Эдгар Аллан По. Сукунат (ҳикоя)

Тоғ чўққиларида мудроқлик ҳоким,
Сукунат изғийди ғор, қояларда…
Алкман, юнон шоири

— Қулоқ сол, — деди Иблис меҳрибонлик билан қўлини бошимга қўйиб, — мен сенга Ливиядаги бир ҳувиллаган ўлка ҳақида гапириб бермоқчиман. Заҳира дарёси соҳилларида ястанган бу ўлкада ором ҳам, сукунат ҳам йўқ.
Дарё суви заъфарон рангда, у денгизга қараб оқмайди, аммо қуёшнинг алвон шафағида саркаш ва асов мавжланади, тинимсиз пўртаналари тўлғонади. Иккала соҳил бўйлаб, ботқоқли ўзанда ҳайбатли сув лолагуллари айқаш-уйқаш бўлиб ётади. Кимсасизликдан хўрсинаётгандай, лолалар рангпар толма бўйинларини кўтариб, бир-бирларига қараб бош чайқашади. Улар ерости сувларининг шовирига ўхшаш аллақандай тушунуксиз бир оҳангда шивирлашаётгандай туюлади, элас-элас хўрсинишади.
Аммо бу заъфарон сув лолалари салтанатининг чегараси бор — даҳшатли қоронғи, дарахтлари кўкка бўй чўзган ўрмон уларнинг ҳудуди. Ана шу ўрмон ҳудудида пастак бутазор Гебрид ороллари соҳилидаги тўлқинлардай тинимсиз чайқалиб туради. Лекин самода қилт этган шабада эсмайди. Маҳобатли ёввойи дарахтлар эса бўрон тургандай тинимсиз шовқин солиб, гувиллайверади. Уларнинг самовий шохларидан шудринг томчилари муттасил томиб туради. Дарахтларнинг илдизлари устида заҳарли гуллар беором мудроқ ичида буралиб, уйқашиб ўсади. Самода эса қора булутлар ғужғон ўйнаб, гувиллаб, тинмай мағрибга интилади, шаршарадан пастга тушиб кетгандай, уфқнинг оловли ҳудудига гулдурос чақмоқ бўлиб сингиб, йўқолади. Лекин самода қилт этган шабада эсмайди. Заҳира дарёси соҳилларида ором ҳам, сукунат ҳам йўқ.
Қоронғи кеча эди, ёмғир ёғарди, ёғаётганида ёмғир эди, аммо дарёга тушганида қонга айланарди. Бўйдор сув лолалари ўсиб ётган жарликда турардим, бошимга қонли ёмғир ёғарди, гуллар улуғвор хароботдан хўрсиниб, бир- бирларига қараб бош чайқашади.
Бирданига ҳарир туман орасидан қонга белангандай алвон ой чиқди. Ой ёруғида соҳилдаги ҳайбатли қора қоя кўзимга ташланади. Қоя рангсиз, жонсиз, юксак эди. Қоя рангсиз эди. Қояга аллақандай битик ўйиб ёзилганди. Сув лолалари чайқалиб турган жарликдан сузиб бориб, тош битикни ўқиш мақсадида соҳилга яқинлашдим. Лекин ёзувни ўқиёлмадим. Яна жарликка қайтдим, ой бағри баттар қонга беланди, мен яна қояга қарадим ва ундаги ёзувни ўқидим: ХАРОБОТ.
Қоя чўққисига қарадим, четида бир одам турарди, мен унинг нима қилишини кузатиш учун сув лолалари орасига яшириндим. Инсон қоматдор ва улуғвор эди, елкасидан товонигача қадимги румо ридосига бурканган эди. Унинг жуссаси элас-элас кўринар, аммо юзидан нур ёғиларди. Тун қоронғилиги, туман ва шабнамнинг ҳарир пардалари унинг чеҳрасини тўсолмасди; манглайи ўйлардан баланд, нигоҳи ташвишлардан телбаваш, пешонасидаги ажинлар ёзуви ғам-андуҳ, чарчоқ, ҳорғинликдан сўзлар, башар авлодларидан кўнгли қолган ва ёлғизлик қўмсаган қалб ҳикоясини айтарди.
Инсон харсангга ўтирди, бошини қўлига тиради ва қаршисидаги хароботга қаради. У пастак, оромсиз буталарга, баланд ёввойи дарахтяарга, гувиллаган садоларга тўла самога, бағри қонга беланган ойга қаради. Мен эсам сув лолалари орасида беркиниб, инсоннинг нима қилишини кузатардим. Инсон ёлғизликдан титрарди; лекин тун охирлаб борар, у ҳамон қояда ўтирарди.
Инсон самодан нигоҳини олди ва кимсасиз, ташландиқ Заҳира дарёсига, унинг жонсиз, заъфарон сувларига ва қонсиз сув лолаларининг лак-лак қўшинига қаради. Инсон сув лолаларининг хўрсинишига, уларнинг тинимсиз шивирига қулоқ солди. Мен эсам яширинган жойимдан уни кузатардим. Инсон ёлғизликдан титрарди, тун охирлаб борар, у ҳамон қояда ўтирар эди.
Ана шунда мен жарлик тубига тушиб, ботқоқзор орасидаги оролчаларда яшайдиган гиппопотамларни чорладим, улар овозимни эшитиб, ўзларининг бегемоти — сув оти бошчилигида қоя этагига етиб келишди, ой нурида ўтирган инсонга қараб даҳшатли бўкириб, шовқин кўтаришди. Мен гуллар орасида яширинганимча одамни кузатардим. Инсон ёлғизликдан титрарди, тун охирлаб борар, у эса ҳамон қояда ўтирарди.
Ана шунда мен борлиқ табиат қудратларини ёрдамга чорладим; ҳалигина шабада қилт этмаган самода бўрон бошланди. Бўрон қаҳри-ғазабидан осмон қорайиб кетди; ёмғир, жала ёғиб, инсонни савалашга тушди, дарё азобдан мавжланиб, қирғоқларидан тошди; сувлари сув лолалари изтйробдан дод-фарёд кўтарди; дарахтлар бўрон зарбига дош беролмай ағдарила бошлади; момақалдироқ гумбирлаб, чақмоқ чақиб, тоғ қояси замин-заминигача чайқалиб кетди. Мен яширинган жойимдан инсонни кузатардим. Одам ёлғизликдан титрарди; тун охирлаб борар, у эса ҳамон қояда ўтирарди.
Ана шунда мен қаҳрландим ва борлиқни «Сукунатга бот!» деб лаънатладим; дарё ва буталарни, шамол ва ўрмонни, осмон ва момақалдироқни, хўрсинаётган сув лолаларини сукунат номи билан, кунпаякун бўл, деб лаънатладим. Борлиқ лаънатга учради ва сукунатга чўмди. Ой осмон сўқмоғидан тирмашиб чиқишини бас қилди, момақалдироқнинг уни, чақмоқнинг олови ўчди, булутлар ҳаракатсиз осилиб қолди, тошқин ўз қирғоқларига қайтиб, тошдай қотди, дарахтлар чайқалиши тўхтади, сув лолалари бир-бирларига бош ирғамай, хўрсинмай, шивирламай қолишди, улкан, ҳайҳотдай, ҳудудсиз саҳрода ғинг деган товуш эшитилмай қолди. Шунда мен қояга қарадим ва ундаги «СУКУНАТ» деган ёзувни ўқидим.
Сўнг Инсон чеҳрасига қарадим. Даҳшатдан унинг юзи оқариб кетди. Шошиб бошини кўтарди, бор бўйи тикланди ва борлиққа қулоқ.тутди. Аммо бепоён, ҳудудсиз саҳрода тиқ этган товуш йўқ эди, қояда эса «сукунат» деган ёзув бор эди. Инсон саросимага тушди, орқага бурилди ва қояни ташлаб кетди; ўшандан буён мен уни кўрмадим»,
Темир занжирли муқоваларда сақланиб қолган қадимги кароматгўй — волхвларнинг қайғули китобларида ажойиб-ғаройиб ҳикоятлар бор. Ана шу китобларда Ер ва Осмон, буюк тўфон тарихи ҳақида, денгиз ва уммонларни, Ер ва Осмонни эгаллаб олган Жинлар тўғрисида ажойиб гаплар бор. Сивиллаларнинг муқаддас эман япроқлари шивири остида айтган ҳикматларини қадимгилар жон қулоғи билан эшитишарди. Лекин, худо ҳаққи, ҳаммасидан ҳам Иблис қабр тоши соясида менга айтиб берган ҳикоят жуда-жуда қизиқ ва ғаройиб кўринди! Иблис ҳикоясини тугаллади ва очиқ гўрга тушиб, қаҳқаҳа урди. Мен эсам Иблиснинг кулгисига қўшилмадим. У мени лаънатлади. Чунки мен унга қўшилиб кулмадим. Гўрда абадий яшовчи сиртлон ташқарига чиқиб, Иблиснинг оёғи остига чўзилди ва унинг юзига тикилиб қолди.

Рус тилидан Маҳкам Маҳмудов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 8-сон.