Ҳерманн Ҳессе. Бўри (ҳикоя)

Фарангистон тоғларида ҳали ҳеч қачон бундай қаҳратон қиш бўлмаган ва бунчалик узоқ чўзилмаган эди. Бир неча ҳафтадирки, ҳаво очиқ, тиниқ, қуруқ совуқ забтига олган. Кундузлари очиқ, тиниқ мовий осмон остида қор босган кенг, қия далалар нурсиз, оқиш йилтираб, поёнсиз ястаниб ётар, кечалари эса кичкинагина Ой янада тиниқлашиб, сариқ ёғду сочар, унинг ўткир нурлари қирчиллама қиш совуғида қор узра хира аксланарди. Одамлар тепалик тугул, ҳатто кўчаларга ҳам чиқишмас, уйларга биқиниб олишган, тунда кўкимтир Ой нурида қишлоқ кулбаларининг ёниқ деразалари ис босгандек хира кўринар ва тезда ўчиб қолар эди.
Теварак-атрофда яшовчи жониворлар учун ҳам оғир давр бошланган эди. Майдароқлари тўп-тўп бўлиб музлаб қолар, қушлар ҳам қаҳратон қиш совуғига дош беролмай ҳалок бўлиб, қирғий ва бўриларга ем бўларди. Бироқ аёз ва очликдан барчанинг силласи қуриган эди. Бўриларнинг ҳам жуда озгинаси омон қолган, кулфат уларни бир-бирига янада жипслаштирганди. Кундузлари емиш топиш илинжида улар якка-якка изғир эдилар. Дам-бадам қор узра озиб-тўзиб кетган, шарпа янглиғ унсиз пусиб бораётган оч, бироқ ўта ҳушёр бўри кўзга чалиниб қоларди. Қор босган далада кафтдек соя унга эргашади.
Шамолда бир нимани сездими, ўткир тумшуғини чўзиб, тинка- мадори қуриб, қисқа-қисқа увлаб қўяди. Кечалари улар гала-гала бўлиб овга чиқар, бўғиқ увиллаб, қишлоқлар атрофида изғирди. У ерларда мол ва паррандалар оғилларга маҳкам беркитилган, деразаларнинг дарчаларига ов милтиқлари суяб қўйилганди. Онда-сонда итми, шунга ўхшаш майда ўлжани ҳисобга олмаганда аҳвол танг, шундоғам гала ичидан икки бўри отиб ўлдирилган эди
Совуқ ҳамон забтига оларди. Бўрилар иссиқроқ бўлиши учун кўпинча ёнма-ён ётар, ҳувиллаган далаларда унсиз, маъюс термилиб, қулай пайт келишини пойлашарди. Шунда улардан бири очлик азобига дош беролмай, кутилмаганда ваҳимали увлаб юборди. Унга бошқалари ҳам қўшилди, бир зумда чор-атрофни бўриларнинг даҳшатли увиллаган овозлари тутиб кетди.
Ниҳоят, галанинг чоғроққина қисми йўлга отланишга аҳд қилди. Эрта тонгда уяларини тарк этиб, бир ерга тўпланган бўрилар совуқ ҳавони безовта искай бошлади. Сўнг чамаси баравар қўзғалди. Ортда қолганлар олдиндагилар кетидан анча жойгача эргашиб чопиб борди, сўнг иккиланиб тўхтаб, уларга мажолсиз қараб тургач, секин ин-инига қайтди.
Йўлда бораётганлар қиём пайти бир-бирларидан ажралдилар. Учтаси шарқ тарафга – Швейцариянинг Юра тоғлари томон, қолганлари эса жанубга қараб кетди. Учала бўри келишган, кучли бироқ ниҳоятда озиб-тўзиб кетган эди. Оқимтир қоринлари камардек тортилган, қовурғалари аянчли тарзда туртиб чиққан, ҳалқумлари қуруқшаб, қўзлари маъюс ва тушкин боқарди.
Учовлон Юрага етиб боргандан сўнг иккинчи куниёқ битта қўй, учинчи куни эса ит билан қулунни ўлжа олди, бундан дарғазаб бўлган қишлоқ аҳолиси йиртқичларни ҳар томондан таъқиб қила бошлади. Чор атрофдаги қишлоқлар ва шаҳарчаларда ваҳимали гап-сўзлар тарқалди. Почта ташувчи чаналар қуроллантирилди, милтиқсиз ҳеч ким кўчага чиқмайдиган бўлди. Учала йиртқич бегона жойда аввалига бироз ҳайиққан бўлишса-да, шундай ажойиб ўлжадан сўнг ўзларини қўйиб юборишди; улар энди ҳар қачонгидан кўра таптортмас бўлиб, қишлоқ ҳовлиларидан биридаги молхонага куппа-кундузи ҳужум қилди. Тор оғил бир зумда ари уясидек тўзиди, сигирлар аянчли мў-мўлар, ёғоч қўралар қарсиллаб синар, от туёқлари ерни титратиб дупурларди. Бироқ бу гал одамлар етиб келди. Бўриларни ким ўлдирса, унга мукофот эълон қилинган, бундан деҳқонлар жасоратига жасорат қўшилганди. Улар шу заҳоти икки бўрини тинчитишди, бирининг бўғзига ов милтиғидан отилган ўқ теккан бўлса, бошқасини ойболта билан бир ёқлик қилишди. Учинчиси чап бериб қочиб қолди, жони ҳалқумига келиб, қор устига қуламагунга қадар орқа олдига қарамай югурди. Бўрилар ичида у энг навқирони, энг келишгани эди, шу билан бирга бу мағрур жонивор бақувват, кучли, эпчил ва чаққон ҳам эди. У оғир-оғир нафас олиб, узоқ ётди. Кўз ўнгида қонли қизил доиралар гир-гир айланар, оғриқ азобидан аҳён-аҳёнда тўлғаниб қўярди. Елкаси ойболта зарбидан жароҳатланган. Барибир бир оз тин олгач, у яна ўрнидан қўзғалди. Шундагина у жуда узоқ масофага югуриб борганига амин бўлди. Атрофда на бирон уй, на одам зоти кўринарди. Рўпарасида қалин қор босган тоғ савлат тўкиб турарди. У Шассерал тоғи эди. Тоғни айланиб ўтишга аҳд қилди. Ташналик азоби устун келиб, бўри қорнинг музлаган устки қатламидан бир парча синдириб еди.
Тоғнинг нариги томонига ўтган ҳам эдики, у бир қишлоққа дуч келди. Кеч кириб борарди. Бўри қалин ўсган арчазор ичига кириб, нафасини ростлади. Қишлоқ молхоналарининг илимилиқ ҳиди димоғига урилди-ю, аста боғқўралар устидан ошиб ўтди. Кўчада ҳеч зоғ йўқ. Оғзидан сўлаги оқиб, қўрқа-писа ўзини уйлар орасига урди. Шу заҳоти ўқ овози янгради. У ўзини тутиб, энди югурмоқчи бўлган ҳам эдики, қарсиллаб иккинчи ўқ узилди. Оқиш қорнининг қуйи қисмидан йирик қон томчилари тирқирай бошлади. Бўри бор кучини тўплаб, ҳаккалай-ҳаккалай ниҳоят, нариги тарафдаги тоғ бағрида жойлашган ўрмонзорга етиб борди. У ерда бир зум теварак-атрофга диққат билан қулоқ солди, иккала тарафдан ҳам одамларнинг овозлари ва қадам товушлари эшитилди. Қўрқа-писа тоққа разм солди. Тоғ нишаб, сердарахт, унга чиқиб бориш анча мушкул эди. Бироқ бошқа йўл ҳам йўқ эди. Бўри нафаси бўғзига тиқилиб, қия тоғ бағрига қапишганча аста юқорига ўрмалаб чиқа бошлади, пастда эса яқинлашиб келаётган оломоннинг ғала-ғовур овозлари эшитилиб, дам-бадам фонуслар ялтиллаб қоларди. Ярадор бўри нимқоронғу арчазордан дир-дир қалтираб юриб борар, ярасидан жигарранг қон тизиллаб отиларди.
Совуқ сал ташлади. Ғарб томондан осмон ғуборли эди – бу қор ёғишидан дарак эди. Ҳолдан тойган, тинка-мадори қуриган бўри ниҳоят бир амаллаб тепаликка чиқиб олди. У энди Моnt Crosin деган жой яқинида, ўзи аранг қочиб чиқиб келган қишлоқ узра чўзилган қия, қалин қор билан қопланган кенг майдонда турарди. Очликни сезмас, бироқ жароҳати симиллаб оғриб, қаттиқ азоб бераётганди. Осилиб қолган бўғзидан аста, билинар-билинмас нидо келди, юраги оғир ура бошлади, муқаррар ўлим зилдек босиб келаётгандек туюлди. Шунда бехосдан шохлари тарвақайлаб ўсган ёлғиз арчага кўзи тушди; арча тагига бориб, ғира-шира тун қаърига маъюс тикилиб қолди. Орадан ярим соат вақт ўтди. Кутилмаганда қор устида ғалати ва майин, хира қизил нур пайдо бўлди. Бўри инграб, жойидан қўзғалди, ёруғлик томон интилди. Бу жануби-шарқ томондан катта ва қип-қизил бўлиб чиққан, тунги осмон узра тобора кўтарилиб келаётган Ой нури эди. Анча вақтдан бери у бу қадар қизариб, тўлишмаганди. Аста-секин жон таслим қилаётган жонивор хира, туссиз Ой гардишига маъюсланиб боқаркан, заиф хириллаган овозда увиллаб қўйди, овоз сассиз тун қаърига сингиб кетди.
Ҳадемай қўлларида фонус кўтарган одамлар етиб келди. Қалин пальто кийган деҳқонлар, бошларига мўйна телпак, оёқларига иссиқ пайпоқли этик кийган овчилар, йигит-яланглар қорни бир-бир босиб, яқинлашиб келишарди. Ҳамма шодон қийқириб юборди. Ҳаром қотаётган бўрига кўзлари тўйиб, унга икки марта ўқ узишди, иккала ўқ ҳам нишонга тегмади. Кейин келиб кўришсаки, ўзи жон талвасасида ётибди. Улар таёқ ва сўйилларини ўйнатиб, бўрига ёпирилишди. Бўри буни ортиқ сезмади ҳам.
Тилка-пора бўлган бўри жасадини Санкт Иммер томон судраб олиб кетишди. Ҳаммалари кулишар, бир-бирларига мақтанишар, ароқ ва қаҳва ичиб, хурсандчилик қилишар, ашула айтишар, сўкинишарди. Қалин қор қоплаган гўзалликни, баланд ясси тоғ ёғдусини, ов милтиқларининг миллари, биллур қор зарралари ҳамда ўлдирилган бўрининг сўник кўзларини ғира-шира ёритиб, Шассерал тоғи узра осилиб турган ёруғ Ойни эса ҳеч ким кўрмас эди.

Олмон тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси