Жан-Поль Сартр. Хона (ҳикоя)

I

Дарбеда хоним бармоқларининг учи билан роҳат-луқумни ушлаб турибди. У устига сепилган шакарли талқонни сочиб юбормаслик учун нафасини ичига ютиб, егуликни лабларига яқинлаштирди. “Атиргулнинг ҳиди келаяпти!” – деб ўйлади у. Кейин тишини ёпишқоқ қиёмга ботириб, оғзида чучук таъмни туйди. “Ажабо, касаллик сезгиларни жуда зўрайтиради-да”. Хоним мачитлар, ширинсухан шарқликлар ҳақида хаёл сурганда (у тўй саёҳатига Жазоирга борганди) рангпар лабларида ним табассум ўйнади: егулик ҳам ўшандай ширимтил экан.
У китобнинг бетларини кафти билан уч-тўрт марта сидирди, шунча авайласаям кукунлари тўкилибди. Силлиқ қоғоздаги шакар увоқлари кафтлари остида ғичирлаб тўдаланди: “Бу менга Аркашонни, соҳилда китоб ўқиганимни эслатади…”.
1907 йилнинг ёзини у соҳил бўйида ўтказган. Ўша пайтлари у бошига кенг гардишли, яшил боғичи бор похол шляпа қўндириб, Жип ёки Коллети Ивернинг романларини варақлаганча қирғоқ лабида ўтиришни одат қилганди. Шамол тиззасига қум сочар, хоним ҳар замонда китобнинг четидан ушлаб силкитарди. Ҳозир ҳам сезгилари ўшандай, фақат қум зарралари қуруқ эди, манави шакар доначалари эса бармоққа ёпишаркан. Бир маҳал қорамтир денгиз узра ястанган тасмадек кулранг осмон кўз ўнгида жонланди. “Бу Еванинг туғилишидан аввал бўлганди”. У ўзини хотиралар солинган, сандал дарахтидан ясалган қимматбаҳо қутичадай ҳис этаётганди. Қўққисдан ўшанда ўқиган романнинг номи – “Кичкина хоним” ёдига тушди; роман ҳеч ҳам зерикарли эмасди. Аммо тушунарсиз хасталик уни хонадан чиқармай қўйганидан бери Дарбеда хоним ёдномаю тарихий асарларни афзал кўрадиган бўлди. Азоб-уқубат, жиндай мутолаа, хотираларга, энг нозик ҳис-туйғуларга муттасил эътибор иссиқхонадаги ноёб мевадек пишиб етилишимга ёрдам беради, деб ҳисобларди хоним.
Ҳозир эри эшик қоқишини ўйлаб, унинг асаби бузилди. Ҳафтанинг бошқа кунлари эри фақат кечқурунлари олдига кирар, индамай пешонасидан ўпарди-да, рўпарасидаги креслога ўтириб, “Тан”ни ўқирди. Бироқ пайшанба унинг “куни” эди: жаноб Дарбеда одатда кундузги соат учдан-тўртгача бир соат қизининг олдига бориб келар, йўлга тушишдан аввал хотинининг хонасига кириб у билан куюниб куёвини муҳокама қиларди. Доим икир-чикирларигача такрорланадиган пайшанба кунги суҳбат Дарбеда хонимни жуда ҳолдан тойдирарди. Жаноб Дарбеда сокин хонани тўлдириб, ўрнига ўтирмай, нари-бери юриб, гир айланар, шу кескин ҳаракатларнинг ҳар бири худди синган шиша жарангидек Дарбеда хонимга азоб берарди. Бу пайшанбада аҳвол ҳар доимгидан ҳам баттар: Еванинг иқрорини эрига етказганда, унинг сўлоқмондек ваҳимали гавдаси қаҳр-ғазабдан титраб-қақшашини ўйлаб, Дарбеда хоним қўрққанидан терлаб кетди. Аёл ликопдан ширинлик бўлагини олди-да, бир дақиқа иккиланганча унга термулиб, ғамгин қиёфада яна жойига қўйди: эрининг бу машғулот устида келиб қолишини у ёқтирмасди.
Эшик тақиллаганида Дарбеда хоним сесканиб тушди.
– Киринг, – деди у секингина.
Жаноб Дарбеда оёқ учида кириб келди.
– Еванинг олдига кетаяпман, – деди у ҳар доимгидек.
Дарбеда хоним жилмайди.
– Менинг номимдан уни ўпиб қўй.
Жаноб Дарбеда индамай, ташвишли қиёфада пешонасини тириштирди: ҳар пайшанба куни доим бир хил вақтда лиқ тўла ошқозони унда аллақандай безовталик ҳиссини уйғотарди.
– Еваникидан чиқиб, доктор Франшога учрайман. У қизим билан жиддий гаплашиб, кўндиришга уриниб кўрса яхши бўларди.
Жаноб Дарбеда доктор Франшони тез-тез йўқлаб турарди. Лекин бефойда. Дарбеда хоним қошларини чимирди. Авваллари, соғ пайтида, хоним бундай вазиятларда одатда елка қисиб қўя қоларди. Аммо хасталик қаддини букиб қўйганидан буён ўзини толиқтирадиган имо-ишораларни у юз ифодасига алмаштирганди – кўзлари билан “ҳа”, лабларининг чети билан “йўқ” дерди.
– Евани ундан тортиб олишга уриниб кўриш керак.
– Сенга бунинг иложи йўқ, девдим-ку ахир. Айтмоқчи, қонун ҳам бу масалада чатоқ. Франшо бир сафар дўхтирлар билан беморнинг оиласи ўртасида жуда хунук кўнгилсизликлар рўй бериб туришини айтганди: одамлар касални шифохонага ётқизишга жазм этолмай, уйида сақлашади. Дўхтирларнинг қўли калта, улар ўз фикрини билдиришга ҳақли, холос. Катта жанжал чиқариш керак, – девди Франшо. – Ёки оиланинг ўзи беморни шифохонага ётқизишни талаб қилиши лозим.
– Бунга ҳали анча бор, – гап қистирди Дарбеда хоним.
– Мен ҳам шуни айтаман-да.
Жаноб Дарбеда кўзгуга ўгирилиб бармоқлари билан соқолини текислай бошлади. Дарбеда хоним эрининг йўғон қизил гарданига бепарво термилди.
– Агар шундай давом этаверса, у эридан ҳам баттар жиннига айланади, – деди жаноб Дарбеда. – Оилаларидаги муҳит ҳаддан ташқари носоғлом. Ева эридан бир қадам ҳам узоқлашмайди, сендан бўлак ҳеч кимни кўрмайди, уйига бировни чақирмайди. Пьер хоҳламагани учун деразаларини сира очмайди. Гўё шунгаям касалнинг розилигини олиш керакдай. Адашмасам, улар идишда тутатқи тутатишади – шунақанги расво нарсаки, худди черковда ўтиргандек бўласан. Очиғи баъзан… билсанг, Еванинг кўзлари менга алланечук бежо кўринади.
– Мен буни пайқаганим йўқ, – эътироз билдирди Дарбеда хоним. – Менимча, унинг кўриниши бинойидек. Бир оз маъюсроқ бўлса бордир.
– У худди мурдага ўхшайди, уйқуси тинчмикан? Ейиш-ичиши қандай? Бу ҳақида ўзидан сўраб бўпсан. Ёнида Пьердек зорманда турганидан кейин кечаси билан мижжа қоқмаса керак-да. Энг қизиғи, биз, ота-онаси қизимизни ўзидан ҳимоя қилишга ҳаққимиз йўқ. Билсанг, Франшонинг муассасасида Пьерга жуда яхши қарашади. Уларнинг ҳайҳотдай боғи бор. Бунинг устига, – деди жаноб Дарбеда хиёл кулимсираб, – ўйлашимча, ўзига ўхшаганлар билан унинг тил топишиши осон кечади. Бу махлуқлар худди боладай, ўзи билан ўзи овора бўлгани маъқул; улар франкмасонларнинг биродарлигидай бир нав ҳамжамият тузишади. Пьерни илк кунданоқ мана шунақа жойда сақлаш керак эди. Айтиб қўяй – унинг манфаати учун шундай йўл тутиш даркор. Ҳа, унинг манфаати учун.
Бир оз сукут сақлагач, жаноб Дарбеда гапида давом этди:
– Қизимнинг Пьер билан, айниқса, тунда ёлғиз қолишини ўйласам, тўғриси, мени ваҳима босади. Тасаввур қилгин, қўққисдан бирор нима рўй берса-чи. Ахир Пьер ўлгудай писмиқ-ку.
– Билмасам, – деди Дарбеда хоним. – Буни ўйлаб хавотирланиш шарт­микан, ахир у доим шунақа бўлган-ку. У ёруғ дунёга паст назар билан қарайдиган одамдай таассурот қолдиради. Боёқиш бола, – хўрсинди хоним, – шунчалик кибру ҳаво билан не кўйга тушди-я! У ўзини ҳаммамиздан ақлли ҳисобларди. Гапни тугатиш учун “Сиз мутлақо ҳақсиз” деб оғзингга уришлари-чи. Ўзининг қай аҳволдалигини англай олмаслиги унинг учун улкан бахт.
Дарбеда хоним Пьернинг доим елкасига хиёл эгилган, чўзинчоқ, кинояли юзини норози бўлиб эслади. Ева эрга теккан илк ойларда хонимнинг куёви билан яқин қариндошлик муносабатларини ўрнатишдан бўлак эзгу тилаги йўқ эди, аммо Пьер унинг барча уринишларини чиппакка чиқарди – у қайнонаси билан деярли гаплашмас, айтганларига эътиборсиз қиёфада, дарров кўнарди.
– Франшо менга ўша муассасани кўрсатди, – фикрини пишитишда давом этди жаноб Дарбеда. – Жуда кўркам жой экан. Беморлар тери қопланган креслоли алоҳида хоналарда, ишонсанг, диван-каравотлариям бор. Корт қурилган, улар ҳатто ҳовуз ҳам қазишмоқчи.
У дераза ёнида тўхтаб, қийшиқ оёқларида секингина чайқалганча ойнага тикилиб қолди. Кейин тўсатдан бир ҳаракат билан пошнада илдам қайрилди; унинг елкалари чорпаҳил, қўли чўнтагида эди. Дарбеда хоним ҳозир терга ботишини ҳис қилди: доим шунақа; эри худди қафасдаги айиқдек у ёқдан бу ёққа бориб келар, ҳар қадамида пойабзали ғичирларди.
– Қадрли дўстгинам, – деди хоним, – илтимос, ўтир, мени ҳолдан тойдираяпсан. Сенга муҳим бир гапни айтишим керак, – шошиб қўшиб қўйди у.
Жаноб Дарбеда креслога ўтириб, қўлларини тиззасига жуфтлади; Дарбеда хонимнинг эти жимирлаб кетди: ҳаммаси ҳақида гапирадиган пайт келганди.
– Билсанг, – хоним ўнғайсизланиб томоқ қирди. – Сешанба куни Ева олдимга келди.
– Хўш?
– Иккаламиз у ёқ-бу ёқдан ҳангомалашдик. Қизим жуда дилкаш эди, унинг бунчалик самимий гапирганини анчадан бери эслолмайман. Ўшанда ундан баъзи нарсалар ҳақида сўраб, Пьер тўғрисида гапиришга ундадим. Хуллас, – деди Дарбеда хоним яна хижолат тортиб, – билишимча, у эрига қаттиқ боғланиб қолган.
– Буни ўзим ҳам жуда яхши биламан, жин урсин! – ўшқирди жаноб Дарбеда.
У Дарбеда хонимнинг ғашига тегаётганди: шунақа нарсаларни эрига доим ипидан игнасигача ҳижжалаб тушунтириш керак. Хоним айтмоқчи бўлган гапини ярмидан илиб оладиган, ҳушёр ва зийрак одамлар даврасида яшашни орзу қиларди.
– Ева унга биз ўйлаганимиздан кўра бошқачароқ боғланган, демоқчи эдим, – давом этди хоним.
Жаноб Дарбеда қаҳрли, безовта кўзларини олайтирди, бирор ишора ёки хабарнинг маъносини яхши англамаса, у доим шунақа қиларди:
– Нимага шаъма қилаяпсан?
– Мени қийнамасанг-чи, Шарль, – деди Дарбеда хоним. – Оналар учун айрим гапларни айтиш оғир эканини тушунишинг керак.
– Ҳозир жавраётганларингдан бирор сўзни англаганим йўқ, – деди жаноб Дарбеда ғижиниб. – Ёки сен ҳалиги…
– Ҳа, ўшани айтаяпман, – тасдиқлади хоним.
– Наҳотки улар… шу аҳволдаям-а?
– Ҳа! Ҳа! Ҳа! – жаҳл билан уч марта такрорлади аёл.
Жаноб Дарбеда қўлларини ёйиб, бошини қуйи эгганча индамай қолди.
– Сенга буни бекор айтдим, Шарль, – деди хотини хавотирланиб. – Ичимга ютолмадим.
– Болагинам! – эркак базўр гапирди. – Ўша жиннининг ёнида! У ҳатто Евани танимайдиям, Агата деб атайди. Ўзини ҳурмат қилмай қўйган экан, эҳтимол қизим ҳам ақлдан озгандир.
У бошини кўтариб хотинига жиддий назар солди:
– Барини тўғри тушунганингга ишончинг комилми?
– Шубҳага ўрин йўқ, – деди аёл шошиб, – мен ҳам сенга ўхшаб бунга ишонолмаяпман, Еваниям тушунмайман. Анави нотавон касал унга қўл теккизишини ўйласам… Хуллас, – хоним хўрсинди, – фикримча, Пьер шунинг эвазига қизимни ушлаб турибди.
– Аттанг! – деди жаноб Дарбеда. – У Еванинг қўлини сўрагани уйимизга келганда сенга нима деганим ёдингдами? “Менимча, у Евага жуда ёқади”, дегандим. Гапимга ишонгинг келмаганди.
Дабдурустдан жаноб Дарбеда кафти билан столга уриб, қип-қизариб кетди:
– Бу бузуқлик ахир! У қизимизни Агата деб атаб, қучоқлаб ўпади, учар ҳайкаллару яна алламбалолар ҳақида алжирайди! Еванинг эса парвойи фалак! Икковининг ўртасида нима бўлиши мумкин? Агар эрига чин юракдан ичи ачиса, Ева уни сиҳатгоҳга ётқизсин-да, ҳар куни йўқлаб борсин, марҳамат. Лекин сира ўйламовдимки, бунақа… Мен қизимни қарийб бева деб биламан. Қулоқ сол, Жаннет, сенга очиғини айтишим керак, – жаноб Дарбеда жуда жиддий гапирди, – агар у ҳис-туйғуларини сақлаб қолган экан, мени деса, ўзига ўйнаш топгани маъқул!
– Жим бўл, Шарль! – ҳайқирди Дарбеда хоним.
Эри хонага кираётганида столчага қўйган шляпа ва ҳассасини ҳорғин қиёфада қўлига олди.
– Ҳозир айтган гапларингдан кейин, – хулоса чиқарди у, – умидим деярли сўнди. Лекин мен барибир у билан гаплашаман, чунки бу менинг бурчим.
Дарбеда хоним эрини кузатиб қўйишга шошилди.
– Биласанми, – деди хоним унга сал далда бериш учун, – менимча, бу ҳолатда… бошқа сабабдан ҳам кўра, Ева кўпроқ ўжарлик қилаяпти. Пьернинг бедаволигини билсаям, фикридан қайтишни истамай, тайсаллаяпти.
Жаноб Дарбеда соқолини силаб ўйга толди:
– Ўжарлик дейсанми? Бўлиши мумкин. Ҳа, майли, агар айтганинг тўғри чиқса, эртами-кечми буларнинг бари унинг жонига тегади. Пьер ҳар куни ўзини рисоладагидек тутолмайди, яна у камгап. Кўришганимда юмшоқ қўлини узатиб, индамай тураверади. Иккови ёлғиз қолиши ҳамоноқ, у ўзининг савдойи хаёлларига берилса керак; Еванинг айтишича, баъзан худди бўғизланаётгандек бўкирармиш, чунки кўзига ҳар балолар кўринади. Ҳайкаллар кўз олдига келиб, ғувиллаб уни қўрқитади. Ўзининг гапига қараганда, ҳайкаллар атрофида чарх уриб, бўм-бўш нигоҳларини унга қадармиш.
Жаноб Дарбеда қўлқопларини кия туриб, давом этди:
– Ева баридан безор бўлади, ишонавер. Лекин ўшангача ўзининг эси оғиб қолса-чи? Қизимнинг уйдан кўпроқ чиқиб, одамлар даврасида юришини хоҳлайман; мисол учун Сэмплоннинг қўлида инженер бўлиб ишлайдиган Шредерга ўхшаш бирор хушбичим, келажаги бор йигитни учратса, у ёқ, бу ёқда кўришиб, ҳаётимни янгитдан бошлашим керак, деган ўйга енгилгина кўникса дейман.
Дарбеда хоним гап чўзилиб кетишидан чўчиб индамади. Эри у томонга энгашди.
– Майли, – деди у, – мен борай.
– Кўришгунча, отаси, – деди хоним унга пешонасини тутиб. – Евани менинг номимдан ўпиб, бечора қизгинамни яхши кўришимни етказиб қўй.
Эри кетгач, Дарбеда хоним креслонинг суянчиғига ястаниб, мадори қуриб кўзларини юмди. “Ичида ҳаёт қайнайди-я”, – ўйлади у ёзғириб. Бир оз нафас ростлагач, рангпар қўлини оҳиста чўзди-да, кўзини очмай, пайпаслаб, ликопдаги ширинликни олди.
Ева эри билан дю Бак кўчасидаги эски уйнинг олтинчи қаватида яшашарди. Жаноб Дарбеда зинанинг бир юз ўн иккита пиллапоясини осонгина босиб ўтди. Қўнғироқ тугмасини босганда, у ҳансирамай эркин нафас оларди. Мадмуазель Дормуанинг: “Шу ёшингизда кўринишингиз жуда яхши, Шарль” деганини у мамнуният билан эслади. Пайшанба кунлари жаноб Дарбеда ўзини одатдагидан кўра кучли ва соғлом ҳис этар, бунақа юқорига кўтарилишлар уни янада тетиклаштирарди.
Эшикни Ева очди. Хизматкори йўқ бўлгач, ўзи очади-да. Оқсоч қизлар уникида узоқ туролмайди – уларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Жаноб Дарбеда қизини ўпди: “Салом, бечорагинам”.
