Дам олиш уйининг муҳташам емакхонаси кечки овқатга ошиқаётган хўрандалар билан аста-секин тўлмоқда эди. Курортлар ва дам олиш уйларида шундай бир эрмак бор, кечки овқат маҳали ҳамманинг кўзи кираверишдаги эшикни кузатиш билан банд бўлади: янги келганларга баҳо берилади, уларнинг кимлигию касб-кори нима экани тахмин қилинади.
Алқисса, ўша оқшом биз ҳам янги қиёфаларни кутмоқда эдик.
Кирганлар икки киши бўлиб, ғайриоддий қиёфали эркак — ота ва аёл — қиздан иборат эди. Уларни кўришим билан кўз олдимга Эдгар Понинг қаҳрамонлари келди. Эркак ниҳоятда новча, қадди бир оз эгик, сочлари ҳали ёш кўринадиган қиёфасига ярашмаган даражада оппоқ эди. Унинг йигирма икки-йигирма бешларга бориб қолган қизи ҳам ўта қотма, лекин паст бўйли, чеҳраси ҳорғин ва синиққан эди. Қизнинг рангпар юзида гўзаллик асарлари кўзга ташланарди. Унинг бу ерга даволаниш учун келганига ҳеч бир шубҳа йўқ эди.
Ота-бола менинг қаршимдан жой олдилар.
Стол атрофида ўтирар эканмиз, эркакнинг қандайдир ғайритабиий, асабий ҳаракатлари диққатимни тортди. Ҳар гал бирор нимани олишдан аввал унинг қўли ҳавода ғалати доиралар чизарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгач, мен зада бўлгандек, кўзимни олиб қочдим.
Жувоннинг овқат пайтида чап қўлидаги қўлқопни ечмагани ҳам эътиборимни жалб этди.
Овқатдан сўнг хиёбонда сайр қила бошладим. Ўша оқшом ҳаво ниҳоятда дим эди. Мен салқин хиёбоннинг у бошидан-бу бошига бориб келмоқда эдим. Ногаҳон, бояги ота-боланинг қаршимдан аста юриб келаётганларини кўрдим. Йўлларимиз тўқнашгач, дам олиш уйларидаги таомилга кўра, улар билан қайта саломлашдим.
— Авф этасиз, тақсир, — деди саломимга алик олиш учун тўхтаган ота. — Малол келмаса шу атрофдаги сайр қилиш учун қулайроқ, хушманзара ерни кўрсатиб юборсангиз…
Уларни ўртасидан кичик бир ирмоқ оқадиган водийга таклиф қилдим.
Кетаётиб, турган гапки, курортларнинг фойдаси ҳақида сўзлашиб бордик.
— Асти қўяверасиз, — деди у. — Қизгинамнинг ғалати касали бор. Бир қарасангиз, ўз-ўзидан асабийлаша бошлайди. Бир қарасангиз, юраги санчийди ёки жигаридан шикоят қилади. Бугун, масалан, ошқозоним оғрияпти, деб нолияпти… Шунинг учун бу ерларга келиб қолдик. Фикримча, ҳаммаси асабдан бўлса керак. Ҳар ҳолда бу нарса мени жуда изтиробга солади.
Эркакнинг асабий хатти-ҳаракатларини эсладим.
— Балки бу ҳол ирсий дарднинг асоратидир? Асабларингиз жойида эканлигига ишончингиз комилми?
У хотиржам жавоб берди:
— Мени айтяпсизми?.. Йўқ-э… асабларим доимо мустаҳкам бўлган. — Кейин сўзида давом этди: — Ҳа-я!
Сиз бирор нарсага қўл чўзганда бармоқларим асабий қалтирашига ишора қиляпсиз, чоғи? Бу ҳол жуда оғир кўргиликни бошимдан ўтказганимдан кейин пайдо бўлган. Қизгинамни тириклайин ерга кўмиб қўйганимни тасаввур қила оласизми?
“Наҳотки!” дея олдим ҳайратга тушиб.
— Қулоқ солинг, — деди ҳамроҳим. — Воқеа бундай бўлган…
Кейинги вақтларда Жюльеттанинг юраги тез-тез безовта қиладиган бўлиб қолган эди. Умидимни деярли узиб қўйган эдим. Кунларнинг бирида уни бадани совиган, жонсиз аҳволда кўтариб келдилар. Қизгинам боғда сайр қилатуриб йиқилиб тушган экан. Шифокор ўлим ҳолатини қайд қилди. Тобутни Лотарингия қишлоқларидан биридаги қабристонга элтиб, оилавий хилхонамизга қўйдик.
Қизимни ўзига атаб тиктирилган никоҳ кўйлагида, ўзим унга совға қилган билагузуклар, маржонлар ва узукларини тақиб тобутга солган эдик. Қабристондан қайтгандан кейинги аҳволимни тасаввур қилиш қийин эмасдир. Ахир, қизалоғимдан бошқа ҳеч кимим йўқ эди. Хотинимнинг вафот этганига кўп бўлган.
Шундай қилиб, ярим телба аҳволда, ёлгиз юриб уйга қайтдим. Нафақат бирон бир ҳаракат қилишга, ҳатто фикрлашга ҳам ҳолим келмай ўзимни ўриндиққа ташладим.
Жюльеттани кийинтиришда менга кўмаклашган, анча ёшга бориб қолган хизматкорим Проспер оёқ учида ҳузуримга кирди ва:
— Хужайиннинг кўнгиллари бирор нимани тусайдими? — деб сўради. Бош чайқаб “йўқ” деган бўлдим. Проспер чиқиб кетди.
Қанча вақт ўтганини билмайман. Хона совиб кетган, каминдаги ўт ўчиб бўлган, деразага совуқ шамол ҳамла қилмокда, мени эса аллақандай қўрқув қамрай бошлаган эди.
Яна талай фурсат ўтди. Кўзларим ҳамон очиқ, аъзои баданим мадорсиз, руҳим сўник эди. Тўсатдан кўча эшикнинг қўнғироғи чалинди. Ўгирилиб соатга қарадим. Соат миллари тунги иккини кўрсатиб турарди. Бемаҳалда ким келган бўлиши мумкин? Қўнғироқ яна икки марта чалинди. Чамаси, эшикни очишга хизматкорларнинг юраги бетламади. Ёниб турган шамни қўлимга олиб, пастга тушдим.
Шаҳд билан эшикни очган эдим, кўзим қоронғиликда арвоҳга ўхшаб турган оқ шарпага тушди.
— Ким у? Сиз… ким бўласиз? — дедим тутилиб.
“Менман, ота”, деган овоз келди.
Ақлдан оздим шекилли, деб ўйладим ва қўлим ҳали сиз кўргандек асабий қалтираб кетди. Ўшандан бери бу қилиқ мени тарк этмайди.
— Қўрқманг, ота, — деди шарпа. — Мен ўлмаган эканман. Қўлимдаги узукларни олиш мақсадида ўғрилар бармоғимни кесишибди, қон оқа бошлаб, ҳушим ўзига қайтибди.
У чиндан ҳам бошдан-оёқ қонга беланиб турарди.
Эс-ҳушимни бир оз йиғиб олгач, ишониб-ишонмай қизимни хонамга олиб кириб, ўриндиққа ўтқаздим. Ўчоққа қайта ўт ёқиш, чой дамлаш ва табиб чақириб келиш каби юмушларни буюриш учун қўнгироқ чалиб, Просперни чақирдим.
Эшикдан кирган Проспер қизимни кўриб, ҳайратдан донг қотиб қолди ва чалқанчасига ағдарилиб, шу заҳотиёқ жон берди.
Хилхонага кирган, тобутни очиб, қизимни жароҳатлаган кимса Проспер бўлиб чиқди. Ишончимни буткул қозонганига амин бўлиб, ҳеч ким шубҳа қилмайди, деб ўйлаган чоғи…
Ҳамроҳим сўзини тутатиб, жим қолди.
Сокин ва кимсасиз водийга қоронги туша бошлаган эди. Бу гғайриоддий кимсалар — бир ўлиб тирилган қиз ва хатти-ҳаракатлари ғалати асабий ота билан ёнма-ён турарканман, хавотирга ўхшаш аллақандай туйғуни ҳис қилдим.
“Қандай даҳшат!” дея олдим, холос.
Шундан кейин биз орқага қайтдик.
Француз тилидан Шоазим Минавваров таржимаси
“Тафаккур” журнали, 1995 йил, 2-сон