Турмуш оворагарчилиги ва хизмат билан бўлиб анчадан буён кўришолмай юрган дўстларим ҳайит куни уйимга йиғилдилар. Қўлимдан келганича дастурхон тузадим.
Дугонам Розия мен умуман танимаган, ғалатироқ ясаниб олган ўрта ёшлардаги бир хотинни бошлаб келибди. Меҳмонлар билан дастурхонга ўтирдик. Бир пайт қарасам, бояги хотиннинг ҳолати бошқача. Қош-қовоқларини сузиб, бўялган лабларини буриштириб, дастурхонга қия бўлиб ўтирибди. Ўнғайсизланган Розия уни дастурхонга таклиф қилди:
— Ўртоқ, бундай тузукроқ ўтир, ширинликлардан ол.
— Кўп зўрлама! — деди у хотин қовоқларини янада сузиб. — Биз қачонгача мана шундай нарсаларни худди от жўхори егандек қисирлатиб еб юрамиз? Ҳозир маданиятли уйларда колбасаларни ялтираб турган вилкаларга чиройли санчиб, шундай сиполик билан ейишар, ажойиб ичимликларни ичишар экан. Зерикдим бу ердан. Вайгу дегани нечоғли яхши!
— Ўртоқ, нималар деб алжираяпсан? — деди Розия аламдан қизариб. — Вайгу деганинг нима ўзи?
— Шуни ҳам билмайсанми? Вайгу чет эл деган гап, чет эл!
Хотин шундай деди-да, оғзига солиб олган сақичини худди аравакаш қамчи ургандек қарсиллата бошлади.
Ҳаммамиз анчагача жим бўлиб қолдик. Кайфиятимизни бузган бояги аёлга ер остидан қарадим.
— Ҳайит байрамига йиғилиб, мотамга келгандек ўтираверамизми? — деди Розия чидамай. — Қачондан бери энди кўришдик, бундай гаплашиб ўтирайлик. Қани, Сабоҳат, гапни аввал ўзинг бошла.
— Маъқул, — дедим мен. — Биз-ку, ойда-йилда бир кўришсак ҳам, ўз ватанимизда яшаймиз. Лекин болалик дугонамиз Чамангул биздан, Ватандан айрилиб чет элда яшаяпти. Шу дугонамиздан кеча хат келди.
Ичимизда энг таъсирчанимиз бўлгани учун Шамсия:
— Жон ўртоқ, аввал шу хатни ўқиб бер! — деди юзлари ловуллаб ёнган ҳолда.
— Майли, — дедим-да, хатни ўқий бошладим.
“Ассалому алайкум, азиз дугонажоним Сабоҳат. Айёминг муборак бўлсин!
Шу топда Ватанда байрам шодлигига чўмиб, қариндош-уруғ, ёр-биродарлар билан жам бўлгандирсизлар?
Мана, мен ҳам ўзимнинг каттагина дачамда байрамни кутмоқдаман. Эримнинг башанг кийинган дўстларининг аслзода хонимларини байрам билан табриклаётган, уларнинг табрикларини қабул қилиб, юзимда қувонч билан ўтирган бўлсам-да, ўз юртимизнинг ҳайит дастурхонидаги ширинликлар, пишириқлар ҳиди димоғимга урилаётгандек бўляпти.
Ҳайит кунлари баланд пештоқларда янграйдиган ноғора, сурнайларга жўр бўлиб байрам нишонлайдиган оташқалб юртдошларимизни, сочларини майда ўриб, ҳайитга атаб тиктирган кўйлакларини кийиб, кўчага чиқадиган бепардоз, табиий гўзал қизларни соғиндим.
Мана, олдимда Франциянинг аташга одамнинг тили келмайдиган турфа ноз-неъматлари турибди. Лекин Турфоннинг ёз қуёшига тобланиб пишадиган узум, қовун-тарвузлари кўз олдимдан кетмайди. Уйимга тили, дили бошқача талай меҳмонларни чақириб қўйиб, ўзим ёлғиз балконда, кўзларимни олисларга — Ватан томонга тикиб сизларни эслаяпман.
Болалик чоғларимизда айём кунлари онам кўзёш қилсалар, нимага йиғларканлар, деб ҳайрон бўлардим. Энди ўйласам, одам улғайган сари юртини, ота-онасини, қариндош-уруғларини соғиниб, гурунглашгиси, ўтган ишларни эслаб кулишгиси, йиғлагиси келаркан. Гоҳида, машинамни озода йўлларда ҳайдаб келаётиб, эшак аравада қизилча ташиган вақтларимни соғинаман. Эрим, болаларим билан денгиз соҳилига бориб, уйимиз ёнидаги биз доим чўмиладиган анҳорни соғинаман. Эски тегирмон, маҳалламиздаги ромлари қийшайиб қолган қоронғи жувозхона ҳануз кўз олдимда.
Энг хавотирланадиганим, болаларимнинг ўз тилини билмай улғайишидир. Уйда болаларим билан доимо ўз тилимизда гаплашаман. Бу ерда менга ўз тилимни эшитиш имконияти жуда оз бўлгани учун ҳам, тилимиздаги чиройли гап-сўзларнигина эмас, кўчага чиқиб олиб, бир-бири билан талашадиган вайсақи хотинларнинг гапларини ҳам соғиндим. Агар, мана шу кунларда бу ернинг кўчаларида мени биронтаси соф уйғур тилида сўкса ҳам, хурсанд бўлардим.
Сабоҳат, мен турмушга чиқиб, чет элга кетадиган пайтимда сен менга ҳавас қилган бўлсанг, мана, энди мен сенга ҳавас қиляпман. Оллоҳ насиб қилса, Қурбон ҳайитига қадар болаларим билан Ватанга бориб, ота-онамни, яқинларимни кўрмоқ, она заминнинг тупроқларини кўзларимга суртмоқ ниятидаман. Соғинчли саломларимни айём аҳлларига етказиб қўйгайсан. Олисдаги мусофир дугонанг Чамангулдан.”
Хатни кўнглим бузилган ҳолда ўқиб бўлиб, стол атрофида ўтирган меҳмонларга қарасам, ҳаммасининг кўзларида ёш. Лекин барчамизнинг ёшли кўзларимизда недир бир мамнунлик бор эди. “Ўзга юртда султон бўлгунча, ўз юртингда ултон бўл”, деган ҳикматнинг тагига етгандек эдик. Шу лаҳзада дўстларим билан бир-биримизга авалгидан ҳам қадрдон эдик. Бояги “вайгупараст” хотин ҳам нимагадир кўзларидаги ёшларини тўхтатолмай, энтикиб-энтикиб йиғларди…
Уйғур тилидан Ҳабибулла Зайниддин таржимаси.
“Гулистон” журналининг 2006 йил, 2-сонидан олинди.