Ева у билан совуғроқ кўришди.
– Рангинг сўлғин, – деди жаноб Дарбеда унинг ёноғини силаб, – кам қимирлайсан-да.
Орага сукут чўкди.
– Онам қалай? – сўради Ева.
– Мазаси йўғроқ. Сешанба куни уни кўрдинг-ку, тўғрими? Аҳволи ўша-ўша. Кеча холанг Луиза йўқлаб кирганида онанг хурсанд бўлди. Меҳмон кутишни яхши кўради. Лекин келган одам узоқ ўтирмагани маъқул. Луиза холанг кўчмас мулк билан боғлиқ иши важидан Парижга бола-чақаси билан келибди. Менимча, сенга бу ҳақида гапиргандим, ғалати машмаша. У маслаҳатлашгани идорамга кирди. Ўйлашга ҳожат йўқ, уйингни сот, дедим. У харидорниям топди, дарвоқе, исми Бретонель. Бретонелни эслайсанми? У ҳозир ишдан кетган.
Жаноб Дарбеда бирдан жимиб қолди: Ева отасига қулоқ солмаётганди. У қизининг ҳеч нимага қизиқмай қўйганини ўйлаб маъюс тортди. “Китоблар билан ҳам шундай бўлганди. Авваллари китобни ундан тортиб олишга тўғри келарди. Энди эса у мутолааниям йиғиштирган”.
– Пьер қандай?
– Тузук. Уни кўргингиз келаяптими?
– Бўлмасам-чи, – деди жаноб Дарбеда шодланиб, – куёвимни бирров кўриб ўтаман.
Бадбахт болага унинг жуда раҳми келар, лекин жаноб Дарбеда Пьерга ижирғанмай қаролмасди. “Хаста одамлар мени даҳшатга солади”. Албатта, бунда Пьернинг айби йўқ эди: ирсияти ниҳоятда чатоқ. Жаноб Дарбеда хўрсинди: “Қанча эҳтиёт чорасини кўрсанг ҳам, бунақа нарсалар ҳаддан ташқари кеч маълум бўлади”. Йўқ, Пьер айбдор эмас. Лекин барибир у ичида шу иллатни доим сақлаган, қусур феъл-атворига сингиб кетган; одамнинг аслида қандайлиги ҳақида фикр юритаётганда четга суриб қўйиладиган саратон ёки сил эмас бу. Пьер Еванинг кетидан юрган маҳал қизни мафтун этган асабий нафислигу нозиктаъблик эсдан оғишнинг илк куртаклари эди. “У Евага уйланганда аллақачон ақлдан озганди, тўғри ўшанда бу ҳали кўзга чалинмасди, – деб ўйлади жаноб Дарбеда, – ўринли савол туғилади – масъулият қаердан бошланади, аниқроғи у қаерда тугайди. Ҳарқалай Пьер ўзини ҳаддан зиёд кўп тафтиш қилар, доим ўзи билан овора эди. Лекин хасталикнинг сабабими, оқибатими бу?”. У қизининг ортидан узун қоронғи даҳлиз бўйлаб юрди.
– Бу хонадон сизлар учун жуда катта, – деди жаноб Дарбеда, – бошқасига кўчишларинг керак.
– Ҳар сафар шундай дейсиз, дада, – жавоб қайтарди Ева, – сизга айтгандим-ку, Пьер хонасини ташлаб кетолмайди.
Ева уни ҳайрон қолдирарди: қизиқ, у эрининг қай аҳволдалигини англаб етармикан. Пьер мутлақо ақлдан озган, Ева эса худди эрининг эс-ҳуши жойидадек, унинг ўй-фикри билан ҳисоблашади.
– Мен буларнинг барини сенинг фойданг учун айтаяпман, – деди жаноб Дарбеда ўкиниб. – Агар аёл киши бўлганимда, назаримда, манави яхши ёритилмаган эски хоналарда ўтиришдан қўрқардим. Сўнгги пайтларда Отейда қурилаётган, ҳаво алмашиб турадиган учта чоғроқ хонаси бор ёруғ уйда яшашингни истайман. Ҳозир мижоз топилмаётгани учун уйларнинг нархи тушган, ижарага олишнинг айни пайти.
Ева эшик тутқичини секингина буради ва улар ичкарига киришди. Тутатқининг бадбўй ҳидидан жаноб Дарбеданинг томоғи бўғилди. Дарпардалар туширилганди. У курсининг суянчиғи ортида, ғира-ширада кимнингдир озғин бўйнини илғади – Пьер овқатланаётганди.
– Хайрли кун, Пьер, – деди жаноб Дарбеда овозини кўтариб. – Хўш, бугун ўзимизни қандай ҳис этаяпмиз?
У яқинроқ келди; бемор кичкина стол ёнида ўтирар, авзойи бузуқ эди.
– Қовурилган тухум еяпмизми, – деди у янаям баландроқ овозда. – Жуда соз!
– Мен кар эмасман, – деди Пьер пинак бузмай.
Жаноб Дарбеда худди Евани гувоҳликка чақираётгандек қаҳр билан қизига назар солди. Аммо Ева ҳам отасига жиддий тикилиб, индамади. Жаноб Дарбеда қизини ранжитганини пайқади. “Майли, қайтага ўзига қийин”. Бу бахтиқаро болага қандай оҳангда гапиришниям билиб бўлмайди: ақли тўрт яшар гўдакникидан ҳам калта, Ева эса эрига катта ёшли эркаклардай муомала қилишларини истайди. Жаноб Дарбеда ўзини тутолмай манави кулгили нигоҳларга ўрин қолмайдиган лаҳзани тоқатсизлик билан кутди. Касаллар, айниқса, девоналар мудом унинг ғашига тегар, чунки уларнинг гапида тайин йўқ эди. Мисол учун бечора Пьер телба-тескари гапириб, жўяли бир сўзни эплаб айтолмас, аммо ундан бир оз камтарликни ёки жилла қурса хатоларини сал бўлсаям тан олишни талаб қилиш бефойда эди.
Ева тухум солинадиган қадаҳ ва арчилган пўстлоқни четга суриб, Пьернинг олдига қошиқ, санчқи ва ликоп қўйди.
– Хўш, энди у нима ейди? – қизиқсинди жаноб Дарбеда.
– Қийма гўшт.
Пьер қони қочган озғин бармоқларига санчқини олиб, диққат билан разм солди-да, ниҳоят жилмайди.
– Бу сафар ҳеч нима рўй бермайди, – санчқини нари суриб ғўлдиради у, – мени огоҳлантиришди.
Ева яқин келиб, санчқига диққат билан разм солди.
– Агата, бошқасини бер, – деди Пьер.
Хотини айтганини қилгач, Пьер овқатлана бошлади. Ева шубҳали санчқини қўлига олиб, синчиклаб разм солди; у худди зўр бериб ниманидир қидираётгандек эди. “Уларнинг қилиқлари, муносабатлари қанчалар мужмал-а!” – деб ўйлади жаноб Дарбеда.
У ўзини нохуш ҳис этди.
– Эҳтиёт бўл, – деди Пьер, – дастасининг ўртасидан ушла, тиши тегмасин.
Ева хўрсиниб, санчқини кир ликопга солди. Жаноб Дарбеда бурнида хантал ҳидини туйди. Бу шўринг қурғурнинг ҳар бир хархашасига қулоқ тутавериш ноўрин, деб ҳисобларди у – ҳатто Пьернинг ўзи учун ҳам бу зарарли. Франшо тўғри айтганди: “Касалнинг алжирашига сира аҳамият бермаслигимиз керак”. Бошқа санчқини узатгандан кўра унга биринчиси иккинчисидан ҳеч фарқ қилмаслигини ётиғи билан тушунтириш лозим эди. Жаноб Дарбеда санчқини намойишкорона қўлига олиб, бармоғини тишининг устидан юрғизди. Кейин Пьерга ўгирилди. Аммо у ҳеч нимани кўрмагандек ликопидаги гўштни майдалайверди; қайнотасига тикилган кўзлари осойишта ва бўм-бўш эди.
– Сен билан жиндек ҳангомалашмоқчийдим, – жаноб Дарбеда Евага мурожаат қилди.
Қизи ортидан меҳмонхонага итоаткорона эргашди. Жаноб Дарбеда диванга ўтираётиб, қўлида ҳамон санчқи борлигини пайқади-да, кулиб уни столчага қўйди.
– Бу ер жуда шинам экан, – сўз қотди у.
– Мен бу хонага сира кирмайман.
– Чексам майлими?
– Бемалол, дада, – деди Ева. – Сигара берайми?
