Аввалига унинг оғзи қурий бошлади. Аста-секин тили тахтага айланиб, танглайига қапишди. Ютинмоқчи бўлди, уддасидан чиқолмади. Бориб, эски ташландиқ ҳовлининг ўртасидаги булоққа энгашиб, сув ичмоқчи бўлди, ўрнидан туролмади. Аранг кўзларини очди. Оёқларини қидирди. Тавба, нега оёқлари кўринмаяпти? Қўли билан пайпасламоқчи бўлди. Ажабо, қўллари қани? Қўрқиб кетди. Болалигида тенгқурлари билан баъзан чигирткани тутиб, қўл-оёқларин узиб ерга ташлашар, бир-икки соатда шўрлик чигиртка чумолиларга ем бўларди. Ўшанда жўралари билан бу ҳолатни завқ-шавққа тўлиб томоша қиларди. Балки Худодан қайтиб, унинг ҳам қўл-оёқларини қирқиб, қурт-қумурсқага ем қилиш учун ташлаб кетишгандир?
Дафъатан онасининг гапларини эслади: “Болам, ташқарида ухлама, итлар оёқ-поёғингни ғажиб кетмасин…” Ким билсин, оёқ-қўллари уни ташлаб, ювингани кетган бўлса-я! Аҳмоқона фикр.
Бирдан чирилдоқ бир овоз қулоғига чалинди. Кимдир ғижжак чалаётирми? Чирилдоқ сас қулоқларини тешиб юборгудек даражада кучая бошлади. Ич-ичидан сўкинди: “Ҳе, онасини… ғижжак чалишни билмас экансан, чийиллаб мияни ачитишга бало борми?” Товуш баттар кучаяверди, у қулоқларини маҳкамлаб беркитди. Бармоқлари қулоғига теккач, қўллари қайтиб келганини пайқаб севинди. Оёқларини пайпаслади. Шукур, оёғи ҳам жойида. Яна деворга суянди. Чинқириқ аста-секин азон овозига айланди. Масжид яқин эди. Зўрға бошини кўтариб, ўша тарафга боқди. Қизиқ, масжид ҳам одамга ўхшаркан. Гумбази каллага, деразалари икки кўзга, иккита минора эса нажот сўраб тепага кўтарилган қўлларга ўхшаб кетди. Шу чоқ ҳуши минора тепасидаги муаззинга кетди. Қизиқ, шу чоқ масжиднинг “боши” қичиб қолса-да, “қўллари” билан қашимоқчи бўлса, муаззиннинг ҳоли не кечарди?
Азон саси тинди. Қош қорайиб келарди. Кўчанинг нариги тарафидан келаётган машина овозидан сергак тортди. Шалоғи чиққан “Запорож” тариллаганча унинг ёнидан ўтиб кетди-да, нариги кўчага бурилди. Ўзича “Запорож”га ачинди. Жониворнинг тили бўлганда, “Шунча йил миниб жонимни олдинг, лоақал энди тинч қўй, тўкилиб адо бўлдим-ку”, дея эгасини сўкиб берган бўларди. Чиндан ҳам бу машина аллақачон нафақа ёшига етган.
Нафақа деганда отаси эсига тушди. Отаси ҳам худди ана шу эски “Запорож”га ўхшайди. Аллақачон куч-қувватдан кетиб, мункиллаб қолган эса-да, қилтиллаб ишга бориб келади. Нафақага чиққиси йўқ. Бошқа нимаям қиларди бечора? Оиласини ким боқади? “Қизларимни чиқарсам, кейин дам оларман” деганди.
Оиласини эслаб, хомуш тортди. Яна кўзларини юмди. Ҳамма нарсани унутишга чоғланди. Бир оз шу ҳолатда ўтирди. Қадам товушлари эшитилди. Кимдир салом берди. Аранг кўзларини очиб, ён-верига аланглади. Биров кўринмади. “Ҳамсоя-ҳақлардан биридир-да, ҳовлидан ўтиб кетди-ёв” дея хаёлланди. Яхши бўлмади. Одамни назар-писанд қилмайди, бурни осмонда, деб ўйлашади энди. Маҳалла-кўй халқи ёмон-да! Ҳамма нарсани гап қилишади.
Кимдир кўча чироғини ёқди. Чироқ ундан 20 қадамча нарида бўлса ҳам ёруғлик кўзларини қамаштирди. Беихтиёр кўзларини юмди. Бурни қичимсиради. Яна амаллаб кўз очди. Сесканди, бурнининг учида қўниб турган йирик бир чивин унга бақрайганча тикилиб турарди. Бир оз шундай тургач, чивин қўллари билан юзини ишқалай бошлади, ора-орада унга қараб-қараб қўярди. Чивин унга охирги иш жойидаги бошлиқни эслатди. Тавба, одам чивиндан ҳам жирканчлироқ бўларкан-да! Яхшиям у ерда кўп ишламади. Қочди. Бечора отаси уни неча марталаб ким-кимларга ялиниб-ёлвориб ишга жойлаштирди. У бўлса, нари борса бир-икки ой ишлаб, қочиб кетарди. Йўлини тополмади-тополмади-да!
Кутилмаганда, бурни каттара бошлади. Бурнига қўшилиб, чивин ҳам катталашди. Калласи бу улкан бурунни кўтаролмай қуйи эгилди. Баҳайбат чивин беўхшов тилини чиқарганча уни эрмаклай бошлади. Бу не кўргилик, ҳатто чивин ҳам устимдан кулаётир, дея ўкиниб қўйди. Яна чивиннинг кўзларига термилди. Шу тобда чивиннинг кўзлари унга жуда-жуда таниш, қадрдон туюлиб кетди. Ҳа, бу ўша, ўшанинг таниш шаҳло кўзлари эди. Кўзларига ишонмади. Ахир, бу худди ўшанинг ўзи, дунёга келиб, дунёни таниб, фақат бир мартагина бутун борлиғи билан севгани — ўша қиз эди бу. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Аста-секин қизнинг юзларидаги чизгилар ҳам тиниқлашди. Қанчалик ақлга сиғмас, ғаройиб бўлса-да, ажабланмади. У аввалдан қизнинг келажагини сезгандек эди. Дафъатан кўзларини пирпиратди, негадир қўрқди. Йўқ, қиз ҳеч қаёққа кетмаган эди. Ўша ҳолатда жимгина унга термилиб турарди. Охирида чиндан унинг борлигини ҳис эта бошлади. Авваллари шу қиз учун ҳаётини ҳам беришга тайёр эди, қизни ўйламаган бирор кун бўлдими? Ана шулар хаёлидан кечиб, баданига титроқ югурди ва бу титроқдан чекинмоқ учун яна деворга суянди. Аммо, шу аснода назарида девор қулаб тушадигандек, ўзи эса тошлар орасида қолиб ўладигандек туюлди. Ўрнидан туриб, гандираклаганча қиз тарафга юрди. Қиз жойидан қимирламас, худди таслим бўлганини билдирмоқчидек, қўлларини тепага кўтарганча унга сокин тикилиб турарди. Қиздан бир қадам берида тўхтади. Қўллари билан қизнинг нозик вужудини қучмоқ истади. Олти йил олдингидек қизнинг чинқиришидан, юзига тарсаки тортиб юборишидан қўрқди. Аммо, қизнинг вазмин ва хотиржам қиёфасидан бу сафар бирор оғир сўз айтилмаслигини англади. Қавариб, қорайиб кетган қўллари билан қизнинг юзларини силади. Қиз қаршилик кўрсатмади. Унга янада яқинлашди. Илиқ нафаси юзларига урилди. Қизнинг белидан қучди ва оҳиста бошини нафис елкасига қўйди. Кўзларини юмганча, шу алфозда бир неча сония қотиб турди. Аммо, илкис ичида бомба портлагандек бўлди. Анчадан бери қуриб турган оғзи сувланди. Дафъатан тилга кирди. Ҳайқирди:
“Ҳа, нега келдинг, соғиндингми? Ё сиқилиб кетдингми? Энди эсингга тушдимми, ё эринг уйдан ҳайдадими? Сен нима деб ўйловдинг? Пули, бойлиги учун теккандинг, охиригача бахтли яшайман, деб ўйлаганмидинг? Аслида сени ўлдирса яхши бўларди. Мени назарга илмадинг, бойваччани танладинг. Сени бахтли қила олишига ишондинг. Нима бўлди? Олти ойдан кейин қайнатангни ушлаб кетишди. Сен ўтирган уйни ҳам пуллаб, ўша фирибгарни турмадан чиқардилар. Энди олти жон бўлиб, иккита хонага тиқилиб ўтирибсанлар. Ҳа, нима бўлди яна? Ўшанда мен қанчалар қақшаган эдим, уволим тутибди-да! Энди йўқсилликдан қийналиб, менинг ёнимга келдингми? Кечиради, деб ўйлаганмидинг? Чучварани хом санабсан. Сен одам эмассан. Сен… Сен… бевафосан, одам эмассан…”
Бирдан нафаси қисилди. Йиғлагиси келди. Қизни қучоғига олиб, ҳўнграшга тушди.
“Оҳ, мен сени ўзимдан, ўз ҳаётимдан ортиқ севардим. Бутун боримни фидо қилишга тайёр эдим-а! Нега мен билан қолмадинг? Нега? Ахир, сен уни ҳам севмасдинг-ку! У ҳам сени севмаганди, бунга ишонаман. Нега турмуш қурдинглар? Эҳ, менинг ҳам ҳаётим сен туфайли барбод бўлди. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳар кун сени эслайман. Тушимда ҳар куни сени кўраман. Менда қолиб кетган биргина суратингни ўпавераман, ўпавераман”.
У гапираркан, кўз-ёшлари ёноқларини ювиб борарди.
“Кетганингдан кейин ҳеч қачон уйланмасликка сўз бердим. Сўзимда турдим ҳам. Чунки сендан бошқасини севолмайман. Бу менга боғлиқ эмас, қўлимдан келмайди. Неча бор ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Ота-онамга раҳмим келди. Дардимни ҳеч кимга тушунтира олмайман. Олти йилдан бери ичимда сақлаб юрибман. Яхшиям ўзинг келдинг. Қурбонинг бўлай. Энди ҳеч қаёққа кетма. Мени ёлғиз қолдирма, жоним, ёлвораман…”
Икки аёл гаплашганча ҳовлига кириб келишди. Улардан бири иккинчисининг гапини бўлди:
“Анави йигитни кўряпсизми? Қўшнимизнинг ўғли. Туппа-тузук оиланинг фарзанди. Отаси бинойидек ўқитувчи. Афсус, ўзи анча нобопроқ бола чиқди. Ҳар кун шу ташландиқ ҳовлига кириб олганча нашами, “гера”ми, бир бало чекади. Кейин мана шунақа девона бўп қолади. Ҳайтовур, ота-онасининг шўри бўлди, бу дардисар”.
Йигит эса ҳовлининг ўртасидаги қари тутнинг танасини қучганча ҳўнг-ҳўнг йиғларди.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси