Жон Максвелл Кутзее. Хўжайин ва Хизматкор (Нобель маърузаси)

Бироқ, янги дўстимга қайта- ман: у менга жуда ёқиб қолди, унга фойдаси тегадиган нима борки, ўргатишни, асосийси – мен гапир-ганимда тушунадиган ва гапиради-ган қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Даниел Дэфо. Робинзон Крузо

Линкольншир қирғоғида жойлашган Бостон шаҳри жуда чиройли, деб ёзади Хизматкор. Бутун Англиядаги энг баланд кўнғироқхона шу ерда, ҳамма кемаларнинг штурманлари унга қараб йўл мўлжалини оладилар. Бостоннинг атрофларида ботқоқликлар ёйилиб ётади. Бунда ботқоқ қушлари, ваҳимали нола қиладиган яна қандайдир қушлар яшайди. Уларнинг овози нақд икки мил узоқлардан ҳам эшитилади.

Хизматкорнинг ёзишича, ботқоқликда бошқа қушлар ҳам бисёр эмиш: ўрдаклар, ғағилдоқлар, чурраклар ва ҳоказо. Уларни тутиш учун ботқоқлик одамлари ўрдакларни ишга солишар экан. Аввал махсус жойларда сақлаб, қўлда дон бериб, яхшилаб ўргатишади, кейин бошқа қушларни эргаштириб келиш учун қўшни юртларга, масалан, Голландияга ёки Германияга учириб юборишади. Ёлғончи ўрдаклар у ёқларда турдошлари билан танишволиб, намунча бечорасизлар, емишларинг кам, дарёларинг музлар экан, деб ташвиқотни бошлайдилар. Биз томонларда – Англияда аҳвол бутунлай бошқача, қўналға қўлтиқ ва кўрфазларимиз, кўллар, дарёлар емишларга бой, одамлар бошоқларни йиғиштириб олгандан кейин ҳам ҳаммаёқда донлар сочилиб ётади. Сал-пал қор ёғиб ўтишини айтмаганда, совуқ нима, билмаймиз, дея лоф уришади.

Хизматкорнинг ёзишича, ёлғончи ўрдаклар шунга ўхшаш афсоналар тўқиб, гала-гала турдошларини Голландия ва Германиядан, денгизлар оша Линкольншир ботқоқликларидаги қўлтиқларга эргаштириб келишади, тинмасдан ғағиллаб, биз сизларга таърифлаган ўлкалар мана шу, энди тўкин-сочин, хавф-хатарсиз ҳаёт кечирасизлар, дея сўйлашади. Бу орада ботқоқлик одамлари – ёлғончи ўрдакларнинг хўжалари қамиш чайлалар ичига беркинволиб, сув бетига дон сочиб ўтиришади. Бунга ўрганган ёлғончи ўрдаклар хўракка томон ташланишади, чет эллик меҳмонлар эса уларга эргашади. Шу алфозда, икки ё уч кун давомида меҳмонларни “Қаранглар, бизнинг Англияда ҳаёт қандай яхши!” дея “гаранг” қилиб, торайиб борадиган қўлтиқларга олиб киришади. У жойларда ботқоқлик одамлари ёйиб ташлаган тўрлар бор. Маккор одамлар ўргатилган итларини сувга қўйиб юборишади. Улар ўрдакларнинг ортидан сузиб қўрқитишади. Ўрдаклар жонҳолатда ҳавога кўтарилади, лекин тўрларга урилиб яна сувга тушади, баъзан тўрга илинганча жон бериши ҳам мумкин. Бу пайт тўрлар аста-секин тортилиб, ичи тораяди, одамлар ғиж-ғиж ўрдакларни биттама-битта ушлаб олишади. Агар ўргатилган ёлғончи ўрдак илинса, силаб-сийпаб қўйиб юборишади, “чет эллик” бўлса, бошига болға билан бир уриб пачоқлашади. Кейин патларини юлиб, юзлаб, ҳатто минглаб ўрдак сотувга чиқарилади.

Линкольнширдаги бундай янгиликлар ҳақида Хизматкор эринмасдан ёзади. Аввал қўлларини яхшилаб ювади, сиёҳга ботириладиган патларни пакки-пичоқча билан ўткирлаб, янги саҳифани очади.

Галифаксда бир вақтлар қатл машинаси бўлган, уни қирол Яков Биринчининг даврида олиб ташлашган экан. Ўлимга маҳкум қилинганнинг бошини кунда устига ўрнатилган, хочсимон қоқилган тахтача ёки тоғора устига қўйиб ушлаб турилади, жаллод эса оғир пичоқни тутиб турадиган чўпни суғуриб олади. Черков эшигидек баландликда турган пичоқ, тўғрироғи, кескич шиддат билан пастга тушиб, маҳкумнинг бошини сариёғ кесгандек олиб ташлайди.

Ўша Галифаксда ғалати одат жорий қилинган экан. Агар, чўпни суғуриб олгандан бошлаб, пичоқ бўйинга келиб тушгунча, маҳкум оёққа туриб олса ва жаллоднинг қўлига тушмасдан тепаликка чиқиб, унинг ортидаги анҳордан сузиб ўта олса, ҳукм бекор бўлар экан. Бироқ, қатл машинаси ишлаб тургандан бери бирон марта ҳам бундай ҳодиса бўлмабди.

Хўжайин Бристолдаги хонасида ўтирганча, Хизматкорнинг хатларини ўқийди. У анча қартайиб қолган, деярли чол. Тропик қуёш остида юрган кезлари, ўзига пальма баргларидан соябон ясаб олгунича қорайиб кетган юзлари энди заҳил, қуруқ, ғижимланган қоғозга ўхшаб қолган. Бурнининг учида ўша вақтлар пайдо бўлган яра ҳалигача битиб кетмаган.

Ўшандаги соябон ҳозир шу хонасида, тўтиқуш эса ўлиб кетди. “Бечора Робин! – деб қурқурларди тўти хўжайиннинг елкасида ўтирганча. – Бечора Робинзон Крузо! Уни ким қутқаради?” Хотини тўтиқушнинг “Бечора Робин” деганига чидаб туролмасди. “Бир кунмас-бир кун бўйнингни қайириб ташлайман!” деб пўписа қиларди-ю, лекин бунга ботинолмасди.

Хўжайин кимсасиз оролдан Англияга тўтиси, соябони ва бир сандиқ хазина билан қайтиб келиб, кампири билан тинчгина яшаб юрди, Хантингдондан ер-мулк сотиб олди. Ахир, у бой эди, айниқса, саргузаштлари ҳақида китоб ёзгандан кейин янада бойиб кетди. Бироқ, кимсасиз оролдаги саргузаштлардан кейин, хизматкори Жумавой билан юрт кезишлардан кейин қандай қилиб жентельменларга ўхшаб уйда ўтирсин! (Бечора Жумавойга ачиниб кетди, қанча ўргатмасин, тўтиқуш унинг номини бир марта ҳам айтмади-я!). Бунинг устига, эр-хотинлик ҳаётидан ҳам кўнгли совиб кетди, тез-тез отхонага кириб олиб, қолиб кетадиган одат чиқарди. Отлар яхши-да. Кирганида секингина кишнаб қўйишади, кейин таниб, жим тураверишади.

У кимсасиз оролда Жумавойни топиб олгунга қадар сукутда юриб ўрганиб қолган эканми, энди дунёда гап жуда кўпдек туюлади. Хотини билан бир кўрпа остида ётганида нуқул бошига майда тошлар шатир-шутур ёмғир бўлиб ёғаётгандек туюларди, унга эса бунақа “ёмғир” эмас, тинчгина уйқу керак эди.

Шунинг учун ҳам кампири бандаликни бажо келтирганда кўз ёш қилдию, аммо ғамга ботмади. Уни дафн қилгандан кейин анча вақт ўтказиб, Хантингдондаги мулкни бошқаришни ўғлига топшириб, Бристол верфидаги “Қувноқ матрос” трактиридан мана шу хонага кўчиб ўтди. Ўзи билан кимсасиз оролдан эсдалик бўлиб қолган соябонни ва ўлган тўтиқушининг тулумини қўноққа маҳкамлаб, яна энг зарур ул-бул нарсаларни олиб келди. Ўшандан бери бир ўзи яшайди, кундузи верфда, причалда сайр қилади, муштугини кетма-кет тутатганча, денгизга, ғарб томонларга – узоқ-узоқларга тикилади. Кўриш қобилияти яхши сақланиб қолган. Овқатни тўппа-тўғри хонасига келтириб беришади, кимсасиз оролда ёлғизликка ўрганиб қолганидан одамлар орасида бўлишнинг қизиғи йўқ эди, унга.

Китоб ўқишга қизиқмай қўйди, лекин ўз саргузаштларини баён этаверганидан ёзувчилик одатга айлана борди. Бу, унга ёқарди. Кечалари шамни ёқиб қўйиб, оппоқ қоғозни олдига қўйволади, ёзув қуроли – патнинг учини ўткирлаб, саҳифа-саҳифа қоғозларни Хизматкори номидан тўлдиради. Гўё, Хизматкор унга – Хўжайинга ҳисобот юбориб туради: Линколньширдаги ёлғончи ўрдаклар ҳақида; Галифаксдаги баҳайбат қатл машинаси ва маҳкум чаққонлик қилиб қочиб қолса ва жаллоднинг қўлига тушмай, тепаликка югуриб чиқиб, бир талай ҳаракатларни қилолса, ўлим ҳукми бекор бўлиши ҳақида ва қаерга бормасин, ўша жойнинг манзаралари ҳақида.

Хўжайин – Робин, тўтиқуш айтганидек, “Бечора Робин” бандаргоҳ девори ёқалаб сайр қиларкан, Галифаксдаги қатл машинаси ҳақида ўйлайди, зерикканидан сувга тошча ташлайди. У сувга етиб боргунча бир сония, эҳтимол, ундан камроқ вақт ўтар. Яратганнинг карами, лекин тобланган пўлатдан ясалган, мойланган, оғирдан-оғир кескич ундан ҳам тезроқ эканми? Қандай қилиб чап бериб қолиш мумкин? Ва бунинг учун мамлакатнинг мағрибию машриғи оралиғида сандироқлаб юрган, бир қотилликдан қочиб бошқасига рўпара бўладиган, яна бунинг устига, ҳисобот кетидан ҳисобот ёзиб юборадиган одам қандай насллардан бўлиши керак? Ишбилармон бўлиши керак, дейди ўзига ўзи. Майли, шундай бўла қолсин, дон ёки тери сотадими, айтайлик, Уоппинг деган жойнинг тупроғидан черепица ишлаб чиқарадими ёки қаерлардандир олиб келиб сотадими, барибир, юрт кезади. Борингки, омадли бўла қолсин, севимли ва камгап хотини бўлсину, бир этак бола, кўпроқ эса қиз туғиб берсин. Маълум бир меъёрларда бахтли бўла қолсин ҳам, вақти-соати етиб, бу бахт арқондек узилиб кетсин. Айтайлик, қиш кунларидан бирида Темза тошиб, черепица пиширадиган хумдонини ёки дон омбориними, кўнчилик устахонасиними, ювиб кетсин. У хонавайрон бўлади, қарз берганлар пашшадек ёки қарғадек учиб келишади, хотин, бола-чақани ташлаб уйдан қочиб кетишга, камбағалларнинг кварталларидан бошпана топиб, қиёфани, исмни ўзгартириб, беркинишга тўғри келади. Тошқин, сув ювиб кетиши, қочиш, сариқ чақасиз, жулдур кийим, ёлғизлик, буларнинг бари бечора Робин бир вақтлар йўлиққан кема ҳалокатининг, кимсасиз оролда йигирма олти йил (!) ақлдан озгудек бўлиб яшашнинг ўхшаши, мажози (маълум даражада ақлдан озмаганига ким ҳам кафил бўла оларди?) эди.

Ёки, мана бундай бўла қолсин: У – саррож, эгар-жабдуқ савдогари, Уайтчепелда уйи, дўкони, омборлари бор, даҳанида сўгали, уни севадиган ва камгап хотини бор; бир уй бола, кўпроқ қиз туғиб берган ва уни, шаҳарга ўлат тарқагунга қадар бахтли қилган. Бу – 1665 йил эди. Лондонда бўладиган катта ёнғинга анча бор. Ўлат Лондонни босди, ўлганлар сони кундан-кунга ошиб кетаверди. Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам ўлаверди. Ўлат бой-камбағал деб танлаб ўтирмас экан, қанча бойлигинг бўлмасин, қутулиб қололмайсан. Мана, саррож қизлари ва хотинини қишлоққа жўнатиб юборди. Ўзи ҳам қочиб кетгиси бор, лекин бу фикридан қайтди. Инжилни таваккал очиб ўқиса, туннинг даҳшатларидан, кундузи учиб ўтадиган найзалардан, қоронғиликларда пусиб ётган яра-чақалардан, чошгоҳда бари тирик жонзотларни қириб кетадиган юқумли касалликдан қўрқмасанг, атрофингда минглаб, ўн минглаб одам қирилиб кетаётган бўлса ҳам, улар сенга яқинлашмайди, дейилибди. Буни, у илоҳий ишора деб қабул қилди-да, ўлат тарқалган Лондонда қолиб, ҳисобот ёзишга киришиб кетди. Кўчада, деб ёзади у, оломонни кўрдим. Бир аёл осмонни кўрсатаяпти. “Қаранглар! – дейди у – Фаришта, оппоқ кийимда, ўтли қиличи билан пўписа қилаяпти!” Оломон ҳам ишониб, “Тўғри! Ана, қилич ушлаган Фаришта!” дейди. Саррож эса на фариштани, на қилични кўради! Ғалати шаклли булут кўриниб турибди, қуёшда бир томони кўпроқ ёришган.

“Бу – киноя!” – дея бақиради кўчадаги бир аёл. У бўлса, бунда ҳеч қанақа кинояни кўрмаяпти. Ҳисоботида шундай деган.

Эртаси куни Хизматкор, собиқ саррож, ҳозир эса ишсиз, Уоппингда, дарё ёқалаб ўтиб бораркан, бир аёл ўз уйининг эшигидан бош чиқариб, таги ясси қайиқда сузиб келаётган кишини чақиради: “Робин! Робин!” Қайиқдаги киши эса қирғоққа келиб тўхтади-да, бир қоп нарсани қўйиб орқага сузиб кетди. Аёл дарё лабига келиб, ғамга ботган ҳолда қопни кўтариб, уйи томон шайланди. Қайиқчи – Робертни чақириб, нималарнидир гаплашди.

Ҳисоботда ёзилишича, бу аёл унинг – Робиннинг хотини, қопдаги нарсалар эса, оиласи учун бир ҳафталик озиқ-овқат экан: гўшт, ёғ, кепакли ун кабилар. У хотини ва болаларига яқин келолмас экан, чунки уларга ўлат теккан; шундан юрак-бағри эзилади. Буларнинг бари: Роберт исмли эркак, узоқдан туриб гаплашаётган хотини, қирғоқда қолдирган қоп – катта нарса бўлиши билан бирга, унинг – Робинзоннинг кимсасиз оролдаги ёлғизлигини эслатади. Ўшанда, энг оғир тушкунлик пайтларида океан тўлқинлари оша Англияга, ўз яқинларига қарата ёлвориб, қутқаришларини илтижо қиларди; бошқа пайтларда, ҳалокатга учраган кеманинг қолдиқлари орасидан бирор егулик топишдан умидини узмасди.

Ўша қайғули кунларини эсга соладиган бошқа нарсалар ҳам бўлиб туради. Ўлат теккани чов билан қўлтиқ безларининг катталашиб, оғриқ беришидан билинади. Шунда баъзилар чидолмасдан, инграганча кўчага яланғоч ҳолда чиқиб кетади. Уайтчепелдаги Харроу-аллеяда югуриб юрган шундай бечоранинг ғалати хатти-ҳаракатларини, унинг ортидан хотини ва болалари ялиниб-ёлвориб, уйга қайтишга ундаётганини кузатиб турган саррожнинг хаёлида бир вақтлар ўзи кимсасиз оролда шунга ўхшаб сакраб юрганлари гавдаланади. Кема ҳалокатга учрагач, у ҳам, биронта шерик тирик қолдимикин деган ўй билан югургилаб эди. Пойма-пой иккита ботинкадан бошқа ҳеч нима топмагач, кимсасиз оролда ёлғиз қолганини тушуниб етган, энди қутулиб кетишга ҳеч қанақа умиди қолмаган эди.

Ўлат теккан бечора одам нималар ҳақида куйлар экан, деб бош қотирарди Хўжайин–Хизматкор. Охири йўқ ёлғизликдан бошқа нима ҳақида ҳам бўлиши мумкин? Ҳамманинг кўзидан яширин ғорию уммон оша кимларга нола қилади?

Ўтган йили Робинзон бир матросдан икки гинеяга тўтиқуш сотиб олган эди. Матроснинг гапига қараганда, у қушни Бразилиядан олиб келган эмиш. Бу қуш ўзининг қадрдон тўтиқушичалик бўлмаса-да, чиройли эди; патлари яшил, кокили қип-қизил; матрос айтишича, жуда сергап эмиш. Хўжайин– Хизматкор уни трактир хонасидаги қўноққа, оёғига занжирча боғлаб ўтқизиб қўйган эди, нуқул “Бечора кўталанг! Бечора кўталанг!” дегани, деган. Қалпоқ билан устини ёпиб қўймагунча такрорлайверади. Бошқа бирон сўзга, масалан “Бечора Робин” дейишга ўрганолмаса керак. Чунки бу тўти анча қариб қолган экан.

“Бечора Кўталанг” энсиз дарча орқали мачталарнинг учига, улар ортидаги кулранг Атлантика уммонига термулиб ўтираркан: “Қанақа оролга тушиб қолдим-а! Мунча совуқ, мунча нохуш бўлмаса! Ҳаётимдаги энг оғир бу кунларимда қайдасан, эй Халоскорим!”, дея ўзига-ўзи сўзларди.

Хизматкор яна бир ҳисоботида ёзишича, бир одам Крипплгейт дарвозаси олдида, кечқурун, маст ҳолда ухлаб қолибди. Ўлатдан жон таслим қилганларнинг мурдалари ортилган арава ўтиб бораётган экан, одамлар ухлаб ётган мастни ҳам ўлик ҳисоблаб, аравага ортиб юборишибди. Арава ғирчиллаб-ғирчиллаб, Маунтмиллдаги, ўликлар кўмиладиган катта чуқурликка етиб келибди. Оғиз-бурнини латта билан ўраб олган аравакаш мурдаларни судраб чуқурга ташлаётганда, улардан биттаси “Вой, дод! Нима қиляпсизлар?” дебди. Аравакаш: “Сени ўлик деб ўйлабмиз, кўмилиб кетишингга оз қолувди”, деса, “Наҳотки мен ўлган бўлсам?” – дермиш.

Бу воқеа ҳам Хўжайин–Хизматкорнинг кимсасиз оролдаги ҳаётига ўхшайди.

Лондон аҳолисидан кимлардир ўзини соппа-соғ ҳисоблаб, тирикчилик кўйида югуриб-елади, бетоблик ўтиб кетади, деб ўйлайди. Бироқ уларнинг қонида ўлат бор, у юракка етиб борган заҳоти, чақмоқ ургандек таппа ташлаб ўладилар, деб хабар берибди Хизматкор. Мана буниси, умуман ҳаётнинг мажози. Қандай бўлса – шундай. Зарурий тайёргарлик. Биз ўлимга тайёрланишимиз керак, акс ҳолда у бизни турган жойимизда олиб кетади. Робинзон ҳам буни, кимсасиз оролда, қирғоқдаги қумда бегона одамнинг оёқ изларини кўрганида тушуниб етди. Бор-йўғи оёқ излари эди-ю, “Сен бу ерларда ёлғиз эмассан. Қаёқларга сузиб қочмагин, қаерларга беркинмагин, барибир сени топиб олишади”, дегандек бўларди.

Ўлат тарқаган йили, деб ёзади Хизматкор, одамлар қўрққанидан бола-чақа, мол-дунёсини ташлаб қочишди. Иложи борича Лондондан узоққа. Ўлат босилгач, қочиб кетганларни қўрқоқ деб эълон қилишди. Бироқ, дейди Хизматкор, ўлат сен билан ёнма-ён изғиб юрганда одамга қанақа ботирлик керак бўлиши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Қуролини маҳкам тутганча душманга ташланган аскарнинг жасурлиги бунда ҳеч гапмас, қора отига миниб келган Ўлимга тик ташланиш керак бўлади.

Ҳатто ҳаётининг энг яхши дақиқаларида суюкли тўтиқуши Хўжайини ўргатган сўзлардан ортиқ ҳеч нима демаган. Ундай бўлса, қандай қилиб бу – Хизматкор, ахир у ҳам тўтиқуш-да, фақат унчалик суюкли эмас, Хўжайиндан кам эмас, балки яхшироқ ёзади? Чунки Хизматкорнинг қалами ўткир, бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. “Қора отига миниб келган Ўлимга тик ташланиш керак бўлади”. Хўжайиннинг ҳисоб идорасида тўплаган маҳорати эса рақамларнинг жамини чиқариб, ҳисобларни якунлашдан иборат бўлган, тил-забон ишлатмаган. “Қора отига миниб келган Ўлимга…” Бунақа жумлани ҳеч қачон тузолмайди. Хизматкорига ихлоси уйғонгандагина шунақа сўзларни айта олади.

Ҳа, ўша алдамчи ўрдакларни олайлик: Робинзон алданган ўрдаклар ҳақида нимаям биларди? Ҳеч нарса! Чиндан ҳам ҳеч нарса! Хизматкори хабар бермагунича!

Линкольншир ботқоқликларининг алдамчи ўрдаклари, Галифаксдаги каттакон қатл машинаси, Хизматкори, афтидан, Британия оролини синчиклаб ўрганиб чиққани ҳақидаги ҳисоботлар, Хўжайин ўз оролини ўз қўли билан ясаб олган қайиқда ўрганиб чиққанини эслатади. Ўшанда бу кимсасиз оролнинг олисдаги бошқа, қоялардан иборат, зим-зиё, қўрқинчли томонлари борлигини билганди, кейин у ёқларга боришдан ўзини тийди; гарчи, келажакда мустамлакачилар келиб, у ерларни ўрганиб, ўтириб қолишлари мумкин бўлса ҳам; бу ҳам ўзига яраша мажоз – қалбининг қоронғи пучмоқлари мажози.

Кўчирмачилар ва тақлидчиларнинг биринчи галаси унинг ороли тарихига ташланиб, оммани, қайиғи ҳалокатга учраган одамларнинг ҳаёти ҳақида тўқиган афсоналари билан гўл қилишганда, улар Хўжайинга одамхўрлардек туюлишганди. Бу каннибаллар унинг гўштини, тўғрироғи, ҳаётини еяётгандек эди, бу ҳақда ўз вақтида баёнотлар берди. “Мен каннибаллар билан жанг қилганимда (улар мени ўлдириб, гўштимни пишириб емоқчи бўлгандилар), – деб ёзади, – шундай ҳодиса билан курашаяпман, деб ўйлагандим. Ўша вақтда, каннибаллар шайтоний, ҳақиқатнинг гўштини ғажиб ташлашга қодир очкўзликнинг тимсоли эканлигини билмас эдим”.

Шунга қарамай, энди у узоқ мулоҳаза қилганидан кейин дилида тақлидчиларга ачиниш ҳисси уйғонди. Чунки энди унинг тасаввурича, дунёда бор-йўғи бир ҳовуч мавзу бор холос, ва агар ёшлар қариялардан озиқланишини тақиқлаб қўйилса, бу ёшлар бир умр сукут сақлаб ўтиши керак.

Худди шунингдек, у оролдаги саргузаштлари ҳақидаги ҳикояларидан бирида айтишича, бир куни тунда даҳшатга тушиб уйғониб кетади; нақд Шайтоннинг ўзи каттакон ит қиёфасига кириб, унинг устига ётиб олган эмиш. Қўрққанидан сакраб туриб, болтасига ёпишади ва ўнгу сўлига қарамай ниманидир чопаверади-чопаверади, ниҳоят, тўтиқуши чинқириб уни ўзига келтиради.

Орадан анча кунлар ўтиб, тушунишича, ҳеч қанақа Шайтон ёки ит унинг устига ётмаган, бор-йўғи, оёғи қисқа муддат фалажланганидан қимирлатолмай қолган экан. Бундан чиқариш мумкин бўлган сабоқ шуки, ҳар қандай бетоблик, жумладан, фалажлик Шайтондан, чунки хасталикнинг ўзи – Шайтон. Шайтон ёки итнинг мажози; Шайтон мажозининг ўзи шунақа ва аксинча, саррожнинг ўлат ҳақида ёзган ҳикоясидаги каби хасталикнинг тимсолига ўхшаган ҳодиса, ким Шайтон ёки ўлат ҳақида бир нима ёзмоқчи бўлса, ёлғончи ёки товламачидан қочгандек ўзини олиб қочмаслиги керак.

Кўп йиллар илгари, у кимсасиз оролдаги ҳаётини қоғозга туширишга аҳд қилганида, қарасаки, тилига сўзлар келмаяпти, қалам қоғоз устида юришни хоҳламаяпти, ҳатто бармоқлари қимирламаяпти. Шунга қарамай, у ўзини мажбур қилди, сўз кетидан сўз топиб, жумла ортидан жумла тўқиб, кундан-кунга ёзувчилик кўникмасини оширди ва ниҳоят, гап Жумавойга бориб тақалганда саргузаштларни силлиқ ва шариллатиб ёзиб ташлади.

Ўша ўйнаб-ўйнаб ёзишлар, афсуски, энди йўқ. У Бристол гаванига қараган деразаси олдидаги ёзув столига ўтирганида қўллари беўхшов аҳволга тушади, қалами эса бегона иш қуролига ўхшаб қолади.

Ёзувчиликни Хизматкори қандай бажараётганийкин? Унинг алдоқчи ўрдаклар, қатл машинаси ва ўлат тарқаган Лондон ҳақидаги ҳикоялари анча силлиқ, лекин ўзи ҳам бир вақтлар қолишмасди. Эҳтимол, даҳанида сўгали бор бу кичкина олифта – Хизматкор ҳақида нотўғри ўйлаётгандир. Балки у, шу дақиқаларда қироллик ўлкасининг қай бир ерида ижарага олган хонасида ёлғиз ўтириб, ўй-фикрларга кўмилиб, гоҳ шубҳаланиб, гоҳ иккиланиб, патни сиёҳга ботираётгандир.

Бу икки киши – Хўжайин ва Хизматкорни қандай тасвирлаш керак? Эгизаклар қилибми, қуролдош дўстлар қилибми? Ёки ғанимлар, душманлар қилибми? Хўжайин ўзининг бу номсиз, ҳар кеча, ҳар тунда бирга бўладиган биродарига қандай ҳам исм берарди. У фақат кундузлари, Робин причалда у ёқдан-бу ёққа юриб, янги келганларни кузатаётганида бирга бўлмайди, қироллик мулкида кезиб, нималарнидир ёзиб юради. Шу юришларининг бирида у Бристолга ҳам кириб ўтармикин? Хўжайин унинг вужудини кўриб, қўлини сиқиб, тўлқинқайтаргич бўйлаб ёнма-ён юришни, оролнинг қоронғи шимол томонига босқинлар ҳақидаги ҳикоялари, ёзувчилик ишидаги саргузаштлари ҳақида тинглашни истайди. Лекин у билан бу ҳаётда учрашолмай қоламанми, деб қўрқади. Агар Хўжайин ўзи билан Хизматкорини тасвирлашга киришса, бири ғарбга, иккинчиси – шарққа қараб сузиб бораётган ва бир-бирига интилган иккита кемага ўхшатган бўларди.

Ёки шу кемаларда арқонларини судраб юрган матросларга ҳам ўхшатса бўлар экан. Кемалар шундоққина ёнма-ён ўтадию, матрослар саломлашишга улгурадилар, холос. Денгиз тўлқинли, ҳаво пўртанали, кўзларга шўр сув сачраган, кафтлар арқонларнинг сирпанишидан қизиб кетган, матрослар қўл билан имо қилишга ҳам улгурмайдилар.

Рус тилидан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 4-сон.