Иван Тургенев. Аблаҳ (эртак)

Бор экан-да, йўқ экан, бир аблаҳ бўлган экан.
У узоқ вақт хуш-хандон, егани олдида, емагани кетида яшабди, бироқ, бора-бора унинг қулоғига мияси айниб қолиб, муттаҳамлик қилаётгани ҳақида гап-сўзлар кела бошлабди.
Аблаҳ бундан ғазабга келибди ва нохуш гап-сўзларнинг қандай қилиб олдини олиш ҳақида чуқур ўйга толгандан толибди.
Ниҳоят, тўсатдан миясига “лип” этиб келиб қолган фикр унинг машъум ниятларини амалга ошириш учун йўл очиб берадигандек туюлибди. У бир зум ҳам кечиктириб ўтирмай ғаразли ниятини рўёбга чиқаришга ошиқибди.
Йўлда кетаётса, унга бир таниши учраб қолибди ва таниқли рассомни мақтай кетибди.
­ Мени маъзур тутасиз! ­ дея шанғиллабди аблаҳ. – Ўша рассомингиз аллақачон архивга суриб ташланган… Сиз буни ҳалиям билмайсизми?! Мен сиздан буни ҳеч ҳам кутмаган эдим… Сиз ­ қолоқ одам экансиз.
Таниши қўрқиб кетибди ва дарҳол аблаҳнинг сўзларига қўшилибди.
­ Мен бугун шундай ажойиб бир китоб ўқидимки, ­ деди унга бошқа таниши учраб.
­ Маъзур тутасиз! ­ шанғиллабди аблаҳ. ­ Наҳотки шундай дейишдан уялмасангиз. Ўша сиз ўқиган китоб бир пулга қиммат-ку, ахир! Аллақачон ҳамма ундан қўлни ювиб, қўлтиққа урган. Сиз шуниям билмайсизми? Сиз ­ қолоқ одам экансиз.
Қарабсизки, унинг бу таниши ҳам қўрқиб кетиб, аблаҳнинг сўзларига қўшилибди.
­ Менинг Н.Н.деган дўстим ажойиб инсон-да! ­ деди учинчи таниши аблаҳга. ­ Ҳақиқий одамохун инсон!
­ Маъзур тутасиз! ­ дея минғирлабди аблаҳ. ­ Н.Н.деганингиз учига чиққан муттаҳам! Барча қариндош-уруғларини талаб, адои тамом қилди. Буни ким билмайди, дейсиз? Сиз ­ қолоқ одам экансиз.
Аблаҳнинг учинчи таниши ҳам қўрқиб кетганидан унинг сўзларига қўшилибди ва ўша дўстидан узоқлашибди.
Аблаҳнинг ҳузурида ким бўлмасин, мақталса бас, унда ҳаммасига битта таъна тоши тахт тураркан.
Баъзан эътирозли оҳангда қўшиб қўяркан:
­ Сиз ҳалиям обрў-эътибор деган нарсага ишонасизми?
Танишлари аблаҳ ҳақида:
­ Баджаҳл! Нақ чаённинг ўзи! ­ дея сўз бошлашаркан, қўшиб қўйишарди: ­ Аммо мияси зўр ишлайди!
­ Тилини айтмайсизми? ­ дея сўз қистириб қўйишаркан бошқалари. ­ Ҳа, у чинакам истеъдод!
Бу воқеа шу билан тугабдики, бир газета ношири аблаҳга танқидий бўлимни бошқаришни таклиф этибди.
Шундан кейин десангиз, аблаҳ деганингиз на ўз хатти-ҳаракатларини, на товуш оҳангларини тариқча бўлсин ўзгартирмаган ҳолда барча-барчага таъна тошларини ёғдира бошлабди.
Қачонлардир “обрў-эътибор”га қарши қичқирган аблаҳнинг ўзи энди “обрў-эътибор”га айланибди-қолибди. Ўшлар эса уни кўкларга кўтарадиган ва ундан қўрқадиган бўлишибди.
Ҳа, бечора ёшлар нимаям қилишсин, энди? Умуман, айтганда, кўкларга кўтариш шарт бўлмаса-да… қани, кўкларга кўтармай кўр-чи.
­ Қолоқлар сафига қўшилиб қолишинг ҳеч гапмас!
Ҳа, қўрқоқлар орасида аблаҳлар ҳузур топар эканлар!

1878 йил, апрел.

Мурод Парпихўжаев таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 3-сон.