унутилган мисраларни ичида ўқиди:
Имкони бор имконсизликнинг,
Мушкул эмас йўллар ҳам у чоқ
Олислардан кўринса агар
Рўмол аро бир қиё нигоҳ.
Кузьмин бошини кўтариб атрофга кўз югуртирди. Иссиққина пастак бу хона унда яна шу шаҳарчада қолиш истагини қўзғади. Бундай уйлар – устида осма чироқ ёқилган столи билан, ўша чироқнинг жилосиз қалпоғи билан, хаста қизалоқнинг тўшаги ёнидаги ит тасвирланган картина устига осилган буғу шохи билан хос равишда шинам ва дилтортар бўлади. Бундай уйларда ҳамма нарса урфдан қолган, унутилган, бу ҳол ҳатто кишида кулги уйғотади.
Бутун дови-дастгоҳлар, ҳатто қирмизранг чиғаноқдан қилинган кулдон ҳам осуда ва узоқ ҳаётдан дарак бериб турардики, Кузьмин яна шу ерда қолиб кетиш ҳақида ўйлади. Шу ерда қолиб кетсанг, кўҳна уй соҳиблари сингари меҳнат ва ҳордиқ, қиш ва ёз, ёмғирли ва серқуёш кунлар аро бамайлихотир яшайверсанг, қандай яхши!
Айни пайтда бу кўҳна буюмлар ичида бошқа нарсалар ҳам бор эди. Стол устида мойчечак, ёввойи четан каби дала гулларидан тузилган гулдаста бўлиб, ёнидаги пичоқ ва гулларнинг кесиб ташланган бандларига қараганда, уларни яқиндагина дасталашганини эҳтимол қилиш мумкин. Гулдастанинг ёнида Блокнинг “Узоқ йўллар мушкул ҳам эмас” китоби очиқ қолдирилган. Рояль узра – печакранг расм альбом устида аёлларнинг кичкина қора шляпаси; мутлақо кўҳна эмас, замонавий шляпа ётибди. Стол устида бепарво ташлаб кетилган никель дастали жажжи қўлсоат; чиқилламасдан ишлаётган бу соат бир яримни кўрсатиб турибди. Ва маҳзун, хусусан, мана шундай ярим тунда маҳзун туюладиган атир бўйлари…
Деразанинг битта тавақаси очиқ. Бегония ўстирилган гултувак ортидан деразадан тушган хира ёруғда настариннинг ҳўл навдаси ялтираб кўринади. Қоронғуликда ёмғир майин шитирлайди. Оғир томчилар тунука новларга тақиллаб урилади.
Кузьмин мана шу тақиллашга қулоқ тутиб турди. Худди шу маҳалда – қоқ тунда, бир неча дақиқадан сўнг жўнаб кетиб, минбаъд ҳеч қачон қайтиб келмайдиган ёт бир хонадонда – унинг хаёлига асрлар давомида одамларни изтиробга солиб келган бир ўй – ўтган дақиқаларнинг ҳеч қачон қайтиб келмаслиги ҳақидаги ўй келди. “Қарияпман шекилли”, — ўйлади Кузьмин ва шу асно ортига ўгирилди. Остонада қора кўйлак кийган ёш аёл турарди. Аёлнинг нари-бери турмакланган сочи унинг меҳмон олдига чиқишга шошилганидан далолат қиларди. Бир тутам соч аёлнинг елкаларига тушиб ётар, у кўзларини меҳмондан узмаёқ хижолатли табассум билан соч тутамини кўтариб, тўғнаб қўйди. Кузьмин аёлга таъзим қилди.
— Маъзур тутинг, — аёл шундай деб қўлини Кузьминга узатди. – Сизни куттириб қўйдим.
— Ольга Андреевна Башилова сизмисиз?
— Ҳа, менман.
Кузьмин аёлга қарар экан, унинг навқиронлиги ва кўзларидаги чуқур, бироз ҳасратли ифодадан ҳайратга тушди. Безовта қилгани учун узр сўраб, кителининг чўнтагидан Башиловнинг мактубини олди ва аёлга узатди. Аёл мактубни олиб, миннатдорчилик билдирди ва ўқимаёқ рояль устига қўйиб қўйди.
