“Элизабет Барстоу” кемаси капитани дўсти билан таомлар ҳақида гаплашиб турарди.
–У мазали овқатни тўкиб юборди, аммо ҳеч нима бўлмагандай безрайиб қараб турибди, – деди капитаннинг дўсти ғазаб билан.
–Мен, яхшиси, бошқа ошпаз қидириб кўраман. Ошпаз деганини худо уриб ётибди. У ошхонада бунча шовқин солмаса? – жаҳли чиқди капитаннинг.
– Унга кечки овқатга тайёргарлик кўришни буюргандим,–тушунтирди дўсти. Капитан индамади. Бироздан сўнг яна гап бошлади:
– Мен уни зудлик билан бошқа кемага ўтказмасам бўлмайди. Сизга ўхшаб овқатдан заҳарланишни хоҳламайман. Йигитчани ишга қабул қилаётганимда ўзининг жуда моҳир ошпаз эканлигини, овқат тайёрлашни унга опаси ўргатганини айтганди.
Кема Лондонга етиб келгач, денгизчилар каютадан тушиб, қирғоқда кечки зиёфатга ҳозирлик кўришаётганди. Капитан палубада чекиб турган вақтда, енгил қадам товушини эшитиб, ортига ўгирилиб қаради. Унинг қаршисида ёқимтой бир қиз жилмайиб қараб турарди.
– Мистер Вилл бортдами? — сўради қиз.
– Вилл? – такрорлади капитан. – Мен унақа одамни танимайман.
– Бу “Элизабет Барстоу”. Шундай эмасми?
– Унинг исми нима? – саволга савол билан жавоб берди капитан.
– Алберт.
– Ҳа, ошпаз. Шундай демайсизми? У ошхонада.
Айни дамда капитан бу қизнинг думалоқ юзини сепкил тўлдирган ошпазда нима иши борлигига қизиқиб қолди.
– У овқатни қандай тайёрлаяпти?
– Ҳозирча ўрганяпти.
Капитан унга тўғрисини айтмоқчи бўлди, аммо тўсатдан ошпазнинг устози ким эканлигини эслади.
– Дарвоқе, сиз унинг опаси бўлсангиз керак? – сўради у.
– Уни кутаётганлигимни айтсангиз, – илтимос қилди қиз.
Капитан ошхона томон йўл олди.
– Берт, – деди у дўстона оҳангда, – сени кўргани опанг келибди.
Сўнгра апил-тапил костюмини кийиб, пастга туша бошлади.
Улар саломлашиб бўлгач, капитан хонимга каюталарни кўришни таклиф қилди.
– Қандай ажойиб! Унинг яхши кўрган қизи бор экан! – деди капитаннинг дўсти.
– У Виллнинг опаси, – тушунтирди капитан.
– Опаси? Мен буни билмагандим? Ошпазимизга қандай овқат қилишни шу хонимча ўргатган денг? Унинг бор-йўғи беш дақиқа вақтини оламан, холос.
– Тинчлан, – деди капитан.– У ахир энди ўрганяпти. Бошланиши ҳозирча ёмон эмас.
– Ёмон эмас? – такрорлади дўсти. – Сиз уни бўшатмоқчи эмас-мидингиз?
– Йўқ. Ҳали эмас. Мен унга яна бир имкон бермоқчиман. Ишонаманки, у албатта яхши ошпаз бўлиб етишади.
Ошпаз қайтганида анча кеч тушиб қолганди. Капитан уни палубада кутиб олди. У Берт билан унинг шундай ажойиб опаси борлиги тўғрисида суҳбатлашди.
Эртаси куни мисс Вилл ва капитан каюталарни кўздан кечиришди.
– Бу ердаги ҳамма нарса менга жуда ёқди, – деди қиз. – Вақтингизни олганим учун узр.
– Қўйсангиз-чи, мен мутлақо бекорчиман, – деди капитан. – Ўзим билан сайр қилишни таклиф қилмоқчийдим, агар рози бўлсангиз. Ҳар ҳолда ёлғиз сайр қилиш сал зерикарлироқ.
Мисс Вилл унинг фикрини маъқуллади.
– Менинг опам бўлганида эди…
– Менимча, уни сайрга олиб чиқмасдингиз.
– Берт сизни олиб боради, – деди капитан.
– Ҳа, у бошқа укаларга сира ўхшамайди, – деди мисс Вилл.
– Синглим бўлганида уни сайрга олиб борардим ёки театрга таклиф қилардим.
– Бу синглингиз учун ҳам кўнгилдагидек бўларди, – деди мисс Вилл мулойимлик билан. Капитан гапирмоқчи бўлди-ю, аммо уддалай олмади.
– Хўп, яхши, тасаввур қилинг, сиз опамсиз ва мен сизни бугун кечқурун театрга олиб бораман.
– Бертга бу ёқмаслиги аниқ, – деди қиз.
– Йўқ, нега энди? – сўз қотди ошпаз.
– Аммо мен Бертни ҳам таклиф қилмоқчиман.
Театрдаги уч соатлик спектакль қандай тугаганини билмай қолишди. Ҳамроҳларидан фарқли ўлароқ қиз бу томошани катта қизиқиш билан томоша қилди.
Спектакль якунлангач, капитан қизни кузатиб қўймоқчи эканли-гини айтди, аммо у рози бўлмади ва кетишга жазм қилди. Капитан ошпаз ва қиз кўздан йўқолгунча улар ортидан қараб қолди.
Эртаси куни ошпаз капитанга опаси уни кўрмоқчилигини айтди.
– Сиз Бертга яхши муносабатдасиз. Шундай эмасми?
– Албатта. Мен уни ўз укамдек кўраман.
– Буни биламан, бироқ бошқалар борасида бундай дея олмайман.
– Мен капитанман. Улар менинг буйруғимга сўзсиз итоат этишади. Агарда бирор кўнгилсизлик бўлса, менга айтасан, – деди у Бертга.
Капитан Лондонни тарк этишаётганидан хафа эди. У тинмай мисс Вилл ҳақида ўйларди. Аммо дўстининг кимгадир “Каютада ухламоқчимисан, эсинг жойидами?” – дея бақириши унинг хаёлларини тўзғитиб юборди.
Бир зумда ўзи ҳам етиб келди.
– Менга шахсан капитаннинг ўзи рухсат берган, – деди ошпаз.
– Тўғри. У биз билан бирга овқатланади ва ухлайди. Яна бирор муаммо борми?– дея дўстига юзланди капитан.
Дўсти бир оғиз ҳам гапирмай, шартта бурилиб кетди,
Кемадагилар ошпазни бошиданоқ ёқтиришмасди. Ҳозир унга имтиёз берилганини кўриб, бадтар ғазабланишди. Агар капитандан қўрқмаганларида уни яхшилаб таъзирини беришарди.
Уч ҳафтадан сўнг улар Крикхондан Лондонга қайтиб келишди.
Капитан мисс Вилл ва унинг укасини Лондон кўчаларини сайр этиш учун шаҳар бўйлаб саёҳатга таклиф қилди. Улар автобусга чиқишганида капитан ва қиз олдинги ўриндиққа ўтиришди. Ошпаз эса улардан уч ўриндиқ нарида ўтирарди.
Мисс Вилл суҳбатдоши билан шаҳар ва унинг бағрида яшаётган одамлар ҳаёти тўғрисида гаплашарди. Капитан ундан “шаҳарда яшашни хоҳлайсизми?” деб сўраганида, у “албатта хоҳлайман, аммо мен қишлоқда қолиб ишлашга мажбурман”,– дея жавоб берди.
– Аммо сиз шаҳарлик бирортаси билан турмуш қуришингиз мумкин-ку, – деди капитан ҳаяжонини яшира олмай.
– Турмушга чиқиш? – деди мисс Вилл бепарволик билан.
– Кўплар шундай қилишади, – деди йигит.
– Ақлли одамлар унақа қилишмайди. Сиз ҳам, – деди қиз майин табассум билан.
– Мен уйланмаганлигимдан хурсандман.
– Ана кўрдингизми!
“Сизни учратмасимдан олдин уйланганимда балки афсусланар-мидим”,– дея ўйлади капитан.
Октябрнинг охирги кунлари эди.
Капитан мисс Виллни тушликка таклиф қилди. Ширинликлар ва мевалар тўла халталарни кўтариб, каютага кирганида у ерда дўсти ёлғиз ўтириб, иштаҳа билан овқатланаётганди.
– Сен ҳам кел, – дея капитанни таклиф қилди.
– Нега бироз кутмадинг?
– Кутиш? – сўради дўсти.– Нимани ёки кимни?
– Менинг меҳмонларимни.
Дўсти индамади.
– Уларни кутмаганинг маъқул,– деди у ва қўшимча қилди. –Меҳмонларинг келишмайди. Овора бўлганинг қолади, холос, – тиржайди у.
– Нима демоқчисан? – сўради капитан тоқатсизланиб.
– Демоқчиманки, ошпазга қанчалик меҳрибонлик кўрсатсанг ҳам у кетди. Бутунлай кетди.
– Бутунлай кетди?
– Эҳ, бу йигит сени ўз ноғорасига ўйнатиб кетди. У ҳаммасини бизга айтиб берган.
– Нимани? Нимани айтган?
– Сендан ёрдам сўраганини, сен меҳрибонлик қилиб, унга ёрдам берганингни. Менга қара, сен ростдан ҳам шу хоним ошпазимизнинг опаси эканлигига ишондингми?
– Нималар деяпсан? – бақирди капитан дўстига ҳайратланганча тикилиб.
– Улар Рождество байрами куни оила қуришаркан.
Капитаннинг бошига биров гурзи билан ургандек чайқалиб кетди.
Бўлиб ўтган воқеаларни ўйлаб кўришга улгурмасидан туриб таниш қадам товушларини эшитиб, сергакланди.
Капитан ва дўсти ҳайратдан ёқа ушлашди. Эшик ёнида мисс Вилл турарди. У келиб, капитан билан сўрашгач стулга ўтирди. Дўсти оғзини очганича унга бироз тикилиб турди-да, кейин ташқарига отилиб чиқиб кетди.
Улар бир муддат жим қолишди.
– Сиздан ҳаммаси учун узр сўрамоқчиман, – ниҳоят гап бошлади қиз.
– Бунга ҳеч бир сабаб кўрмаяпман, – деди капитан ғамгин оҳангда. — Шунчаки ҳаммага кулги бўлганим қолди, холос.
Қиз индамай ўрнидан турди.
– Икковингизга ҳам бахт тилайман,– деди капитан.
– Тушунмадим. Нимани назарда тутяпсиз?
– Рождество кунида тўйингиз бўлиши ҳақида эшитдим.
– Мен Бертнинг бу борадаги таклифини рад этганман. Ҳеч қандай тўй бўлмайди.
Қиз аллақачон йўлга тушганида капитан ўзига келиб, унинг ортидан шошилди.
Инглизчадан Дилдора Отақулова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 10-сон.