Жек Лондон. Бир кунлик қўналға (ҳикоя)

Бунақа ваҳшиёна пойгани ҳеч ҳачон кўрмагандим. Қўша-қўша ит қўшилган минглаб чана муз устида елиб борар, аммо ҳовур туфайли итлар кўринмас эди. Шу кеча уч киши совуқда ўлиб қолди, ўн киши эса бутун умрга дард орттириб, ўпка касалига йўлиқди. Мен дарё юзидаги муз тешигидан қараб, сув тубини ўз кўзим билан кўргандим, олтиннинг кўплигидан сув туби сап-сариқ эди. Шу сабабли Юкондан ўзимга жой белгилаб олдим ва талабнома ҳам бериб қўйдим. Ҳамма машмаша ўша талабномадан бошланди. Лекин кейин у ердан ҳеч нима чиқмади. Умуман ҳеч вақо топилмади. Нега шундай бўлганини ҳали-ҳануз билмайман.
Шортининг ҳикояси

Жон Месснер қўлқопини ечмасдан, бургич ходани бир қўллаб чангаллаганча, нарт*ни изга солар, иккинчи қўли билан юзи ва бурнини зўр бериб ишқалар эди. Тўғрироғи, у қўлини бетидан олмас, борган сари бадтар увишаётганини сезгани ҳамоно яна ҳам жазава билан ишқалашга тушарди. Мўйна шлем унинг манглайи ва қулоғини беркитган эди. Қиров босган қизғиш қалин соқоли даҳанини совуқдан сақларди.
Унинг орқа тарафида оғир юк ортилган юкон нартлари лапиллаб сирғалар, олдинда беш ит қўшилган чана учиб борар эди. Итлар нартни тортадиган абзал Месснернинг оёғига ишқаланарди. Итлар муюлишда бурилганларида Месснер абзалнинг иккинчи томонига ҳатлаб ўтиб оларди. Муюлишлар кўп эди, у неча-неча мартабалаб ҳатлашга мажбур бўларди. Баъзан абзалга илиниб, йиқилиб тушишига сал қоларди: ҳаракатлари қўпол бўлиб, ҳолдан тойганини кўрсатар, нарт ўқтин- ўқтин оёғини босиб кетарди.
Тўғри йўлга чиқиб олгач, нартнинг бир қанча муддат бошқарувсиз боришига имкон туғилгач, у бургич ходани қўйиб юборди ва ўнг қўли билан ходани бир неча бор урди. Қўлнинг қон айланишини тиклаш осон эмасди. Шундай бўлса ҳам у қаттиқ ходани ўнг қўли билан тапиллатиб уриб турган айни бир паллада сўл қўли билан юзи ва бурнини тўхтовсиз ишқаларди.
— Йўқ, йўқ, бундоқ совуқда сафар қилиш тентаклик, — деди Жон Месснер. Танҳоликка ўрганган одамлар каби у овозини баланд қўйиб сўзлади. — Бунақа совуқда фақат жиннилар йўлга чиқади! Ҳозир совуқ саксон даражага етмаган бўлсаям, нақ етмиш тўққизнинг ўзгинаси.
У соатини чиқарди, қўлида айлантиргач, қалин жун курткасининг ички чўнтагига қайтариб солиб қўйди, кейин осмонга боқди, уфқнинг оқ чизиғига кўз ташлади.
— Соат ўн икки, — ғудранди у. — Осмон тоза, офтоб ҳам кўринмайди.
Ўн дақиқача у сўзсиз борди, сўнг гўё орада ҳеч қандай сукут бўлмагандай қўшиб қўйди:
— Жойимдан қўзғалмабманам-а. Бунақа совуқда йўлга чиқиш ярамайди.
У бирдан итларга: «Та-ак!» деб бақирди ва тўхтади. Бутун вужудини қўрқув қамраб олганди, ўнг қўли батамом жонсизланиб қолаёзганди. У бургич ходани қўли билан тапиллатиб ура кетди.
— Ҳей… сен шўрликлар! — дам олиш учун ўзини музга ҳорғин ташлаган итларга қараб деди у. Увушган қўлини ходага тапиллатиб ургани сайин овози узилиб-узилиб чиқарди. — Нима гуноҳларинг борки, икки оёқлилар сенларни нартга қўшади, табиий туйғуларингни бўғиб, ўзларингни аянчли қулга айлантиради?
У бурнига жон киргизмоқчи бўлиб жазава билан ишқалай кетди. Жон Месснер музлаб қолган каттакон дарё ўзани бўйлаб борарди. Бу ўзан неча-неча бор буралиб, қорга бурканган ўркач-ўркач унсиз тоғлар орасида йўқолиб, неча-неча миляга чўзиларди. Олдда дарё ўзани бир қанча тармоққа бўлиниб орол ҳосил қилар ва уни ўз кўксида кўтариб бораётгандай туюларди. Ороллар жимжит ва оппоқ эди. Бу сукунатни на ҳайвонлар қичқириғи ва на ҳашаротларнинг ғинғиллаши бузарди. Муздан қотган бу ҳавода биронта қуш учмасди. Бунда одам товуши эшитилмас, инсоннинг барҳаётлигидан дарак берувчи бирон кулба кўринмасди. Олам ухлар ва унинг уйқуси айнан ўлимнинг ўзгинасидек эди.
Теварак-атрофда ҳукм сурган бу сукут Жон Месснерга ҳам ўтгандек эди. Совуқ унинг миясини танг қилмоқда эди. У бошини эгиб олганича, атрофга қарамай, бурни ва юзини беихтиёр ишқалай-ишқалай олдинга судралар, нартлар тўғри йўлга чиққанда, ўнг қўли билан ходани урар эди.
Аммо итлар ҳушёр эди ва улар бирдан таппа-тақ тўхташди. Бошларини эгалари томонга ўгириб, унга саволомуз қарашди. Уларнинг киприкларини ҳам, тумшуқларини ҳам совуқ оқартириб юборган, бу оқлик ва ҳорғинликдан улар жуда қари кўринар эди.
Одам итларни жадалламоқчи бўлди-ю, лекин ўзини тутди ва бор кучини тўплаб, теваракка қаради. Итлар муз устидаги ўйиқ ёнида тўхташган эди; бу муз ёриғи эмас, балки инсон қўли билан уч ярим фут* қалинликдаги муз махсус чопиб ясалган ўйиқ эди. Янги пайдо бўлган қалин муз қатлами кўпдан бери ўйиқдан фойдаланмаётганидан далолат берарди. Месснер атрофга аланглади. Итлар унга йўл кўрсатиб туришарди; уларнинг қиров боғлаган тумшуғи қорда зўрға кўз илғайдиган сўқмоққа қаратилганди; бу сўқмоқ асосий йўлдан айрилиб, орол соҳили бўйлаб тепага қараб йўналганди.
— Ҳай, майли, бечоралар, — деди Месснер. — Бориб кўриб келай-чи. Ўзим ҳам сенлардан баттар чарчаганман.
У ёнбағирга кўтарилди ва ғойиб бўлди. Итлар ётиб олмади, балки тик турганларича сабрсизлик билан эгаларини кута бошлашди. Қайтиб келиб, нартнинг олд тарафига бойланган арқонни олди-да, ҳалқани елкасига ташлади. Кейин итларни ўнгга бурди ва қирғоққа ҳайдади. Чаналарни тик соҳилга чиқариш амримаҳол, аммо итлар чарчаганларини унутиб, қорда узала тушиб чўзилиб қолсалар-да, сабрсизлик ва севинчни ифодаловчи ингиллаш билан жонҳолатда тепага интиларди. Олдингилари тойғанса ёки тўхтаб қолса, кейинги итлар уларнинг сонидан тишларди. Одам итларга гоҳ далда бериб, гоҳ таҳдид қилиб қичқирар ва гавдасининг бутун оғирлиги билан арқонни тортарди.
Итлар нартни шиддат билан тепага олиб чиқиб, шу заҳоти сўлга бурилдилару кичкина ёғоч кулба тарафга тизиллатиб олиб кетдилар. Бу кимсасиз кулбада эни саккизу бўйи ўн фут келадиган битта хона бор эди. Месснер итларни бўшатди, нартлардаги юкларни туширди ва хонага эгалик қилишга тушди. Хонанинг сўнгги тасодифий эгаси ўтин қолдирган экан. Месснер хонага кичкина темир печкасини ўрнатди-да, ўт ёқди. У бешта қоқ балиқни — итлар емишини духовкага қўйди, қаҳва идишини ва сатилни муз тагидан олиб келинган сув билан тўлатди.
Месснер сув қайнашини кутиб печка тепасига энгашди, соқолида музлаб сумалакка айланган ҳовур эрий бошлади. Печкага соқолидан сув томгани сайин пишиллаб буғ кўтариларди. Жон Месснер соқолидаги сумалакни юлиб олар, улар ерга тақиллаб тушар эди.
Итларнинг ютоқиб ҳуришини эшитиб, у қилаётган ишини тўхтатди. Бегона итларнинг ингиллаши, ириллаши, кимнингдир овози эшитилди. Эшик тақиллади.
— Киринг! —бўғиқ товушда қичқирди Месснер, чунки шу дақиқада юқори лабидаги музни сўраётган эди.
Эшик очилди ва Месснер атрофини қуршаган паға-паға буғ орасидан остонада тўхтаган эркак ва аёлни кўрди.
— Киринг, — амирона деди у, — ёпақолинг эшикни.
Буғ орасидан у кирганларни аниқ илғолмади. Аёлнинг боши ўраб-чирмаб ташланган, фақат қора кўзлари кўринар эди. Эркак ҳам қоракўз, соқоли қиртишлаб олинган эди; музлаган мўйлаби оғзини тамомила ёпиб қўйган эди.
— Бу ўртада яна бирор кулба йўқми — шуни сиздан билмоқчийдик, — дея сўради эркак кулбанинг ғарибона анжомларига кўз югуртираркан. — Биз бу ерда ҳеч ким йўқ деб ўйлапмиз.
— Бу кулба меники эмас, — жавоб қилди Месснер. — Ўзим ҳам уни бир неча дақиқа бурунгина топдим. Кириб жойлашаверинглар. Жой етарли, печкангизни қўйишга зарурат ҳам йўқ. Бир амаллаб сиғишармиз.
Унинг овозини эшитиб, аёл қизиқсиниб қаради.
— Ечин, — деди аёлнинг ҳамроҳи. — Мен итларни бўшатиб, сув опкеламан, кейин овқат пиширамиз.
Месснер муздан тушиб юмшаган балиқни олиб, итларга қарагани чиқиб кетди. Қараса, бегона итлар унинг итларига ёпишиб, ириллашиб ётган экан, уларни ажратиб,- кулбага қайтиб кирганида, янги келган киши нартнинг юкини тушириб, сув опкелишга улгурган эди. Месснернинг қаҳва қайнатгичидаги сув қайнади.
У қаҳва дамлади, қуйқаси тагига чўксин деб яна ярим кружка сув қўйди-да, печкадан олди. Кейин бир неча бўлак қаттиқ нонни иситгани қўйди ва ўтган кеча пишириб, эрталабдан бери музлатиб олиб келган лўяни сатилда иситди.
Месснер янги келганлар овқат тайёрлаб олиши учун печкани бўшатиб бериб, юмалоқланган тўшакка ўтирди-да, озиқ-овқат солинган яшикни стол қилиб қўйди. Овқатланаркан, нотаниш киши билан йўл ҳақида, итлар хусусида сўзлашар, у эса печ тепасида энгашиб, мўйлабининг музини эритиш билан машғул эди. Ахийри сумалаклардан қутулгач, нотаниш кимса тўшаклар ўрамини кулбадаги икки сўрининг бирига ташлади.
— Биз шу ерда ухлаймиз, сиз шуни танламаган бўлсангиз, албатта. Бу ерга биринчи бўлиб сиз келгансиз, хоҳлаганингизни танлашингиз мумкин.
— Менга барибир, — деди Месснер, — фарқи йўқ.
У ҳам ўз ўрнини ҳозирлади ва тўшак чеккасига ўтирди. Бегона киши ёстиқ ўрнига дори-дармон солинган халтачасини қўйди, устига адёлини ёпди.
— Сиз врачмисиз? — сўради Месснер.
— Ҳа, — деган жавоб бўлди. — Лекин шуни айтиб қўяйки, мен Клондайкка врачлик қилиш учун келган эмасман.
Ҳамроҳи печканинг оловини жўнаштираркан, аёл овқат пиширишга ҳозирлик кўра бошлади. Кулба ярим қоронғи эди, ёруғлик чўчқа мойи суртилган қоғоз ёпиштирилган кичкина дарчадангина тушар ва Жон Месснер аёлни яққол кўра олмасди. У бунга уринмас ҳам эди. Аёл уни жудаям кам қизиқтиргандек эди. Аммо аёл у ўтирган қоронғи бурчакка ўқтин-ўқтин қизиқсиниб қараб қўярди.
— Бу ерда ҳаёт қанчалар яхши-я! — завқланиб деди врач бир дақиқага пичоқни печка мўрисига чархлашдан тўхтаб. — Тириклик учун кураш, ҳамма нарсага ўз кучинг билан эришмоқликка уриниш, бу ҳаётнинг ибтидоийлиги, унинг реаллиги менга ёқади.
— Ҳа, бу жойларнинг совуқлик даражаси жудаям реал, — кулди Месснер.
— Неча даража экан, биласизми? — сўради врач.
Месснер бош чайқади.
— Унда мен сизга айтай: нартимдаги спиртли термометр етмиш тўрт даража совуқни кўрсатяпти.
— Яъни музлаш нуқтасидан қуйида юз олтини. Сайру саёҳат учун совуқлик қилади, а?
— Ўзни ҳалокатга дучор қилишнинг айни ўзгинаси, — деди доктор. — Одам жуда кўп куч сарфлайди. Оғир нафас олади, совуқ тўғри ўпкасига кириб боради ва тўқималар чеккасини совуқ олади. Одам қаттиқ-қаттиқ, қуруқ йўталади, ҳар йўталганда балғам ташлайди ва келаси йил кўкламга бориб, нега бундай бўлганига ақли етмай ҳайрон қолганича, зотилжамдан ўлиб кетади. Совуқнинг даражаси камида эллик даражага тушмагунча бу кулбада бир ҳафтача қоламан.
— Қара-чи, Тэсс, — деди у бирон дақиқадан сўнг. — Манимча қаҳва қайнаб қолди.
Аёлнинг исмини эшитиб Жон Месснер сергакланди. У аёл тарафга бир қараб қўйди, унинг юзида қачонлардир кўмиб юборилган ва тўсатдан қайта тирилган қайғунинг шарпаси пайдо бўлди. Аммо бир дақиқа ичида у ирода кучи билан бу шарпани қувиб солди. Унинг юзи аввалгидай вазмин тус олди, лекин у ёруғликнинг заифлиги дан аёлни яхши кўролмаётганидан ғижиниб, сергаклик билан унга тикила бошлади.
Аёл қаҳва идишини оловдан олди. Фақат шундан сўнггина у Месснерга қаради. Лекин Жон Месснер ўзини тутиб олган эди. У сўрида хотиржам ўтирар ва лоқайдлик билан мўкасинини* кўздан кечирмоқда эди. Аммо аёл овқат ҳозирлашга тушганда Месснер яна ялт этиб унга қаради, аёл ҳам худди ўшандай тез ўгирилди: нигоҳлар тўқнашди. Месснер дарҳол кўзини олиб қочиб, врачга қаради ва аёлнинг ҳийлакорлигига ўзича кулиб қўйди.
Аёл озиқ-овқат қутисидан шам олиб ёқди. Унинг шуъла тушиб турган юзига бир неча марта боқишнинг ўзи Месснерга етарли эди. Бу кичкина кулбада Месснернинг олдига келиш учун аёл бир неча одим ташлаши кифоя эди. Аёл атайлаб шамни унинг бетига яқин тутиб, қўрқувдан олайган кўзларини унга тикди: уни таниди. Месснер унга хотиржамгина кулиб қўйди.
— У ерда нима излаяпсан, Тэсс? — сўради ҳамроҳи.
— Шпилькани, — деб жавоб берди аёл ва Месснер ёнидан нари кетиб, сўридаги нарсалар солинган қопчиғини кавлаштиришга тушди.
Улар яшикларини стол қилдилар ва Месснер томонга қараб унинг яшигига ўтирдилар. У эса қўлини боши тагига қўйиб, сўрида узала тушганча, уларга қараганча дам олиб ётди. Бу кичкина кулбада гўё учалови бир стол атрофида ўтиргандек эди.
— Қайси шаҳардансиз? — сўради Месснер.
— Сан-Францискодан, — жавоб берди врач. — Лекин икки йилдан бери шу ердаман.
— Мен Калифорнияданман, — деди Месснер.
Аёл унга илтижоли назар ташлади, лекин у жилмайганча сўзини давом эттирди.
— Берклидан…
Врач дарҳол қизиқсинди.
— Калифорния университетиданмасмисиз? — сўради у.
— Ҳа, саксон олтинчи йил битирувчиларидан.
— Мен бўлсам, сизни профессор деб ўйлабман. Кўринишингиз ўхшайди.
— Афсус, — дея унга жилмайди Месснер. — Менга қолса, мени олтин изловчи ёки ит ҳайдовчисига ўхшатишгани маъқул эди.
— Сен докторга ўхшамаганингдек, у ҳам профессорга асло ўхшамайди, — гап қўшди аёл.
— Миннатдорман, — деди Месснер. Кейин аёлнинг ҳамроҳига юзланди: — Ростдан ҳам, доктор, фамилиянгиз нима?
— Хейторн. Шундоқ оғзаки айтганимга ишонишингизга тўғри келади. Визит карточкаларимни, бу тарафга равона бўлишдан олдин, маданиятга қўшиб улоқтириб юборганман.
— Бу киши, албатта, мисс Хейторн… — Месснер жилмайиб таъзим қилди.
Аёл унга шундай назар ташладики, унда илтижодан кўра ғазаб кўп эди.
Хейторн ҳам ўз навбатида ундан фамилиясини сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, аммо Месснер ундан аввал тилга кирди:
— Сиз, доктор, мени қизиқтирган бир масалага ойдинлик киритолсангиз керак. Икки-уч йил муқаддам профессорлар доирасида бир жанжалли воқеа юз берганди. Профессорлардан бирининг хотини қочиб кетганди… Кечирасиз, мисс Хейторн… Сан-Францисколик бир врач биланмиди, фамилияси ёдимда йўқ. Сиз шу тўғрида эшитганмисиз?
Хейторн бош ирғади.
— Бу воқеа ўша пайтларда жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Унинг исми Уомбл эди. Грехэм Уомбл. Тажрибали врач эди. Мен уни бир оз билардим.
— Билгим келади, унга нима бўлди экан? Балки сиз эшитгандирсиз? Бедарак кетишди-я.
— Ҳа, боплашди, ҳеч ким билмай қолди гум бўлишганини, — Хейторн йўталиб қўйди. — Савдо кемасида жануб денгизларига жўнаб кетди деган миш-мишлар юрган эди, ўша ёқда, тайфун пайтида ҳалок бўлиб кетишди чоғи.
— Бунақа гапларни эшитгандим, — деди Месснер. — Сиз шу воқеани эслайсизми, миссис Хейторн?
— Яхши эслайман, — деди аёл. Овозининг хотиржамлигида кўзларида ёнган ғазабнинг акси бор эди. У юзини Хейторндан яшириб, ўгириб олди.
Врач Мёсснердан унинг исмини сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, аммо у гапини давом эттираверди:
— Ўша доктор Уомбл… жуда чиройли бўлган дейишади… аёллар орасида… э-э… жудаям аёлларга ёқарди дейишармиди.
— Бўлса бордир, лекин бу воқеа обдан мазасини кетказган, — ғудранди Хейторн.
— Хотини жудаям заҳар эди. Шунақа деб эшитгандим. Берклида эрининг кунини кўрсатган дейишади… шундоқ…
— Биринчи бор эшитишим, — жавоб қилди Хейторн. — Сан-Францискода бутунлай аксини гапиришарди.
— Жафокаш хотин эканми? Оилавий ҳаётнинг жабр-зулмида эзилган-а?
Хейторн бош ирғади. Месснернинг кулранг кўзлари қизиқсинишдан бўлак ҳеч нимани ифода этмас эди.
— Шундоқ бўлиши керак эди — танганинг икки томони бор-ку. Берклида яшаб юриб фақат бир томонини кўрардим. Ўша аёл Сан-Францискода тез-тез бўлса керак.
— Марҳамат қилиб менга қаҳвадан қуй, — деди Хейторн.
Унинг кружкасини тўлдириб туриб, аёл ёйилиб кулди.
— Хотин-халажлардек ғийбат қиласизлар-а, — дея таъна қилди эркакларга.
— Бу жуда қизиқ-да, — жилмайди унга Месснер. Кейин яна врачга мурожаат қилди: — Эрининг Сан-Францискода унча обрўси ҳам бўлмаган бўлса керак.
— Аксинча, уни маънавий жиҳатдан жуда юксак баҳолашарди, — деб юборди Хейторн ошиқча шахд билан. — Майдакаш, сусткаш одам.
— Сиз уни билармидингиз?
— Умрим бино бўлиб кўрган эмасман. Мен университет доирасида аралашмаганман.
— Яна боягидай — танганинг иккинчи томони, — деди Месснер воқеани ҳар тарафлама лоқайд муҳокама қилаётгандай. — Умуман, унча хушрўй ҳам эмас эди, мен унинг ташқи қиёфасини айтаяпман, лекин ёмон одам эмас эди. Студентлар қатори спорт билан шуғулланарди. Унча-мунча лаёқати ҳам бор эди. Диний маросимга бағишлаб ёзган пьесаси муваффақият қозонган. Уни инглиз бўлимига декан ҳам қилишмоқчи бўлишганини эшитганман, лекин шу воқеа юз бериб, у истеъфога чиқиб, қаёққадир кетиб қолди. Менимча, мана шу воқеа унинг бошига етди. Ҳарҳолда, бизнинг доирада, бундай зарбадан кейин ўзини тиклаб ололмайди, деб ҳисоблашганди. У хотинини жудаям яхши кўрарди, дейишади.
Хейторн, қаҳвани ичиб тугаллади ва лоқайдлик билан ниманидир ғўнғирлаб, трубка тутатди.
— Уларнинг бахтига фарзандлари йўқ экан, — давом этди Месснер.
Хейторн, печкага қараб, шапка ва қўлқопини кийди.
— Ўтин келтирай, — деди у. — Кейин мўкасинимни ечиб, жойлашиб ўтириб оламан.
Унинг ортидан эшик ёпилди. Орага узоқ жимлик чўкди. Месснер ҳолатини ўзгартирмай сўрида чалқанча ётарди. Аёл унинг рўпарасида, яшикда ўтирарди.
— Нима қилмоқчисиз? — сўради аёл кескин.
Месснер эринибгина унга қаради.
— Сизнингча нима қилишим керак? Томоша кўрсатмасман ахир? Ўзи йўлдан чарчаб келганман, сўри дам олишга жуда қулай экан.
Аёл унсиз ғазаб ичида лабини тишлади.
— Аммо… — қизишиб гап бошлади у ва қўлини ишқаб жим бўлди.
— Ўйлайманки, мистер… ҳалиги… Хейторнни ўлдиришимни истамассиз? — деди у мулойим, деярли ёлвориб. — Жудаям ачинарли бўлади бу… умуман, керак бўлмаган нарса.
— Лекин ахир бир нима қилишингиз керак-ку! — қичқирди аёл.
— Аксинча, умуман, ҳеч нима қилмасам керак.
— Сиз шу ерда қоласизми?
У бош ирғади..
Аёл ночорлик билан кулбага, нариги сўрига солинган тўшакка кўз ташлади.
— Кеч тушиб қолди. Бу ерда қолишингиз мумкин эмас. Мумкин эмас! Тушунасизми, сираям мумкин эмас!
— Нега энди, мумкин. Сизга эслатиб қўйишга ижозат беринг, кулбани биринчи бўлиб топган мен бўламан, сиз икковингиз — менинг меҳмонимсиз.
Аёлнинг кўзлари кулбани яна кезиб чиқди ва назари иккинчи сўрига тушганда, кўзларида даҳшат акс этди.
— Бўлмасам биз кетамиз! — деди у кескин.
— Бунинг иложи йўқ. Сизда, боягина мистер… хаҳ… Хейторн боплаб тасвирлаган қуруқ, қаттиқ йўтал бор. Ўпкангизни аллақачон сал шамоллатиб олгансиз. Ахир у врач, буни тушунади. Сизнинг йўлга чиқишингизга йўл қўймайди.
— Бўлмасам сиз нима қиласиз? — яна сўради аёл бўрондан далолат берувчи кескин овозда.
Месснер бетига имкони борича ҳамдардлик ва қаноат туси беришга уриниб, унга оталарча боқди.
— Азизим Тереза, сизга боя айтдим, билмайман, деб. Мен ҳали бу ҳақда ўйлаб кўрганимча йўқ.
— Ё тангрим, мени жинни қилмоқчимисиз? — аламига чидолмай яшикдан ирғиб турди. Қўл силкита туриб: — Илгари сиз бунақа эмасдингиз! — деди.
— Ҳа, ўлгудек юмшоқ, беозор эдим, — тасдиқлади у. — Сиз мени шунинг учун ташлаб кетган бўлсангиз керак-а?
— Шунчалар ўзгариб кетибсиз! Бунчалар мудҳиш хотиржамликни қаёқдан олдингиз? Мен сиздан қўрқаман! Қандайдир даҳшатли бир нарсани ўйлаяпсиз. Ғазабга эрк берманг, ақл билан иш тутинг…
— Сиз кетганингиздан бери… — унинг сўзини бўлди Месснер. — Мен ортиқ ўзимни йўқотмайман.
— Жуда танг қолдирар даражада тузалибсиз, — деди аёл.
Унинг гапини тасдиқлаб Месснер жилмайди.
— Нима қилишимни ўйлаб олгунимча сизга маслаҳатим шу: менинг кимлигимни мистер… хаҳ… Хейторнга айтсангиз. Бу ҳол бизнинг бу кулбада бўлишимизга, ҳарҳолда… эркинлик беради.
— Нега менинг кетимдан бу даҳшатли ўлкага йўл солдингиз? — сўради аёл кутилмаганда.
— Сизни қидириб келди, деб ўйламанг, Тереза. Ўзингизга кўп бино қўйманг. Учрашувимиз — тасодифнинг ўзгинаси. Университет ҳаётига хотима қўйганимдан сўнг қаёққадир кетиш керак бўлди. Ростини айтсам, сизни бу ерда сира учратмаслигимга аминлигимдан Клондайкка келганман.
Зулфин шиқиллади, эшик очилди ва бир қучоқ ўтин кўтариб Хейторн кирди. Унинг қадам товуши эшитилгани ҳамон Тереза ҳеч нима бўлмагандек идишларни йиғиштира бошлади. Хейторн яна ўтинга кетди.
— Нега сиз бизни бир-биримизга таништирмадингиз? — сўради Месснер.
— Унга айтаман, — жавоб берди аёл бошини силкитиб. — Қўрқади деб ўйламанг.
— Бирон нимадан қўрққанингизни мен ҳеч қачон пайқамаганман.
— Юрагингиздагини очиб солишингиздан ҳам қўрқмайман, — деди аёл. Унинг юз ифодаси юмшади, овози майинроқ эшитилди.
— Сизнинг юрак очишингиз тамагирликка, ўз фойдангизни кўзлашга, ўзингизни улуғлашга айланмасайди, деб қўрқаман.
— Бунчалик китобий қилиб сўзламанг, — деди аёл инжиқлик билан, аммо унинг товушида мулойимлик бир қадар ошган эди. — Мен унақа ақлли гап талашишни ёқтирмайман. Ундан ташқари, сиздан ўтинишдан ҳам қўрқмайман.
— Умуман олганда, сизни кечирадиган ҳеч нима йўқ, Тереза. Яхшиси, мен сиздан миннатдор бўлишим керак. Рост, аввалига анча азоб чекдим, лекин кейин — гўё кўкламнинг юмшоқ нафасидай — бахт туйғуси, катта бахт ҳиссини туйдим. Бу ғаройиб бир кашфиёт эди.
— Яна сизга қайтсам-чи? — сўради аёл.
— Бу ҳол мени анча қийин аҳволга солиб қўяди, — деди у аёлга қувлик билан мийиғида кулиб қараркан.
— Мен сизнинг хотинингизман. Ахир сиз ажралишга ҳаракат қилмадингиз-ку?
— Ҳа, шундай, — деди у ўйчан. — Ҳаммасига менинг бепарволигим айбдор. Уйга қайтишим билан шунга ҳаракат қиламан.
Аёл унинг ёнига келди ва қўлини унинг елкасига қўйди.
— Энди сизга керагим йўқми, Жон? — деди. Аёлнинг овози майин жаранглар, қўлининг елкага қўйиши эркалашдай эди. — Агар мен сизга, хато қилибман, десам-чи? Жудаям бахтсизлигимни тан олсам-чи? Ростдан ҳам бебахтман. Дарҳақиқат, хато қилдим.
Месснернинг қалбида қўрқув пайдо бўла бошлади. Аёл қўлининг енгил тегиб ўтганидаёқ бўшашганини ҳис қилди. Энди у ўзини баланд тутолмас, бутун керилган хотиржамлигидан асар қолмади. Аёл унга мулойим боққани сайин, бу одамнинг қатъияти эриб кетмоқда эди; У ўзини жар ёқасида ҳис қилар ва уни ўша ёққа итараётган кучга қарши кураша олмас эди.
— Сизнинг ҳузурингизга қайтаман, Жон. Шу бугун… шу топда қайтаман…
Месснер худди уйқусида алаҳсираётгандай, мана шу қўл ҳукмидан қутулишга ҳаракат қиларди. Назарида афсонавий сув қизлари — Лорелларнинг майин қўшиғини эшитаётгандай эди. Гўё узоқ-узоқларда рояль чалинаяптию унинг товуши онгига зўр билан қуйиляпти.
Месснер сўридан ирғиб турди, аёл уни қучмоқчи бўлганди, итариб юбордй ва эшикка тисарилди. У ўлардай қўрқиб кетганди.
— Ўзимни тутаман, деб кафил бўлолмайман! — деб қичқирди у.
— Ўзингизни тутинг деб огоҳлантирдим-ку! — дея аёл мазах қилиб кулди ва яна идиш ювишга тутинди. — Ҳеч кимга керагингиз йўқ. Шунчаки ҳазиллашдим. Мен у билан бахтлиман.
Аммо Месснер унинг сўзига ишонмади. Бу аёлнинг доғулилигини, маккорлигини яхши биларди. Ҳозир ҳам макрини ишлатмоқчи. Мана у — ниқобланган тамагирлик! У бошқаси билан бахтсиз ва ўз хатосини тан оляпти. Месснернинг иззат-нафси қониқди. У қайтишни истайди, аммо Месснерга бунинг асло кераги йўқ. Жон Месснер беихтиёр эшик зулфинидан тутди.
— Қочманг, — дея кулди аёл, — сизни тишлаб олмайман.
— Қочаётганим йўқ, — жавоб қилди Месснер болалардек тажанглик билан, қўлқопини кияркан. — Сувга бориб келай.
У бўш пақирларни олиб, эшикни очди. Кейин орқасига ўгирилди.
— Мистер… хаҳ… Хейторнга менинг кимлигимни айтишни унутманг.
Месснер бир соат ичида ўйиқ бетини қоплаган музни синдирди-да, пақирни тўлдирди. Лекин у орқасига, кулбага қайтишга шошилмасди. Пақирларни сўқмоққа қўйди. Совуқ қаттиқ эди. Сал қизиш учун гоҳ олдинга, гоҳ орқага тез-тез юра бошлади. Соқолини оппоқ қиров боғлади, пешонасидаги ажинлар текисланиб, бетида қатъият пайдо бўлди. Режаси пишди шекилли, совуқ қотган лабларида истеҳзоли табассум ўйнади. У юзи музлай бошлаган пақирларни олди ва кулба томон юрди.
Эшикни очиб, печка ёнида турган врачни кўрди. Унинг юз ифодаси ясама, мужмал эди. Месснер пақирни ерга қўйди.
— Сиз билан танишишдан хурсандман, Грэхэм Уомбл, — уларни гўё ҳозиргина таништирганларидай такаллуф билан деди Месснер.
Уомбл қўлини узатмади. Одатда ёмонлик қилган кишиларга шундай қилар, ҳозир ҳам Месснерга нафрат билан қараб, депсиниб турар эди.
— Демак, ўша сиз, — деди Месснер ўзини ҳайрон қолгандай кўрсатиб. — Ҳм, ҳм… тўғриси, сиз билан танишганимдан жуда хурсандман. Менга… ҳм-ҳм. Сизнинг нимангиз Терезага ёққанини билгим келади, тўғрироғи, нимангиз уни қизиқтирганига ҳайронман. Ҳа, шундоқ…
Месснер, худди отни кўздан кечирганларидай, унга бошдан-оёқ қараб чиқди.
— Мени кўргани кўзингиз йўқлигини тушунаман… — гап бошлади Уомбл.
— Э, аҳамияти йўқ! — унинг сўзини бўлди Месснер расамади мулойимлик билан. — Гапириб ўтиришга арзимайди. Мен фақат Тереза ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Умидларингиз оқландими? У ўзини қандай тутди? Сиз энди, албатта, хушбахт тушдагидай яшаётган бўлсангиз керак?
— Бўлмағур гапларни қўйинг! — гапга аралашди Тереза.
— Мен оддий одамман, нимани ўйласам шуни гапираман! — ғамгин товушда деди Месснер.
— Барибир ўзингизни одамдай тутмоғингиз керак, — кескин деди Уомбл. — Нима қилмоқчисиз, биз шуни билмоқчимиз.
Месснер нима қиларини билмаганга солиб, қўлини ёйди.
— Билмадим. Бу шундай дарди харина бир ҳолки, унинг охири нима бўлишини билмайсан киши.
— Учовлон бу кулбада тунаб қололмаймиз.
Месснер бош ирғади.
— Демак, кимдир кетиши керак.
— Ҳеч шубҳасиз, — тасдиқлади Месснер. — Уч жонки, шу бир кулбада айни бир пайтда туролмас экан, уларнинг бири ғойиб бўлмоғи керак.
— Сиз ғойиб бўлишингиз керак, — маъюс эълон қилди Уомбл. — Кейинги манзилгача яна ўн миля бор, аммо сиз бир амаллаб етиб оласиз.
— Мулоҳазангиздаги биринчи хатойингиз шу, — эътироз билдирди Месснер. — Нега энди мен кетарканман? Кулбани биринчи бўлиб мен топганман-ку ахир.
— Лекин Тэсс йўлга чиқолмайди, — деди Уомбл, — унинг ўпкаси шамоллаган.
— Гапингизга қўшиламан. Бу совуқда у ўн миля юролмайди. Ҳеч сўзсиз, у қолиши керак.
— Демак шундоқ бўлади, — қатъият билан деди Уомбл.
Месснер йўталиб олди.
— Сизнинг ўпкангиз соғлом-а, шундоқми?
— Ҳа, нима эди?
Месснер яна йўталиб олди ва гўё ҳар бир сўзи устида мулоҳаза юритаётгандай битта-битта деди:
— Ҳеч нима… Фақат шуниси, борки… ўзингизнинг фикрингизга кўра, бу, совуқда ўн миля сайр қилсангиз, сизга ҳеч қийинчилиги йўқ. Бир амаллаб етиб оласиз.
Уомбл Терезага шубҳа билан қаради ва унинг кўзида шодиёна ҳайрат учқунини кўрди.
— Сен нима дейсан? — сўради у.
Аёл иккиланиб жим қолди ва Уомблнинг юзи ғазабдан қорайиб кетди. У Месснерга ўгирилди.
— Етар! Сизнинг бу ерда қолишингиз мумкин эмас.
— Йўқ, мумкин.
— Мен бунга йўл қўймайман! — Уомбл таҳдид билан елкасини керди. — Бу ишни мен ҳал қиламан.
— Мен барибир қоламан, — деб ўз сўзида туриб олди Месснер.
— Мен сизни улоқтириб ташлайман!
— Мен қайтиб кираман.
Уомбл ўзини тутиб олиши учун жимиб қолди. Кейин оҳиста, паст, бўғиқ товушда деди:
— Менга қаранг, Месснер, агар кетмасангиз, мен сизни калтаклайман. Биз Калифорнияда эмасмиз. Мана шу муштларим билан абжағингизни чиқараман.
Месснер елкасини қисди.
— Агар менга қўл кўтарсангиз, олтин қидирувчиларни тўплайман, ана унда, биринчи учраган дарахтга сизни қандай осганларини томоша қиламан. Жуда тўғри айтдингиз, биз Калифорнияда эмасмиз. Олтин қидирувчилар оддий халқ, калтак изини кўрсатиб, ҳамма ҳақиқатни ўртага ташлаб, ўз хотинимга бўлган ҳуқуқимни айтсам бас.
Аёл бир нима демоқчи бўлди, аммо Уомбл жаҳл билан уни уришиб ташлади.
— Сен аралашма! — деб қичқирди у.
Месснернинг овози бошқача жаранглади:
— Марҳамат қилиб бизга халақит қилмасангиз, Тереза.
Ғазабдан ва ҳаяжончни зўрға босиб турганлигидан аёлни қаттиқ, қуруқ йўтал тутди. Унинг юзи қизариб, қўлини кўксига тутиб, хуружнинг ўтиб кетишини кутди.
Уомбл йўталга қулоқ бериб, аёлга маъюс қараб турарди.
— Бир қарорга келиш керак, — деди у. — Унинг ўпкаси совуқни кўтармайди. Ҳаво илимагунча у йўлга тушолмайди. Мен уни сизга ташлаб кетмайман.
Месснер ювошлик билан «ҳм» деб қўйди, йўталиб олди, кейин яна «ҳм» деб қўйди-да:
— Менга пул керак… — деди.
Уомблнинг юзида дарров нафратомуз ифода пайдо бўлди. Мана шу топда Месснер унинг кўз ўнгида жуда тубанлашиб кетди, ахийри у ўзининг пасткашлигини намоён этди-я!
— Бир халта олтин қумингиз бор, — давом этди Месснер, — нартдан тушираётганингизда кўрган эдим.
— Қанча берай? — сўради Уомбл, унинг юзида намоён бўлган нафрат товушида ҳам эшитилди.
— Халтангизда қанча бўлишини чамалаб қўрдим ва… ҳалиги… ўйлайманки, йигирма фут келиб қолса керак. Тўрт минг бўлса-чи?
— Ахир менда бор-йўғи шунча-ку! — қичқирди Уомбл.
— Сизнинг Терезангиз бор, — юпатди уни Месснер, — Ахир шу пулга у арзимайдими? Ахир нимадан воз кечаётганимни бир ўйлаб кўринг-а. Тағин ҳам арзон баҳолаяпман.
— Бўпти! — Уомбл олтин солинган халта ёнига борди. — Ишқилиб тезроқ бир ёқлик қилайлик бу ишни! Эҳ, сизни қаранг-у!.. Пасткаш!
— Йўқ, ноҳақ гапиряпсиз, — истеҳзоли кулиб деди Месснер. — Одоб нуқтаи назаридан қараганда, пора берган кимса пора олгандан кўра яхшими? Ўғирлик молни яширган кимса ўғридан яхшимас-ку, шундоқми? Бу кичкина келишувдаги арзимаган афзаллигингиз билан ўзингизни овутманг.
— Этикангизга минг лаънат! — жаҳл билан деди Уомбл. — Бу ёққа келиб қумни ўлчашимга қараб туринг. Яна алдаб қўймай сизни.
Аёл эса сўрига суянганича, яшикка қўйилган торозида қум ва соф олтинни ўлчашларини дарғазаб кузатарди — бу унинг эвазига тўланаётган ҳақ эди. Торози кичкина эди, бўлиб-бўлиб ўлчашга тўғри келарди. Месснер эса ҳар гал синчковлик билан текширарди.
— Бу олтиннинг ичида кумуш кўп экан, — деди у халтанинг оғзини боғларкан. — Ҳар унция*да учдан бирга тўғри келса керак. Сиз менга панд бериб қўйдингиз чоғи, Уомбл.
У халтани бундай қимматбаҳо нарсага кўрсатиладиган эъзоз билан кўтарди ва нартга олиб чиқиб кетди. Қайтиб келгач, идишларини йиғиштириб олди, озиқ-овқат яшигини жойлаштирди, тўшагини юмалоқлаб олди. Кейин бўхчаларини жойлаштиргач, ғингшиётган итларини қўшди ва қўлқопини олгани яна кулбага қайтди.
— Хайр, Тэсс! — деди у остонада туриб.
Аёл унга ўгирилди, нимадир деб жавоб бермоқчи бўлди-ю, лекин қалбида қайнаган ғазабини сўз билан ифодалай олмади.
— Хайр, Тэсс! — мулойим такрорлади Месснер.
— Аблаҳ! — дея олди ниҳоят Тэсс.
Аёл гандираклаб тўшак ёнига келди, ўзини юзтубан отди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Ҳайвонлар! Разил ҳайвонлар!
Жон Месснер орқасидан эшикни оҳиста ёпди ва йўлга тушиш олдидан катта қониқиш ҳисси билан кулбага ўгирилиб қаради. У қирғоқдан ўзанга тушди, нартни ўйиқ ёнида тўхтатди ва юкни тортиб турган арқонлар тагидан олтин солинган халтани олди. Сув бетини юпқа муз қоплаган эди. У мушти билан музни синдирди ва халта боғичини тиши билан ечди-да, ичидаги олтинларни сувга ағдарди. Дарёнинг шу ери саёз бўлиб, икки фут масофадан туриб Месснер дарё тубини кўрди. Сўнаётган куннинг сўнгги ёғдусида дарё туби сарғиш кўринарди. Месснер ўйиққа тупурди.
Кейин у итларни Юкон бўйлаб қўйиб юборди. Итлар ҳазин ингиллар ва истар-истамас югурарди. Ўнг қўли билан бургич ходани тутган, сўл қўли билан юзи ва бурнини ишқалаган Месснер, дарё муюлишида итлар иккинчи томонга бурилганларида, абзалга қоқилиб кетди.
— Қани, олдинга, маймоқлар! — қичқирди у. — Қани, ҳа, олға, олға!

Русчадан Холида Аҳророва таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 9-сон.
_________________
* Нарт — итга қўшиладиган узун чана.
* Фут — 30,479 сантиметрга баробар келадиган инглиз ўлчови.
* Мўкасин — шимолий америкалик ҳиндуларнинг юмшоқ пойабзали.
* Унция — турли мамлакатларда турли қимматга эга бўлган оғирлик ўлчови.