Фалакда сузаётган қуёш баайни олтин тўла баркаш мисол шаҳарни зарга белаётир. Тору танг кўчалар, уларнинг икки четидаги пастқам, лойсувоқ уйлар ҳам хуршиди оламнинг бу марҳаматидан бебаҳра эмасди.
Таътил кунлари бўлгани учунми, кўчалар болаларнинг қий-чувига тўлиб тошган. Маҳаллада ҳамма Хола деб чақирадиган бу аёл Аббосни бағрига босиб, ҳарсиллаб нафас олганча, чуввос солиб ўйнаётган болалар оралаб бораркан, ҳар ҳар замонда улардан баъзиларининг бошини силаб, эркалаб қўярди.
-Айланиб кетай сизлардан, мунча ширин бўлмаса бу болалар. Илойим, ҳаммангизни Худойимнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин. Ота-онангиз ҳузурингизни кўрсин.
Ҳадемай, қучоғида жим кетаётган мана бу кичкинтой ҳам ана шундай шўх-шодон болалар сафига қўшилиб, мактабга боражагани, дарсдан аъло баҳолаб олиб қайтишини тасавуур этиб, юзида майин табассум ёйилди. Кейин болакайнинг сўлғин, рангбпар юзига термилиб кўнгли бузилди:
-Шўрлик болагинам! Қурибгина кетгур касалик бечорани роса ҳолдан тойдирибди. Тезроқ оёққа туриб, чопқиллаб кетсайди…
Шу чоқ холанинг кўз ўнгида боя касалхонада кўргани – турли-туман дардманд, ҳорғин қиёфалар жонланди. Шифокор қабулхонасида одам тирбанд эди. Улар орасида беш-олти ёшли гўдаклардан тортиб, мункиллаган чол-кампирларгача бор эди. Хола уларнинг ҳам ғанриб аҳволига ачиниши билан қараб, ўзича гапиринди:
-Худойимданам ўргилай, бу қандайин касаллик бўлди-я, каттаю кичикка бирдай ёпишса…
Хола касалликнинг номини эслашга тиришди: Бояги хоним нима девди-я? Инфузами, инфилонсами… ё инфилон… Ҳа, инфлуэнза! (грипп атамаси ўрнида қўлланилади – тарж) Айтганча, хоним жуда бамаъни, ширинсухан, хуштавозе аёл экан. Хола унга меҳри ийиб дуо ҳам қилди:
-Худойим ўзи дардингизга даво, ранжингизга шифо берсин. Парвардигор сизни ҳам ҳамиша ўз паноҳида асрасин.
Хоним навбати келгунча у билан анча гаплашиб ўтирди. Унинг ҳам ўғилчаси касал экан. Аббос Холанинг қўйнида типирчилаб, азият бераётганини кўриб, болакайга танбеҳ берган бўлди:
-Асалим, бунақа қилаверма, ойингни қийнаб қўясан! Кел, менинг қўйнимга ўтира қол. Ойинг бироз нафасини ростласин, қара, чарчаб кетган кўринади.
-Ҳеч қиси йўқ, хоним, – кулимсиради Хола. – Менинг қўйнимда ухлашга ўрганиб қолган. Бироз ёввойилиги бор. Лекин мени худди ўз онасидек кўради. Бунинг ширинлигини қаранг!
-Нима, ҳали бу ўз болангиз эмасми?
-Йўқ, хоним, опамнинг набираси. Лекин, ўз боламдек яхши кўраман.
-Ўзининг онаси қани? Шу иссиқда болани бир ўзингиз кўтариб келдингизми? Уриниб қоласиз-ку! Кўз тегмасин, каттаконгина бола экан. Кейин… бу касаллик тез юқади. Болани опичлаб юрибсиз, сизгаям юқиб қолмасин, тағин!
-Онасининг бироз иши чиқиб қопти. Шунинг учун мендан илтимос қилувди. – Хола яна ғурур билан илова қилди. – Менга ишонишади-да, хоним, Болаларга ҳеч ким менчалик меҳр беролмас эмиш.
-Айбга буюрмайсиз, нима, ўзингизнинг болангиз…
-Нега, айланай, Худога ҳазорон шукр, тўрт фарзандим бор.
-Унда болаларингиз ҳаммаси катта бўлиб, уйли-жойли бўп қолгандир?
-Уч боланми амаллаб катта қилдим. Кенжам, ҳали кичкина. Катта қизим Зарини узатганман. Эри жуда бамаъни, ақлли йигит, барака топсин. Иккита ўғилчаси бор. Укмр ёмон тез ўтаркан-да, гиргиттон! Қаранг, бир пасда болаларимиз катта бўлиб, ёнимизга кириб турибди. Катта ўғлим, умрини Худо зиёда қилсин, жуда меҳнаткаш чиқди. Кичикроқ дурадгорлик устахонаси бор. .уйлантирай десам, қўймайди. Ҳали ёшман, пул топиб, ўзимни элаволай, уйланиш қочмас, дейди бой бўлгур. Эрталаб саҳардан устахонасига жўнайди, кеч қоронғу тушганда кириб келади. Кичкина ўғлим бир-икки ой аввал Ободонга кетган. Нефт ширкатида ишлайди. Шу ўғлимдан сал кўнглим алағда. Барибир мусофирр юрт-да! Ўйлайман, хавотир оламан. Кейинги пайтларда бир энлик хат ҳам ёзмай қўйди. Кенжа қизим бўлса, ҳали мактабга боради. Тўртинчи синфда ўқийди.
-Худо болаларингини ўзи асрасин. Жуда дилкаш, кўнгли оиқ аёл экансиз. Хўжайингиз нима иш қиладилар?
-Эй, дарду балойингизни олай! Хўжайиним етти йил аввал оламдан ўтди. Устачилик қиларди. Баланд ҳавозадан йиқилиб, раҳматли бўлди. Жойи жаннатда бўлсин илойим. Кеча жума куни эримнинг руҳига атаб ис чиқардим, дуои фотиҳа қилдим. Эрим ўлганидан кейин аёл бошим билан игна уриб, тикувчилик қилиб, шу тўрт болани вояга етказдим. Емай едириб, кийммай кийдириб, болаларимни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирдим. Болаларни катта қилман, деб бировнинг эшигига сарғайиб, ёрдам сўраб бормадим. Худога шукур ҳаммаси ортда қолди. Энди шуўғилларимни уйли-жойли қилсам, кенжамнияи жойин топиб узатсам, кейин бемалол омонатни Эгамга топширсам ҳам бўлаверади.
Бу пайтда хонимнинг навбати келиб қолганди, шу боис, кулимсираб, ўрнидан қўзғалди.
-Худо ниятларингизни ижобат қилсин..
…Хола аранг нафас олганча, Аббоснинг тошдек оғир, ҳаракатсиз жусасини опичлаб бораркан, иссиқданми, чарччоқданми қўл-оёғи мадорсизлана бошлаганини пайқади. Тер томчилари пешонасидан сирғалиб, юзларига оқиб туша бошлади. Худди оқсоқдек лўкиллаб, кўтарилиб, пасайиб борар, оёқларини ердан аранг узарди. Кўзлари қора кета бошлади. Бугун бу йўлдан иккинчи маротаба қатнаши эди.
Бугун эрталаб, хола эндигиа чой қанатиб турган маҳали амаксининг қизи Саодат ҳовлиққанча кириб келди:
-Холажон, илойим умрингиздан барака топинг, Қизим Беҳжат кечадан бери иситмалаб ётибди. Олов бўлиб ёняпти. Илтимос, ўзингиз боламни дўхтирга обориб келинг. Бугун Мулук хоним билан бозорга чиқиб келмоқчийдик. Бўлмаса, ўзим оборардим. Тезроқ бўлинг, ҳализамон одам кўпайиб кетади. Оборасиза, холажон?
Хола чойини ичар-ичмас, ўрнидан турди-да, чодрасини ёпиниб, ҳансираб, аёлнинг изидан кетди… Кеча худди шу йўлдан беш марта ўтиб қайтган, аммо бугунгидек чарчаб, ҳолдан тоймаган эди. Кеча нафас олишга ҳам вақти бўлмади. Нима қилсин? Бу “инфлуэнза” ҳамманинг тинкасини қуритди. Қайси хонага бош суқма, битта-иккита касал бор. Хола аввал бир жияниниг боласини дўхтирга олби борди, уни уйига қўйиб бошқасини. Ҳали аммасининг қизи, ҳали амакиснниг ўғлининг уйига зир қатнади. Бир гал болаларни дўхтирга элтса, кейинги сафар ота-оналарини ҳам олиб боришга тўғри келади. Холанинг табиати шунақа. Унинг учун ҳеч ким бегона эмас. Ҳаммага жигарсўхталик қилади, ҳеч кимдан меҳрини аямайди.
Ўзи кейинги пайтларда холанинг соясига кўрпача тўшайдиган, дуои жонини қиладиганлар кўпайиб қолган:
“Холажон, қурбонингиз бўлай, дардингизни олай, хоки пойингиз бўлай, Худо хайрингизни берсин, умрингиздан барака тоипнг…”
Албатта, бундай хайри дуодан сўнг бир илтимос ҳам бўладики, олижаноб хола уни рад этолмайди. Кимнингдир уйига меҳмон келиши керак, пишир-куйдир, дастурхон безашнинг ўзи бўлмайди, холани ёрдамга чақиради. Супур-сидир ишларида ҳам Хола беминнат кўмакка ҳозир.
Яқинда қўшниси Ҳожи Жавод Оғо ўғлини уйлантирди. Келин кўрдидан бир кун аввал оғонинг хотини ката бошини кичики қилиб унинголдида келди. “Холажон, ўзингиз биласиз, эртага бир олам хотин-халаж келади. Биласизк-ку, дунёда хотинларнинг чодрасини (Эрон аёллари ёпинадиган паранжига ўхшаш бош кийими – тарж.) йиғиштиришу тарқатишдан бошоғриқ нарса йўқ. Бирортасининг чодраси алмашибми, йўқолибми қолса, тўполон кўтариб, бутун обруйимизни бир пул қилиши ҳеч гап эмас. Бунақа ишларда сизнинг олдингизда тушадигани йўқ..”
Маъракада хотинлар ичкари уйдаеб-ичиб, гурунг бераётган бир пайтда Хола бериги тор, хафагазак ҳужрада паранжию чоршабларга қоровуллик қилиб ўтирди. Хола – шунақа ҳожатбарор аёл.
Хола терлаб-пишиб, анҳор устидаги энсиз кўприкка ҳам етиб келди. Қирғоқда соя бериб турган дарахт остида бир зум нафас ростлади. Боши эгилиб, кўнгли озаёзди. Ўзини лоҳас ҳис қилди. Баданида чидабб бўлмас оғриқ уйғонганини сезди. Аста-секин оёқ-қўлларин карахтлаша бошлади. Тер-резалари пешонасидан чаққон сирғалишда давом этарди.
Холанинг бешикмисол бир зайлда ҳаракатланиши тўхтагач, Аббос ҳам ғингшиб кўзини очди. Хола меҳр-муҳаббатга тўла овозда уни эркалади:
-Холагинанг айлансин, бироз дам олайлик, қарагин, мазам қочяпти, – кейин боланинг тим-қора сочларини сийпалади, – Ўзим ўргилай боламдан, озиб кетибди, бечорагинам.
Аббос овозини баландлатиб, хархаша билан аёлнинг қорнига тепа бошлади:
-Туринг, кетдик, кетдик!
Хола ихраб-сихраб, болани опичлади-да, яна йўлга тушди.
-Ҳасанимга нима бўлдийкина, хат ёзганига ҳам анча бўлди”. Холанинг хаёли яна кичик ўғлига кетди. Анчадан бери ундан на хат бор, на хабар. Охирги хатида у бир катта хатардан омон қолганини ёзган эди. Корхонада қисқа туташувдан ўт тушиб, катта ёнғин чиқибди. Анча киши жизғанак бўпти.
Хатни Холага ўқиб беришаётганда, нобуд бўлган бечоралар учун хийла кўз ёш тўкди. Кейин ўғлини омон сақлагани учун парвардигорга шукур қилди. Шунинг шукрона учун жума куни назр қилиб, шам ёқишни ният қилди.
-Ишқилиб, Ҳасангинам соғ-омон юрганмикин? Яна корхонасига ўт кетмадимикин? Э, Худойим, ҳар банданинг кўз қораси, фарзанди аржмундини ўзинг ҳифзу ҳимоянгга ол, шулари қатори менинг боламни ҳам ўзинг асрагин, – дея юрган йўлида пичирлаб борарди Хола.
“Шояд, бугун пўчтачи уйимизга ўғлимдан хат ташлаб кетган бўлса”, деган илинжда қадамини тезлатди.
Пешонасидан қуйи оқаётган тер доначалари бир-бирини қувишдан тўхтамасди. Шу тобда эрталаб тузукроқ тамадди қилмаганини эслади. Балки, мадорсизланиши шундандир? “Эрталаб, қозон осиб, шўрва солиб қўйсам бўларкан, – яна хаёлланди Хола. – Ким билсин Ҳусангинам бугун тушлик қилгани уйга келадими?”
Ҳусан Холанинг кичкина ўғли. Одатда у тушлик қилгани уйига келмасди. Лекин барибир Холанинг дилига ғулғула тушди: “Ишқилиб, ишхонасида қорнини тўқлаган бўлсин, уйда олдида қўйишга ҳеч вақо қолмаган”.
Кўз олдида ўғлининг офтобда қорайган, ёғоч рандалайвериб, юзлари жиққа терга ботган ўғлининг қиёфаси жонланди. Унинг сўзлари қулоғи остида жаранг сочгандек бўлди:
-Ҳали устахона эгаси ижара нархини оширмоқчи. Ҳозир уйга бир тўғрам нон опкелиш ҳам қийин бўп қолди-да!
Шу пайт хола ўғлининг кўйлак-иштонини ювиб қўймагани, чувалган пайпоқларани ямаб қўймагани эсига тушди. Уй кунжида бир дунё кир уюулиб ётибди. Шулар ёдига тушиши билан яна дили ғашланди. Ўз-ўзидан ранжиди:
-Ўзи кейинги пайтда жуда ланж бўп кетяпман. Ҳеч бир ишга улгурмайман. Ҳозир бориб, Маъсума билан бирга кирларни ювиб ташлаймиз.
У ҳансираб-пишқираб илгариларди. Хиёбондан ўтди, Катта кўчага берилган пайти бутун суяклари зирқираб, кўнгли айний бошлади. “Оз қолди, – ўйлади лўкиллаб бораркан, – Анави симёғочдан ўтиб, Машади Аббоснинг дўконига етаман. Кейин Бобо Баққолнинг дўкони. Бироз юрсам…”.
Симёғочдан кўз узмай аранг кетиб бораркан, шу пайт еру осмон қўшилиб, чирпирак бўлаётганини ҳис этди:
-Бироз бошим айланяптими, менам касал бўпман шекилли.
Беихтиёр йўлак четига ўтириб қолди. Унинг елкасига бошини қўйганча ухлаб бораётган Аббос кўзини очиб, яна ғингшилашга тушди.
“-Бугун йўл хиёл чўзилиб кетгандек бўляпти. Пешин бўпти ҳамки йўлим унмайди, манзилга етай демайман, – Холанинг яна ўз-ўзидан дили ғашланди, – Маъсумагинам нима қилиб юрибдийкин? Роса қорни очгандир? Мен девона эрталаб қозон осиб, туз-намагидан хабардор бўлишни Исматга тайинлаб келмайманми? Боргунимча ҳил-ҳил пишиб турган бўларди. Бира-тўла, Зарининг ҳам уйидан хабар олардим. Қачондан бери бирров қараганим йўқ. Бечора қизимнинг кўзи йўлга ҳаросон бўлди-да!”
Шунча иш тиқилиб турган пайтда бу лаънати касаллик ҳам унинг ёқасидан олаётир.
Хола яна инқиллаб қўзғалди ва йўлга тушди. Жияни Исмат хонимнинг уйига етиб келганида, баайни бадани худди бировникидай ҳеч нарсани ҳис қитлмай қўйганди. Исмат хоним холасининг қорасини узоқдан таниб, унинг ёнига ошиқди.
-Вой холажоним-эй, намунча ҳаялладингиз? Роса хавотир қилдим! Вой, сизга нима бўлди? Рангинизда ранг қолмабди-ку! Ҳаво иссиқда, роса терлабсиз. Беринг болани, сал тобингиз қочдими дейман?
Хола пешонасидаги терни сидиришга зўрға мажол топди ва беҳол дарвоза олдидаги супачага чўкди:
-Йўғ-а, холанг айлансин! Ҳечқиси йўқ. Энди… иссиқ жон-да! Мен энди тезроқ уйга бора қолай. Бироз дамимни олмасам бўлмайди. Бу ёқда мингта ишим бор. Холанг айлансин, Маъсума бу ёққа келмадими? Агар узоқроқ кетсам, Исмат опангникига бор, деб…
Исмат хоним унинг гапини охирига етказишига имкон бермади.
-Йўғ-а, холажон, келмади-я!
-Болагинам қаерда юрибдийкин?
-Ҳ..ҳа, боя бир келувди. Менга ҳовуздан икки челак сув опкелиб берди, ишларимга бироз кўмаклашди. Ўтир, тушлик қилиб кетасан, дедим… у пайтда ҳали овқатимиз тайёр эмасди-да… Менам қол, деб қистамадим. Мактабга борса керак, дедим-да! Ҳозир таътил пайти эканлигини кейин эсимга тушди.
Хола ёқасига қўл суқиб, дўхтир ёзиб берган ғижимланган рецептни олиб узатди.
-Бўлмаса мен борай, қизгинам оч-наҳор юргандир!
Исмат хоним қоғозни бирров кўриб, яна қайтариб берди ва холасидан айланиб-ўргила бошлади.
-Ўзим айланай холамдан! Дарди балойингиз урсин! Ҳозир эримнинг кўйлагини дазмоллашим керак эди. Кечқурун кинога борадиган эдик. Дориларни ўзингиз опкеб беринг. Мен қизимни жўнатаман, Маъсумани топиб келади. Қозонда овқат ҳам турибди. Қизингизни қорнини ўзим тўйғизаман, холажон.
Юқори кўчада жойлашган дорихонага бориб келиш учун бир соат вақт кетарди. Хола инграб-синраб, аранг нафас олганча яна чўғдек қиздираётган қуёш тиғида йўлга тушди. Дорихонага етганида, беҳоллик ва иссиқ уни тамомила ҳолдан тойдирганди. Дорихонада узундан-узоқ навбат кутиб, Холанинг бўлари бўлди.
Исмат хонимнинг уйига қайтиб келганида, кун пешиндан оққан, қуёш шуъласи бутун ҳовли саҳни бўйлаб ёйилганди. Дориларни оларкан, Исмат хоним бидирлашга тушди:
-Вой, холажон, эсим қурсин, ғирт овсарман-да! Маъсумани топиб келгани қизимни жўнатаман деб, эсимдан чиқарибман. Сиз уйга киринг, дамингизни олинг, мен ҳозир Маъсумани топтираман. Қозонда овқат тайёр турибди. Мен ҳозир…
Хола бу гал кутиб ўтирмади. Индамай, уйи тарафга йўл олди. Исмат хоним ҳам уни ортиқча қистамади. У чиқиши билан дарвозани ғижирлатиб занжирлаб олди.
…Маъсума уйнинг тўридаги юпқагина тўшак устида ётар, оғир-оғир нафас оларди. Хола униг озғин қўлчаларини ушлаб кўрди: Иссиғи баланд. Дастурхон ёзиб, ул-бул егулик келтирди. Маъсумани суяб турғизди, дастурхонга ундади. Ўзининг иштаҳаси йўқолганди. Бир-икки луқма нон чайнаган бўлди. Кейин туриб, бозорхалтани орқалаб, маҳалладаги бозорчага чиқди. Гўшт, нўхат, ловия ва бошқа нарсалар харид қилиб қайтгач, ўчоққа қозон осди. Тоғорани илиқ сувга тўлғазиб, йиғилиб қолган кирларни унинг ичига жойлади. Кейин хонага қайтиб сандиғидан эски жун пайпоқни олдида, кир ивигунча тўзиган жойларани урчуқ билан ямашга ўтирди. Бу пайтда Маъсума ҳолсизланиб, дастурхон бошида чўзилиб қолганди. Деярли ҳеч нарса емаган кўринади. Хола дастурхонни йиғиб, ўзича ғудранди:
-Бечора боламга ҳам ўтибди бу касаллик. Мусаҳҳал (маҳаллий табиблар тайёрлайдиган енгиллаштирувчи дори – тарж.) ичирсаммикин?
Иситма қизалоқнинг юзини гулдек қизартириб қўйганди. Қийналиб нафас олар, ора-сра беҳол инграб қўярди. Хола қизининг боши остига ёстиқ жойлаб, бироз мизғиб олмоқчи бўлди. Кейин туриб пайпоқни ямайди, кирларни ювади. Кейин қизи Зарининг олдига ўтиб келади.
Бошига кирган оғриқ борган сари зўрайди. Кўзларини очиб, бошини Маъсума ётган ёстиққа тираганча, палос устидаги пайпоқларга тикилди.
– Анча чарчабман, кўз тегмасин, Аббос анча оғиргина бўп қопти. Ишқилиб тезроқ тузалсин-да! Э худо ўзинг болаларимни паноҳингга ол! Кечгача терласа яхши бўларди.
Баданига қаттиқ ваража кирди. Хола титраб-қақшаганча, чодрасига маҳкам ўралиб олди. Ҳамон икки кўзи уй ўртасида ётган бир жуфт пайпоқда эди. Шу чоқ… пайпоқларга жой киргандек бўлди. Пайпоқлар худди илонга ўхшаб ўрмалай бошлади. Кейин эса, улар катталашиб, ваҳимали тус олди, ҳавога кўтарилди. Хонани аллақандай тушунарсиз шовқин эгаллади. Шу очқ қаердандир касалхонад у билан суҳбатлашган хонимнинг овози эшитилгандек бўлди. Мана, у шундоқ рўпарада турибди. Қўли билан ҳавода учар аждаҳодек учаётган пайпоқларни кўрсатиб, қичқира бошлади:
-Инфлуэнза! Инфлуэнза!
Шу пайт хла ўзини бояги жўхтир қабулхонасида кўрди. Хона гавжум эди. Пайпоқлар хонада жамланган қариялар, болар, хотинлару эркаклар устида чарх уриб айлана бошлади. Яна қулоғи остида ўша хонимнинг овзи жаранглади:
-Қаранглар, бу дард болаларимизга чанг солмоқчи! Эҳтиёт бўлинглар! Касаллик сизларга ҳам юқиши мумкин. Бу касаллик ҳеч кимни аяб ўтирмайди.
Хола беморларни бирма-бир кўздан кечира бошлади. Улар орасида кички ўғли Муҳмадни бағрига босиб ўтирган қизи Зарийни кўрди. Хола ўша томонга отилмоқчи бўлди, аммо ўрнидан қўзғалишга мажол топмади.
-Зари, жон болам, неварамга нима қилди? Муҳаммад ҳам касал бўлдими?
Зари бош ирғади:-
-Ҳа, ойижон, нимасини айтасиз? Бир дақиқа ороми йўқ. Тинимсиз йиғлайди. Ёнимда бирор ёрдам берадиган одам бўлсаям майлийди. Бир ўзим, ёлғизман.
-Менга хабар қилсанг бўлмасмиди, болам, – деди Хола, – Тентак қизим-а, онанг ўлгани йўқ-ку!
Зарий биғилаётган болани бағрига босди:
-Ойижон, нима қилай? Уйда бир ўзимман, ёлғизман!…
-Нега йиғлаяпсан қизим, болангни аҳволи шунча оғирми?
-Ҳа, ойи, оғир… оғир!
Хола уйқудан сачраб уйғонди. Бу пайтда Маъсума чириллаб йиғлар, кўз ёши юзларини ивитиб ташлаган эди. Хола ундан сўради:
-Ҳа, онажон, нимага бунча йиғлайсан, нима бўлди жоним?
Маъсума ҳануз йиғидан ўзини тўхтатолмай ҳиқиллади:
-Ойи, сув… сув ичаман!
Хола зил-замбил вужудини кўтариб ўрнидан турди. Кейин қўлида бир коса сув билан қайтди ва қизининг бошини кўтариб сув ичирди. Қизалоқ чанқоғини қондириб, яна бошини беҳол ёстиққа ташлади. Хола суви яримлаган косани токчага қўйиб қайтди ва ҳарсиллаб, тахмондан яна бир кўрпа олиб, девор тагига солди. Қизининг темирдай қизиб турган вужудини аранг кўтариб, янги ўринга ётқизди ва ўзи ҳам униг ёнидан чўзилди.
Холанинг ҳам танаси ўт бўлиб ёнар, боши чидаб бўлмас даражада оғриб азоб берар, кўнгли беҳузур бўлиб ётарди. Шу алфоздда шифтга кўз тикиб, ўзича шивирлади:
-Бу бало болагинамга қайдан ёпишди? Бироз мизғиб олсайдим, кейин туриб, Сайид Маҳдихоннинг уйига бориб, бир пиёла сузма опкеламан. Ҳарна касалнинг тафтини олади. Жуда бўлмаса, дўхтирга олиб бораман.
Холанинг фикрлари худди калавадек чувалиб кетганди. Ҳовлидаги ҳовузнинг суви эскириб, айний бошлабди. Уни чиқариб ташлаш, ариқдан тоза сув ўнглаш керак. Унинг устига Маъсуманинг хасталаниши, Зарининг ёлғизлиги ва кўмакка мухтожлиги, Ҳасаннинг мавҳум тақдири, Ҳусаннинг кирлаб кетган кийимлари, йиртиқ пайпоқлар, тоғора тўла кир, ошхонада қайнай бошлаган қозон… ҳамма-ҳаммаси бирлашиб, Холанинг миясида ғужғон айланар, орому қарорини маҳв этган эди. “Кирларни ювиб бўлиб, хонанин ҳам супуриб чиқишим керак, – ўйларди Хола. – Овқатнинг туз-намагидан хабар олиб, зарчавасини қозонга солиш керак. Пайпоқларни ямаб улгурмадим. Ҳовузнинг сувини ҳам чиқариб ташлаш керак. Бир дунё иш, уларнинг ҳаммасини бугун битириш лозим”.
-Эй бор худоё, бу балоларни болаларимнинг бошидан нари қил, Поко парвардигоро, ўзинг мадад бер, марҳаматингни дариғ тутма!
Хола кўзини юмиши билан яна ўша, қўрқинчли, алоқ-чалоқ тушлар уни ўз измига олди. Тушида… ўғли Ҳасан ишлаётган корхонага яна ўт кетибди. Ўғли ўт ичида ўзини ҳар ёққа урармиш. Хола фарёд солганча ўзини ўтга урмоқчи бўлар, аммо жойидан қўзғалолмас, оёқ-қўллари боғлаб ташлангандек қимир этмасмиш… Кўзини очганида бир кўрпа тер ичида ётарди. Уй ҳам назарида хийла торайгандек, димиққандек туюлди. Юраги зарб билан ура бошлади. Йўқ, бу овоз ичидан эмас, ташқаридан келарди. Кимдир эшикни зарб билан тақиллатаётганини энди англади. Эҳтимол ана шу зарб уни уйғотиб юборгандир.
-Туф, туф, ёмон туш кўраётган эканман, яхшиям уйғондим, – деди Хола ёқасига туфларкан. Кейин йўрғалай-йўрғалай кўча эшиги томон юрди. Бўсағада қўшниси Мулук хонимнинг саккиз яшар қизчаси Парвона турарди:
– Ойижоним сизни чақириб юбордилар, тез келсин дедилар. Дадам калла-поча опкелдилар. Шуни тозалаб бераркансиз!
Хола йиқилиб тушмаслик учун эшик кесакисига суяниб, қизчага меҳрибонлик ила сўз қотди:
-Холанг ўргилсин, ойингга бориб айтгин, холам иситмалаб ётибди экан, келолмас экан, дегин.
Паровна ҳар доимгиндай холанинг қўлидан ушлаб уйига қайтишга шайланиб турарди. Бу гапдан сўнг йиғлаб юборгудек лаблари чўччайди:
-Ойижоним, холангни нима бўлсаям опкелгин, дедилар. Ҳамма ишингизни ташлаб бўлсаям бораркансиз. Худо ҳаққи шунақа дедилар.
-Биламан, болажоним, – ингранди Хола. – Ўзим гиргиттонинг бўлай. Оёғимда оёқ қолмади, болам. Холам уйдан чиқолмас эканлар, қаттиқ оғриб ётибдилар, деб айт. Борақол жоним, ўзим айланай сендан. Офтобда юрма қоқиндиқ, соядан кетгин.
Хола бир зум чопқиллаб кетаётган қизчанинг ортидан термилиб турди. “Барака топкурлар шундоқ иссиқда ёш болани югуртиришади-я! Касал-пасал бўлади дейишмайдиям. Каттароғини жўнатсаям бўларди-ку!” ўйлади Хола уйга қайтиб кираркан.
Яна Маъсуманинг ёнидан жой олди. Кимдир унинг елкасидан қаттиқ туртиб уйғота бошлагач, кўзларини очди. Боши чангакка чолингандек азоб берарди. Кўз олди қоронғи тортиб кетганди. “Нега бир чилимгина ухлаганиям қўйишмайди”, дея оғринибгина хаёлидан ўтказди.
Ғира-шира қоронғилик ичидан Исмат хонимнинг юзини илғай олди. Унинг ёнида эса, кичкина ўғилчаси Акбар Маъсуманинг боши остидан тортиб олинган ёстиққа ўтирганча, қўлиги рул чамбарагидай айлантириб, “млошин-мошин” ўйнар, унинг шовқини хонани тутиб кетганди.
-Диииий, дииий, ванг, бибиииип!
-Хола, одам намозшом пайти ухламайди, қаранг, ҳаммаёққа қоронғи тушяпти, Турсангиз-чи!
Хола заиф овоззда пичирлади:
-Холанг айлансин, бошимни кўтаролмайман. Мазам йўқ. – Кейин яна қўшиб қўйди. – Ҳечқиси йўқ, болам, ўтиб кетади. Нима, кўча эшиги очиқ эканми?
-Ҳа, очиқ экан, нимайди?
Хола хийда безовталанди:
-Эсим қурсина, боя эшикни занжирлашни унутган эканман. Яхшияи сизлар кеп қолибсизлар. Бўлмаса, биров кириб шип-шийдам қилиб кетса ҳам билмасдим. Айтганча Аббос тузалиб қолдими?
-Ҳа, ҳозир анча яхши. Иссиғи тушди.
Хола сўради:
-Заридан хабаринг борми? Бугун бир хабар олай девдим, иложим бўлмади.
Чамаси Исмат хонимнинг хаёли тамоман бошқа жойда эди, безовталдик билан атрофга кўз югуртирди, кейин Маъсумага қараб сўради:
-Ие, Маъсумага нима бўлди? Қаранг-а, касаллик бир келса қўймас экан-да!
-Тушдан бери иситмалаб ётибди, – заиф овозда жавоб қайтарди Хола. – Мусаҳҳал ичирсамми девдим, аммо, ким билсин ҳали ёш бола. Кўтаролмай…
Исмат хоним одатига монанд яна унинг сўзни бўлди:
-Хола, аҳволи жуда ёмонми? – кейин бош чайқаб қўшиб қўйди. – Холажон пешонангизга шуям бор экан-да а?
Хола яна хастаҳол тилланди:
-Буям худонинг бир синовидир-да! Мен-ку, тузаларман, битта ухлаб турсам, бўлди. Аммо, Маъсумагинам… Исматжон, холанг айлансин, шундоқ Сайид Маҳдихоннинг дўконидан…
Исмат хоним яна гапиришга имкон бермади:
-Хола, Акбарга қараб турсангиз деб опкелувдим, демак, қараб туролмайсиз-а? Айтувдим-ку, эрим билан кинога борамиз, деб. Аббосни-ку, Сакинанинг олдида қўйиб келдим. Акбарни сизга ташлаб кетмоқчийдим…
Кейин бироз асабийлашиб қўшиб қўйди:
-Сиз бу аҳволда ётган бўлсангиз, мен Акбарни ташлаб кетолмайман. Сакина уй ишлари билан бўлиб ҳам бунга, ҳам унисига қараб туролмайди. Демак…ростдан ҳам қараб туролмайсизми хола?
Шундай деди-ю, жавобини кутмаёқ ўрнидан турди:
-Энди ўзим билан обораман, бошқа илож йўқ, ухлаб-нетиб қолганингизда, Акбар ҳовуз лабига борса… йўқ бўлмайди, – кейин ўғлининг бошига шапатилади. – Э, бола бўлмай ҳар бало бўл-а, фақат йўлимга тўғаноқ бўласан. Сенинг дастингдан ўйнаб кулолмасам. – Кейин яна Хола тарафга ўгирилди, – Хола яхшилаб ўралиб дамингизни олинг, отдек бўп кетасиз, мана мени айтди дерсиз!
Хола яна мискинлик билан ўтинди:
-Исматжон, ошхонада қозон осганман. Қайнаб ётибди. Туз намагини ростлаб, зарчевасини солиб кет. Кейин Сайид Маҳдихоннинг дўконидан бир яламгина сузма опкелсанг, Маъсумагинам тузалармикин, девдим.
Исмат хоним бош ирғади, аммо Холанинг гапи тамом бўлишини кутмасдан, ўзи Маъсуманинг боши остидан суғуриб олинган ёстиқни яна ўрнига қўйишни ҳам унутиб, ташқарилади.
Хола қизарган кўзлари билан унинг ортидан нигорон термилганча қолди.
Исмат хонимнинг узоқлашаётган қадам товушлари Холанинг миясига болғадек урилиб, анча пайтгача қулоқлари остида акс-садо бериб турди. Кейин ҳануз иситма ичида алаҳсираб тўлғанаётган қизига юракзадалик билан тикилди. Қалтироқ қўллари билан қизининг бошини аста кўтариб, авайлабгина ёстиққа қўйди. Кейин эса, ўзи унинг ёнида, ранги унниққан палос устида хастаҳол узанди.
Форс тилидан Рустам Жабборов таржимаси