Жума тонги. Ҳамма ширин уйқуда. Эрталабгача ёққан паға-паға қордан ҳовли ўртасидаги сарв, икки олхўри ва гилос дарахтларининг кумушдан либос кийган шохлари эгилиб қолган. Офтоб ҳамма ёқни жилвалантириб, майин, эркаловчи нурлари билан ташриф буюраётир.
Болакай муштчалари билан кўзларини уқалаб, ярим очиқ, ярим уйқули нигоҳини шифтга қадади — бир тўп ярқироқ заррачаларни кўрди. Қулоғига онасининг сингилчасига гапираётгани эшитилди.
— Сетора жоним, гўзал қизим, бор юз-қўлингни, тишларингни ювгин-да, менинг олдимга кел. Иззатхоним ҳам келиб қоладилар, Сиёвуш ҳам уйғонди. Мен сизларга нонушта тайёрлаяпман.
Сеторанинг ўзидан вақтлироқ уйғонганини эшитиб, хижолат бўлганидан боланинг уйқуси учиб кетди. Ҳушёр тортиб, ўрнидан турди-ю деразадан ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланганини кўриб, қувониб кетди. Ошхонага югуриб бориб, ўзини онасининг бағрига отди:
— Ойижоним! Қанақа қор ёққанини кўрдингизми? Бугун дадам билан шунақанги Қорбобо ясайликки, Сетора уни тушида ҳам кўрмаган бўлсин.
— Биринчидан, сен ақлли-ҳушли боласан. Салом эсингдан чиқмаслиги керак. Иккинчидан, сен билан Қорбобо ясайдиган даданг ҳозир уйдамас, — деди ойиси.
Сиёвуш ҳайрон бўлиб сўради:
— Биринчидан, салом. Иккинчидан, бугун жума-ку, дадам қаердалар?
— Даданг бозорга кетди. Бугун кечқурун меҳмон келади.
Сиёвуш умид билан деди:
— Эҳ-ҳе, ҳали кечгача қанча бор. Дадам келишлари билан Қорбобо ясаймиз, хўп?
— Йўқ, Сиёвушжон, даданг келиб, яна кетади. Бир дўстига ваъда берган. Бугун Қорбобо ясайдиган кун эмас. Қорбобо ҳақида Сеторанинг олдида гапирма, унга баҳона топилиб, инжиқланиб, иш қилдирмайди. Энди тез бориб, юз-қўлингни ювгинда, келиб нонушта қил.
— Хўп, — деди жиддий тортиб Сиёвуш, — фақат битта савол: Азизжоним қаерда?
Ўғлининг ҳаракатлари, ҳатто гапириши ҳам отасига тортганини кўриб она меҳрибонлик билан деди:
— Азизжон иссиқ нон харид қилишга, бир йўла қор кураш учун Акбар оғани чақиришга кетди.
Иззатхонимни болалар Азизжон, деб чақиришади. У жуда меҳнаткаш, шимоллик келишган аёл. Бир пайтлар Иззатхоним эри ва ўғли ҳаётлигида, Лоҳижон деган жойда хароба кулбада, Сиёвуш ва Сеторанинг онаси — Насринхонимнинг отаси уйи яқинида яшарди. Эри балиқчи эди. Уларнинг аҳиллигига ҳамманинг ҳаваси келарди. Уйлари олдидан ўтган кишининг, атрофда экилган хилма-хил гулларни, яшнаб турган кўкатларни кўриб, баҳри-дили очилиб кетарди, бу оиланинг фақирлигини сезмас ва уларга ҳавас қиларди.
Ўн бир йилча бурун Иззатхонимнинг эри ва 16 ёшли ўғли тўфонга ғарқ бўлишган. Шундан сўнг Насринхонимнинг онаси Иззатхонимга кўмаклашиб турди ва уни зўрға кўндириб, Теҳронга — Насриннинг уйига жўнатди. Ўшандан бери Иззатхоним бу хонадонда яшайди.
Иззатхоним нон кўтариб кириб келганида ҳали юзини артмаган Сетора ўзини унинг бағрига отди. Болалар саломлашгач, Сетора ҳаяжон билан:
— Азизжон, Азизжон, қанча қор ёққанини кўрдизми? — деди чулдираб.
Иззатхоним болаларни қучоқлаб, ўпди:
— Салом, ширинтойларим. Ўзим айланай сизлардан. Нонуштангиз кечикаяпти. Юринглар ошхонага кирамиз, иссиқ нон олиб келдим, ҳали совумаган.
Иззатхоним айланиб-ўргилиб болаларни овқатлантираётганини кўриб Насринхоним:
— Иззатхоним, қўйинг, ўзлари овқатланади. Катта бўп қолишди-ку энди. Чойингиз совимасдан ичиб олинг, — деди.
Сиёвуш хаёлга толиб, бир нарса эсига тушгандек, ойисидан сўради:
— Ойи, Акбар оға қор кураганига пул оладими?
— Олади. У бечора текинга ишлай олмайди-ку. Иззатхонимга ярим соатда етиб бораман, дебди.
Сиёвуш чойини чала-чулпа ичиб, хонасига югурди. Ортидан онасининг:
— Сиёвуш, чойингни охиригача ичмабсан. Пишлоқ билан нонинг ҳам қолиб кетибди, болам. Қаёққа кетдинг, энди? — деганига жавоб бермади.
У эшикни ичидан қулфлаб, йиққан пулларини соладиган қутичани олиб очди ва ичидаги тангаларни тўкиб санаб кўрди. Кейин тангаларни қутичага қайта жойлаб, ҳафсаласи пир бўлганча қутини ёпди. Анчадан бери сотиб олишни орзу қилиб юрган нарсага пули етмас эди. Уч ойдирки, ҳар куни пулларини санайди ва ҳар гал ҳафсаласи пир бўлади. Кейин синфдоши, яқин дўсти Аҳмад эсига тушди. Ҳа, унга ўхшаб ёзги таътилда дўконда ёрдамчи бўлиб ишлаб, пул топса бўлади. Аммо ёзги таътилгача неча ой бор ҳали. У кутолмайди.
Сиёвуш онасининг олдига келиб:
— Ойи, Акбар оға томдан ташқари ҳали ҳовлиниям курайдими? — деб сўради.
— Ҳа. Бир йўла ҳамма ерни кураб кетсин. Сен ўтиргин-да, чойингни ичиб тугат. Сутинг ҳам совиб қолди.
— Унга қанча пул берасизлар?
— Бугун қанақа саволлар беряпсан, ўзи, а? Биз у билан савдолашмаймиз. Қанча сўраса берамиз. Ўзи инсофли одам. Кўп сўрамайди.
— Ойи илтимос, у томнинг ортини кураб бўлганидан кейин, ҳовлиниям кура деманг. Ҳовлини ўзим курайман.
— Нима, нима? Сен қор курайсанми? Йўқ, бир ўзинг Қорбобо ясамоқчига ўхшайсан.
Орага Сетора қўшилди:
— Йўқ, бир ўзи ясамайди. Мен ҳам ёрдам бераман.
— Йўқ, Қорбобо ясамайман. Фақат қор курагим келяпти. Хўп?
Дастурхонни йиғиштираётган Иззатхоним:
— Болажоним, бу иш сенга ҳали оғирлик қилади, — деди. — Худо кўрсатмасин, терлаб тағин иситмалаб қолмагин, болам.
— Йўқ, Азизжон, хавотир олманг. Шамолламайман. Фақат қор курагим келяпти. Ойим… пул беради қор кураганимга, деяпман.
— Ҳа, энди тушундим. Сенга пул нега керак? Ҳар доимгидай қаламингни, чизғич ва ўчирғичингни йўқотдингми? Сенга доим айтаман, эҳтиёткор бўл, деб. Тунов куни даданг менга “Болага насиҳат қилиб тур, агар ўз ўғлингга тарбия беролмасанг қандай муаллим бўлдинг. Иззатхоним билан сен бу болани анча эркалатиб юборгансизлар”, деб бизни койиди, — тўнғиллади онаси.
Сиёвуш қанча тушунтиришга уринмасин, онаси унга гап бермай, нолийверди.
Охири у онасининг гапини бўлиб:
— Сиз ўқитувчимиздан ҳам баттарсиз, — деди йиғламсираб. — Ҳеч гапиришга қўймайсиз. Айтинг-чи, мен сиздан қачон қўшимча пул сўраганман?
