Одамлар уни Кўркам Сигнолес деб аташарди. Унинг асл тўлиқ исми эса Вискаунт Гонтран-Жозеф де Сигнолес эди.
Сигнолес етим бўлишига қарамай, қорнини боқса етадиган даромад топар, ўз аравасини ўзи бемалол торта олади, дер эди уни билганлар. Ҳа, Сигнолеснинг чинданам омади бор эди, табиат унга келишган қадди-қомат ато этганди, бунинг устига яхшигина файтун-аравага ҳам эга эди, гапирганда сўзларни чунонам қойиллатиб ишлатардики, ақлингиз шошиб қоларди, юрганида эса худди аслзодалардек виқор ва салобат ила қадам ташлар, мулойим қайрилган мўйлаби ҳамда гапга чечанлиги билан аёлларни ўзига ром қилиб олганди.
Лекин бахтга қарши Сигнолеснинг тайин бир бошпанаси йўқ эди, у тинмай меҳмонхонама-меҳмонхона кўчиб юрар, шунга қарамай, одамлар орасида, эҳтимол дўст-душмани олдида ҳеч паст кетишни истамас эдими, ҳартугул, кибру ҳаво билан қоришган сунъий табассумни юзига ниқоб қилиб юрарди. Севги бобида эса, о, ким билсин, Сигнолес қанча севги достонларини бошидан кечирган экан, нима бўлган тақдирдаям, у ўспиринлик давриданоқ аллақачон тараллабедод турмуш тарзини бошлаб юборганди. Йигит кўркам ҳусни ҳамда балонинг ўқидай ақли билан ана шундай эркин, беғам-беташвиш кун кечирарди. Дарвоқе, у жуда зўр мерган сифатида ҳам эл оғзига тушганди, ҳали-ҳануз тўппонча билан ўқ узишда унинг олдига тушадигани топилмасди.
“Мен дуэлга чиқадиган бўлсам”, – дер эди у чираниб, “энг биринчи навбатда тўппончаларни танлаб оламан. Айнан тўппонча билан ўз рақибимни сўзсиз ер тишлатаман!”
Бир оқшом у икки дўстининг ёшгина хотинлари билан театрга борди, албатта, дўстлари ҳам у билан бирга эди, томошадан кейин Сигнолес улфатларини Тортони кафесига музқаймоқ егани таклиф этди.
Ўтирганларидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай, Сигнолес қўшни столдаги бир жанобнинг ёнидаги аёллардан бирига сурбетларча тикилиб ўтирганини сезиб қолди. Аёл бироз ўнғайсизланди, сўнг батамом ҳижолатга тушди-да, охири бошини эгиб олди. Оқибатда чидолмасдан эрига айтди:
“Анави ерда бир эркак боядан бери мени таъқиб қиляпти. Аммо мен уни танимайман; қара-чи, балким сенинг бирон-бир танишингдир?”
Ҳеч нарсани пайқамаган эри атрофга бир қур кўз югуртириб чиқди-да, бепарво: “Йўқ, бунақа нусхани умримда кўрган эмасман”, – деб қўйди.
Ярим кулгу, ярим жаҳл аралаш аёл хитоб қилди: “Жуда жонимга тегди; бу ҳайвон ҳатто еяётган музқаймоғимни ҳам ҳаром қиладиган бўлди!”
Эр индамай, елкасини қисиб қўя қолди.
“Ҳадеб эътибор қилавермасанг-чи, ҳар битта учратган бунақа довдир-совдирларга аҳамият бераверганинг билан барибир уларни ҳеч қачон тўғрилай олмайсан”.
Бироқ айни шу лаҳзада сира кутилмаганда бирдан Вискаунт Сигнолес сапчиб ўрнидан турди. У бегона қандайдир кишини деб, қизғин меҳмоннавозлиги бузилишига индамай қараб ўтиролмас эди. Бу сурбетлик унга ҳақоратдай бўлиб туюлди, тағин келиб-келиб Вискаунт ўз чўнтагидан пул чиқариб, дўстлари билан бир яйраб ўтирай, деганида ҳам шунақа иш юз берадими, шунинг учун эркакнинг қилиғи даврадаги ҳеч кимга оғир ботмаса-да, Сигнолеснинг нафсониятига жуда тегиб кетди.
У тўғри ўша жанобнинг олдига борди-да, шартта юзига айтди:
“Жаноб, менинг ёнимдаги хонимларга кўзингизни лўқ қилиб ўтиравермасангиз, камина ўрнимда ўтиролмаяпман. Марҳамат қилиб, ўз жойингизни билиб ўтирсангиз”.
“Тилингни тий, бола”, – дея Сигнолесни қайириб ташлади ўша жаноб.
“Ҳаддингиздан ошманг!”- Сигнолеснинг тепа сочи тикка бўлиб, тишларини ғичирлатди. “Сиз мени ҳам одоб доирасидан чиқишимга мажбур қилаяпсиз”.
Шу топда жаноб бир оғизгина шундай ёмон гап билан жавоб қайтардики, бу гап кафенинг бу бурчагидан-у бурчагигача акс-садо бериб, жаранглаб кетди ва бир сониянинг ўзидаёқ кафеда жам бўлган ҳар битта одамни сескантириб юборди. Ўтирганларнинг аксарияти жаноб тарафга ўгирилиб қарашди, қолганлар ўтирган жойларидан бўйинларини чўзиб, ҳақорат айтгувчига кўз ташладилар; уч нафар официант ҳам қўрққанларидан оёқ учида ғимиллар, бояги икки нафар хоним эса бебилиска кафедан тезроқ чиқиб кетишни кўзлаб, худди дастаги битта бир жуфт автомат қуроллари каби бир-бирларидан ажрала олмай, ғалати типирчилаб қолишди.
Кафе ичига нафасни бўғадиган совуқ сукунат чўкди. Шу вақт тўсатдан ҳавода ўткир гумбурлаган овоз янгради: Вискаунт Сигнолес рақибининг қулоғига боплаб зарба берганди. Одамлар югуриб келиб уни ушлаб қолишди. Аламзада рақиблар қасдларини ундириб олиш учун бир-бирларига ташриф қоғозларини қолдириб кетишди.
Вискаунт меҳмонхонага келиб ҳам тинч ўтиролмади, катта-катта қадамлар билан алла-паллагача хонасида у ёқдан-бу ёққа бориб келаверди. Ўй ўйлайвериб, калласи шишиб кетди. Миясига биргина сўз маҳкам ёпишиб қолганди: “дуэл”, аммо тўсатдан бу фикрнинг энди ҳеч зарурати йўқдай бўлиб туюлди. Сигнолес одамгарчилик юзасидан аёлнинг шаънини ҳимоя қилиб, ўчини олиб бўлди, қолаверса, у одамларга илгаридан қўлидан қанақа ишлар келишини кўрсатиб қўйганди. Лекин барибир одамлар тилида ҳамиша Вискаунт Сигнолес номи жаранглаши шарт, улар фақат Сигнолеснигина олқишлашсин, фақат Сигнолеснигина қутлашсин! Йигит руҳи тушиб, аламидан чиқолмаган одамдай ночор ўзини-ўзи олқишлаб, хитоб қилди: “Қандай довюрак йигит экан-а!”
Шу гапни айтиб, стулга оғир чўкди-да тағин ўйлай бошлади. Эртага тонгданоқ у ўзига секундантларни топиб қўйиши зарур. Секундантликка кимларни танласа бўларкин-а? Сигнолес хаёлида таниш-билишлари орасидан энг номи чиққан, энг машҳурларини қидириб кетди. Ваниҳоят у зодагон Маркес де ла Тур-Нойр ҳамда ҳарбий полковник Бурдинларни чақиришга қарор қилди, ҳа, бу ишни фақат шу икки кишигина маромига етказиб қўя олади. Газета саҳифаларида ҳам уларнинг номи тиниқ кўринади. Сигнолес чанқаганини сезди-да, бирин-кетин уч стакан совуқ сув ичди; кейин яна бўзчининг мокисидай у ёқдан-бу ёққа юришда давом этди. Билагида куч-ғайрати қайнаб-тошар, ўзини қўярга жой тополмасди. Мана у мард бўлиб, ўчини олиш учун энг хавфли, энг таҳликали келишув – жиддий талаб, ҳар томонлама қўрқинчли дуэлни рақибидан талаб қилиб туриб олди, демак, марра уники, рақиб ўз-ўзидан кечирим сўраб, ортга чекинади.
Сигнолес киссасидан ташриф қоғозини чиқариб, унга яна бир марта кўз ташлади-да, стол устига итқитиб юборди, салдан кейин қоғозни олдиндан, худди кафе ичидаям, ҳар қадамидаям, таксида келаётиб ҳам, йўлида учратган ҳар битта лампа нуридаям олиб ўқигани каби тағин ташрифномани ҳижжалади.
“Жоржес Ламил, Монсей кўчаси, 51-уй”. Тамом. Бошқа гап йўқ.
Сигнолес ташрифномадаги ҳар бир ҳарфни синчиклаб текширди, ҳарфлар унга негадир сирли, айқаш-уйқаш бўлиб кетгандай бўлиб кўринди. Жоржес Ламил? Ким у? Нима иш қилади? Нега у бояги хонимга ҳалигидақа қараш қилди? Атига аёл кишига шунчаки термулиб қўйгани учун мана энди, ҳаётида учратмаган қандайдир бегона киши кўнглида исён алангасини қўзғаб ўтирибди-я. Вискаунт баланд овозда яна такрорлади:
“Қандай довюраклик!”
Сигнолес ўйларига ғарқ бўлганча битта жойда кўзларини таклифномага қадаганча туриб қолди. Шу бир парчагина қоғоз унинг руҳида кучли қаҳру ғазаб уйғотди, бу ғазаб тобора кўтарилиб, бутун аъзойи баданини эгаллай бошлади. Энди мана бу аҳмоқликни кўринг! Сигнолес олдида турган ош пичоқни юлқиб олди-да, худди тирик одамнинг ўзига ургандай қоғозда ёзилган исм устига қаттиқ санчиб юборди.
Йўқ, Сигнолес барибир қасдини олади! Қилични танласинмикан ё тўппонча маъқулмикан, а? – ахир Сигнолес зиёфатдан ҳақорат еб, дили хуфтон аҳволда қайтди-ку! Бинобарин қилич билан аламини олиши бироз гумон бўлиб қолади, тўппонча бўлса бошқа гап, тўппонча ишлатилса душман ўз-ўзидан даф бўлади. Устига устак, қилич фойдаланилган дуэллар жуда кам ҳолларда ҳалокатли якун топади, яқин масофада турган ҳар икки рақиб ҳам ўзаро эҳтиёткорликка таянган равишда қилич еб қолмасликлари учун имкон қадар ҳушёр туришади. Тўппонча билан эса Сигнолес ажал шарпасини бир сониянинг ўзидаёқ ҳозиру нозир қилишига зиғирча шубҳа қилмайди; бироқ Сигнолеснинг ўзи-да ҳар қанақа вазиятда ҳам нишон бўлиб қолмаслик ва ўққа тутилмаслик учун уддабурон туриб бериши керак.
“Дадил бўлишим шарт!”- деди у ўзига-ўзи. “Ўша Жоржес Ламил деганлари мендан қўрқиши шарт!”
Лекин Сигнолес шу топда ўзининг овозидан ўзи қалтираб кетиб, атрофига аланг-жаланг қилди. У ўлгудай асабийлашаётган эди. Графиндан яна бир стакан муздай сув қуйиб ичди-да, ухлаш учун ечина бошлади.
Каравотига чўзилиб, чироқни ўчирди-да, кўзларини маҳкам юмиб олди.
“Эртага бир дунё ишларим бор”, – дея ўйлай кетди у. “Қиладиган ишларимни бир режага солиб олишим зарур. Яхшиси, ҳозир мизғиб ола қолай, уйқу одамни анча хотиржам қилади”.
Иссиқ чойшабига ўралганча қизиб ётишига қарамай, Сигнолеснинг барибир титроғи босилмади, уйқуси ҳам келмади. Ётган ерида гоҳ у ёнбошига, гоҳ бу ёнбошига ағдарилар, беш-ўн дақиқа осмонга қараган ҳолатда ётиб кўрарди.
Диққинафас бўлаверганидан Сигнолеснинг охири томоғи қуриб қолаёзди. Озгина сув ичиб олай, деб қалтираганча ўрнидан турди. Ҳалиям ғалати бир хавотирлик, саросималик ҳисси бутун руҳини эгаллаб олганди:
“Ажабо, мен ҳам қўрқишим мумкинми?”
Бўлмаса нима учун ҳатто ўз хонасидаги ҳар битта таниш товушдан ҳам юрак-жони телбаларча гурс-гурс уриб кетаяпти? Ҳатто соатнинг бир маромда чиқиллаши ҳам Сигнолеснинг юрагида кўтарилган қасос нидосини ожиз чийиллаган товушга ўзгартириб қўйди, йигит шундай титрай бошладики, ахийри нафас олиши учун оғзини каппа-каппа очишга тўғри келди.
Сигнолес ичида ғалаён қилаётган қўрқув сабабини қидира бошлади: “Мен қўқрқаяпманми, мен-а?!”
Йўқ, асло, Вискаунт Сигнолес заррачаям қўрқмайди, модомики, унинг ўзи бўлиб ўтган можарога нуқта қўйишга қарор берган экан ва жангга киришни ҳам ўзи тайинлаб қўйган экан, ноўрин титраб-қақшашига ҳам асло ўрин йўқ!Лекин барибир Сигнолес чуқур тушкунликка тушиб борар, ўзига-ўзи ҳайрон бўларди:
“Ажабо, одам ўзидан ҳам қўрқадими?”
Шу онда у айнан шу гумон, хавотир ва ваҳима ичида бирдан бошини деворга тақ этиб уриб олгандай таққа тўхтаб қолди, йигит ўзича фараз қилишга уриниб кўрди, айтайлик, қарши куч ундан кўра баландроқ, кучлироқ чиқиб қолиб, Сигнолесни енгиб чиқса, унда нима бўлади? Ахир ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин-ку?! Майли, Сигнолес ўша учрашув жойига ўзига буткул ишонган ҳолда мағрур бўлиб боради ҳам дейлик. Бироқ у тўсатдан яна титраб-қақшай бошласа-чи? Эҳтимол ҳушидан кетиб қолар? Бечора Сигнолес, унинг кўз олдидан бир зумда томошабин одамлар галаси, обрў-эътибори, баландпарвоз номи бир-бир ўтди.
Ички бир туртки билан оёққа қалқди-да, кўзгу қаршисига келиб ўзига боқди. Ёруғроқ бўлсин деб, хонадаги шамни ҳам ёқиб қўйди. Нигоҳи кўзгудаги юзига тушганида Сигнолес ўзини базўр таниди, у гўё минг йиллардан буён ўзини энди кўриб тургандай эди. Негадир кўзлари катта-катта бўлиб кетган, юзи ҳам бўздай оқариб кетган, ҳа-ҳа, ишонаверинг, ранги мурданики сингари оппоқ эди. Сигнолес кўзгу олдида алла маҳалгача тик тураверди. Касал-пасалмасмиканман, деб тилини чиқариб кўрди, худди шу пайтда бирдан калласига ўқдай келиб урилган сўздан суяк-суягигача музлаб кетди:
“Ё, Худо, ахир эртадан кейин, айни шу соатда мен ўлган бўлишим ҳам мумкин!..”
Сигнолеснинг юраги яна аввалги қутургандай уришини бошлади.
“Ҳа, ҳа, эртадан кейин, айни шу вақтда, шу сонияларда мен ўлган бўлишим мумкин! Мана шу кўзгудан менга тикилиб турган одам бошқа ҳаётда мавжуд бўлмайди. Нимага, ахир мен манаман-ку, ўзимга тикилиб турибман-ку, борлигим, тириклигимни биламан-ку, аммо, аммо йигирма тўрт соатдан сўнг шу каравот устида кўзларимни юмганча, жонсиз, марҳум бўлиб ўлиб ётишим ҳам мумкин”.
Сигнолес каравоти томонга ўгирилиб қаради-да, эндигина ўзи турган чойшаблар ичида ўлиб ётганини аниқ-тиниқ кўрди. Ана, юзи жасадники сингари кўкариб кетган, қўллари бўм-бўш, ҳа, мана шу қўллари ортиқ ҳаракатга келмайди энди.
Йигит ўзининг каравотидан ўзи қўрқиб кетиб, бу даҳшатли манзарадан қутулиш учун чекиш хонасига кириб кетди. Беихтиёр сигарасини чиқариб ёқди-да, яна у ёқдан-бу ёққа бориб-келаверди. Охири Сигнолес совқотиб кетди, хизматкорни уйғотиш учун қўнғироқни чалмоқчи бўлди-да, дарров бу фикридан қайтди.
“У мени қўрққан аҳволимда кўриб қолади”.
Сигнолес қўнғироқ чалмай, яна сигара тутатди. Қалтироқ қўллари нимага тегмасин, тинмасдан асабий титрайверди. Бутун мияси ғувиллар, даҳшатли, пароканда ўйлари чувалашиб борар, маст бўлмаса-да худди маст одам каби чайқалганча ҳаракат қиларди.
Унинг хаёлида биргина ўй чарх урарди:
“Энди нима қиламан? Менга нима бўларкин?”
Бутун оёқ-қўли тўқмоқлангандай титрар экан, Сигнолес нима қилишини билмай, дераза олдига бориб пардаларни кўтариб қўйди.
Ташқарида яна бир ёз тонги отиб келмоқда эди. Нимпушти осмон бутун шаҳарча узра, уйларнинг томлари, деворлари узра тегай-тегай деб, бағрини кенг керганча ёйилиб турарди. Кўтарилаётган қуёшнинг гўёки бир эркаси каби заррин тўкилаётган нур эндигина уйқудан турган дунёни қучоқлаб олгандай эди; кутилмаганда айнан шу нур Вискаунт Сигнолеснинг ҳам юрагида шодон, ёруғ бир умид учқунини ёндириб ўтди! Нима энди, Вискаунт Сигнолес эсини ебдими, ҳали ҳеч нима тайин бўлмасдан аввал қўрқувга ўзини бериб қўйсинми, секундантлари билан бирга ўша Жоржес Ламил деганларини кўриб, унга очиқ майдонга чақирганини билдириб қўйишдан олдин ўзи ортга чекинсинми?
Сигнолес шу фикр билан бироз тинчланди-да, ювиниб кийинганча шахдам қадамлар билан ташқарига чиқди.
Тез-тез юриб борар экан, ўзига-ўзи такрорлаб кетаверди:
“Маҳкам бўлишим керак, жуда маҳкам бўлишим керак. Қўрқоқ эмаслигимни кўрсатиб қўйишим шарт!”
Сигнолеснинг секундантлари Маркс билан Полковник ҳам келишувга мувофиқ айтилган жойга етиб келишганди, дўстона қўл сиқишдан кейин улар вазиятни мунозара қила бошлашди.
“Чинданам дуэлга жиддий чақирдингизми?”- деб сўраб қолди Полковник.
“Ҳа, жуда жиддий чақирдим”, – деб жавоб берди Сигнолес.
“Сиз ҳалиям тўппончада жанг қиласизми?”- деб сўради Маркс.
“Шундай”.
“У ҳолда дуэлнинг қолган қисмини ўзимиз ташкиллаштириб олишимизга бемалол қўйиб берасизми?”
Сигнолес қуруқ, асабий овозда тушунтира бошлади:
“Биз йигирма қадамга нари кетгач, сизлар бир марта сигнал бериб, қўлингизни кўтариб туширасиз. То биттамиз оғир жароҳат олгунимизча қуролларни алмаштириб бераверасиз”.
“Ҳа, ажойиб режа тузибсиз”, – дея мақтаб қўйди Полковник мамнун оҳангда.
“Отишда сизнинг қўлингиз баланд келади, имкониятингиз зўр бўлади, ишонаверинг!”
Улар ажралишди. Вискаунт уларни ўз уйида кутиб оладиган бўлди. Унинг юрагидаги бесаранжомлик бир-икки дақиқага тинчлангандек бўлди, аммо кўп ўтмай яна кўтарилиб, жунбушга келди. Сигнолеснинг бутун қўл-оёқлари бўйлаб ғалати титроқ, тўхтовсиз қалтираш қоплаб, кўкрагигача ўрмалаб чиқди; йигит битта жойда тек ўтиролмай қолди, у на тинч ўтирар, на тик оёқда тура оларди. Оғзида ҳатто тупугининг нами ҳам қолмаган, ҳар дақиқада қуруқшаган танглайига ёпишиб қолмаслиги учун тилини базўр айлантириб турарди.
Сигнолеснинг қорни оч эди-ю, аммо томоғидан ҳеч нарса ўтмасди. Тўсатдан калласига бироз бўлса-да дадил бўлиб олиши учун ичиб олиш фикри келди-да, ром графини олдига келиб, бирин-кетин олти стаканга тўлдириб қуйилган ликёрни отиб олди.
Қақшаган танаси ичида гуриллаб ёнаётган ўт исканжасида унинг бор ақлу ҳуши ҳам ўча бошлади.
“Нима қилишни мана энди билдим”, – деб ўйлади у. “Мана энди ҳаммаси жойида”.
Бироқ Сигнолес бир соат ичида бутун бир графинни ичиб тугатса ҳамки, ваҳимаси сира босилмай, чидаб бўлмас даражага етиб қолганди. Охир-оқибат оғриққа дош беролмай, ерга думалаганча дод солгудай бўлди. Сигнолес шу аҳволида кунни кеч қилди.
Бехосдан эшик қўнғироғининг жиринглаши унга шундай зарба бердики, Сигнолес ҳатто ўрнидан туриб, секундантларини қарши олиш учун ўзида қилча ҳам куч тополмади.
У эшикдан кириб келган меҳмонларига жилла қурса юрак ютиб гапира олмас, уларга “Хайрли кеч” айтиш нари турсин бир калима сўз тилига келмасди, секундантлар унинг овозидаги ўзгаришдан Сигнолесни қаттиқ қўрқувга тушганини фаҳмлашди.
“Ҳаммаси худди сиз белгилаб бергандек ташкил этилди”, – деб маълум қилди Полковник. “Тўғри, рақибингиз аввалига бироз бўйин товлади, озгина дўқ-пўписа ҳам қилиб кўрди, лекин барибир ноилож талабингизни қабул қилди. Секундантлари этиб, икки нафар ҳарбийни тайинлади”.
“Раҳмат сизларга”, – деди Вискаунт аранг овоз чиқариб.
“Бизларни маъзур тутгайсиз”, – дея гапга аралашди жаноб Маркс. “Биз бир зумга келиб-кетганимиз билан мингта ишни белгилаб олишимиз зарур. Аввало бизга яхши бир доктор керак бўлади, зеро жанг жиддий жароҳат ортмагунича тугамайди, тўппонча ўқлари ҳазил гап эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Борди-ю, ярадор жангчини кўтариб келиш шарт бўлса, ўша ҳудудни ҳам уйга яқинроқ ердан аниқлаб олсак, шунга ўхшаш бошқа-бошқа ишлар…Чинданам, буларнинг барини ташкиллаштириб олиш учун биз камида бир ё икки соат банд бўламиз”.
“Миннатдорман сиздан”, – деб қўйди Сигнолес иккинчи марта.
“Сиз тузукмисиз?”- деб сўради бирдан Полковник ҳушёр тортиб. “Хотиржаммисиз?”
“Ҳа, мен бутунлай хотиржамман, хавотир олманг”.
Иккала эркак чиқиб кетишди. Тағин бир ўзи ёлғиз қолган Сигнолес тўсатдан ақлдан озиб бораётганини англади. Хизматкор кириб, чироқларни ёқиб чиқиб кетгач, Сигнолес стол олдига ўтириб, хат ёза бошлади. Сал-пал ўзига келгач, бир варақ қоғоз тепасига: “Менинг тилагим шу”, деб ёзиб қўйди. Дағ-дағ қалтираганча ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетаркан мияси ҳатто икки фикрни ҳам жамлаб ололмай гангир, на қатъий қарорга кела олар, на бошқа бир чора топа оларди.
Ҳа, майли, нима бўлса бўлар, Сигнолес барибир жангга боради! У учун энди ортга йўл йўқ. Унга нима бўляпти ўзи? Ахир у ўзи-ку, жанг қилишни истаган, шу мақсадга узил-кесил қарор қилган, энди бўлса ўша сониялар келгунича ўзида етарли куч-қувват йиғиб олиш ўрнига қандайдир ваҳимали ўйлар гирдобида эс-ҳушини йўқотяпти. Сигнолес ўзича кўз олдида дуэл манзарасини чизиб, рақиби билан қандай дуч келишини хаёлида гавдалантириб кўрди.
Шу тобда вақт негадир қўрқинчли тарзда ўтарди, Сигнолес арзимаган тиқ этган товушдан ҳам тишлари такиллаб, юраги гупиллаганча урар эди. У ўзини чалғитиш учун озроқ китоб ўқиб кўрмоқчи бўлди-да, Четовилларднинг дуэллар тўғрисидаги қўлланмасини қўлига олди. Тўсатдан Сигнолес ажабланиб туриб қолди.
“Қизиқ, менинг рақибим ҳам ўқ отиш галареяларига бориб турармикан? Номи чиққанмикан? Бирон-бир ерда қайд этилганмикан? Қандай топсам бўларкин-а?”
Сигнолес тўппонча билан ўқ узишда моҳир мерганлар ҳақидаги Барон Ваунснинг китоби ичига шўнғиб кетди, у китобнинг бошидан охиригача кўз югуртириб чиқди. Бахтига Жоржес Ламил номи китобда кўринмади. Аммо бу билан Сигнолеснинг ташвиши босила қолмади, модомики, бу нусха яхши мерган эмас экан, у ҳолда нима сабабдан тўппончадай хавфли қурол ишлатиладиган ҳалокатли учрашувга дарров рози бўла қолдийкан?
Ҳамон ваҳимаси аримаган Сигнолес кичкинагина стол ёнида тик турганча ҳалиям китоб титкилаш билан банд эди, у Гастин Ренетнинг отишмалар борасидаги қўлланмасини ҳам варақлаб чиқди. Шундан кейин китобларни бир четга хомуш ташлади-да, тўппончаларидан бирини қўлига олди, кейин худди дуэл майдонида тургандай қаддини ростлаб олди-да, қуролли қўлини баланд кўтарди. Бироқ Сигнолеснинг бутун оёқ-қўли, ҳатто мускулларигача шундай қалтирар эдики, натижада тўппончадан чиққан ўқлар ҳар тарафга қараб отилиб кетди.
Охири Сигнолес ночор тақдирга тан берди:
“Йўқ, бўлмайди. Бу аҳволда жанг қилолмайман”.
Шўрлик йигит қуролнинг оғзига маъюс тикиларкан, кичкинагина қоп-қора тешик уни ажал томон судраганча, гўё ичкарига олиб кириб кетаётгандай бўлди; Сигнолес шу маҳал шармандаю шармисор бўлишини ўйлаб, юраги орқасига тортиб кетди, клубларда орқасидан бўладиган висир-висир гаплар, меҳмонхоналардаги масхараомуз кулгулар, аёлларнинг кинояли қочирмаларию газета саҳифаларида кўринадиган аччиқ пичинглар – буларнинг ҳаммаси Сигнолесга фақат қўрқоқларгина дуч келадиган шармисорона ҳолатлар бўлиб туюлди.
У ҳануз қўлидаги қуролга тикилганча тураркан, бирдан кичкинагина ялтиллаган қип-қизил чўғ нигоҳини олиб қочди. Омади кулиб қолдими ё илгари эсидан чиққанмиди, ҳарҳолда тўппонча негадир ўқланган ҳолича қолиб кетганди. Сигнолес шуурсиз равишда нимагадир суюниб кетди.
Ахир Вискаунт Сигнолес бегона киши билан юзма-юз келса, у ўзининг жасурлигини намойиш қила олмай қолади-ку, ёлғиз, хотиржам пайтида бўлса бир умрга мард бўлиб йўқолиб кетиши мумкин. Шарманда бўлган йигит иснод тамғаси босилган қиёфада бир умрга жамиятдан қувилиб кетиши ҳам мумкин. Ўшанда йигитнинг бу виқор юришларию бу ғоз туришлари кўз очиб-юмгунча барҳам топади-қўяди; талвасага тушган Сигнолес буни аллақачон тушуниб етган, аллақачон ҳаммасини ич-ичидан сезиб бўлганди. Токи у ҳозир жасур, довюрак экан, токи у жангга киришни ўзи хоҳлаган экан…токи у мард экан, токи…
Бутун миясини айқаш-уйқаш қилиб юборган пароканда ўйлар Сигнолесни тамомила ақлдан оздирди; восвос бўлиб қолган йигит оғзини катта қилиб очди-да, ёввойи бир ҳаракат билан тўппончани томоғигача тиқиб юборди, ана шундан сўнг Вискаунт Сигнолес ортиқ ҳеч нарсани ўйламай тепкини шартта босди.
Кутилмаган қурол овозини эшитиб, хонага чопиб кирган хизматкор Вискаунт Сигнолесни юзтубан ётганча ўлик ҳолида топди. Қип-қизил қон ҳар ёққа сачраб кетган, стол устидаги оппоқ қоғоз ҳам қизариб кетганди, улкан қизил доғ қоғоздаги шу тўрт дона сўз устида қотиб қолганди:
“Менинг тилагим шу”.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси