Ги де Мопассан. Янги йил совғаси (ҳикоя)

Жакюз де Рандал уйида бир ўзи тушлик қилар экан, хизматчисига ташқарига чиқиб келиш эҳтимоли мавжудлигини билдириб қўйди. Сўнг иш столига ўтириб мактуб ёзишга киришди. У ҳар йилнинг охирида шу анъанани бажарар эди: ўтириб ёзар ва орзу қиларди. Жакюз ўтган янги йил кунини хотирлади: барча одамлар унутилган. Дўстларининг қиёфаси кўз олдида кексайиб ўзгариб бормоқдайди. У барча ошналарига биринчи январь куни ўқиладиган янги йил табригини бита бошлади.
Жакюз тортмани очиб, ичидан суюклисининг суратини олди ва унга бир зум тикилиб ўпиб қўйди. Кейин оппоқ қоғозга бироз қараб турди- да, ёза бошлади.
“Азизим, Ирен.
Бу гал юборган митти сувениримни олгандирсан. Бугун ўзимни сенга шу гапни айтиш учун тайёрлаб келдим…»
Жакюзнинг қўли титраб кетди ва ўрнидан туриб хонани кеза бошлади. У охирги ўн ойдан буён севги асирига айланганди. У ўша аёлни жуда яхши кўриб қолганди. У албатта, ёш йигит эмасди, лекин ўзини ҳамон ёшлардек тутарди. Хуллас, у эҳгиросларини сарҳисоб қилганидек, бугун ҳам узилишиб кетган дўстларини ҳамда ҳаётига кириб келган янги одамларни ҳисобларди. Унинг севгидаги ғайрати аста-секин тинчликка чўма бошлаганди. У ўзидан юрагимда аслида кимга нисбатан ҳақиқий севги бор деб сўрар, бунга жавоб эса ўша аёл бўлиб чиқар, эркак келажакда нима бўлишини ўйларди. У бирдан қалбида чуқур ҳурмат, миннатдорлик ва нафисликни ҳис этди.
Эшик қўнғироғи Жакюзнинг хаёлини бўлди. Иккиланиб қолди: эшикни очсинмикин? Лекин янги йил кечаси ким бўлмасин эшикни очиш лозим, деган гапни эшитгани учун нима бўлса ҳам очишга қарор қилди. У қўлига шамчироқни тутиб, узун йўлак бўйлаб кета бошлади. Калитни бураб, эшикни очиши билан ташқарида Иреннинг деворга суянганча мурдадек оппоқ юзига кўзи тушди.
Эркак шивирлади:
— Сенга нима бўлди?
— Ёлғизмисан? — саволга савол қайтарди аёл.
— Ҳа.
— Хизматкорларинг-чи?
— Улар йўқ.
— Ташқарига чиқмасмидинг?
— Йўқ.
Аёл ичкарига кирди, Жакюзнинг димоғига ўша қадрдон ис урилди. Меҳмонхонага киргач, аёл диванга аста чўкди ва юзини эркакнинг қўлига босганча, йиғлаб юборди.
Эркак унинг оёқларига тиз чўкди, аёлнинг юзини кўлларига олиб шивирлади:
— Ирен, Ирен, сенга нима бўлди, гапирсанг- чи? Ўтиниб сўрайман, менга барини айт.
Аёл йиғламсираганча, секин деди:
— Бошқа бу аҳволда яшай олмайман.
— Бу аҳволда… нима деганинг бу?
— Ҳа, яшай олмайман. Мен жуда кўп сабр қилдим. У менга бугун қўл кўтарди.
— Ким? Эрингми?
— Ҳа, ўша.
— Оҳ!
Жакюз асабийлашди, унинг эрини бунчалик бешафқатлигидан ларзага тушди. Иреннинг эри шу дунё кишиси, юқори табақадан, бир клубнинг эгаси бўлиб, отлар жинниси, ҳамма ерда маълум ва машҳур, шу билан бирга билимли ва ниҳоят анъаналарга содиқ бир киши эди. У бошқа бадавлат ва ҳотамтой инсонлар каби ўзини оиласига жуда меҳрибон кўрсатар эди. Лекин аёлининг хоҳишлари, соғлиғи, кийим-кечаги билан иши бўлмас, ташлаб қўйганди.
Жакюз аёл билан дўстлашгач, ҳар бир эр аёлига унинг дўстлари билан мулоқотига рухсат берилишига эришган ҳамда аёл билан бемалол суҳбатлаша оларди. Гарчи эркак ичидан аёлни севса-да, уйида жанжал бўлишини асло истамас эди.
— Нимадан бошланди, айтиб бер,— сўради эркак.
Аёл узун ҳикоясини бошлади: тўйларини, илк келишмовчиликларини, катта жанжалларни, сўнг эрининг жиззаки ва қўполлашиб кетганини, ҳозир эса унинг Жакюздан беҳуда рашк қилиши ва қўл кўтаришларини сўзлаб берди.
Аёл гапнинг сўнггида қўшиб қўйди:
— Мен унинг ёнига қайтмайман. Сенинг олдингга келдим.
Эркак аёлнинг қўлидан тутиб гап бошлади:
— Азизим, сен катта хато қилгансан. Агар эрингни мана шу хатоси билан ёлғиз қолдирар экансан, ҳеч нимага эришолмайсан.
Аёл хавотирланиб сўради:
— Хўш, унда қандай маслаҳат берасан?
— Уйга қайтгин-да, худди ўша жанжалли кунлар бошланмасидан илгари қандай юрган бўлсанг, ўзингни шундай тут.
— Сен сўраётган нарса ёлғон-ку, ахир?
— Йўқ, бу ақлли аёлнинг иши. Муносабатларнинг риштаси сенга боғлиқ. Сен барчасини йўқотмаслигинг лозим.
Аёл ўрнидан турди ва ғазабкор пичирлади:
— Хўш, майли. Бу ерда ортиқ қололмайман. Бари тугади, тугади!
Кейин қўлини эркакнинг елкасига қўйиб сўради:
— Мени севармидинг?
— Ҳа.
— Чинмиди?
— Ҳа.
— Унда нега ёнингда олиб қолмайсан?
— Ёнимда? Бирга? Бу тентаклик. Унда сени йўқотаман. Бари умидлар тугайди.
— Тингла, Жакюз. У мени сен билан бошқа кўришишимни тақиқлади. Мен бошқа уйингга қайтиб келмайман. Бу сўнгги қароринг бўлади: кетайми ё қолайми?
— Азизим, Ирен, агар ажрашсанггина сенга уйланаман.
— Ҳа, уйланасан — ниҳоят икки йилдан сўнг ажрашолсам. Сен жуда сабрлисан-ку, ахир! — кесатди аёл.
— Менга қара! Мен эртага эринг келиб сени олиб кетишига чидай олмайман, тушунсанг-чи, қонун у тарафда.
— Мени уйингда сақла демаяпман, Жакюз. Қаергадир қочиб кетамиз. Мени жуда севасан, деб ўйлабман. Хато қилдим. Хайр.
Аёл эшик томон жадап қадам ташлади.
— Тўхта, Ирен!
Аёл унга ўгирилиб қарамади. Унинг кўзлари ёшга тўла эди:
— Мени тинч қўй!
Эркак уни мажбурлаб ўтирғизди ва юқоридаги гапларини яна тушунтира кетди. Аёлнинг жим ва бепарволигини кўриб, унга ялинди, тушунишини истади.
Жакюз гапириб бўлгач, аёл тилга кирди:
— Энди мени тушуниб жим кетишимни истарсан? Қўлингни ол, оёқларимга ҳам тегма.
— Менга қара, Ирен.
— Қўйиб юборасанми, йўқми?
— Ирен, бу қатьий гапингми?
— Қўйиб юбор.
— Бу сўнгги сўзингми, дедим?
— Ҳа, энди қоч, мен кетай.
— Кетмайсан. Майли, эрта тонгдаёқ бу ердан кетамиз.
Аёл оғир гап бошлади:
— Йўқ, энди кеч. Мен истамайман.
— Кетма! Мен бурчимни бажараман. Сен айтган нимаики бўлмасин, барини бажараман.
Аёл унга узоқ тикилиб турди ва сўради:
— Унда менга тушунтир.
— Нимани тушунтирай, айт?
— Ҳаммасини. Фикрингни ўзгартирган нарсани. Кейин мен нима қилиш кераклигини айтаман.
— Ҳеч нимани ўзгартирмадим. Сен ташлаб кетаётганингдан қўрқдим, холос.
— Бу фикрни шунчалик тез ўзгартиришга қодир эмас.
— Мени тингласанг-чи, азизим. Бу савол билан бир нима ўзгариб қолмайди. Сени севиб қолганимни тушунганимда, ўзимга шу гапни айтганман: кимки бир аёлни севиб қолса, унга эришиш учун барига тайёрлигини бўйнига олиши лозим.
— Никоҳ бу — улкан ижтимоий баҳо, улкан ҳуқуқий баҳо, менинг кўзларимдаги туйғу эса қалб баҳоси.
— Нима бўлса ҳам, ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан эрига боғланган аёл, агар уни севмаса, юраги ўзгада бўлса, унга ғамхўрлик қиладиган инсони бўлса, эркак ҳам уни деса ҳам барибир улар ўзларини тутқундек сезишади.
— Агар уларнинг иккиси ҳам виждонли бўлсал ҳар қандай тўсиқлар ва одатларни енгиш керак.
— Аёл таваккал қила олади. Чунки у бор юраги билан, виждони билан, ҳаётини тикиб, барча қийинчиликларга олдиндан тайёрланиб, баридан воз кечишга рози бўлиб севади. Эркаклар ҳам бунинг қадрига етиб, барига тайёр туриши лозим. Бошқа айтадиган гапим йўқ. Ҳали турли мажбурият ва қўрқувга берилган инсон эдим, ҳозир эса қаршингда фақатгина сени севгувчи инсон турибди.
Аёл жилмайди:
— Мен алдадим, азизим. Ҳеч нима содир бўлмаганди. Эрим бешафқатлик қилмаганди. Лекин мен билишни жудаям истадим: Янги йилда менга юрагингдагиларни айта олмармикинсан. Шуни билмоқчийдим. Мана, иқрорингни эшитдим. Энди ҳаётимни ўзгартириш фурсати келди. Бугун бахтлиман, янги йил менга ҳақиқий муҳаббатимни топиб берди…

Инглизчадан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси