Жек Лондон. Буюк сеҳргар (ҳикоя)

Қишлоқ аҳолиси зўр ташвишда. Хотин-халаж чинқиришиб, лаби-лабига тегмай тўхтовсиз жаврашади. Эркакларнинг қовоғи солиқ, улар шубҳа билан атроф-теваракка қарайдилар, ҳатто итлар ҳам безовталаниб, дайдиб юрадилар, улар ҳам бутун қишлоқни қоплаб олган ҳаяжонли ташвишни ғира-шира сезиб, фалокат юз берган ҳамон ўрмонга қараб қочишга тайёрланадилар. Ҳамма шубҳада. Ҳеч ким ўз қўшнисига ишонмас, қўшниси ҳам шу хилда унга шубҳа билан қараётганлигини биларди. Ҳатто болалар ҳам ювош бўлиб қолган, бутун ҳодисанинг айбдори кичкина Ди-Йа онаси Гуниядан, кейин отаси Боундан роса калтак еб, қирғоқдаги тўнкариб қўйилган қайиқ остига яшириниб олди, энди аҳён-аҳёнда бир шилқиратиб бурнини тортиб атрофга қараб ўтиpap эди.
Энг ёмони шундаки, шу қишлоқлик шаман Скунду одамлар назаридан қолган, шунинг учун унинг машҳyp сеҳргарлик санъатини ишга солиб, жиноятчини топиб бўлмайди. Бундан бир ойча илгари қабила аъзолари Тонкинга меҳмондорчиликка боришди, у ерда Чаку-Жим йигирма йил давомида тўплаган бойлигини сарф қилиб, зиёфат берди. Шунда шаман Скунду жанубдан йўловчи шамол юради деб башорат қилган эди. Охирида нима бўлди? Белгиланган кун бирдан шимол томондан шамол уриб берди. Шамол шу қадар кучли бўлдики, энг олдин йўлга чиққан учта қайиқнинг бирини денгизга суриб кетди. Қолган иккиси қирғоқ тошига урилиб, парча-парча бўлди, бир кичкина бола сувга чўкиб ўлди. Кейин Скунду пол очганимда хатога йўл қўйибман, зарур бўлган ип тортилмаган экан, деб тушунтирди. Лекин одамлар унга қулоқ солмадилар; унга ҳеч ким гўшт, балиқ ва тери совға қилмай қўйди. Кейин одамлар уни ўз уйига кириб олиб, кунларини рўза тутиш ва қайғу-аламда ўтказаётган бўлса керак деб ўйладилар. Ҳақиқатда эса Скунду яшириб қўйган жойидаги бой овқат захираларини еб ётар ва одамларнинг бевафолиги ҳақида ўйлар эди.
Гуниянинг одеяли йўқолди. Жуда яхши, қалин, иссиқ одеял эди. Гуния бу одеялни деярли сув текинга олганлиги учун ҳам доим мақтаниб юрарди. Қушни қишлоқлик Ти-Куон жуда гўл одам экан, бўлмаса шундай одеялни арзон-гаровга бериб қўя қолармиди. Тўғриси, Гуния бу одеял ўлдирилган бир инглизники эканлигини билмасди. Бу инглиз ғойиб бўлганда, Қўшма Штатларга тегишли полиция катери узоқ вақт қирғоқдан узоқлашмай турди. Қайиқлари эса бўғозлар ва бухталарнинг энг яширин жойларини ҳам ағдар-тўнтар қилиб, роса ахтардилар. Шунинг учун ҳам Ти-Куон ҳукумат қабиладошларимни жавобгар қилмасин деб, бу одеялни тезроқ сотиб юборишга ошиққанди. Лекин Гуния бундан хабарсиз бўлиб, одеялни мақташ билан овора эди. Ҳамма хотинларнинг одеялга ҳаваси келганидан Гуниянинг шуҳрати ортгандан ортиб борди ва довруғи қишлоқдан ҳам ташқари чиқиб, бутун Аляска қирғоқлари бўйлаб Датч-Харбордан то муқаддас Мария бухтасигача бориб етди. Ҳамма ерда унинг одеялини мақташар эди. Ҳap ерда унинг антиқа ўлжаси тўғрисида гaп бўларди, эркаклар қаерда тўпланмасин — балиқ овидами, зиёфатдами — ҳамма ерда, Гуниянинг одеяли оғиздан тушмас, унинг қалинлиги ва иссиқлиги тўғрисида гурунг кетарди. Бу одеялнинг йўқолиши жуда ғалати ва сирли иш бўлди.
– Мен уни эндигина худди уйим олдига офтобга ёйиб қўйган эдим, – деб мингинчи марта зорланар эди Гуния, Тлинкет қабиласи хотинларига. – Одеялни ёйиб, эндигина ўгирилган эдим, негаки анови ярамас ўғри Ди-йа хом хамирдан еб кўрмоқчи бўлиб, бошини катта қозонга суқибди, қозонга йиқилиб тушибди-да, хамирга боши билан шўнғиб кетибди, оёқлари худди шамолда қимирлаган дарахт шохлари каби қимирлаб турибди. Уни хамирдан суғириб ақл кирсин деб бошини эшикка бир-икки ургунимча йўқки, қарасам, одеял йўқ-да.
– Одеял йўқолди дегин! – деб шивирладилар қўрқиб кетган хотинлар, унинг гапини илиб олиб.
– Ёмон бўлди, – деди Гуния.
– Шундай одеял-а! – деди бошқа бир хотин.
Лекин хотинлар ҳамма ҳавас қилиб юрган лаънати одеял йўқолганидан ич-ичидан хурсанд бўлдилар.
– Эндигина офтобга ёйиб қўйган эдим-а, – деб гaп бошлади Гуния, минг биринчи марта.
– Ҳа, ҳа, – деб унинг сўзини кесди бу ҳикоя жонига теккан Боун. – Лекин қишлоқда ёт одам йўқ эди. Шунинг учун ҳам одеялни ўғирлаган одам ўз қабиламиздан эканлиги аниқ.
– Қўйсанг-чи, бўлмағур гапларни, Боун! – деб норозилик билдиришди хотинлар. – Бизнинг орамизда бундай одам йўқ.
– Бўлмаса, биров жодугарлик қилган, – деди Боун совуққонлик билан ва атрофдаги хотинларга муғамбирлик билан қараб қўйди.
– Жодугарлик! – деган сўз айтилиши биланоқ хотинлар жим бўлиб қолишди ва қўpқa-писа бир-бирларига қарашди.
– Ҳа, – деб қacoc ҳисси бир зумга уйғонган Гуния хотинларни чақиб олди. – Клок-Но-Тонни олиб келгани кучли бир эшкакчи юборилди. Кечқурунги сув кўтарилганда шу ерда бўлади.
Халқ тарқала бошлади, Бутун қишлоқни қўрқув босди. Фалокатларнинг энг ёмони — жодугарлик. Шайтон хоҳлаган одамнинг ичига — xoҳ эркак, хоҳ хотин, хоҳ ёш бола — кириб олган бўлиши мумкин, лекин ҳеч кимга аён эмас. Кўзга кўринмас, тутқич бермас кучларга қарши шаманларгина кураша олади, ўлкадаги шаманларнинг ичида жин-ажиналарга даҳшат соладигани эса қўшни қишлоқлик Клок-Но-Тон эди. Жин-ажиналарни ҳеч ким унингдек кўп топа олмайди, ҳеч ким гуноҳкорларни у қадар мудҳиш қийноқлapгa сололмайди. Бир марта иблис ҳатто уч ойлик чақалоқнинг ичига кириб олган экан. Бу ажина жуда ҳaм ўжар экан. Уни ҳайдаб чиқариш учун чақалоқни бир ҳафтагача ажриққа ағанатиб қўйишга тўғри келди.
Чақалоқнинг ўлигини денгизга ташладилар, лекин тўлқин худди бутун қишлоқ аҳлига лаънат ўқиётгандек, уни ҳадеб қирғоққа улоқтириб ташлайверди. Иккита бақувват эркак сув қайтаётган пайтда ғарқ бўлиб кетганларидан кейингина боланинг ўлиги қайтиб чиқмади.
Гуния мана шу Клок-Но-Тонни олиб келиш учун одам юборибди. Ўзимизнинг шаман Скунду назардан қолмаган бўлса ҳам гўpгa эди. У одатда бу қадар кескин чораларни кўрмасди, бир куни у бир эркакнинг ичига кириб олган иккита шайтонни ҳайдаб юборди, ўша киши кейин еттита бола туғдириб, ҳаммасини боқиб катта қилди. Клок-Но-Тончи! Уни эсга олганда, ёмон бир фалокат келишидан қўрқиб одамларнинг капалаги учар эди. Қишлоқдаги ҳар бир киши ҳам ҳамма менга шубҳа билан қараётир деб ўйлар, шундай деб ўйлаган одамнинг ўзи ҳам бошқаларга худди ўшандай шубҳа билан қарарди. Симэдан бошқа ҳамма шуни ҳис қилар эди, лекин Симэ Худосиз одам эди, бора-бора у катта бир фалокатга учраши турган гап, албатта. Лекин шу вақтгача у бирор фалокатга учрагани йўқ.
– Ҳо-ҳо, – деб кулар эди у. – Иблис эмиш! Клок-Но-Тоннинг ўзи ҳар қандай иблисдан баттар-ку, ундай ёвуз одамни бутун тлинкетлар тупроғидан тополмайсиз.
– Вой тентак-э! Шошмай тур ҳали, ҳадемай Бутун сеҳр-афсунлари билан етиб келади. Яхшиси, тилингни тий, бу гапларнинг касофати уриб, умринг қисқариб қолмасин яна!
Алдоқчи деб лақаб берилган Ла-Лах шундай деди, лекин Симэ бунга жавобан кулиб қўя қолди.
– Мени Симэ дейдилар, қўрқув нималигини билмайман, жаҳолатдан қўрқмайман. Марҳум отамдек кучлиман, каллам ҳам жойида. Ахир жин-ажиналарни на мен, на сен кўрган эмасмиз-ку, ҳеч ким ҳам кўрмаган!
– Скунду эса кўрган, – деб эътироз билдирди Ла-Лах. – Клок-Но-Тон ҳам кўрган. Биз буни биламиз.
– Сен қаёқдан биласан буни, вой aҳмоқ-э! – деб шанғиллаб берди Симэ, унинг ҳўкизникидек йўғон бўйни қон қуйилиб, қизариб кетди.
– Мен буни уларнинг ўз оғзидан эшитганман, – шунинг учун биламан.
Симэ пиқ этиб кулиб юборди.
– Шаман ҳам бир одам-да. Унинг сўзлари ҳам меники ёки сеникига ўхшаб ёлғон бўлиши мумкин эмасми? Туф-э! Туф! Яна бир марта туф! Мана, жин-ажиналару шаманларингга берадиган жавобим шу! Мана сенга! Мана сенга!
Шундай деб Симэ бармоқларини қарсиллатиб, ўз йўлига кетаверди, оломон эса унга ҳурмат ва қўрқув аралаш йўл бўшатиб берди.
– Яхши овчи, уста балиқчи-ю, лекин ёмон одам, – деди одамлардан бири.
– Шундай бўлса ҳам ҳамма вақт унинг омади юрган, – деди бошқаси.
– Сен ҳам ёмонлар қаторига қўшила қол, сенга ҳам омад келади, – деб қайрилиб қарамай гап ташлади Симэ. – Агар ҳаммамиз ёмон бўлсак, шаманларга иш қолмасди. Уфф! Ҳаммангиз ҳам ёш болаларга ўхшаб бўлмағур нарсалардан қўрқиб юрасизлар.
Кечқурун денгиз суви кўтарилган пайт Клок-Но-Тон тушган қайиқ соҳилга келиб урилганда ҳам Симэ одобсизлик қилиб куларди, ҳатто шаман қирғоққа туша туриб қоқилиб кетганини кўриб, уни аския қилиб ҳам қўйди. Клок-Но-Тон қовоғини солиб, унга бир қapaб қўйди-ю, ҳеч нарса демасдан ғоз юриш қилиб, кутиб турган одамлар олдидан ўтиб кетди ва тўғри Скундунинг уйига қараб юрди.
Бу учрашув пайтида нима гаплар бўлгани қабила одамларига номаълум қолди, чунки икки буюк сеҳргар ўзаро суҳбатлашар эканлар, одамлар одоб сақлаб узоқроқда туришар, ҳатто шивирлаб гапиришар эдилар.
– Салом, Скунду! – деб дўриллади Клок-Но-Тон, у Скунду қандай қаршилашини аниқ билмаганидан бир оз хавотирда эди.
Клок-Но-Тон девқомат одам бўлиб, кичкина Скундуга қараганда уни минора деса бўларди. Скунду алик олганда, узоқдан қopa чигиртка чириллагандек бўлди.
– Салом, Клок-Но-Тон, – деди у. – Қадамларингга ҳасанот.
– Ҳалиги тўғрими… – деди-ю, Клок-Но-Тон тутилиб қолди.
– Ҳа, ҳа, – деб чидамсизлик билан унинг сўзини бўлди кичкина шаман. – Тўғри, бошимга оғир кунлар келди, акс ҳолда менинг вазифамни бажаришга келган одамга ташаккур айтиб турган бўлмасдим.
– Бу хабар мени жуда хафа қилди, дўстим Скунду…
– Мен эса хурсандман.
– Топганимнинг ярмиси сенга.
– Йўғ-э, ҳурматли Клок-Но-Тон, – деди Скунду қўлини кўтариб, норозилик билдирар экан. – Аксинча, шу бугундан бошлаб қулинг ва қарздорингман, умримнинг охиригача сенга хизмат қилишга тайёрман.
– Мен ҳам…
– Ҳозир менга хизмат қилишга тайёр турганинг каби.
– Бунга шубҳа қилмасанг ҳам бўлади. Менга қара, Гуния деган хотин одеялини ўғирлатибди, буни қийин иш деб ўйлайсанми?
Янги келган шаман калаванинг учини топишга шошилиб, хато қилди. Скунду мийиғида кулиб қўйди, у одамларнинг кўнглидаги гапларни билиб туришга ўрганиб қолганди, шунинг учун ҳеч кимни назар-писанд қилмасди.
– Ҳамма вақт кескин чоралар кўриб келгансан, – деди у. – Ўғрини бирпасда топиб олишингга сира шубҳам йўқ.
– Ҳa, бир зумда топаман, фақат бир назар ташласам бўлгани, – деди-ю, Клок-Но-Тон яна тутилиб қолди. – Бирор бегона одам йўқмиди бу ерда? – деб сўради y.
Скунду бош чайқади.
– Бунга қapa! Ажойиб нарса-а, нимa дединг? – деб Скунду буғу ва денгиз мушуги терисидан тикилган чойшабни кўрсатди. У меҳмоннинг чойшабга қизиқиш билан кўз қирини ташлаб қўяётганини сезиб қолганди.
– Жуда арзон тушириб олганман, – деб қўшимча қилди у.
Клок-Но-Тон диққат билан қулоқ солар экан, тушундим дегандек бош ирғитди.
– Мен буни Ла-Лах деган одамдан олдим. Бу одам жуда эпчил йигит. Шунда миямга лоп этиб бир фикр келди…
– Қани, қани, – деб юборди сабрсизлик билан Клок-Но-Тон.
– Миямга бир фикр келди, – деб гапини тугатди у бирпас жим туриб. – Кескин чоралар кўришга устасан, қадамларингга ҳасанот, Клок-Но-Тон, – деб қўшиб қўйди.
Клок-Но-Тоннинг юзи ёришиб кетди.
– Буюк одамсан, Скунду, шаманлар шаманисан. Сени сира эсимдан чиқармайман. Энди борай. Ла-Лак эпчил одам дегин?
Скунду яна мийиғида кулиб қўйди, меҳмонни чиқариб юбориб эшикни ёпди, эшикка икки қават тамба солиб қўйди.
Клок-Но-Тон Скундунинг уйидан чиққанда, Симэ қирғоқда қайиғини тузатиб ўтирган эди. У ишини тўхтатиб, ҳамманинг кўз олдида милтиғини ўқлаб ёнига қўйди.
Шаман буни кўз остига олиб қўйди-да:
– Қабиланинг ҳамма одамлари мана шу ерга йиғилсин, – деб қичқирди. – Шундай деб жин-ажиналарни топа оладиган ва уларни қува оладиган мен Клок-Но-Тон буюраман.
Клок-Но-Тон бошқа одамларни Гуния уйига тўпламоқчи эди, лекин у Симэнинг буйруққа итоат қилишига ишонмасди; жанжал кўтаришни эса истамасди. Симэга ўхшаган одамлар билан, яхшиси, ади-бади айтишиб ўтирмаслик керак, айниқса, шаман бундан эҳтиёт бўлиши зарур деб ўйлайди y.
– Гуния деган хотинни чақиринглар, – деб буюрди Клок-Но-Тон атрофга йиртқичларча назар ташлаб. Унинг қарашларидан ҳамманинг бадани жимирлаб кетди.
Гуния ҳеч кимга қарамай, бошини қуйи солиб ўртага чиқди.
– Одеялинг қани?
– Эндигина офтобга ёйиб қўйган эдим, бир зумда йўқ бўлиб қолди, – деб кўз ёши қилди Гуния.
– Ҳа-ҳа!
– Ҳаммасига Ди-йа сабабчи.
– Ҳа-ҳа!
– Ўзини ҳам роса адабини бердим, яна бераман ҳали, чунки бошимизга фалокат келтирди, биз эса камбағал одамлармиз.
– Одеялдан гапир! – деб бўғиқ товуш билан ўкирди Клок-Но-Тон, у Гуниянинг жодугарлик хизмат ҳақини камайтиришга уринаётганини англаб қолганди. — Одеялдан гапир, ҳай хотин. Бойлигинг ҳаммага маълум.
– Одеялни эндигина офтобга ёйган эдим, – деб ҳиқиллаб такрорлади Гуния. – Ўзимиз камбағал одамлармиз, ҳеч вақомиз йўқ.
Бирдан Клок-Но-Тоннинг мускуллари таранг тортилди, юзлари буришиб-тиришиб кетди, Гуния эса орқага тисарилди. Лекин дам ўтмай Клок-Но-Тон шундай шаҳд билан олдинга сакрадики, Гуния гандираклаб кетиб, унинг оёғи остига йиқилди. Шаманнинг кўзлари олайиб, жағи пастга осилиб қолди. У қўлларини чўзиб, жон-жаҳди билан ҳавони муштлайверди. Унинг бутун гавдаси худди қаттиқ оғриётгандек буралиб-буралиб кетарди. Бу ҳаракатлари тутқаноғи тутиб қолган одамнинг ҳолатини эслатарди. Лабларида оппоқ кўпик пайдо бўлди, аъзойи бадани қалтирай бошлади.
Хотинлар жазаваси тутиб, у ёқдан-бу ёққа чайқалиб турдилар-да, маҳзун куй бошлаб юбордилар, эркаклар ҳам бирин-кетин уларга қўшилдилар. Бунга фақат Симэ аралашмади. У ағдарилган қайиққа миниб олиб, атрофида бўлаётган ишларга истеҳзо билан қараб ўтирди, лекин унинг томирларида қони бўлган боболарининг овози борган сари кучайиб, уни ҳам шунга ундарди. Симэ эса қўрқувни енгиш учун ўзи билган ҳамма болохонадор сўкишларни оғзига олиб, тўнғиллай бошлади. Клок-Но-Тонга қараб, одам қўрқиб кетарди. У ўзи ўралиб олган одеялни улоқтириб урди, бутун кийимларини ечиб ташлаб, қип-яланғоч бўлиб олди, белида бургут чангалини тизиб ясалган лунги қолди, холос. У у ёқдан-бу ёққа чопар, давра ўртасида гир айланар, бақириб-чақирарди, узун, қоп-қора сочлари ёйилиб кетган, худди зулмат қоронғуликнинг бир парчасига ўхшарди. Лекин жазаваси тутган Клок-Но-Тоннинг ҳаракатлари қандайдир қатъий бир ритмга бўйсунган эди. Теварак-атрофдагиларнинг ҳаммаси мана шу ритмга эргашиб, шаманнинг овозига жўр бўлганларидан кейин у бирдан тўхтади-да, бургутнинг тирноғига ўхшаган узун кўрсаткич бармоғини очиб қўлини олдинга чўзган ҳолда ерга ўтириб олди-ю, қотди. Оломон орасидан гўё жон узилиш пайтидаги сингари ингроқ овоз кўтарилди — одамлар жон ҳовучлаб, титраб-қақшаб, даврани секин-аста айланаётган даҳшатли кўрсаткич бармоқдан кўзларини олмай турдилар. Чунки бу бармоқ билан бирга ўлим айланар, бармоқ кўрсатмай ўтиб кетган одам ҳаёт қоларди. Ўлимдан қутулганлар енгил тортиб, энди нима бўлишини диққат билан кутиб турардилар.
Пировардида шаман қаттиқ қичқириб юборди, унинг бармоғи Ла-Лахга қадалиб тўхтади. Ла-Лахни титроқ босиб кетди. У ўлдим энди деб ўйлади, мол-мулки талон-торож қилингани, хотини эса укасига теккани кўзига кўриниб кетди. У гапиришга уриниб кўрди, ўзини oқлaмоқчи бўлди, лекин тили танглайига ёпишиб, томоғи қaқраб қолди. Клок-Но-Тон ишини қилиб бўлгач, худди беҳушдек бўлиб қолди. Лекин кўзи юмуқ ҳолда қулоқ солиб турарди: мана ҳозир таниш овоз юз ва минг марталаб эшитган буюк қасос қичқириғи кўтарилади деб кутарди. У сеҳр қилиб бўлгандан кейин одатда одамлар худди оч бўрилардек, титраб турган гуноҳкорга ташланар эдилар. Аммо ҳозир ҳамма жим турарди; кимдир пиқиллаб кулиб юборди, давранинг бошқа томонидан кимдир унга эргашди, кейин кулги борган сари кўчайиб борди-да, қaҳ-қaҳa овози ҳаммаёқни титратиб юборди.
– Нима гап ўзи? – деб қичқирди шаман.
Бунга жавобан одамлар:
– Ҳа-ҳа-ҳа! – деб хахолаб кулишарди. – Сеҳргарлигинг ўтмади, Клок-Но-Тон.
– Мана саккиз ой бўлдики, Севаш қабиласидаги овчилар билан тюлень овига кетган эдим, – деди дудуқлана-дудуқлана Ла-Лах, – бугунгина қайтиб келиб, одеял ўғирланганини эшитиб турибман.
– Бу тўғри гап, – деб ҳамма бир оғиздан Ла-Лахнинг сўзини тасдиқлади. – Гуниянинг одеяли йўқолганда Ла-Лах қишлоқда йўқ эди.
– Сенга ҳеч нарса тўламайман, сеҳргарлигинг тўғри чиқмади, – деди Гуния. У аллақачон ўрнидан турган ва ишнинг шармандалик билан тугаганидан жони чиқиб кетганди.
Клок-Но-Тоннинг кўз олдига мийиғида кулиб турган Скунду келди, қулоғига худди қора чигиртканинг чийиллашига ўхшаган ингичка овози эшитилиб кетди, у: «Мен бу одеялни Ла-Лах деган одамдан олдим, миямга бир фикр келди… Кескин чоралар кўришга устасан. Қадамларингга, ҳасанот» деган эди.
Клок-Но-Тон Гунияни итариб ташлади-да, олдинга отилди, одамлар беихтиёр унга йўл бердилар. Ўз қайиғида ўтирган Симэ ёмон сўзларни айтиб, уни аския қилди, хотинлар унинг юзига қараб қaҳ-қаҳлаб кулардилар, одамлар уни ҳap томондан масхара қилиб кулишарди. Лекин Клок-Но-Тон ҳеч нарсага эътибор бермай, кучининг борича Скундунинг уйига чопиб бораверди. У Скундунинг эшигини итарди, қўллари билан уриб қоқди, қичқириб лаънатлар ўқиди. Лекин ичкаридан жавоб бўлмади. Жимлик тушгандагина уйдан Скундунинг дуо-сеҳр ўқиётган овози эшитилди. Клок-Но-Тон жинниларга ўхшаб бақириб-чақирди, бу ҳам бўлмагач, катта бир тошни олиб, эшикни уриб синдирмоқчи бўлди, бироқ одамлар орасида норозилик овозлари кўтарилди. Шунда Клок-Но-Тон ўзининг шуҳрати ва кучидан маҳрум бўлгани ҳолда бошқа қабила одамлари орасида турганини эслади. У бир кишининг ерга энгашиб тош олаётганини кўриб қолди, унинг орқасидан яна бир киши ердан тош олди, шаманни қўрқув босди.
– Скундуга тегма, у сенга ўхшаган алдоқчи эмас, y ҳақиқий ceҳpгap, – деб қичқирди бир хотин.
– Яхшиси, жўнаб қол бy ердан, – деб дўқ аралаш маслаҳат берди бир киши.
Клок-Но-Тон ғоят ўсал бўлиб ва ғазабдан бурилиб, қирғоққа йўл олди. Орқамга бирортаси тош билан тушириб қолмасин яна деб қўрқиб борар эди. Бироқ орқасидан бирорта ҳам тош отилмади. Болалар қилпанглашиб, унинг оёқлари остида ўралишиб борардилар, орқадан хахолаб кулган одамларнинг овози эшитиларди, холос. Шундай бўлса ҳам у тушган қайиқ очиқ денгизга чиққандан кейингина эркин нафас олди ва тик турган ҳолда қишлоқ аҳолисига лаънатлар ёғдирди, уни шарманда қилишда бош айбдор бўлган Скундуни айниқса кўпроқ қарғади.
Қирғоқда эса одамлар бақириб-чақириб, Скундуни талаб қилмоқда эдилар. Қишлоқнинг Бутун аҳолиси Скунду эшиги олдида тўпланиб олиб, қийин-қистоқ қилар ва ожизлик билан унга ялинар эдилар. Пировардида, кичкина шаман эшик олдига чиқиб, қўлини юқори кўтарди:
– Сиз менинг болаларимсиз, шунинг учун ҳам гуноҳларингизни кечирдим, – деди у. – Лекин бу энг охиргиси. Мақсадингизга етасиз, чунки мен сирни топдим. Бугун кечаси, ой осмон гардиши орқасига ботиб, улуғ мурдаларни кўздан кечираётганда, ҳамма Гуниянинг уйи олдига тўплансин. Ўша ерда жиноятчининг ким экани ҳаммага маълум бўлади. Жиноятчи қилмишига кўра жазосини тортади. Гапим шу.
– Унинг жазоси ўлим, – деб қичқирди Боун. – Чунки у бизнинг бошимизга ғам-ғусса солишдан ташқари шарманда ҳам қилди.
– Шундай бўлсин! – деб жавоб берди Скунду ва эшигини тақ этиб ёпиб олди.
– Энди ҳамма нарса равшан бўлади,тинчлик ва тартиб ўрнатилади, – деб тантанали равишда эълон қилди Ла-Лах.
– Ҳаммаси шу жиккак Скундунинг иродаси билан бўладими? – деб истеҳзо билан сўради Симэ.
– Буюк сеҳргар Скундунинг иродаси билан, – деб унинг гапини тўғрилади Ла-Лах.
– Тлинкетлар — aҳмоқлap қабиласи! – деди Симэ сонига шапиллатиб уриб. – Кап-катта хотинлар, забардаст эркаклар аҳмоқ бўлиб бўлмағур эртакларга ишониб юришганига ҳайрон қолади киши.
– Мен кўпни кўрган одамман, – деб эътироз билдирди Ла-Лах. – Мен денгизларда саёҳат қилдим, ҳар хил аломатлар ва кўп мўъжизаларни кўрдим, буларнинг ҳаммаси ҳақ гап. Мен Ла-Лах…
– Алдоқчисан…
– Баъзи кишилар менга шундай лақаб таққанлар, лекин менга Сайёҳ деб ҳам тўғри ном қўйганлар.
– Мен унча кўп нapсa кўрган эмасманy… – деб бошлади Симэ.
– Демак, тилингни тийиб юр, – деб унинг сўзини кесди Боун; кейин улар бир-бирларидан норози ҳолда ҳар томонга тарқалиб кетишди.
Қуёшнинг сўнгги кумуш нурлари осмон гардиши орқасида ғойиб бўлгач, Скунду Гуниянинг қаршисида тўпланган одамлар олдига келди. У тез ва дадил қадам босиб келарди. Жинчироқнинг хира ёруғида кўрсаларки, унинг қўли бўш, ниқобсиз, шалдур-шулдур асбоблар ва умуман сеҳргарлик ишида зарур бўлган нарсалар йўқ. Фақат қўлтиғига мудраган катта бир қарғани тиқиб олибди.
– Гулхан қилиш учун ўтин тўплаб қўйдиларингми? – деб сўради Скунду. – Ўғри топилганда ҳамма уни кўриши керак.
– Ҳаммаси тайёр, – деб жавоб берди Боун. – Ўтин етарли.
– Бўлмаса, қулоқ солинглар. Гапим қисқа бўлади.
Мен бу ерга Желксни олиб келдим, бу қapғa ҳамма сирларни билади, ҳар қандай ишдан хабар-дор. Мен мана шу қopa қушни Гуниянинг уйидаги энг қоронғу бурчакка ўтқазиб, устига катта қopa тоғора тўнкариб қўяман. Биз жинчироқни учириб, қоронғуда қолишимиз керак. Бу жуда осон иш. Ҳар бирингиз навбат билан уйга кириб, қўлингизни тоғорага теккизасиз, қўлингизни бир марта чуқур нафас олгунча тоғорадан олмайсиз, кейин чиқиб кетасиз. Желкс жиноятчи ўзига шу қадар яқин эканлигини сезиб, қағиллаб юбориши керак. Ёки бошқа бир йўл билан ўзининг авлиёлигини кўрсатар. Тайёрмисиз?
– Тайёрмиз! – деб жавоб берди ҳамма бир овоздан.
– Ундай бўлса, бошладик. То ҳамма аёллар эркаклар ҳам уйга кириб чиққунча битта-биттадан отингизни айтиб чақираман.
Биринчи бўлиб уйга кирган Ла-Лах бўлди. Ҳамма ҳаяжон билан қулоқ солар, жимликда унинг оёғи остидаги омонат ётқизилган тахталарнинг ғичирлаши эшитилиб турарди. Желкс қағилламади, бирор белги ҳам бермади. Кейин навбат Боунга келди. Чунки ўз одеялини ўзи яшириб, қўшниларини шарманда қилишга қасд этган бўлиши ҳам ажаб эмасди. Унинг орқасидан навбат Гунияга келди, кейин бошқа хотинлар, болалар кирдилар, лекин қapғa ҳеч овоз бермади.
– Симэ! – деб чақирди Скунду, – Симэ! – деб яна такрорлади у. Аммо Симэ қимирламади.
– Ҳа, қоронғудан қўрқяпсанми? – деб чақиб олди уни айбсизлиги исбот қилинганидан ғурурланиб Ла-Лах.
Симэ пиқ этиб кулиб қўйди.
– Мана шу майнавозчиликларга қараб, кулгим қистаяпти. Лекин мен мўъжизага ишонганимдан эмас, қўрқмаслигимни исбот қилиш учун кираман.
У дадил қадам босиб уйга кирди, одатдагидек жилмайиб қайтиб чиқди.
– Қараб тур ҳали, лоп этиб ўлиб қолганингни билмай ҳам қоласан, – деб шивирлади унинг қулоғига аччиқ устида Ла-Лах.
– Эҳтимол, – деб енгилтаклик билан жавоб берди Худосиз. – Ичингизда шаманлар ва ҳар хил бемаъни гапларга ишонадиган одамлар кўп, лекин ўз уйида ўз ажали билан ўлганлар кўпми?
Қишлоқ аҳолисининг ярми омон-эсон синовдан ўтиб бўлди. Кўпчилик ўртасида ҳаяжон борган сари кучайиб борди, бу ҳаяжонни босиб туриш зарурияти уни яна ҳам кучайишига туртки берди. Уйга кирмаган одам жуда оз қолди, шу вақт тўнғич боласига иккиқат бир ёш хотин тоб келтиролмай, шайтонлаб қолди.
Охирида синовдан ўтмаган битта одам қолди. Қapғa ҳамон овоз бермасди. Бу Ди-Йа эди. Демак, жиноятчи Ди-йа бўлиши керак. Гуния қўлларини осмонга кўтариб, мадад сўрай бошлади, қолганлар жин урган боладан ўзларини олиб қочдилар. Ди-Йанинг капалаги учиб, оёқлари қалтиради. У уйга кираётиб, қоқилиб кетди-да, йиқилишига оз қолди. Скунду уни ичкарига итариб юбориб эшикни ёпди. Орадан анча вақт ўтди, боланинг пиқиллашидан бошқа ҳеч нарса эшитилмасди. Кейин қадамнинг узоқлашаётган товуши эшитилди, кейин ичкари жимжит бўлиб қолди, кейин яқинлашаётган қадам товуши эшитилди; эшик очилди-да, бола ташқари чиқди. Ҳеч нарса бўлмади. Синовдан ўтказадиган бошқа одам ҳам қолмади.
– Гулханни ёқинглар! – деб буюрди Скунду.
Аланга юқори ўрлади ва одамларнинг юзига ёруғ тушди. Қўрқув, шу билан бирга эсанкираш белгиси ҳали одамларнинг юзидан йўқолмаган эди.
– Яна ҳеч нарса чиқмади! – деда Гуния, бўғиқ товуш билан.
– Ҳа, – деб унинг гапига қўшилишди Боун, – Скунду қариб қолди, биз энди бошқа шаман топишимиз керак.
– Ҳамма сирни биладиган Желкснинг авлиёлиги қaни? – деди истеҳзо билан Симэ Ла-Лахнинг қулоғига.
Эсанкираб қолган Ла-Лах пешонасини сийпалади-ю, жавоб бермади.
Симэ кўкрагини кериб, кичкина шаманнинг олдига келди.
– Ҳа-ҳа-ҳа! Бу ишлар бефойда деб айтмабмидим!
– Балки, эҳтимол, – деб ожизона жавоб берди Скунду. – Мўъжизалардан хабарсиз бўлган кишилар шундай деб ўйлаши мумкин.
– Масалан сен, – деб қўшиб қўйди Симэ, дағал қилиб.
– Мен ҳам хабарсиз бўлишим мумкин, – деди у, Скунду жуда секин гапирарди. Унинг қовоқлари аста, жуда асталик билан пастга туша борди-да, ахир кўзларини қоплади. – Лекин яна битта синов қолди. Ҳамма эркаклар, хотинлар, болалар қўлларини юқори кўтарсинлар! Тез, ҳамма бирдан кўтарсин!
Бу буйруқ шу қадар кутилмаган, шу қадар амирона оҳангда берилдики, ҳамма сўз қайтармай бўйсунди. Ҳамманинг қўли юқори кўтарилди.
– Энди ҳар бир киши бошқаларнинг қўлига қарасин, – деб буюрди Скунду. – Ҳамманинг қўлига қарасинки…
Лекин кўтарилган қаҳ-қаҳа унинг сўзларини кесиб қўйди, бу қаҳ-қаҳада дўқ ҳам бор эди. Ҳамма Симэга қаради. Ҳамманинг қўли қopa куя, фақат Симэнинг қўли Гуниянинг тоғорасига тегиб қopa бўлмаган эди.
Бир тош ҳаводан визиллаб келиб, Симэнинг юзига тегди.
– Бўлмаган гап! – деб бақирди у. – Нотўғри! Мен Гуниянинг одеялига текканим йўқ!
Иккинчи тош келиб, пешонасини ёрди, учинчиси унинг боши устидан визиллаб ўтди. Атрофни буюк қacoc қичқириқлари босиб кетди, одамлар унга жазо бериш учун ерни пайпаслаб, тош қидирар эдилар. Симэ гандираклаб кетди, тиз чўкиб қолди.
– Ҳазиллашгандим! – деб қичқирди у. – Ҳазил қилиш учунгина олган эдим.
Скундунинг:
– Одеялни қаёққа қўйдинг? – деб чийиллагани худди пичоқ сингари шовқинни кесиб ўтди.
– Одеял уйимда, боғлаб қўйилган терилар орасида, шипга осиб қўйганман, – деб жавоб берди Симэ. – Лекин мен фақат ҳазиллашган эдим, мен…
Скунду бошини бир томонга қийшайтирди, тош бўрондан ҳаммаёқ қopoнғy бўлиб кетди. Симэнинг хотини бошини тиззаси орасига яшириб йиғларди, лекин унинг ўғилчаси чийиллаб кулиб, бошқалар билан бирга отасига тош отарди.
Гуния қимматбаҳо одеялни елкасига ташлаган ҳолда талтайиб келарди. Скунду уни тўхтатди.
– Биз камбағал одамлармиз, бизда ҳеч нарса йўқ, – деди Гуния ҳиқиллаб. – Бизни хафа қилма, Скунду.
Одамлар қимирлаб турган тош уюмидан узоқлашдилар, ҳамма жиккак шаманга назар ташлади.
– Мен ўз болаларимни хафа қилганманми ҳеч, азиз Гуния? – деб жавоб берди у Гунияга, одеялга қўл чўзиб. – Мен бундай одамлардан эмасман. Бунинг далили учун сендан мана шу одеялдан бошқа ҳеч нарса олмайман.
– Доно эканманми, болаларим? – деб сўради Скунду одамларга қараб.
– Ҳақиқатан ҳам доносан, Скунду! – деб ҳамма бир оғиздан жавоб берди. Шундан кейин елкасига одеялни ташлаб олган, қўлтиғига мудроқ Желксни қисган Скунду қоронғулик қўйнига кириб, кўздан йўқолди.

Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси