Бева аёл Паоло Саверини ўғли билан Бонифачо қўрғони ёнидаги хароба кулбада яшарди. Тоғ этагида жойлашган шаҳарнинг баъзи ерлари шундоққина денгиз устида муаллақ тургандек туюлар, у гўё даҳшатли сув ости қоялари билан ўралган Сардиниянинг олис соҳилларига ўзан узра қараб тургандек эди. Қуйироқдаги қоялар сомон йўлини эслатар, бир қарашда кенг ва узун йўлакка ўхшаб кетадиган ушбу қоялар шаҳарни деярли тўлиғича ўраб олганди. Бу ер порт вазифасини ўтар, шу важдан итальян ва сардиниялик балиқчи қайиқлари, шунингдек, ойига икки марта Аяччога қатновчи эски, буруқсиган кема уйларни шундоққина ёнлаб ўтар, улар ўшшайган қоялар аро узоқ йўл босишарди.
Тоғнинг оқиш манзараси туфайли, бу ердаги уйлар янаям оқариб кўринарди. Ҳатто кемалар ҳам юрак ютиб, зўрға кирадиган бу қўрқинчли дарага узум шохидек осилиб турган уйлар, ёввойи қушларнинг қояга ёпишган инларига ўхшаб кетар эди.
Шамол денгизга тинимсиз човут солар, тўлқинлар ҳамласидан емирилиб адо бўлаёзган, аранг ўт ўсган қирғоқни тортқилагани-тортқилаганди. Тўлқиннинг оқиш, кўпикли ҳошиялари қорайиб турган беҳисоб қояларга ёпирилар, ҳали у ер, ҳали бу ерни тилиб ўтаётган тўлқинлар худди сув юзида бир-бирига урилиб сузиб юрган елкан парчаларидек таассурот қолдирарди.
Бева Саверини яшайдиган уй соҳил бўйидаги қояларнинг энг чеккасида жойлашган бўлиб, учта ойнаси ҳам мана шу ёввойи ва ғамнок манзарага қараган эди.
Кампир бу ерда ўғли Антуан ва ити Семильянта билан бирга яшарди. Бу катта, эти устихонига ёпишган, дағал жунли урғочи ит овчарка зотидан эди. Йигитча у билан овга борарди.
Бир куни кечқурун, жанжал чоғида Антуан Саверинини чавақлаб ўлдиришди, унинг қотили Никола Раволати эса ўша оқшомнинг ўзида Сардинияга қочиб кетди.
Ўткинчилар ўғлининг жасадини келтириб, кекса онасига кўрсатишганда, у йиғламади, жигарбандига қимир этмасдан, узоқ тикилиб турди. Сўнг серажин қўлини унинг жонсиз танаси узра ёйиб, қасос олишга онт ичди. Кампир ҳеч кимни кўришни истамасди: у улиётган ити билан уйга қамалиб олди. Ит марҳумнинг оёқ томонида туриб тўхтовсиз ғингшир, тумшуғини эгаси томон чўзиб, думини қисиб олган эди. Жонивор ҳам онаизорга ўхшаб ҳаракатсиз турар, кампир эса жасаднинг устига хиёл эгилиб, унга нурсиз кўзларини қадаган кўйи унсиз йиғларди.
Дағал мовут курткаси кўкрагидан пичоқ қадалиб йиртилган йигит ерда чалқанча ётар ва худди ухлаётганга ўхшарди. Бироқ унинг ҳамма ёғи: боғлов учун йиртилган кўйлаги, нимчаси, иштони, юзи ва қўллари ҳам қонга беланган эди. Соч- соқолига лахта қон ёпишиб қолганди.
Кекса онаси у билан хаёлан сўзлаша бошлади. Аёлнинг овозини эшитиши билан ит жимиб қолди.
– Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, мен сен учун қасос оламан, болажоним, шўрлик ўғилгинам. Ухла, ухлай қол, мен сен учун ўч оламан, эшитяпсанми? Сенга буни онанг ваъда қиляпти! У эса, ҳар доим сўзининг устидан чиққан, буни биласан.
Шундай деб, у оҳиста эгилди ва совуқ лабларини ўғлининг жонсиз юзига босди.
Шу он Семильянта яна увлаб юборди. Унинг бир маромда – чўзиқ увлаши юракни тилкаларди.
Кампир ва ит тунни шу алфозда ўтказишди.
Эртасига Антуан Саверинини дафн этишди ва тез орада Бонифачода у ҳақда биров эсламай қўйди.
Марҳумнинг на туғишган укаси, на қариндошлари қолган эди. Унинг қасосини оладиган эркак зотининг ўзи мавжуд эмасди. Ёлғиз кекса онаси бўлиб, у ҳам шунга куярди.
Унга ўзаннинг нариги қирғоғидаги қоялардан эрта-ю кеч бир нуқта оқариб кўринарди: бу Лонгосардо номли мўъжаз сардин қишлоғи бўлиб, қаттиқ таъқибга учраган корсикалик қароқчилар ҳамиша шу ердан паноҳ топишар эди. Қишлоқ деярли уларга тегишли бўлиб, қароқчилар бу ерда ўз ватанига рўбарў яшашар, қачонлардир яна қадрдонлари бағрига қайтиб боришни интизорлик билан кутиб юришарди. Никола Раволати ҳам айнан ўша ерда яшириниб юрганини кампир биларди.
У уззу-кун дераза ёнида ёлғиз ўтириб, ўша томонларга қарар ва қандай қилиб ўч олиш ҳақида ўйларди. Нимжон, ёлғиз бўлса, боз устига бир оёғи ерда-ю, бириси гўрда. Буни қандай амалга ошириш мумкин? Ахир у ваъда берган, марҳум ўғлининг олдида онт ичган. Буни унутиб бўлмайди, кечиктириш ҳам мумкин эмас. Нима қилмоқ керак? Аёл бутунлай уйқусини йўқотди, у ўзини қўярга жой тополмас, унга ҳеч нарса таскин бўлолмасди. Тинимсиз қасос олиш чорасини излар эди. Оёғи остида ити мудрар, баъзан бошини кўтариб, узоқларга термулиб улирди. Эгаси ўлганидан бери Семильянта тез-тез шунақа улиб, уни чақираётгандек бўлар, гўё итнинг беором юраги ҳам ундан қолган ўчмас хотираларни унута олмаётгандек эди.
Шундай тунларнинг бирида Семильянта яна увлашни бошлаган маҳал, онаизорнинг миясига бир фикр келди – фикрки, ёввойиларга хос, қасоскорона ва даҳшатли эди. У эрталабгача шу ҳақда ўйлади. Тонг отгач ўрнидан туриб, черковга йўл олди. Тош қопламали саҳнда юзтубан ётиб Яратганга илтижо қилар экан, ундан ёрдам беришини, ўғлининг қасосини олиш йўлида силласи қуриган вужудига куч-қувват ато этишини ўтиниб сўради.
Кейин уйига қайтди. Ҳовлида ёмғир сувини йиғиш учун қўйилган бочка турарди. У ичидаги сувни тўкиб, бочкани бўшатди, сўнг ерга қозиқлар қоқди ва тошлар билан уриб маҳкамлади. Семильянтани шу ғалати инга боғлаб қўйди-да, ўзи уйга кириб кетди.
Энди у Сардиния соҳилларидан кўз узмай хонанинг у ёғидан бу ёғига бетўхтов бориб келарди. Қотил ўша ерда!
Ит кун узоқ, сўнг туни билан улиб чиқди. Эрталаб эса кампир унга бир идишда сув келтириб қўйди – шу холос: на ювинди, на нон бермади.
Орадан яна бир кун ўтди. Мажолсиз Семильянта ухларди. Эртаси куни унинг кўзлари ёниб, жуни ҳурпайди, энди у занжирни узиш учун жон-жаҳди билан юлқинарди.
Кампир унга ҳануз овқат бермаганди. Бу ҳол итнинг ғазабини келтирар, у бўғиқ овозда ҳурарди. Яна бир кеча ўтди.
Азонда Саверини кампир қўшнисидан икки боғ сомон сўраб олди. Сўнг эридан қолган эски лаш-лушларни қидириб топди-да, одам шаклини ясаб, ичини сомон билан тўлдирди.
Кампир Семильянтанинг ини ёнига қозиқ қоқиб, энди бор бўйи билан намоён бўлган ҳалиги ясама қўғирчоқни боғлади. Сўнг эски тўшакдан унга калла ясаб қўндирди.
Гарчи очлик қийнаётган бўлса-да, ит сомон одамга таажжуб билан қарар ва сукут сақларди.