— Нимага тикка турибмиз! Ўтиринг. Бу ёққа, столга келинг, бу ер ёруғроқ.
Кузьмин стол атрофига ўтириб, чекишга ижозат сўради.
— Чекаверинг, бемалол. Эҳтимол, мен ҳам чекарман.
Кузьмин унга папирос узатди, гугурт чақди. Папиросни ўт олдирар экан, чақилган гугурт шуъласида аёлнинг сердиққат юзлари, бежирим манглайи Кузьминга танишдай туюлди.
Ольга Андреевна мехмоннинг рўпарасига ўтирди. Кузьмин у ҳозир саволларга кўмиб ташлайди, деб ўйлаган эди, аммо аёл ҳеч нарса демай, деразага қараб ўтирар – ташқарида ҳамон ёмғир бир маромда шовилларди.
— Марфуша, — деди бир пайт Ольга Андреевна ортига ўгирилиб, — азизам, самоварни қўйиб юбор.
— Қўйсангиз-чи, — безовталаниб куйди Кузьмин. – Менинг ишим шошилинч. Кўчада извошчи кутиб ўтирибди. Сизга хатни етказиш топширилган менга. Сизга … эрингиз ҳақида баъзи бир нарсаларни айтишим керак…
— Нимани ҳам гапирардингиз! – Ольга Андреевна шундай деб дасталанган гуллар ичидан мойчечакни чиқариб олди ва унинг гулбаргларини шафқатсизларча юла бошлади. – Тирик экан, шунисига ҳам шукур.
Кузьмин индамади.
— Шошилаверманг, — деди Ольга Андреевна худдики эски қадрдонига гапиргандай. — Гудок бу ерга эшитилади. Пароход тонг отмасдан кетмайди.
— Нима учун?
— Наволокидан қуйироқда, — қўшни уйдан туриб деди Марфа, — дарёнинг саёз жойи бор. У ердан тунда ўтиш хавфли. Шунинг учун ҳам капитанлар тонг отишини кутиб туришади.
— Тўғри, — мақуллади Ольга Андреевна. – Агар шаҳар боғи орқали борилса, пристангача пиёда чорак соатлик йўл. Мен сизни кузатиб қўяман. Извошчига жавоб бериб юборинг. Сизни ким олиб келди, Василийми?
— Бунисини билмадим, — жилмайди Кузьмин.
— Уларни Тимофей олиб келди, — яна эшик ортидан деди Марфа. Унинг самоварни гувиллатиб қайнатаётгани эшитилиб турарди. – Ҳеч бўлмаса чой ичиб олинг. “Келди-ю кетди” деганларидек…
Кузьмин рози бўлди, эшикка чиқиб извошчига йўл ҳақини тўлади. Извошчи эса дарров кета қолмади, отнинг атрофида ғимирлаб, абзалини тўғрилаган бўлди.
Кузьмин қайтиб кирганда дастурхон тузалган, дастурхонга зарҳал гардишли кўҳна мовий чиноқ пиёлалар, қайноқ сут солинган кўза, асал ва бир шиша очилган вино қўйилган эди. Марфа самоварни олиб кирди. Ольга Андреевна бечораҳол меҳмондорчилик учун узр сўраркан, Москвага қайтиб кетмоқчилигини, ҳозирча эса Наволоки шаҳар кутубхонасида ишлаб турганини айтди. Кузьмин эса ҳамон у қачон Башилов ҳақида сўраркан деб кутар, аммо аёл бу ҳақда оғиз очмасди. Бундан эса Кузьмин батарроқ хижолат бўлди. Аслида у Башилов билан хотини орасида қандайдир келишмовчилик борлигини госпиталдаёқ сезган эди. Энди эса, аёл хатни ўқимаёқ рояль устига ташлаб қўйганидан кейин бунга қатъий ишонч ҳосил қилди ва унга ўзи Башилов олдидаги қарзини узмагандай, бу хол учун узи айбдордай туюлди. “У хатни кейинроқ ўқийди, бу аниқ” деб ўйлади у. Аммо бир нарса кундай равшан эди: Башилов шунчалик катта маъно юклаган ва Кузьминни бемаҳалда бу уйга бошлаб келган мактубнинг бу ерда ҳеч бир зарурати ҳам, қизиғи ҳам йўқ эди. Алалоқибат, Кузьмин Башиловга ҳеч қандай ёрдам беролмади ва ўзини ноқулай вазиятга солиб қўйди, холос. Ольга Андреевна худди буни сезгандай:
— Ташвишланманг, — деди. – Почта бор, телеграф бор, билмадим, сизни безовта қилиш нимага керак экан.
— Безовтаси борми? – деди жавобан Кузьмин тезгина. Бирпас сукут қилгач, қўшиб қўйди: — Аксинча, бу жуда яхши бўлди.
— Нима яхши бўлди?
Кузмин қизаринди.
— Нима яхши бўлди? – қайтиб сўради баландроқ овозда Ольга Андреевна. Шундай дея у Кузьминга қаради. Худдики Кузьминнинг ўйларини ўқимоқчидай синчков, жавоб кутиб тикилди. Аммо Кузьмин ҳеч нарса демади.
— Хўш, нимаси яхши? – яна қайтиб сўради аёл.
— Нима десам экан… – ўйлаб туриб жавоб қилди Кузьмин. – Бу алоҳида суҳбат мавзуи. Биз интикиб кутган ҳодисалар ҳаётимизда жуда оз марта содир бўлади. Бошқаларда қандай билмадиму, мен ўзимдан келиб чиқиб айтяпман. Ҳамма яхши нарсалар нуқул ёнгинангдан шувллаб ўтади-кетади. Тушуняпсизми?
— Унчаям эмас, — Ольга Андреевна қовоғини уйди.
— Сизга қандай тушунтирсам экан, — деди Кузьмин ўзидан жаҳли чиқиб. – Сизда ҳам шундай бўлган бўлса керак. Вагон деразасидан бирдан қайинзордаги ялангликни кўриб қоласиз, кузги мезонлар қуёшли осмонда ялтираб ётади. Шунда сизни юриб кетаётган поезддан сакраб тушмоқ ва шу ялангликда қолиб кетмоқ истаги чулғаб олади. Поезд ўтиб кетаверади. Сиз эса вагон ойнасидан бошингизни чиқариб, ортга – аллақаёқларга чопиб кетаётган ўрмонлар, ўтлоқлар, тойчоқлар, тупроқ йўлларга қарайсиз, элас-элас товушларни эшитасиз. Нима жаранглаётганини билиб бўлмайди. Ким билади дейсиз, ўрмондир, ҳаводир… Балки, телеграф симлари гувиллар. Эҳтимол, юриб кетаётган поезд туфайли рельслар овоз чиқарар. Шундай, ҳаммаси зумда ўтиб кетади, аммо булар бари бир умр хотирада муҳрланиб қолади.
Кузьмин жимиб қолди. Ольга Андревна унга бир стакан вино узатди.
— Мен ҳаётда, — деди Кузьмин қизариб – ўзи ҳақида гапиришга тўғри келганда у ҳамиша ана шундай қизарарди, — ҳамма вақт ана шундай оддий, лекин кутилмаган нарсаларни кутиб яшайман. Шунақасига дуч келиб қолсам, ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Узоқ бўлмаса-да, бахтиёр сезаман.
— Ҳозир ҳам шундайми? – сўради Ольга Андреевна.
— Ҳа!
Ольга Андреевна кўзларини олиб қочди.
— Нима учун? – сўради у яна.
— Аниқ айтолмайман. Шунақа бир туйғу бор, холос. Мен Вислада ярадор бўлдим, госпиталда ётдим. Ҳаммага хатлар келар эди, фақат менга келмасди. Шунчаки менга хат ёзадиган кишининг ўзи йўқ. Госпиталда ётиб, ҳаммага ўхшаб урушдан кейинги ҳаётим ҳақида ўйлар эдим. Ҳаётим бахтиёр ва ҳеч кимникига ўхшамаган бўлади, деб ўйлардим, албатта. Тузалганимдан кейин менга таътил беришди. Борадиган шаҳарни ҳам тайин қилишди.
— Қайси шаҳар?
Кузьмин шаҳарнинг номини айтди. Ольга Андреевна ҳеч нарса демади.
— Пароходга ўтирдим. Қирғоқдаги қишлоқлар, пристанлар… Меъдага урган ёлғизлик ҳисси… Худо ҳаққи, мени шикоят қиляпти деб ўйламанг тағин. Ёлғизликнинг ҳам яхши томонлари кўп. Кейин Наволокига келдим. Қўрқардимки, ухлаб қолиб Наволокидан ўтиб кетмай деб. Қоқ тунда палубага чиқиб, ўйланиб қолдим: қандай ғалати-я, бутун Русияни қоплаб олган бу баҳайбат зулматда, қаердадир ёмғирли осмон остида минглаб хилма-хил одамлар осойишта ухлаб ётишибди. Кейин извош ёллаб бу ёққа келдим, кимни учратаркинман, деб ўйладим.
— Барибир айтмадингиз, сиз нимадан бахтиёрсиз? – яна сўради Ольга Анреевна.
— Шундай… – бирдан ўзига келди Кузьмин. – Умуман олганда, яхши.
У жимиб қолди.
— Нима, ахир! Айтинг!
— Нимани айтай? Шусиз ҳам кўп ортиқча валдираб қўйдим.
— Ҳаммасини айтинг, — деди Ольга Андреевна. У Кузьминнинг охирги гапини эшитмагандай эди. – Нимани хоҳласангиз, шуни гапиринг, — қўшиб қўйди у. – Буларнинг ҳаммаси қандайдир ғалати.
У ўрнидан туриб, дераза томонга борди, пардани очиб юборди. Ёмғир ҳамон ёғарди.
— Нима ғалати?
— Бу ёмғир! – Ольга Андревна шундай деб Кузьминга ўгирилди. – Бу учрашув. Бизнинг тунги бу суҳбатимиз – буларнинг ҳаммаси ғалати эмасми?
Кузьмин хижолат бўлиб, жим қолди. Дераза ортидаги намчил қоронғулик қўйнида, тоғлар этагида, қаердадир пароход гудок берди.
— Нимаям қилардик, — енгил тортгандай сўз қотди Ольга Андреевна. – мана, гудок ҳам беришди.
Кузьмин турди, Ольга Андреевна эса қимир этмади.
— Бирпас шошманг, — деди у оҳиста. – Сафар олдидан бир ўтирайлик, худди қадим замонлардагидек.
Кузьмин қайтиб ўтирди. Ольга Андреевна ҳам ўтирди, ўйланиб қолди, у ҳатто Кузьминдан юзини ўгириб олди. Кузьмин унинг баланд елкаларига, энсасида турмаклаб қўйилган оғир соч ўримига, нафис бўйнига қараб туриб, хаёлига шундай ўй келди: Башилов бўлмаганда, бу шаҳардан ҳеч қаёққа кетмасди, таътилнинг охиригача шу ерда қолар ва тўлқинланиб, ёнгинасида мана шундай дилбар, маъюсдан-маъюс бир аёл борлигини ҳис этиб яшаган бўларди.
Ольга Андреевна турди. Кичиккина даҳлизда Кузьмин унга плашини кийишга ёрдамлашиб юборди. У бошига рўмолини ўради.
Улар кўчага чиқдилар, қоронғу кўчадан жимгина юриб кетишди.
— Ҳадемай тонг отади, — деди Ольга Андреевна.
Дарё ортида намчил осмон кўкариб кўринарди. Кузьмин Ольга Андреевнанинг қалтираётганини сезди.
— Совуқ қотяпсизми? – ташвиш билан сўради Кузьмин. – Кузатишга беҳуда чиқдингиз. Йўлни ўзим топиб олардим.
— Йўқ, беҳуда эмас, — мухтасар жавоб қилди Ольга Андреевна.
Ёмғир тўхтаган, аммо томлардан ҳамон томчилар тушар ва тахтадан қилинган йўлакда тақиллар эди. Кўчанинг адоғида шаҳар боғи ястанган. Эшикча очиқ, унинг ортидан дарҳол бўм-бўш, қаровсиз хиёбон бошланарди. Боғда ҳамон тунги салқин ҳоким, нам тупроқ ҳиди анқийди. Бу боғ кўҳна, баланд жўка дарахтлари қорайиб кетган эди. Жўка дарахтлари гуллаб бўлган, майин ҳид таратишади. Салгина шамол қўзғалиши билан бутун боғ худди шаррос жала қуйиб, дарҳол тўхтагандай шовиллаб кетди. Боғ тугаган жойда дарё буйидаги жарлик бор, жарликнинг нарёғида эса ёмғирда ювилганча тонгни қаршилаётган ялангликлар, пастда бакенларнинг хира шуъласи, туман, ёзги ёғингарчиликнинг бутун ҳузуни…
— Пастга қандай қилиб тушамиз? — сўради Кузьмин.
— Бу ёққа юринг!
Ольга Андреевна сўқмоқ бўйлаб жарликка тўғри бурилди ва қоп-қоронғу қуйиликка қўйилган ёғоч пиллапояга яқин келди.
— Қўлингизни беринг, бу ерда чириган поғоналари кўп.
Кузьмин унга қўлини узатди, икковлашиб эҳтиёткорлик билан туша бошладилар. Зинанинг поғонлари орасидан ўсган ўтлар ёмғирдан жиққа ҳўл эди. Улар зинанинг охирги поғонасида тўхтаб қолишди. Пристань ҳам, пароходнинг яшил-қизил алангаси ҳам кўриниб турарди. Буғ вишиллади. Кузьминнинг юраги увишиб кетди: мана, ҳозир бу нотаниш ва айни пайтда шу қадар яқин бўлган аёл билан ажрашади-ю, унга ҳеч нарса демайди – ҳеч нарса! Ҳатто унга йўлида дуч келгани, қўлқопи ҳўл бўлган кичкина ва чайир қўлларини бергани, уни эски пиллапоядан оҳиста олиб тушгани ва ҳар сафар осилиб тушган ҳўл шохларга юзини уриб олиш эҳтимолидан огоҳлантириб “бошингизни эгинг” дегани учун миннатдорчилик ҳам изҳор қилолмайди – аёл ҳар сафар шудай деганда Кузьмин бошини итоаткорлик билан эгиб олганди.
— Шу ерда хайрлашамиз, — деди Ольга Андреевна. – У ёғига мен бормайман.
Кузьмин аёлга қаради. Рўмол остидан унга ҳаяжонли ва сипо кўзлар боқиб турарди. Наҳотки, мана ҳозир – худди шу дақиқаларда ҳаммаси ўтмишга ва бунинг ҳам, унинг ҳам ҳаётидаги энг маҳзун хотиралардан бирига айланса?
Ольга Андреевна қўлини Кузьминга узатди. Кузьмин бу қўлларни ўпар экан, димоғига яна ўша – қоронғу хонада, ёмғирнинг шовиллаши остида туйган ўша атир бўйи урилди.
У бошини кўтараркан, Ольга Андреевна нимадир деди, аммо у бу сўзларни шунчалик оҳиста айтдики, Кузьмин эшитолмай қолди. Унга шундай туюлдики, аёл фақат биргина сўз деди: “Беҳуда…” Эҳтимол, у яна бирор нима дегандир, аммо дарё тарафдан пароходнинг рутубатли тонгдан, ўзининг ёмғир ва туманлараро кечаётган дайдиларча ҳаётидан шикоят қилгансумол жаҳл билан пишқиргани эшитилди.
Кузьмин қирғоққа қарамасдан, югуриб чипта ва қатрон ҳиди анқиб турган пристанга ўтди, пароходга кирди ва шу заҳотиёқ бўм-бўш палубага чиқди. Пароходнинг ғилдираклари секин айланиб, қирғоқдан узилди. Кузьмин пароходнинг қуйруғига ўтиб, жарлик томонга – пиллапояга қаради: Ольга Андреевна ҳалиям ўша ердайди. Кун ёришган, разм солиб қараш ноқулай эди. Кузьмин қўлини кўтарди, бироқ Ольга Андреевна жавоб қилмади.
Пароход тобора узоқлашар экан, қумлоқ соҳилга узун-узун тўлқинларни ҳайдар, бакенларни тебратар, қирғоқ бўйида ўсган толларнинг навдалари эса пароход ғилдиракларининг зарбига шошилинч шовиллаб жавоб қайтаришарди.
Нодира Афоқова таржимаси