Ташқарида салқин куз ҳавоси ила йўғрилган ўрмон узра октябрь қуёши заиф нур сочмоқда эди.
Ичкарида эса ҳозирча бизга нотаниш қандайдир бир эркак тоғ бағрида жойлашган лагердаги ўз бўлмасида ўй сурганча тик туриб қолганди. У ўткир ичимликлар ҳамда қурол-ашёлари сақланадиган шкафга юзма-юз турарди. Шкаф эшиги очиқ қолган; Жадсон Веб – яъни, бояги эркак – қиш арафасида бу ердан кетиш тадоригини кўрмоқда эди, ҳадемай у билан хотини Марси ўз она юртларига қайтиб кетишади.
Жадсон аллақандай шиша турган шкафга кўзи тушгани ҳамон бирдан афти-ангори ўзгарди. У ердаги ҳамма шишалар бус-бутун турар, фақат биргина шишанинг оғзи очилиб қолганди. Бу очилган шиша ичидаги виски эса яримдан ҳам озроқ эди. Устига-устак, қўл теккан ушбу шиша ёнидаги стакани билан бошқаларидан олдинроққа қўйиб қўйилганди. Жадсон шкафдаги ўша шишага қўлини текизган заҳоти ётоқхонадан хотинининг овози келди:
“Мен ҳамма нарсаларни жойлаб бўлдим, Жадсон. Калитларни олиб кетиш учун Алек келгани йўқми ҳали?”
Алек бу ердан тахминан бир милча нарида яшар, у жўнаб кетаётган шаҳарликларнинг ёзги лагерларига кўз-қулоқ бўлиб турадиган хизматчи эди.
“Бир ярим соатларда қайтиб келаман, дегандай бўлувди”.
Марси жомадонини кўтарганча хонага кириб келди. У эрининг қўлидаги шишани кўрган он эсхонаси чиқиб кетди.
“Жадсон!”- деб юборди у, “Нима бало, каллайи саҳарлаб отиб олмоқчимисан, эсинг жойидами ўзи?”
“Бекорга хуноб бўляпсан, азизам”, – деди Жадсон иржайиб. “Бу шишага ҳали лабимни ҳам текизганим йўқ: мен фақат унинг ичига ниманидир солиб қўймоқчиман”.
Васвасага тушган эркак стол устига икки дона оппоқ таблеткаларни қўйди-да, виски шишасини очишга шайланди. Эрининг овозидаги бу оҳангдан Марсининг кўнгли баттар хижил бўлганди; сабабки, эри жами одам зотига қарама-қарши ҳолда ниманидир режага солгандагина овози бундай оҳангга кирарди.
“Ўтган қишда бу уйга кимдир-биров кирган кўринади. У ичимликни ўғирлагану биз йўқлигимизда тағин кириб, вискидан тотиб кўрган”, – дея сўзида давом этди у, “лекин энди бу гал ўша ноинсоф яхшигина тавбасига таянади”.
Аёл эрини шиша ичига таблеткаларни биттама-битта ташлаётганини кузатиб турди.
“Улар нима ўзи?”- деб сўради у саросима ичида. “Ишқилиб, ўша одамни майиб-мажруҳ қилиб қўядиган бирон оғу бўлмасин?”
“Қилганда қандоқ! Ҳеч бир доктор энди уни қутқариб қололмайди”. Эркак шишанинг оғзини ёпди-да, яна шкаф ичига, кичкинагина виски стакани ёнига қўйиб қўйди.
Аёлнинг юзи оқариб кетганди. “Бундай қилма, Жадсон”, – дея ёлворди у. “Шайтонга хай бер. Ахир сени нима ҳақинг бор -”
“Ўз мол-мулкимни ҳимоя қилиш палласи етганида мен ҳам ўз қоидаларимни ярата оламан”.
“Балки биз келаси йил кўкламгача бу ерда бўлмасмиз. Айтайлик, нимадир юз берса, режаларимиз ўзгариб қолиши ҳам мумкин-ку – ахир ҳеч ким билмайди – ”
Йўқ, биронта сўзнинг фойдаси йўқ эди, аёл буни аллақачон англаб етганди. Эркак батамом ўзи яратган “қоида” устида ғирт золимга айланиб бўлганди.
“Пастга тушиб, лагердагилар билан хайрлашиб тура қолай”, – деди аёл оҳиста. “Мени ўша ердан олиб кетарсан”.
Марси ичида бор гапни Алекнинг хотинига шипшитиб қўйишга қарор қилганди. Зотан кимдир бу сирдан воқиф бўлмоғи зарур эди.
Хотини пастга тушиб кетиши билан Жадсон ҳам шкафни ёпа бошлади; шунда унинг хаёлига ярқ этиб ҳовлига қуритиш учун қўйган ботинкалари келди. Уларни ҳам шу шкафга жойлаши керак эди, шундай экан Жадсон шкаф эшигини очиқ қолдирди-да, ботинкаларини олиш учун улар турган стол томон шошилганча кетди.
Ботинкалари томон Жадсон эндигина қўлини чўзган ҳам эдики, тўсатдан ниманидир босиб олиб, ўша заҳоти оёғи тойиб кетди ва улкан столга боши билан урилганча ерга гуппа тушди.
Орадан бир неча дақиқалар ўтгач, у ётган ерида қўлтиқлари орасида Алекнинг кучли қўлларини ҳис қилди.
“Унақа ёмон даражада тойиб кетганингиз йўқ, жаноб Веб. Ҳаш-паш дегунча ўзингизга келиб қоласиз. Мана, буни ичинг-чи; бу сизни бир зумда отдай қилиб қўяди”.
Кичкинагина виски стакани Жадсоннинг лабларига тегди. Ҳали – ҳануз атрофидаги борлиқни тўлиқ англаб ололмай, бешафқат Жадсон ҳушсиз ҳолда стакандаги вискини ичиб юборди.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси