– Жаноб, ҳудудимизга яқинлашаётган бегона самолёт қўнишга рухсат сўраяпти.
– Бегона самолёт дейсизми? Бу ерга қаердан келиб қолди у?
– Билмайман, жаноб. Илгари ҳеч учрамаганди. У билан ҳеч қандай алоқамиз ҳам бўлмаган. У ёқилғим тугаяпти, сизлар қаршилик кўрсатсангиз ҳам барибир қўнишга мажбурман, деб сурбетлик қиляпти. Жуда ғалати, а, жаноб?!
– Қизиқ.
– Тағин у ҳазиллашди ҳам.
– Нима деб ҳазиллашди?
– Мени ҳеч ким тўхтатиб қўёлмайди, деб ҳазиллашди.
– Шундай денг. Майли, қўнаверсинчи.
Самолёт 23 дан 27 дақиқа ўтганда пойтахт чеккасидаги кичкина ёзги қўнимгоҳга пастлаб қўнди. Янги сана киришига бор-йўғи 33 дақиқа қолган эди. Бу сана одатдагиларидан фарқли ўлароқ муҳим сана эди. Янги йил эшик қоқаётганди, ҳадемай бутун сайёрада 1 январ кириб келади. Айни дам бутун дунё ҳаяжону ҳадикда янги йилни кутиб турганди.
Нотаниш учувчи самолёт кабинасидан ерга сакраб тушди-да, ҳеч нимадан-ҳеч нима буйруқ бера кетди:
– Юкни туширишга ёрдамлашинглар. Ўн иккита жомадон бор, бирортасини ҳам унутиб қолдирманглар. Кейин такси буюртма беринг. Балки телефонимдан фойдаланарсизлар.
– Шошманг,-мужмаллик билан деди бошлиқ,-Аввал масалага ойдинлик киритиб олсак яхши бўлармиди? Сиз шуни унутмадингизми?
– Шундоқ ҳам ҳаммаси равшандек туйилмаяптими сизга,-жилмайди нотаниш учувчи.
– Йўқ,-асабийлашди бошлиқ, сўнг сўради.-Илтимос, менга ҳужжатларингиз ва бортжурналингизни кўрсатсангиз.
– Кечирасиз, бу талабингизни бажара олмайман.
Нотаниш учувчи бу гапни шундай журъат ва сурбетлик билан айтдики, бошлиқ ғазабдан портлаб кетишига бир баҳя қолди.
– Майли, сиз айтганча бўла қолсин,-ҳовуридан тушди учувчи бошлиқнинг важоҳати ўзгарганини кўриб. – Берироқ келинг.
Учувчи бу гапни шундай сокин ва нафис оҳангда айтдики, бошлиқ наздида билдирилгани бу илтифот меъёридан ошгандек бўлиб туйилди.
“Устимдан куляптими бу нусха? Майли, шошмай турсин, танобини тортиб қўяман…”
– Сизнингча мени кимдир кутёган бўлиши муминкми?-давом этди кўриниши жумбоққа лим саёҳатчи.
– Ҳозир ҳамма Янги йилни қарши олишга шай бўлиб ўтирибди. Сиз ҳам байрамни муносиб ўтказиш учун шошилаётгандирсизда?
– Янглишмадингиз, муҳтарам жаноб.
– Кўриб турганингиздек мен хизмат жойимдаман. Янги йилни шу ерда, аэропортда кутиб оламан. Мабодо ўжарлик қилгудай бўлсангиз, ҳужжатларингизни кўрсатмасангиз, сиз ҳам мен билан бирга шу ерда қолишингизга тўғри келади.
Нотаниш учувчи бошлиқ билан бирга унинг бўлмасига кириб келгунча бир оғиз ҳам сўз қотишмади. У бўсағадан ўтиб, илтифот ҳам кутмасдан бошлиқнинг юмшоқ курсисига чўкдида, сигарет тутатиб, сўнг ён-верига аланглади. Ўзига савол назари билан тикилиб турган бошлиққа жилмайиб деди:
– Дарвоқе, ҳужжатларни сўрагандингиза? Уларни сизга бергандим, кўриб бўлдингизми?
Аэропорт бошлиғи тонг қотди.
– Ҳали бунақа ҳунарингиз ҳам борми, лўттибозман денг. Ҳойнаҳой, сездирмай чўнтагимга солиб қўйгандирсизда, а? Эҳтимол қулоқларимдан соат ё бурнимдан тухум илаштириб чиқаришга уриниб кўрарсиз?
Нотаниш йигит бошлиқнинг жиғибийрон бўлаётганини сезди, ортиқ ади-бади айтишни лозим кўрмай, стол устида турган янги тақвимга имо қилди:
– Мана менинг ҳужжатим. Мен – Вақтман. Ходимларингиз ташиб келтирган ўн иккита жомадонимда ўн иккита ой бор. Бу ойлар, хўш, -учувчи билагидаги соатга бир қараб олди,-йигирма тўққиз дақиқадан кейин ҳаракатга тушади.
– Сиз чиндан ҳам Вақт бўлсангиз,-вазмин овозда сўз қотди бошлиқ,-унда мен учқур самолётман. Роса ҳазилкаш экансиз. Сиз билан зерикиб қолмаслигимга имоним комил. Унда Янги йилни бирга кутиб оламиз, нима дедингиз. Телевизорни ёқишимга қарши бўлмасангиз керак, ҳар ҳолда. Байрамбоп кўрсатувлар бўлётгандир.
– Қаршилигим йўқ. Ёқаверинг. Лекин шуни айтиб қўйишим керак. Мени бу ерда ушлаб турар экансиз, ҳеч қандай Янги йил ҳам бўлмайди.
Бошлиқ нотаниш учувчини эшитмадими ё унинг гапларини инобатга олмадими, жавоб бермади.
Телевизорда байрам концерти намойиш этилаётганди. Кўрсатув тугагач, диктор алланималар ҳақида маълумот берди, сўнг саҳна олдида оркестр жамоаси пайдо бўлди.
Нотаниш учувчи сира зерикмади. Телевизордаги оркестр куй-қўшиқларига ҳамоҳанг хиргойи қилди, завқи келиб оёқларини полга секин тапиллатиб урди. Бир-икки латифалар айтиб, бошлиқни кулдирди ҳам.
– Мана, янги йил киришига бор-йўғи бир дақиқа қолди. –жилмайди бошлиқ.-Афсус, сизни шампан виноси билан сийлашни истагандиму, йўқда. Ундан кейин мен хизматдаман, мумкин эмас.
– Илтифотингиз учун раҳмат. Шампан виносига ҳожат йўқ, чунки мен ҳам ичмайман,-нотаниш учувчининг кейинги гаплари барабан садосидан ҳам баланд жаранглади.-Вақт тўхтаб қолди. Ҳеч қандай Янги йил бўлмайди энди. Соатингизга қаранг.
Бошлиқ беихтиёр соати циферблатига қаради, сўнг соат тақилган билагини қулоғига яқин олиб борди.
“Қизиқ,-пичирлади у,-чиқиллаяпти, аммо нега секунд мили қимирламаяпти, бузилдимикан, а?”
Бошлиқ бир дақиқани ўтказиш учун олтмишгача санади. Сўнг соатига тағин кўз ташлади. Соатнинг дақиқа мили ҳам қилт этмай, ўша-ўша, бир кам ўн иккилигача турганини кўриб, баттар ажабланди. Телевизордаги вақтни кўрсатаётган соат ҳам ҳаракатдан тўхтаб қолганди. Бир маҳал телевизорда диктор кўринди.
– Техник носозлик юзага келди, сизлардан узр сўраймиз,-хижолат тортган кўйи деди диктор.
Аэропорт бошлиғи қаршисидаги нотаниш меҳмонга хавотиромуз кўз ташлади. Учувчи унга жилмаган кўйи деди.
– Ана, кўрдингизми? Бунга сиз айбдорсиз!
– Мен? Менинг бу техник хатога нима дахлим бор?
– Ахир мен Вақт эканимга ишонмаяпсизку? Мана бу атиргулга қаранг…
Стол устидаги гулдонда қизил атиргуллар барқ уриб очилиб турарди. Бошлиқ гулларни ёқтирарди.
– Ҳозир мана шу гулларга тегинсам, нима ҳодиса рўй беришини сезяпсизми?
Нотаниш учувчи ўрнидан ирғиб туриб, стол ёнига борди ва хиёл энгашиб гулларга худди олов ўчираётгандек каби “пуф” деб юборди. Шунда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа содир бўлди. Баҳор ҳавосини уфуриб турган атиргуллар кўз юмиб-очгунча буришиб, гулбаргаклари бандидан бир-бир узилиб, столга тўкилди ва шу оннинг ўзида бари қовжираб, бир сиқим кулга айланди қолди.
Бошлиқ қўрқув ичида телефон гўшагига ёпишди.
Бир неча дақиқадан сўнг аэропорт бошлиғининг вазирга қилган қўнғироғи сабаб, Америкаю Сингапурда ҳам, Танзания, Новосибирскда ҳам, умуман, ҳамма жойда одамлар кичкина аэропортда талаб қилинган ҳужжат кўрсатилмагани боис вақт тўхтаб қолганлиги ҳақидаги сирдан воқиф бўлишди. Бироқ бу хабар Янги йилни нишонлаш арафасида бўлган миллионлаб одамларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Улар ўз севинчу қувончларини шампан виноси билан “ювишга” киришдилар.
– Вақт тўхтаб қолди!-ҳайқиришарди одамлар.-Биз энди кексаймаймиз. Мангу ёшлигимизча қоламиз. Ўлим биздан чекинди!
Аэропорт бошлиғининг бўлмасида эса телефон узлуксиз жирингларди. Одамлар бошлиққа ўз ниятларини очиқ-ошкор изҳор этишарди:
– Вақтни қўйиб юборманг!
– Уни кишанлаб ташланг!
– Уйқу дорисидан ичиринг!
Бош вазир барча вазирларни йиғиб, кенгаш ўтказибди. Унда Вақт масаласи муҳокама қилинибди. Кенгашдагилардан айрим вазирлар “Вақтни мангу ҳибсда тутиш керак” деб таклиф билдиришса, бошқалар “Вақтга озодлик бериш керак” дейишибди. Шунда Ички ишлар вазири тутоқиб кетибди:
– Озодлик? Ҳеч қачон! Ҳужжати йўқ ҳар қандай одамни қўйиб юбораверсак, оқибати нима бўлишини ўйлаяпсизларми? Бу нусха бизга ўз шахсияти ҳақида тўла-тўкис маълумот берсин: исм-шарифи, таваллуд жойи, турар жойи, фуқаролиги, миллати, паспорти серияси ва ҳоказолар….
Хийла вақт ўтгач (узр, вақт ахир тўхтаб қолганку, нималар деяпман), хуллас шовқину суронларда гап нима ҳақида бораётганини англаган бир болакай ( у мактаб ўқувчиси бўлсада ҳалигача икки карра иккининг ҳисобини билмасди) нинг жаҳли чиқиб кетибди:
– Нима? Энди доим Ҳозир бўлиб қолаверадими? Бундан чиқди, мен улғаймас эканманда? – у вақтнинг тўхтаб қолганидан дарғазаб бўлиб, бир талай орзулари бор ўртоғига сим қоқиб, бўлган воқеани етказибди. Ўз навбатида у бошқа жўрасига айтибди. Шу тариқа вақтнинг тўхтаб қолганига қарши чиққанлар сафи кенгайиб, кўча-кўйда ошкора намойиш ўтказибдилар.
– Вақтни қўйиб юборинглар!-қичқиришибди болалар.-Бир умр шундай болалигимизча қолишни истамаймиз!
– Мен муҳандис бўлишим учун вақт керак!
– Ёз келишини истайман!
– Денгизда чўмилгим келяпти!
Сафда борётганлардан бири бу сўзни эшитиб, кулиб қўйибти.
– Аҳмоқ, дунёда нима гаплар бўляптию, бу бўлса чўмиламан дейдия?
– Тўғри-да,- чўмилишни истаган боланинг фикрини қувватлади бошқа бир болкай,-ахир ҳозир қиш. Вақт шу ҳолича қолиб кетса, ҳеч қачон ёз келмайди, денгизда чўмилиш армонга айланади. Офтоб чиқишини тушингда кўрасан.
– Нима? Унда 31 декабр мутлоқ ва ягона санага айланадими? Истамайман.-Бошини чангаллади бошқа бир бола.
Тўшакда ётган беморлар ҳам нима воқеа юз берганидан дарак топишгач, улар ҳам вақтнинг тўхтаб қолганидан жаҳли чиқибди.
– Бир умр тўшакда ётаманми энди? Бу оғриқлар аримайдими? Истамайман!
Шу тариқа панжара ортида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам, баҳор келишини орзиқиб кутётган деҳқонлар ҳам, умуман эртанги кунидан умид қилётган барча умидвор кўзлар тезроқ вақтнинг ҳаракатга келишини сўраб, аэровокзалга бот-бот сим қоқишибди.
– Вақтни тезроқ қўйиб юборинг.
– Вақт бизга жуда зарур.
Халқ ғалаёнга келганидан тинчи бузилди бошлиқнинг.
– Кетишингизга жон-жон деб рухсат берардиму, аммо токи юқоридан буйруқ бўлмаса, иложим йўқ, – Вақтга юзланди бошлиқ қўлимдан ҳеч нарса келмайди деган маънода бўм-бўш кафтларини кўрсатаркан.
– Ихтиёрингиз, бу ер менга ҳам ёқиб қолди, тўғрисини айтсам.
Шу дам тағин телефон жиринглади. Бошлиқ телефон гўшагини кўтарган он кимдир ҳовлиқиб гапира кетди:
– Ўт тушди, ўт. Ҳамма ёқ олов олиб ёняпти. Вақтни қўйиб юбормасангиз, ўт ўчирувчилар келмайди. Кейин ёниб кулга айланади ҳамма ёқ. Ахир, бу ерда ёш болалар, қари-қартанглар бор. Худо ярлақасин сизни, Вақтжонни қўйиб юбора қолинг, илтимос.
Бошлиқ мушти билан стулга урди.
– Нима бўлса бўлди, жавобгарликни зиммамга оламан. Сиз озодсиз. Кетаверинг.
Жаноб Вақт курсидан қаддини ростлаб, бошлиққа яқинлашди.
– Қўлингизни сиқиб қўяй, жаноб. Сиз дунёда тенги йўқ одам экансиз!
Бошлиқ эшик дастасидан тортиб, очди-да Вақтга қаради:
– Қани, имилламанг. Фикримдан қайтмасимдан кетинг, тез.
Шундай қилиб жаноб Вақт бўлмадан ташқарига чиқди. Шу оннинг ўзиёқ соат миллари ҳаракатга тушди. Олтмиш сония ортда қолгач, осмонда мушаклар чақнади, ён-теваракни қувноқ қийқириқлар тутди. Янги йил бошланди.
Умид Али таржимаcи