Мен бу ерга мана шу арзимаган хат туфайли келиб қолдим, бунинг сабаби у жуда кўп нарсаларни эслатиб юборган эди. Агар жавондаги эски китобларга тегмаганимдами, ҳеч нарса ўзгармас, ҳаётим одатдагидек беғалва, тинч ва бир маромда давом этаверарди. Шунча китобга қарашнинг ўзи бўладими, кўзим тушди, дегунча эртагаёқ бошлайман, ҳаммасини тушириб, чангини артаман, тартибга келтираман, дея ният қилар эдим-у бироқ қаёқда, сира бошлаёлмасдим, баҳона битта – қўлим тегмади: иш кўпайиб кетди, ҳолбуки, асли сабаби битта – эринчоқлик! Бежиз айтишмаган экан, қолган ишга қор ёғар деб. Начора, насиб қилгани бугун экан, нонуштадан кейиноқ бир чеккадан иш бошладим. Очиғи, баъзи китобларни, айниқса, энг юқори қатордагиларни қачон қўлимга олиб, варақлаб кўрганимни ҳам эслаёлмайман, шунинг учун кутилмаганда ҳар хил керакли-кераксиз нарсалар чиқиб қолса, ажабланиб ўтирмадим. Бир пайт ўша, юқори қатордаги китобларни олиб, нам латта билан чангларини артиб, битталаб столга тап-тап ураётганимда муқовалари қуруқшаб, моғорлай бошлаган, устига ёзилган номи хира тортиб, ўқиш қийин бир аҳволга келган ҳажман каттароқ китоб саҳифалари орасидан бир вараққина хат ерга учиб тушди. Китоб чинданам жуда эскирган: варақлари сарғайиб, четлари хазон япроқларидай қовжираб, вақт ўтиши билан илвираб кетган эди – қўлимга олганимдаёқ, кафтимга, билагимга сариқ-кўкимтир қоғоз қийқимлари билан чарм муқовасига битилган тилла ҳалли ёзувдан йилтироқ кукунлар тўкилди ва ажабо: дастлаб болалик чоғимда тушларимга кирган париларнинг, кейинчалик ўнгимда, балет томошаларида кўрганим, новдадек эгилувчан, нозик раққосаларнинг беибо либосларидан таралган ёрқин, ялтироқ нуқралар ёдимга тушди.
Бу болалигимда мен яхши кўрган, севиб ўқийдиган китоблардан бири бўлиб – балки бошқалар учун ҳам шундайдир – унда ибратли ва ўта мароқли саргузаштлар қаламга олинган ва мен бу фусункор қиссаларни ўқиб беришаётганида шунчалар таъсирланар эдимки, беихтиёр катталардан биронтасининг тиззасига ўтириб олиб, улардан қайта-қайта: “Нега шундай бўлди?” деб сўрагим келаверарди.
Нималар бўлиб ўтмасди бу қиссаларда! Ношукур ва кўрнамак йигитчалар фарзандлик бурчини унутишар, ёш-ёш бокира қизларни шайтонга дарс берадиган фирибгарлар ўғирлаб кетиб бадном қилишар, соҳибжамол қизлар ота-оналарининг бағридан қочиб кетиб, охири туғилган гўшаларига шармисор бўлиб қайтиб келишар, маъсума қизлар ота-оналарини муҳтожлик ва хор-зорликдан сақлаб қолиш учун бадавлат, пулдор чолларга эрга тегишарди… “Нега бунақа бўлди?” деб сўрардим такрор ва такрор. Бироқ жавобларни эслаёлмайман.
Мана сизга, шу китобнинг унниқиб кетган варақлари орасидан Амиламиянинг ёш болаларга хос ўйинқароқлик билан йирик ҳарфларда: “Ўзийни ўртоғийни эсингдан чиқарма ва шу расимга қараб меникини топиб ке”, деб бир замонлар ёзган хати учиб тушди.
Қоғознинг орқа томонида эса қуйидагича “харита” чизилган эди: Х ҳарфидан бошланган сўқмоқ йўл, афтидан, у бир замонлар мен – мактаб ҳаётининг зерикарли, диққинафас ва бир зайлда ўтишидан норози бўлиб юрадиган ғўргина йигитча пайтим дарсларни унутиб китоб ўқиб ўтирадиган боғдаги ўриндиқни билдирса керак. Ўша кезлар мен қўлдан қўймай ўқиётган китобларни худди ўзим ёзгандек туюларди. Айтинг-чи, ўша пайтда денгиз қароқчилари, қирол чопарлари ҳамда Жанубий Америка ўрмонлари оралаб оққан тошқин дарёдан юк ортилган эшкакли қайиқларни олиб ўтган мендан-да ёш, ўтюрак болалар ҳақидаги қиссалар мутлақо нотаниш, бизларга бегона одамлар тасаввурининг самараси экани ҳақида фикр юрита олармидим?!
Мен берилиб кетганимдан, дали дунёимни унутар ва дастлабки пайтда ҳатто енгил қадам товушлари келиб орқамда тўхтаб қолганини ҳам сезмасдим. Бу шағал тўшалган йўлкадан югуриб келган Амиламиянинг оёқ товушлари бўларди… Агар кунларнинг бирида шўхлиги тутиб, қоқиўт момиғи билан қулоғимни қитиқламаганида, мен ўтирган скамейка ёнида яна қанчагача шу ҳол давом этарди, билмадим. Ўшанда шартта ўгирилиб қарасам, у лунжини кулгили тарзда шишириб, қошларини чимириб олганча қоқиўтни пуфлаяпти.
Эсимда, Амиламия жуда жиддий қиёфада, катта ёшдаги аёлларга хос вазминлик билан менинг исмимни сўраб олганди, лекин ўзининг исмини сўраганимда илжайиб, айтгиси келмагандай сузилиб, кўзларимга узоқ термилиб, кейин айтган эди. Танишганимиздан сўнг кўп ўтмай мен Амиламиянинг ёшига муносиб соддалик ҳамда катталарга хос одоб ва сиполик билан, аксар ҳолларда ёш болалар нотаниш одамлар даврасида ёки бировларнинг уйларига борганларида ўзларини қандай тутсалар, ўзини худди шундай тутишини сезиб қолдим. Ажабланарли жиҳати, Амиламиянинг болаларга хос бўлмаган мана шу жиддийлиги туғма фазилатдек таассурот қолдирар, билъакс онда-сонда жунбишга келадиган ўйинқароқлиги ва шўх-шаддодлиги эса нима учундир сохта ва ғайритабиийдек туюларди…
Мен Амиламиянинг сиймосини кўз олдимда тўлиқ гавдалантириш учун у ҳақдаги хотираларимни изчил, кунма-кун тикламоқчи бўламан. Лекин ҳайронман, нега Амиламияни аслида қандоқ бўлса, шундайлигича кўз олдимга келтиргим келмаяпти? Ахир у тиниб-тинчимас, сарсари, ҳаётдаги ҳамма нарсага қизиқувчан, серҳаракат эди-ку, нега мен уни альбомдаги эски фотосуратдек руҳсиз, жонсиз ҳолатда эсламоқчи бўлаяпман?
Амиламия анча узоқда, йўнғичқанинг гулини эслатувчи бинафша рангда товланаётган кўл узра, тепаликдан менинг ардоқли масканим – скамейка турган ўтлоққа тушиб келаяпти. Бамисли нур ва сояларнинг нозик товланиши сарҳадларидаги рўё… Югуриб кетаётиб Амиламия бирдан тўхтайди-ю, оқ юбкасининг этаклари елпиғичдай ёйилиб майда гулли лозими, лозимининг энли ипак боғичлари кўзни қувонтиради, ним табассумга мойил лаблари, шамолдан қисилган кўзларида қувонч ёшлари шабнам каби йилтирайди… Унинг ёнига тезроқ боришим учун эвкалипт дарахти остида ўзини йиғлаётганга солиб ўтирган Амиламия… Амиламия қўлидаги гулнинг оппоқ гулбаргларини юлиб ўтлоқда ётибди; ҳолбуки, бунақа гуллар истироҳат боғида ўсмас, кейинчалик аён бўлдики, улар Амиламияларнинг ҳовлисида ўсар экан, шунинг учун фартугининг биттаю битта чўнтаги доим оқ гулбарглар билан тўла бўлар эди. Мен китоб ўқиб ўтирибман, Амиламия скамейканинг темир суянчиғини ушлаб олганча кўкиш кўзлари билан синчков назар солиб турибди; эсимда, у ҳеч қачон нима китоб ўқиётганимни сўрамасди-ю, лекин мана шу тахлит туришида қўлимдаги китоб туфайли кўнглимда кечаётган зиддиятли, мен қониқмаган ёки қониққан лавҳалар, воқеа-ҳодисалардан огоҳ бўларди гўё. Амиламия гул-гул очилиб, ўзини кулгидан тўхтатолмаяпти – мен уни белидан қучиб кўтариб олганча, ҳавода чир айлантиряпман, унга бу шунчалик ёқаяптики, назарида, бамисли ана ҳозир қушлар каби учиб кетади-ю, дунёнинг гултожига айланади… Амиламия ярим ўгирилган кўйи хаёлчан кўзларида болаларга хос бўлмаган ҳайрат ила тикилганча, нозик кафтини беозор силкитиб хайрлашаяпти. Амиламияни менинг скамейкам ёнида турли-туман ҳолатларда кўрар эдим. Мана у кафтларига таяниб оёқларини осмонга қилиб турибди: шамолда гулли лозими пуфакка ўхшаб кулгили тарзда шишган. Ана у иягини кўксига босганча, шағал тўшалган йўлкада тиззаларини қучиб ўтирибди… Чалқанча ётиб олган Амиламия яланғоч қорнини офтобда тоблаяпти… Амиламия новдалардан бир нималар ясаяпти, ёмғирда юмшаган ерга чўп билан аллақандай ҳайвонлар расмини чизаяпти, яшил скамейканинг темир симларини ялаяпти, қуриёзган сершох дарахтларнинг тошдек қотган пўстлоғини ҳафсала билан синдириб тушираяпти, ана у қуёш қиздириб ботаётган уфққа термилиб қараяпти, кўзлари ярим юмуқ, қандайдир ғамгин қўшиқни хиргойи қилаяпти, қушларнинг овозига тақлидан товуқ бўлиб қоқолаяпти, кулгили тарзда ангиллаяпти, миёвлаяпти… Мен учунмиди бу қилиқлари унинг? Тасдиқлашга ҳам, инкор этишга ҳам ожизман. Мен боримда доим шундай қилган бўлса, назаримда, ёлғиз қолганда ҳам шундай қилар эди.
Бу қиз ҳақида мана шунақа узуқ-юлуқ, тарқоқ хотиралар қолган хаёлимда, чунки мен унга, асосан – лўппи ёноқлари, гоҳ етилган жавдар бошоқлари, гоҳ қоврилган каштан ёнғоғи тусида товланувчи силлиқ сочларига – китоб ўқишдан чарчаган пайтларимдагина эътиборимни қаратар эдим. Ҳозир яхлит бир манзара ҳосил қилиш учун узуқ-юлуқ хотираларимни бир ипга маржон янглиғ тизар эканман, бир нарсани аниқ тушунаман – ўша пайтларда Амиламия менинг болалик хаёлларим билан китоб туфайли ёлғиз менга тегишли ва ёлғиз ўзим учун инкишоф этган оламга раҳна солар экан.
У пайтда мен бу ҳақда ўйламасдим, ўқиётган китобимдаги қимматбаҳо маржон сотиб олиш учун кийимларини ўзгартириб олган гўзал қиз-жувонлар ҳақида ширин хаёллар суришдан бўлак ташвишим йўқ эди. Ундан ташқари, яна аллақандай – аёл деса аёл эмас, самандар деса самандарга ўхшамас бўлиқ, оппоқ кўкраклари сийнабандларидан кўпчиб чиқиб турган, яланғоч қоринлари юмшоқ (бу манзаралардан менинг нафсим ором оларди) – афсонавий мавжудотларнинг хумор кўзлари сузилиб, ҳукмдорларни дабдабали ётоқда кутиб ётганлари бот-бот тушларимга кирарди.
Шу тариқа Амиламияга нисбатан бефарқлигим барҳам топиб, аста-секин, киши билмас равишда унга, унинг қилиқлари: ногоҳ мени йўқлаб қолишлари, шаддодлик ва куракда турмайдиган одатлари, гоҳо бирдан беписанд муомала қилишларига кўника бордим, фақат кейинроқ, бир қанча вақт ўтгандан сўнггина кўнглимда бу тутуриқсиз ва ғайритабиий яқинликка барҳам бериш фикри уйғонган эди. Кунлардан бир куни – мен унда ўн тўрт ёшда эдим – бу етти яшар қиздан қаттиқ жаҳлим чиқди ва шу-шу ундан кўнглим қолди. Ҳолбуки, у менинг юрагимдан ҳали жой олишга улгурмаган, шунчаки яқин ўртоқдек юрар эдик. Аслида мен Амиламияга юмшоқ феълим – кўнгилчанлигим туфайли боғланиб қолгандим, шекилли.
У билан қўл ушлашиб ям-яшил ўтлоқда елиб-югуриб юрган эдик. Биргаликда қарағай шохларини силкитиб, дувиллаб тўкилган ёнғоқларни терганимизда Амиламия фартугининг чўнтагини тўлдириб олар эди. У билан биргаликда қоғоздан жажжигина қайиқчалар ясаб, сувга оқизар, кейин хурсанд қийқирганча канал ёқалаб, кемачалар ортидан юрагимиз бир олам қувончдан энтикиб югурардик. Ўша куни кечки пайт тепалик ёнбағридан шамолдек елиб тушаётганимизда – бирдан тепалик этагига етай, деб қолганимизда, иккаламиз ўмбалоқ ошиб йиқилдик – бир вақт қарасам, Амиламия устимда ётибди, соч толалари оғзимга тиқилиб қолган, қайноқ нафаси қулоғимга урилади, конфет шираси ёпишган қўллари бўйнимдан қучиб олган… Қоним қайнаб, қаттиқ итариб юборибман, Амиламия ағдарилиб тушди. У лат еган тиззасини тирсаги билан силаб, йиғлаб юборди, мен ҳеч нарса бўлмагандек ўрнимдан турдим-да, яшил скамейкага бориб ўтирдим.
Кўп ўтмай Амиламия кетди. Эртасига учрашганимизда индамай қўлимга тўрт букланган бир варақ қоғоз тутқазди-да, қандайдир қувноқ бир қўшиқни хиргойи қилганча қарағайзор томон югурди. Мен нима қилишимни билмай хатни йиртиб ташласамми ёки китоб орасига солиб қўйсамми, дея иккиланиб турардим… Ўшанда янглишмасам, “Ака-ука Гримм эртаклари”ни ўқиётган эдим. Қаранг-а, шу Амиламия, деб яна болаларга ёзилган китоблар билан андармон бўлиб ўтирсам!
Шу-шу боғда унинг қорасини кўрмадим. Бир неча кундан сўнг, ёзги таътил бошланиб, мен дам олгани жўнаб кетдим, қайтиб келгач эса бошқа коллежга ўтиб, ўқишни давом эттирдим. Ўшандан бери у билан бир марта ҳам кўришмадик.
Мана бугун хаёл кўзгусида гўзал, дилхоҳ кўрингани билан аслида бегона, ўта аянчли ва таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетган нарсаларнинг ҳаммасидан юз ўгиришга тайёр кайфиятда унутилаёзган боғ аро борар эканман, эвкалиптлар ҳамда қарағайлар олдида бир дам тўхтаб қоламан. Бу дарахтзор шунчалик кичикмиди, тавба! Ахир у хотираларимда беҳад улкан, тасаввур қилолмайдиган даражада катта эмасмиди?! Мишель Строгов, Гекльберри Финн, Винтер хоним, Женевьева, Брабантскаяларнинг шу ерда дунёга келиб, шу ерда ошларини ошаб, ёшларини яшаганларига ким ишонади? Яккам-дуккам, қари, бужмайган, беўхшов дарахтлар, атрофи занглаган темир панжара билан ўралган боғнинг яшил скамейкадан бошқа кўзни қувонтирадиган нимаси бор? У ҳам бўлса, ўша пайтларда ёлғиз мен учун азиз ва табаррук бўлгани сабабли ҳозир аҳамият касб этяпти, шекилли. Тепалик-чи?.. Амиламия, наҳотки, ҳар куни шу тепаликдан менинг ёнимга тушиб келарди?! Биз қўл ушлашиб шамолдек елиб тушган тик қиялик қани? Ахир бу бор-йўғи, майсалар билан қопланган оддийгина дўнглик-ку! Ўжар хотираларимда у қандай қилиб бу қадар виқорли ва фусункор кўринишда қолган – ўзим ҳам ҳайронман.
“… шу расимга қараб меникини топип ке”. Демак, биринчи бўлиб боғни кесиб ўтиш керак, кейин дарахтзордан ўтгач, тепаликдан ўн-ўн беш одим тушиб, ёнғоқ бутазори орқали борилса – Амиламия мана шу ерда оқ гулбарглар йиққан бўлса керак – эшиги ғижирлаб очилиб-ёпиладиган уйга рўпара бўласан ва ногаҳон бир нарса иложсиз ёдингга тушади, ўша болаликнинг беғубор кунларида шаҳар шовқини тугул, ҳар тарафдан ёпирилаётган ҳуштак товушлари, қўнғироқ жаранги, моторнинг тариллаши, одамларнинг бақир-чақири, сўкинишлари, карнайларнинг бўғиқ “наъра”си жўр бўлиб қулоқни қоматга келтираётганидан сен ва Амиламия қандай қилиб қутулганларинг, улардан фориғ бўлганларингни минг уринганинг билан эслолмайсан. Бир томонда тинч, осойишта боғ, иккинчи томонда асабий, дилтанг шаҳар. Қай бирида яшаш қулайроқ? Ўша оҳанрабо сеҳри қаерда қолди ҳозир?
Мен светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутиб тураман-да, йўл ҳаракатини бир томондан тўхтатиб турган қизил чироқдан кўз узмай, кўчанинг нариги тарафига юраман. Бехавотир йўлкага ўтиб олгач, Амиламия чизган “харита”ни яна бир карра синчиклаб кўздан кечириб чиқаман. Ё тавба, ношудона чизилган мана шу “харита” аслини олганда, менга айни чоғда йўл кўрсатаётган ўша оҳанрабо шекилли?! Бу мулоҳазадан мен довдираб қоламан. Сермавж сувлар каби оқиб кетган ёшлик йилларимдан кейин, менинг ҳаётим қаттиқ интизом ўзанига тушиб қолганди. Мана энди, ёшим 29 га чиққанида, мен – имтиёзли диплом соҳиби, дурустгина маош олиб, бинойидек лавозимни эгаллаб турган, котибалар билан донлашиб юриш жонига теккан, шаҳар ташқарисига чиқиш ёки пляжга бориш деса энсаси қотадиган, рўзғор ва оила ташвишларидан озод бўйдоқ – бир замонлар китоблар, боғ ва Амиламия сингари ҳаётимнинг мазмунбахш обидаларидан ҳозир мосуво бўлиб ўтирибман.
Мен файзсиз, пастак уйлардан иборат кўча бўйлаб шошилмасдан борардим. Энига чўзилган панжарали деразалари-ю оғир, бесўнақай эшикларининг бўёқлари кўчиб, бир-бирига мингашиб кетган бу уйлар одамда мунгли бир таассурот қолдирарди. Бир хил, зерикарли манзара юракни сиқади, худди бу кўчада ҳаёт тўхтаб қолгандек туюлади, фақат унда-бунда эшитилаётган товушлар кўнгилга озгина бўлсин енгиллик бахш этади… Деворлар ортида болалар ўйнаяпти. Уларнинг эрка овозларига монанд енгил мусиқа қулоғимга элас-элас чалиниб қолади. Мен дафъатан овозларни яхшироқ илғаш учун тўхтаб, девор ёнига яқинлашаман ва ажабо, кўнглимга шу қўшиқ айтаётган бола-бақра орасида Амиламия ҳам бордир, деган гап оралайди. Дарҳақиқат, бу шумтака қиз чинданам пешайвондаги турникка оёқлари билан осилиб олганча, шўхлик қилаётган бўлса-чи?! Беихтиёр унинг фартуги чўнтагидан оппоқ гулбарглар тўкилаётгани кўз олдимга келади…
…Мен биринчи марта йигирма икки яшар сеньоритани кўз олдимга келтирмоқчи бўламан-да, кулимсираб қўяман: агар у ҳалиям қоғозда белгилаб чизган уйда яшаётган бўлса, менинг хотираларим устидан кулса керак, менимча, боғда бирга ўйнаган пайтларимиз унинг эсидан ҳам чиқиб кетгандир.
Оддийгина уй. Катта эшик, панжара ўрнатилиб ичкарисидан қопқалар билан ёпиб қўйилган иккита дераза. Иморат унчалик баланд эмас, тепа қисмига эски услубда нақшинкор панжара ўрнатилганки, у текис томни бегона кўзлардан яширади, томда эса уй-рўзғорга тегишли буюмлар: кийим-кечак, қуритиш учун арқон тортиб қўйилган, захира сув тўлдирилган баҳайбат ёғоч бочка, хизматкор учун бошпана ҳамда қуш асрайдиган катак кўзга чалинади. Қўнғироқ тугмасини босишдан аввал, ҳар хил хомхаёлларни кўнглимдан чиқариб юбормоқчи бўлиб пайсалланаман. Бўлмаган гап! Бу ерда Амиламия йўқ! Нега энди битта уйда ўн беш йил яшаши керак экан, у – яшамайди.
Амиламия ёшига нисбатан дадилроқ ва қандайдир ҳовлиқмароқ эканига қарамай, ўзига тўқ хонадонда яхши тарбия топган қиздек таассурот қолдирарди. Бу маҳалла бутунлай путурдан кетиб, аввалги салобатли кўркидан асар қолмаган бўлса, Амиламиянинг оиласи нима барака топади бу ерда, ҳар ҳолда бошқа ерга кўчиб ўтишган бўлса керак! Янги кўчиб келган уй эгалари қаерда истиқомат қилишаётганини билишар, ўлдими.
Қўнғироқ тугмасини босиб, индамай кутаман. Жимжит, жавоб йўқ. Яна қўнғироқ чаламан. Вой тавба, шуниси етмай турувди: уйда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Энди нима қилдим? Қайтиб кетсам, биламан, ёшлигимдаги ўртоғимни яна қидириб келишим даргумон. Нима қилай? Бошим қотади. Яна қайтадан болаликда яхши кўрган китобим ичидан Амиламиянинг хати тушишидан умидвор бўлиш тентакликдан бошқа нарса эмас. Агар кетворсам, яна бошим билан ишга шўнғийман, тамомила тасодифлиги бўлмаганида, бунақа арзимас, бунинг устига ўткинчи воқеани унутиб юборсам керак.
Шу хаёллар билан яна қўнғироқ чаламан. Эшикка қулоғимни босиб, нафасимни ичимга ютиб кутаман… ва бирдан ҳайратга тушаман: эшик ортидан кимнингдир хириллагани, ҳарс-ҳарс нафас олиб, хўрсингани эшитилади, шу билан бирга, эшик тирқишларидан туриб қолган тамакининг ачқимтил ҳиди келади.
– Ҳорманглар. Бир нарсани сўрамоқчи эдим, агар малол келмаса…
Менинг овозимни эшитган ичкаридаги одам эшик олдидан оғир қадамлар билан нари кетади. Мен ҳовлиқиб тугмачани қайта-қайта босаман-да, энди ҳеч нарсадан андиша қилмай бақираман:
– Ким у? Очинг эшикни! Нега индамайсиз? Нима бало, қулоғингиз том битганми?
Ҳеч қандай жавоб йўқ. Қўнғироқ тугмасини яна, бу сафар бор кучим билан босаман, лекин уринишларим зое кетади. Зора шундай қилсам ёрдам берар, деб эшикдан узоқлашаман, зиғирдай тирқишларига тикиламанки, бирон нарса сезсам, деб. Орқага тисарилиб боравераман, кўзларим берк, бамисли тилсимлаб қўйилган эшикда, бир вақт ўзим ҳам сезмаган ҳолда тош кўчага чиқай, деб қолибман. Қўрқув тўла чинқирган овоздан сергак тортаман, худди шу дамда, қулоқни қоматга келтириб гудок овози янграйди. Кутилмаган ҳолдан довдираб қолганимга қарамай, мени муқаррар фалокатдан асраб қолган овоз эгасини излаб аланглайман, бироқ мендан узоқлашиб бораётган автомобилдан бошқа нарса кўринмайди, ана шунда, нима учундир жон ҳолатда симёғочни қучоқлаб оламан, қўрққанимдан эмас, йиқилиб тушмаслик учун – оёқларим қалтираб, бирдан шалвираб қолгани учун.
Ҳа, мана ўша уй, Амиламия истиқомат қилган уй. Панжара билан тўсилган томда арқондаги ювилган кийим-кечак шамолда ҳилпирайди. У ерда нималар осилган – кўйлакларми, иштон-лозимларми, камзулларми – нима фарқи бор? Бирдан темир тўсиндан оқ деворга қоқилган чангакка қадар тортилган узун арқонда, қисқич билан қадаб қўйилган, бир умр кўз олдимдан кетмайдиган катакли фартукка кўзим тушади.
Кўчмас мулкни рўйхатга оладиган бўлимдагилар мен қизиқаётган уй-жой ижарага одам қўядиган аллақандай сеньор Р.Вальдивиага қарашли эканини айтишди. Ҳозир кимга топширган у ерни, деган саволимга жавоб беролмай елка қисишди. Ўша сеньор Вальдивиа ким ўзи? Уларнинг ҳужжатида сармоядор, деб ёзилган экан. Қаерда яшайди ўзи? “Сиз ўзингиз ким бўласиз?” деб сўради сеньорита энсаси қотгандек. Иш пачава. Демак қаердадир қовун туширдим шекилли. Келаётганимда уларга мартабали, дасти узун сеньор сифатида таъсир қиламан, деб ўйлагандим. Начора, алағ-чалағ тушлардан кейин тонгга қадар бедор ўтириб чиққаним таъсир қилибди-да. Сеньор Вальдивиа… Мен ҳардамхаёл, фаромуш ҳолда кўчага чиқаман, ҳатто шу онда қуёш ҳам асабимга тегарди. Хунобим ошиб, қуёшнинг тандирдек қиздираётган нурларидан нарироқ бўлиш учун салқин, серсоя боққа йўл оламан. Жазирама иссиқ бир баҳона, аслида, очиғини айтсам, менга эшикни очишни ҳам истамаган уйда Амиламия яшаяптими, йўқми – шуни аниқлай олмаганимнинг аламидан шундай қилаётган эдим. Шу восвос, тинчимни ўғирлаган кўнгилсиз ўй-хаёллардан тезроқ қутулсам бўларди, деб ўйлаш, шунга ҳаракат қилиш хаёлимга ҳам келмасди. Томда чўнтаги доимо оқ гулбарглар билан тўла бўладиган ўша фартук осилиб турган бўлса нима қипти, бу дегани мен ўн тўрт-ўн беш йил муқаддам танишган етти яшар қизча ҳалиям ўша уйда яшаяпти, дегани эмас-ку! Унинг қизиникидир балки?! Бўлиши мумкин! Йигирма икки ёшга чиққан Амиламия фарзанд кўргандир – фарзанди қиз боладир, унга бир замонлар ўзи яхши кўрган ўйинчоқлардан олиб бергандир, шунақа кийимлар кийдириб қўйгандир, эҳтимол (ким билади яна?!), ўша болалиги ўтган боғда қизини ўйнатиб юрар?! Шу хаёллар оғушида уйга яқинлашаман ва қўнғироқ тугмасини босиб кутиб тураман. Лекин эшик ортидан хириллаган товуш келмади, йўқ, бироздан сўнг эшик очилди-да, остонада эллик ёшлардаги аёл пайдо бўлди. У оқарган сочларини бир боғлам қилиб турмаклаб олган, бошдан-оёқ қора кийимда, елкасига қора шол рўмол ташлаб олган эди. Унинг ўзига қарамай қўйгани сезилиб турар, аёл бамисоли ёшлик орзу-ҳавасларидан аллақачон воз кечганга ўхшар, менга қадалган кўзлари ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлган одамнинг кўзлари каби ҳиссиз ва совуқ боқар эди.
– Келинг, хизмат?
– Мени сеньор Вальдивиа юборди. – Мен томоқ қириб, сочимни бармоқларим билан тараб қўяман. Чарм папка кўтариб олсам бўларкан, ролимни қойилмақом ижро этишимга ёрдам берарди.
– Вальдивиа? – деб сўрайди аёл бепарволик билан.
– Ҳа, Вальдивиа, шу уйнинг эгаси…
Тавба, бу одамови аёлнинг жонсиз юзига қараб, бирон нимани билиб олиш мумкинмикан?! Синовчан нигоҳи одамнинг ичидагини билиб олмоқчидек тикиларди.
– Ҳа-я, бўлди. Уйнинг эгаси…
– Кирсак бўладими?
Янглишмасам, бачкана комедияларда, сайёр суғуртачилар бирон хонадонга борганида уй эгалари эшикни тарақ эткизиб ёпиб олмасларидан аввалроқ “лип” этиб оёқларини остонага қўйиб олишга шошардилар, шекилли. Мен худди ўшаларга ўхшаб иш тутаман… Ўзини четга олиб сеньора мени ичкарига – хизматкорларга уй-жой ўрнини босиши мумкин бўлган бостирмага таклиф этади. Мен қаршимдаги бўёқлари ўнгиб кетган яхлит ойнаванд ёғоч эшик сари юраман ва йўлакай олдинда кетаётган сеньорадан сўрайман:
– Шу томонгами?
Сеньора бош қимирлатиб тасдиқлаётган чоқда, кун кўрмаган оппоқ қўлларида доналарини тинмай ўтказаётган эски тасбеҳга кўзим тушади. Бунақа тасбеҳни бир замонлар, болалагимда кўрган эдим, рости, шу фикримни жон-дилим билан унга айтган бўлардим, бироқ у эшикни шунақаям силтаб, куч билан тортиб очдики, азбаройи Худо, бунақа ҳеч кимга кераги йўқ гапни айтиш истагидан ўша заҳоти воз кечақолдим. Олдинма-кетин энсиз, узун хонага кириб борамиз, сеньора кира солиб дераза қопқаларини очиб ташлайди, бироқ шунга қарамай, хона ёришмайди, деразалар олдига қўйилган катта-катта тўртта чинни гултувакдаги шохлаб кетган ўсимлик ташқаридан кираётган ёруғликни тўсиб қўяди. Хона деярли бўш: тўқима суянчиқли қадимий юмшоқ диван билан тебранма курсидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Аммо мени бу ўсимликлар ҳам, хонада жавонларнинг йўқлиги ҳам қизиқтирмайди. Аёл менга диванни таклиф этади, ўзи эса тебранма курсига ўтиради.
– Сеньор Вальдивиа сизни кўргани келолмагани учун узрини айтиб юборди.
Аёл киприк қоқмай менга тикилади. Мен диванда очиқ ҳолда қолдирилган кўнгилочар журналга кўз қиримни ташлайман.
– Сизга салом деб юборди…
Мен бу гапим сеньорага қандай таъсир қилганини аниқлаш мақсадида, индамай унга тикиламан, бироқ у бир туки ўзгармасдан курсида чайқалиб ўтираверади. Журнал қизил қалам билан бўлса керак, ажи-бужи қилиб чизиб ташланган.
– Сизни озгина безовта қилишга мажбур бўлаётганидан хижолат чекаяпти. Кўп эмас, узоғи билан икки-уч кун…
Мен хонага бошдан-оёқ кўз югуртириб чиқаман.
– Уйнинг нархини белгилаш учун ер майдонини ўлчаш лозим экан… Афтидан, ўлчашмаганига ҳам анча бўлибди… Сиз қачондан бери яшайсиз бу ерда?
Ана холос! Анави тебранма курси тагида ётган қалам эмас, лаб бўёқ экан. Сеньора мийиғида кулимсираб қўяди, мен унинг кўнглидагини тасбеҳни оҳиста, беозоргина силаб-силаб қўяётган бармоқларининг ҳаракатидан сезаман, юзларида деярли зуҳр этмаётган истеҳзоли табассумни айнан бармоқлари фош этарди.
Яна сукут сақлаш, оғзига талқон солгандек индамаслик бу сафар узоқроқ давом этади.
– …ўн беш йилдан ошди шекилли?
Ақалли бош қимирлатса ёки қовоғини уюб олса-чи! Ҳечқиси йўқ… Майли… Лекин унинг гезарган, ингичка лабларида қизил лаб бўёқдан асар ҳам йўқ-ку!
– …сиз, эрингиз ҳамда…
Аёл менга тикилиб қолади, афти-ангоридаги ифодалар ўша-ўша бўлгани билан кўзларида “…хўш, яна нима…” дегандек кишининг жиғига тегадиган бир ифода яширин эди.
У тасбеҳини ўгирганича, мен ундан кўз узмай бир неча дақиқа жим қоламиз. Охири мен тиззамга таяниб ўрнимдан тураман.
– Хўп, бўлмаса, ҳали кечга томон ҳужжатлар билан келарман.
Сеньора маъқуллагандек бош қимирлатади, ерда ётган лаб бўёқни олади, журнални эса ола солиб шол рўмоли остига яширади.
* * *
Кечки пайт. Ҳаммаси жойида. Мени гўё эски тахталарнинг яроқли-яроқсизлиги, уйнинг умумий майдони ростдан ҳам қизиқтираётгандек бир нималарни дафтарга қайд этиб қўяётганимда, сеньора тасбеҳ ўгириб ўша тебранма курсида ўтирарди. Залдаги нарсаларни бир амаллаб қайд этиб бўлгач, аёлдан бошқа хоналарга олиб боришини сўрайман. У узун қўллари билан тебранма курсининг суянчиғига таяниб туради, қоқ суяк елкасига ташлаб олган шол рўмолини тузатган бўлади. Сўнг бориб жимжимадор ойнали эшикни ланг очади-да, биз жавонлар бошқа уйлардагига нисбатан каттароқ емакхонага кириб борамиз. Бироқ у ердаги темир оёқли стол билан ўриндиқларига клеёнка қопланган ялтироқ тўртта стул тебранма курси билан эски дивандан ҳам хароб эди. Панжара билан тўсилган деразадан тушаётган ёруғлик ҳар ҳолда токчасиз, тахмонсиз шип-шийдам деворли бу хонани озми-кўпми ёритса керак. Столда ёлғиз бир бош кишмиш билан тепасида йирик-йирик пашша ғўнғиллаб учаётган икки дона шафтоли солинган битта пластмасса мевадон бор эди. Сеньора қўлларини кўксида қовуштириб мендан орқароқда тўхтайди. Унинг афт-башараси ҳамон ўша-ўша – қилча ўзгариш йўқ, пинагини бузмайди, тавба. Дадилроқ бўлиш керакка ўхшайди, чунки бу аҳволда хонама-хона изғишдан фойда йўқ, мен билишни истаётган нарсани бу йўл билан тополмаслигим аниқ.
– Чордоқни ҳам бир қараб чиқсак, нима дейсиз? – деб
сўрайман– У ердан туриб умумий яшаш майдонини чамалаб аниқлаш осон бўлса керак?
Сеньоранинг кўзлари ним қоронғу хонада совуқ йилтирайди.
– Нима кераги бор? – дейди у, қулт этиб ютинаркан. – Сеньор… Вальдивиа яхши биладилар қанчалигини…
Уй эгасининг номини тилга олаётганидаги талмовсираши – сеньоранинг нимадандир хижолат бўлаётганидан дарак берар, гапларидаги истеҳзо, пичинг эса ўзини ҳимоя қилишга уринишдан бошқа нарса эмасди.
– Ишонмайман, – мен жилмайишга уринаман. – Тепадан бошлаганим маъқул эди… – ясама табассум лабларимдан учади. – Пастдан бошлагандан кўра.
– Йўқ, сиз менинг айтганимни қилсангиз яхши бўлади, – дейди дона-дона қилиб сеньора. Бўйнига осилган катта кумуш бут кўкрагидан пастроқда, қорнига тушиб турарди.
Бу ғира-шира қоронғулик қўйнида менинг ҳар битта саъй-ҳаракатим тутуриқсиз экани, умуман ҳеч нимани ҳал қилмаслиги, қолаверса, ишончли чиқмаётганини сезиб кулиб юборишдан аранг ўзимни тияман. Мен шартта-шартта дафтарни очаман-да, бош кўтармай хаёлимга келган нарсаларни, рақамларни ёзиб ташлайман, ёзаётган чоғимда, юзим қизиб, оғзим қуриб бораётганидан сезаманки, менинг найрангим ўтмайди. Катак дафтарнинг битта варағини бўлар-бўлмас белгилар, квадрат илдизлар, формулалар билан тўлдириб бўлгач, ўзимга ўзим савол бераман: тўғридан-тўғри Амиламия ҳақида сўрашимга нима монеълик қилаяпти? Ҳеч нима! Бироқ кўнглим сезаяптики, бу йўл билан тўлиқ жавоб олган тақдиримда ҳам, ростини билолмайман. Бу қилтириқ ва индамас шеригим шу қадар бедаво эдики, азбаройи кўча-кўйда рўпарамдан чиқиб қолса қайрилиб қарашдан ор қилардим,бироқ арзон ва эски жавонлар билан жиҳозланган кимсасиз уйда у энди кўчаларда биров менсимайдиган, муҳтож ва ўксик аёл эмас, балки қандайдир тилсимлар сандиғининг калити қўлида бўлган ҳокима эди.
Мантиқсизликнинг табиати шунақа! Ҳамонки Амиламияни хотирлаганим тасаввур қилишга хоҳиш, майл уйғотдими – бўлди, мен бу йўлдан қайтмайман, содда ва равшан бўладими, ҳамма биладиган ё ҳар куни такрорланиб турадиган бўладими – тасбеҳ кўтарган аёл мендан ҳар қанча яширмасин, тагига етмай қўймайман. Балки мен бу назокатли, аммо ўлгудек қашшанг сеньорани йўл қўйиб бўлмайдиган даражада ҳайратга солаётгандирман? Эҳтимол… Лекин ўзим ўйлаб топган чигал уйдирмалардан мендан бошқа ким ҳузур қилиши мумкин? Пашшалар ҳамон мевадон узра ғўнғиллаб, шафтолининг эзилган ёки кимдир беозоргина тишлаган – мен гўё ёзув-чизув ишларига берилган кимсадек сездирмайгина столга яқинлашаман – заха ерига қўнади. Сеньорага қарийб аҳамият ҳам бермайман, ҳисоб-китоб билан банд одамдек тутаман ўзимни.Яхшилаб қараган одам шафтолининг қўлга олмай тишланганини сезади. Мен столга кафтимни тираб энгашаман, бўйнимни чўзиб қўл билан ушламаган ҳолда ўзим ҳам яна тикланмоқчи бўламан. Энгашганимни биламан, оёғимнинг ёнгинасида янги изларга – нари-бери бўялган полда икки қатор, баайни резина ғилдирак изларини эслатувчи қорамтир тасмаларга кўзим тушади. Бу излар столнинг нариги чеккасига бориб, у ёғига сезилар-сезилмас алфозда хонанинг ичкарисига чўзилиб кетганди…
Мен дафтарни тапиллатиб ёпаман:
– Давом этамизми, сеньора?
Во ажаб! Ҳозиргина стулда ўтирган аёл энди стул суянчиғига билаги билан таяниб турибди, стулда эса тамакининг ўткир тутуни кириб, йўталаётган қадди дол, сўқир кўзлари бир нуқтада қотган кимса ўтирарди: унинг шишинқираган, серажин, салқиган қовоқларининг қаърига чўккан кўзлари жуда хунук, бироз жирканч ва қўрқинчли эди, шунга қарамасдан, менинг ҳар битта ҳаракатимни кузатаётгани, кўздан кўздан қочирмай ўтиргани сезилиб турарди. Ажин тилишлаб ташлаган, чала-чулпа қиртишланган лунжи қуруқшаб, осилиб тушган, яшил-кулранг кафтлари одамнинг қўлига ўхшамасди. Унинг чигал, иркит сочлари кўкимтир пўпанак босган минг йиллик сандиқ тубини эслатарди. У қилт этмай ўтирар, тирик экани фақатгина хириллаб, тўхтаб-тўхтаб нафас олишидан сезиларди. Бу ўша кўча эшик орқасидан эшитилган аянчли ҳарсиллаган товуш эди.
Мен ғўлдираб саломлашган бўламан, ўзимча ва ҳаммасини – Амиламиясини ҳам, ҳисоб-китобини ҳам, полдаги ғилдирак излари-ю жумбоқлигича қолаётган нарса борки, барига қўл силтаб, шу оннинг ўзида қочиб қолиш пайига тушаман. Зотан, бу кўксов чол пайдо бўлишининг ўзиёқ шуни тақозо этарди. Мен, “Саломатмисиз”, дейман яна ва бу сафар хайрлашгандек чиқади овозим. Чолнинг тошбақага ўхшаган афт-башараси истеҳзоли тиришади, худди резинкадан ёки чириб, ранги ўнгиб кетган клеёнкадан ясалган, дейсиз. Лекин саксовул шохини эслатувчи қўл мени тўхтатиб қолади.
– Вальдивианинг қазо қилганига тўрт йил бўлди, – деди у бўғиқ, сўлғин ва хириллаган овозда.
Мен бирдан ўткир тирноқли чангалга тушган ҳуркак жонивор янглиғ тақдирга тан бераман, бу ёғига муғомбирликни давом эттиришнинг фойдаси ҳам, ҳожати ҳам йўқ. Мум ва чириган резинкадан бўлган башаралар чурқ этмай менга юзланишган, шу важдан ҳеч нарсага қарамасдан ётиб қолгунча отиб қол, қабилида ўзимни соддаликка оламан-да оғзимдан беихтиёр бир сўз отилиб чиқади:
– Амиламия!..
Бўлди! Энди ҳеч ким ўзини гўлликка солмайди. Елкамга қуриган шох-шаббадек ботиб оғритаётган бармоқларнинг кучи бир неча сонияга етади, холос, сўнгра аста-секин бўшашиб, кучи қирқилади ва гўё жонсиз бўлиб қолади-да, ожизона қалтираб, сеньоранинг мумдан ясалган қўлларини излайди, шунча вақтдан бери ўзини тутиб турган сеньора эсанкираб қолганини яширолмай йиғлаб юборади, лекин ҳар қанча титраб-қақшаб, хўрлиги келиб ҳиқ-ҳиқ йиғламасин, тўниб қолган юзига михланган қатъиятли ифодага путур етмайди. Ана холос! Буни қарангки, мен салкам ёвуз, ҳиссиз ва бераҳм газандага чиқариб қўйган одамлар – ўзларини аранг эплайдиган, бир-бирисиз яшашга қобил бўлмаган ғариб ва бахтиқаро одамлар экан-ку! Ер ёрилмади-ю ерга кириб кетмадим. Мен – жунбишга келган тасаввурига маҳлиё тентак, сўрашга ва билишга ҳам мутлақо ҳаққи бўлмаган сабаблар туфайли ҳаёти заволга юз тутган, икки нафар бенаво одамларнинг дилидаги азиз эътимодларини ҳақорат қилиш, уларнинг уситидан кулиш учун мана шу кимсасиз емакхонага келган эканман-да! Ҳеч қачон ўзимни бунчалик ёмон кўриб кетмаган эдим! Ҳеч қачон ҳамма нарсани бу қадар оёқости қилиб юборадиган сўзлар кўнглимга ораламаган эди! Хўп, бу ёғига нима қилиш керак? Ёнларига бориб кўнглини кўтарайми? Аёлнинг бошларини силайми? Ёки фаросатсизлигим учун узр сўрайми? Нима фойдаси бор?! Мен ҳисоб-китоб дафтаримни буклаб чўнтагимга солиб қўяман. Ер ютсин, тутуруқсиз хулосалар чиқаришга, ҳар хил “ашъёвий далиллар” топишга қодир ўша зеҳн, ўша фаросат, оддийгина, ҳамманинг уйида бўлиши мумкин расмли, кўнгилочар журнал, лаб бўёқ, тишланган шафтоли-ю ғилдирак излари ҳамда кўк катакли фартуқлардан шубҳаланиб нима хаёлларга бориб юрибман-а! Бунақа вазиятда энг яхши йўли – шартта бош олиб чиқиб кетиш.
Аммо бўғиқ, хириллаш оралаб чийиллаган овоз эшитилади:
– Уни танирмидингиз?
“Танирмидингиз?” Уларнинг бу ўтган замон феълидаги саволи менинг бутун умидларимни пучга чиқаради. Мана жумбоқларнинг жавоби! “Уни танирмидингиз?” Қанча бўлди? Қанчадан бери дунёдан кўз юмган ва фақат кечагина менинг аянчли, ожиз хотирамда тирилган Амиламиясиз яшаяпти бу олам? Бу хаёлчан боқувчи кўкиш кўзлар ҳувиллаган боғнинг муқаррар сокинлиги, бир зайлда давом этувчи ҳаётига ҳайрат билан, ич-ичига сиғмай томоша қилмаётганига қанча бўлди?! Ҳаётида кўрган, дуч келган нимаики бўлса, ҳаммаси юрагини яшнатиб, олам-олам қувонч бағишлаётган чоғда, титраб ёки “ҳув” деганда қандай шаклга кирса худди шундай шамойил касб этган дудоқлар яна мафтункор кулимсирамасми, бу кулги кўзларида нур каби чақнаб ўзига яна маҳлиё этмасми?
– Ҳа, биз боғда ўйнардик… Анча бўлди бунга
– Ўшанда у неча ёшда эди? – деб сўрайди чол ўксик бир овозда.
– Етти ёш эди, шекилли. Ҳа, етти ёш эди.
– Кўриниши қанақайди, сеньор, ёлвораман айтиб беринг, тезроқ айтинг… Аёлнинг овози бамисли Яратганга умидвор мурожаат қилаётган художўйнинг илтижоси каби чиқади, шунинг баробарида у иккала қўлини азод кўтаради.
Мен кўзларимни юмиб хаёлга чўмаман.
Амиламия ёлғиз менинг хотираларим. Мен уни истироҳат боғига ўзи келтирган буюмлар, қўли теккан ва менга кўрсатган нарсалар билан биргаликда кўз олдимга келтира оламан, холос. Нимасини айтай… Мана ҳозир ҳам унинг тепаликдан тушиб келаётгани кўз олдимдан ўтмоқда. Йўқ, бу нимжон майсалар қоплаган дўнглик эмас, мутлақо. Ширадор йўнғичқа қулф урган тепалик эди, дам югуриб, дам тўхтаб сўқмоқ чеккасидаги майсаларни босиб, пайҳон қилиб, дам ўша ердан менга қўл силкиб тушиб келарди, кейин мусиқа оҳанглари остида, ҳа, ҳа, менинг кўзларим ижросидаги оҳанглар, менинг ҳис-туйғуларим инкишоф этаётган хушбўйлар, қулоғимга келаётган сассиз баётлар… хаёлларим қанотида мен томонга шамолдек елиб келаяпти… Эшитаяпсизми менинг гапларимни? У истиқболимга оппоқ кўйлакда, чордоқда осилиб турган ўша катак-катак кўк фартукда учиб келарди ҳар куни. Улар менинг қўлларимдан ушлаб олишган, кўзларим ҳамон юмуқ эди.
– У қанақа эди, сеньор, гапиринг, гапираверинг…
– Амиламиянинг кўзлари кўкиш эди, сочларининг ранги сояда бошқача, қуёш нурида бошқача тусда товланарди.
Улар мени авайлаб етаклаб боришарди. Қулоғимга чолнинг ҳарсиллагани билан аёл кўксида тебранаётган кумуш бутнинг бир маромда шитирлагани эшитиларди.
– Айтиб беринг, илтимос, айта қолинг…
– У келганда кўпинча қувончдан кўзлари ёшланган бўларди.
Ҳамон кўзларим юмуқ, уларнинг етовидаман, сезиш қийин эмас, энди юқорига кўтарилаяпмиз…Иккинчи, бешинчи, саккизинчи, тўққизинчи, ўн иккинчи зина. Тўртта қўл ортимдан юқорига ундайди.
– У ям-яшил эвкалипт остида ингичка новдалардан гулчамбар тўқиб ўтиришни яхши кўрарди, баъзан мени кетиб қолади, деб йиғлаб берарди.
Эшикнинг ошиқ-мошиғи ғирчиллайди. Ичкаридан чиқаётган ҳид ҳаммаёқни босиб кетади, у ҳеч қандай сезги, туйғуларга ўрин қолдирмайди, менинг тасаввурим унинг таъсир кучи олдида таслим бўлади. Бунақа ҳидни илгари ҳеч қаерда, ҳеч қачон илғамаганман. Мени қўйиб юборишади, кишан-қўллардан озод бўлиш менга бирон нарса бермайди, аксинча юм-юм йиғи товушининг асирига айланаман. Секин кўзларимни очиб қарайман; турли ҳидлар қоришиб кетган, қизара бошлаган гулбарглар тўкилган мўъжазгина ҳужрадаман.
Агар мана шу ҳужрада анвойи гуллар ўсади, десалар асло ишонмасдим, бунинг устига, улар худди тирик мавжудот каби таъсирчан, эсда қоларли эди. Азалия гулларининг нафислигини айтинг – баҳри дилингиз очилади, нилуфарлар маликаларнинг армонлари дейсиз, гарденияларнинг виқорли сумбатига қойил қоласиз, табаргулнинг хушбўй иси димоғингизни қитиқлайди. Липиллаб ёнаётган шамлар ёруғида чароғон ҳужрада таралаётган гул билан эриётган шам иси таъсир қилганидан бўлса керак, ҳушимга келаман ва ниҳоят яна хотиралар исканжасидан халос бўлиб бамисли ҳаёт қучоғига шўнғийман, ана шунда шамлар ортида, ҳар томонда қулф уриб очилган гуллар орасида тоғдек уюлиб ётган эски ўйинчоқлар уюмига кўзим тушади: ранг-баранг чамбараклар, сўлиган ҳандалакларга ўхшаш пучмайган коптоклар, қорамтир ёли юлинган ёғоч отлар, ғилдиракли конькилар, калбош, кўзлари ўйиб олинган қўғирчоқлар, қипиғи аллақачон тўкилиб кетган айиқлар, куя тушиб олапес ҳолга келган кучуклар, арқонлар, ичидаги конфетлари қуриб қолган шиша кўзачалар, тешилган резина ғозлар, қийшиқ бошмоқлар, учта, йўқ, иккита ғилдирак, чарм бошмоқлар… Сал нарида қоғоз гуллар билан безатилган кўк рангга бўялган яшикка солинган тобут. Булар энди оддий турмушда кўп учрайдиган ҳаётбахш гуллар – чиннигуллар, кунгабоқар, қизғалдоқлар, лолалар, лекин анави – ўлим тимсоли бўлган гуллар каби булар ҳам зарур, айниқса, бу ерда – қора ипак чойшаб ва оқ ёстиқда пушти ранг тўр билан ўраб қўйилган, юзлари тиниқ кимнингдир жасади ётган ҳужрада! Марҳума сифатида ётқизиб қўйилган қўғирчоқнинг чизиб қўйилган қошлари нафис, кўзлари юмуқ, ҳақиқий киприкларнинг сояси мен ўша бир замонлар боғда кўргандек лўппи, соғлом ёноқларига соя солади. Лаблари, бир пайтлар, мен ҳамма нарсани ташлаб, у билан ўйнамаганимга ўзини аччиқланаётгандек кўрсатиш учун чўччайтириб олган Амиламиянинг лабларига икки томчи сувдек ўхшарди. Қўллари кўксида қовуштирилган, онасиники билан бир хил тасбеҳи елим ва гипсдан ясалган бўйнига ўраб қўйилган.
Кўзлари ғилт-ғилт ёш қариялар тиз чўкадилар.
Мен болаликдаги ўртоғимнинг чинни юзларидан силайман. Бу ўлим даргоҳида ҳамма нарсанинг устидан ҳукм юргизаётган қўғирчоқ маликанинг қош-кўзлари, оғзи, манглайи нега бунчалар муздек?! Чинни, пахта ва елим билан гипс. “Ўзийни ўртоғийни эсингдан чиқайма ва шу йасимга қайаб меникини топип ке”.
Мен қўлимни марҳума қўғирчоқдан тортиб оламан. Унинг юзида бармоқларимнинг изи қолади.
Мум шамларнинг дуди билан табаргулнинг ачқимтил ҳидидан кўнглим беҳузур бўлади, мен қўғирчоқдан, жонсиз Амиламиядан юзимни тескари бураман. Сеньора елкамга қўлини қўяди. Унинг кўз қорачиқлари кенгайиб кетгани билан овози боягидек бир текис, жонсиз:
– Бу ерга бошқа қадам босманг, сеньор, хўпми? Агар уни чин кўнгилдан яхши кўрган бўлсангиз, ҳеч қачон келманг.
Мен бу аёлнинг кафтини беозоргина сиқиб қўяман, энгашиб бошини тиззалари орасига суқиб олган чолнинг бошини ғира-шира кўраман ва ҳужрадан зинага чиқаман, у ердан залга, ана ундан ҳовлига ва охири кўчага отиламан.
* * *
Орадан бир йил бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, тўққиз-ўн ой ўтди. Ўша ғалати бутга –санамга чўқинишдек одат ҳақидаги хотиралар анча хаёлимдан кўтарилди, жилла қурса илгаридек қийнамай қўйди. Гулларнинг ҳидини ҳам, машъум қўғирчоқнинг қиёфасини ҳам унутдим. Ҳақиқий Амиламия қайтиб келгандек , мен ўзимни бахтиёр ва пурғам бўлмаса-да, соғ саломат ва хушҳол сеза бошладим. Боғ, шаддод қизча, ўсмирлик давримдаги китоблар хаёли ўша аянчли учрашув тафсилотларини хотирамдан сиқиб чиқарди. Ҳаёт оқими ҳамма нарсани жой-жойига қўяркан. Энди мен ўлимнинг бедаво қиёфаси устидан ғолиб келган ҳақиқий Амиламияни ҳеч қачон унутмайман. Ҳатто кунларнинг бирида ўзим тўқиган рақамлар қайд этилган ўша катак дафтарни варақлаб чиқишга жазм этдим. Туйқус унинг саҳифалари орасидан бир пайтдагидек Амиламиянинг ажи-бужи ёзувлари билан уйига элтадиган йўл тасвири чизилган ўша хати учиб тушади. Мен хатни олиб, жилмайганча унинг бир четини лабларимга босаман ва ногаҳон қариялар шу бир варақ қоғозни азиз ёдгорлик сифатида сақлаб қўйишдан бошлари осмонга етган бўлар эди, деган фикр хаёлимдан ўтади.
Камзулимни кияман-да қандайдир ашуланинг оҳангида ҳуштак чалганча, гулдор бўйинбоғимни тақаман. Бориб улардан хабар олиб қўйиш савоб,албатта.
Мен худди биров билан учрашмоқчиману кеч қолсам кетиб қоладигандек жониқиб ўша таниш, пастак уйга етиб борганимда ёмғир ёға бошлади. Намхуш ҳавода тупроқ билан қовжираган хазон ҳиди анқиб кетди. Бамисли осмондан хайр-барака, нажотбахш рутубат ёғаётгандек эди.
Мен аста қўнғироқ тугмасини босаман. Кутаман. Бироздан сўнг ёмғир кучая бошлайди, мен яна қўнғироқ тугмасини босаман. Бу сафар эшик ортидан овоз келади:
– Ҳозир!
Овозига қараганда тасбеҳ кўтариб юрадиган аёл бўлса керак, деб ўйлайман.
Камзулимнинг ёқасини тўғрилаб қўяман. Эшик очиладию мен илкис бир қадам ортга чекинаман.
– Ким керак сизга? Келганингиз яхши бўлди-да!..
Ногиронлар аравачасида букри қиз ўтирарди. У қулоғининг солинчагидан ушлаб менга ожизона, дардчил равишда илжайиб қарайди. Қизнинг кўкрак қисмида ёстиқдек бўртиғи бўлиб, азбаройи мажруҳлигини яшириш учун кўйлак ўрнида устига шунчаки парда, оқ латта ташлаб қўйилган эди. Аммо эгнидаги менга таниш катак-катак кўк фартук туфайли унинг ташқи кўриниши беибо либосдаги танноз хотинларни ёдга солади.
Букри қиз чўнтагидан сигарет қутисини чиқариб, ичидан бир донасини олади-да, тутатиб чуқур тортади. Тутундан чиройли кўкиш кўзлари ачишиб қисилади. Кейин малла тусда товланаётган жингалак сочларини тўғрилаб, менга синовчан ва ғамгин нигоҳини қадайди; кўзларидаги интизорлик ўрнини бирдан қўрқув эгаллайди.
– Карлос, йўқ, йўқ, кет бу ердан! Бошқа келма, эшитяпсанми?
Шу чоқ ичкаридан чолнинг хириллаган овози келади:
– Қаерда қолдинг, гўрсўхта? Эшикнинг олдига борма, демовдимми сенга? Эсингдан чиқдими, ҳозироқ қайт орқангга, шайтонвачча! Яна бошингда калтак синишини хоҳлаб қолдингми?
Шаррос қуяётган ёмғир юз-кўзимни ювиб оқади. Қути ўчган қиз нозик қўлидаги олди-қочдиларга тўла журнални тушириб юборади.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 9-сон