Шундан сўнг кампир дўкондан каттагина қора колбаса бўлагини олиб келди. Ҳовлида, шундоққина итнинг уяси ёнида ўт қалаб, колбасани қовура бошлади. Очликдан эси оғган Семильянта занжирни узар даражада юлқинар, оғзидан сўлаги оқиб, ҳиди тўппа-тўғри ошқозонига бораётган таомдан кўз узмасди.
Кампир бўлса буғи чиқиб турган колбасани худди бўйинбоғдек сомон одамнинг бўйнига боғлади. Уни ясама одамнинг бўйнига янаям чуқурроқ киритиш учун кўп уринди. Бу ишни рисоладагидек бажаргач, у итни бўшатиб юборди.
Ит даҳшатли ҳамла билан сомон одамга ташланди ва оёғини унинг елкасига тираган ҳолда бўйнини тилкалай бошлади. У ўлжасидан бир парчани тишлаб узган ҳолда ерга тушар, сўнг яна ташланиб, сўйлоқ тишларини арқонга тобора кўпроқ ботирарди-да, хўракдан узиб олар, ўзини ерга отар ва янаям қутурган ҳолда қўриқчи томон отиларди. Тез орада сомон қўғирчоқнинг юзи ва бўйни увадага ўхшаб қолди.
Кампир воқеани жойидан жилмай, унсиз кузатар экан, кўзлари ёниб кетди. У жониворни қайтадан занжирга солди, уни яна икки сутка оч-наҳор ушлаб турди, сўнгра ўша ғалати машғулотни такрорлади.
Уч ой мобайнида у итни шу усулда, ўлжани тишлари билан тилкалаб овқатланишга ўргатди. Энди у Семильянтани боғламас, фақат қўл ишораси билан ясама қўғирчоққа олкишларди.
Кампир итни сомон одамнинг бўйнига егулик яширмаган ҳолда ҳам бурдалашга, тишлаган жойини узишга ўргатди. Ҳар сафар унга мукофот тариқасида қовурилган колбаса берарди.
Ясама одамни кўриши билан Семильянта қалтирашни бошлар, сўнг бекасига нигоҳ ташларди. У эса бармоғини юқорига кўтариб, хирилдоқ товушда буйруқ берарди:
– Ол!
Саверини кампир, кутилган фурсат етиб келганини англагани ҳамон гуноҳларини каффорат қилишга борди. Якшанба куни эрталабдан астойдил ибодатга киришди. Сўнг эркаклар кўйлагини кийди, жулдурвоқи чол қиёфасида сардиниялик балиқчи билан савдолашди-да, ити ҳамроҳлигида нариги қирғоққа ўтиб олди.
Қанор қопнинг ичида қора колбасанинг катта бўлаги ётарди. Семильянта икки кеча-ю кундуздан бери туз тотмаганди. Кампир дам-бадам унга лаззатли егуликни ҳидлатиб, иштаҳасини қитиқларди.
Улар Лонгосардога кириб бордилар. Корсикалик аёл оқсоқланиб борарди. У нон дўконига қайрилди ва Никола Раволати қаерда яшашини сўради. Маълум бўлдики, у яна аввалги касби – дурадгорлик билан шуғулланаётган экан. Қотил устахонасида ёлғиз эди.
Кампир эшикни итариб, овоз берди:
– Эй, Никола!
Йигит ўгирилиб қаради. Шу он кампир итни ичкарига киритди ва бақирди:
– Ол, ол, бурдала, бурдала!
Ҳуши бошидан учган ҳайвон Никола томон отилиб, унинг бўйнига тармашди. Эркак қўлини икки ёнга ёзди, сўнг итни маҳкам ушлаганича, ерга қулади. Бир неча дақиқа типирчилаб, депсиниб турди, кейин жимиб қолди. Семильянта эса ҳамон унинг бўйнини ғажишда давом этар, рақибини бурдалаб ташлашга уринарди.
Кейинчалик, ўз дарвозаси олдида ўтирган иккита қўшни, дурадгорнинг ҳузуридан озғин қора итни етаклаган гадой чол чиққанини ва жонивор эгаси унга ташлаб турган аллақандай жигарранг нарсани йўлма-йўл еб кетганини аниқ эсладилар.
Кампир кеч кирганда уйига қайтди. Шу кеча у хотиржам ухлади.
Рус тилидан Моҳигул Азимова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон