Аветик Исаакян. Қалб мантиғи (ҳикоя)

– Қалбимизнинг ўз мантиғи бор, бу мантиқ одамнинг ақлини лол қолдиради,-деганди бир куни италиялик дўстим. – Ҳа, чиндан ҳам кишини ҳайратлантирадиган бу нарса шу қадар «ўжарки», ёлғиз қалбни тан олади, аммо унинг туб моҳиятига етиш мушкул. Негаки, қалб мантиғининг қонун-қоидалари ҳеч кимга маълум эмас, бир тизимга ҳам солинмаган. Бу мантиқ ҳамон ўз Арастусини кутмоқда.
Ечилмаган жумбоқ мисол юрагимиз беҳисоб ва чек-чегарасиз ҳис-туйғуларга лиммо лим. Қалбимиз фақат ўз-ўзинигина тан олади ва ўз-ўзигагина бўйсунади. У коинотдаги моддий жараёнларда бевосита иштирок этса-да, муносабат билдирсада, аммо уни бошқаришга, тизгинлашга қодир куч йўқ. Аксинча, дунёни кўнгилнинг ўзи бошқаради. Ё мен ёлғон гапиряпманми? Ўзинг танангга ўйлаб кўр: сен яшаётган яна қайси оламда эзгулик ва ёвузлик, оқиллик ва телбалик, гўзаллик ва хунуклик биргаликда бир бутун бўла олади. Фақат кўнгилда. Бас, шундай экан, қалбимизгина дунёни яратиши ва уни бошқариши мумкин. Ҳа, қалб мантиғида гап кўп. Бу фикрларни такрорлашдан, бот-бот сўзлашдан чарчамайман, негаки, бир неча ҳафта бурун шу кунларгача мени мулоҳаза юритишга ундаётган бир воқеани эшитгандим; воқеа мазмунини идрок этгунимга қадар унинг мантиғини дил-дилдан чуқур ҳис қилиб улгургандим.
Воқеа қуйидагича рўй берганди.
Онамнинг бир аёл хизматкори бор эди. Биз, болаларни ҳам унинг ўзи катта қилган. У ҳозир ишга ярамай қолган, ёши ҳам олтмишдан ошган. У хизматкор бўлса-да, онам уни ўзига яқин тутар, кўнглидаги сирларини очар, бирга дардлашарди. Бунга кўп гувоҳ бўлганман. Биз уни эркалаб, Мари опа деб чақирардик. Мари опанинг бир нафар ўғли бор эди. Бахтга қарши, унинг ёлғиз жигарбанди лаънати урушда ҳалок бўлди. Бўй-бастидан от ҳуркадиган савлатли йигит бор-йўғи йигирма уч ёшда душман ўқидан нобуд бўлди.
Уруш тугагач, бир йил ўтиб, фронтда ҳалок бўлган жангчиларнинг қолган-қутган жасадини йиғиб келтиришиб, она заминга дафн этишди. Мари опа ўғли гарчи ҳаёт бўлмаса-да, жасади шу заминда, Венецияда, марҳумлар ором олаётган гўшанинг ғарбий қисмида сарвлар билан ҳошияланган, устига кўҳна, қора хоч тиркалган, 24 рақами ўйиб ёзилган катта тош остида ётганидан хотиржам эди. Жангчи йигитдан қолган ягона нишон шу эди. Она учун энди ҳаёт яна бир саҳифасини очган эди. Мари опа ҳафтанинг бир кунини марҳум ўғлига атар ва ҳар шанба куни қабристонга келиб, соатлаб унинг мозори олдида ўтириб, хаёл суришдан эринмасди. Бояқиш аёл шу куни ўғлининг руҳини хотирлаб қабртоши устига қўйиш учун топган-тутган чақаларига гул ва шам сотиб олиб келарди. У бу билан умри сўнгги жангу-жадал ва ўқ-оловда кечган ўғлининг лоақал руҳи ёруғлик ва ажиб ифорлардан баҳраманд бўлишини истарди. Она қабр устида шам ёқиб, гулларни қўйгач, соатлаб тик турган кўйи сукут сақлар, ўғлининг болаликдаги фаслини ёдга олар, унга китоб ўқиб берганини, овқатлантириб, ювинтирганини, алла айтиб ухлаганини ва бошқа ёруғ дамларни эслаб, сўнг йиғларди.
Кечқурун эса тағин ҳориб уйига қайтар, куч ва қувват топиш, ғаму ғурбатдан йиқилиб қолмаслик учун рўзғор ишларига ўзини урар, шу билан аламдан ёниб кул бўлаётган юрагини овутарди. Шу тарзда уч йил ўтди. Онаизор уч йил ҳавонинг иссиқ-совуғига қарамай, ёмғир-қорни писанд қилмай қабристонга қатнашни канда қилмади. Бечора Мари опа… бечора она…
– Барибир, юртингиздаги оналар бир жиҳатдан бахтиёр эканлар. Ҳечқурса, вафот этган ўғилларининг қабри бор экан. Биз эса оналаримизни юпатишга ақалли бир тузукроқ баҳона ҳам тўқиёлмаймиз. Ваҳшийларча ўлдирилган ўғлонларимизнинг жасади чўлу биёбонларда қолиб кетган. Аллақачон йиртқичларга ем ҳам бўлгандир.
– Йўқ, янглишаяпсиз, биродар. Сизнинг диёрингиздаги оналар бахтиёр эканлар. Душманлар ёш жангчиларнинг жасадини тилка-пора қилиб, мурдаларини қолдирмаслигининг сабаби шуки, уларга онаизорларнинг кўзи тушганда мушфиқалар сўнгсиз ғам-қайғу чекишарди. Ё мен нотўғри гапиряпманми?
– Эҳтимол ҳақдирсиз. Тағин ҳам билмадим, ҳар бир нарсада ҳикмат бор.
– Биргина шу воқеа иккимизни ҳам узоқ-узоқларга етаклади. Майли, дўстим, тағин ҳикояга қайтайлик. Бир куни қабристонларни бошқарадиган уюшма раҳбарияти Мари опадан узр сўраб, уч йилдан буён хабарлашиб турадиган қабр ўғлига тегишли эмаслигини, англашилмовчилик бўлганини тушунтирди. Раҳбарият текширув ишларини олиб борганда, ўнг томондаги 24 рақам остида турган қабртош Мари опанинг ўғлиники эмас, бошқа бировники эканлиги маълум бўлди. Сўл томонда, худди шу рақам ўйиб ёзилган қабртош остида Мари опа ўғлининг жасади кўмилган экан. Бу қабртош ҳам ўнгдагиси каби бир хил: катта қора тош, устига хоч михланганди.
Мари опа бу хабарни эшитибоқ ўзини йўқотиб қўйди. У бир галда ўғлининг ўлимидан дарак топиб, қандай аҳволга тушган бўлса, ушбу англашилмовчилик борасидаги хабардан шу кўйга тушди. Наздида, ўғлини иккинчи маротаба йўқотганди гўё. Бироқ энди қабристонга бормай қўйди. Вақтини шамолга совуриб, уйидан кўчага чиқмади. Онам Мари опани ўз ёғига қоврилиб, касал бўлиб қолмасин, деб эргаштириб, уйимизга келтирганида, уни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Бечора аёлнинг кўзлари ич-ичига ботиб, чўпдай озиб кетибди.
– Мари опа, мунча куйинмасангиз?-дедим унга ачиниб,-Ахир ўғлингиз шу бугун ё кеча ўлгани йўқку? Олти-етти йил бўляпти. Ҳадеб кўзёши тўкиб юриш яхшимас, соғлиғингизни ўйласангиз-чи? Кейин биргина сизнинг бошингизга тушдими бу қора кун. Ахир миллионлаб оналар фарзандсиз қолишдику…
– Барибир, мени тушунмайсиз, жаноб. Ахир уч йилдан бери ўз ўғлим деб, бошқа бировнинг қабрига бориб-келиб юрган эканман. Бечора ўғлимнинг қабри кир-чир, лой-у тупроққа қоришиб кетибди. Устини хазонлар кўмиб ташлабди. Мен аҳмоқ она эса… Алам қилади-да, ахир! Шунда ҳам жимгина ўтираверайми?-бояқишгинанинг кўзёшлари юзини ювиб тушди.
– Нима фарқи бор, ахир сиз хабар олиб турган қабр ҳам қайсидир бир жангчи йигитники эмасми? Уни ҳам ўғлим деб атайверинг. Ўғлингиз ўтиб кетган бўлса, нимани ҳам ҳис қиларди, кўра оларди? -бу гап ногаҳонда тилимдан учди. Мен Мари опа хафа бўлмадимикан, деб қўрқа-писа унга қарагандим, у бирдан жаҳл отига минди:
-Йўқ! Йўқ! Менинг ўғлим битта эди – Карло! Мен хабар олиб турган, қанча ғам-алам чеккан қабрдаги йигитни умримда ҳам кўрмаганман. Унинг кимлигини билмайман ҳам. Мен, ҳатто бу қабртошни неча бор ўпиб, кўзларимга суртгандим. Эҳ, аҳмоқ… аҳмоқ!
Биз, икков хиёл тортишиб қолдик. Ҳақиқатдан ҳам, она ўз туққан фарзандини бировдан кам кўрмайди, аксинча, уни ҳаммадан ҳам кўпроқ севади, меҳр беради, асраб-авайлайди. Ўз ўғли қолиб, бошқа бировга жон нисор этаётган онани ҳеч кўрмаганман. Аммо бу ерда ватан, халқ, она замин учун жангу жадал кечиб, оқибат ҳалок бўлган жангчи йигит учун ҳамма оналар ҳам бирдек она бўлиши кераклигини Мари опага уқдирмоқчи эдим. Мени тушунмади. Эҳтимол, мен янглишгандирман. Аёл бўлмаганим, фарзанд кўриб, унинг доғу ҳасратини кўрмаганим учун ҳам Мари опани тушунмагандирман. Яна билмадим. Шу маълум бўлдики, биз бир-биримизни тушунмадик.
Мари опанинг қайғуси аримади, дарди енгиллашмади. У уйда кўп ўтирмай, охири кетиб қолди. Шу ерга келганда дўстим бироз тин олди ва сигаретасини тутатиб, шоша-пиша сўрий кетди. Менинг қизиқувчанлигим ошган, ҳаяжондан титраб турардим. Охири тоқатим тоқ бўлиб сўрадим:
– Кейинчи? Кейин нима бўлди? Бечора аёл қандай йўл тутди? Эҳтимол, у ҳаммасини тақдир ройишига йўйиб, сўнг ўз ўғлининг қабри олдига қатнай бошлагандир…
– Бу ёғи оз қолди. Тугатяпман ҳикояни,-деди дўстим гапимни бўлиб.-Мари опа ўз сезгиси мантиғи орқали тўғри қарор қабул қилган. Дарвоқе, унутаёзибман: уни “ўғлимнинг кўзига қандай қарайман”, деб бошқа бормай қўйдимикан, деб ўйлаб юргандим. Йўқ, ундай эмас экан. Мари опа қабристонга тағин ҳам бориб келиб юрган эмиш. Куюнчак она энди иккала қабрни ҳам гуллар билан безаб, ҳар иккаласининг бошига шам ёқади, чанг-чунгларини аритиб, саришта қилиб қўяди. У иккита жангчининг қабрига бир хилда эътибор беради, тенг қайғуради. “Менинг энди иккита ўғлим бор,-дейди Мари опа,-Карлогинам ва унинг ўртоғи. Аҳмоқлигимни қаранг-а? Ахир, уч йил муттасил унинг қабри олдига келиб, кўз ёш тўкиб, руҳи учун истиғфор сўрадим. Дардимни тўкиб, ҳасратлашиб кетардим. У ҳам мени эшитган, менга қўшилиб йиғлагандир, онам, деб қабул қилгандир. Шундай экан, уни ёлғиз қолдириб кетишим мумкинми? Асло! Бу ерда менинг иккита азамат ўғлим ётибди. Иккита қадрли, севимли ўғлим бор.
Бечора она! Бечора онанинг юраги!…
Венеция, 1923 йил.

Умид Али таржимаcи