— Мендан сўрамаган бўлсанг, Азизжондан сўрагансан.
Ҳалигача жим ўтирган Иззатхоним чидолмай деди:
— Ҳеч мендан пул сўрамаган. Менинг пулим ундан айлансин-а.
Сиёвуш кўзларига қуйилиб келган ёшни кўрсатмаслик учун ташқарига чиқиб кетди ва баланд овоз билан:
— Агар ҳалиям пул бергингиз келмаётган бўлса, берманг. Умуман берманг. Қор курайман дедимми, курайман. Сизнинг пулингиз, умуман, менга керак эмас. Барибир пул йиғиб, ўша хоҳлаган нарсамни оламан. Сиз ҳечам пул берманг. Бир кун келиб барибир оламан. Кеч бўлсаям оламан, — деди бақириб.
Онаси кулимсираб:
— Бўпти, яхши… Лекин нима сотиб олмоқчилигингни айтгин, — деди.
Иззатхоним ҳам ҳар қанча сўрамасин Сиёвуш барибир нима олмоқчилигини айтмади. Ахири, онаси унинг қор кураб пул ишлашига рухсат берди.
Сиёвуш ирғишлаб хонасига кирди. Қўлда тўқилган иссиқ жемферини, қалпоғини кийди. Иссиқ жемферни унга Иззатхоним туғилган кунига тўқиб берганди. Унда зангор осмон, булутлар, денгиз ва денгизда бир елканли кема тасвири туширилган. Денгиз сувлари мавжланиб, офтобда жилваланади. Сиёвуш шу кийимини жуда яхши кўрарди, чунки у денгизни ёқтирарди.
Сиёвушнинг туғилган кунига ташриф буюрган меҳмонлар тарқагач, у секин Иззатхонимнинг хонасига бош суқди:
— Азизжон, сизнинг туғилган кунингиз қачон? — сўради Сиёвуш.
— Айланай болам. Менинг туғилган куним йўқ.
— Қанақасига йўқ бўлади?
— Билмадим, қариб туғилган куним ҳам эсимдан чиқиб кетган.
— Азизжон, сиз ҳечам қаримассиз, ёшсиз.
Иззатхоним кулиб деди:
— Демак, сен қари экансан-да. Чол бўлиб қолибсан, оқарган сочларимни, ажин тушган юзларимни кўролмайдиган даражада қариб қолибсан.
Сиёвуш шўхлик билан:
— Сиз ҳам Олия бувимдек сочларингизни бўясангиз, биттаям оқ сочингиз қолмайди, — деди.
Ўша оқшом Сиёвуш ухлолмай чиқди. Олмоқчи бўлган нарсам сотилиб кетмаганмикин, дея роса хавотирланди.
Дарс тугаши билан гўё қанот чиқариб дўконга учди. Хайрият, сотилмаган экан. Енгил нафас олди. Ота-онасининг таниши Муҳсин оғанинг дўконидаги чиройли гулдонни у қачондан бери кўз остига олиб юрарди. Нилуфар гулли тилларанг гулдонга қушларнинг тасвири туширилган эди. Уч ой олдин Муҳсин оға бу гулдонни сотиб юбормасликка ваъда берганди.
— Шу пайтгача кўп киши сўради, лекин сотмадим, — деди Муҳсин оға мағрур қиёфада.
Сиёвуш хурсанд бўлиб пулни чўзди. Муҳсин оға гулдонни чиройли қутига жойлаб, ўраб берди. Юраги ҳапқириб уйга кириб келган Сиёвуш қўлидаги совғани Иззатхонимга узатаркан:
— Азизжон, эсингдами, туғилган кунингизни сўраганимда, билмайман, дегандингиз. Мен биламан. Сизнинг туғилган кунингиз — бугун. Туғилган кунингиз муборак бўлсин! — деди.
Иззатхоним бироз карахтланиб турди, кейин қувонганидан йиғлаб юборди ва Сиёвушни бағрига босди. Воқеанинг гувоҳи бўлиб турган она ўғлидан фахрланиб, унинг юз-кўзидан ўпиб, Иззатхонимга юзланди.
— Туғилган кунингиз муборак бўлсин!
Форс тилидан Ҳулкар Турдиева таржимаси.