Жаноб Дарбеда сигарет ўрашни маъқул кўрди. Ҳозир бошлайдиган гапи уни сира чўчитмасди. Пьер билан гаплашганда у ақл-идрокидан истиҳола қиларди – ёш бола билан ўйнаётган полвон ўз кучидан шундай уялса керак. Ақл-идрокнинг бор афзаллиги – теранлик, равшанлик, тиниқлик унинг ўзига қарши йўналарди. “Очиғини тан олмоқ керак, бечорагинам Жаннетнинг ҳам аҳволи шу”. Дарбеда хонимнинг эс-ҳуши жойида эди, албатта, аммо хасталик уни… бефаросатроқ қилиб қўйди. Ева эса, аксинча, отасига тортган, дангалчи ва зеҳнли; у билан суҳбат кўнгилга ҳузур беради. “Шунинг учун ҳам қизимни айнитишмасин, дейман-да”. Жаноб Дарбеда Еванинг хушбичим ва ақлли чеҳрасига разм солиш учун нигоҳини кўтарди-ю, ҳафсаласи пир бўлди: бир пайтлар заковат балқиб турган очиқ чеҳра энди хиралашгандай, тундлашгандай эди. Ева доим жуда гўзал бўлган. Жаноб Дарбеда қизи ўзига ҳаддан ташқари оро берганини пайқади. Қовоғини кўкка бўяб, узун киприкларига сурма сурибди. Еванинг атайлаб ҳаддан зиёд бўянгани отасига оғир ботди.
– Упа-элик суравериб кўкариб кетибсан, – деди у. – Тобинг қочиб қолмаса гўрга эди. Пардоз-андозингни қара-я! Ахир сен камтар эдинг-ку.
Ева индамади, жаноб Дарбеда эса унинг қалин қора сочи тушиб турган бўялган ҳорғин юзига бир муддат ўнғайсизланиб тикилиб қолди. У қизининг фожиавий роллар ижро этувчи актрисага қиёслади. “Ҳатто аниқ кимга ўхшашиниям биламан. Федрани французчасига ўйнаган ҳалиги руминиялик аёлга”. У Евага беҳуда танбеҳ берганидан ўкинди: “Бехосдан оғзимдан чиқиб кетди. Шу арзимаган нарса учун уни ранжитиш шарт эмасди”.
– Мени кечир, – деди жаноб Дарбеда жилмайиб, – табиийликнинг эски шайдоси эканимни биласан-ку. Ҳозирги аёллар лабига сурадиган анавинақа бўёқлар менга унча ёқмайди. Балки ноҳақдирман, ҳаётдан орқада қолмаслик ҳам керак.
Ева унга майин жилмайди. Жаноб Дарбеда сигаретни ёқиб, тутунини уч-тўрт марта ичга тортди.
– Болажоним, – мақсадга кўчди у, – сенга айтмоқчи бўлганим: кел бурунгидек ҳамма нарса ҳақида ҳасратлашайлик. Кел, ёнимга ўтириб, гапимга қулоқ сол; қари отанггаям ишон-да энди.
– Туриб эшитганим яхши, – деди Ева. – Хўш, менга нима гапингиз бор?
– Сенга оддий бир савол бермоқчиман, – деди жаноб Дарбеда совуқроқ оҳангда. – Буларнинг бари сени нимага етаклайди?
– Буларнинг бари? – ҳайрон бўлиб такрорлади Ева.
– Ҳа, сен қурган манави турмушни айтаяпман, – гапида давом этди у, – менга қара, отам мени тушунмайди, деб ўйлама (бу ўй ҳозиргина унинг миясига келганди). Қасд қилганинг тирик одамнинг қўлидан келадиган иш эмас. Сен фақат тасаввур оламида яшамоқчисан, шундай эмасми? Унинг дардмандлигини тан олмоқчимассан, тўғрими? Бугунги Пьерни кўргинг йўқ. Кўзларинг нуқул бурунги Пьерни кўради. Азизам, қизалоғим менинг, ахир бу сароб-ку, – деди жаноб Дарбеда. – Майли, сенга бир воқеани айтиб берай, балки эшитмагандирсан: Сабл д’Олонда бўлганимизда – ўшанда уч ёшда эдинг – онанг ёш ва кўркам бир жувон билан танишиб қолди. Сен унинг ўғли билан соҳилда бирга ўйнардинг, икковинглар узукка кўз қўйгандек эдинглар, унга келин бўлардинг. Орадан анча вақт ўтиб, онанг Парижда ўша аёл билан яна учрашмоқчи бўлганда, унинг бошига мудҳиш мусибат тушганини: ёқимтой ўғилчасининг калласини машина мажақлаб кетганини эшитдик. “Уникига борсанглар боласининг ўлгани ҳақида оғиз оча кўрманглар, аёл бунга ишонмайди”, дейишди. Онанг унинг олдига бориб телбанамо бир аҳволда учратди; аёл ўзини худди боласи тирикдай тутар – у билан гаплашиб, столга коса-товоғини қўярди. Хуллас, ўша жувоннинг асаби шунчалик издан чиққандики, охир-оқибат уни уч йилга сиҳатгоҳга ётқизишга тўғри келди. Йўқ, қўзичоғим, – деди жаноб Дарбеда бош чайқаб, – бу ишнинг охири вой. Қайтага ўша аёл ҳақиқатни мардларча қабул қилгани маъқул эди. Бир марта оғир қайғуни бошдан кечириб, тузалиб кетарди. Ҳақиқатнинг кўзига тик қарашни ўрганиш керак. Бошқа йўл йўқ, гапимга ишон.
– Сиз янглишаяпсиз, – деди Ева, – Мен жуда яхши биламан, Пьер…
Ева гапини тугатолмади. У қўлини креслонинг суянчиғига тираб, қаддини тик тутиб турар, юзининг пастида аллақандай қатъий ва ёқимсиз ифода қотиб қолганди.
– Хўш… кейин-чи? – деб сўради жаноб Дарбеда ҳайрон бўлиб.
– Кейин?
– Сен?..
– Мен уни қандай бўлса, шундайлигича севаман, – Ева зериккан алфозда тез жавоб берди.
– Бу нотўғри гап, сен уни севмайсан, севолмайсан. Бунақа туйғуларни фақат эс-ҳуши жойида, соғлом одамга нисбатан ҳис қилиш мумкин. Пьерга ичинг ачийди, бунга ишончим комил, балки уч йиллик бахтга тўла дамларингни миннатдорчилик билан эсларсан. Лекин менга уни севаман деб айтма, ишонмайман.
Ева маъносиз нигоҳини гиламга қадаб, индамади.
– Саволимга жавоб берсанг бўларди, – тўнғиллади жаноб Дарбеда. – Сен билан гаплашиш мен учун ҳам осон деб ўйлама.
– Сиз менга барибир ишонмайсиз-ку.
– Модомики сен уни севар экансан, – ўшқирди жаноб Дарбеда аччиқланиб. – Демак, бу ўзинг учун ҳам, мен ва бечора онанг учун ҳам катта кулфат. Ҳозир сенга айтгим келмай юрган бир нарсани етказаман, – уч йилдан кейин Пьер бутунлай эсдан оғиб, молга ўхшаб қолади.
У қизига хўмрайиб қаради: Еванинг тажанглиги сабаб шундай оғир ҳақиқатни ошкор этганидан ғазабда эди.
Қизи эса ғинг этмади, ҳатто нигоҳини полдан узмадиям.
– Буни ўзим ҳам биламан.
– Сенга ким айтди? – ажабланиб сўради жаноб Дарбеда.
– Франшо. Ярим йилдан буён бу менга аён.
– Ахир унга қизимни ая, деб илтимос қилгандим-ку, – деди ота алам билан. – Лекин бир ҳисобда айтгани тузук бўлибди. Ҳарқалай шу аҳволдаям Пьерни ёнингда олиб қолиш кечириб бўлмас хато эканини тушунишинг керак энди. Сен бошлаган курашда енгишнинг имкони йўқ, эрингнинг дарди бедаво. Агар бир иложини топиб, яхши парвариш билан уни қутқаришнинг имкони бўлганда, мен шу гапни бошламасдим. Ўзингга бир қара: сен ахир чиройли, эсли-ҳушли, қувноқ аёлсан, аллақандай телбани деб умрингни хазон қилаяпсан. Майли, ҳаммасига тушунаман, ўзингни рисоладагидай тутдинг, аммо энди бари тамом, бурчингни меъёридан ҳам ошириб бажардинг; бу ёғига қайсарлик қилиш ахлоқсизлик бўлади, одамнинг ўзининг олдидаям мажбуриятлари бор, болажоним. Бизлар ҳақимиздаям ўйламайсан. Пьерни Франшонинг шифохонасига ётқизишинг шарт, – жаноб Дарбеда ҳар бир сўзни чертиб гапирди. – Ғам-андуҳдан бўлак ҳеч вақо кўрмаганинг манави уйни ташлаб, бизникига қайтасан. Кимнингдир корига яраб, дардига малҳам қўйгинг келса, ана, онанг бор. Боёқишга ҳамширалар қарайди, жигаргўшасининг мадади зиён қилмасди. Волиданг хизматингнинг қадрига етиб, сендан миннатдор бўлади.
Орага узоқ сукунат чўкди. Жаноб Дарбеда қўшни хонада Пьернинг қўшиқ куйлаётганини эшитди. Аслида бу қўшиқ ҳам эмас, шоша-пиша шанғиллаб айтилаётган нақоратнинг бир турини эслатарди. Ота қизига тик қаради:
– Демак рози эмассан, шундайми?
– Пьер ёнимда қолади, – деди Ева пинак бузмай, – иккимиз жуда аҳилмиз.
– Эрталабдан кечгача майнавозчилик қилганинглардан кейин аҳил бўласизлар-да.
Ева жилмайиб отасига ғалати, масхаромуз ва алланечук қувноқ нигоҳ ташлади.
– Эсингни еб қўйибсан, – деди жаноб Дарбеда ўрнидан қўзғалиб.
Ева маъюс жилмайди ва худди ўзига гапираётгандай:
– Ҳали унчалик эмас, – деди.
– Унчалик эмас? Бўлмаса сенга гапим шу, болам, сен мени қўрқитаяпсан.
Жаноб Дарбеда қизини тезгина ўпиб, хонадан чиқди. “Беш-ўнта йигитни бошлаб келиб, анави ношуд гўрсўхтанинг оёқ-қўлидан кўтариш керак-да, ўзидан сўраб ҳам ўтирмай, совуқ сув тагига қўйиш керак”, – деб ўйлади у зинадан тушаётганида.
Кузнинг ажойиб, сокин ва баҳаво куни эди, офтоб ўткинчиларнинг юзини тилла рангга бўярди. Жаноб Дарбеда бу чеҳраларнинг оддийлигидан ҳайратланди: айримларини ажин босган, бошқалари силлиқ, лекин барида унга таниш шодлигу ташвиш акс этарди.
– Евага нега таъна қилаётганимни аниқ биламан, – у Сен-Жермен хиёбонига кираётиб, ўзига-ўзи гапирди. – Одамийлик чегарасидан чиқиб яшаётгани учун ундан ёзғираман. Пьер энди одам эмас, қизим меҳр-муҳаббатини унга тортиқ эта туриб, манави одамларни шулардан бенасиб қолдиради. Инсонлардан четлашишга ҳаққимиз йўқ, қанчалик оғир бўлмасин, биз жамиятда яшаймиз.
У ўткинчиларга меҳр билан нигоҳ ташлар, уларнинг жиддий, очиқ чеҳралари унга ёқарди. Қуёш чарақлаб турган кўчаларда, оломон орасида ўзингни худди катта оила даврасидагидек хавф-хатардан холи сезасан.
Бошяланг бир аёл савдо растаси ёнида тўхтади. У қизчасини қўлидан етаклаб олганди.
– Манави нима, – деб сўради қизалоқ радиоприёмникни кўрсатиб.
– Ҳеч нимага қўл теккизма, – деди онаси, – бу радио, ичидан мусиқа эшитилади.
Улар ҳайратланганча бир неча дақиқа лом-мим демай, туриб қолишди. Таъсирланиб кетган жаноб Дарбеда энгашиб, қизалоққа жилмайди.

II

“У кетди”. Кўчанинг эшиги “шақ” этиб ёпилди. Ева меҳмонхонада ёлғиз қолди. “У ўлсаям рози эдим”.
Ева қўллари билан курсининг суянчиғига тармашди; отасининг кўзларини эслади: мана жаноб Дарбеда билағонлардек Пьернинг тепасида энгашиб, худди беморлар билан гаплашишни биладиган одамдай “Жуда соз!” деяпти; Пьерга боққанида чақчайган кўзларида унинг юзи акс этади. “Унга шунақа қараганида, эримни кўраётганини ўйлаганимда дадамни ёмон кўриб кетаман”.
Ева қўлларини креслонинг суянчиғи бўйлаб юргизиб, кейин деразага ўгирилди. Ёруғдан кўзлари қамашди. Хона нурга тўлган, ҳаммаёқ офтоб: гиламда юмалоқ доғлар, ҳавода кўзни оладиган чақноқ ғубор. Ева ҳар ерда тимирскиланиб, бурчакларни тозалайдиган, худди яхши уй бекасидек жиҳозларни ялтиратадиган бу шаддод ва доғули офтобни эсдан чиқарганди. Шундай бўлсаям у деразага яқин келиб, ойналарни беркитган юпқа пардани кўтарди. Айни шу пайт жаноб Дарбеда чиқди; Ева унинг кенг елкаларини дарров таниди. Отаси бошини кўтариб, кўзини қисиб осмонга қаради-да, йигитлардек катта-катта қадам ташлаб юриб кетди. “Ўзини аямайди, – деб ўйлади Ева, – кўп ўтмай биқини санчиб қолади”. Ева аллақачон отасидан ғижинмай қўйганди: миясида ҳеч вақо йўқ, ёшроқ кўрингиси келади, холос. Аммо отаси Сен-Жермен хиёбонига қайрилиб, кўздан ғойиб бўлгач, яна Еванинг ғазаби қўзиди. “У Пьер ҳақида ўйлаяпти”. Турмушларининг кичик бир бўлаги ёпиқ хонадан сирғалиб чиқиб, офтобли кўчаларда оломонга қўшилиб кетмоқда эди. “Наҳотки бизни ҳеч қачон ўз ҳолимизга қўйишмаса?”.
Дю Бак кўчаси деярли бўм-бўш эди. Бир қари хоним майда қадам ташлаб йўлни кесиб ўтди. Шодон кулган уч қиз, кейин ғилоф кўтарганча суҳбатлашиб кетаётган кучли ва жиддий эркаклар кўринди. “Эс-ҳуши жойида одамлар мана шулар”, – кўнглидаги нафрат ўтидан ажабланиб ўйга толди Ева. Семизгина ёқимтой аёл хушсурат жанобнинг ёнига югуриб келди. У аёлни қучиб лабларидан ўпганда Ева қаҳрли табассум билан пардани туширди.
Пьер қўшиқ айтмай қўйган маҳал тўртинчи қаватдаги бир ёш жувон пианинода Шопеннинг этюдини чалди. Ева сал юпангач, Пьернинг хонаси томон юрмоқчи бўлди-ю, лекин дарров тўхтаб, бир оз хавотир билан деворга суянди: ҳар сафар Пьернинг хонасидан чиққанида у ерга қайтиб киришини ўйлаб Еванинг юрагини ваҳима босарди. Аслида у бошқа жойда яшолмаслигини жуда яхши билар, чунки хонани яхши кўрарди. Худди вақтдан ютмоқчи бўлгандек, у журъатнинг қайтишини кутиб, ўзи ўтирган соя ва ҳидсиз меҳмонхонага қизиқсиниб кўз югуртирди. “Тиш дўхтирининг қабулхонасини эслатади-я”. Пуштиранг шойи қопланган кресло, диван ва курсилар оталарча жиддий ва камтар кўринар, гўёки инсоннинг қадрдон дўстларига ўхшарди. Ева ўзи боя деразадан қараганда кўрганидек очранг либос кийган басавлат кишилар суҳбатни давом эттириб, меҳмонхонага кириб келишаётганини тасаввур қилди. Улар атрофни кўздан кечиришгаям вақт тополмай, ишонч билан қадам ташлаб хонанинг ўртасигача келишди; қўли худди кеманинг сувдаги изидек иланг-биланг қиладиган бирови йўл-йўлакай ёстиқчалар, буюм ва столларни ушлаб, бу тегинишлардан ҳатто сесканмадиям. Агар бирор жиҳоз йўлларига ғов бўлса, оғир-вазмин жаноблар айланиб ўтиш ўрнига уни бошқа жойга суриб қўя қолишарди. Ниҳоят улар ортга ҳам ўгирилмай, гапга берилиб ўриндиқларга ўтиришди. “Рисоладагидек одамлар учун меҳмонхона”, – деб ўйлади Ева. У ёпиқ эшикнинг дастагига қараганида, ҳаяжондан томоғи бўғилди. “Пьернинг олдига боришим керак. Ҳали уни бунчалар узоқ вақт ёлғиз қолдирмаганман. Манави эшикни очиш лозим”. Кейин Ева кўзларини нимқоронғига ўргатиш учун бўсағада туради. Хона эса бор кучи билан уни итариб чиқаришга уринади. Ева шу қаршиликни енгиб хонанинг юрагигача кириб бориши даркор. Тўсатдан унинг Пьерни кўргиси келиб қолди; у билан бирга жаноб Дарбеданинг устидан кулишни хоҳлади. Аммо Пьерга Еванинг кераги йўқ эди; эри уни қандай қарши олишини Ева олдиндан билолмасди. Қўққисдан у аллақандай ғурур билан энди борадиган жойи йўқлигини ўйлади. “Эс-ҳуши жойидалар мени ўзимизга ўхшаган, деб билади. Аммо мен уларнинг ёнида бир соат ҳам ўтиролмайман. Мен нарёқда, манави деворнинг нариги томонида яшашим керак. Аммо у ерда мени кутишмаяпти”.
Еванинг атрофидаги ҳамма нарса ўзгариб кетди. Ёруғлик гўё сочи оқарган мўйсафиддек қартайиб, оғирлашиб қолди, худди гул солинган кўзадаги кечадан буён алмаштирилмаган сувдек. Мана шу буюмлар ва эскирган офтобда у аллақачонлар унутган қайғуни – кеч кузнинг чошгоҳдан кейинги қайғусини топди. Ботинолмай, деярли ҳадиксираб атрофга аланглади – бари шунчалар йироқ эдики, нарёқда, хонада эса куну тун ҳам, куз ҳам, қайғуям йўқ. Ева йироқларда, ўтмишда қолган болалигидаги кузни элас-элас эслади-да, кейин бирдан сергак тортди: у хотиралардан қўрқарди.
Пьернинг овози эшитилди.
– Агата! Қаердасан?
– Кетаяпман, – деди Ева.
У эшикни очиб, хонага кирди.
Тутатқининг ўткир ҳиди бурнининг катакларига урилиб, оғзини тўлдирар, у эса кўзларини катта-катта очиб, қўлини олдинга чўзарди – ҳид ва нимқоронғи Ева учун аллақачон сув, ҳаво ёки оловдек бир бутун, ёпишқоқ, жўн ва табиий моддага айланганди; Ева туманда сузаётган оқиш доғга секингина яқинлашди. Бу Пьернинг юзи эди; унинг кийими (дардга чалинганидан бери у қора либос киярди) қоронғига сингиб кетганди. Пьер бошини орқага ташлаб, кўзини юмиб ўтирарди. У чиройли. Ева эрининг узун, қайрилма киприкларига узоқ тикилди, кейин ёнидаги пастроқ курсига чўкди. “Кўриниши азобли”, – деб ўйлади у. Еванинг кўзи аста-секин ғира-ширага мослашди. Дастлаб ёзув столи, сўнг каравот ва ниҳоят креслонинг ёнида, гиламда сочилиб ётган Пьернинг буюмлари: қайчи, елимли идиш, китоблар, қуритилган ўсимликлар тўплами бирма-бир қалқиб чиқди.
– Агата?
Пьер кўзини очиб, унга жилмайганча тикилаётганди.
– Санчқи ёдингдами? – деб сўради у. – Анави кимсани чўчитиш учун атайлаб шундай қилдим. Санчқида деярли ҳеч бало йўқ эди.
Еванинг хавотири тарқаб, шодон кулди.
– Бопладинг-да ўзиям, унинг капалаги учиб кетди.
Пьер жилмайди.
– Кўрдингми? Санчқини икки қўллаб ушлаб, узоқ пайпаслади. Гап шундаки, улар буюмни ушлашни билишмайди; дарров чанг солишади.
– Тўғри айтасан, – маъқуллади Ева.
Пьер ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини чап кафтига ниқтаб кўрсатди.
– Улар мана бундай қилишади. Буюмга бармоқни тирашади-да, ушлаб олиб, кафтда мажақлаб ўлдиришади.
У лабларининг учи билан бидирлаб гапирар, қиёфаси паришон эди.
– Қизиқ, буларга нима керак ўзи. Анави нусха аввал ҳам келувди. Нега олдимга уни юборишаяпти экан? Нима билан бандлигимни билиш учун экрандаги ёзувни ўқиш кифоя-ку, уйдан чиқиш ҳам шарт эмас. Улар янглишишаяпти. Ҳокимият қўлларида-ю, хато қилишади. Мен эса сира янглишмайман, устунлигим шунда. Данғ, – деди Пьер, – донғ.
У узун қўлларини юзининг олдида силкитди: “Вой, жин ургур! Донғ, жонг, жунг. Яна хоҳлайсанми?”
– Бу қўнғироқми? – деб сўради Ева.
– Ҳа. У кетди. – Пьернинг овози дағаллашди. – Анов кимса – майда югурдак. Сен уни таниркансан, бирга меҳмонхонага чиқдинг.
Ева жавоб қайтармади.
– Хўш, мақсади нима экан? – сўради Пьер. – Сенга шуни айтган бўлиши керак.
Ева бир он тараддудланиб, қўрсроқ жавоб берди:
– У сени касалхонага тиқмоқчи.
Эрига ҳақиқатни юмшоқроқ тушунтирса ишонмас, шубҳа-гумонларини даф қилиб, тарқатиб юбориш учун уни рост гап билан чимчиб олиш лозим эди. Ева унга ёлғон гапиргандан кўра қўпол муомала қилган яхши деб ҳисобларди: Пьернинг ёлғонига ишонганини пайқаганда Ева сезилар-сезилмас устунликни ҳис этар ва ўзидан қўрқа бошларди.
– Мени тиқишармиш! – деди Пьер кесатиб. – Уларнинг томи кетиб қолган. Девор менга нима бўлибди? Девор уни тўхтатади деб ўйлашар балки. Баъзан ростдан ҳам иккита тўда бормикан, дея ўзимга савол бераман. Ҳақиқийси – ҳабашнинг тўдаси. Ва ҳамма нарсага бурун суқиб, хатонинг кетидан хато қилувчи пандавақилар тўдаси.
Пьер креслонинг тирсак тирайдиган жойига тақ-тақ уриб, Евага қувонч билан қараб-қараб қўйди.
– Деворнинг ичидан ўтса бўлади-ку ахир. Хўш, унга нима деб жавоб бердинг? – у қизиқсиниб Евага юзланди.
– Сени касалхонага тиқолмасликларини айтдим.
Пьер елка қисди.
– Ундай демаслик керак эди. Сен ҳам янглишибсан, агар атайин хато қилмаган бўлсанг, албатта. Уларни сирни очишга кўндириш лозим эди.
У жимиб қолди. Ева ғамгин бош эгди. “Дарров чанг солишади!” Пьер буни қандай нафрат билан айтди-я, аслидаям шундай-да; наҳотки мен ҳам буюмларга чанг солсам? Ўзимга оро беришим бефойда, кўп қилиқларим унинг ғашига тегса керак. Аммо менга индамайди. Ева тўсатдан ўзини худди ўн тўрт ёшидагидек ғариб сезди. Ўшанда ёш ва чаққон Дарбеда хоним қизига: ”Қўлларингни қаёққа беркитишниям билмайсан шекилли”, деганди. Ева ўрнидан жилишгаям ботинолмай турганда, аксига олиб қимирлагиси келаверди. У оёғини гиламга хиёл теккизиб, курсининг остига тиқди. Кейин Пьер қорага бўяган стол чироғининг тирговучига, шахматга кўз югуртирди. Шахмат тахтасида эри фақат қора пиёдаларни қолдирарди. Баъзан Пьер ўрнидан туриб, столга яқин келарди-да, пиёдаларни қўлига оларди. Уларни Робот, деб атаб, ҳар бирига гапирар, шахмат доналари қўлида қандайдир сирли ҳаёт билан яшаётгандек туюларди. Пьер пиёдаларни жойига қўйгач, Ева ҳам уларга тегинар (бу аҳволда кулгилироқ кўринсам керак, деб ўйларди у), шунда яна ўлик ёғоч парчаларига айланган пиёдаларда сезилар-сезилмас, маънодор бир нима қолгандек бўларди. “Бари уники, – деб ўйлади Ева. – Хонада менга тегишли ҳеч нарса йўқ”. Авваллари айрим жиҳозлар Еваники эди. Масалан, тошойна ва бувисидан қолган, Пьер ҳазиллашиб “сенинг столчанг” деб атайдиган нақшинкор пардоз столи. Бу буюмларни хонага Пьер олиб кирган, улар фақат эрига асл қиёфаларини очарди. Ева жиҳозларга соатлаб тикилар – улар аллақандай муттасил, қаҳрли қайсарлик билан худди доктор Франшо ва жаноб Дарбедага ўгирилгандек, унгаям фақат ташқи қиёфасини кўрсатарди. “Лекин мен буларга отамнинг кўзи билан қарамайман, – деб ўйлади Ева хавотир аралаш, – унга ўхшаб қарашим мумкин ҳам эмас”.
У тиззаларини силкитди: оёғи увишибди. Қимирламай, тарашадай қотган танасида оғриқ турди; Ева ўз вужудини ҳаддан зиёд тирик ва номутаносиб сезди. “Кўринмас одамга айланиб қолсам эди; мен уни кўрардим, у эса пайқамасди. Пьерга менинг керагим йўқ; бу хонада мутлақо ортиқчаман”. Ева бошини хиёл буриб, эрининг тепасидан деворга қаради. Унга дўқ-пўписалар ёзилганди. Ева узоқдан ўқий олмасаям, буни биларди. У кўпинча гулқоғоздаги йирик қизил атиргулларни томоша қилар, то кўз ўнгида сапчий бошламагунча уларга тикилиб тураверарди. Нимқоронғида гуллар лов-лов ёнарди. Дўқ-пўписа одатда шифтдан пастроққа, каравотнинг чап томонига ёзилсаям, баъзан бошқа жойга кўчарди. “Ўрнимдан туришим зарур, ортиқ бундай ўтиролмайман, ўтиролмайман”. Гулқоғозда кесилган пиёзнинг бўлагидек оппоқ доиралар ҳам бор эди. Улар ўз ўқи атрофида айланган маҳал Еванинг қўллари титраб кетди. “Баъзан эсим оға бошлайди. Э, йўқ, – ўйлади у, – эсдан оғишим мумкин эмас. Шунчаки асабийлашганман”.
Тўсатдан у ўзига Пьернинг қўли текканини сезди.
– Агата, – деди эри майин овозда.
У Евага жилмаяр, аммо хотинининг қўлини қисқичбақанинг танасини тутиб тургандек, ҳозир ўша қисқичбақа панжаси билан қисиб оладигандек ижирғаниб бармоқ учида ушларди.
– Агата, – деди у, – сенга жуда ишонгим келади.
Ева кўзларини юмиб, кўкси хиёл кўтарилди. “Ҳеч нима демаслик керак, йўқса у яна ўз қобиғига ўралиб олади-да, гапирмай қўяди”.
Пьер унинг қўлини қўйиб юборди.
– Сени жуда яхши кўраман, Агата, – деди у. – Лекин сира тушунолмайман. Нега доим шу хонада ўтирасан?
Ева индамади.
– Айт, нега?
– Сени севишимни биласан-ку, – деди Ева қуруққина қилиб.
– Сенга ишонмайман, – деди Пьер. – Нима учун мени севишинг керак? Аслида сен мендан қўрқишинг лозим: ахир мен қувғиндиман.
У жилмайди-да, яна жиддий қиёфага кирди:
– Сен ва менинг ўртамизда девор бор. Мен сени кўраман, гапираман, аммо сен нариги томондасан. Бир-биримизни севишимизга нима халал беради? Менимча, аввал севиш осонроқ эди. Гамбургда.
– Ҳа, – деди Ева маъюс тортиб.
Доим ўша Гамбург. Уларнинг ростакам ўтмиши ҳақида сира эсламайди. Иккови Гамбургда бўлмаган.
– Биз анҳорлар ёқалаб кезардик. Ўша ёқда битта қайиқ бор эди, эсингдами? Қоп-қора, ичида ит ўтирган қайиқ.
Пьер йўл-йўлакай тўқийверар, кўринишиям риёкор эди.
– Сени қўлингдан тутиб турардим; теринг бошқача эди. Айтган ҳар бир сўзингга ишонганман. Жим бўлларинг, – бақирди у.
Кейин бир он қулоқ тутди.
– Улар келишяпти, – деди маъюс тортиб.
– Келишяпти, дейсанми? Улар ҳеч қачон ортга қайтишмайди, деб ўйловдим.
Уч кундан буён Пьер хотиржам эди: ҳайкаллар кўринмаётганди. Ўзи тан олмасаям Пьер ҳайкаллардан ўлгудек қўрқарди. Ева улардан чўчимас, аммо ҳайкаллар ғувиллаганча хона бўйлаб чарх урганда эрини ўйлаб роса хавотирланарди.
– Сиутримни узат, – деди Пьер.
Ева ўрнидан туриб, сиутрни олди; эри ўзи елимлаган картон парчаларини шундай атарди. Сиутр ҳайкалларни дуойибад қилиш учун қўлланилар, унинг кўриниши ўргимчакни эслатарди. Картон парчаларидан бирига Пьер: “Фитналарга қарши”, бошқасига “Қора” деб ёзганди. Яна бир картонга кўзлари қисилган, тиржайган қиёфа чизилган: бу Волтер эди. Эри сиутрни четидан ушлаб, унга ғамгин боқди.
– Бунинг энди менга нафи йўқ.
– Нега?
– Улар бунинг маъносини бузишди.
– Бошқасини ясаб олсанг-чи?
Пьер Евага узоқ тикилди.
– Сенга фақат шу керак ўзи, – тиш орасидан гапирди у.
Еванинг эридан жаҳли чиқди. “Ҳайкаллар қачон кўринишини у доим олдиндан билади. Қандай сезаркан, сира янглишмаган”.
Елимланган картон бўлаги Пьернинг қўлида ўликдай шалпайиб осилиб турарди. “Шу матоҳдан фойдаланмаслик учун мудом баҳона топади. Якшанба куни ҳайкаллар пайдо бўлганда уни йўқотиб қўйдим деганди. Ваҳоланки, сиутр елимли идишнинг ёнида турганини мен кўрдим, ўзининг ҳам кўзи тушгани аниқ. Қизиқ, ҳайкалларни балки Пьер чақирар”. Эрининг самимийлигига ҳеч қачон тўла ишонч ҳосил қилиб бўлмасди. Баъзида Евага носоғлом ўй-шарпалар уни ўзи сезмаган ҳолда чулғаб оладигандек туюлар, янаги сафар эса Пьер барини тўқиб чиқараётганга ўхшарди. “Азоб чекаётгани рост. Аммо ҳайкаллар ва ҳабашга у қанчалик ишонади? Ҳар ҳолда, билишимча, у ҳайкалларни кўрмайди, фақат овозини эшитади: улар ёнидан ўтаётганда чап беради; лекин кўрдим деб, тасвирлашгаям уринади”. Ева доктор Франшонинг қип-қизил юзини эслади: “Муҳтарама хоним, руҳий касалларнинг ҳаммаси – ёлғончи, уларнинг асл ҳис-туйғуларини сизга айтаётган ҳиссиётларидан фарқламоқчи бўлсангиз, вақтингиз зое кетади”. Ева сесканди: “Франшонинг нима алоқаси бор? Мен унга ўхшаб ўйламайман”.
Пьер ўрнидан туриб, сиутрни қоғоз солинадиган қутига ташлагани кетди. “Мен ҳам сен каби фикрласам дейман”, – пичирлади Ева. Эри иложи борича кичик жойни эгаллаш учун тирсагини танасига тираб, майда-майда қадам ташлаб юрди. Қайтиб жойига ўтиргач, Евага қаттиқ тикилди.
– Қора гулқоғоз ёпиштириш керак, – деди Пьер, – хонада қора ранг кам.
У креслода ғужанак бўлиб ўтирди. Ева унинг доим чекинишга, эгилишга тайёр қоқсуяк гавдасига разм солди. Пьернинг қўл-оёғи ва боши ичкарига яшириладиган аъзоларга ўхшарди. Соат олтига бонг урганда пианинонинг товуши тиниб, Ева хўрсинди: ҳайкаллар дарров келмайди, уларни кутиш лозим.
– Чироқни ёқайми?
Ева уларни қоронғида кутгиси келмаётганди.
– Билганингни қил, – деди Пьер.
Ева ёзув столининг устидаги кичкина чироқни ёққач, хонани қизғиш туман қоплади. Пьер ҳам кутаётганди.
У гапирмасаям, лаблари шивирлар – бу лаблар қизил тумандаги иккита қорамтир доғ эди. Евага Пьернинг лаблари ёқарди. Бир пайтлар уларда кўнгилни ўртовчи ҳиссиёт бор эди, лекин ўша нафислик энди йўқ. Пьернинг лаблари хиёл титраганча дам-бадам очилиб-юмилар, бир он қовушиб, яна ажрашарди. Унинг тошдек қотган юзида иккита қўрқоқ ҳайвончани эслатувчи мана шу лаблар тирик қолганди, холос. Пьер ғинг этган товуш чиқармай соатлаб ниманидир шивирлар, титраётган лаблари кўпинча Евани мафтун этарди. “Унинг оғзини яхши кўраман”. Эри анчадан буён уни ўпмаган, бировга тегинишдан қўрқарди. Тунлари Пьерни аллақандай эркакларнинг бақувват, ғадир-будур қўллари пайпаслар, жуда узун тирноқли аёлларнинг қўллари баданини силаб-сийпар, эркаларди. У кўпинча ечинмай ётар, бироқ қўллар кийимининг остидан суқулиб ичкўйлагини тортарди. Бир сафар Пьер кулги овозини эшитди ва кимнингдир дўрдиқ лаблари лабига ёпишди. Айнан ўша тундан сўнг у Евани ўпмай қўйди.
– Агата, оғзимга қарама! – деди эри.
Ева нигоҳини четга бурди.
– Оғизга қараб фикрни ўқий олиш мумкинлини биламан ахир, – деди у жеркиб.
Пьернинг қўллари курсининг четида титрарди. Кўрсаткич бармоғи чўзилиб, бош бармоғини уч марта чертди, қолганлари эса майишди – бу афсун эди.
– Ҳозир бошланади, – деб ўйлади Ева. Пьерни қучгиси келди.
Пьер дўриллаган, тантанавор оҳангда савол берди:
– Сан-Паулу ёдингдами?
Жавоб қайтармаслик керак. Бу тузоқ бўлиши мумкин.
– Ахир ўша ёқда сен билан танишганман-ку, – деди у кеккайиб. – Даниялик денгизчидан тортиб олганман сени. Муштлашишимизга сал қолди, лекин ҳаммани ичкилик билан меҳмон қилганимдан сўнг, у сени олиб кетишимга рози бўлди. Буларнинг бари ғирт майнавозчилик эди.
“Гаплари ёлғон, айтганларига ўзиям ишонмайди. Исмим Агата эмаслигиниям билади. Ёлғон гапирганда уни ёмон кўраман”. Бироқ эрининг шишадай чақчайган кўзларига қараб, Еванинг қаҳри босилди. “Йўқ, у алдамаяпти, – ўйлади Ева, – шунчаки зўриққан. Анавиларнинг яқинлашаётганини сезиб, уларни эшитмаслик учун ҳам гапираяпти”. Курсини икки қўллаб чангаллаб олган Пьернинг юзи бўзарган, аммо лабида табассум ўйнарди.
– Бу учрашувлар кўпинча ғалати тарзда бошланади, – сўзида давом этди у, – лекин мен тасодифга ишонмайман. Сени ким юборганини сўрамайман, биламан, жавоб бермайсан. Ҳар ҳолда мени лойга булғашга уста чиқдинг.
Пьер базўр, шанғиллаб гапирар, тили келишмаган айрим сўзлар гўё юмшоқ, шаклсиз бўтқадек оғзидан тўкиларди.
– Сен мени байрам авжига чиққан маҳал етаклаб кетдинг, қоп-қора машиналар қаторидан олиб ўтдинг, лекин уларнинг ортига ўгирилишим билан йилт-йилт ёнадиган қип-қизил кўзларнинг бутун бошли қўшини яширинганди. Ўйлашимча, сен қўлимга осилиб ўшаларга ишора қилардинг, мен эса пайқамасдим. Дабдабали Тахтга чиқиш маросимига ҳаддан ташқари берилгандим.
Пьер тўғрига қараб, кўзларини катта-катта очиб ўтирарди. Сўзида давом этаётиб, қўли билан пешонасини артар, жим бўлишни истамасди.
– Бу Республиканинг Тахтга чиқиш маросими эди, – деярли чинқириб гапирди у, – мустамлакалардан атайлаб келтирилган кўп сонли турли-туман ҳайвонлар қатнашган ўзига хос, бетакрор томоша. Сен маймунларнинг орасида адашиб қолишдан қўрқдинг. Мен маймунлар, дедим, – атрофга аланглаб, ғурур билан сўзини такрорлади Пьер. – Лекин ҳабашлар орасида, десам ҳам бўларди! Бизни ҳеч ким кўрмаяпти, деб столнинг остида ғимирлаётган маразлар фош қилинди ва Нигоҳим билан турган жойларига қотирилди. Буюраман: жим бўлларинг, – бақирди у. – Жим! Ҳайкаллар кираётганда ҳамма саф тортиб, қимир этмай турсин, бу буйруқ. Ту-ту-ту-ру, – Пьер кафтини оғзига карнай қилиб чалди, – ту-ту-ру-ру, ту-ту-ру-ру.
Эри жимиб қолгач, Ева ҳайкаллар аллақачон хонага кирганини англади. Ранги бўздек оқарган Пьер кеккайганча, қилт этмай ўтирарди. Ева ҳам жойида қотди гўё, иккови товуш чиқармай кутишди. Кимдир даҳлиз бўйлаб юрарди – бу уй хизматчиси Мари эди, кирмоқчи бўлган ҳам ўша бўлса керак. “Унга газнинг пулини бериш лозим”, деб ўйлади Ева. Шу пайт ҳайкаллар уча бошлади: улар Ева ва Пьернинг орасидан шувиллаб ўтишарди.
Пьер “Хон” дедию оёғини жуфтлаб креслога ёпишди. У тескари қараб, ҳар замон илжаяр, пешонасидаги тер томчилари йилтирарди. Ева бу бўзарган юзга, қийшайган, титроқ лабларга бардош беролмасди; у кўзларини юмиб олди. Қизғиш қовоқлари ортида тилларанг шарпалар ғужғон ўйнарди; у ўзини қари иркитдай ҳис этди. Ёнида Пьер хириллаб нафас оларди. “Ҳайкаллар учаяпти, ғувиллаб Пьерга тармашаяпти…” Ева ўнг елкаси ва биқинини нимадир қитиқлаб, чимдиганини ҳис этди. Гавдаси худди нохуш турткидан қочиб, оғир, қўпол буюмни ўтказиб юбормоқчидек беихтиёр чап томонга тисарилди. Бир пайт полнинг тахтаси ғичирладию, Ева кўзини очгиси, қўли билан ҳавони тарқатиб, ўнг тарафга қарагиси келди.
У қилт этмади; кўзлари ҳамон юмуқ, азобли бир қувончдан аъзойи-бадани сесканарди. “Мен ҳам қўрқаяпман” – деб ўйлади у. Еванинг бутун борлиғи ҳозир ўнг тарафга беркинганди. У кўзини очмай Пьер томонга энгашди. Озгина ҳаракат қилса, шу мусибатли оламга ёриб киради. “Мен ҳайкаллардан қўрқаман”, – хаёлидан ўтказди у. Бу кўр-кўрона, қатъий хулоса, афсун эди: Ева бутун вужуди билан ҳайкалларнинг хонада эканига ишонгиси келар, гавдасининг ўнг тарафини фалаж қилган ваҳимани янги мазмунга, сезгига айлантирмоқчи бўларди. Қўли, биқини, елкаси билан уларнинг учаётганини ҳис этарди.
Ҳайкаллар визиллаб паст ва секин учди. Уларнинг қиёфаси алдамчи эканини, тош кўзларининг атрофида киприк ўсганини билсаям Ева ҳайкалларни яхши тасаввур қилолмасди. Тирик этнинг ямоғи, юмшоқ тангачалар баҳайбат гавдаларнинг айрим жойларидан туртиб чиққан эса-да, ҳайкаллар ҳали тўла жонланмаганини ҳам биларди; бармоқларнинг учидаги тош кўчган, улкан кафтлар қичишарди. Ева буларнинг барини кўролмас, фақат улуғвор ва серҳашам, девдек келбатли аёлларнинг инсонга хос қиёфа ва тош каби мустаҳкам қатъият билан ўзи томон интилаётганини хаёлига келтирарди, холос. “Улар Пьернинг устига ёпирилишаяпти”. Қаттиқ зўриққанидан Еванинг қўллари қалтиради. “Мен томонга ёпирилишаяпти…” Кутилмаганда даҳшатли ўкирикдан баданини совуқ тер босди. “Ҳайкаллар унга тегинишди”. Ева кўзини очганда Пьер бошини чангаллаб ҳансираб нафас оларди. Ева жуда ҳолдан тойганини ҳис қилди. “Ўйин, – афсусланиб ўйга толди у, – буларнинг бари бор-йўғи ўйин эди, ҳеч бирига бир он бўлсаям чинакамига ишонолмадим. Пьер эса ростакамига азоб чекди”.
Шалвираб қолган Пьер ҳарсиллаб нафас чиқарарди. Лекин кўзлари ҳалиям ғалати чақчайган, ўзи терга ботганди.
– Уларни кўрдингми? – деб сўради Пьер.
– Кўролмадим.
– Шунисиям яхши, улар сени қўрқитарди. Мен эса ҳайкалларга аллақачон кўникканман.
Еванинг қўли ҳалиям титраб, қовоғи учарди. Пьер чўнтагидан сигарет чиқариб, оғзига солди-ю, лекин ёндирмади.
– Менга барибир, уларга хоҳлаганча қарайвераман, тегинишмаса бўлгани; ҳуснбузар юқмасин деб қўрқаман.
У бир оз ўйлаб, кейин сўради:
– Уларни эшитдингми?
– Ҳа, – деди Ева, – худди самолётнинг моторига ўхшайди. (Ўтган якшанбада Пьернинг ўзи шундай деганди.)
Эри майин жилмайди.
– Ошириб юбординг, – деди у. Пьернинг ранги ҳалиям оппоқ эди. У хотинининг қўлига қаради: – Қўлларинг титраяпти. Бечорагинам Агата, қаттиқ таъсирланибсан. Қайғурма: эртагача улар қайтишмайди.
Тишлари такиллаётган Ева гапиролмас, Пьер пайқаб қолишидан чўчирди. Пьер унга узоқ разм солди.
– Сен ниҳоятда соҳибжамолсан, – деди у бош чайқаб. – Афсус, минг афсус.
У чаққон қўл узатиб хотинининг қулоғига тегинди.
– Менинг гўзал иблисгинам! Сен менга бир оз халал бераяпсан, ҳаддан ташқари чиройлисан – бу мени чалғитади. Агар тубанлашиш бўлмаса…
У Евага ҳайрат билан тикилганча жимиб қолди.
– Йўқ, бу сўз эмас… Бу сўз миямга… – у сирли жилмайди. – Тилимнинг учида бошқа сўз айланаётганди… буниси… ўшанинг ўрнини эгаллаб олди. Сенга нима демоқчилигим ёдимдан чиқди.
Пьер хиёл ўйга толиб, бош чайқади.
– Майли, – деди у, – қиттак мизғиб олай. – Кейин болаларча мижғовланиб қўшиб қўйди:
– Агата, билсанг, жуда ҳолдан тойдим. Фикримни бир жойга жамлолмаяпман.
Пьер сигаретини ташлаб, гиламга хавотир аралаш тикилди. Ева унинг бошига ёстиқ қўйди.
– Сен ҳам ухлаб ол, – деди эри кўзларини юмиб, – улар энди қайтишмайди.
“Тубанлашиш”. Пьер юзида ним табассум билан ухлар, худди ёноғини елкасига суртмоқчидек боши қийшайганди. Еванинг эса кўзига уйқу келмас, у “тубанлашиш” сўзини қайта-қайта такрорларди. Пьер дабдурустдан чеҳрасига аҳмоқона тус бериб, тилига шу узун, сийқа сўз келди. Худди сўзни кўраётгандек рўпарасига қарадию, ярим очиқ оғзининг таноби қочиб, ичида нимадир зил кетгандек бўлди. У кўп гапириб юбораяпти. Биринчи марта шундай бўлиши: айтмоқчи, ўзиям бунга эътибор берди. Фикримни йиғолмаяпман, деди. Пьер ҳузурланиб, секин иҳради-да, қўли хиёл қимирлади. Ева унга диққат билан назар солди: қай аҳволда уйғонаркан? Уни шу савол қийнар, эрининг кўзи юмилиши ҳамоноқ миясидан шу ўй кетмай қоларди. Пьер уйғонгач яна кўзларини аланг-жаланг қилиб, алжирашни бошламасин-да, деб қўрқарди. “Бунчалар лақма бўлмасам, – деб ўйлади Ева. – Франшо менга ўша ҳолат бир йилдан кейин рўй беради деганди-ку”. Лекин хавотири босилмади: бир йил – бир қиш, бир баҳор, бир ёз, кейин яна куз. Куни келиб Пьернинг афт-ангори буришиб, жағи осиладию, ёшланган кўзларини очолмай қолади. Ева энгашиб унинг қўлига лабини теккизди: “Мен сени аввалроқ ўлдираман”.

Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон