Ёзда талабалар ишлашади. Мана, бизнинг гуруҳ болалари ёз бўйи вагондан сабзавот туширишди, Зойка официантлик қилди, Нинка бўлса кинода суратга тушди. Оммавий кўринишда. Аммо, бир гал унинг омади келиб қолди. Шунда Нинка кичик бир алоҳида кўринишда суратга тушди. Аниқроғи, Нинканинг ўзи эмас, оёқлари. Филм охирида қаҳрамон янги шоҳ кўча бўйлаб юради. Йирик тасвирда Нинканинг оёқлари. Узун, чиройли, замонавий оёқлар. Бу ҳақдаги гап бир зумда бутун институтга тарқалди. Газетада Нинка билан суҳбат эълон қилинди.
— Cиз тасвирга олиш пайтида қийинчиликларга дуч келдингизми? — қизиқди мухбир.
— Дуч келдим, анчагина, — жавоб берди Нинка. — Туфлим сиқиб қўйди. Икки марта пайпоғим тушиб кетди.
Ўзининг кейинги ижодий режалари ҳақидаги саволга, Нинка навбатдаги филмларда қисман эмас, тўлалигича суратга тушмоқчи эканлиги ҳақида гапирди.
Филм экранларга чиқди ва Нинкага хатлар кела бошлади. Нижний Тагилдан ўрта мактабни битирувчи қиз ўзининг оёқлари ҳам худди шунақалиги ҳақида ёзиб, бундай оёқлар билан кинематография институтига танловсиз кириш мумкинми, деб сўраган. Кутаисидан келган хат муаллифи эса фақат шу оёқлар сабаблигина филмни йигирма олти марта кўрганлигини ёзган.
— Бизнинг жанговар кинодугонамиз, — дея мурожаат қилишган Нинкага Н. қисм жангчилари. — Узоқ уйқусиз тунлари ҳар биримиз сизнинг сиймонгизни кўз олдимизга келтиришга ҳаракат қиламиз. Кимдир сизни таниқли киноактриса Софи Лорен, яна кимдир зобитлар ошхонасининг овқат тарқатувчиси Верадек тасаввур қилади. Нинка, бизга фотосуратингизни юборинг. Бу бизнинг баҳсларимизни ечади ва шу билан умумжисмоний тайёргарлигимизни оширади…
Нинка кеккайиб кетди, таниқли спортчиларга ўхшаб маърузаларга қатнамай қўйди. “Киноюлдуз” сифатида у шундай калта юбка кия бошладики, унга рўбарў бўлган биринчи босқич талабалари беихтиёр қизарадиган, сочлари оқарган тажрибали профессорлар ҳам маърузаларининг мавзусини эсидан чиқариб қўядиган бўлди.
Тез орада Нинка ўқишни ташлади. Унга аввалги ҳолда бўлса ҳам бир йўла икки филмда суратга тушишни таклиф қилишди. “Нафақат бўрини оёғи боқади” номли илмий-оммабоп филмда ҳамда “Бу Оёққўрғонда бўлган эди” номли бадиий филмда. Ёзда Нинкани қандайдир детективда белигача, кузда эса яна бир таниқли режиссёр уни нақ елкасигача суратга олди.
Филм экранларга чиқди ва Нинка Н. қисм жангчиларидан янги хат олди.
“Бизнинг жанговар кинодугонамиз! — деб ёзишганди улар. — Сендан фотосурат ололмаган бўлсак ҳам бизнинг танишишимиз давом этяпти. Энди биз сени анча кўп биламиз. Бизнинг қўшиғимизда куйланганидек, “яна юқорироқ, яна юқорироқ, яна ва яна!” Энг жасур ҳарбийларимиз қўлингни сўрашга тайёр бўлиб туришибди. “Юзига сув қуйиб ичармидик!” — дейишди улар. — Ўзи яхши бўлса бўлди-да!”.
“Қадрли Нина, — деб мактубларини давом эттиришган жангчилар. — Ҳамма нарса бирданига бўлмаслигини биламиз. Шунинг учун кейинги филмда жағинггача суратга тушишингни тилаймиз. Агар жиддий, ҳазилсиз айтадиган бўлсак, сен ҳали кеч бўлмасдан ҳаётда тўғри йўлни танлашингни истаймиз. Чиройли оёқлар — бу яхши! Уларни ҳатто Пушкин ҳам куйлаган. Аммо ҳаёт йўлини танлашда, аввало бошга эга бўлиш кераклигини унутмаган маъқул”.
Русчадан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси